Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илмий ва илмий-техник фаолият натижаларини тижоратлаштириш Президент жамғармаси тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;
Илмий ва илмий-техник фаолият натижалари ишлаб чиқилиши ҳамда тижоратлаштирилишида иштирок этаётган илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасаларидаги муаллифлар ва илмий жамоаларга қўшимча бир марталик мукофот тўлаш тартиби тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ;
Патентга лаёқатли истиқболли техник ечимлар ва ишлаб чиқариш сирлари (ноу-хаулар)ни ўз ичига олган тижорат сири режимида ҳимоя қилинадиган интеллектуал мулк объектига бўлган ҳуқуқларни руйхатга олиш ва бошқаларга ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги манфаатдор бошқа вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсинлар.
3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раиси С.Р. Холмурадов ва Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазири И.Ю. Абдурахмонов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2018 йил 3 декабрь,
979-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 3 декабрдаги 979-сон қарорига 1-ИЛОВА
Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илмий ва илмий-техник фаолият натижаларини тижоратлаштириш Президент жамғармаси тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илмий ва илмий-техник фаолият натижаларини тижоратлаштириш Президент жамғармаси (кейинги ўринларда Жамғарма деб аталади) маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартибини, шунингдек, Жамғарма маблағлари ҳисобидан молиялаштирилаётган илмий ва илмий-техник фаолият натижаларини баҳолаш, танлаб олиш ва тижоратлаштириш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
ариза берувчи — илмий ва илмий-техник фаолият натижаларининг эгаси ва (ёки) ишлаб чиқувчиси;
тижоратлаштириш — илмий-тадқиқот, тажриба-конструкторлик, технологик иш ҳамда инновацион ишланмалар натижаларини иқтисодий айланмага (фуқаролик муомаласи)га киритиш;
илмий-техник ва/ёки инновацион тижорий лойиҳа — илмий-тадқиқот, тажриба-конструкторлик, технологик иш ҳамда инновацион ишланмалар натижаларини татбиқ қилиш ва тижоратлаштиришга йўналтирилган чора-тадбирлар комплекси (кейинги ўринларда лойиҳа деб аталади);
тижорат ташкилоти (стартап-компания) — илмий ва илмий-техник фаолият натижаларини тижоратлаштириш учун, шу жумладан, давлат илмий ва олий таълим муассасалари ҳамда тижорат банклари иштирокида тузилган, ривожланиш босқичидаги (кейинги ўринларда ташкилотлар деб аталади) юридик шахс;
коллегиал орган — Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳайъати;
ишчи орган — Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги Тижоратлаштириш ва илмий технология, ишланмалар трансфери бошқармаси.
3. Жамғарма Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги (кейинги ўринларда Вазирлик деб аталади) ҳузурида юридик шахс шакллантирилмаган ҳолда тузилади.
4. Жамғарма маблағларини жамғариб бориш Вазирликнинг унга хизмат кўрсатувчи тижорат банкида очилган махсус ҳисоб рақамида амалга оширилади.
5. Ушбу Низом талаблари Жамғарма маблағлари ҳисобидан илмий ва илмий-техник фаолият натижаларини тижоратлаштириш тартибига татбиқ этилади.
2-боб. Жамғарма маблағларини шакллантириш
6. Қуйидагилар Жамғарма маблағларини шакллантиришнинг асосий манбалари ҳисобланади:
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;
грантлар ва халқаро молиявий институтлар ҳамда бошқа хорижий донорлар кредитлари;
7. Қуйидагилар Жамғарма маблағларидан фойдаланишнинг асосий йўналишлари ҳисобланади:
илмий, илмий-техник ва инновацион фаолият натижаларини татбиқ этиш, шунингдек, кейинчалик серияли ишлаб чиқариш учун инновацион маҳсулотнинг тажриба-саноат партияларини ишлаб чиқариш билан боғлиқ чора-тадбирларни молиялаштиришда иштирок этиш;
юқори технологик тадбиркорлик стартап-лойиҳаларни биргаликда молиялаштириш орқали амалий натижалар олишга қаратилган илмий, илмий-техник ва инновацион фаолиятни рағбатлантириш;
таъсисчиларидан бири устав фондга ўз улуши сифатида интеллектуал мулк объектини ёки тайёр технологияни киритиш орқали янги тузилаётган тижорат ташкилотининг устав капиталига инвестиция қилиш мақсадида лойиҳаларни молиялаштириш ёки биргаликда молиялаштириш.
8. Вазирлик Жамғарма маблағларининг тасарруфчиси ҳисобланади.
9. Жамғарма лойиҳаларни молиялаштиришни (биргаликда молиялаштиришни) тижорат банклари томонидан қайтармаслик шарти билан пул маблағлари ажратиш орқали амалга оширади.
10. Жамғарма маблағларидан ушбу Низомнинг 7-банди тўртинчи хатбошида кўрсатилган мақсадлар учун фойдаланиш ҳолатида тижорат банклари пул маблағларини янги тузилаётган тижорат ташкилотлари устав капиталига йўналтиради.
11. Лойиҳаларни молиялаштиришда иштирок этаётган тижорат банклари Вазирликка ҳар чоракда Жамғарма маблағларидан фойдаланганлиги тўғрисида маълумотлар тақдим қилиб боришлари шарт.
13. Жамғарма ҳисоб рақамларида календарь йил охирида қолдиқ бўлиб қолган пул маблағларини ҳисобдан чиқариб юбориш мумкин эмас, улар бюджетдан ташқари ҳисоб рақамларида ҳисобга олиб борилади.
4-боб. Лойиҳаларни кўриб чиқиш тартиби
14. Лойиҳа кўриб чиқилиши учун ариза берувчи Вазирликка ёзма мурожаат қилади ва ушбу Низомнинг 1-иловасига мувофиқ рўйхатдаги зарур ҳужжатларни тақдим этади.
15. Ишчи орган беш иш куни давомида ўрганиб чиқишни ҳамда 1-иловада кўрсатилган зарур ҳужжатлар рўйхати билан бирга ариза берувчилар томонидан тақдим қилинган лойиҳаларнинг мавзуларга мувофиқлиги бўйича дастлабки таҳлилни амалга оширади, ушбу Низомнинг 26-бандида белгиланган талабларга мувофиқ дастлабки танловни ўтказади ва уларни тижорат банкларига кўриб чиқиш учун йўналтиради.
Лойиҳалар Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазири ёки ишчи гуруҳ фаолиятига жавобгар ҳисобланган вазир ўринбосари имзолаган хат билан бирга тижорат банкларига юборилади.
16. Лойиҳа бўйича ариза берувчи ҳужжатларда тақдим қилинган маълумотларнинг ҳаққонийлиги учун жавоб беради.
17. Тижорат банклари беш иш куни мобайнида Жамғарма маблағлари ҳисобига молиялаштиришга мўлжалланган лойиҳалар бўйича мустақил экспертиза ўтказади.
18. Тижорат банклари лойиҳалар экспертизаси натижаларига кўра ажратиладиган пул маблағларининг миқдорини белгилайди ҳамда лойиҳанинг Жамғарма маблағлари ҳисобига молиялаштиришга қарор қилиниши бўйича ёки лойиҳани молиялаштириш рад этилишининг аниқ сабабларини, шунингдек, уларни бартараф этиш чоралари ва муддатларини илова қилган ҳолда асосли хулоса тақдим этадилар.
19. Зарурий ички тартиб-таомиллардан ўтказилгандан сўнг лойиҳа маъқулланган тақдирда тижорат банки Жамғарма маблағи ишлатилиши орқали лойиҳага молиялаштириш очилганлиги бўйича асосланган хулосасини илова қилган ҳолда аризани Вазирликка киритади.
Буюртманома тижорат банкининг махсус бланкасида расмийлаштирилади ҳамда тижорат банкининг ваколатли шахси томонидан имзоланади.
20. Пул маблағлари ажратилиши учун асослар етарли даражада эмас деб топилган тақдирда, тижорат банклари томонидан ариза берувчига ва ишчи органга рад этилиш сабаблари келтирилган ҳолда рад этиш ҳақида ёзма хабарнома юборилади.
21. Коллегиал орган беш иш кун давомида ариза ҳамда унга илова қилинган тижорат банки хулосасини кўриб чиқади.
22. Буюртманома ҳамда тижорат банки хулосасини кўриб чиқиш натижаларидан келиб чиқиб коллегиал орган лойиҳани Жамғарма маблағлари ҳисобига молиялаштириш ёки молиялаштиришни рад этиш бўйича қарор қабул қилади.
Коллегиал орган қарори унинг раиси томонидан тасдиқланадиган мажлис баёни тарзида расмийлаштирилади.
23. Лойиҳаларни Жамғарма маблағлари ҳисобига молиялаштириш бўйича қарорлар ушбу мақсадлар учун ажратилган маблағлар доирасида қабул қилинади.
24. Ишчи орган коллегиал орган баёни расмийлаштирилган кундан бошлаб икки кун ичида қарор қабул қилинганлиги ҳақида ариза берувчи ҳамда тегишли тижорат банкини хабардор қилади.
25. Коллегиал орган томонидан ижобий қарор қабул қилингандан кейин тижорат банки уч иш куни давомида буюртманомада ҳамда ушбу Низомда белгиланган мақсадлар учун маблағ ажратиш бўйича Вазирлик билан келишув тузади.
5-боб. Баҳолаш мезонлари ва лойиҳаларни танлаб олиш
26. Қуйидагилар баҳолашнинг ва лойиҳаларни танлаб олишнинг асосий мезонлари ҳисобланади:
таклиф қилинаётган маҳаллий ҳамда чет эл лойиҳасининг долзарблиги — замонавий муаммолар ва масалаларга ечим топа олиши учун лойиҳада акс этган ғоянинг қиймати баҳоланади;
лойиҳанинг инновацион йўналтирилганлиги — таклиф этилишига кўра лойиҳада янги, сайқаллаштирилган, олдин республикада қўлланилмаган технологиялар ва (ёки) ташкилий принциплардан фойдаланилган бўлиши керак, шунингдек, янги, олдин республикада ишлаб чиқарилмаган маҳсулотни ишлаб чиқариш (ёки яратиш), шунингдек, янги хизмат кўрсатиш кўзда тутилган бўлиши шарт;
лойиҳанинг эриша оладиган натижадорлик кўрсаткичи — лойиҳа натижаларига эришишга қаратилган масалаларни ечиш учун таклиф этилаётган услуб ва йўлларнинг мавжуд, асосли ҳамда етарли эканлиги баҳоланади;
бозорда маҳсулотга талабнинг мавжудлигини баҳолаш — маҳсулотнинг бозор талаби ҳамда тижорат истиқболлари баҳоланади;
лойиҳанинг тижоратлаштириш истиқболлари — келажак маҳсулоти татбиқ этилиш ва бозорга чиқиш, муайян истеъмолчи томонидан қабул қилиниш истиқболига эга бўлиши шарт;
лойиҳанинг салоҳиятли рақобат устунлигини баҳолаш — истеъмолчи учун маҳсулот/технологиянинг унинг амалдаги аналогига нисбатан устунлиги мавжудлиги каби муҳим хусусиятлари баҳоланади;
лойиҳанинг инвестицион жозибадорлиги — қўшимча фойда келтирувчи ҳамда қўйилган сармоянинг ўзини қоплай олмаслик таваккалчилигини камайтирувчи мақбул инвестицион ва инновацион шартлар ва қулайликлар жамланмаси;
лойиҳанинг иқтисодий самарадорлиги — унинг бевосита иштирокчилари учун лойиҳанинг амалга оширилишидан келган молиявий натижаларни ҳам ўз ичига олган ҳолда иқтисодий самарадорлиги, шунингдек, лойиҳа амалга оширилиши натижасида ҳосил бўлган молиявий оқибатларни акс эттирувчи бюджет самарадорлиги.
27. Зарурат бўлганда ишчи орган ариза берувчидан лойиҳанинг дастлабки танлови учун қўшимча маълумот сўраш ҳуқуқига эга.
28. Ишчи орган лойиҳаларни мустақил баҳолашни ўтказиш учун мустақил экспертлар, мутахассислар ҳамда олимларни жалб этишга ҳақли.
29. Жамғарма маблағлари ҳисобига молиялаштирилувчи илмий ва илмий-техник фаолият натижаларини баҳолаш ҳамда танлаб олиш тартиби ушбу Низомнинг 2-иловасидаги схемага мувофиқ амалга оширилади.
6-боб. Лойиҳаларнинг амалга оширилиши мониторингини ўтказиш тартиби
30. Лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда ижросининг бориши мониторинги тижорат банклари, ишчи орган, тегишли (тармоқ) вазирликлари, идоралари ва бошқа ташкилотлар томонидан таъминланади.
31. Мониторинг қуйидаги мақсадларда амалга оширилади:
лойиҳаларни ўз вақтида ва самарали амалга оширишни таъминлаш;
давлат бошқарув органлари, лойиҳаларнинг бошқа иштирокчилари фаолиятини мувофиқлаштириш, лойиҳаларни амалга ошириш билан боғлиқ бўлган масалаларнинг ўз вақтида ечимини топиш юзасидан жавобгарликни ошириш;
барча босқичларида лойиҳаларни амалга оширишга тўсқинлик қилувчи омилларни аниқлаш ва ўрганиш, шунингдек, уларни бартараф этиш бўйича амалий чоралар кўриш;
лойиҳаларни уларни амалга ошириш бўйича тасдиқланган ҳажм ва муддатларга қатъий амал қилган ҳолда ўз вақтида молиялаштиришни таъминлашни назорат қилиш.
32. Лойиҳалар ташаббускорлари ҳар чоракда лойиҳаларни амалга оширишнинг бориши ҳамда эришилган натижалар бўйича ишчи органга ахборот тақдим этади.
33. Мониторинг натижалари ҳар чоракда Вазирлик томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритилади.
7-боб. Илмий ва илмий-техник фаолият натижаларини тижоратлаштириш усуллари
34. Илмий ва илмий-техник фаолият натижаларини тижоратлаштириш қуйидаги тарзда амалга оширилади:
Илмий ва илмий-техник фаолият ишланмаларининг натижаларини қўллаш орқали яратилган (бажарилган, кўрсатилган) маҳсулотлар (ишлар, хизматлар) ни реализация қилиш ёки ушбу натижалардан шартнома асосида ўз эҳтиёжлари учун фойдаланиш;
тижорат ташкилоти тузиш натижасида устав фондига таъсисчилардан бири ўз улуши сифатида интеллектуал мулк объектини ёки тайёр технологияни киритувчи муаллиф (муаллифлар) ҳисобланган жисмоний ва юридик шахслар бўлиши мумкин;
яратилган интеллектуал мулк объектларини учинчи шахсга эгалик ҳуқуқини ўтказишда ҳамда лицензион шартномалар тузиш орқали ушбу объектлардан фойдаланишни тақдим қилиш, шу билан бирга, ушбу ҳуқуқлар эгалари томонидан уларни кейинчалик тижоратлаштириш шарти билан;
қонунчиликда назарда тутилган бошқа усуллар билан.
35. Илмий ва илмий-техник фаолият натижаларига эгалик ҳуқуқи эгалари ушбу Низомнинг 34 бандида кўрсатилган барча усуллар орқали уларни тижоратлаштириш учун фойдаланишга ҳақлидир.
36. Давлат илмий ва олий таълим муассасаларига, шу билан бирга бошқа шахслар билан биргаликда фаолияти илмий ва илмий-техник фаолият натижаларини амалий қўллаш (тижоратлаштириш)дан иборат бўлган тижорат ташкилотлари (стартап-компаниялар) тузишга рухсат берилади.
37. Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобига амалга ошириладиган илмий ва илмий-техник фаолият натижасида илмий ва илмий-техник фаолият субъеклари томонидан олинган интеллектуал мулк объектларига ҳуқуқ давлатнинг илмий ва олий таълим, шунингдек, давлат бошқа муассасалари номидан, агар интеллектуал мулк объектлари муаллиф (муаллифлари) билан тузилган шартномаларда бошқача кўзда тутилмаган бўлса, давлатга тегишли бўлади.
38. Давлат илмий ва олий таълим муассасалари томонидан илмий ва илмий-техник фаолият натижаларини тижоратлаштиришни амалга оширувчи тижорат ташкилоти устав капиталига улуш сифатида интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқ қўйилиши мумкин.
39. Илмий ва илмий-техник фаолият натижаларини тижоратлаштиришни амалга оширувчи тижорат ташкилоти тузилганлиги ҳақида хабарнома унинг таъсисчилари томонидан у давлат рўйхатидан ўтказилган вақтдан бошлаб етти иш куни ичида Вазирликка юборилади.
40. Илмий ва илмий-техник фаолиятнинг бошқа субъектлари томонидан илмий ва илмий-техник фаолият натижаларини тижоратлаштиришни амалга оширувчи тижорат ташкилоти устав капиталига улуш сифатида интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқ билан бир қаторда бошқа мулклар ҳам киритилиши мумкин.
41. Илмий ва илмий-техник фаолият натижаларидан фойдаланиш орқали ҳамда ушбу натижаларга бўлган мутлақ ҳуқуқларни тасарруф этишдан келган даромад давлат илмий ва олий таълим муассасаларининг мустақил тасарруфига ўтади.
8-боб. Якунловчи қоидалар
42. Тижорат банклари ва Жамғарма маблағлари олувчилари Жамғарма тақдим этган маблағлардан тўғри ва мақсадли фойдаланиш юзасидан қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.
44. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчиликка мувофиқ жавоб берадилар.
Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илмий ва илмий-техник фаолият натижаларини тижоратлаштириш Президент жамғармаси тўғрисида низомга 1-ИЛОВА
Лойиҳани экспертизадан ўтказиш учун тақдим қилинадиган зарур ҳужжатлар
рўйхати
Юридик шахслар учун
Жисмоний шахслар учун
I. Қуйидагилардан таркиб топган лойиҳани кўриб чиқиш учун расмий хат/буюртманома:
1.1. Юридик шахснинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисида гувоҳнома нусхаси.
1.2. Манзили (почта манзили).
1.3. Алоқа учун маълумотлар: тел., факс, e-mail, веб-сайт.
1.4. Раҳбарнинг Ф.И.О. ва лавозими.
1.5. Банк реквизитлари.
1.1. Ариза берувчининг паспорти нусхаси.
1.2. Касбга оид маълумотлари (касби, мутахассислиги, илмий даражаси ва илмий унвони (агар мавжуд бўлса) ва бошқалар).
1.3. Алоқа учун маълумотлар: тел., факс, e-mail, веб-сайт.
II. Лойиҳанинг бизнес-режаси
2.1. Умумий бўлим (резюме).
2.2. Ташкилотнинг тавсифи.
2.3. Маҳсулот (хизмат) тавсифи.
2.3.1. Лойиҳа қиймати.
2.4. Буюртмалар портфели ва сотиш бозорларининг мавжудлиги.
2.4.1. Товар (хизмат) истеъмолчиси.
2.4.2. Эҳтиёж (ой, чорак ва йил).
2.5. Бозор таҳлили (товар, нарх шаклланиши, реклама ва бошқалар).
2.6. Ишлаб чиқариш режаси (хомашё, материаллар, бутловчи қисмлар, асбоб-ускуна тури ва ишлаб чиқарилган мамлакат).
3.1. Тузилмавий режа (барча асосий холатлар ва бўлимлар резюмеси).
3.2. Лойиҳани амалга ошириш шартлари (лойиҳани ишлаб чиқувчилар (муаллифлар), лойиҳа бўйича асосий маълумотлар).
3.3. Бозор ва ишлаб чиқариш қуввати (бозордаги талаб, сотиш прогнози, ишлаб чиқариш қувватива бошқалар).
3.4. Ишлаб чиқаришнинг моддий ресурслари (хомашё ва материаллар, ресурсларга бўлган эҳтиёж, йиллик харажатлар ҳисоб-китоби, шу жумладан маҳаллий ва импорт қилинадиган моддий ресурслар ва бошқалар).
3.5. Жойлашган манзил ва ҳудуд (асосий воситаларни жалб қилиш ёки ер участкасини ижарага олиш харажатлари ҳисоб-китоби ва бошқалар).
3.6. Лойиҳалаш-конструкторлик ҳужжатлари (ташкилотнинг фаолият кўрсатиши учун зарур бўлган ишлаб чиқариш технологияси ва асбоб-ускуналар, объектлар ва бошқалар).
3.7. Ташкилотнинг ташкилий тузилмаси.
3.8. Меҳнат ресурслари (меҳнат ресурсларига бўлган эҳтиёж ва меҳнат ресурсларига йиллик харажатлар ҳисоб-китоби, шу жумладан қўшимча харажатлар, меҳнатга ҳақ тўлаш жамғармаси харажатлари ва бошқалар).
3.9. Лойиҳани амалга ошириш муддатлари (лойиҳани бажариш жадвали).
3.10. Лойиҳани амалга ошириш харажатлари сметаси.
3.11. Молиявий ва иқтисодий баҳолаш (молиялаштириш манбалари ва шартлари тўғрисида маълумотлар, ишлаб чиқариш сарф-харажатлари ҳажми тўғрисида маълумотлар, пул оқимлари тўғрисида маълумотлар, лойиҳанинг молиявий-иқтисодий кўрсаткичлари).
IV. Харажатлар сметаси калькуляцияси (моддий ресурслар базавий нархлари, ишларнинг сермашаққатлилиги, машина ва механизмлардан фойдаланиш харажатлари, қўшимча ва бошқа харажатлар, маҳсулотга улгуржи нархлар).
V. Сертификатлаштириш тўғрисидаги ҳужжатлар (мувофиқлик сертификатлари нусхалари, ёнғинга оид ва бошқа сертификатлар) — инновацион маҳсулот мажбурий сертификатлаштириладиган ҳолатларда тақдим этилади.
VI. Маҳсулот, технология ёки техник ечимлар жорий қилинган, шунингдек, жорий этилиши режалаштирилаётган объектлар рўйхати.
Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илмий ва илмий-техник фаолият натижаларини тижоратлаштириш Президент жамғармаси тўғрисида низомга 2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илмий ва илмий-техник фаолият натижаларини тижоратлаштириш Президент жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган илмий ва илмий-техник фаолият натижаларини баҳолаш ва танлаб олишни ўтказиш
СХЕМАСИ
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 3 декабрдаги 979-сон қарорига 2-ИЛОВА
Илмий ва илмий-техник фаолият натижалари ишлаб чиқилиши ҳамда тижоратлаштирилишида иштирок этаётган илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасаларидаги муаллифлар ва илмий жамоаларга қўшимча бир марталик мукофот тўлаш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Илмий ва илмий-техникавий фаолият натижаларини тижоратлаштириш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2018 йил 14 июлдаги ПҚ-3855-сон қарорига мувофиқ илмий ва илмий-техник фаолият натижалари (кейинги ўринларда ИТФН деб аталади) ишлаб чиқилиши ҳамда тижоратлаштирилишида иштирок этаётган илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасаларидаги (кейинги ўринларда муассаса деб аталади) муаллифлар ва илмий жамоага қўшимча бир марталик мукофот (кейинги ўринларда бир марталик мукофотлар деб аталади) тўлаш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
тижоратлаштириш — илмий-тадқиқот, тажриба-конструкторлик, технологик иш ҳамда инновацион ишланмалар натижаларини иқтисодий (фуқаролик) айланмасига киритиш;
комиссия — муассаса раҳбари буйруғи билан ИТФН ишлаб чиқилиши ҳамда тижоратлаштирилишида иштирок этаётган муассасалардаги муаллифлар ва илмий жамоага бир марталик мукофот тайинлаш учун тузилади;
интеллектуал мулк объектлари — илм-фан, адабиёт, санъат, ижро, фонограмма, эфир ёки кабел эшиттириши, ихтиро, фойдали модел, саноат намуналари, селекция ютуқлари, электрон ҳисоблаш дастурлари, маълумотлар базаси, эълон қилинмаган маълумотлар, шунингдек, ишлаб чиқариш сирлари (ноу-хау), товар белгилари, фирма номланишлари, маҳсулотнинг келиб чиқиш жойлари номлари ва интеллектуал фаолиятнинг қонунда кўзда тутилган бошқа натижалари;
муаллиф — ижодий иш орқали ИТФН яратган жисмоний шахс;
илмий жамоа — муайян бир илмий масалалар (саволлар)га ечим топиш устида биргаликда ишлаётган, шунингдек, ИТФНни ишлаб чиқиш ва тижоратлаштиришда иштирок этаётган мутахассислар (тадқиқотчилар) жамоаси.
3. ИТФН дан фойдаланиш деганда ишлаб чиқариш жараёнида, унга хизмат кўрсатиш ва бошқариш, шунингдек, ИТФН дан фойдаланиш ҳуқуқини шартнома асосида ўтказишда назарда тутилган натижалардан фойдаланиш тушунилади.
4. ИТФНнинг ишлаб чиқилиши ҳамда тижоратлаштирилишида иштирок этаётган илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасаларидаги муаллифлар ва илмий жамоага қўшимча бир марталик мукофот тўлаш уларни тижоратлаштиришдан муассаса ҳисоб рақамига тушаётган маблағлар ҳисобига ва доирасида амалга оширилади.
2-боб. Бир марталик мукофотни тўлаш ва миқдорини белгилаш тартиби
5. ИТФНни ишлаб чиқилиши ҳамда тижоратлаштирилишида иштирок этаётган илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасаларидаги муаллифлар ва илмий жамоага қўшимча бир марталик мукофот тўлаш тартиби ушбу Низом иловасига мувофиқ схема бўйича амалга оширилади.
6. Бир марталик мукофот тайинлаш учун ҳар бир ҳисобот йили тугагандан кейин уч ой ичида муассаса раҳбари буйруғи билан ушбу муассасанинг жавобгар шахсларидан иборат, таркиби беш кишидан кам бўлмаган комиссия тузилади. Унинг таркибига комиссия раиси, аъзолари ва котиби киради.
7. Муассаса раҳбари буйруғи қабул қилинган кундан бошлаб ўн иш куни мобайнида комиссия бир марталик мукофотни муаллифлар (ҳамуаллифлар) ҳамда мукофот тўланадиган шахслар таркиби ўртасида тақсимлаш бўйича қарор қабул қилади.
Комиссия қарорлари раис томонидан тасдиқланадиган баённома шаклида расмийлаштирилади.
8. Комиссия қарори комиссия аъзоларининг умумий сонидан оддий кўпчилик овоз билан қабул қилинади. Агар овозлар сони тенг бўлса, раиснинг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.
9. Бир марталик мукофотни тўлаш қуйидаги миқдорларда амалга оширилади:
Интеллектуал мулк объектлари муаллифларига — муассаса томонидан тегишли патент олинган кундан бошлаб бир ой муддат ичида муассасанинг бюджетдан ташқари ҳисобидан энг кам ойлик иш ҳақининг ўн баравари миқдорида;
ИТФНнинг ишлаб чиқилиши ҳамда тижоратлаштирилишида иштирок этаётган илмий тадқиқот ва олий таълим муассасаларидаги муаллифлар ва илмий жамоага уларни тижоратлаштиришдан муассаса ҳисоб рақамига тушаётган маблағларнинг солиқлар, йиғимлар (божлар) ва бошқа тўловлар тўлангандан кейин муассаса тасарруфида қолган қолдиқ сумманинг тегишли равишда 40 ва 30 фоизи миқдорида.
ИТФНнинг ишлаб чиқилиши ҳамда тижоратлаштирилишида иштирок этаётган илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасаларидаги муаллифлар ва илмий жамоага бир марталик мукофот тўлови ИТФН ишлатилган ҳар бир ҳисобот йили якуни бўйича уларни тижоратлаштиришдан муассаса ҳисоб рақамига маблағлар тушганидан кейин уч ой мобайнида тўланади.
Агар ИТФН бир қанча муаллифларнинг биргаликдаги ижодий иши маҳсули бўлса, бир марталик мукофот тенг қисмларда муаллифларга тўланади, агар улар ўртасида шартнома орқали бошқача тақсимлаш кўзда тутилмаган бўлса.
10. Бир марталик мукофот муассаса ишчиларига ҳам, шартнома асосида ишлаётган ходимларига ҳам тўланади.
11. Бир марталик мукофотни муаллифлар (ҳаммуаллифлар) ҳамда мукофотланадиган шахслар таркиби ўртасида тақсимлаш комиссия қарорига асосан, муассаса раҳбари буйруғи асосида белгиланади.
Маҳсулот ишлаб чиқаришда, бажарилган ишлар, кўрсатилган хизматларда ИТФН дан фойдаланганлик тўғрисида, ИТФН бўйича маълумотлардан ташкил топган техник ҳужжатлар асосида тузилган далолатнома;
ИТФН дан фойдаланиш ҳуқуқини бериш учун шартнома.
13. ИТФН далолатномада кўрсатилган сана ёки ундан фойдаланиш ҳуқуқини бериш учун шартнома тузилган санадан фойдаланилаётган ҳисобланади.
14. Бир марталик мукофотни тайинлаш ва тўлаш бўйича қарор комиссиянинг ижобий ҳулосаси олингандан кейин уч иш куни давомида муассаса раҳбари буйруғи билан тасдиқланади.
15. Муассасалар ушбу Низомга асосан, ушбу Низом мувофиқ, шунингдек, ўзининг қўшимча тақсимланмаган фойдаси ҳисобига тўланадиган мукофотлаш тартиби ва миқдорлари шартларини кўзда тутувчи муассаса раҳбари томонидан тасдиқланадиган ўзининг мустақил низомларини ишлаб чиқиш ҳуқуқига эга.
Бунда, ушбу Низомда кўзда тутилмаган янги талаб ва қоидаларни белгилаш тақиқланади.
3-боб. Якунловчи қоидалар
16. Муассаса раҳбарига ва комиссияга бир марталик мукофотни ўз вақтида ва асосли тайинлаш юзасидан жавобгарлик юкланади.
17. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчиликка мувофиқ жавоб берадилар.
Илмий ва илмий-техник фаолият натижалари ишлаб чиқилиши ҳамда тижоратлаштирилишида иштирок этаётган илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасаларидаги муаллифлар ва илмий жамоаларга қўшимча бир марталик мукофот тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга ИЛОВА
Илмий ва илмий-техник фаолият натижалари ишлаб чиқилиши ҳамда тижоратлаштирилишида иштирок этаётган илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасаларидаги муаллифлар ва илмий жамоаларга қўшимча бир марталик мукофот тўлаш
СХЕМАСИ
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 3 декабрдаги 979-сон қарорига 3-ИЛОВА
Патентга лаёқатли истиқболли техник ечимлар ва ишлаб чиқариш сирлари (ноу-хаулар)ни ўз ичига олган тижорат сири режимида ҳимоя қилинадиган интеллектуал мулк объектига бўлган ҳуқуқларни руйҳатга олиш ва бошқаларга ўтказиш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом Фуқаролик кодекси, «Ихтиролар, фойдали моделлар ва саноат намуналари тўғрисида», «Тижорат сири тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Илмий ва илмий-техникавий фаолият натижаларини тижоратлаштириш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2018 йил 14 июлдаги ПҚ-3855-сон қарорига мувофиқ патентга лаёқатли техник ечимлар ва ишлаб чиқариш сирлари (ноу-хаулар)ни ўз ичига олган, тижорат сири режимида ҳимоя қилинадиган интеллектуал мулк объектига бўлган ҳуқуқларни руйхатга олиш ва бошқаларга ўтказиб бериш тартибини белгилайди.
2.Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
тижорат сири — учинчи шахсларга номаълумлиги сабабли фан-техника, технология, ишлаб чиқариш, молия-иқтисодиёт соҳаларида ҳамда бошқа соҳаларда тижорат қимматига эга бўлган, қонуний асосда эркин фойдаланилмайдиган ахборот бўлиб, ушбу ахборот мулкдори унинг махфийлигини муҳофаза қилиш бўйича чора-тадбирлар кўради;
интеллектуал мулк объектлари — илм-фан, адабиёт, санъат, ижро, фонограмма, эфир ёки кабел эшиттириши, ихтиро, фойдали модел, саноат намуналари, селекция ютуқлари, электрон ҳисоблаш дастурлари, маълумотлар базаси, эълон қилинмаган маълумотлар, шунингдек, ишлаб чиқариш сирлари (ноу-хау), товар белгилари, фирма номланишлари, маҳсулотнинг келиб чиқиш жойлари номлари ва Ўзбекистон Республикасининг интеллектуал фаолиятнинг қонунда кўзда тутилган бошқа натижалари (кейинги ўринларда ИФН деб аталади);
тижорат сири режими — тижорат сиридан фойдаланишни чеклайдиган ҳуқуқий, ташкилий, техник ва бошқа чора-тадбирлар тизими;
тижорат сирини ташкил қилувчи ИФНни бошқаларга ўтказиб бериш — шартномага асосан маълумотлар махфийлигини ҳимоя қилиш чораларини кўриш шартларини ўз ичига олувчи шартномада кўзда тутилган шартларда ва ҳажмда тижорат сири режимида ҳимоя қилинадиган илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасалари ҳамда бошқа ташкилотларнинг (кейинги ўринларда ташкилотлар деб аталади) ИФНларини манфаатдор шахсларга ўтказиб бериш;
тижорат сирини ташкил қилувчи ахборотни ошкор этиш — тижорат сирини ташкил этувчи ахборотнинг учинчи шахсларга бундай ахборот мулкдорининг ёки конфидентнинг розилигисиз ёхуд меҳнат шартномаси (контракт) ёки фуқаролик-ҳуқуқий шартномага хилоф равишда, мумкин бўлган ҳар қандай шаклда (оғзаки, ёзма, бошқа шаклда, шу жумладан техника воситаларидан фойдаланган ҳолда) маълум бўлиб қолишига олиб келадиган ҳаракат ёки ҳаракатсизлик.
3. Ушбу Низомнинг амал қилиши тижорат сирини ўз ичига олган маълумотлар эгасининг розилигисиз ҳар қандай шахс учун фойдаланиш имкониятини бекор қилишга, шунингдек, шундай маълумотларни рухсатсиз тарқатишни тўхтатишга қаратилган.
2-боб. Тижорат сири режимида ҳимоя қилинадиган интеллектуал фаолият натижаларини аниқлаш, тасдиқлаш ва рўйхатга олиш тартиби
4. Тижорат сири режимида ҳимоя қилинадиган ИФНларга қуйидагилар киради:
интеллектуал фаолият жараёнида олинган объектлар;
илмий-техник натижалар, муҳандислик-техник ечимлар, услублар, технологик жараёнлар, ўқув методикалари, қурилмалар, моддалар ва штаммлар ва бошқалар бўйича маълумотлар;
тематик режалар, танлов аризалари ҳамда давлат шартномалари, дастурлар, лойиҳалар, грантлар бўйича техник топшириқлар;
ЭҲМ учун дастурлар, маълумотлар базаси, интеграл микросхемалар топологиялари;
ИФН ни патентлаш ва рўйхатдан ўтказиш бўйича берилмаган буюртманомалар;
эълон қилинмаган маълумотлар, шу жумладан бирга ишлаб чиқариш сирлари (ноу-хау);
маҳсулот ва хизматларни реализация қилиш соҳасидаги билим ва тажрибалар, бозор конъюнктураси ҳақида маълумот, маркетинг тадқиқотлар натижалари;
техник, технологик, тижорий, методологик ва ташкилий-бошқарув ҳужжатлари;
илмий-тадқиқот, тажриба-конструкторлик ва технологик ишлар ва бошқа хизмат ҳисоботлари.
5. Тижорат сири режимида қонуний ҳимоя остида бўлган ИФНни ошкор қилиш бўйича жавобгарлик, ташкилотлар ва илмий-техник кенгашга тегишли шаклда уларни тақдим қилиш ташкилотларнинг бевосита ИФНларни яратиш ёки фойдаланиш билан боғлиқ бўлган тегишли таркибий бўлинмалари (кейинги ўринларда интеллектуал мулк масалалари бўйича бўлинма деб аталади) раҳбарларига юкланади.
6. Ташкилотларнинг илмий-техник кенгашида олинган интеллектуал фаолият натижаларини реализация қилиш ва кейинчалик фойдаланиш истиқболлари кўриб чиқилади. ИФНнинг муҳим аҳамиятлилиги ёки истиқболли тижорат қиймати мавжудлиги ҳолатида ташкилотнинг тижорат сири режимида уларнинг ҳуқуқий ҳимояси бўйича қарор қабул қилинади.
7. ИФН нинг тижорат сири режимида сақланиши бўйича қарор, шунингдек унга кириш имкониятига эга бўлган шахслар рўйхати илмий-техник кенгаш қарорига асосан ташкилотнинг фан ва инновациялар бўйича раҳбари ёки раҳбар ўринбосари томонидан тасдиқланади.
8. Тижорат сири режимида сақланадиган ИФН, шунингдек, ундан фойдаланиш имкониятига эга бўлган шахслар рўйхати ташкилотнинг интеллектуал мулк масалалари бўйича бўлимида сақлашга берилади. Бунда ИФН узоқ вақт сақлаш ва маълумотларни ишга туширишга яроқли қуйидаги шакллардаги маълумотлар материал манбаига жойлаштирилган бўлиши шарт:
нашр этилган шаклдаги қоғозли манбада;
тегишли маълумот манбаларидан (лазер дисклари, флэш-карталар в.б.) фойдаланган ҳолда электрон шаклда;
маълумотни узоқ вақт сақлайдиган бошқа шаклларда.
9. Тижорат сири режимида сақланадиган ИФН титул варақда чоп этилган шаклда ёки бошқа сақлаш шаклларида ифодаланадиган «тижорат сири» грифи билан белгиланади. Ташкилотнинг интеллектуал мулк масалалари бўйича бўлими ходимлари ИФНни сақлашга жавобгар бўлади ва қуйидаги ҳаракатларни амалга оширади:
рухсат бериш рўйхатига қатъий амал қилган ҳолда ИФНдан фойдаланиш имкониятини таъминлайди;
11. Тижорат сири режимида сақланадиган ИФНни ҳисобга олиш бир йилда камида бир марта ўтказилиши шарт.
12. Тижорат сири режимида сақланадиган ИФНҳисоби ИФН яратилган (сақланган, фойдаланилган, қўлланилган) жойнинг ўзида амалга оширилади.
13. Тижорат сири режимида сақланадиган ИФН ҳисоби юритилиши натижалари далолатнома билан расмийлаштирилади ва Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигига (кейинги ўринларда Вазирлик деб аталади) белгиланган тартибда ҳар йили 15 декабрдан кечикмасдан тақдим этилади.
14. Интеллектуал мулк объектлари тарзида тижорат сири режимида сақланадиган ИФНни ҳисобга олиш якунлари мониторинги Вазирлик томонидан амалга оширилади.
3-боб. Тижорат сири режимида сақланадиган интеллектуал фаолият натижаларидан фойдаланиш
15. Тижорат сири режимида сақланадиган ИФН лардан фойдаланишнинг, тасдиқланган руҳсат бериш рўйхати мувофиқ шахслар томонидан таништирилишдан ташқари ҳар қандай кўриниши ташкилотларнинг фан ва инновациялар бўйича раҳбари ёки раҳбар ўринбосари фармойиши асосида амалга оширилади.
16. Тижорат сири режимида сақланадиган ИФНнинг бошқаларга ўтказилиши томонларнинг ёзма шартномасига асосан ташкилотларнинг мулкий манфаатларидан келиб чиққан ҳолда амалга оширилади.
Шартномада қабул қилган томоннинг берилган маълумотлар махфийлигини таъминлаш мажбурияти акс этган бўлиши шарт.
4-боб. Ташкилотларнинг тижорат сири режимида сақланадиган интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни таъминлаш
17. Тижорат сири режимида сақланадиган ИФНга бўлган ҳуқуқни таъминлаш Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилигига ва ушбу Низомга мувофиқ амалга оширилади.
18. Тижорат сири режимида сақланадиган ИФН махфий маълумотлардан иборат бўлади. Ташкилотнинг ИФНдан фойдаланиш имкониятига эга ходимлари қуйидаги йўллар билан уларнинг ҳимоясини таъминлаши шарт:
ИФНдан фойдаланишни ташкилотнинг ИФНга бевосита алоқаси бўлмаган ходимлари ва бегона шахслар учун чеклаб қўйиш (шу жумладан маълумотларни моддий манбаларда зарур даражада сақлашни юклаб қўйишни ташкил этиш орқали);
19. Тижорат сири режимида сақланадиган ИФН нинг бошқа ташкилот билан шартнома асосида ишонч билан топширилган ташкилот томонидан ҳимоя қилиниши ташкилотнинг ИФНни ҳимоя қилиш тартибига ўхшаш тарзда амалга оширилади.
5-боб. Якунловчи қоидалар
20. ИФН нинг ичида бўлган махфий маълумотни тарқатиш қонунчиликнинг бузилиши ҳисобланади ва Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.
21. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчиликка мувофиқ жавоб берадилар.