toggle_night_mode
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Қарори
Илмий ва илмий-техникавий фаолият натижаларини тижоратлаштириш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида
Мамлакатимизда илмий ва илмий-техникавий фаолиятни амалга ошириш, илмий-техникавий ва инновацион ривожланишни таъминлаш учун қулай шарт-шароитларни яратишда мавжуд молиявий ва моддий ресурслардан самарали фойдаланишни таъминлаш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Хусусан, 2014 — 2018 йилларда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағларидан илмий-амалий ва инновацион лойиҳалар ҳамда ишланмаларни молиялаштириш учун қарийб 800 миллиард сўм ажратилиб, уларнинг натижаларига кўра илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасалари томонидан 700 дан ортиқ ихтиро патентлаштирилди.
Шу билан бирга, иқтисодиётнинг жадал ривожланиши мамлакат илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасаларининг илмий ва илмий-техникавий фаолияти натижаларини тижоратлаштиришда мавжуд салоҳиятдан янада тўлиқ фойдаланиш заруратини тақозо этмоқда.
Бироқ, илмий ва илмий-техникавий фаолият натижаларидан амалда фойдаланишнинг таҳлили уларни яратиш, ҳуқуқий муҳофаза қилиш ва жорий этиш жараёнида тизимли муаммолар мавжудлигидан далолат бермоқда, хусусан:
биринчидан, охирги 5 йил ичида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштирилган ва патентланган ихтиролар сонининг йилига 0,5 фоизини ташкил этувчи тижоратлаштириш даражаси етарли эмас;
иккинчидан, чоп этилган илмий мақолалар ва яратилган интеллектуал мулк объектлари сони илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасалари фаолияти самарадорлигини баҳолашнинг асосий мезонлари бўлиб қолмоқда, бунда уларни жорий этиш натижалари ҳисобга олинмаяпти;
учинчидан, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари уларнинг тасарруфидаги илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасаларининг илмий ва илмий-техникавий фаолияти натижалари учун, шунингдек, илмий-техникавий дастурларга давлат маблағлари сарфланишининг самарадорлиги учун лозим даражада масъулиятни намоён этмаяпти;
тўртинчидан, илмий тадқиқотларни молиялаштиришнинг, шу жумладан, илмий-амалий ва инновацион лойиҳалар ҳамда ишланмалар рўёбга чиқарилишида иқтисодиётнинг реал сектори корхоналари иштирокини рағбатлантиришнинг самарали воситалари жорий этилмаган;
бешинчидан, амалдаги стандартлаштириш ва сертификатлаштириш тизими илмий ва илмий-техникавий фаолият натижаларини ишлаб чиқаришга тезкорлик билан жорий этишни таъминламаяпти.
Маҳаллий илмий-амалий ва инновацион лойиҳалар ҳамда ишланмаларни жадал жорий этишни таъминлаш, мамлакат иқтисодиётининг рақобатбардошлигини кучайтиришда илм-фан ҳиссасини ошириш, шунингдек, илмий ва илмий-техникавий фаолиятнинг истиқболли маҳаллий ютуқларини илгари суришнинг самарали механизмларини яратиш мақсадида:
1. Қуйидагилар илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасаларининг (кейинги ўринларда муассасалар деб юритилади) илмий ва илмий-техникавий фаолият натижаларини тижоратлаштириш соҳасидаги асосий вазифалари этиб ҳисоблансин:
республика иқтисодиётининг рақобатбардошлигини янада ошириш мақсадида илмий ва илмий-техникавий фаолият натижаларини жадал ва кенг жорий этиш;
фанлараро алоқаларни, шу жумладан, халқаро фанлараро алоқаларни шакллантириш жараёнларини рағбатлантириш, қўшма дастурлар ишлаб чиқиш ва жамоаларни яратиш;
илмий ва илмий-техникавий фаолиятни иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳани ривожлантиришнинг аниқ вазифаларини ҳал этишга, шунингдек, ички ва ташқи бозорлар эҳтиёжларини қондиришга қаратилган амалий натижаларни олишга йўналтириш;
юқори технологияли ишлаб чиқаришларни яратишга хизмат қиладиган юқори технологияларни ишлаб чиқиш соҳасида инновацион тадқиқотларни олиб бориш;
тадқиқотларни мамлакатни изчил ривожлантириш бўйича замон талабларига жавоб берадиган, тижоратлаштириш даражаси юқори бўлган маҳсулотлар ва технологияларни жадал ишлаб чиқишга йўналтириш.
2. Қуйидагилар илмий ва илмий-техникавий фаолият натижаларини тижоратлаштиришнинг асосий усуллари этиб белгилансин:
Олдинги таҳрирга қаранг.
илмий фаолият натижаларини қўллаган ҳолда яратилган товарларни (бажарилган ишларни, кўрсатилган хизматларни) реализация қилиш ёки ушбу натижалардан ўз эҳтиёжлари учун фойдаланиш;
(2-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 1 апрелдаги ПФ-6198-сонли Фармони таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 02.04.2021 й., 06/21/6198/0269-сон)
тижорат ташкилотларини ташкил этиш, бунда уларнинг таъсисчиларидан бири устав фондига ҳисса сифатида интеллектуал мулк объекти ёки тайёр технологияни киритган муассаса (ёки ихтисослаштирилган аффилланган ташкилот) ҳисобланади;
Олдинги таҳрирга қаранг.
интеллектуал мулк объектларига бўлган мулкий ҳуқуқларни учинчи шахсларга ўтказиш ва мазкур объектлардан фойдаланиш ҳуқуқини роялти тўловларига асосланган лицензия шартномаларини тузиш орқали, шу жумладан, уларни кейинчалик ушбу ҳуқуқлар олувчиси томонидан тижоратлаштириш шарти билан бериш ва бошқа усуллар орқали амалга оширилади.
(2-банднинг тўртинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 1 апрелдаги ПФ-6198-сонли Фармони таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 02.04.2021 й., 06/21/6198/0269-сон)
3. Вазирлик ва идоралар томонидан шартнома асосида харид қилиш орқали тижоратлаштириладиган ишланмалар рўйхати иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Белгилансинки, иловада кўрсатилган ишланмаларни ўз вақтида тижоратлаштирмаганлиги ва сифатсиз тижоратлаштирганлиги учун уларни жорий этишга жавоб берадиган шахсларга нисбатан уларнинг ўртача ойлик иш ҳақининг ўттиз фоизидан ортиқ бўлмаган миқдорда жарима шаклида интизомий жазо чоралари қўлланилади.
4. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Инновацион ривожланиш вазирлиги билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2019 йил ва ундан кейинги йилларга мўлжалланган параметрларини шакллантиришда «Илм-фан» моддаси бўйича ажратилаётган маблағлар доирасида қуйидагиларни амалга ошириш учун маблағларнинг камида 20 фоизи йўналтирилишини назарда тутсин:
давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини, шу жумладан, давлат-хусусий илмий кластерларини яратишга, илмий-техникавий тадқиқотларни республика иқтисодиёти тармоқлари ва минтақалари эҳтиёжларига мослаштиришга қаратилган лойиҳаларни молиялаштириш;
илмий ва илмий-техникавий фаолият натижаларини тижоратлаштиришга, шу жумладан, бюджет маблағлари олувчилар фаолиятини тегишли маслаҳатчилар томонидан экспертизадан ўтказиш, қўллаб-қувватлаш, халқаро стандартларга мувофиқ бизнес-режаларни тайёрлашга грантлар ажратиш.
5. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Фанлар академиясининг 2018 йил 1 октябрдан бошлаб қуйидагиларга қўшимча бир марталик мукофотлар жорий этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин:
Олдинги таҳрирга қаранг.
патентланган интеллектуал мулк объектлари муаллифларига муассасанинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн баравари миқдорида;
(5-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 13 декабрдаги ПФ-5894-сон Фармони таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 14.12.2019 й., 06/19/5894/4161-сон)
муаллифлар ҳамда илмий ва илмий-техникавий фаолият натижаларини ишлаб чиқиш ва тижоратлаштиришда иштирок этган илмий жамоага уларни тижоратлаштиришдан муассаса ҳисобига келиб тушаётган маблағларнинг тегишли равишда 40 ва 30 фоизи миқдорида.
6. Белгилаб қўйилсинки:
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган инновацион тадқиқотлар бўйича давлат илмий-техник дастурларини бажариш доирасида муассасалар томонидан яратилган илмий ва илмий-техникавий фаолият натижалари, давлат илмий-техник лойиҳалар якунланганидан ва (ёки) улар белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилганидан кейин тижоратлаштирилиши лозим, гуманитар ва ижтимоий фанлар соҳасидаги лойиҳалар бундан мустасно;
(6-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 27 декабрдаги ПҚ-390-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 29.12.2025 й., 07/25/390/1228-сон)
муассасаларнинг илмий кенгашлари ишлаб чиқариш сири (ноу-хау) ёки тижорат сири режимида илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларининг интеллектуал (номоддий) натижасини қўриқлаш тўғрисида қарор қабул қилиш ҳуқуқига эга.
Олдинги таҳрирга қаранг.
7. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига илмий ва илмий техникавий фаолият натижаларини тижоратлаштириш учун мунтазам равишда инвестицияларни жалб қилишни таъминлаш масъулияти юклатилсин.
(7-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 27 сентябрдаги ПФ-6075-сонли Фармони таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 28.09.2020 й., 06/20/6075/1330-сон)
8. Хўжалик бошқаруви органлари ва йирик давлат корхоналарига самарасиз ва маънавий эскирган инфратузилмани алмаштириш, шунингдек, атроф-муҳитни ифлослантириш даражасини пасайтириш имконини берадиган янги техника ва экологик тоза технологияларни ишлаб чиқиш ҳамда жорий этиш билан боғлиқ тадбирларни фаол молиялаштириш тавсия этилсин.
9. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги:
а) манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда илғор хорижий тажриба ва миллий амалиётни ўрганиш натижалари асосида қуйидагилар тасдиқланишини назарда тутувчи ҳукумат қарори лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин:
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан яратилган илмий ва илмий-техникавий фаолият натижаларини тижоратлаштиришни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом;
тижорат сири режимида қўриқланадиган интеллектуал мулк объектларига, шу жумладан, патентлаш имкониятига эга бўлган техник ечимлар ва ишлаб чиқариш сирларига (ноу-хауларга) бўлган ҳуқуқларни рўйхатдан ўтказиш ва бериш тўғрисидаги низом;
муаллифлар ҳамда илмий ва илмий-техникавий фаолият натижаларини ишлаб чиқиш ва тижоратлаштиришда иштирок этган илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасаларининг илмий жамоаларига қўшимча бир марталик мукофотларни тўлаш тартиби тўғрисидаги низом;
б) Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда илмий ва илмий-техникавий фаолиятнинг тижоратлаштирилган натижалари сонини асосий мезонлардан бири сифатида назарда тутган ҳолда муассасаларнинг самарадорлигини баҳолаш мезонларини белгилаш бўйича таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин;
Олдинги таҳрирга қаранг.
в) Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан биргаликда ишлаб чиқаришда жорий этишга тайёр илмий ва илмий-техникавий натижаларни тижоратлаштириш учун техник-иқтисодий асосларни тайёрлашда муассасаларга кўмаклашсин.
(9-банднинг «в» кичик банди Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 27 сентябрдаги ПФ-6075-сонли Фармони таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 28.09.2020 й., 06/20/6075/1330-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
10. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан яратилган интеллектуал мулк объектлари бўйича ахборотнинг доимий асосда уларни кейинчалик тижоратлаштирилишини чораларини кўриш учун Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигига тақдим этилишини таъминласин.
(10-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 17 мартдаги ПФ-89-сонли Фармони таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 18.03.2022 й., 06/22/89/0227-сон)
11. Белгилаб қўйилсинки:
инновацион маҳсулотларга доир давлат стандартлари Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигининг буюртмаларига мувофиқ давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳузуридаги стандартлаштириш бўйича техник қўмиталар томонидан ишлаб чиқилади;
инновацион маҳсулотларга доир давлат стандартлари истиқболда анъанавий технологиялар имкониятларидан илгарилаб кетадиган бошланғич талаблардан иборат бўлиши ва халқаро стандартларга ёки ривожланган хорижий мамлакатларнинг миллий стандартларига мос келиши лозим;
тажриба ва серияли ишлаб чиқаришни ташкил қилиш мақсадида янги инновацион маҳсулотларга давлат стандартларини рўйхатдан ўтказиш ва сертификатлар олишга қилинган харажатлар Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланади.
12. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги муассасалар томонидан илмий ва илмий-техникавий фаолият натижаларини хорижда тижоратлаштиришга, шунингдек, уларни халқаро бозорларда илгари суришга дипломатик воситалар орқали кўмаклашсин.
13. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, шаҳар (туман)лар ҳокимликлари ҳар йили Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги инновацион ғоялар, ишланмалар ва технологиялар марказлари билан биргаликда республика олимларининг илмий-амалий ва инновацион лойиҳалари ҳамда ишланмалари учун хўжалик юритувчи субъектларнинг буюртмалари портфелини шакллантирсин.
14. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги Адлия вазирлиги ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида таклифлар киритсин.
15. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раиси С.Р. Холмурадов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Б.М. Мавлонов ва Ўзбекистон Республикаси инновацион ривожланиш вазири И.Ю. Абдурахманов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2018 йил 14 июль,
ПҚ-3855-сон
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 14 июлдаги ПҚ-3855-сон қарорига
ИЛОВА
Тижоратлаштириладиган ишланмалар
РЎЙХАТИ

Т/р

Ишланмалар номланиши

Патент (тартиб рақами) мавжудлиги

Ишланмалар мақсади

Жорий этиш учун масъуллар

Ўсимлик моддалар кимёси институти

1.

Ферулен дори воситаси (капсула)

IAP 04871

Аденома ва простата бези саратонини даволаш учун тавсия этилган.

Шу билан бирга, иммунитетни кучайтириш ҳамда яллиғланишга қарши таъсир қилиш хусусиятига эга.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

(Б. Юсупалиев)

2.

Фланорин дори воситаси (таблеткалар)

IAP 04077

Жигар ва ўт пуфаги касалликларини даволашга мўлжалланган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

(Б. Юсупалиев)

3.

Аллалгин дори воситаси (таблеткалар ва инъекциялар учун эритма)

Ушбу дори воситаси аллапинин субстанциясидан ишлаб чиқарилади

(лаппаконитина-гидробромид)

Оғриқсизлантирувчи дори воситаси, алкоголь ва морфин симптомларини бекор қилишда енгиллаштириш ва маҳаллий анестезия, шунингдек интенсивлиги ўртача ва кучли бўлган оғриқларда (миокардит, юрак ишемияси, невралгия, миалгия ҳамда тиш, бўғим ва операциялардан кейинги оғриқлар)да қўлланилади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

(Б. Юсупалиев)

4.

Гепалипин дори воситаси

IAP 20150356 патентга буюртма

Лецитин ва ликопиндан ишлаб чиқилган ва жигар касалликларини даволашга мўлжалланган янги дори воситаси.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

(Б. Юсупалиев)

Полимерлар кимёси ва физикаси институти

5.

Қишлоқ хўжалиги экинлари ўруғларини экишдан олдин тайёрлаш учун экологик хавфсиз биологик фаол агрополимерларни ишлаб чиқариш мақсадида пилла куколкасини қайта ишлаш бўйича комплекс технологиясини ўзлаштириш.

IAP 03956, IAP 05304

Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва уруғларни экишдан олдинги ишловини сифатли амалга ошириш учун ишлов бериш Bombyxmori хитозани асосида юқори биологик фаоллиги билан ажралиб турган ва пиллани комплекс қайта ишлаш асосида ҳосил бўладиган экологик хавфсиз агрополимерлар билан амалга оширилади.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги

(Б.Юсупов)

6.

Шўртан ГКК суюлтирилган чиқиндиларни комплекс қайта ишлаш технологиясини ишлаб чиқиш.

IAP 2017 0501 патентга буюртма 23.11.2017 й.

Суюлтирилган чиқиндилар асосида пасмалекулали полиэтилен, лок-буёқ маҳсулотлар учун эриткич, чарм битум буюмларни ишлаб чиқариш учун куб қолдиғи олинади.

«Ўзбекнефтгаз»

(А. Султонов),

Шўртан ГКК

(Ш. Аслонов)

7.

«Полиардез» дезинфекция қилувчи нано-тузилмавий эритманинг технологиясини ишлаб чиқиш ва ишлаб чиқарилишини ўзлаштириш.

IAP 20170411 патентга буюртма 21.09.2017 й.

Полиардез жамоат ва темир йўл транспортининг технологик жиҳозлари, ишлаб чиқариш майдонлари ва биноларни дезинфекция қилиш учун мўлжалланган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

(Б. Юсупалиев),

«Ўзбекистон темир йўллари» АЖ

(А. Камалов),

Халқ таълими вазирлиги

(Ш. Шерматов)

8.

Кумуш нано парчалари асосидаги бактерицид буюмларни ишлаб чиқариш технологияларини ишлаб чиқиш.

IАР 05250

Пайпоқ кўринишида бактерицид буюмлар терлаш даражасини камайтириш, оёқларнинг ёқимсиз ҳиди ва замбуруғли касалликларини олдини олишга қаратилган.

«Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси

(И. Хайдаров)

Биоорганик кимёси институти

9.

Тошкент ва Сирдарё вилоятларида пахтани етиштириш ва ўсиши учун зарур бўлган қизилмия илдизидан тайёрланган глицирризин кислотаси асосида келиб чиқиши табиий бўлган дори воситаларини жорий этиш

IAP 04619, IAP 05005, IAP 05090

Шўрланган ерларнинг бардошлилигини ошириш, замбуруғли касалликлардан ҳимояланиш, шунингдек пахтанинг хўжалик-қимматлик хусусиятларини яхшилаш ва ҳосилдорлигини ошириш мақсадида пахтачилик соҳасида экишдан олдин ишлов беришда уруғларни жорий этиш.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги

(Б. Юсупов)

10.

Шўрланган ерлар мелиорациясининг самарадорлиги учун «Биосольвент» дори воситаси

IAP 20150262
патентга буюртма 29.06.2015 й.дан

Биосольвент тупроқ тузларининг эрувчанлигини ёйиш механизми йўли билан яхшилайди, суғориш сувларининг ишқорли самарадорлигини оширади.

Тузлар агроирригацион уфқлардан олиб чиқилади, тупроқларнинг сув-физик хусусиятлари яхшиланади ва ушбу орқали уруғларни етиштиришга кўмаклашилади, кўчатларга стресс таъсирини камайтиради.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги

(Б. Юсупов)

11.

Гемостатик губка «гемогубка»

IAP 04587, IAP 04588, IAP 04665, IAP 04589, IAP 04736

Инсон организми иплари билан бирлаштирилган, келиб чиқиши натурал бўлган фибрилляр коллагендан ҳосил бўлган гемостатик губка «гемогубка».

Биодеградация қилинаётган гемостатик губка капилляр ва паренхиматоз қон кетишлар (жарроҳлик амалиётлари ўтказилганида) давомида маҳаллий гемостатик (қон тўхтатувчи) воситаси сифатида, капилляр ва паренхиматоз қон кетишлар (жарроҳлик амалиётлари ўтказилганида) давомида ҳамда ярага ишлов беришда фойдаланилади, биодеградация материали жарроҳлик амалиёти ўтказилганидан кейин материални олмай туриб, қолдириш имконини беради.

Соғлиқнисақлашвазирлиги

(Б. Юсупалиев)

12.

ДАГ-1 ва ДАГ-2янги авлод дори воситалари

IAP 05090

Пахтанинг тупроқлар шўрланиши ва фитопатагенга бардошлигини кучайтирувчи мосламалар (стимулятор).

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги

(Б. Юсупов)

13.

«Рутан» дори воситаси

IАР 04523, IАР 04524

Гриппга қарши таъсир қилиш хусусиятига эга ноёб дори воситаси.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

(Б. Юсупалиев)

Умумий ва неорганик кимёси институти

14.

Марказий Қизилқумлар фосфоритлари асосида оддий суперфосфатнинг модернизация қилинган технологиясини ишлаб чиқиш ва татбиқ этиш

Оддий суперфосфатни етиштириш усули
2018 йил 4 чорагида патентлаштирилади.

Қишлоқ хўжалигида фосфор ўгитларнинг камёблигини камайтириш.

«Навоийазот» АЖ

(Б. Шарипов)

15.

Нефт-газ соҳасида татбиқ этиш учун техник сульфонолни ишлаб чиқариш технологиясини ўзлаштириш.

IAP 20170360

14.11.2017 й.даги патентга буюртма берилди

Техник сульфонал авто шампунь ва ювиш машиналарини ишлаб чиқариш, нефт-газ қудуқларини қазишда пармаловчи эритмани енгиллаштириш учун фойдаланилади.

«Ўзбекнефтгаз» АЖ

(А. Султонов)

Ўсимликлар генетикаси ва экспериментал биологияси институти

16.

Қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлиги ва тупроқларнинг унумдорлигини ошириш мақсадида «Биоазот-N» азот ёзувли ризобактериялари асосида биовоситани татбиқ этиш.

IAP 04887

Қишлоқ хўжалиги экинларини шўрланган тупроқлардан тузлар биосорбацияси ва биологик азот билан таъминлаш мақсадида. Мазкур тадқиқонинг жорий этилиши тузли стесс ҳолатида минер азот ҳаражатини 75 — 80 % га қадар камайтириш ва экинлар ҳосилдорлигини 100 % кўпайтириш ҳамда деградация бўлган тўпроқларнинг биологик хусусиятини тиклашга имкон беради.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги

(Б. Юсупов)

17.

«Генетик-1» ва «Сочилмас» соя навлари уруғчилигини ташкил қилиш.

«Генетик-1» NAP00091

«Сочилмас» NAP20150003

Оқсил ва мой, фармацевтика компаниялари, чорвачилик, паррандачилик ҳамда тупроқларнинг унумдорлигини ошириш учун. Умуман импортни камайтириш ва экспортни кўпайтириш учун.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги

(Б. Юсупов)

Илғор технологиялар маркази

18.

Энергетика объектлари ва нефт-газ саноати ишлаб чиқаришларини автоматлаштириш учун дастурий-техник комплекслари.

DGU 01005, DGU 01005

Тайёр маҳсулотни ишлаб чиқариш билан якунлаётган ва реал вақт режимида хом ашёлар олишнинг моддий оқимлари ва барча технологик амалиётларини бошқариш ва назорат қилишнинг имконини берувчи ишлаб чиқаришнинг тезкор-диспетчерлик автоматлаштирилган бошқарувини яратиш (ИТДАТ).

«Ўзбекнефтгаз» АЖ

(А. Султонов),

Энергетика соҳаси корхоналари

(Р. Муборакшин)

19.

Электр утказувчи нано-қопламалари асосида иситишнинг янги тизими

АҚШ US 7468332

Мазкур материаллар полдаги иситувчилар сифатида ишлатилиши мумкин, автомобиль ўриндиқлари, биотиббий кўрпалар ва композитлар.

«Ўзавтосаноат» АЖ

(Ш. Умурзаков),
«Ўзқурилишматериаллари» АЖ

(Б. Зарипов),

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

(Б. Юсупалиев)

20.

Ярим ўтказувчан полимер қоплама асосида сенсор-фаол ипларни ишлаб чиқариш.

АҚШ US 6060116

Барча текстиль ва чармда яримўтказувчан полимер қоплама асосида сенсор-фаол ипларни ишлаб чиқариш, металл, углерод ёки бошқа ўтказувчи материаллардан фойдаланмай, бундатерива ипларнинг хусусияти (ташқи кўриниши, юмшоқлиги) ўзгармайди.

«Ўзтекстилсаноат» ассоциацияси

(И. Хайдаров)

21.

Фаоллаштирилган кўмирни ҳосил қилиш технологияси

IAP 03831

Тилла қазиб олувчи корхоналар томонидан фойдаланиш учун маҳаллий хом ашёдан фаоллаштирилган кўмирни ҳосил қилиш технологияси.

Олмалиқ КМК

(А. Фармонов),

Навоий КМК

(К. Санакулов)

Микробиология институти

22.

FOSSTIM, RIZOKOM серияли биоўғит ишлаб чиқариш.

№ IAP 20160333,

№ IAP 20160334,

№ IAP 20160335,

№ IAP 20160336 патентга буюртмалар

Шўрланган тупроқларда пахтани етиштиришда техник ўсимликларнинг уруғларига (пахта, шакарли лавлаги), полиз-мевали экинлар ва картошкани экишдан олдин ишлов бериш.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги

(Б. Юсупов)

23.

«Микроўстиргич» биоўғитлар ишлаб чиқиш.

IAP 04900, IAP 04211, IAP 05002

Техник экинлар, боғ, полиз ва мева фитопатогенлардан ҳимоялаш, ҳосилдорликни ошириш, ўсимликларни ривожлантириш ва ўсишни ривожлантирувчи стимулятор сифатида тавсия этилади.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги

(Б. Юсупов)

24.

Трихостим силос ачитқисини ишлаб чиқариш

IAP 04901

Ўсимлик чиқиндилари силос ачиткиси ва ем қўшимчаси сифатида тавсия этилади.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги

(Б. Юсупов)

Ядро физикаси институти

25.

Нанокомпозитли катионитдан фойдаланган кимё сув тайёргарлик тизими

IAP 04436

Импорт ўрнини босувчи ишлаб чиқибган ССТ тизимлари республика бўйича сувни юмшатиш учун фойдаланиш мумкин:

Маиший сув таъминотида;

Локал қозонхоналарда;

Бошланғич юмшоқ сув келишини талаб қилган жиҳозлаш учун (термопласт автоматлар, экструдерлар, парогенераторлар, градирни, тескари осматик тизимлар ва ҳ.к.).

«Toshissiqquvvati» ДУК

(Б. Қурбонбеков)

Физика-техника институти

26.

Тупроқ, сув ва ҳавода радоннинг кўламли фаоллигини ўлчаш учун зарядланган парчалари ярим ўтказувчан детектор асосида родонометрни ишлаб чиқиш ва тайёрлаш

IAP 04882

Ҳавода радоннинг кўламли фаоллигини ўлчаш учун қурилма.

Ишлаб чиқилган детектор ва асбоблар геология, қишлоқ хўжалиги, металлургия, тиббиёт, экология, табиатни муҳофаза қилиш ва бошқа соҳаларда ишлатилиши мумкин.

Олмалиқ МКК

(А. Фармонов),

Навоий МКК

(К. Санакулов),

Давлат геология қўмитаси

(Б. Исламов),

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича Давлат қўмитаси

(Б. Қўчқоров),
Сейсмология институти

(С. Хусомиддинов)

27.

Пишириш цехлари учун SCADA и НMI тизимлари асосида автоматлаштирилган бошқарув пульти.

DGU 03037 дастурий маҳсулот гувоҳномаси

Бошқарув ва ишлаб чиқариш циклни автоматлаштириш.

Олмалиқ КМК

(А. Фармонов),

Навоий КМК

(К. Санакулов)

Материалшунослик институти

28.

Олтингугуртли аралашма ҳамда газни цеолит асосида қуритишдан тозалаш турли усул ўлчовдаги импорт ўрнини босувчи инертли термочидамли керамик шарларни тайёрлаш ва ишлаб чиқиш.

ПП 2988

Ташкил қилиш стандарти
(техник шартлари)

Тs-03520, 84-08:2017.

Термочидамли керамик буюмларни ишлаб чиқариш.

«Ўзбекнефтгаз» АЖ

(А. Султанов)

29.

Тижорий фойдаланиш учун катта қуёш печида электртехник ва юқори ўтказувчан материаллар ишлаб чиқарилишини ташкил қилиш.

Муаллифлик гувоҳномаси

275678 СССР. МКИ4С04В.35/10
№ 3163217/33 — юқори ўтказувчан материаллар ҳосил қилиш усули.

№ IAP20140178, 2014 й.

Кейинчалик сотувга мўлжалланган, белгиланган хусусиятга эга материалларни катта қуёш печида ишлаб чиқариш.

«Ўзбекэнерго» АЖ

(Р. Муборакшин),
Қурилиш вазирлиги

(А. Тўхтаев)

30.

Оқова сувлар, иккиламчи нефт маҳсулотларини филтрлаш, чанг аниқловчилар, фермер хўжаликларида, турмушда фойдаланишда, томчилаб суғоришда фойдаланиш учун филтрлар ишлаб чиқаришни ташкил қилиш.

№ 24534-У,
2015 Муаллифлик гувоҳномаси

Оқова сувларни тозалаш, иккиламчи нефт маҳсулотларини филтрлаш, чанг аниқловчилар, фермер хўжаликларида, томчилаб суғориш ва турмушда фойдаланиш учун фильтрлар ишлаб чиқариш.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги

(Б. Юсупов)

Олмалиқ КМК

(А. Фармонов),

«Ўзбекозиқовқатхолдинг» ХК

(Т. Жалилов)

31.

Керамик кесувчи анжомлар ишлаб чиқаришни ташкил қилиш.

№ 4321-Б, 2003 Муаллифлик гувоҳномаси

Пластмасса, дарахт, рангли металларга ишлов бериш учун керамик кесувчи анжомларни ишлаб чиқариш.

Олмалиқ КМК

(А. Фармонов),

Навоий КМК

(К. Санакулов).

Ион-плазма технологиялари институти

32.

Юқори самарали қуёш фото ўзгартиргичларни ишлаб чиқаришни ташкил қилиш учун моносилдан ишлаб чиқарувчи тажриба-ярим саноат қурилмани яратиш.

IAP 05023, IAP 05179,

АҚШ US9278864(B2), US9156861(B2),

Япония JP6014771(B2), JP5836489(B2),

Корея KR101532142(B1) KR101422080(B1)

ХХР CN 104797527, CN 103797018,

Европатент EP 275 664(B1), EP2905258(A1),

Тайвань TWI535657B, TWI549910B, WO2013035956 WO2014054843, WO2014054889

Янги технологиялар ва материалларни жорий этиш ҳисобидан қуёш ўзгартиргичлар самарадорлигини ошириш ва қуёш энергиясини ривожлантириш учун моддий асос яратиш мақсадида.

«Ўзбекэнерго» АЖ

(Р. Муборакшин),

«Ўзкимёсаноат» АЖ

(Д. Пак)

33.

Чекиш қоришмаси ва бошқа криминалистик материалларда синтетик каннабиноидларни юқори сезувчан экспресс аниқлаш учун термодесорбцион сиртли ионизациалашган технология ишлаб чиқариш ва асбоб яратиш.

IAP 03188

Мазкур ишланма қиммат нархдаги импорт қурилмалар ўрнини босиш, конфискация қилинган чекиш қоришмаси ва бошқа криминалистик материалларда синтетитик каннабиноидларнинг излар ҳажми таҳлил қилиш ва аниқлаш учун мўлжалланган.

Ички ишлар вазирлиги

(Р. Эргашев)

Иншоотлар механикаси ва сейсмик бардошлилик институти

34.

Навоий МККнинг КФКсида юмшоқ турдаги инерцион чанг аниқловчи ишлаб чиқариш ва татбиқ этиш.

IAP 05231

Мазкур ишланма Навоий МКК ДКда отилиб чиқишини сезиларли камайтириш учун мўлжалланган.

Навоий КМК

(А. Санакулов)

35.

Цинк қоришмасини ишлаб чиқариш учун сепарацион чизиқни татбиқ этиш.

IAP 05231

Ишланма цинк қоришмасининг йириклигига қараб, сепарация қилишга мўлжалланган.

Цинк қоришмаларининг йириклигига қараб, саноатнинг турли соҳаларида ишлатилади.

Олмалиқ КМК

(А. Фармонов)

36.

Пахтани қайта тозалаш машиналари учун арралараро прокладка.

FAP 01182, FAP 20180066
17.05.2018 й. патентга буюртма

Арралараро прокладка пахтани қайта тозалаш машиналари аррали цилиндрдаги арралараро масофани таъминлашга мўлжалланган.

Ишланма электр энергия сарфланишини камайтиришва арралараро прокладканинг яроқлик муддатини узайтиришга имкон беради.

«Ўзпахтасаноат» АЖ

(А. Максудов)

Сейсмология институти

37.

«Ўзбекистон ҳудудини умумий сейсмик туманлаштириш харитаси УСР-2017»

УСР-2017 харитасини яратиш турли босқичларида фойдаланилган дастурий маҳсулотларга қатор патентлар мавжуд.

Умумий сейсмик туманлаштириш харитаси шаҳарларнинг бош режаларини лойиҳалаштириш, меҳнат ва индустриал ресурсларини режалаштириш, сейсмикфаол туманларда сейсмик бардош қурилиш ва лойиҳалаштириш учун мўлжалланган.

Умумий сейсмик туманлаштириш хариталари асосида шаҳар, аҳоли пунктлари ва қурилиш майдончаларининг сейсмик микротуманлаштириш олиб борилади.

УСР-2017 харитасини жорий этиш республика ҳудудининг сейсмик хавфсизлигини таъминлайди.

Қурилиш вазирлиги

(А. Тўхтаев)

38.

Яқин йилларда кутилаётган сейсмик фаол ҳудудлар харитаси

УСР-2017 харитасини тузиш турли босқичларида фойдаланилган дастурий маҳсулотларга қатор патентлар мавжуд.

Кутилаётган сейсмик фаол ҳудудлар харитаси республиканинг сейсмик хавфсизлигини таъминлашга қаратилган (уй-жой фондини мустаҳкамлаш, кучли зилзила юз берганида ФВВ тузилмалари томонидан таъсирчан чоралар кўриш, ўрта ва қисқа муддатли огоҳлантириш омилларини аниқлаш бўйича кузатув тизим яратиш) Ўзбекистон Республикаси ФВВ томонидан ўтказилаётган превентив тадбирлар ўтказиш.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги

(А. Қулдошев)

Қорақалпоқ табиий фанлар илмий-текшириш институти

39.

Қорақалпоқстоннинг маҳаллий агрорудаси асосида ўғитларнинг янги шакллари технологиясини ишлаб чиқиш ва жорий этиш.

IAP 20110342

Фосфоритларни кимёвий фаоллаштириш орқали минерал тузлар ёрдамида кислотасиз усули ёрдамида арзон азот-фосфор ўғитлари ҳосил бўлди.

Глауконитли минерал ўғитлар ҳосил бўлишининг янги технологияси ишлаб чиқилди.

Маҳаллий хом ашёдан фойдаланиш базасидан олинган ўғитларнинг янги шакллари тупроқлар ҳолатини яхшилашга ва қишлоқ хўжалиги экинларини ҳосилдорлигини оширишнинг имконини беради.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги

(Б. Юсупов)

40.

Табиий жойлашуви шароитида қумли тубларнинг филтрлашуви коэффицентини аниқлаш усули

IAP 20160174

Қумли тублар филтрлашуви коэффицентини экспресс аниқлаш учун асбоб ишлаб чиқилган бўлиб, унинг ёрдамида қумли тубларнинг қалинлик қўшуви ва табиий шароитда 3-4 метр чуқурликда лойли тублар консистенциясини аниқлаш мумкин.

«Ўзкимёсаноат» АЖ

(Д. Пак),

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги

(Б. Юсупов)

41.

Полиэтилен чиқиндиларни утилизация қилиш усули.

IAP 20160175

Битум ва асфальтобетон таркибида полиэтилен ахлатдан фойдаланиш методикаси ишлаб чиқилди.

Алоҳида қайд этиш жоизки, полиэтилен ахлатни шундай усул ёрдамида утилизация қилишда, полиэтилен ахлатни тозалаш ва гуруҳларга ажратишда зарурат қолмайди.

Қурилиш вазирлиги

(А. Тўхтаев)

Маъмун Хоразм академияси

42.

«Ният» ― пахтанинг янги, истиқболли нави.

NAP 20170013

«Ният» пахтанинг янги нави толанинг IV тури билан, Хоразм вилоятининг турли экстремал ҳолатларига мослаштирилган.

Тез етилиши ва сифати бўйича «Хоразм ― 127» назорат навидан устунлик қилади.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги

(Б. Юсупов)

43.

«Хурма» ― пахтанинг янги, истиқболли нави.

NAP 20160015

«Хурма» пахтанинг янги нави толанинг IV тури билан, Хоразм вилоятининг турли экстремал ҳолатларига мослаштирилган.

Тез етилиши, унумдорлиги ва Хоразм вилоятининг етиштириш шароитларига мослашувчанлиги билан ажралиб туради.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги

(Б. Юсупов)

 LexUZ шарҳи
Илова норасмий таржима.
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 16.07.2018 й., 07/18/3855/1513-сон; 14.12.2019 й., 06/19/5894/4161-сон; 28.09.2020 й., 06/20/6075/1330-сон; 02.04.2021 й., 06/21/6198/0269-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 18.03.2022 й., 06/22/89/0227-сон; 29.12.2025 й., 07/25/390/1228-сон)