Ўзбекистон Республикаси Молия вазирининг
Ўзбекистон Республикасининг «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги
Қонунига мувофиқ буюраман:
1. Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг 2003 йил 9 октябрдаги 114-сон буйруғи (рўйхат рақами 1299, 2004 йил 20 январь) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 й., 3-сон, 35-модда) билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси бухгалтерия ҳисобининг
Миллий стандартига (5-сон БҲМС) «Асосий воситалар»га
иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.
2. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
1.
13-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«13. Чет эл валютасида харид қилинган асосий воситаларнинг бошланғич қиймати, уларнинг харид қилинганлигини тасдиқловчи бошланғич ҳисоб ҳужжатларида (товарнинг кузатув ҳужжатлари ёки божхона юк декларациясида) кўрсатилган қийматидан келиб чиқиб, уларни бухгалтерия ҳисобига қабул қилиш санасидаги Ўзбекистон Республикаси Марказий банки курси бўйича қайта ҳисоблаб, шунингдек мазкур стандартнинг 11-бандида назарда тутилган тегишли харажатларни ҳисобга олган ҳолда, аниқланади.».
2.
35-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«35. Қуйидагилар амортизация қилинмайди:
а) ер участкалари ва табиатдан фойдаланишга доир бошқа объектлар (сув, ер ости бойликлари ва бошқа табиий ресурслар);
б) маҳсулдор чорва моллари;
в) ахборот-кутубхона фонди;
г) қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда консервациялашга ўтказилган асосий воситалар;
е) моддий маданий мерос объектлари;
ж) умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари, йўлаклар, сайилгоҳлар, хиёбонлар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари тасарруфида бўлган ободонлаштириш иншоотлари;
з) тўлиқ амортизацияланган асосий воситалар.».