1.07.00.00.00 Молия ва кредит тўғрисидаги қонунчилик. Банк фаолияти / 07.21.00.00 Банк фаолияти / 07.21.12.00 Халқаро операциялар;
2.07.00.00.00 Молия ва кредит тўғрисидаги қонунчилик. Банк фаолияти / 07.21.00.00 Банк фаолияти / 07.21.13.00 Валюта операциялари (шунингдек, 07.27.00.00га қаранг);
3.07.00.00.00 Молия ва кредит тўғрисидаги қонунчилик. Банк фаолияти / 07.27.00.00 Валютани тартибга солиш ва валютани назорат қилиш / 07.27.09.00 Валюта назорати;
4.10.00.00.00 Ташқи иқтисодий фаолият. Божхона иши / 10.01.00.00 Ташқи иқтисодий фаолият соҳасидаги умумий қоидалар / 10.01.03.00 Ташқи иқтисодий алоқалар. Экспорт-импорт контрактларини рўйхатга ва ҳисобга олиш]
2.Ташқи иқтисодий фаолият. Божхона / Ташқи иқтисодий фаолиятни давлат томонидан тартибга солиш]
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Ташқи савдо операцияларини амалга оширишда хорижий валютадаги маблағлардан фойдаланиш устидан назоратни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
[Кўчирма]
LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 10 августдаги 472-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикасининг «Валютани тартибга солиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида» 2019 йил 22 октябрдаги ЎРҚ-573-сон ва «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида» Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида» 2019 йил 5 ноябрдаги ЎРҚ-580-сон қонунлари)»ги қарорига асосан 2020 йил 1 сентябрдан ўз кучини йўқотади.
Ташқи савдо операцияларининг тўғри ва ўз вақтида амалга оширилиши устидан амалий назоратни таъминлаш ҳамда Ўзбекистон республика валюта биржаси ресурсларидан самарали фойдаланиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ваколатли банкларга ва Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасига:
Импорт операциялар бўйича контрактларни ҳисобга олиш ва уларнинг бажарилишини назорат қилиш тўғрисидаги Низомга (1-илова) мувофиқ 1996 йил 1 апрелдан бошлаб импорт контракт (шартнома)ларининг комплекс ҳисоби юритилишини жорий этиш;
1996 йил 1 апрелгача Битишув паспорти жорий этилиши билан боғлиқ ташкилий-техник масалаларни ҳал этиш чора-тадбирларини қўриш тавсия этилсин.
кўрсатиб ўтилган тартиб консигнация шартларида етказиб бериладиган ва ички бозорда Марказий банкнинг патентларига эга бўлган импорт қилувчилар томонидан нақд пулга сотиладиган товарлар бўйича контракт (шартнома)ларга жорий этилмайди;
ваколатли банклар ва божхона органлари ҳудудий бўлинмаларининг раҳбарлари кўрсатиб ўтилган муддатларга қатъий риоя қилиниши ҳамда импорт контрактларни ҳисобга олишда сансалорликка ва бюрократизмга йўл қўйилмаслиги учун шахсан жавоб берадилар.
3. Ўзбекистон Республикасининг ваколатли банкларига:
экспорт-импорт контракт (шартнома)ларини ҳисобга олиш ва уларнинг бажарилиши устидан назорат қилиш бўйича ихтисослаштирилган бўлинмалар ташкил этиш;
контракт қийматининг 15 фоизидан кўп бўлмаган миқдордаги Ганс тўловини — импорт қилувчи корхонага хизмат кўрсатувчи ваколатли банкнинг вакил қилинган банкининг кафолати мавжуд бўлган тақдирда ўтказиш;
5. Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги «Ўзинвестлойиҳа» инжиниринг компанияси билан биргаликда лойиҳалаш ва тадқиқот ташкилотлари базасида етакчи хорижий консалтинг компанияларини жалб этган ҳолда бир ой муддатда импорт технологиялар, машина ва ускуналарни харид қилишда энг мақбул вариантларни танлаш юзасидан маслаҳат бериш ва хизматлар кўрсатишга ихтисослаштирилган хўжалик ҳисобидаги тегишли маълумотлар банкига эга бўлган тармоқ ва тармоқлараро мустақил консалтинг фирмалари тармоғини ташкил этсин.
Адлия вазирлиги «Ўзинвестлойиҳа» компанияси, Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги ва Молия вазирлиги билан биргаликда ўн кун муддатда ихтисослаштирилган консалтинг фирмалари тўғрисидаги Низомни ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.
6. Вазирлар Маҳкамасининг 1996 йил 23 январдаги 35-сон қарори билан белгиланган асосий вазифаларга қўшимча равишда белгилансинки, «Ўзистиқболстат» давлат қўмитаси ҳузуридаги Товар бозорлари конъюнктурасини ўрганиш маркази импорт бўйича халқ истеъмол товарлари ва озиқ-овқат маҳсулотларини харид қилишда энг мақбул вариантлар танлаш юзасидан консалтинг хизматларини амалга оширади.
«Ўзистиқболстат» давлат қўмитаси бир ҳафта муддатда кўрсатиб ўтилган ихтисослашувни ҳисобга олган холда Марказ тўғрисидаги Низомни ва унинг тузилмасини тасдиқлаш учун киритсин.
7. Пул-кредит сиёсати бўйича республика комиссияси ваколатли банкларнинг буюртманомаларига мувофиқ импорт бўйича товарлар харид қилиш учун маблағлар ажратиш тўғрисидаги қарорларни ихтисослаштирилган консалтинг фирмалари ва «Ўзистиқболстат» давлат қўмитаси ҳузуридаги Товар бозорлари конъюнктурасини ўрганиш марказининг эксперт хулосаларини ҳисобга олган ҳолда қабул қилсин.
Белгилансинки, кўрсатиб ўтилган консалтинг фирмалари ва «Ўзистиқболстат» давлат қўмитаси ҳузуридаги Товар бозорлари конъюнктурасини ўрганиш марказининг эксперт хулосалари комиссия томонидан ҳар бир импорт контракти бўйича маблағларни конвертация қилиш тўғрисида қарор қабул қилиш учун тавсия тусига эгадир.
Консалтинг фирмалар ташкил этилгунга қадар ваколатли банкларнинг буюртманомалари рақобат варақалари мавжуд бўлгандагина кўриб чиқилсин.
8. Республика валюта биржасида валютани конвертация қилиш тартибини соддалаштириш ва бир хиллаштириш учун Молия вазирлиги, ваколатли банклар, Давлат солиқ қўмитаси Марказий банк патентлари эгалари томонидан валюта билан операцияларни амалга оширишнинг 2-иловага мувофиқ тартибига риоя қилсинлар.
10. Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги, «Ўздавстандарт» маркази ва Давлат солиқ қўмитаси импорт товарларни жўнатишдан олдин текшириш тизимини ташкил этишга оид таклифларни бир ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига киритсинлар.
11. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ў. Т. Султонов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1996 йил 13 март,
95-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 1996 йил 13 мартдаги 95-сон қарорига 1-ИЛОВА
Импорт операциялар бўйича контрактларни ҳисобга олиш ва уларнинг бажарилишини назорат қилиш тўғрисида
НИЗОМ
УМУМИЙ ҚОИДАЛАР
1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси ҳудудига товарлар олиб келинишини ёки резидентларга хизматлар кўрсатилишини назарда тутувчи барча битишувларга татбиқ этилади, бартер контрактлари, шунингдек товарларни консигнация шартларида етказиб беришга ва патент эгалари томонидан ички бозорда нақд пулга сотишга тузилган контрактлар (шартномалар) бундан мустаснодир.
2. Валюта маблағларидан фойдаланиш устидан назоратни амалга ошириш учун 1-иловага мувофиқ импорт қилувчи резидентлар томонидан расмийлаштириладиган ҳамда валюта счёти очилган жойдаги ваколатли банкда (кейинги ўринларда банк) рўйхатга олинадиган Импорт битишуви паспорти (кейинги ўринларда Паспорт деб аталади) жорий этилади.
4. 1996 йил 1 апрелгача тузилган контрактларнинг бажарилмаган қисмига мажбурий тартибда Паспорт расмийлаштирилиши ва улар мазкур Низомда белгиланган тартибда ҳисобга қўйилиши керак.
5. Импорт қилинаётган товарнинг ҳақини тўлаш, Марказий банк томонидан бошқача рухсат берилган бўлмаса, фақат импорт қилувчи корхонанинг банкдаги счётидан амалга оширилиши мумкин.
ИМПОРТ БИТИШУВЛАР ПАСПОРТИНИ РАСМИЙЛАШТИРИШ
6. Импорт қилувчи корхона томонидан тузилган ҳар бир контракт бўйича Паспорт расмийлаштирилади. Паспортга счётдаги пул маблағларини тасарруф этувчи корхона раҳбари имзо чекади ва у уч нусхада бўлади (биринчи нусхаси импорт қилувчи корхонада қолади, иккинчи нусхаси божхона ҳужжатлари йиғмажилдида сақланади, учинчи нусхаси банкда туради).
Паспортни тўлдириш 2-иловага мувофиқ амалга оширилади.
Импорт қилувчи томонидан тасдиқланган импорт контракти нусхаси ва Паспорт банкка ва божхона хизматларига топширилади.
7. Импорт қилувчи корхона Паспортда кўрсатилган маълумотларнинг ишончлилиги ва уларнинг контракт шартларига мувофиқлиги учун жавоб беради.
8. Банк Паспортнинг унга топширилган нусхаларини, импорт контрактини кўриб чиқади, Паспортдаги маълумотларнинг контракт шартларига мувофиқлигини, Паспортдаги имзоларнинг имзолар намуналари карточкасидаги намуналарга мувофиқлигини текширади, сўнгра 2 кундан кўп бўлмаган муддатда Паспортнинг импорт қилувчи корхона томонидан тайёрланган нусхаларига имзо чекади ва муҳр (штамп) билан тасдиқлайди. Паспортнинг биринчи икки нусхаси импорт қилувчи корхонага қайтарилади. Паспорт нотўғри расмийлаштирилганда у рад этиш сабаби кўрсатилган ҳолда қайтариб берилади.
9. Томонлар контракт шартларига илгари Паспортни тузишда фойдаланилган маълумотларга дахл қилувчи ўзгартиришлар киритган тақдирда, импорт қилувчи кўрсатиб ўтилган ўзгартиришлар киритилган кундан бошлаб ўн кун муддатда, бироқ импорт қилинадиган товарларни божхонада расмийлаштириш учун тақдим қилишдан кечиктирмай, банкка контрактга киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар билан биргаликда Паспортни тақдим этади, контрактни расмийлаштириш мазкур бўлимда белгиланган тартибда амалга оширилади.
10. Паспорт имзолангандан кейин банк контракт бўйича хорижий валютадаги тўловларнинг, шунингдек белгиланган тартибга мувофиқ Республика валюта биржасида импорт қилувчи корхоналар номидан хорижий валюта сотиб олишга буюртманома берилишининг асосланганлигини назорат қилиш функциялари бажарилиши учун жавоб беради.
11. Ваколатли банк, зарурият бўлганда, импорт қилувчи корхонанинг асосланган буюртманомаси бўйича ихтисослаштирилган консалтинг фирмасининг ёки «Ўзистиқболстат» давлат қўмитаси ҳузуридаги Товар бозорлари конъюнктурасини ўрганиш марказининг эксперт хулосаларини ҳисобга олган ҳолда Пул-кредит сиёсати бўйича республика комиссиясига валюта биржасида хорижий валютани харид қилиш ҳақида таклиф киритади ва аванс тўловини ўтказади. Аванс тўлови контракт қийматининг 15 фоизидан ошмаслиги керак.
Авансни ўтказишга фақат импорт қилувчи корхонага хизмат кўрсатувчи ваколатли банкнинг вакил қилинган банкининг банк кафолати мавжуд бўлгандагина йўл қўйилади.
12. Импорт қилувчи корхона импорт қилинадиган товарлар келиб тушишидан олдин ўзидаги Паспортнинг банкда қайд қилинган нусхаларини ҳисобга қўйиш учун фаолият зонаси бўйича божхона хизматига тақдим этади. Божхона хизмати Паспортнинг биринчи ва иккинчи нусхаларига тегишли белги қўяди.
Паспорт ҳисобга қўйилгандан кейин унинг биринчи нусхаси импорт қилувчига қайтарилади.
13. Импорт қилинадиган товарларга юк бож декларацияси (ЮБД)ни расмийлаштиришда («С» устунининг учинчи қарорида импорт битишуви паспорти тартиб рақами қўйилади) импорт қилувчи корхона божхона хизматига Паспортнинг биринчи нусхасини тақдим этиши керак.
Нусхаси божхона ҳужжатларида сақланаётган Паспорт бўйича кейинчалик товарлар гуруҳи келган тақдирда импорт қилувчи корхона томонидан олдинги гуруҳлар келганлиги ҳақида белги қўйилган Паспортнинг биринчи нусхаси тақдим этилиши керак.
14. Контрактга ўзгартиришлар киритилган тақдирда божхона органларига қайта расмийлаштирилган, банк томонидан имзоланган ва муҳр (штамп) қўйилган Паспорт тақдим этилиши керак.
16. Мазкур Низомнинг 15-бандида кўрсатилган ҳужжатлар ўртасида фарқлар мавжуд бўлмаган тақдирда божхона хизматининг импорт қилинадиган товарларни расмийлаштирадиган мансабдор шахси ЮБДнинг тартиб рақамини, олинган товарнинг миқдори ва қийматини кўрсатган холда Паспортнинг биринчи нусхасига имзо чекади ҳамда уни ўзининг шахсий рақамли муҳри ёки штампи билан тасдиқлайди.
Айни пайтда ушбу ахборот Паспортнинг божхона ҳужжатларидаги иккинчи нусхасига киритилади ҳамда муҳр ёки штамп билан тасдиқланади.
17. Ўзбекистон Республикаси ҳудудига келтирилаётган товарларни божхонада расмийлаштириш тугаллангандан кейин Паспортнинг биринчи нусхаси божхона хизмати томонидан тасдиқланган товарларни келтириш карточкаси (3-илова) билан биргаликда импорт қилувчи корхонага берилади.
КЕЛГАН ТОВАРЛАР УЧУН ХОРИЖИЙ ВАЛЮТАДАГИ МАБЛАҒЛАРНИ ЎТКАЗИШ
19. Келган товарлар учун банк томонидан хорижий валютадаги маблағларни ўтказиш учун, мазкур Низомнинг 11-бандида қайд этилган ҳоллардан ташқари, ҳар бир пул ўтказиш олдидан импорт қилувчи корхона томонидан банкка топшириладиган товарнинг келганлиги тўғрисида божхона хизматининг тегишли ёзувлари мавжуд бўлган товарлар келтириш карточкаси асос ҳисобланади.
21. Норезидентлар томонидан резидентларга хизмат кўрсатишини назарда тутувчи контрактларга ҳақ тўлаш Паспортлар ва тақдим этилган ҳужжатлар (инвойслар, счёт-фактуралар ва бошқалар) асосида амалга оширилади.
22. Импорт қилувчи мижознинг тўлов топшириғи бажарилгандан кейин банк Паспортнинг биринчи ва учинчи нусхаларига суммани ҳамда маблағ ўтказилган санани кўрсатган ҳолда тегишли ёзувларни қайд этади,
Бунда Паспорт бўйича ўтказилган маблағларнинг умумий суммаси контрактнинг умумий қийматидан ортиқ бўлмаслиги керак.
26. Давлат солиқ қўмитаси, Марказий банк ва ваколатли банклар мазкур Низом билан уларга юклатилган функцияларни бажариш учун зарур ахборотни айирбошлайдилар.
Импорт операциялар бўйича контрактларни ҳисобга олиш ва уларнинг бажарилишини назорат қилиш тўғрисидаги Низомга 1-ИЛОВА
1. Импорт қилувчи корхонанинг номи, манзили, телефони, факси _________________________________ _________________________________________________________________________________________
2. Корхоналар ва ташкилотларнинг умумреспублика классификатори КТУТ коди, давлат мулки улуши __ _________________________________________________________________________________________
3. Контрактни ҳисобга олган ваколатли банк __________________________________________________ _________________________________________________________________________________________
Импорт операциялар бўйича контрактларни ҳисобга олиш ва уларнинг бажарилишини назорат қилиш тўғрисидаги Низомга 2-ИЛОВА
Импорт битишуви паспортини тўлдириш
ТАРТИБИ
Импорт битишуви паспорти аниқ ва равон ёзилган ёзув билан тўлдирилади.
Импорт битишувларининг тўлдирилган паспортлари алоҳида рўйхатга олиш журналида рўйхатдан ўтказилади. Бунда ҳар бир ҳисобга олиш варағида журнал бўйича унинг рақами ва рўйхатдан ўтказилган санаси ёзиб қўйилади.
Импорт битишуви паспортининг тартиб рақами импорт қилувчи корхона паспортини рўйхатдан ўтказиш тартиб рақамини «каср» белгиси орқали кўрсатган холда ваколатли банкнинг тўлиқ КТУТ коди асосида ваколатли банк томонидан белгиланади.
1-қаторда импорт қилувчининг тўлиқ номи, унинг манзили, телефони ва факси кўрсатилади.