toggle_night_mode
Ҳужжат кучини йўқотган 13.11.2019
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Қарори
Ишлаб чиқариш майдонларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида
 LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 8 ноябрдаги ПФ-5868-сонли «Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида»ги Фармонига асосан 2019 йил 13 ноябрдан ўз кучини йўқотади.
Таъкидлаш лозимки, тадбиркорлик субъектларининг инвестиция лойиҳаларини муваффақиятли амалга оширишда кўмаклашиш, мулкдорларнинг ўзларига тегишли бўш турган ишлаб чиқариш майдонларидан оқилона ва мақсадли фойдаланиш бўйича масъулиятини кучайтириш борасида кўрилаётган чоралар амалда ўз самарадорлигини кўрсатди.
Илгари хусусийлаштирилган корхоналар билан ишлашда ёндашув ва иш услубининг тубдан ўзгартирилиши бир ярим мингдан ортиқ фаолият кўрсатмаётган ва кам қувватли корхоналар фаолиятини тиклаш ва ўн икки мингдан ортиқ иш ўринлари яратиш имконини берди.
Шу билан бирга, ҳудудларда ҳанузгача давлатга ва давлат улуши мавжуд бўлган корхоналарга тегишли бўлган, шунингдек, ажратилган ер участкаларида тадбиркорлик субъектлари томонидан қурилган ҳамда собиқ жамоа ва ширкат хўжаликларини тугатиш даврида сотиб олинган катта миқдордаги фаолият кўрсатмаётган ва самарасиз фойдаланилаётган бинолар ва қурилиши тугалланмаган объектлар сақланиб қолмоқда.
Мазкур ҳолат янги иш ўринлари яратиш имкониятининг йўқотилишига, ишлаб чиқариш қувватларининг маънан эскириши ва жисмонан емирилишига олиб келаётган бўлиб, улардан оқилона фойдаланишни ташкил этиш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чораларни кўришни талаб этмоқда.
Фаолият кўрсатмаётган ва фойдаланилмасдан турган объектлар мулкдорлари, барча даражадаги раҳбарларнинг мазкур объектлардан оқилона ва мақсадли фойдаланилиши бўйича масъулиятини кучайтириш, шунингдек, корхоналарни фаол хўжалик фаолиятига жалб этиш ҳамда шу асосда янги иш ўринларини яратиш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, Давлат солиқ қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг илгари хусусийлаштирилган объектларни хўжалик фаолиятига жадал жалб этиш бўйича амалдаги механизмни мулк ҳуқуқининг вужудга келиш асослари ва эгаллаган майдон ҳажмидан қатъи назар барча тоифадаги қурилиши тугалланмаган объектлар, бўш турган бинолар, нотурар иншоотлар ва фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонларига (кейинги ўринларда фойдаланилмаётган объектлар деб юритилади) нисбатан татбиқ этиш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.
2. Қуйидагилар:
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида фойдаланилмаётган объектлардан самарали фойдаланиш бўйича намунавий таркибдаги идоралараро комиссиялар (кейинги ўринларда идоралараро комиссиялар деб юритилади) 1-иловага мувофиқ;
туманлар (шаҳарлар)да фойдаланилмаётган объектлардан самарали фойдаланиш бўйича намунавий таркибдаги ишчи гуруҳлар (кейинги ўринларда ишчи гуруҳлар деб юритилади) 2-иловага мувофиқ тузилсин.
Идоралараро комиссиялар раҳбарлари этиб Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлари, ишчи гуруҳлар раҳбарлари этиб тегишли туман (шаҳар) ҳокимлари белгилансин.
3. Идоралараро комиссияларга қуйидагилар амалга оширилишини ташкил этиш ва назорат қилиш юклатилсин:
доимий мониторинг натижаларига кўра тегишли ҳудуддаги фойдаланилмаётган объектларни аниқлаш ва уларнинг рўйхатларини шакллантириш;
фойдаланилмаётган объектлар фаолиятини тиклаш, ишлаб чиқаришни ташкил этиш ва янги иш ўринларини яратиш бўйича «йўл хариталари» ва инвестиция лойиҳаларини мулкдорлар билан бирга ишлаб чиқиш, шунингдек, уларни тасдиқлаш;
фойдаланилмаётган объектлар фаолиятини тиклаш бўйича таклифларни тақдим этмаган ёки тасдиқланган «йўл хариталари» ижросини таъминламаётган мулкдорларга нисбатан қонунчиликда назарда тутилган таъсир чораларини қўллаш ҳақида хулосалар чиқариш;
давлат органлари фаолиятини мувофиқлаштириб бориш ва ишчи гуруҳлар раҳбарларининг ҳисоботларини мунтазам равишда эшитиш;
тадбиркорлик субъектлари томонидан инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун рухсат берувчи тусдаги ҳужжатлар ва тижорат банклари кредитларини олишда кўмаклашиш.
4. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:
а) давлат мулки бўлган фойдаланилмаётган объектлар ўрнатилган тартибда сотилади, давлат-хусусий шериклик асосида, шу жумладан ижарага берилади;
б) фойдаланилмаётган объектларнинг хусусий мулкдорларига қуйидаги таъсир чоралари қўлланилади:
юридик шахсларга — соддалаштирилган солиққа тортиш тартибидан солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни умумбелгиланган тартибда тўлашга ўтказиш;
юридик ва жисмоний шахсларга — мол-мулк ва ер солиқларини икки карра микдорда тўлаш, 6 ой ўтгандан сўнг — беш карра, 12 ой ўтгандан сўнг ва кейинчалик — ўрнатилган ставкага нисбатан ўн карра миқдорда тўлашга ўтказиш;
қонунчиликка мувофиқ тақдим этилган солиқ имтиёзлари ва преференциялар амал қилишини тўхтатиш.
(4-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 18 декабрдаги ПҚ-4064-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 19.12.2018 й., 07/18/4064/2343-сон)
5. Белгилаб қўйилсинки:
мазкур қарорнинг 4-банди «б» кичик бандида кўрсатилган таъсир чоралари идоралараро комиссия хулосасига асосан мулкдорнинг идоралараро комиссия хулосаси билан танишганидан кейинги ойдан бошлаб қўлланади;
идоралараро комиссиянинг таъсир чораларини қўллаш ҳақидаги хулосасини чиқариш учун мулкдор томонидан фойдаланилмаётган объектдан самарали фойдаланиш бўйича таклифлар тақдим этилмаганлиги ёки фойдаланилмаётган объектдан самарали фойдаланиш бўйича тасдиқланган «йўл харитаси»нинг бажарилмаслиги асос бўлади;
идоралараро комиссия қарори комиссия аъзоларининг кўпчилик овози билан қабул қилинади, бунда идоралараро комиссия йиғилишида унинг аъзоларининг камида учдан икки қисми иштирок этиши шарт;
фойдаланилмаётган объектларнинг мулкдорлари Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳудудий органларининг тегишли сўровномаси келиб тушганидан кейин икки ой муддатда фойдаланилмаётган объектдан самарали фойдаланиш, шу жумладан ишлаб чиқариш ёки хизмат кўрсатиш объектини барпо этиш, объектни аниқ ижарачиларга тақдим этиш, муайян инвесторлар (шериклар)ни жалб этиш бўйича чораларни, шунингдек, фойдаланилмаётган объект фаолиятини тиклашнинг аниқ муддатлари ва молиялаштириш манбаларини назарда тутадиган таклифларни тақдим этишлари шарт;
фойдаланилмаётган объектдан самарали фойдаланиш бўйича таклифлар юқори турувчи ташкилот (мавжуд бўлган тақдирда) билан келишилган «йўл харитаси» кўринишида тақдим этилади;
фойдаланилмаётган объектдан самарали фойдаланиш бўйича «йўл харитаси» идоралараро комиссия ва балансда сақловчининг юқори турувчи ташкилоти (мавжуд бўлган тақдирда) томонидан очиқ муҳокама йўли билан, шунингдек, мулкдор, балансда сақловчи (уларнинг вакиллари) таклифларини инобатга олган ҳолда ва уларнинг иштирокида тасдиқланади;
мазкур қарорнинг 4-банди «б» кичик бандида назарда тутилган, оширилган ставкалар бўйича солиқлар идоралараро комиссия қарорига асосан фақат ишлаб чиқариш майдонлари ва ер участкаларининг товарлар (ишлар, хизматлар) ишлаб чиқаришга жалб этилмаган қисмига нисбатан қўлланади.
6. Фойдаланилмаётган объектларни хўжалик фаолиятига жалб этиш схемалари 3-4-иловаларга мувофиқ маъқуллансин.
7. Белгилансинки, мазкур қарорнинг 4-банди «б» кичик бандида кўрсатилган таъсир чоралари қуйидаги мулкдорларга нисбатан қўлланилмайди:
қонун ҳужжатлари билан тадбиркорлик субъектларига рухсат берувчи тусдаги ҳужжатларни бериш вазифаси юкланган давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг айбига кўра инвестиция лойиҳасини амалга ошира олмаган мулкдорларга;
фойдаланилмаётган объектдан самарали фойдаланиш бўйича «йўл харитаси»ни (инвестиция лойиҳасини) тақдим этган ва амалга оширишни бошлаганларга — идоралараро комиссиянинг мулкдор (унинг розилиги бўлган тақдирда бошқа ташаббускорлар, шу жумладан ижарага олувчилар) томонидан «йўл харитаси» (инвестиция лойиҳаси) тақдим қилинган, шунингдек, унинг амалга оширилиши ҳақидаги хулосаси санасидан кейинги календарь чоракликдан бошлаб.
8. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасига идоралараро комиссия хулосаси белгиланган тартибда етказилганидан кейинги ойнинг 10 санасига қадар фойдаланилмаётган объектларнинг мулкдорлари — солиқ тўловчилар томонидан тегишли шаклдаги солиқ ҳисоб-китоблари тақдим этилмаган тақдирда идоралараро комиссия хулосаси асосида мол-мулк ва ер солиқларини оширилган ставкалар бўйича ҳисоблаш ва ҳисобланган суммаларни уларнинг шахсий карточкаларига киритиш ҳуқуқи берилсин.
9. Қуйидагиларга:
идоралараро комиссиялар раҳбарларига — ўз фаолиятида холислик ва очиқлик принципларига амал қилиб, фойдаланилмаётган объектларни тиклаш бўйича амалга оширилаётган ишлар натижадорлигига алоҳида эътибор қаратган ҳолда, комиссияга юклатилган вазифа ва функцияларнинг сўзсиз ва сифатли бажарилиши учун;
туманлар (шаҳарлар) секторлари раҳбарларига — фойдаланилмаётган объектлар негизида инвестиция лойиҳаларини амалга оширадиган мулкдорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга кўмаклашиш, шунингдек, уларда юзага келадиган муаммоли масалаларни ҳал этиш учун;
Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасига — идоралараро комиссияларнинг ишчи органи функцияларини бажариш учун;
Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасига — идоралараро комиссиянинг хулосаси чиқарилган мулкдорларга нисбатан мазкур қарорда назарда тутилган таъсир чораларининг ўз вақтида ва сўзсиз қўлланилиши учун;
идоралараро комиссиялар ва ишчи гуруҳлар аъзоларига — ўзлари вакил бўлган давлат бошқаруви органи ва ташкилотларнинг масъулият соҳалари бўйича жавобгарлик юклансин.
10. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Мактабгача таълим вазирлиги, Маданият вазирлиги, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги икки ой муддатда ўзларига тегишли бўлган фойдаланилмаётган объектларни танқидий таҳлил қилсин ва таҳлил натижаларига кўра объектлардан самарали фойдаланиш юзасидан аниқ чора-тадбирлардан иборат бўлган «йўл хариталари» ёки уларни туманлар (шаҳарлар) ҳокимликларига бериш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
11. Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, Давлат солиқ қўмитаси бир ой муддатда фойдаланилмаётган объектлар бўйича маълумотлар базасини шакллантиришни ва электрон тарзда маълумот алмашишни, шунингдек, уларнинг мулкдорларига нисбатан таъсир чоралари қўлланишини таъминласин.
12. Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда ишчи гуруҳларнинг тегишли мурожаатидан сўнг бир ой давомида фойдаланилмаётган объектлар бўйича кадастр ҳужжатларининг расмийлаштирилишини таъминласин.
13. Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ва Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги билан биргаликда мазкур қарор мазмун-моҳияти кенг ёритилишини ҳамда аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига етказилишини таъминласин.
14. Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳар чоракда мазкур қарор ижроси бўйича кўрилаётган чоралар натижалари ва самарадорлиги тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига маълумот киритсин.
15. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига 5-иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.
16. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш. Низомиддинов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Б.М. Мавлонов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2018 йил 4 сентябрь,
ПҚ-3928-сон
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 4 сентябрдаги ПҚ-3928-сон қарорига
1-ИЛОВА
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида фойдаланилмаётган объектлардан самарали фойдаланиш бўйича идоралараро комиссияларнинг
НАМУНАВИЙ ТАРКИБИ

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари

Идоралараро комиссия раиси

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг инвестициялар, инновацион ривожланиш, хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ҳамда кичик саноат ва эркин иқтисодий зоналар фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари бўйича ўринбосари

Идоралараро комиссия раиси ўринбосари

Идоралараро комиссия аъзолари:
1. Қорақалпоғистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш қўмитаси раиси, Давлат рақобат қўмитасининг вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармалари бошлиқлари
2. Қорақалпоғистон Республикаси иқтисодиёт вазири, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар иқтисодиёт ва ҳудудларни комплекс ривожлантириш бош бошқармалари бошлиқлари
3. Қорақалпоғистон Республикаси молия вазири, вилоятлар ва Тошкент шаҳар молия бош бошқармалари бошлиқлари
4. Қорақалпоғистон Республикаси бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бандлик бош бошқармалари бошлиқлари
5. Марказий банкнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бош бошқармалари бошлиқлари
6. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармалари бошлиқлари
7. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар статистика бошқармалари бошлиқлари
8. Қорақалпоғистон Республикаси қурилиш вазири, вилоятлар ва Тошкент шаҳар қурилиш бош бошқармалари бошлиқлари
9. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармалари бошлиқлари
10. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Савдо-саноат палатаси бошқармалари бошлиқлари
11. Давлат мулки объектларини балансда сақловчи ташкилотлар раҳбарлари
Изоҳ:
Давлат рақобат қўмитасининг ҳудудий органи Идоралараро комиссия ишчи органи ҳисобланади.
Идоралараро комиссия аъзолари бошқа лавозимга ўтганда, унинг таркибига мазкур лавозимга янги тайинланган ёки тегишли функцияларни бажариш юклатилган шахслар киритилади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 4 сентябрдаги ПҚ-3928-сон қарорига
2-ИЛОВА
Туманлар (шаҳарлар)да фойдаланилмаётган объектлардан самарали фойдаланиш бўйича ишчи гуруҳлари
НАМУНАВИЙ ТАРКИБИ

Туман (шаҳар) ҳокими

Ишчи гуруҳ раиси

Туман (шаҳар) ҳокимининг инвестициялар, инновациялар, хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш, кичик саноат зоналари ва туризмни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари

Ишчи гуруҳ раиси ўринбосари

Туман (шаҳар) прокурорининг тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича ўринбосари

Ишчи гуруҳ раиси ўринбосари

Ишчи гуруҳ аъзолари:
1. Ўзбекистон Республикаси Давлат рақобат қўмитаси ҳудудий бошқармаси вакили
2. Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ҳудудий бошқармаси вакили
3. Туман (шаҳар) солиқ инспекцияси бошлиғи
4. Туман (шаҳар) кадастр бўлими бошлиғи
5. Туман (шаҳар) қурилиш бўлими бошлиғи
6. Бандликка кўмаклашиш бўлими бошлиғи
7. Тижорат банклари вакили (келишувга кўра, ҳар бир банкдан биттадан)
8. Туман (шаҳар) ИИБ вакили — участка инспектори
9. Давлат мулки объектларини балансда сақловчи ташкилотлар раҳбарлари
Изоҳ:
Туман (шаҳар) ҳокимининг инвестициялар, инновациялар, хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш, кичик саноат зоналари ва туризмни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари хизмати Ишчи гуруҳнинг ишчи органи ҳисобланади.
Ишчи гуруҳ аъзолари бошқа лавозимга ўтганда, унинг таркибига мазкур лавозимга янги тайинланган ёки тегишли функцияларни бажариш юклатилган шахслар киритилади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 4 сентябрдаги ПҚ-3928-сон қарорига
3-ИЛОВА
Давлат мулки объектларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш механизми
СХЕМАСИ
Изоҳ:
(1) Туманлар (шаҳарлар)да фойдаланилмаётган объектлардан самарали фойдаланиш бўйича ишчи гуруҳлари.
(2) Ўзбекистон Республикаси Давлат рақобат қўмитасининг ҳудудий органлари.
(3) Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида фойдаланилмаётган объектлардан самарали фойдаланиш бўйича идоралараро комиссиялар.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 4 сентябрдаги ПҚ-3928-сон қарорига
4-ИЛОВА
Фойдаланилмаётган хусусий мулк объектларини хўжалик фаолиятига жадал тарзда жалб этиш механизми
СХЕМАСИ
Изоҳ:
(1) Туманлар (шаҳарлар)да фойдаланилмаётган объектлардан самарали фойдаланиш бўйича ишчи гуруҳлар.
(2) Ўзбекистон Республикаси Давлат рақобат қўмитасининг ҳудудий органлари.
(3) Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида фойдаланилмаётган объектлардан самарали фойдаланиш бўйича Идоралараро комиссиялар.
(4-илова Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 18 декабрдаги ПҚ-4064-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 19.12.2018 й., 07/18/4064/2343-сон)
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 4 сентябрдаги ПҚ-3928-сон қарорига
5-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Тадбиркорларнинг ишлаб чиқариш майдонларидан фойдаланишларини янада рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 2017 йил 23 февралдаги ПҚ-2796-сон қарорига киритилаётган ўзгартиришлар
1. 1, 2, 3, 5, 6 ва 7-бандлар ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
2. 4-банднинг учинчи ва тўртинчи хатбошилари қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«инвентаризациядан ўтказиш пайтида бинолар ва нотураржой хоналари умумий майдонининг 50 фоиздан кўпроғи (бир бино ёки нотураржой хонаси контури доирасида) товарлар ишлаб чиқариш (ишлар бажариш, хизматлар кўрсатиш)да фойдаланилмай келинган бўлса (мавсумий тусдаги фаолиятни амалга оширадиган корхоналар бундан мустасно), бўш турган объектлар ва фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонлари сифатида эътироф этилади;
қурилиши лойиҳа-смета ҳужжатида белгиланган норматив муддатларда тугалланмаган, қурилишнинг белгиланган норматив муддати мавжуд бўлмаган тақдирда — қурилиш бошланган санадан бошлаб 24 ой мобайнида қуриб битказилмаган ҳолларда кўчмас мулк объектлари қурилиши тугалланмаган объектлар сифатида эътироф этилади».
3. 1 ва 2-иловалар ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 06.09.2018 й., 07/18/3928/1830-сон, 19.12.2018 й., 07/18/4064/2343-сон)