1.09.00.00.00 Тадбиркорлик ва хўжалик фаолияти / 09.15.00.00 Транспорт / 09.15.13.00 Аварияга қарши кураш. Йўл ҳаракати хавфсизлиги. Техник кўрик (шунингдек, 16.04.02.00га қаранг)]
[ТСЗ:
1.Иқтисодиёт / Транспорт. Йўл хўжалиги. Ҳаракат ва парвозлар хавфсизлиги]
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимларини моддий рағбатлантириш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг фаолиятини самарали ташкил этиш ва кадрлар салоҳиятини ошириш, шунингдек, ходимларини моддий рағбатлантириш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматида (кейинги ўринларда ДЙҲХХ деб аталади) хизмат интизомининг юқори даражасини сақлаш, шунингдек, 2018 — 2022 йилларда Ўзбекистон Республикасида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш концепциясини тўлиқ ва самарали амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан:
эгаллаб турган лавозимида иш стажи 5 йилдан ортиқ бўлган ДЙҲХХ ходим ва раҳбарлари 35 фоизининг ички ротацияси амалга оширилгани, шу жумладан улар ички ишлар органларининг бошқа хизматларига ўтказилгани ва бу борада 2018 йил охиригача ротация кўрсаткичларини 70 фоизгача етказиш чора-тадбирларини тизимли асосда амалга ошириш назарда тутилгани;
Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасининг Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасида шахсий хавфсизлик бўлими, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва вилоятлар ички ишлар бошқармаларининг йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаларида шахсий хавфсизлик гуруҳлари ташкил этилиб, кадрлар билан тўлиқ таъминлангани маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармасининг юридик шахсни ташкил этмасдан Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг моддий-техника базасини ривожлантириш, ходимларини рағбатлантириш ва мукофотлаш жамғармаси (кейинги ўринларда Жамғарма деб аталади) ташкил этилсин.
(2-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 2 августдаги 646-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 03.08.2019 й., 09/19/646/3508-сон)
3. Қуйидагилар Жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари этиб белгилансин:
йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги учун ДЙҲХХ ходимлари томонидан солинадиган жарималар суммасининг 10 фоизи;
махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситалари қайд этган йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги учун жарима суммасининг (Ички ишлар вазирлигининг бюджетдан ташқари жамғармасига ажратилиши белгиланган қисмининг) 1,5 фоизи;
автотранспорт воситалари ойналарининг тусини ўзгартиришга (қорайтиришга) рухсатнома беришдан тушадиган маблағлар.
Белгилансинки, Жамғарма маблағлари фақат қуйидагилар учун мақсадли сарфланади:
Маъмурий амалиёт маркази ва ҳудудий маъмурий амалиёт марказлари ходимларининг меҳнатга ҳақ тўлаш фондини молиялаштириш ҳамда уларни рағбатлантириш;
(3-банднинг еттинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 20 январдаги 11-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.01.2026 й., 09/26/11/0066-сон)
ДЙҲХХ моддий-техник базасини ривожлантириш ва қонунчиликда белгиланган бошқа мақсадларда фойдаланиш.
(5-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 27 декабрдаги 891-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 04.01.2025 й., 09/25/891/0011-сон)
4. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги икки ҳафта муддатда:
Молия вазирлиги билан биргаликда Жамғарма маблағларини шакллантириш ва сарфлаш тартиби тўғрисидаги низомни ишлаб чиқсин ва тасдиқласин, унда ДЙҲХХ ходимларининг лавозимлари рўйхати, уларни рағбатлантиришнинг аниқ шартлари ва мезонларини белгилашни назарда тутсин;
ДЙҲХХ хизматига олинадиган номзодларнинг шахсий одоб-ахлоқ фазилатларига нисбатан қатъий талабларни ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.
5. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг иловага мувофиқ айрим қарорларига ўзгартиришлар ва қўшимча киритилсин.
6. Вазирликлар ва идоралар ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — Ўзбекистон Республикаси Молия вазири Ж.А. Қўчқоров ва Ички ишлар вазири П.Р. Бобожонов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2018 йил 6 июль,
514-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 6 июлдаги 514-сон қарорига ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартиришлар ва қўшимча
(1-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 21 майдаги 325-сонли қарорига асосан ўз кучини йўқотган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 22.05.2025 й., 09/25/325/0460-сон)
2. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 14 августдаги 626-сон қарорида:
а) 5-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«5. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва Молия вазирлигининг қуйидагилар учун ундириладиган жарималар суммасидан ажратиладиган маблағлар миқдорини кўпайтириш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин:
махсус автоматлаштирилган фото ва видеофиксация техника воситалари қайд этган йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги учун жарима суммасидан ташқари, йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги учун 8 фоиздан 55 фоизгача;
махсус автоматлаштирилган фото ва видеофиксация техника воситалари қайд этган йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги учун 8 фоиздан 50 фоизгача»;
б) 7-банд ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 09.07.2018 й., 09/18/514/1480-сон; 12.03.2019 й., 09/19/207/2754-сон, 03.08.2019 й., 09/19/646/3508-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 04.01.2025 й., 09/25/891/0011-сон; 22.05.2025 й., 09/25/325/0460-сон; 21.01.2026 й., 09/26/11/0066-сон)