Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
Давлат фойдасига воз кечиш божхона режимига белгиланган тартибда жойлаштирилган товарлардан мақсадли фойдаланиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 18 сентябрдаги 742-сон
қарори билан тасдиқланган Давлат фойдасига воз кечиш божхона режимига жойлаштирилган товарларни давлат мулкини бошқариш бўйича ваколатли органга топшириш тартиби тўғрисидаги низомда:
давлат мулкини бошқариш бўйича ваколатли орган давлат фойдасига воз кечиш божхона режимига расмийлаштирилган озиқ-овқат маҳсулотларини, қимматли қоғозларни, қимматбаҳо металлар, қимматбаҳо тошлар ҳамда улардан ясалган заргарлик буюмлари ва бошқа буюмларни тегишлилиги бўйича «Ўзбекозиқовқатзахира» уюшмаси ташкилотларига, Қимматли қоғозлар марказий депозитарийсига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига топшириши;
бошқа товарлар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан кимошди савдосини ўтказиш тартибида сотувга қўйилиши;
давлат фойдасига воз кечилган товарларни реализация қилишдан тушган тушумлар давлат мулкини бошқариш бўйича ваколатли органнинг бюджетдан ташқари махсус ҳисоб рақамида (ёки Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилигининг тегишли бўлинмаларида очилган шахсий ҳисоб рақамларида) жамланилиши ва тақсимланилиши белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг ташқи иқтисодий фаолият субъектлари томонидан иловага мувофиқ давлат фойдасига воз кечилган товарларни (бундан буён матнда товарлар деб юритилади) истисно тариқасида мактабгача таълим муассасалари, меҳрибонлик уйлари, «Мурувват» ва «Саховат» интернат уйлари ҳамда тегишли бюджет ташкилотларига беғараз бериш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
3. Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси белгиланган тартибда товарларни Тошкент шаҳар ҳокимлигига топширилишини, Тошкент шаҳар ҳокимлиги эса қабул қилинишини таъминласинлар.
4. Тошкент шаҳар ҳокимлиги бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқ қабул қилиб олган товарларни белгиланган тартибда мактабгача таълим муассасалари, меҳрибонлик уйлари, «Мурувват» ва «Саховат» интернат уйлари, тегишли бюджет ташкилотларига беғараз берилишини таъминласин ҳамда амалга оширилган ишлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президенти девонига ва Вазирлар Маҳкамасига тегишли ахборот тақдим қилсин.
5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Н.С. Отажонов, Давлат божхона қўмитаси раиси М.Б. Азимов, Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи Ж.А. Артикходжаев зиммасига юклансин.
Ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари томонидан давлат фойдасига воз кечилган ва мактабгача таълим муассасалари, меҳрибонлик уйлари, «Мурувват» ва «Саховат» интернат уйлари ҳамда тегишли бюджет ташкилотларига беғараз бериладиган товарлар