toggle_night_mode
Норасмий таржима
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Фармойиши
Ўзбекистон Республикасида электр энергияси ва табиий газ назорати ҳисобининг автоматлаштирилган тизимини жорий этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 27 июндаги «Электр энергияси ва табиий газни назорат қилиш ва ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимларини янада жорий қилиш бўйича таклифларни тайёрлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Ф-4979-сон фармойишига мувофиқ:
1. Электр энергияси ва табиий газни назорат қилиш ва ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимларини янада жорий қилишга оид Таклифларни тайёрлаш бўйича ишчи комиссиянинг (кейинги ўринларда — Ишчи комиссия) Сингапур Республикаси, Корея Республикаси, Франция Республикаси ва Германия Федератив Республикасига қилган ишчи сафари натижалари тўғрисидаги ахборот маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикасида электр энергияси ва табиий газни назорат қилиш ва ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимларини янада жорий этишга оид қўшимча чора-тадбирларни амалга ошириш «Йўл харитаси» (кейинги ўринларда — «Йўл харитаси») иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Белгилансинки, вазирлик, идора ва бошқа ташкилотлар раҳбарлари «Йўл харитаси»да назарда тутилган чора-тадбирларни ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли бажариш юзасидан шахсий жавобгар ҳисобланадилар.
4. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги:
а) икки кун муддатда «SAGEMCOM» (Франция Республикаси), «Landis & Gyr» (Швейцария Конфедерацияси) ва «Elster Metronica» (Германия Федератив Республикаси) компанияларига қуйидаги масалалар бўйича музокаралар ўтказиш учун ташриф буюриши тўғрисида таклифнома йўлласин:
электр энергияси ва табиий газни назорат қилиш ва ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимларини жорий қилиш (кейинги ўринларда — энергоресурслар) лойиҳасини амалга оширишда иштирок этиш;
энергоресурсларни назорат қилиш ва ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимларини жорий қилиш лойиҳасини янгидан амалга ошириладиган лойиҳаларга уларни интеграциялаш имкониятларини белгилаш учун ўрнатилган энергия ресурсларини ҳисобга олиш приборларини, маълумотларни узатиш ва биллинг тизими, шунингдек, электр узатгичлари ва трансформаторлар, газни тақсимлаш тизими ва бошқа инфратузилмаларнинг жорий ҳолатини биргаликда ўрганиш;
энергоресурсларни назорат қилиш ва ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимларини жорий қилиш лойиҳаси доирасида энергоресурсларни ҳисобга олишнинг замонавий приборларини ва улар учун зарур бўлган ускуналарни етказиб бериш;
икки томонлама тегишли битим тузган ҳолда энергоресурсларни ҳисобга олишнинг замонавий приборлари ва улар учун зарур бўлган ускуналарга сервис хизмат кўрсатиш бўйича корхона ташкил этиш;
энергоресурсларни назорат қилиш ва ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимларини жорий қилиш лойиҳасини, шу жумладан хорижий ва халқаро молия институтлари иштирокида молиялаштириш;
истиқболда Ўзбекистон Республикасида энергоресурсларни ҳисобга олишнинг замонавий приборлари ва улар учун зарур бўлган ускуналарни тўлиқ цикл билан ишлаб чиқариш бўйича қўшма корхона барпо этиш;
б) мазкур компаниялар вакилларига виза олиш ва бошқа ҳужжатларни расмийлаштиришда, шунингдек, уларнинг Ўзбекистон Республикасига келиши ва кейинчалик шу ерда бўлиши билан боғлиқ бўлган барча ташкилий масалаларни ҳал этишда ҳар томонлама ёрдам кўрсатсин.
5. «Ўзбекэнерго» АЖ ва «Ўзбекнефтгаз» АЖ ўн кун муддатда:
тараққий этган мамлакатлар ва жаҳоннинг етакчи компаниялари тажрибасини ўрганган ҳолда энергоресурсларни назорат қилиш ва ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимларига бўлган концепция лойиҳалари ва техник талабларини қайта кўриб чиқишни ҳамда уларни кейинчалик тасдиқлаш учун Ишчи комиссияга киритилишини;
туманлар (шаҳарлар) рўйхатини кўрсатган ҳолда энергоресурсларни назорат қилиш ва ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимларини уч босқичда жорий этилишини белгилаш, шунингдек, уларни кўриб чиқиш учун Ишчи комиссияга киритилишини;
энергоресурслар, улар учун зарур бўлган ускуналар, шунингдек, маълумотларни узатиш тизими ҳисоблагичлари приборлари моделларининг мақбулини танлаш учун (маҳалла, квартал, кўп қаватли уйлар) жой белгиланишини таъминласин.
6. «ЎзИнжиниринг» республика лойиҳа институти «Ўзбекэнерго» АЖ ва «Ўзбекнефтгаз» АЖ билан биргаликда Ишчи комиссия томонидан тасдиқланган энергоресурсларни назорат қилиш ва ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимлари концепция лойиҳалари ва техник талаблар асосида бир ой муддатда мазкур автоматлаштирилган тизимлар лойиҳаларини ишлаб чиқсин.
7. «Ўздавэнергоназорат» ва «Ўздавнефтгазинспекция» ДИ «Ўзбекэнерго» АЖ ва «Ўзбекнефтгаз» АЖ ҳамда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда приборларни ўрнатиш жойи, монтаж қилиш шартлари, уларни рухсатсиз аралашувдан ҳимоя қилинишини белгилаган ҳолда энергоресурсларни назорат қилиш ва ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимларини жорий этиш доирасида энергоресурсларни ҳисобга олиш приборларини ўрнатиш тартибини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.
8. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси бир ой муддатда Ишчи гуруҳ билан келишилган ҳолда хорижий ва халқаро молия институтлари иштирокида энергоресурсларни назорат қилиш ва ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимларини жорий этиш лойиҳаларини молиялаштириш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
9. Ишчи комиссия (Ж. Қўчқоров) мазкур фармойишнинг 4-бандида кўрсатилган хорижий компаниялар билан бўлган учрашувлар натижаларига кўра, Ўзбекистон Республикасида энергоресурсларни назорат қилиш ва ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимларини жорий этишга оид лойиҳаларни амалга ошириш шартларини қайта кўриб чиқиш бўйича таклифларни Ўзбекистон Республикаси Президенти аппаратига киритсин.
10. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда ўз маблағлари ҳисобидан Сингапур Республикаси миллий университети ҳузуридаги Электрон ҳукумат марказининг етакчи мутахассисларини Ўзбекистон Республикасига таклиф этилишини ташкил этсин ҳамда улар билан қуйидаги масалаларни муҳокама қилиш учун музокаралар олиб борсин:
ахборот-коммуникация технологиялари соҳасини норматив-ҳуқуқий тартибга солишни такомиллаштириш, аҳолига давлат хизматлари кўрсатиш билан боғлиқ бўлган маъмурий жараёнларни мақбуллаштириш;
жамиятнинг ўта муҳим, биринчи навбатда соғлиқни сақлаш, таълим, ижтимоий ҳимоя, иш билан таъминлаш, коммунал хизмат кўрсатиш, транспорт хизматлари, алоқа соҳаларини босқичма-босқич ахборотлаштириш ва автоматлаштириш;
ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида миллий кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш;
Ўзбекистон Республикасида электрон ҳукуматни янада ривожлантириш ва такомиллаштириш стратегик йўналишларини ишлаб чиқиш;
Марказ билан янада чуқур ҳамкорлик қилиш бўйича битим тузиш.
11. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 27 июндаги «Электр энергияси ва табиий газни назорат қилиш ва ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимларини янада жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Ф-4979-сон фармойишининг иловаси қуйидаги мазмундаги 2-банд билан тўлдирилсин:
«Д.Р. Ли — Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги директорининг биринчи ўринбосари».
12. Мазкур фармойишнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори И.Б. Абдуллаев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2017 йил 14 август,
Ф-5022-сон
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 августдаги Ф-5022-сон фармойишига
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикасида электр энергияси ва табиий газни назорат қилиш ва ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимларини жорий қилишни давом эттиришга оид қўшимча чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича
«ЙЎЛ ХАРИТАСИ»

Т/р

Чора-тадбирларнинг номланиши

Амалга ошириш шакли

Амалга ошириш муддатлари

Масъул ижрочилар

1.

Тараққий этган мамлакатлар ва жаҳоннинг етакчи компанияларининг ўрганилган тажрибасини ҳисобга олиб Ўзбекистон Республикасида Электр энергияси ва табиий газни назорат қилиш ва ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимларига (кейинги ўринларда ЭНҲОАТ) нибатан ишлаб чиқилган концепция ва техник талаблар лойиҳаларини қайта кўриб чиқиш.

Унинг якунларига кўра электр энергияси ва табиий газни ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимларини янада жорий қилиш юзасидан таклифлар тайёрлаш бўйича Ишчи комиссиясига (кейинги ўринларда — Ишчи комиссия) ЭНҲОАТга қўшимча ишланган концепция лойиҳалари ва техник талабларни тасдиқлаш учун киритсин.

Концепция ва техник талаблар лойиҳалари

2017 йил

30 августга

қадар

«Ўзбекэнерго» АЖ

(У. Мустафоев),

«Ўзбекнефтгаз» АЖ

(А. Султонов)

2.

Ишчи комиссия томонидан тасдиқланган ЭНҲОАТга нисбатан концепция ва техник талаблар лойиҳалари асосида Ўзбекистон Республикасида ЭНҲОАТни жорий этиш лойиҳаларини ишлаб чиқиш.

Лойиҳалар

2017 йил

20 сентябргақадар

«ЎзИнжиниринг» РЛИ

(Т. Уразаев),

«Ўзбекэнерго» АЖ

(У. Мустафоев),

«Ўзбекнефтгаз» АЖ

(А. Султонов)

3.

Етказиб берувчилар билан ҳисобга олиш приборлари ва улар учун зарур бўлган ускуналарни кейинчалик ишлаб чиқиш учун янгидан ташкил этилаётган ЭНҲОАТга фойдаланишда бўлган электр энергиясини ҳисобга олиш приборларини улаш имкониятини ўрганиш.

Ташкилий

чора-тадбирлар

2017 йил

25 августга

қадар

«Ўзбекэнерго» АЖ

(У. Мустафоев),

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги

(Ш. Шерматов)

4.

Электр энергияси ва табиий газни ҳисобга олиш, улар учун зарур бўлган ускуналар, шунингдек, маълумотларни узатиш тизими приборларининг мақбул моделларини танлаш учун жойни белгилаш (маҳалла, кварталлар, кўп қаватли уйлар).

Ташкилий

чора-тадбирлар

2017 йил

30 августга қадар

«Ўзбекэнерго» АЖ

(У. Мустафоев),

«Ўзбекнефтгаз» АЖ

(А. Султонов)

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши,
вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари

5.

ЭНҲОАТни жорий этиш доирасида электр энергияси ва табиий газни ҳисобга олиш замонавий приборларини ўрнатиш (приборларни ўрнатиш жойи, монтаж қилиш шартлари, уларнинг рухсатсиз аралашувдан ҳимоя қилиниши ва бошқалар) тартибини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш.

Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжат

2017 йил

15 сентябрга қадар

«Ўздавнефтгазинспекция» ДИ

(Л. Акбархўжаев),

«Ўздавэнергоназорат» ДИ

(А. Ниматуллаев),

«Ўзбекэнерго» АЖ

(У. Мустафоев),

«Ўзбекнефтгаз» АЖ

(А. Султонов)

Адлия вазирлиги

(М. Икрамов)

6.

Ҳисобга олиш приборларининг зарур баланс сони, маълумотлар концентраторлари ва бошқаларни хорижий шериклар билан дастлабки тартибда ишлаб чиқиш учун электр тармоқ хўжалиги ва газ тақсимлаш тизими бўйича зарур техник ҳужжатларни тайёрлаш (лойиҳалар, паспортлар, йиғма жадваллар ва бошқалар).

Ташкилий

чора-тадбирлар

2017 йил

5 сентябрга

қадар

«Ўзбекэнерго» АЖ

(У. Мустафоев),

«Ўзбекнефтгаз» АЖ

(А. Султонов)

7.

Электр энергияси ва табиий газни ҳисобга олишнинг замонавий приборларини ўрнатиш учун ходимларни тайёрлашни, зарур молия ва транспорт, техник воситалар ва бошқа моддий-техник ресурсларни назарда тутадиган комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш.

Комплекс чора-тадбирлар

2017 йил

5 сентябрга

қадар

«Ўзбекэнерго» АЖ

(У. Мустафоев),

«Ўзбекнефтгаз» АЖ

(А. Султонов)

8.

ЭНҲОАТни жорий этиш бўйича контрактларни тузадиган ва бажарадиган бўлинмаларни белгилаш (ташкил этиш) учун «Ўзбекэнерго» АЖ ва «Ўзбекнефтгаз» АЖ кузатув кенгашларининг навбатдан ташқари йиғилишларини ўтказиш.

Ташкилий

чора-тадбирлар

2017 йил

10 сентябрга қадар

«Ўзбекэнерго» АЖ

(У. Мустафоев),

«Ўзбекнефтгаз» АЖ

(А. Султонов)

9.

Туманлар (шаҳарлар) рўйхати кўрсатилган ҳолда ЭНҲОАТни жорий этишнинг уч босқичини белгилаш, шунингдек, уларни тасдиқлаш учун Ишчи комиссиясига киритиш.

Таҳлилий маълумотнома

2017 йил

10 сентябрга қадар

«Ўзбекэнерго» АЖ

(У. Мустафоев),

«Ўзбекнефтгаз» АЖ

(А. Султонов)

10.

Электр энергияси ва табиий газни ҳисобга олишнинг замонавий приборлари, шунингдек, улар учун зарур бўлган ускуналарга сервис хизмати кўрсатиш бўйича корхона ташкил қилиш учун ўзбек томонидан потенциал шериклар – компаниялар рўйхатини белгилаш.

Рўйхат

2017 йил

10 сентябрга қадар

Республика комиссияси

(Ж. Қўчқоров)

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги

(Ш. Шерматов)

11.

Алоҳида имтиёзли тариф режаларини белгилаган ҳолда ЭНҲОАТ маълумотларини узатиш учун уяли алоқа каналларидан фойдаланиш масалаларини, шунингдек, ЭНҲОАТни жорий этиш жараёнларида иштирок этувчи уяли алоқа операторларига тегишли имтиёзлар бериш масалаларини уяли алоқа операторлари билан ишлаб чиқиш.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат

лойиҳаси

2017 йил

15 сентябрга қадар

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги

(Ш. Шерматов)

«Ўзбекэнерго» АЖ

(У. Мустафоев),

«Ўзбекнефтгаз» АЖ

(А. Султонов)

12.

Электр узатиш линиялари ва трансформаторлар, газни тақсимлаш тизими ва бошқа инфратузилмаларнинг жорий ҳолатини ўрганиш, уларни модернизация қилиш бўйича техник ечимларни ишлаб чиқиш.

Комплекс

чора-тадбирлар

2017 йил

10 сентябрга қадар

«Ўзбекэнерго» АЖ

(У. Мустафоев),

«Ўзбекнефтгаз» АЖ

(А. Султонов)

13.

Табиий газни ҳисобга олиш замонавий приборларини ишончли эксплуатация қилиш учун газ тақсимлаш тизимларини ўрнатиш ва тайёрлаш (газ тақсимлаш тармоқларини ўрганиш, газни ҳисобга олиш замонавий приборларининг тўғри эксплуатация қилинишини таъминлаш учун фильтрлар ўрнатиш жойини белгилаш ва газни ҳисобга олиш приборларини ўрнатишдан олдин фильтрларни монтаж қилишни якунлаш).

Ташкилий

чора-тадбирлар

Ҳисобга олиш приборларини ўрнатиш босқичларига мувофиқ

«Ўзбекнефтгаз» АЖ

(А. Султонов)

14.

Замонавий ҳисобга олиш приборлари ва ускуналарига сервис хизмати кўрсатиш бўйича корхона ташкил этиш, шунингдек, ЭНҲОАТни жорий этиш лойиҳасини амалга оширишда иштирок этиш масалалари бўйича музокаралар ўтказиш учун Ўзбекистон Республикасига «SAGEMCOM» (Франция), «Landis & Gyr» (Швейцария) ва «Elster Metronica» (Германия Федератив Республикаси) компанияларини таклиф этиш.

Мазкур компаниялар вакилларига виза олиш ва бошқа ҳужжатларни расмийлаштиришда, шунингдек, уларнинг Ўзбекистон Республикасига келиши ва кейинчалик шу ерда бўлиши билан боғлиқ барча ташкилий масалаларни ҳал этишда ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш.

Таклифномалар йўллаш,
Вазирлар Маҳкамаси фармойиши лойиҳаси

Хорижий компаниялар вакилларининг бўлиши муддатларига мувофиқ

2017 йил 20 августга қадар

ТИВ

(А. Камилов),

Молия вазирлиги

(Б. Хўжаев),

масъул вазирликлар ва идоралар

15.

Ўзбекистон Республикасида ЭНҲОАТни жорий этиш лойиҳасини амалга ошириш учун энергоресурсларни ҳисобга олиш замонавий приборларини ва улар учун зарур бўлган ускуналарни харид қилиш масаласи бўйича таклиф қилинган компаниялар билан Тошкент шаҳрида учрашувлар ўтказишни ташкил этиш.

Компаниялар билан ўтказилган учрашувлар натижалари бўйича якуний ҳужжатни тайёрлаш.

Ташкилий

чора-тадбирлар

Томонларнинг келишилган муддатларига мувофиқ

Ишчи комиссия

(Ж. Қўчқоров)

16.

Ўзбекистон Республикасида ЭНҲОАТни жорий этишга оид тўхтатиб турилган лойиҳаларни қайта кўриб чиқиш бўйича таклифлар тайёрлаш ва киритиш.

Ўзбекистон Республикаси
Президентининг қарори лойиҳаси

2017 йил

30 сентябрга қадар

Ишчи комиссия

(Ж. Қўчқоров)

17.

Ўзбекистон Республикасида ЭНҲОАТ лойиҳасини амалга ошириш учун маълумотларни узатиш тизимидан фойдаланиш бўйича таклифларни тайёрлаш ва Ишчи комиссияга киритиш.

Таҳлилий маълумотнома

2017 йил

20 августга қадар

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги

(Ш. Шерматов)

18.

Хорижий компаниялар билан ўтказилган музокаралар якунлари бўйича Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш, электр ва газ таъминоти хизматлари ягона биллинг тизимининг, техник ва бошқа параметрлари, шунингдек, биллинг тизимидан фойдаланиш ва ишлатиш учун масъул субъектни белгилаш.

Техник ҳужжат

Томонларнинг келишган муддатига мувофиқ

Ишчи комиссия

(Ж. Қўчқоров),

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги

(Ш. Шерматов),

«Ўзбекэнерго» АЖ

(У. Мустафоев),

«Ўзбекнефтгаз» АЖ

(А. Султонов)

19.

Ўзбекистон Республикасида ЭНҲОАТни жорий этиш лойиҳасини, шу жумладан халқаро молия институтларини жалб этган ҳолда молиялаштириш манбаларини белгилаш.

Ташкилий

чора-тадбирлар

2017 йил

25 сентябрга қадар

Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси

(А. Ахмедхаджаев),

Молия вазирлиги

(Б. Ходжаев)

20.

Ўзбекистон Республикасида ЭНҲОАТни жорий этиш лойиҳасини амалга оширишни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш ва киритиш.

Ўзбекистон Республикаси
Президентининг қарори лойиҳаси

2017 йил

30 сентябрга қадар

Ишчи комиссия

(Ж. Қўчқоров)

Изоҳлар:
1) давлат органлари ва бошқа ташкилотлар раҳбарлари бошқа ишга ўтган тақдирда мазкур «Йўл харитаси»да назарда тутилган чора-тадбирларни бажариш ушбу лавозимларга янгидан тайинланган ёки тегишли функцияларни бажариш юкланган шахслар зиммасига юклатилади.

2) норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тегишли ҳуқуқий муносабатларни тартибга солиш соҳаси ва предметидан келиб чиққан ҳолда қайта кўриб чиқилиши ёки ягона ҳужжатга бирлаштирилиши мумкин.