toggle_night_mode
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Қарори
Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳузуридаги Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти ишини ташкил этиш тўғрисида
1. Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳузуридаги Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти (кейинги ўринларда — Олий суд ҳузуридаги Департамент) тўғрисидаги Низом 1-иловага мувофиқ;
Олий суд ҳузуридаги Департамент ва унинг ҳудудий бўлимларининг штат жадвали 2-иловага мувофиқ;
Олий суд ҳузуридаги Департамент ва унинг ҳудудий бўлимлари ходимларининг Ягона тариф сеткаси бўйича меҳнатга ҳақ тўлаш разрядлари 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисига Олий суд ҳузуридаги Департаментнинг тасдиқланган тузилмаси ва штат жадвалига ходимларнинг белгиланган чекланган сони ва иш ҳақи фонди доирасида ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилсин.
2. Белгилансинки:
Олий суд ҳузуридаги Департамент ўз фаолияти юзасидан Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисига ҳисобот берадиган мустақил юридик шахс ҳисобланади ва унга Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси томонидан белгиланган тартибда лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган директор бошчилик қилади;
Олий суд ҳузуридаги Департамент ва унинг ҳудудий бўлимлари ходимларига Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳамда вилоят ва унга тенглаштирилган судларнинг ходимлари учун ўрнатилган тартибда меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари, мансаб даражалари татбиқ этилади, шунингдек қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда эгаллаб турган лавозими ва иш стажига мувофиқ узоқ муддат хизмат қилганлик учун устама ҳақ тўланади;
Олий суд ҳузуридаги Департамент директори ўринбосари ва ҳудудий бўлимлари бошлиқлари Олий суд ҳузуридаги Департамент директори томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси билан келишилган ҳолда лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод қилинади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
3. Белгилансинки, судларнинг, Олий суд ҳузуридаги Департамент ва унинг ҳудудий бўлимларининг жорий фаолиятини молиялаштириш ва моддий-техника жиҳатидан таъминлаш Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети ҳамда Суд ҳокимияти органларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади;
(3-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 18 октябрдаги ПФ-5209-сонли Фармони таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 18.10.2017 й., 06/17/5208/0140-сон)
Олий суд ҳузуридаги Департамент бюджет маблағлари тақсимланишини ва уларни судларга етказилишини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Олий суди билан келишилган ҳолда таъминлайди.
4. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари бир ой муддатда Олий суд ҳузуридаги Департамент ва унинг ҳудудий бўлимларининг уларга юклатилган вазифаларни самарали бажаришлари учун жойлаштирилишини таъминласин.
5. Ўзбекистон Республикаси Олий суди:
бир ой муддатда Олий суд ҳузуридаги Департамент ва унинг ҳудудий бўлимларини юқори малакали кадрлар билан, биринчи навбатда, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Суд департаментидан бўшатилаётган ходимлар ҳисобидан тўлдирсин;
Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Олий суди Ҳарбий ҳайъати, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди, округ ва ҳудудий ҳарбий судлар томонидан фойдаланилаётган компьютер техникалари, автотранспорт воситалари, бинолар ва бошқа мулкларни, шу жумладан хизмат турар жойларини Олий суд ҳузуридаги Департамент балансига ўтказилишини таъминласин;
Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди билан биргаликда 2017 йилнинг охиригача хўжалик судлари томонидан фойдаланилаётган ва уларнинг балансида бўлган компьютер техникалари, автотранспорт воситалари, бинолар ва бошқа мулкларни, шу жумладан хизмат турар жойларини Олий суд ҳузуридаги Департамент балансига ўтказилишини таъминласин.
6. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:
Ўзбекистон Республикаси Олий суди билан биргаликда бир ой муддатда Олий суд ҳузуридаги Департамент ва унинг ҳудудий бўлимларининг штат жадваллари ва харажатлар сметасини рўйхатдан ўтказиш чораларини кўрсин;
ушбу қарорни амалга ошириш билан боғлиқ сарф-харажатларни молиялаштириш учун зарур бўлган бюджет маблағларини 2017 йилда ажратсин, 2018 йилдан бошлаб эса Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларида назарда тутсин.
7. Судлар ва адлия органларини ривожлантириш жамғармасининг Кузатувчи кенгаши:
уч ой муддатда асослантирилган ҳисоб-китоблар бўйича Олий суд ҳузуридаги Департамент ва унинг ҳудудий бўлимларининг моддий-техника базасини шакллантириш, уларнинг самарали ишлашини ташкил этиш учун зарур компьютер ва нусха кўпайтириш техникаси, алоқа воситалари, дастурий воситалар, идора мебели билан жиҳозлаш ҳамда 15 дона хизмат енгил автомобилларни, шу жумладан Олий суд ҳузуридаги Департамент учун 1 дона хизмат енгил автомобили ва унинг ҳудудий бўлимлари учун 14 дона «Дамас» русумли автомобилларни харид қилиш ва таъминоти учун маблағлар ажратсин;
Олдинги таҳрирга қаранг.
(7-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 18 октябрдаги ПФ-5209-сонли Фармонига асосан чиқарилган — (Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 18.10.2017 й., 06/17/5208/0140-сон)
8. Белгилансинки, Олий суд ҳузуридаги Департамент талабномаси бўйича:
«Ўзавтосаноат» АЖ зарур транспорт воситаларининг ажратилишини таъминлайди;
«Ўзбекнефтегаз» МХК Олий суд ҳузуридаги Департаментнинг транспорт воситалари ва генераторлари учун зарур автобензин, сиқилган газ ва дизель ёнилғилари лимитларининг ажратилишини таъминлайди.
9. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги:
уч ой муддатда фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича судлар томонидан фойдаланилаётган, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Суд департаменти балансида бўлган компьютер техникалари, автотранспорт воситалари, бинолар ва бошқа мулкларни, шу жумладан хизмат турар жойларини Олий суд ҳузуридаги Департамент балансига ўтказсин;
2017 — 2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Суд департаменти органлари томонидан, судлар билан биргаликда фойдаланилаётган биноларнинг босқичма-босқич бўшатилишини таъминласин.
10. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Суд департаменти сўровига асосан фойдаланилмаётган нотурар жой биноларни беришни, шунингдек янги бинолар ва хизмат турар жойлари қуриш учун зарур бўлган ер участкалари белгиланган тартибда ажратилишини таъминласин.
11. Ўзбекистон Республикаси Олий суди манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида таклифлар киритсин.
12. Ушбу қарор ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси О. Муродов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2017 йил 7 апрель,
ПҚ-2872-сон
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 апрелдаги ПҚ-2872-сонли қарорига
1-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳузуридаги Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти тўғрисидаги
НИЗОМ
Ушбу Низом Ўзбекистон Республикасининг «Судлар тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳузуридаги судлар фаолиятини таъминлаш департаментининг (кейинги ўринларда — Олий суд ҳузуридаги Департамент) асосий вазифалари, функциялари, ҳуқуқлари ва жавобгарлигини, шунингдек фаолиятини ташкил этишни белгилаб беради.
I. Умумий қоидалар
1. Олий суд ҳузуридаги Департамент Ўзбекистон Республикаси Олий судининг идоравий бўйсунувида бўлиб, ўз фаолияти юзасидан Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисига ҳисобот беради.
2. Олий суд ҳузуридаги Департамент судлар фаолиятини моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлаш бўйича функцияларни амалга оширувчи давлат органи ҳисобланади.
Олий суд ҳузуридаги Департамент тузилмасига Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий бўлимлари киради.
Олий суд ҳузуридаги Департамент ўз фаолиятини бевосита ва ҳудудий бўлимлар орқали амалга оширади.
3. Олий суд ҳузуридаги Департамент ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга, шунингдек мазкур Низомга амал қилади.
4. Олий суд ҳузуридаги Департамент ўз фаолиятини судлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва бошқа давлат идоралари ҳамда ташкилотлари билан ҳамкорликда амалга оширади.
5. Ўзбекистон Республикаси Олий суди Олий суд ҳузуридаги Департамент фаолиятига раҳбарликни мувофиқлаштириш ва назорат қилиш, шунингдек, унинг ишини меъёрий-услубий таъминлаш йўли билан амалга оширади.
6. Олий суд ҳузуридаги Департамент ўз фаолиятини судларнинг мустақиллиги ва уларнинг фақат қонунга бўйсуниши принципига асосланган ҳолда амалга оширади. Олий суд ҳузуридаги Департаментнинг судларнинг одил судловни амалга ошириш фаолиятига аралашишига йўл қўйилмайди.
II. Олий суд ҳузуридаги Департаментнинг асосий вазифалари, функциялари, ҳуқуқлари ва жавобгарлиги
7. Олий суд ҳузуридаги Департаментнинг асосий вазифалари қуйидагилар ҳисобланади:
судлар фаолиятини моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлаш бўйича ишни ташкил этиш, шунингдек уни такомиллаштириш юзасидан таклифлар тайёрлаш;
судлар биноларини қуриш ва таъмирлаш учун ажратилган маблағларнинг самарали ўзлаштирилишини таъминлаш, судлар фаолияти учун зарур шарт-шароитлар яратиш бўйича чора-тадбирларни кўриш;
судьялар ва суд аппарати ходимларининг меҳнат шароитларини, моддий ва ижтимоий таъминотини яхшилаш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;
судлар фаолиятини моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлашнинг жорий аҳволини тизимли таҳлил қилиш, судлар фаолиятини моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлашни ривожлантириш юзасидан узоқ муддатли комплекс дастурлар тайёрлаш;
судьялар ва суд процессларининг хавфсизлигини таъминлаш ишларини ташкил этиш.
8. Олий суд ҳузуридаги Департамент, унга юклатилган вазифаларига мувофиқ:
судларнинг эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда навбатдаги молия йилида уларнинг фаолиятини молиялаштириш бўйича таклифларни ишлаб чиқади ва уларни белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига тақдим этади;
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан белгиланадиган тартибда молиявий маблағларни тегишли шахсий ғазна ҳисобварақлари орқали судларга етказади;
судлар фаолиятини зарур даражада таъминлаш масалалари бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва бошқа органлар билан ўзаро ҳамкорлик қилади;
судьялар ва суд процессларининг хавфсизлигини таъминлаш бўйича чора-тадбирларнинг амалга оширилишини таъминлайди, ушбу мақсадлар учун ички ишлар органлари ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг куч ва воситаларини белгиланган тартибда жалб қилади;
ҳудудий бўлимларни бошқаради ва уларнинг фаолияти устидан назоратни амалга оширади;
Олий суд билан биргаликда марказий аппарат, ҳудудий бўлимлар кадрларини танлаш ва жой-жойига қўйишни амалга оширади, уларни касбий тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкил қилади;
ўз ваколатлари доирасида жисмоний ва юридик шахсларнинг аризалари, таклифлари ва шикоятларини кўриб чиқади;
қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа функцияларни амалга оширади.
9. Олий суд ҳузуридаги Департаменти ўз ваколатлари доирасида қуйидагиларга ҳақли:
ўзига юклатилган вазифаларни бажариш учун илмий ва бошқа ташкилотлар, олимлар ва мутахассисларни белгиланган тартибда жалб қилиш;
қонун ҳужжатларига мувофиқ, судлар ва Олий суд ҳузуридаги Департамент органларини моддий-техник таъминлаш бўйича буюртмачи сифатида иштирок этиш;
ўзига юклатилган вазифаларни бажариш учун тегишли органлар ва ташкилотлардан зарур маълумотлар, ҳужжатлар ва бошқа материалларни белгиланган тартибда олиш;
фуқаролик-ҳуқуқий битимларни тузиш.
10. Олий суд ҳузуридаги Департамент судлар фаолиятини моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлаш, уларга зарур шарт-шароитлар яратиш бўйича ишларни самарали ташкил этиш учун жавоб беради.
III. Олий суд ҳузуридаги Департамент фаолиятини ташкил этиш
11. Олий суд ҳузуридаги Департаментга Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси томонидан белгиланган тартибда лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган директор бошчилик қилади.
Олий суд ҳузуридаги Департамент директори моддий, тиббий ва транспорт таъминоти шарт-шароитлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси ўринбосарига тенглаштирилади.
12. Олий суд ҳузуридаги Департамент директори ўринбосари ва ҳудудий бўлимлари бошлиқлари Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси билан келишилган ҳолда Олий суд ҳузуридаги Департамент директори томонидан лавозимга тайинланадилар ва лавозимдан озод қилинадилар.
Олий суд ҳузуридаги Департамент марказий аппаратининг бошқа ходимлари Олий суд ҳузуридаги Департамент директори томонидан лавозимга тайинланадилар ва лавозимдан озод қилинадилар.
Ҳудудий бўлимларнинг ходимлари (ёрдамчи ходимлардан ташқари) ҳудудий бўлим бошлиғи тақдимномасига кўра Олий суд ҳузуридаги Департамент директори томонидан лавозимга тайинланадилар ва лавозимдан озод қилинадилар.
13. Олий суд ҳузуридаги Департаментнинг ҳудудий бўлимлари жойларда судлар фаолиятини моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлаш ишларини амалга оширадилар.
Олий суд ҳузуридаги Департаментнинг ҳудудий бўлимлари юридик шахс ҳисобланади, бевосита Олий суд ҳузуридаги Департамент томонидан молиялаштирилади ва ўз фаолияти тўғрисида Олий суд ҳузуридаги Департамент директорига ҳисоб беради.
14. Олий суд ҳузуридаги Департамент директори:
1) Олий суд ҳузуридаги Департамент ва унинг ҳудудий бўлимлари фаолиятига раҳбарлик қилади;
2) Олий суд ҳузуридаги Департамент ходимларини лавозимига тайинлайди ва лавозимидан озод қилади;
3) Олий суд ҳузуридаги Департаментнинг ҳудудий бўлимлари бошлиқларининг ҳисоботларини эшитади;
4) Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисига қуйидагиларни киритади:
Олий суд ҳузуридаги Департаментнинг ҳудудий бўлимлари тўғрисидаги низомлар лойиҳаларини;
Олий суд ҳузуридаги Департамент ваколатига тааллуқли масалалар бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва бошқа ҳужжатлар лойиҳаларини;
Олий суд ҳузуридаги Департамент ходимларига мансаб даражалари бериш тўғрисидаги таклифларни;
Олий суд ҳузуридаги Департамент фаолияти натижалари тўғрисидаги ҳисоботларни;
Олий суд ҳузуридаги Департамент ходимларини Ўзбекистон Республикасининг давлат мукофотларига тавсия этиш тўғрисидаги таклифларни;
5) Олий суд ҳузуридаги Департаментнинг марказий аппарати бўлимлари тўғрисидаги низомларни белгиланган тартибда тасдиқлайди;
6) ўз ваколати доирасида Олий суд ҳузуридаги Департамент фаолиятини ташкил этиш масалалари бўйича барча ходимлар томонидан бажарилиши мажбурий бўлган буйруқлар, кўрсатмалар ва фармойишлар чиқаради;
7) ажратилган маблағлар доирасида Олий суд ҳузуридаги Департамент ходимларига устама ҳақи, мукофотлар ва бошқа рағбатлантиришлар тўлаш тартиби ва шартларини қонун ҳужжатларига мувофиқ белгилайди;
8) қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.
Олий суд ҳузуридаги Департаментнинг директори Олий суд ҳузуридаги Департаментга юклатилган вазифаларнинг бажарилиши учун шахсан жавоб беради.
15. Олий суд ҳузуридаги Департаментнинг директори бўлмаган тақдирда унинг ваколатларини директор ўринбосари амалга оширади.
16. Олий суд ҳузуридаги Департамент директорининг ўринбосари, бўлим бошлиқлари ва бошқа ходимлари ўз фаолиятларини Олий суд ҳузуридаги Департамент директори томонидан тасдиқланадиган функционал вазифаларга мувофиқ амалга оширадилар.
17. Олий суд ҳузуридаги Департамент ва унинг ҳудудий бўлимлари ходимларига Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳамда вилоят ва унга тенглаштирилган судларнинг ходимлари учун ўрнатилган тартибда меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари, мансаб даражалари татбиқ этилади, шунингдек қонун ҳужжатлари билан белгиланган тартибда эгаллаб турган лавозими ва иш стажига мувофиқ узоқ муддат хизмат қилганлик учун устама ҳақ тўланади.
18. Олий суд ҳузуридаги Департамент юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвирланган ва ўз номи ёзилган муҳрга, шахсий ғазна ҳисобварақларига ҳамда қонун ҳужжатларига мувофиқ очиладиган банк ҳисоб рақамларига эга.
Олий суд ҳузуридаги Департамент оператив бошқарув ҳуқуқи асосида алоҳида мулкк эга.
Олдинги таҳрирга қаранг.
19. Судлар ва Олий суд ҳузуридаги Департамент фаолиятини молиялаштириш республика бюджети ҳамда Суд ҳокимияти органларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
(19-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 18 октябрдаги ПФ-5209-сонли Фармони таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 18.10.2017 й., 06/17/5208/0140-сон)
Судлар ва Олий суд ҳузуридаги Департаментнинг таъминоти учун республика бюджетидан ажратиладиган маблағлар алоҳида сатрда кўрсатилади.
20. Олий суд ҳузуридаги Департаментнинг молиявий фаолиятини текшириш Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг назорат-тафтиш Бош бошқармаси томонидан амалга оширилади.
21. Олий суд ҳузуридаги Департаментни тугатиш ёки қайта ташкил этиш Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорига кўра амалга оширилади.
Олий суд ҳузуридаги Департамент қайта ташкил этилган ёки тугатилган тақдирда ишдан бўшатилаётган ходимларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилиши қонун ҳужжатларига мувофиқ кафолатланади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 апрелдаги ПҚ-2872-сонли қарорига
2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳузуридаги Судлар фаолиятини таъминлаш Департаменти ва унинг ҳудудий бўлимлари
ШТАТ ЖАДВАЛИ

Лавозимлар номланиши

Сони

Марказий аппарат

Директор

1

Директор ўринбосари

1

Юрисконсульт

1

Молиялаштириш ва моддий-техник таъминлаш бўлими

3

Бўлим бошлиғи

1

Бош мутахассис

2

Капитал қурилиш ва асосий фондлардан фойдаланиш бўлими

2

Бўлим бошлиғи

1

Бош муҳандис

1

Кадрлар бўлими

1

Бош инспектор

1

Марказий бухгалтерия

3

Бош ҳисобчи

1

Бош мутахассис

2

Жами

12

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий бўлимлари

Бошлиқ

1

Қурилиш ва асосий фондлардан фойдаланиш бўйича бош муҳандис

1

Бухгалтерия

2

Бош ҳисобчи

1

Бош мутахассис

1

Жами

4

Республика бўйича жами

56

ҲАММАСИ

68

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 апрелдаги ПҚ-2872-сонли қарорига
3-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳузуридаги Судлар фаолиятини таъминлаш Департаменти ва унинг ҳудудий бўлимлари ходимларининг Ягона тариф сеткаси бўйича меҳнатга ҳақ тўлаш
РАЗРЯДЛАРИ

Лавозимлар номланиши

Меҳнатга ҳақ тўлаш разрядлари

Марказий аппарат

Директор

19

Директор ўринбосари*

Бўлим бошлиғи

14

Бош ҳисобчи

15

Бош мутахассис

12

Бош инспектор

12

Бош муҳандис

12

Юрисконсульт

12

Ҳудудий бўлимлар

Лавозимлар номи

Вилоятлар гуруҳи бўйича

Гуруҳдан ташқари

1-гуруҳ

2-гуруҳ

3-гуруҳ

Ҳудудий бўлим бошлиғи

15

14

13

12

Бош ҳисобчи

12

12

11

10

Бош муҳандис

10

10

9

8

Бош мутахассис

10

10

9

8

* Директор лавозими маошидан 5 % гача паст.