toggle_night_mode
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети ҳузуридаги Илмий-инновацион ривожлантириш жамғармаси фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Тошкент ахборот технологиялари университетининг фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 15 мартдаги ПҚ-2834-сон қарорини бажариш юзасидан Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети ҳузуридаги Илмий-инновацион ривожлантириш жамғармаси маблағларини шакллантириш ва ундан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 2-иловага мувофиқ айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
3. Вазирликлар ва идоралар бир ой муддатда ўзларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини ушбу қарорга мувофиқлаштирсинлар.
4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Таълим ва илм-фан масалалари ахборот-таҳлил департаментига ва Ёшлар сиёсати, маданият, ахборот тизимлари ва телекоммуникациялар масалалари ахборот-таҳлил департаментига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2017 йил 5 июнь,
350-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 5 июндаги 350-сон қарорига
1-ИЛОВА
Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети ҳузуридаги Илмий-инновацион ривожлантириш жамғармаси маблағларини шакллантириш ва ундан фойдаланиш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети ҳузуридаги Илмий-инновацион ривожлантириш жамғармаси (кейинги ўринларда Жамғарма деб аталади) маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартибини белгилайди.
2. Жамғарма Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети (кейинги ўринларда Университет деб аталади) ва унинг ҳудудий филиалларининг ҳамда Университет ҳузуридаги Ахборот-коммуникация технологиялари илмий-инновацион марказининг (кейинги ўринларда Марказ деб аталади) ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида таълим сифатини оширишга ҳамда илмий-тадқиқот фаолиятига қаратилган устувор ва ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларни молиялаштириш мақсадида ташкил этилди.
3. Жамғарма маблағлари Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг ғазначилигида очилган Университет махсус бюджетдан ташқари шахсий ғазна ҳисобварағида жамланади.
Жамғарма юридик шахс мақомига эга бўлмаган ҳолда ташкил этилади.
2-боб. Жамғарма фаолиятининг асосий йўналишлари
4. Қуйидагилар Жамғарма маблағларидан фойдаланишнинг асосий йўналишлари этиб ҳисобланади:
Университет учун ўқув дарсликлар ва илмий адабиётларни яратиш ва нашр этиш, шу жумладан хорижий адабиётларни харид қилиш;
Университетнинг иқтидорли талабалари учун бериладиган Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги стипендия харажатларини қоплаш;
«Муҳаммад ал-Хоразмий авлодлари» номли илмий журнал нашр этилишини молиявий қўллаб-қувватлаш;
Университет ва Марказнинг ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш соҳасидаги илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларини танлов асосида молиялаштириш, уларнинг илмий ва ўқув лабораторияларини замонавий асбоб-ускуналар, зарур сарфланувчи материаллар ва бутловчи қисмлар билан таъминлаш;
Университетнинг иқтидорли талабалари, профессор-ўқитувчилари ва ёш илмий ходимларини етакчи хорижий олий таълим муассасалари ҳамда илмий-тадқиқот марказларида тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш;
Университетда дарс бериш ва Марказда илмий тадқиқотлар ўтказиш учун юқори малакали хорижий мутахассислар ва олимларни жалб қилиш.
3-боб. Жамғармани бошқариш
5. Жамғармани бошқариш Университетнинг Васийлик кенгаши томонидан амалга оширилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Университет Васийлик кенгашининг таркиби қонунчиликда белгиланган тартибда тасдиқланади.
(5-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
6. Университетнинг Васийлик кенгаши ушбу Низом талабларидан келиб чиққан ҳолда Жамғарманинг маблағларидан фойдаланишнинг устувор йўналишлари ва шартларини белгилайди.
7. Университет Васийлик кенгаши йиғилишлари ҳар чоракда камида бир марта ўтказилади.
8. Жамғарма маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш мониторингини олиб бориш, маблағларнинг ҳисоб ва ҳисоботини юритиш ҳамда жорий хизмат кўрсатиш ишлари Университетнинг молия-иқтисод бўлими ҳамда бухгалтерияси томонидан амалга оширилади.
4-боб. Жамғарма маблағларини шакллантириш тартиби
9. Жамғарма маблағлари қуйидаги манбалар ҳисобидан шакллантирилади:
мобил алоқа хизматлари кўрсатадиган юридик шахслар (уяли алоқа компаниялари) томонидан абонент рақамидан фойдаланганлик учун тўланадиган тўловдан тушадиган маблағларнинг 1,0 фоиз миқдоридаги ажратмалар;
Жамғарманинг вақтинча бўш маблағларини Ўзбекистон Республикасининг тижорат банкларидаги депозитларда жойлаштиришдан тушган даромадлар;
юридик ва жисмоний шахслар, халқаро ташкилотларнинг ҳомийлик хайриялари, грантлари;
Олдинги таҳрирга қаранг.
қонунчиликда таъқиқланмаган бошқа тушумлар.
(9-банднинг бешинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
10. Жамғарманинг жорий йилда фойдаланилмаган маблағлари олиб қўйилмайди ва кейинги йилда ушбу Низомда кўрсатилган мақсадлар учун сарфланади.
5-боб. Жамғарма маблағларидан фойдаланиш тартиби
11. Жамғарма маблағларидан Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигида экспертизадан ўтган ва Университет Васийлик кенгашига тақдим қилинган ахборот ва телекоммуникация технологияларини ривожлантириш бўйича аниқ лойиҳаларни ушбу Низомнинг 4-бандида кўрсатилган мақсадлар учун Университет Васийлик кенгаши томонидан молия йили учун тасдиқланган даромадлар ва харажатлар сметаси доирасида молиялаштириш учун фойдаланилади.
6-боб. Ҳисоб, ҳисобот ва назорат
12. Жамғарма маблағларининг ҳисоб ва ҳисоботи Университетининг бюджетдан ташқари маблағларидан бўлак ҳолда алоҳида юритилади.
13. Жамғарма даромадлари ва харажатлари сметасининг ижроси тўғрисидаги йиллик ҳисобот Университет Васийлик кенгаши йиғилишида кўриб чиқилади ҳамда ҳар йили 15 мартгача тасдиқланади.
14. Жамғарма маблағларидан асосли ва мақсадли фойдаланилиши устидан назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан амалга оширилади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 5 июндаги 350-сон қарорига
2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар
1. Вазирлар Маҳкамасининг «Тошкент ахборот технологиялари университети фаолиятини ташкил этиш тўғрисида» 2002 йил 7 ноябрдаги 385-сон қарорида (Ўзбекистон Республикаси ҚҲТ, 2002 й., 21-сон, 169-модда):
а) 1-банддаги «Тошкент ахборот технологиялари университети» сўзлари «Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети» сўзлари билан алмаштирилсин;
б) 2-банддаги «Тошкент ахборот технологиялари университетининг» сўзлари «Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетининг» сўзлари билан алмаштирилсин;
2. Вазирлар Маҳкамасининг «Олий таълим муассасалари педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2012 йил 26 сентябрдаги 278-сон қарорида (Ўзбекистон Республикаси ҚҲТ, 2012 йил, 39-сон, 453-модда):
а) қарорга 1-илова «Педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тармоқ марказлари» бўлимининг 2-банди «Минтақавий ва тармоқ марказининг номи» устунидаги «Тошкент ахборот технологиялари университети» сўзлари «Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети» сўзлари билан алмаштирилсин.
б) 2-иловадаги «Тошкент ахборот технологиялари университети» блоки «Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети» блоки билан алмаштирилсин.
3. Вазирлар Маҳкамасининг «Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармасини янада ривожлантириш ва унинг маблағларидан самарали фойдаланиш тўғрисида» 2012 йил 19 декабрдаги 356-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2012 йил, 12-сон, 87-модда) билан тасдиқланган Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармаси тўғрисидаги низомнинг 4-банди учинчи хатбошидаги «15» рақами «14» рақами билан алмаштирилсин.
4. Вазирлар Маҳкамасининг «Тошкент ахборот технологиялари университети ва унинг минтақавий филиаллари ташкилий тузилмасини такомиллаштириш тўғрисида» 2013 йил 28 июндаги 188-сон қарорининг (Ўзбекистон Республикаси ҚҲТ, 2013 й., 27-сон, 352-модда) рус тилидаги матнида:
а) қарорнинг номидаги, 1 ва 2-бандлардаги «технологий» сўзидан кейин «имени Мухаммада ал-Хоразмий» сўзлари қўшилсин;
б) 1, 2, 3-иловаларнинг номидаги «технологий» сўзидан кейин «имени Мухаммада ал-Хоразмий» сўзлари қўшилсин.
5. Вазирлар Маҳкамасининг «Тошкент ахборот технологиялари университети ва Тошкент давлат юридик университетида ўқув юкламасининг ҳажмларини тасдиқлаш тўғрисида» 2013 йил 23 декабрдаги 337-сон қарорининг (Ўзбекистон Республикаси ҚҲТ, 2013 й., 52-сон, 691-модда) рус тилидаги матнида:
а) қарор номидаги «технологий» сўзидан кейин «имени Мухаммада ал-Хоразмий» сўзлари қўшилсин;
б) 1-банддаги «технологий» сўзидан кейин «имени Мухаммада ал-Хоразмий» сўзлари қўшилсин;
в) қарорга 1-илованинг номидаги «технологий» сўзидан кейин «имени Мухаммада ал-Хоразмий» сўзлари қўшилсин.
6. Вазирлар Маҳкамасининг «Давлат ва хўжалик бошқаруви, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ходимларининг ахборот-коммуникация технологиялари соҳаси бўйича малакасини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2014 йил 27 мартдаги 73-сон қарорининг (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2014 й., 3-сон, 30-модда) рус тилидаги матнида:
а) 1-банддаги «технологий» сўзидан кейин «имени Мухаммада ал-Хоразмий» сўзлари қўшилсин;
б) қарорга 3а-илованинг номидаги «технологий» сўзидан кейин «имени Мухаммада ал-Хоразмий» сўзлари қўшилсин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
(7-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 1 майдаги 318-сонли қарорига асосан ўз кучини йўқотган — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 01.05.2018 й., 09/18/318/1108-сон)
8. Вазирлар Маҳкамасининг «Электрон ҳукуматнинг идоралараро маълумотлар узатиш тармоғини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2016 йил 12 августдаги 262-сон қарорига (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2016 й., 8-сон, 78-модда) 2-илованинг 14 ва 15-бандларининг «Масъул бажарувчилар» устунидаги «Тошкент ахборот технологиялари университети» сўзлари «Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети» сўзлари билан алмаштирилсин.
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2017 й., 23-сон, 474-модда; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 01.05.2018 й., 09/18/318/1108-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)