toggle_night_mode
Ҳужжат кучини йўқотган 16.12.2017
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Фармони
Ташқи бозорларда маҳаллий маҳсулотларнинг экспорт қилиниши ва рақобатдошлигини таъминлашни янада рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида
 LexUZ шарҳи
Мазкур Фармон Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 15 декабрдаги ПФ-5286-сонли «Ташқи бозорларда маҳаллий маҳсулотлар рақобатдошлигини таъминлаш ва экспортини рағбатлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига асосан ўз кучини йўқотган.
Республикамиз иқтисодиёти тармоқлари ва ҳудудларининг экспорт салоҳиятини янада кенгайтиришни рағбатлантириш, ишлаб чиқариш корхоналари томонидан, энг аввало, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига ўзлари ишлаб чиқарган товарларнинг экспорт ҳажмини ошириш, экспорт қилиш географиясини диверсификациялаш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, ташқи бозорларда маҳаллий экспортга етказиб берувчи ташкилотларнинг маҳсулотларини рақобатдошлигини ошириш мақсадида:
1. Хўжалик субъектларига 2017 йилнинг 1 июнидан бошлаб қуйидаги ҳуқуқлар берилсин:
а) ўзлари ишлаб чиқарган товарларни экспорт қилиш, янги мева- сабзавот маҳсулотлари, узум, полиз экинларидан, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1997 йил 10 октябрдаги «Товарлар (ишлар, хизматлар) экспортини рағбатлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» ПФ-1871-сонли Фармонининг 2-иловасида кўрсатилган хом ашё товарларидан ташқари, чет эл валютасида олдиндан тўловсиз, аккредитив очмасдан, банк кафолатини расмийлаштирмасдан ҳамда экспорт шартномаларини сиёсий ва тижорат хавфларидан суғурта полисисиз амалга ошириш, бунда қуйидаги шартларга риоя қилинсин:
шартнома миқдори 100 минг АҚШ доллари эквивалентидан ошмаслиги керак;
товарлар экспорт қилинган кундан бошлаб, 90 кун ичида мажбурий валюта тушумининг келиб тушиши таъминланиши лозим;
белгилансинки, ўзлари ишлаб чиқарган товарларнинг кейинги экспорти мазкур қўшимча банднинг шартларига мувофиқ экспортчи ташкилотнинг мазкур қўшимча бандда кўрсатилган шартларда аввалги дебиторлик қарзи бўлмаган тақдирда амалга оширилади;
б) Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёки Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарори асосида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1997 йил 10 октябрдаги «Товарлар (ишлар, хизматлар) экспортини рағбатлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» ПФ-1871-сонли Фармонининг 4-иловасида назарда тутилган буюм ва маҳсулотлар экспортини амалга ошириш.
2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарори асосида бериладиган лицензиялар бўйича амалга ошириладиган экспорт-импортнинг ўзига хос маҳсулотлари рўйхатидан заргарлик буюмлари чиқариб ташлансин.
3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим фармонларига иловага* мувофиқ ўзгартиш ва қўшимчалар киритилсин.
* Илова рус тилидаги матнда берилган.
4. Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги Адлия вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисидаги таклифларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
5. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2017 йил 25 май,
ПФ-5057-сон
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2017 й., 22-сон, 412-модда)