Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х. Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси маркази фаолиятини янада такомиллаштириш ҳамда суд экспертларининг малакасини ошириш тизимини ташкил қилиш тўғрисида
«Суд экспертизаси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Қонун ҳужжатларини тарқатиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 2017 йил 8 февралдаги ПҚ–2761-сон қарори ижросини таъминлаш, Х. Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси маркази (кейинги ўринларда Суд экспертизаси маркази деб аталади) фаолиятини янада такомиллаштириш, шунингдек давлат суд экспертларининг (кейинги ўринларда суд экспертлари деб аталади) малакасини ва ҳуқуқий билимларини ошириш тизимини ташкил қилиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Суд экспертизаси марказининг Бухоро, Жиззах, Навоий ва Наманган ҳудудий бўлимлари ташкил этилсин.
(1-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 19 мартдаги 171-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 19.03.2025 й., 09/25/171/0258-сон)
(2-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 19 мартдаги 171-сонли қарорига асосан ўз кучини йўқотган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 19.03.2025 й., 09/25/171/0258-сон)
3. Суд экспертларининг малакасини ва ҳуқуқий билимларини ошириш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
(3-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 3 июндаги 345-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 04.06.2021 й., 09/21/345/0522-сон — 2021 йил 1 сентябрдан кучга киради)
4. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги:
икки ой муддатда Бухоро, Жиззах, Навоий ва Наманган вилоятлари ҳокимликлари билан биргаликда янги ташкил этилаётган Суд экспертизаси марказининг ҳудудий бўлимларини жойлаштириш ва иш фаолиятини самарали йўлга қўйиш мақсадида уларни бино, мебель, компьютерлар, бошқа зарур техника ва инвентарлар билан таъминлаш чораларини кўрсин;
Суд экспертизаси марказининг янги ташкил этилган ҳудудий бўлимларда жойлардаги эҳтиёжлар ҳамда мавжуд имкониятларни ҳисобга олган ҳолда экспертиза тадқиқотларининг қўшимча турларини жорий қилинишини ташкил қилсин;
суд экспертиза хулосаларини халқаро миқёсда тан олиниши ва қўлланилишини таъминлаш мақсадида Суд экспертизаси марказининг Одам ДНКси суд биологик экспертизаси ҳамда Материаллар, ашёлар ва буюмлар криминалистик экспертизаси лабораторияларининг халқаро илмий-техник талабларга мослигини таъминлаган ҳолда уларни халқаро аккредитациядан ўтказилишини таъминласин;
ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва судларнинг малакали суд экспертиза хулосаларига бўлган эҳтиёжларини, шунингдек илғор хорижий тажрибани ҳисобга олган ҳолда суд экспертизанинг янги, шу жумладан суд лингвистик экспертизаси, суд автомобиль йўллари экспертизаси ва суд компьютер-техник экспертизаси каби турларини босқичма-босқич амалиётга татбиқ қилиш чораларини кўрсин;
ашёвий далилларни қайд қилиш бўйича маълумотлар базаларини шакллантириш, тадқиқотларнинг мақбул методикаларини танлаш, экспертиза тадқиқотларини ўтказиш муддатларини қисқартириш, шунингдек Суд экспертизаси марказини замонавий дастурий таъминот билан таъминлаш мақсадида инновацион лойиҳаларни амалга оширсин;
бир ой муддатда, ушбу қарордан келиб чиқиб, Суд экспертизаси маркази уставига ўзгартириш ва қўшимчалар киритсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги 2017 йилда ва ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларини шакллантиришда, асосланган ҳисоб-китобларга биноан, Суд экспертизаси марказига ушбу қарорнинг ижросини таъминлаш учун зарур маблағлар ажратилишини назарда тутсин.
6. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х. Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси маркази фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида» 2012 йил 14 ноябрдаги 321-сон қарорига (Ўзбекистон Республикаси ҚҲТ, 2012 й., 46-47-сон, 522-модда) 3-иловага мувофиқ ўзгартиришлар ва қўшимча киритилсин.
7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг адлия вазири М.М. Икрамов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2017 йил 13 апрель,
206-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 13 апрелдаги 206-сон қарорига 1-ИЛОВА
Суд экспертларининг малакасини ва ҳуқуқий билимларини ошириш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом «Суд экспертизаси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 271-моддасига мувофиқ давлат суд экспертларининг малака ошириш курсларида муайян суд-экспертлик фаолияти бўйича малакасини ва ҳуқуқий билимларини ошириб бориш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
давлат суд эксперти (кейинги ўринларда суд эксперти деб аталади) — давлат суд экспертиза муассасасининг ўз хизмат вазифаларини бажариш тартибида суд экспертизасини ўтказувчи суд эксперти;
суд-экспертлик фаолияти — суд экспертизасини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича фаолият;
вазирликлар ва идоралар — суд экспертизаси муассасаларига эга бўлган вазирликлар ва идоралар.
(2-банднинг тўртинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 22 июлдаги 439-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 24.07.2024 й., 09/24/439/0543-сон)
3. Суд экспертларининг малакасини ошириб бориш суд экспертларининг малакасини оширишга қўйиладиган давлат таълим талабларига мос равишда амалга оширилади.
(3-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 3 июндаги 345-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 04.06.2021 й., 09/21/345/0522-сон)
4. Суд экспертларининг малакасини ошириб бориш вазирликлар ва идоралар тизимида амалга оширилади.
(4-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 19 мартдаги 171-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 19.03.2025 й., 09/25/171/0258-сон)
5. Суд экспертларининг ҳуқуқий билимлари Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юридик кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтида (кейинги ўринларда — Институт) вазирликлар ва идораларнинг ушбу Низомга 1-иловага мувофиқ шакл бўйича тақдим қилинадиган буюртмасига асосан ошириб борилади.
(5-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 19 мартдаги 171-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 19.03.2025 й., 09/25/171/0258-сон)
6. Институтда суд экспертларининг ҳуқуқий билимларини ошириб бориш харажатлари, шунингдек Институтга асосий ишдан ажралган ҳолда бошқа ҳудудлардан юборилган суд экспертларининг ўқиш жойига келиши ва у ердан қайтиши бўйича бир марталик йўл харажатлари, хизмат сафари бўйича харажатлар вазирликлар ва идораларнинг бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан қопланади.
(6-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 19 мартдаги 171-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 19.03.2025 й., 09/25/171/0258-сон)
7. Суд экспертлари ҳар икки йилда малакасини ва ҳуқуқий билимларини ошириб бориши шарт.
8. Малакани ва ҳуқуқий билимларни ошириш ўз ихтисослиги бўйича камида икки йиллик иш стажига эга бўлган суд экспертлари учун ташкил қилинади.
9. Вазирликлар ва идоралар:
суд экспертларининг малакасини ошириш тизимида ўқиши лозим бўлган суд экспертларининг эҳтиёжини аниқлайди ва таркибини шакллантиради;
ҳуқуқий билимларини ошириб бориш бўйича ўқув машғулотларини ўтказишда Институтга ташкилий-методик жиҳатдан кўмаклашади;
(9-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 19 мартдаги 171-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 19.03.2025 й., 09/25/171/0258-сон)
суд экспертларининг малакасини ошириш бўйича ўқув дастурларини ишлаб чиқади;
суд экспертларининг ҳуқуқий билимларини ошириб бориш бўйича ўқув жараёни сифатини мониторинг қилади.
10. Вазирликлар ва идоралар суд экспертларининг малакасини ва ҳуқуқий билимларини оширишнинг тўлиқлиги ва ўз вақтида амалга оширилиши учун масъулдирлар.
2-боб. Суд экспертларининг малакасини ва ҳуқуқий билимларини оширишнинг мақсади ва вазифалари
11. Ўқув жараёнини юқори илмий-услубий даражада таъминлаш, малакавий талаблар, ўқув режалари ва дастурлари асосида касбий ва ҳуқуқий билимлар ҳамда маҳоратни доимий равишда ривожлантиришга кўмаклашиш учун зарур бўлган назарий билимлар, амалий кўникмалар ва малакаларни мунтазам равишда янгилаб бориш суд экспертларининг малакасини ва ҳуқуқий билимларини оширишнинг мақсади ҳисобланади.
12. Қуйидагилар суд экспертларининг малакасини ва ҳуқуқий билимларини оширишнинг вазифалари ҳисобланади:
суд экспертларининг касбий ва ҳуқуқий билимлари, кўникмалари ва маҳоратларини узлуксиз янгилаб бориш механизмларини жорий этиш, замонавий талабларга мувофиқ суд-экспертлик фаолияти сифатини таъминлаш учун зарур даражада касбий ва ҳуқуқий тайёргарликни ошириш;
малака оширишнинг бевосита ва билвосита шаклларини амалиётга жорий этиш;
суд экспертлари томонидан замонавий мультимедиа ва ахборот-коммуникация технологияларини самарали ўзлаштириш учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш;
суд экспертларининг малакасини ва ҳуқуқий билимларини ошириш жараёнларининг фан ва ишлаб чиқариш билан интеграциясини таъминлаш, суд экспертларининг малакасини ва ҳуқуқий билимларини ошириш тизимини янада ривожлантириш ва модернизация қилиш.
3-боб. Суд экспертларининг малакасини ва ҳуқуқий билимларини ошириш шакллари
13. Суд экспертларининг малакасини ва ҳуқуқий билимларини ошириш бевосита ва билвосита шаклларда амалга оширилади.
14. Бевосита шаклда малакани ва ҳуқуқий билимларни ошириш қуйидагича ташкил қилинади:
ўқув жараёнида иштирок этиш — ўқув дастурларига мос ҳолда янги назарий ва амалий билимлар, малака ва кўникмаларни ўзлаштириш;
давлат суд экспертизаси муассасаларида малакавий амалиёт (стажировка) ўташ — суд экспертларининг амалий билимлари, кўникма ва малакаларини кенгайтириш ва чуқурлаштириш ҳамда ўқув жараёнида олган назарий билимларини амалиётда қўллаш.
Суд экспертлари малакавий амалиёт (стажировка) ўташни хорижий давлатларнинг суд экспертлари малакасини оширишга ихтисослашган муассасаларида Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари ҳамда вазирлик, идоралар ва давлат суд экспертизаси муассасалари билан хорижий давлатларнинг тегишли муассасалари ўртасида тузилган шартномалар, шунингдек хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар томонидан суд экспертизаси муассасаларини ривожлантириш мақсадида ажратиладиган грантлар асосида амалга оширишлари мумкин.
15. Билвосита шаклда малакани ва ҳуқуқий билимларини ошириш — суд экспертларининг масофадан туриб амалга ошириладиган таълим, ўз билимини мустақил ошириши, тажриба алмашиши, давлат суд экспертизаси муассасалари ва Институт томонидан ташкил этиладиган экспертларнинг семинар, давра суҳбати ва конференцияларда ҳамда бошқа шу каби тадбирларда иштирок этиши ва маърузалар билан чиқиши орқали амалга оширилади.
(15-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 19 мартдаги 171-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 19.03.2025 й., 09/25/171/0258-сон)
16. Масофадан туриб амалга ошириладиган таълим ахборот-коммуникация технологияларига асосланади ва асосий ишдан ажрамаган ҳолда ташкил этилади.
Масофадан туриб амалга ошириладиган таълим тегишли ўқув дастури асосида ташкил қилинади ҳамда малака оширишнинг мустақил шакли сифатида ёки малакани ва ҳуқуқий билимларни ошириш бевосита шаклининг такрибий қисми сифатида амалга оширилиши мумкин.
17. Суд экспертлари ўзининг билим, кўникма ва малакасини мустақил тарзда ошириб боришлари шарт. Мустақил таълим суд-экспертлик фаолиятининг ажралмас таркибий қисми ҳисобланади.
4-боб. Суд экспертларининг малакасини ва ҳуқуқий билимларини ошириш бўйича ўқув жараёнини ташкил этиш тартиби
18. Ўқув жараёнини ташкил этиш Институт ҳамда вазирликлар ва идоралар томонидан Суд экспертларининг малакасини оширишга қўйиладиган давлат таълим талабларига жавоб берадиган ўқув дастурлари асосида амалга оширилади.
(18-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 19 мартдаги 171-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 19.03.2025 й., 09/25/171/0258-сон)
19. Ўқув жараёни гуруҳ таркибида суд экспертизаларининг бир тури бўйича ташкил этилади.
20. Суд экспертларининг малакасини ва ҳуқуқий билимларини оширишни самарали ташкил қилиш учун Институт ҳамда вазирликлар ва идоралар:
(20-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 19 мартдаги 171-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 19.03.2025 й., 09/25/171/0258-сон)
ўқитишнинг замонавий педагогик услублари, мультимедиа ва ахборот-коммуникация технологияларини қўллаган ҳолда, суд экспертизаларининг турлари бўйича таҳлилий қобилиятларни ва ижодий фикрлашни ривожлантиришга қаратилган алоҳида ўқув режа ва дастурларини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;
фанларнинг суд экспертиза амалиёти билан алоқасини таъминлайди, ўқув жараёнининг амалий йўналтирилганлигини, мустақил таълимни, ўқув жараёнини суд экспертизаси фаолиятидаги вазифаларни самарали бажаришга йўналтирилганлигини кучайтиради, ўқув жараёнига суд экспертизаси соҳасидаги илғор илмий-тадқиқотлар натижалари, педагогик технологиялар, машғулотлар ўтказишнинг самарали шакл ва услубларини жорий этади;
суд экспертлари томонидан ўз мутахассислиги бўйича янги назарий билимлар ва замонавий тадқиқот усуллари, илғор амалий тажрибалар, шунингдек иш фаолиятларида ахборот-технологияларидан фойдаланиш кўникмаларини ривожлантиришни таъминлайди;
ўқув жараёнига таълимнинг интерфаол усуллари, замонавий педагогика технологияларини, шунингдек Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланиб, ахборот-коммуникация ва масофали таълим технологияларини татбиқ қилади;
мамлакатимизда ва хорижда ишлаб чиқилган суд экспертизаси фанларига тааллуқли илмий, услубий ва техник янгиликлар, илғор тажрибаларни ўрганади ҳамда ўқув жараёнига жорий қилади;
суд экспертларининг малакасини ва ҳуқуқий билимларини ошириш бўйича халқаро тажрибани ўрганади, шу соҳа бўйича тажриба алмашишни ташкил қилади;
ўқув жараёнига оид махсус фанлар бўйича адабиётларни ишлаб чиқади;
суд экспертизаси тадқиқотлари методикаларини такомиллаштириш, янги турдаги экспертизаларни жорий қилиш, ўқув жараёнини ривожлантиришга оид мавзуларда конференция, симпозиум ва семинарлар ташкил қилади ҳамда бундай анжуманларда иштирок этади;
ўқув жараёнининг лозим даражада ташкил қилиниши ва ўтказилиши учун жавобгар бўлади.
21. Ўқув жараёни муайян йўналиш бўйича циклик машғулотлар (кун давомида бошқа турдаги машғулотларга жалб этмасдан) тарзида амалга оширилади.
22. Суд экспертларининг малакасини ошириш жараёнида малакавий амалиёт (стажировка) ўтказилиши назарда тутилади.
23. Суд экспертларининг ҳуқуқий билимларини ошириб бориш вазирликлар ва идораларнинг буюртмаларига биноан Институт томонидан тасдиқланган режа-график асосида амалга оширилади.
(23-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 19 мартдаги 171-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 19.03.2025 й., 09/25/171/0258-сон)
24. Институтга суд экспертларини қабул қилиш Институт директорининг буйруғи билан расмийлаштирилади.
(24-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 19 мартдаги 171-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 19.03.2025 й., 09/25/171/0258-сон)
25. Малака ва ҳуқуқий билимларини оширишни ўтаётган суд экспертларига ўқишнинг бутун даври мобайнида асосий иш жойи бўйича эгаллаб турган лавозими ва ўртача ойлик иш ҳақи сақлаб қолинади.
26. Институтга жалб қилинган суд экспертлари ўқув жараёнидан қуйидаги ҳолатларда четлаштирилади:
(26-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 19 мартдаги 171-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 19.03.2025 й., 09/25/171/0258-сон)
Институтнинг ички тартиб-қоидаларини бузганлик учун;
(26-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 19 мартдаги 171-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 19.03.2025 й., 09/25/171/0258-сон)
ўқув дастурларини ўзлаштирмаганлик учун;
узрли сабабларсиз 8 академик соатдан кўп ўқув машғулотларини қолдирганлик учун.
Узрли сабабларга кўра ёки ўқишнинг даврийлиги ва талабларига биноан ўқишни давом эттира олмаган суд эксперти ўз аризасига кўра ўқув жараёнидан четлаштирилиши мумкин.
Узрли сабабларга кўра ўқишни давом эттира олмаган суд экспертига келгусида ташкил этиладиган ўқув гуруҳларида ўқиш имкони берилади.
27. Институтга жалб қилинган суд экспертларини ўқув жараёнидан четлаштириш Институт директорининг буйруғи билан расмийлаштирилади ва бу ҳақда вазирликлар ва идораларга хабар берилади.
(27-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 19 мартдаги 171-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 19.03.2025 й., 09/25/171/0258-сон)
5-боб. Суд экспертларининг малакасини ва ҳуқуқий билимларини ошириш бўйича ўқув жараёнининг муддати ва давомийлиги
28. Вазирликлар ва идоралар томонидан суд экспертларининг малакасини ошириш муддати икки ҳафтадан кам бўлмаслиги керак.
29. Институтда суд экспертларининг ҳуқуқий билимларини ошириб бориш бир ҳафтадан кам бўлмаган муддатда ташкил этилади.
(29-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 19 мартдаги 171-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 19.03.2025 й., 09/25/171/0258-сон)
30. Ўқув жараёни ҳафтасига кўпи билан 36 академик соат ҳажмида амалга оширилади.
31. Масофали таълимда ўқитиш муддати ўқув жараёни муддатига мос ҳолда академик соатлар билан аниқланади.
6-боб. Суд экспертлари билимини баҳолаш
32. Ўқув жараёнига жалб қилинган суд экспертлари билимларини баҳолаш якуний назоратлар натижасига кўра амалга оширилади.
Малакани ошириш бўйича якуний назорат вазирликлар ва идораларда (Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тизимидаги суд экспертлари учун –Институтда) тест ёки ёзма имтиҳон шаклида ўтказилади.
(32-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 19 мартдаги 171-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 19.03.2025 й., 09/25/171/0258-сон)
Ҳуқуқий билимларни ошириш бўйича якуний назорат Институтда тест ёки ёзма имтиҳон ҳамда ўқиш даврида олинган назарий билимлар ва амалий кўникмаларни аниқлашга қаратилган суҳбат шаклида ўтказилади.
(32-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 19 мартдаги 171-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 19.03.2025 й., 09/25/171/0258-сон)
33. Якуний назоратларни ташкил этиш ва ўтказиш учун вазирликлар ва идоралар раҳбарлари ва Институт директорининг буйруқлари билан комиссиялар ташкил этилади.
(33-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 19 мартдаги 171-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 19.03.2025 й., 09/25/171/0258-сон)
Институтда ташкил этиладиган комиссия таркибига вазирликлар ва идоралар, олий таълим муассасалари ва бошқа ташкилотларнинг вакиллари улар билан келишилган ҳолда киритилиши мумкин.
(33-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 19 мартдаги 171-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 19.03.2025 й., 09/25/171/0258-сон)
Якуний назоратлар натижалари комиссиялар аъзолари томонидан имзоланадиган қайднома варақаларига киритилади.
34. Ўқув жараёнига жалб этилган ва ўқув дастурини муваффақиятли ўзлаштирган суд экспертларига тегишли комиссиялар томонидан ушбу Низомга 2, 3-иловаларга мувофиқ шакллар бўйича сертификатлар берилади.
35. Якуний назоратлардан ўта олмаган ёки узрли сабабларга кўра уларда иштирок эта олмаган суд экспертига, унинг аризасига биноан, уч кун муддатда тегишли якуний назоратни қайта топшириш имкони берилади.
36. Ушбу Низомда белгиланган муддатларда малакасини ва/ёки ҳуқуқий билимларини оширмаган ёки якуний назоратлардан такроран ўта олмаган ходимлар малака ва/ёки ҳуқуқий билимларни оширишдан ўтмаган деб ҳисобланади.
Ҳуқуқий билимларни оширишдан ўтмаган ходимлар ҳақидаги маълумотнома Институт томонидан зарур чоралар кўриш учун вазирликлар ва идораларга юборилади.
(36-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 19 мартдаги 171-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 19.03.2025 й., 09/25/171/0258-сон)
37. Малакани ва/ёки ҳуқуқий билимларни оширишдан ўтмаган ходимларнинг суд-экспертлик фаолияти билан шуғулланиши ҳамда уларни суд-экспертлик фаолиятига жалб қилиш тақиқланади.
Суд экспертларининг малакасини ва ҳуқуқий билимларини ошириш тартиби тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА
Давлат суд экспертларининг ҳуқуқий билимларини ошириш курсларида ўқишни ташкил қилиш бўйича буюртма шакли
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юридик кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти директори ________________________га
Давлат суд экспертларининг ҳуқуқий билимларини ошириш курсларида ўқишни ташкил этиш бўйича БУЮРТМА
Давлат суд экспертларининг ҳуқуқий билимларини ошириш курсларида қуйидаги ходим(лар)ни ўқитиш бўйича амалий ёрдам кўрсатишингизни сўрайман:
Т/р
Ходим(лар)нинг Ф.И.О.
Ходим(лар)нинг лавозими ва махсус унвони
Мутахассислик ёки йўналиш номи
1.
2.
3.
4.
5.
______________________
________________
______________________
(раҳбар лавозими)
(имзо)
(Ф.И.О.)
(1-илова Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 19 мартдаги 171-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 19.03.2025 й., 09/25/171/0258-сон)
Суд экспертларининг малакасини ва ҳуқуқий билимларини ошириш тартиби тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА
_____________________________________________________________ (суд экспертизаси муассасасига эга бўлган ташкилотнинг номи) Давлат суд экспертининг малакасини оширганлиги тўғрисида СЕРТИФИКАТ № _______________
20___ йил «___» ______________
__________________ (берилган жойи)
__________________________________________________________________ (Давлат суд экспертининг фамилияси, исми, отасининг исми)
20___ йил «____» _______________дан 20___ йил «____»_______________гача ___________________________________ соатли ______________________________________________________________________ни
(малака ошириш курсининг номи)
муваффақиятли тамомлади.
Комиссия раиси ______________
____________________________
(имзо)
(Ф.И.О.)
(М.Ў.)
Амал қилиш муддати: 2 йил
Суд экспертларининг малакасини ва ҳуқуқий билимларини ошириш тартиби тўғрисидаги низомга 3-ИЛОВА
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ АДЛИЯ ВАЗИРЛИГИ ЮРИДИК КАДРЛАРНИ ҚАЙТА ТАЙЁРЛАШ ВА МАЛАКАСИНИ ОШИРИШ ИНСТИТУТИ Давлат суд экспертининг ҳуқуқий билимларини оширганлиги тўғрисида СЕРТИФИКАТ № _______________
20___ йил «___» ______________
__________________ (берилган жойи)
__________________________________________________________________ (Давлат суд экспертининг фамилияси, исми, отасининг исми)
20___ йил «____» _______________дан 20___ йил «____»_______________гача ___________________________________ соатли ______________________________________________________________________ни
(ҳуқуқий билимларни ошириш курсининг номи)
муваффақиятли тамомлади.
Комиссия раиси ______________
____________________________
(имзо)
(Ф.И.О.)
(М.Ў.)
Амал қилиш муддати: 2 йил
(3-илова Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 19 мартдаги 171-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 19.03.2025 й., 09/25/171/0258-сон)
(2-илова Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 3 июндаги 345-сонли қарорига асосан ўз кучини йўқотган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 04.06.2021 й., 09/21/345/0522-сон — 2021 йил 1 сентябрдан кучга киради)
Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 13 апрелдаги 206-сон қарорига 3-ИЛОВА
Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х. Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси маркази фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги 2012 йил 14 ноябрдаги 321-сон қарорига киритилаётган ўзгартиришлар ва қўшимча
«Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х. Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси марказининг (кейинги ўринларда Марказ деб аталади) ходимларининг чекланган умумий сони 158 нафар (хизмат кўрсатувчи ходимларни ҳисобга олмаган ҳолда), улардан бошқарув ходимлари 20 нафар бўлган тузилмаси 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Ўзбекистон Республикаси адлия вазирига Марказ тузилмасига ходимларнинг белгиланган умумий сони ва ажратилган маблағлар доирасида ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилсин».