toggle_night_mode
Ҳужжат кучини йўқотган 13.12.2019
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Қарори
Кичик ва хусусий тадбиркорликни микрокредитлаш тизимини янада кенгайтириш ва соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
 LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 12 декабрдаги ПФ-5893-сонли «Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукуматининг айрим ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида»ги Фармонига асосан ўз кучини йўқотган.
Меҳнат бозорига янги кириб келаётган ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий таълим муассасаларининг битирувчилари, муддатли ҳарбий хизматдан қайтган жисмоний шахслар, меҳнат органларида рўйхатга олинган банд бўлмаган фуқаролар ҳамда ишга жойлашишга эҳтиёжманд бўлган аҳоли бошқа қатламларининг микромолиялаш хизматларидан фойдаланишни кенгайтириш, шунингдек янги иш жойлари ташкил этилишини таъминлайдиган оилавий, хусусий тадбиркорликни ва бошқа фаолият турларини ривожлантиришни рағбатлантириш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Марказий банки ва тижорат банкларининг тажриба тариқасида Тошкент шаҳрида кичик ва хусусий тадбиркорлик субъектлари учун микрокредитлашнинг янги схемасини жорий этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин, қуйидагилар микрокредитлаш учун қамраб олинадиган шахслар орасида устувор контингентлар ҳисоблансин:
ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий таълим муассасалари битирувчилари;
муддатли ҳарбий хизматдан қайтган жисмоний шахслар;
меҳнат органларида рўйхатга олинган банд бўлмаган фуқаролар;
оилавий ва хусусий тадбиркорлик билан шуғулланаётган аҳоли, шунингдек фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари тавсияномалари бўйича ишга жойлашишга эҳтиёжманд бўлган бошқа шахслар.
2. Қуйидагилар имтиёзли микрокредитлашнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:
кичик тадбиркорлик, энг аввало оилавий ва хусусий тадбиркорлик соҳасида янги иш ўринлари ташкил этиш;
имтиёзли кредитлар бериш орқали юқорида қайд этилган шахслар контингентлари учун уларни тадбиркорлик фаолиятига фаол жалб этиш мақсадида микромолиявий хизматлардан осон фойдаланишларини максимал даражада таъминлаш;
аҳолининг кам таъминланган ва ҳожатманд қатламлари даромадларини ошириш, аҳоли бандлигини таъминлашда фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари ролини кучайтириш.
3. Қуйидагилар:
Тошкент шаҳрида тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш учун тижорат банклари томонидан имтиёзли микрокредитлар берилишининг прогноз параметрлари 1-иловага мувофиқ;
тадбиркорликни амалга ошириш учун тижорат банклари томонидан микрокредитлар бериладиган асосий фаолият турлари рўйхати 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
4. Белгилансинки, имтиёзли микрокредитлар қуйидаги шартларда берилади:
микрокредит суммаси — энг кам иш ҳақи миқдорининг 200 баробаригача;
асосий қарзни тўлашга олти ой муддатли имтиёзли даврни ҳисобга олган ҳолда уч йилгача муддатга;
йиллик фоиз ставкаси миқдорлари: битта иш жойи яратилганда — 9 фоиз, иккита иш жойи — 8 фоиз, учтадан тўрттагача иш жойлари — 7 фоиз, бешта ва ундан ортиқ иш жойлари яратилганда — 6 фоиз миқдорда.
Тижорат банклари Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси билан биргаликда мурожаат этувчиларга микрокредитларни расмийлаштириш ва бизнес-режаларни тайёрлашда ҳар томонлама ташкилий кўмак ва амалий ёрдам берсин.
5. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ агарда мурожаат этувчи томонидан, қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ бериладиган микрокредит бўйича қайтаришни таъминлай олмаслик ҳолати вужудга келганда тижорат банклари томонидан микрокредитни таъминлаш сифатида:
энг кам иш ҳақининг юз баробаригача миқдорда микрокредитлашда — харид қилинадиган мулкни ва фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари кафиллигини;
энг кам иш ҳақининг юз баробаридан ортиқ миқдорда микрокредитлашда — учинчи шахснинг кафиллигини, суғурта ташкилотларининг суғурта полисларини ва қонун ҳужжатлари доирасида бошқа таъминлаш турларини қабул қилиб олишларига йўл қўйилади.
Қарз олувчиларга микрокредитлар беришда тижорат банклари кредитнинг умумий суммасида қарздорнинг гаров таъминотини расмийлаштириш билан боғлиқ сарф-харажатларни ҳисобга олишга ҳақлидир.
6. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки амалдаги тижорат банкларини жалб қилган ҳолда 2017 йил якунлари бўйича тажриба натижаларини умумлаштирсин ва шу асосда ушбу микрокредитлаш тажрибасини республиканинг барча ҳудудларига ёйиш таклифларини киритсин.
7. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Р. Азимов ва Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раиси Ф. Муллажонов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2017 йил 31 январь,
ПҚ-2746-сон
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 31 январдаги ПҚ-2746-сон қарорига
1-ИЛОВА
Тошкент шаҳрида тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш учун тижорат банклари томонидан имтиёзли микрокредитлар берилишининг прогноз параметрлари

Т/р

Банкнинг номланиши

Микрокредитларни тақдим қилувчи тижорат банклари филиалларининг сони

Тижорат банклари томонидан 2017 йилда тақдим этиладиган микрокредитларнинг прогноз қилинган миқдори

(млрд сўм)

1.

Ўзмиллийбанк

16

35,0

2.

Ўзсаноатқурилишбанк

16

35,0

3.

Халқ банки

12

30,0

4.

Ипотека банк

10

27,0

5.

Асака банк

5

27,0

6.

Микрокредитбанк

1

12,0

7.

Алоқа банк

2

10,0

8.

Қишлоққурилиш банк

1

6,0

9.

Бошқа тижорат банклари

63

95,0

Жами

126

277,0

 LexUZ шарҳи
1-илова норасмий таржима.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 31 январдаги ПҚ-2746-сон қарорига
2-ИЛОВА
Тадбиркорликни амалга ошириш учун тижорат банклари томонидан микрокредитлар бериладиган асосий фаолият турлари
РЎЙХАТИ

Т/р

Фаолият турининг номи*

1.

Радиоэлектрон аппаратлар, маиший машиналар, маиший приборлар, офис машиналари, ҳисоблаш ва компьютер техникаси, принтер техникаси таъмирлаш, ўрнатиш ва уларга техник хизмат кўрсатиш.

2.

Транспорт воситаларини таъмирлаш ва уларга техник хизмат кўрсатиш, шу жумладан, транспорт воситаларига техник хизмат кўрсатиш хизматларининг бошқа турлари (акустик тизимлар ва қўриқлаш сигнализацияларини таъмирлаш ва ўрнатиш, кузовни ювиш, полировкалаш, унга ҳимоя ва безак қопламаларини қоплаш, салонни тозалаш хизматлари).

3.

Миллий ширинликлар, пишлоқ маҳсулотлари, нон ва патир, қандолат маҳсулотлари, фрезерда музқаймоқ тайёрлаш ва сотиш, шунингдек, уй шароитида доналаб сотиладиган таомларнинг айрим турларини тайёрлаш ва ўтириш жойлари ташкил этмасдан ёки маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарори билан ажратилган махсус жойларда сотиш.

4.

Компьютер дастурларини ишлаб чиқиш хизматлари, шунингдек, компьютер ёрдамида матнларни териш ва босиб чиқариш хизматлари, матндан нусха олиш ва кўпайтириш билан боғлиқ хизматлар.

5.

Металлни таъмирлаш ишлари (калитларнинг дубликатларини тайёрлаш, соябонларни таъмирлаш, бошқа маиший металл буюмларни оддий таъмирлаш).

6.

Аҳолининг якка тартибдаги буюртмалари бўйича пойабзал тикиш, пойабзални таъмирлаш, бўяш ва тозалаш.

7.

Гилам ва гилам буюмларини таъмирлаш ва тозалаш.

8.

Оптика, соатларни таъмирлаш ва металл, пластмасса, сопол, фаянс, тош, картондан маҳсулотларда ўймакорлик ишлари (қавариқ ёзувлар ва тасвирлар тушириш).

9.

Мусиқа асбобларини таъмирлаш ва созлаш.

10.

Ойна (ойна, рангли шиша ва бошқа материаллардан ясалган ойналар) ишлари, шишага бадиий ишлов бериш.

11.

Тикув, мўйна, чарм ва трикотаж буюмларни, бош кийимларни ва тўқимачилик галантереясидан тикилган буюмларни таъмирлаш ва тикиш, шу жумладан дераза ва эшик пардаларини тикиш, трикотаж маҳсулотларини тўқиш, каштачилик.

12.

Кир ювиш хизматлари, кир ювиш ишхонасини, шунингдек, дазмоллаш хизматларини ташкил этиш.

13.

Дизайн (график, интерьер, мебель ва ҳоказолар), шунингдек, чизмачилик-графика ишлари, шунингдек, рассомлик санъати бўйича хизматлар.

14.

Жамоат ҳожатхоналари хизматлари.

15.

Мебель йиғиш ва таъмирлаш.

* Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари илтимосномасига кўра оилавий тадбиркорликнинг бошқа турлари ҳам таклиф қилиниши мумкин.
 LexUZ шарҳи
2-илова норасмий таржима.
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2017 й., 6-сон, 71-модда)