toggle_night_mode
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида соғлом овқатланишни ташкил этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
«Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «2015 — 2020 йиллар даврида Ўзбекистон Республикаси аҳолисининг соғлом овқатланишини таъминлаш Концепциясини ва чора-тадбирлар комплексини тасдиқлаш тўғрисида» 2015 йил 29 августдаги 251-сон қарори ижросини таъминлаш, умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг ошхона ва буфетларида (кейинги ўринларда ошхоналар деб аталади)ўқувчиларнинг соғлом овқатланишини ташкил этишни янада такомиллаштириш, санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари талабларига мос шароитлар яратиш, озиқ-овқат маҳсулотлари ва таомлар сифатини назорат қилишни кучайтириш, ошхоналарни ижарага олувчи тадбиркорлик субъектларига қулай шарт-шароитлар ташкил этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагилар:
Олдинги таҳрирга қаранг.
Умумий ўрта ва ўрта махсус, касбий таълим ташкилотларида соғлом овқатланишни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги Низом 1-иловага мувофиқ;
(1-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 11 январдаги 8-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 13.01.2025 й., 09/25/8/0026-сон)
2016 — 2020 йилларда умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида соғлом овқатланишни ташкил этишни янада такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар режаси 2-иловага мувофиқ;
2017 — 2020 йилларда овқатланиш тизими мавжуд бўлмаган умумий ўрта таълим муассасаларида ошхоналарни ташкил этиш ва жиҳозлаш кўрсаткичлари 2а-иловага мувофиқ;
2017 — 2020 йилларда умумий ўрта таълим муассасаларида ишламаётган ошхоналарнинг фаолиятини ташкил этиш ва уларни қайта жиҳозлаш кўрсаткичлари 2б-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари Халқ таълими вазирлиги билан келишилган ҳолда мазкур қарорнинг ва 2б-иловалардаги кўрсаткичларга мувофиқ 2017 — 2020 йилларда умумий ўрта таълим муассасаларида ошхоналарнинг фаолиятини ташкил этиш бўйича ҳудудий манзилли дастурларини икки ой муддатда ишлаб чиқсинлар ва белгиланган тартибда тасдиқласинлар.
3. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг давлат санитария-эпидемиология назорати марказлари томонидан умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг ошхоналарида сотилаётган озиқ-овқат маҳсулотлари ва таомлар, шунингдек уларда фойдаланиладиган технологик жиҳозларнинг санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига мослигини, ошхоналар ходимларининг санитария-гигиена тадбирлари ва эпидемияга қарши тадбирлар бажарилишига риоя этишини аниқлаш юзасидан Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи республика кенгаши ҳамда унинг ҳудудий комиссиялари билан келишувларсиз ҳар чоракда бир марта назорат ишларини олиб бориш ҳуқуқини бериш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги бир ой муддатда манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан келишган ҳолда умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг ошхоналарида сотилаётган озиқ-овқат маҳсулотлари ва таомлар, шунингдек уларда фойдаланиладиган технологик жиҳозларнинг санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига мослигини, ошхоналар ходимларининг санитария-гигиена тадбирлари ва эпидемияга қарши тадбирлари бажарилишига риоя этишини назорат қилиш тартибини белгилаш тўғрисида Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи республика кенгашига таклиф киритсин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
(5-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 11 январдаги 8-сонли қарорига асосан ўз кучини йўқотган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 13.01.2025 й., 09/25/8/0026-сон)
6. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази, Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги ҳамда Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси билан биргаликда оммавий ахборот воситаларида, шу жумладан электрон оммавий ахборот воситаларида умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида соғлом, рационал ва хавфсиз овқатланишнинг ташкил этилишини такомиллаштириш юзасидан тарғибот-ташвиқот ишларини кенг ёритсинлар.
7. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 3-иловага мувофиқ айрим қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
8. Манфаатдор вазирликлар ва идоралар бир ой муддатда ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини ушбу қарорга мувофиқлаштирсинлар.
9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари А.И. Икрамов ва Б.Ю. Ходиев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2016 йил 2 май,
132-сон
Олдинги таҳрирга қаранг.
Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 2 майдаги 132-сон қарорига
1-ИЛОВА
Умумий ўрта ва ўрта махсус, касбий таълим ташкилотларида соғлом овқатланишни ташкил этиш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом ўқувчиларнинг тўлақонли соғлом овқатланишини ташкил этиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, соғлиғини мустаҳкамлаш ва ўқув жараёнининг самарали ташкил этилишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг «Таълим тўғрисида»ги ҳамда «Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида»ги қонунларига мувофиқ умумий ўрта ва ўрта махсус, касбий таълим ташкилотларида (кейинги ўринларда — таълим ташкилотлари) соғлом овқатланишни ташкил этиш тартибини белгилайди.
2. Таълим ташкилотларида соғлом овқатланишни ташкил этиш уларнинг ошхона ва буфетларида (кейинги ўринларда — ошхоналар) санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига мувофиқ шарт-шароитлар яратилган ҳолда амалга оширилади.
3. Ушбу Низом давлат таълим ташкилотлари ҳудудида фаолият юритувчи ошхоналарга нисбатан татбиқ этилади.
2-боб. Таълим ташкилотларида соғлом овқатланишни ташкил этишнинг асосий мақсади ва вазифалари
4. Таълим ташкилотлари ўқувчиларининг соғлом камол топишини ва ўсишини таъминлаш, таълим ташкилотлари ошхоналарида таркибида зарарли моддалар бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари билан савдо қилишни, истеъмол қилинганда, ўқувчиларнинг саломатлигига салбий таъсир кўрсатадиган таомларнинг тайёрланиши ва сотилишининг олдини олиш соғлом овқатланишни ташкил этишнинг асосий мақсади ҳисобланади.
5. Қуйидагилар таълим ташкилотларида соғлом овқатланишни ташкил этишнинг асосий вазифалари ҳисобланади:
ўқувчиларнинг физиологик ёшига мувофиқ озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабларини инобатга олган ҳолда уларнинг рационал овқатланишини таъминлаш;
озиқ-овқат маҳсулотлари ва таомларни ўқувчиларнинг соғлом ўсишида муҳим аҳамиятга эга бўлган зарур моддалар билан таъминлаш;
ўқувчиларда тана вазни меъёрдан ортишининг, организмда йод моддасининг танқислиги ва моддалар алмашинуви жараёни бузилишининг олдини олиш;
озиқ-овқат маҳсулотлари ва таомларнинг хавфсизлиги ва сифатини кафолатлаш;
ўқувчиларда овқатланиш билан боғлиқ юқумли касалликларнинг кенг тарқалишига йўл қўймаслик;
ўқувчилар ўртасида соғлом овқатланиш кўникмаларини шакллантириш;
таълим ташкилотлари ошхоналарида сотилиши тақиқланган озиқ-овқат маҳсулотлари ва таомлар билан савдо қилишнинг олдини олиш;
ўқувчилар учун сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари ва таомлар тайёрлашга ҳамда уларнинг мақбул нархларда сотилишини таъминлаш;
озиқ-овқат маҳсулотлари ва таомларни тайёрлашда ҳамда озиқ-овқат хомашёсини сақлашда санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига қатъий риоя этиш.
3-боб. Таълим ташкилотларида соғлом овқатланишни ташкил этишга қўйиладиган асосий талаблар
6. Таълим ташкилотларида соғлом овқатланиш юридик шахс бўлган тадбиркорлик субъектлари, якка тартибдаги тадбиркорлар (кейинги ўринларда — ижарага олувчи) ҳамда таълим ташкилоти томонидан ташкил этилади.
7. Ўқувчилар учун соғлом овқатланиш таълим ташкилотларининг ошхоналарида, белгиланган санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари ҳамда уларнинг хавфсиз овқатланишини ташкил этишга доир санитария-гигиена тадбирлари ва эпидемияга қарши тадбирлари бажарилишига риоя қилган ҳолда амалга оширилади.
8. Таълим ташкилотлари ошхоналарида Ўзбекистон Республикаси Бош давлат санитария врачи томонидан тасдиқланадиган озиқ-овқат хомашёлари турларидан озиқ-овқат маҳсулотлари ва таомлар тайёрланади.
9. Таълим ташкилоти ошхонаси ошпази:
сифатли озиқ-овқат маҳсулотларининг қабул қилиниши, уларнинг тўғри сақланиши ва меъёрлар асосида сарфланиши;
ошхонада санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига қатъий риоя этилиши;
Ўзбекистон Республикаси Бош давлат санитария врачи томонидан тасдиқланган озиқ-овқат маҳсулотларининг таркибини (рецептурасини) белгиловчи намунавий рўйхатга асосан таомлар тайёрланиши учун масъул ҳисобланади.
10. Таълим ташкилотларида ўқувчиларнинг соғлом овқатланишини ташкил этиш учун Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бошқармалари, туман (шаҳар) мактабгача ва мактаб таълими бўлимлари, Қорақалпоғистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар олий таълим, фан ва инновациялар бошқармалари ҳамда таълим ташкилотлари (кейинги ўринларда — ваколатли органлар) раҳбарлари масъул ҳисобланади.
4-боб. Таълим ташкилотларида соғлом овқатланишни ташкил этиш тартиби
11. Соғлом овқатланишни ташкил этиш:
ўқувчилар сони 400 нафардан ортиқ бўлган таълим ташкилотларида — юридик шахс бўлган тадбиркорлик субъектлари томонидан;
ўқувчилар сони 400 нафардан кам бўлган таълим ташкилотларида — юридик шахслар, якка тартибдаги тадбиркорлар ёки таълим ташкилотлари томонидан амалга оширилади.
12. Таълим ташкилотлари ошхоналарида озиқ-овқат маҳсулотлари ва таомларни тайёрлаш ўқувчиларнинг ёшларига мувофиқ равишда тузилган ҳафталик таомномалар асосида тайёрланади.
13. Таълим ташкилотлари ошхоналарида ҳафталик таомномалар Ўзбекистон Республикаси Бош давлат санитария врачи томонидан тасдиқланган озиқ-овқат маҳсулотларининг таркибини (рецептурасини) белгиловчи намунавий рўйхатга асосан тузилади.
14. Таълим ташкилотлари ошхоналари фаолиятини ташкил этаётган ижарага олувчилар ва таълим ташкилоти ўз фаолиятини ўқувчиларнинг ота-оналари билан ҳамкорликда ташкил этади.
Улар томонидан ота-оналар йиғилишларида ўқувчиларнинг соғлом овқатланиши учун тайёрланаётган таомларнинг сифати ва овқатланишни ташкил этишда кўрсатиладиган хизматлар тўғрисида тақдимотлар ва кўргазмалар ўтказилади.
15. Таълим ташкилотлари ошхоналари ходимлари ошпазлик соҳаси бўйича тегишли билимга эга бўлиши ва ўз малакасини доимий равишда ошириб бориши зарур.
16. Таълим ташкилотлари ошхоналарининг фаолият кўрсатиш самарадорлиги ўқувчиларнинг овқатланишга жалб этилиши даражасига ҳамда таълим ташкилоти маъмурияти томонидан ўқувчилар ва ота-оналар ўртасида ўтказиладиган сўровномалар натижаларига кўра аниқланади.
5-боб. Таълим ташкилоти ошхоналарини ижарага бериш тартиби
17. Таълим ташкилотларининг ошхоналари ижарага олувчиларга «E-auksion» электрон савдо платформасида ўтказиладиган электрон танлов (кейинги ўринларда — танлов) асосида ижарага берилади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорларига мувофиқ таълим ташкилотлари ошхоналари электрон танлов ўтказилмасдан, Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳузуридаги «Давлат мулки объектларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш маркази» давлат муассасасининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармалари (кейинги ўринда — ижарага берувчи), ошхоналарни ўз балансида ҳисобга олган давлат ташкилотлари (кейинги ўринларда — балансда сақловчи) ва ижарага олувчилар ўртасида тўғридан-тўғри тузилган шартномалар асосида ижарага берилиши мумкин.
18. Таълим ташкилоти ошхонасини ижарага бериш учун қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ижарага берувчига мурожаат қилади.
19. Таълим ташкилотларининг ошхоналари ижарага берувчининг буюртмаси асосида танловга чиқарилади.
Танлов Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 12 январдаги 18-сон қарори билан тасдиқланган «E-auksion» электрон савдо платформасида электрон онлайн-аукцион ва танловларни ташкил этиш ҳамда ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ ўтказилади.
20. Қуйидаги талабларга жавоб берадиган ижарага олувчилар танловда иштирок этишлари мумкин:
тадбиркорлик фаолиятини юритиш учун давлат рўйхатидан ўтган;
умумий овқатланиш бўйича камида олти ой давомида фаолият юритаётган;
ошхона фаолияти йўналиши бўйича махсус жиҳозларга эга бўлган;
шартнома ва суд ҳужжатлари бўйича зиммасида ижара ҳамда солиқ тўловларидан қарздорлиги мавжуд бўлмаган.
Бунда ижарага олувчи танловда қатнашиш тўғрисидаги аризасига ушбу талабларга жавоб беришини тасдиқловчи ҳужжатларнинг нусхалари ва тегишли маълумотларни илова қилади.
21. Таълим ташкилотларининг ошхоналари Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 14 декабрдаги 660-сон қарори билан тасдиқланган Давлат мулкини ижарага бериш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ ижарага берилади.
22. Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳузуридаги «Давлат мулки объектларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш маркази» давлат муассасасининг «online-ijara.uz» ахборот тизими (кейинги ўринларда — ахборот тизими) орқали таълим ташкилотлари ошхоналарининг ҳисоби юритилади ва улар ижарага берилади.
Таълим ташкилотлари ахборот тизимига ўзларининг ошхоналари тўғрисида қўйидаги маълумотларни киритади ва уларни доимий равишда янгилаб боради:
таълим ташкилотининг тўлиқ номи;
ошхонанинг жойлашган ери (манзили) ва унинг майдони (кадастр ҳужжати бўйича);
ошхонанинг бўш турганлиги ёки ундан фойдаланиб келинаётганлиги.
Ахборот тизимига ошхонага оид бошқа маълумотлар ҳам киритилиши мумкин.
Таълим ташкилотлари раҳбарлари ахборот тизимига ўзларининг ошхоналари тўғрисида маълумотлар ўз вақтида, тўғри ва тўлиқ киритилиши учун шахсан жавобгар ҳисобланади.
23. Танловда ғолиб деб эътироф этилган ижарага олувчи билан ижара шартномаси шу даврдаги ўқув йили учун тузилади.
Мажбуриятларини муддатида ва тўлиқ бажариб келаётган ижарага олувчининг ташаббуси билан шартнома муддати кейинги ўқув йиллари учун қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ижарага беришнинг энг кўп муддатигача узайтириб борилади.
24. Ижарага олувчи қуйидаги ҳуқуқларга эга:
шартнома имзоланган вақтдан бошлаб ижарага берилган мулкни балансда сақловчидан талаб қилиш;
ижарага олинган бино ва иншоотнинг ички қисмида техник жиҳатдан жиҳозлаш ишларини амалга ошириш.
Ижарага олувчи қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
25. Ижарага олувчи қуйидагиларга мажбур:
таълим ташкилотида ўқувчилар учун соғлом овқатланишни ташкил этиш;
таълим ташкилотининг ижарага олинган ошхонасига ошпазлик малакасига эга бўлган шахсларни ишга олиш;
соғлиқ учун зарарли бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари ва таомлар савдосига йўл қўймаслик;
таълим ташкилотининг ижарага олинган ошхонасидан мақсадли ва тўғри фойдаланиш;
таълим ташкилотининг ижарага олинган ошхонасини техник жиҳозлашдан олдин балансда сақловчининг ёзма розилигини олиш;
ижарага олинган мол-мулкни соз ҳолатда сақлаш, ўз ҳисобидан жорий таъмирлаш ишларини амалга ошириш ва мулкни сақлаш харажатларини қоплаш;
озиқ-овқат хомашёси ва озиқ-овқат маҳсулотларининг сифатли сақланишини таъминлаш;
таълим ташкилотининг ижарага олинган ошхонасидан фойдаланишда санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига риоя қилиш;
ижара шартномаси бўйича олинган мажбуриятларнинг бажарилишини таъминлаш;
ижара шартномаси бўйича барча тўловларни ўз вақтида амалга ошириш (агар тўлов белгиланган бўлса);
ижара муддати тугагандан кейин давлат мулкини балансда сақловчига белгиланган тартибда топшириш.
Ижарага олувчи қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ўз зиммасига бошқа мажбуриятларни ҳам олиши мумкин.
Ижарага олувчи томонидан ушбу мажбуриятларнинг бажарилмаслиги қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ижара шартномасини бекор қилиш учун асос ҳисобланади.
26. Ўқувчиларнинг таътилда бўлиб, таълим ташкилоти ошхонасидан фойдаланмаган даври учун ижара ҳақи ҳисобланмайди.
27. Ижара шартномаси қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ўзгартирилиши, бекор қилиниши ёки ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.
28. Таълим ташкилоти ошхонасида озиқ-овқат маҳсулотлари ва таомларни тайёрлаш ҳамда сақлашда сарфланадиган газ, сув ва электр энергияси учун тўловлар алоҳида ўрнатиладиган ҳисоблагичларнинг кўрсаткичлари асосида ижарага олувчи ҳисобидан қопланади.
6-боб. Таълим ташкилоти томонидан соғлом овқатланишни ташкил этиш
29. Таълим ташкилотлари ўзларининг бюджетдан ташқари маблағлари, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари, овқатланиш учун тўланадиган тўловлар ҳамда қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар (кейинги ўринларда — ошхона маблағлари) ҳисобидан ошхона фаолиятини ташкил этиши мумкин.
30. Таълим ташкилоти ошхонасида озиқ-овқат маҳсулотлари ва таомларни тайёрлашда ҳамда уларни сақлашда сарфланадиган газ, сув, электр энергияси учун тўловлар алоҳида ўрнатилган ҳисоблагичларнинг кўрсаткичларига мувофиқ ошхона маблағлари ҳисобидан қопланади.
31. Таълим ташкилоти ошхонасида фаолият юритадиган ходимларга ошхона маблағлари ҳисобидан ҳақ тўланади.
32. Таълим ташкилоти раҳбари томонидан ошхона ходимларига ҳақ тўлаш, озиқ-овқат маҳсулотлари ва таомларни тайёрлаш учун сарфланадиган озиқ-овқат хомашёлари қиймати, коммунал тўловлар ҳамда рентабелликни инобатга олган ҳолда таомлар нархи ҳисоб-китоби (калькуляцияси) тасдиқланади.
33. Таълим ташкилоти ошхонаси маблағларининг сарфланиши бўйича бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботи таълим ташкилотининг бухгалтерияси томонидан қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.
34. Озиқ-овқат маҳсулотларини ошхона маблағлари ҳисобидан харид қилиш бўйича шартномалар таълим ташкилоти раҳбари томонидан имзоланади.
7-боб. Таълим ташкилотларида соғлом овқатланишни ташкил этишни мониторинг ва назорат қилиш
35. Ваколатли органлар таълим ташкилотларида соғлом овқатланишни ташкил этиш ҳолатини ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари ўртасида сўровномалар ўтказиш орқали мониторинг қилади.
Мониторинг натижалари ҳар чорак якунида ваколатли органларнинг раҳбарлари ҳузуридаги йиғилишларда ҳамда таълим ташкилотларининг педагогик кенгашларида муҳокама қилинади.
Таълим ташкилотларида соғлом овқатланишни ташкил этишда ваколатли органларнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига таълим ташкилотларида сифатли ва хавфсиз овқатланишни ташкил этиш юзасидан таклифлар киритиш;
таълим ташкилотлари ошхоналарида санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари ҳамда санитария-гигиена тадбирлари ва эпидемияга қарши тадбирлар бажарилишига риоя қилишнинг бузилиши ҳолатларини бартараф этиш чораларини кўриш;
ўқувчиларнинг ҳаёти ва соғлиғига салбий таъсир кўрсатувчи озиқ-овқат маҳсулотлари ҳақида тушунтириш ишлари олиб бориш.
36. Таълим ташкилотларида ошхоналарда тайёрланаётган озиқ-овқат маҳсулотлари ва таомлар сифатини ўрганиш бўйича комиссиялар (кейинги ўринларда — комиссия) ташкил этилади.
Комиссия таркиби таълим ташкилотига бириктирилган ҳамшира, таълим ташкилотларининг соғлом овқатланишни ташкил этиш масалалари учун масъул ходими ва ўқувчиларнинг ота-оналаридан иборат бўлади.
Комиссия таълим ташкилоти ошхонасида тайёрланаётган таомлар сифатини доимий равишда ўрганиб боради. Ўрганиш натижалари алоҳида юритиладиган махсус журналда қайд этилади.
37. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан сотилаётган озиқ-овқат маҳсулотлари ва таомлар, таълим ташкилоти ошхоналаридаги мавжуд технологик жиҳозларнинг санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари ҳамда санитария-гигиена тадбирлари ва эпидемияга қарши тадбирлар бажарилишига риоя қилиш, озиқ-овқат маҳсулотлари ва таомлар сифати юзасидан назорат тадбирлари олиб борилади.
Назорат тадбирларида аниқланган ҳолатлар ҳар чорак якунида ваколатли органлар иштирокида муҳокама қилинади ҳамда уларни бартараф қилиш ва келгусида такроран содир этилишининг олдини олиш бўйича зарур чоралар кўрилади.
8-боб. Якунловчи қоида
38. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.
(1-илованинг матни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 11 январдаги 8-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 13.01.2025 й., 09/25/8/0026-сон)
Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 2 майдаги 132-сон қарорига
2-ИЛОВА
2016 — 2020 йилларда умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида соғлом овқатланишни ташкил этишни янада такомиллаштириш, ошхоналарни ташкил этиш ва уларни жиҳозлаш ишларини амалга ошириш бўйича
ЧОРА-ТАДБИРЛАР РЕЖАСИ

Т/р

Тадбирлар

Бажариш муддатлари

Масъул бажарувчилар

I. Умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ошхона ва буфетлари фаолиятини ташкил этиш

1.

Овқатланиш тизими мавжуд бўлмаган умумий ўрта таълим муассасаларида ошхона ва буфетларни ташкил этиш, жиҳозлаш ва қайта жиҳозлаш бўйича белгиланган кўрсаткичларга мувофиқ равишда молиялаштириш манбаларини кўрсатган ҳолда манзилли дастурларни тасдиқлаш.

2016 йил
1 июлгача

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари, Халқ таълими вазирлиги

2.

Умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг ошхона ва буфетлари учун намунавий таомномаларни (ҳар бир таомнинг тайёрлаш технологиясини кўрсатиб ўтган ҳолда) тасдиқлаш.

2016 йил

август

Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон Ошпазлар уюшмаси, Халқ таълими вазирлиги,
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази

3.

Замонавий тажрибалар асосида умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ошпазларини малака ошириш курсларига жалб этиш чораларини кўриш.

2016 йил
III чорагидан бошлаб доимий

Халқ таълими вазирлиги, Ўзбекистон Ошпазлар уюшмаси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, ижарачи корхоналар билан ҳамкорликда

II. Таълим муассасаларида соғлом овқатланишни ташкил этишга доир тарғибот-ташвиқот ишлари

4.

Умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида соғлом овқатланишни ташкил этиш юзасидан оммавий ахборот воситалари орқали кенг тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш, бунда:

ўқувчилар учун фойдали таомларни тайёрлаш усулларига, уларни истеъмол қилишнинг ижобий таъсирига;

овқатланиш режимига ва уларга амал қилинишига;

таркибида зарарли моддалар мавжуд бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари ва таомларни истеъмол қилишнинг салбий оқибатлари масалаларига алоҳида эътибор қаратиш.

Жадвал асосида

Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари

5.

Умумий ўрта таълим муассасаларининг бошланғич синф ўқувчилари ўртасида «Тўғри овқатланиш дарслари» таълим дастурини жорий этиш ва унда қуйидагиларни назарда тутиш:

ўқувчиларда саломатликнинг қадри ва уни мустаҳкамлаш зарурлиги тўғрисида тасаввур ҳосил қилиш;

ўқувчиларни соғлом ҳаёт тарзи ва тўғри овқатланиш қоидалари билан таништириш;

ўқувчиларнинг ўз соғлиғига ғамхўрлик қилиши билан боғлиқ хулқ-атвор шаклларини ўзлаштиришлари, уларни тўғри овқатланишга доир миллий-маданий анъаналар билан таништириш асосий мавзу сифатида киритилишини таъминлаш.

2016 йил
III чорак

Халқ таълими вазирлиги,
Соғлиқни сақлаш вазирлиги

6.

Ўқувчилар, педагог ходимлар, ота-оналар томонидан соғлом овқатланиш қоидаларига амал қилиниши юзасидан билим ва кўникмаларни янада ривожлантириш бўйича давра суҳбатлари ўтказиб бориш.

Доимий

Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази, Соғлиқни сақлаш вазирлиги

7.

Умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида соғлом овқатланишни ташкил этиш масаласини «Саломатлик сабоқлари», «Соғлом авлод асослари», «Соғлом оила асослари» дарслари орқали ўқувчилар онгига етказиш чораларини кўриш.

Жадвал асосида

Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази, Соғлиқни сақлаш вазирлиги

8.

Умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида соғлом овқатланишни ташкил этиш юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ҳудудий семинарлар ўтказиш.

2016 — 2020 йиллар давомида,

ҳар йили сентябрь — декабрда

Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази

Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 2 майдаги 132-сон қарорига
2а-ИЛОВА
2017 — 2020 йилларда овқатланиш тизими мавжуд бўлмаган умумий ўрта таълим муассасаларида ошхоналарни ташкил этиш ва жиҳозлаш кўрсаткичлари

дона

Т/р

Ҳудудлар

2017 — 2020 йилларда ошхоналар ташкил этиладиган мактаблар сони

ташкил этиладиган ошхоналарни жиҳозлаш кўрсаткичлари, шу жумладан:

ўтириш ўринлари (тўплам)

музлатгич

сув қайнатгич

электр плита

идиш ювиш ванналари

ишлаб чиқариш столи

Республика бўйича

2630

13150

2630

2630

2630

2630

2630

1.

Қорақалпоғистон Республикаси

254

1270

254

254

254

254

254

2.

Андижон

59

295

59

59

59

59

59

3.

Бухоро

83

415

83

83

83

83

83

4.

Жиззах

212

1060

212

212

212

212

212

5.

Қашқадарё

445

2225

445

445

445

445

445

6.

Навоий

127

635

127

127

127

127

127

7.

Наманган

130

650

130

130

130

130

130

8.

Самарқанд

590

2950

590

590

590

590

590

9.

Сирдарё

42

210

42

42

42

42

42

10.

Сурхондарё

210

1050

210

210

210

210

210

11.

Тошкент в.

245

1225

245

245

245

245

245

12.

Фарғона

209

1045

209

209

209

209

209

13.

Хоразм

24

120

24

24

24

24

24

Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 2 майдаги 232-сон қарорига
2б-ИЛОВА
2017 — 2020 йилларда умумий ўрта таълим муассасаларида ишламаётган ошхоналарнинг фаолиятини ташкил этиш ва уларни қайта жиҳозлаш кўрсаткичлари

дона

Т/р

Вилоятлар

2017 — 2020 йилларда ошхоналар ташкил этилиши белгиланган мактаблар сони

Ташкил этиладиган ошхоналарни қайта жиҳозлаш кўрсаткичлари, шу жумладан:

ўтириш ўринлари (тўплам)

музлатгич

музлатгич витрина

сув қайнатгич

электр плита

идиш ювиш ванналари

ишлаб чиқариш столлари

Республика бўйича

2061

4868

806

1030

823

1091

801

1059

1.

Қорақалпоғистон Республикаси

158

371

53

78

65

83

56

85

2.

Андижон

117

309

42

64

51

68

44

101

3.

Бухоро

121

271

40

55

48

60

44

61

4.

Жиззах

122

252

38

50

46

55

45

34

5.

Қашқадарё

253

585

87

131

90

131

88

141

6.

Навоий

80

177

21

41

31

38

30

27

7.

Наманган

154

339

64

77

66

81

62

16

8.

Самарқанд

274

605

153

143

109

151

153

120

9.

Сирдарё

67

139

36

31

28

30

27

16

10.

Сурхондарё

193

487

76

103

80

101

71

107

11.

Тошкент в.

197

495

83

96

79

108

73

129

12.

Фарғона

206

534

64

100

74

106

60

124

13.

Хоразм

119

304

49

61

56

79

48

98

Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 2 майдаги 132-сон қарорига
3-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз кучини йўқотган деб эътироф этилаётган айрим қарорлари
РЎЙХАТИ
1. Вазирлар Маҳкамасининг «Таълим муассасаларида соғлом овқатланиш шарт-шароитларини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2010 йил 20 августдаги 184-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2010 й., 34-сон, 293-модда).
2. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида» (Вазирлар Маҳкамасининг «Халқ таълими ҳудудий органлари тузилмасини такомиллаштириш тўғрисида» 2011 йил 1 мартдаги 52-сон қарори) 2011 йил 20 июндаги 184-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2011 йил, 25-сон, 261-модда)га илованинг 4-банди.
3. Вазирлар Маҳкамасининг «Вазирлар Маҳкамасининг «Таълим муассасаларида соғлом овқатланиш шарт-шароитларини яхшилаш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида» 2010 йил 20 августдаги 184-сон қарорига қўшимчалар киритиш ҳақида» 2013 йил 6 ноябрдаги 297-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2013 й., 45-сон, 591-модда).
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2016 й., 18-сон, 193-модда; 2017 й., 9-сон, 132-модда; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 30.09.2019 й., 09/19/822/3840-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 20.11.2021 й., 09/21/694/1075-сон; 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон; 15.05.2024 й., 09/24/282/0347-сон; 13.01.2025 й., 09/25/8/0026-сон; 30.01.2025 й., 09/25/48/0093-сон)