1.06.00.00.00 Ижтимоий таъминот ва ижтимоий суғурта тўғрисидаги қонунчилик. Ижтимоий ҳимоя / 06.07.00.00 Нафақалар. Компенсация тўловлари / 06.07.01.00 Нафақалар / 06.07.01.01 Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси]
[ТСЗ:
1.Ижтимоий-маданий масалалар / Ижтимоий суғурта, ижтимоий таъминот ва ижтимоий ҳимоя]
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ ВА ЎРТА МАХСУС ТАЪЛИМ ВАЗИРЛИГИНИНГ ЎРТА МАХСУС, КАСБ-ҲУНАР ТАЪЛИМИ МАРКАЗИ ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МЕҲНАТ ВАЗИРЛИГИ ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ХАЛҚ ТАЪЛИМИ ВАЗИРЛИГИНИНГ
Қарори
Етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган, тўлиқ давлат таъминотида бўлмаган ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари битирувчиларини «Маҳалла» хайрия жамоат фонди томонидан танлаб олиш ҳамда уларга нафақа тўлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 9 февралдаги ПҚ-2487-сон «Соғлом она ва бола йили» Давлат дастури тўғрисида»ги қарорига асосан Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази, Меҳнат вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги қарор қилади:
1. Етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган, тўлиқ давлат таъминотида бўлмаган ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари битирувчиларини «Маҳалла» хайрия жамоат фонди томонидан танлаб олиш ҳамда уларга нафақа тўлаш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази директори У. САЛИМОВ
Тошкент ш.,
2016 йил 15 апрель,
38/ққ-сон
Меҳнат вазири А. АБДУҲАКИМОВ
Тошкент ш.,
2016 йил 15 апрель,
6/ққ-сон
Халқ таълими вазири У. ИНОЯТОВ
Тошкент ш.,
2016 йил 15 апрель,
4-мҳ-сон
Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази, Меҳнат вазирлиги ва Халқ таълими вазирлигининг 2016 йил 15 апрелдаги 38/ққ, 6/ққ, 4-мҳ-сон қарорига ИЛОВА
Етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган, тўлиқ давлат таъминотида бўлмаган ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари битирувчиларини «Маҳалла» хайрия жамоат фонди томонидан танлаб олиш ҳамда уларга нафақа тўлаш тартиби тўғрисидаги
Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 9 февралдаги ПҚ-2487-сон «Соғлом она ва бола йили» Давлат дастури тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган, тўлиқ давлат таъминотида бўлмаган ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари битирувчиларини (бундан буён матнда битирувчи деб юритилади) «Маҳалла» хайрия жамоат фонди томонидан танлаб олиш ҳамда уларга нафақа тўлаш тартибини белгилайди.
1. Қуйидаги тоифадаги битирувчилар мазкур Низомда белгиланган тартибда «Маҳалла» хайрия жамоат фонди маблағлари ҳисобига тўланадиган энг кам ойлик иш ҳақининг йигирма баравари миқдорида бир йўла нафақа (бундан буён матнда нафақа деб юритилади) олиш учун мурожаат қилиш ҳуқуқига эга:
етим болалар — отаси ҳам, онаси ҳам вафот этган ёки улар суд қарорига биноан вафот этган деб эълон қилинган болалар;
ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар — ота-онаси ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум этилган, уларнинг ота-оналик ҳуқуқи чекланган, улар муомалага лаёқатсиз деб топилган, касал бўлган, узоқ муддат бўлмаган, ота-она болаларни тарбиялаш ёки уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишдан бўйин товлаган, шу жумладан ота-она тарбия, даволаш, аҳолини ижтимоий ҳимоялаш муассасалари ва шунга ўхшаш бошқа муассасалардаги боласини олишдан бош тортган, шунингдек бошқа сабабларга кўра ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар.
Бунда битирувчи ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасасида ўқиш даврида етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар учун мўлжалланган муассасаларга жойлаштирилмаган ва бошқа қонуний вакиллари — васийси, ҳомийси, тутинган ота-онаси (патронат) қарамоғида турган бўлиши лозим.
4. «Маҳалла» хайрия жамоат фонди 2015/2016 ўқув йилидан бошлаб мунтазам равишда битирувчиларга нафақа тўлаш учун маблағлар ажратишни режалаштиради. Нафақа тўлаш учун ажратиладиган маблағлар миқдори «Маҳалла» хайрия жамоат фондининг Васийлик кенгаши томонидан тасдиқланади.
2-боб. Нафақа олиш ҳақидаги мурожаатларни кўриб чиқиш
5. Битирувчи нафақа олиш учун ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасасини битириб, ишга жойлашгандан кейин ўзи тамомлаган ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаси директорига нафақа берилишини сўраб ариза билан мурожаат қилади. Аризага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:
туғилганлик ҳақида гувоҳнома (асли кўрсатилган ҳолда нусхаси тақдим этилади);
фуқаролик паспорти (асли кўрсатилган ҳолда нусхаси тақдим этилади);
ўрта махсус ва касб-ҳунар маълумоти тўғрисида диплом (асли кўрсатилган ҳолда нусхаси тақдим этилади);
васий ёки ҳомий тайинлаш ҳақида туман (шаҳар) ҳокими қарорининг ёки болани оилага тарбияга олиш (патронат) тўғрисидаги келишувнинг нусхаси;
доимий яшаш жойидаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи томонидан берилган битирувчининг оилавий ва мулкий аҳволи ҳақида маълумотнома;
солиқ тўловчининг идентификация рақами (СТИР);
меҳнат дафтарчасининг иш берувчи томонидан тасдиқланган нусхаси;
битирувчи ёки унинг ота-онасида мулк ҳуқуқи асосида кўчмас мулк мавжудлиги (мавжуд эмаслиги) ҳақида туман (шаҳар) ер тузиш ва кўчмас мулк давлат корхонаси томонидан берилган маълумотнома;
битирувчининг тиббий-ижтимоий аҳволи — ногиронлиги, узоқ муддат даволанишга муҳтожлиги ёки меҳнатга вақтинча лаёқатсизлигини тасдиқловчи ҳужжатлар (мавжуд бўлган тақдирда).
6. Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаси директори ариза ва унга илова қилинган ҳужжатларнинг тўлиқлигини текшириб қабул қилади ҳамда бир иш куни ичида кузатув хати билан «Маҳалла» хайрия жамоат фондининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бўлимига (бундан буён матнда «Маҳалла» хайрия жамоат фондининг ҳудудий бўлими деб юритилади) тақдим этади.
7. Аризаларни кўриб чиқиш учун «Маҳалла» хайрия жамоат фондининг ҳудудий бўлими ҳузурида комиссия ташкил этилади. Комиссия таркибига қуйидагилар киритилади:
«Маҳалла» хайрия жамоат фондининг ҳудудий бўлими бошқаруви раиси — комиссия раиси;
ҳудудий ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси бошлиғи — комиссия аъзоси;
«Маҳалла» хайрия жамоат фондининг ҳудудий бўлими бошқарувининг ижтимоий ҳимоя масалалари бўйича етакчи мутахассиси — комиссия масъул котиби.
Комиссия ишига заруратга қараб ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаси директорлари, васийлик ва ҳомийлик органлари, «Маҳалла» хайрия жамоат фондининг туман (шаҳар) бўлинмаси бошқаруви раислари ҳам овоз бериш ҳуқуқисиз жалб этилиши мумкин.
8. Аризалар комиссиянинг навбатдаги мажлисида кўриб чиқилади. Комиссия мажлислари комиссия раиси томонидан заруратга қараб, лекин ҳар чоракда камида бир марта чақирилади.
Комиссия мажлисида комиссия аъзоларининг барчаси иштирок этиши шарт.
9. Аризаларни кўриб чиқишда комиссия томонидан қуйидаги масалалар ўрганилади:
битирувчининг ота-она қаровисиз қолишига асос бўлган ҳолатлар (ота-онаси вафот этган, бедарак йўқолган, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум этилган, узоқ муддат ишлаш, ўқиш ёки бошқа мақсадларда кетган, озодликдан маҳрум этилган ва ҳ. к.);
доимий яшаш жойидаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи ҳамда туман (шаҳар) ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонаси томонидан берилган маълумотномаларга кўра битирувчининг оилавий ва мулкий аҳволи, турар жой билан таъминланганлик даражаси;
битирувчи тақдим этган ҳужжатларга кўра унинг тиббий-ижтимоий аҳволи (ногиронлиги, узоқ муддат даволанишга муҳтожлиги ёки меҳнатга вақтинча лаёқатсизлиги).
10. Комиссия мазкур Низомнинг 9-бандида кўрсатилган ҳолатларни ўрганиш натижаларига кўра битирувчининг нафақа олишга муҳтож ёки муҳтож эмаслиги ҳақида қарор қабул қилади.
11. Комиссия қарорлари комиссия аъзоларидан камида учтасининг овози билан қабул қилинади. Комиссия қарори комиссия мажлиси баёни шаклида расмийлаштирилади ва унинг барча аъзолари томонидан имзоланади.
12. Комиссия қарорига кўра нафақа олишга муҳтож деб топилган битирувчилар рўйхати уч иш куни ичида тасдиқлаш учун битирувчининг доимий яшаш жойидаги туман (шаҳар) ҳокимлигига юборилади.
13. Нафақа олишга муҳтож деб топилган битирувчилар рўйхати беш иш куни ичида васийлик ва ҳомийлик органлари томонидан кўриб чиқилиб, туман (шаҳар) ҳокимининг қарори билан тасдиқланади ва «Маҳалла» хайрия жамоат фондининг ҳудудий бўлимига тақдим этилади. «Маҳалла» хайрия жамоат фондининг ҳудудий бўлими икки иш куни ичида битирувчиларни рўйхатга киритилганлиги ҳақида хабардор қилади.
3-боб. Нафақаларни тўлаш учун пул маблағларини ўтказиш
14. Нафақа битирувчига хизмат кўрсатувчи тижорат банкда очилган омонат (депозит) ҳисобварағига ёки банк пластик картасига «Маҳалла» хайрия жамоат фондининг ҳудудий бўлими томонидан ўтказиб берилади.
15. Пул маблағлари битирувчи «Маҳалла» хайрия жамоат фондининг ҳудудий бўлимига ўзининг банк маълумотларини тақдим этган кундан бошлаб икки иш куни ичида ўтказиб берилади.
16. Нафақа суммаси пул маблағи ўтказиб берилаётган кундаги энг кам ойлик иш ҳақидан келиб чиқиб ҳисобланади.
19. Комиссия раиси ва аъзолари ҳужжатларни кўриб чиқишнинг холис бўлиши учун масъул ҳисобланади.
20. Васийлик ва ҳомийлик органлари ҳамда туман (шаҳар) ҳокими нафақа тайинланадиган битирувчининг ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасасида ўқиш даврида тўлиқ давлат таъминотида бўлмаганлигини, хусусан етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар учун мўлжалланган муассасаларга жойлаштирилмаганлиги ва бошқа қонуний вакиллари — васийси, ҳомийси, тутинган ота-онаси (патронат) қарамоғида турганлигини тасдиқлаш учун масъул ҳисобланади.