1.09.00.00.00 Тадбиркорлик ва хўжалик фаолияти / 09.15.00.00 Транспорт / 09.15.05.00 Ҳаво транспорти / 09.15.05.05 Ҳаво кемалари, уларнинг экипажи ва бошқа персоналлар]
[ТСЗ:
1.Иқтисодиёт / Транспорт. Йўл хўжалиги. Ҳаракат ва парвозлар хавфсизлиги]
Ўзбекистон Республикаси Парвозлар хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғининг
буйруғи
Фуқаро авиацияси ҳаво кемаларининг парвоз маълумотларини йиғиш, таҳлил қилиш, сақлаш ҳамда улардан фойдаланиш бўйича авиация қоидаларини (ЎзР АҚ-123) тасдиқлаш тўғрисида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2015 йил 14 октябрда 2718-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган]
Ўзбекистон Республикасининг Ҳаво кодекси ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 26 февралдаги 90-сонли «Ўзбекистон Республикаси парвозлар хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекцияси фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ буюраман:
1. Фуқаро авиацияси ҳаво кемаларининг парвоз маълумотларини йиғиш, таҳлил қилиш, сақлаш ҳамда улардан фойдаланиш бўйича авиация қоидалари (ЎзР АҚ-123) иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ойдан кейин кучга киради.
Бошлиқ Т. ЎЛЖАЕВ
Тошкент ш.,
2015 йил 15 сентябрь,
65-н-сон
Ўзбекистон Республикаси Парвозлар хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғининг 2015 йил 15 сентябрдаги 65-н-сон буйруғига ИЛОВА
Фуқаро авиацияси ҳаво кемаларининг парвоз маълумотларини йиғиш, таҳлил қилиш, сақлаш ҳамда улардан фойдаланиш бўйича авиация қоидалари (ЎзР АҚ-123)
Мазкур авиация қоидалари Ўзбекистон Республикасининг Ҳаво кодекси, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари талабларига, Фуқаро авиацияси халқаро ташкилотининг (ИКАО) стандартлари ва тавсияларига мувофиқ, фуқаро авиацияси ҳаво кемаларининг парвоз маълумотларини йиғиш, таҳлил қилиш, сақлаш ҳамда улардан фойдаланиш тартибини белгилайди.
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур авиация қоидаларида қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
парвоз маълумотларини ёзиш ускунаси — ҳаво кемасига ўрнатилган ва парвоз маълумотларини мустақил ёзувчи ускуна;
парвоз маълумотлари — ҳаво кемасининг парвоз маълумотларини ёзиш ускунаси қайд этган параметрик ва товуш маълумотлари;
параметрик маълумотлар — ҳаво кемасининг техник тавсифларини билдирувчи физик диапазонда маълум бир қийматга эга бўладиган кўрсаткичли маълумотлар;
товуш маълумотлари — экипажнинг ички ва ташқи алоқа (радиоалоқа) музокаралари, ҳаво кемаси кабинасидаги сўзлашувлар ҳамда овозли сигналлар, шунингдек парвоздаги бошқа шовқинлардан иборат товушли маълумотлар;
ҳаво кемасининг эксплуатанти — ҳаво кемасига мулк ҳуқуқи ёки бошқа ашёвий ҳуқуқ асосида эгалик қилувчи, шу ҳаво кемасидан фойдаланишни амалга ошириш қобилияти эксплуатант сертификати билан тасдиқланган юридик ёки жисмоний шахс.
2. Мазкур авиация қоидалари Ўзбекистон Республикасининг фуқаро авиацияси ҳаво кемалари эксплуатантларига нисбатан татбиқ этилади.
3. Ҳаво кемасининг эксплуатанти томонидан мазкур авиация қоидаларида белгиланган талаблар доирасида парвоз маълумотларини йиғиш, таҳлил қилиш, фойдаланиш ҳамда уларни сақлашнинг техник процедуралари ҳамда ички назоратни амалга ошириш тартиби бўйича услубий кўрсатмалар (бундан буён матнда услубий кўрсатмалар деб юритилади) ишлаб чиқилиши ва тасдиқланиши мумкин.
4. Ҳаво кемасининг эксплуатанти томонидан ишлаб чиқиладиган услубий кўрсатмаларда:
парвоз маълумотларини ёзиш ускунасидан параметрик маълумотларни ҳамда товуш маълумотларини йиғиш тартиби;
йиғиб олинган парвоз маълумотларини таҳлил қилиш тартиби;
парвоз маълумотлари ва уларни таҳлил қилиш натижаларини сақлаш тартиби;
парвоз маълумотларининг таҳлили натижалари ва аниқланган камчиликлар бўйича кўриладиган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш, уларни амалга ошириш ва назорат қилиш тартиби;
парвоз маълумотларини йиғиш, таҳлил қилиш ва улардан фойдаланиш бўйича ишларнинг ҳисобини юритиш тартиби;
парвоз маълумотларини йиғиш, таҳлил қилиш, фойдаланиш ва уларни сақлаш бўйича масъул шахслар (бўлинмалар) доираси ва уларнинг жавобгарлиги ҳамда бошқа зарур қоидалар белгиланади.
5. Авиация ҳалокати ёки бахтсиз ҳодиса юз берганда, парвоз маълумотларини йиғиш, таҳлил қилиш хамда уларни сақлаш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 17 ноябрдаги 660-сон қарори билан тасдиқланган Фуқаро ҳаво кемалари билан содир бўлган авиация ҳодисаларини Ўзбекистон Республикасида текшириш қоидаларига мувофиқ амалга оширилади.
(5-банд Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Фуқаро авиацияси агентлиги директорининг 2026 йил 30 июндаги 9-н-сонли буйруғи (рўйхат рақами 2718-2, 08.07.2026 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 08.07.2026 й., 10/26/2718-2/0708-сон)
2-боб. Парвоз маълумотларини йиғиш
6. Ҳаво кемасининг эксплуатанти компьютерга парвоз маълумотларини ёзиш ускунасида қайд этилган парвоз маълумотларининг йиғиб олинишини таъминлаши лозим.
7. Парвоз маълумотларини йиғиш уларни парвоз маълумотларини ёзиш ускунасидан техник воситалар ёрдамида компьютерга юклаб олиш йўли билан амалга оширилади.
8. Ҳаво кемасининг эксплуатанти томонидан параметрик маълумотлар ҳаво кемасида бажарилган ҳар бир парвоз бўйича йиғиб олинади.
9. Товуш маълумотлари Ўзбекистон Республикаси фуқаро авиациясида учиш ишларини ташкил этиш бўйича қоидаларнинг (ЎзР АҚ-92) (рўйхат рақами 1773, 2008 йил 26 февраль) XI боби 2-параграфида назарда тутилган ҳолларда йиғиб олиниши керак. Ҳаво кемасининг эксплуатанти парвозлар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида бошқа ҳолатларда ҳам товуш маълумотларини йиғиб олиши мумкин. Бунда мазкур ҳолатлар услубий кўрсатмаларда кўрсатилган бўлиши лозим.
10. Ҳаво кемасининг эксплуатанти парвоз маълумотларини йиғиб олишда техник имкониятлар (техник воситалар)га эга бўлган ташкилотларнинг хизматларидан келишув асосида фойдаланиши мумкин.
11. Парвоз маълумотларини ёзиш ускунасидан парвоз маълумотларини йиғиб олишда ҳаво кемасининг техник эксплуатацияси бўйича қўлланмада белгиланган талабларга риоя қилиниши таъминланиши лозим.
13. Барча параметрик маълумотлар дастлаб экспресс (тезкор) таҳлил қилинади. Параметрик маълумотларнинг экспресс (тезкор) таҳлил қилиш уларни махсус мантиқий алгоритмлардан фойдаланилган ҳолда тезкор таҳлил қилишдан иборат.
Экспресс (тезкор) таҳлил қилиш давомида ҳаво кемасининг асосий парвоз кўрсаткичларидан четга чиққанлиги ҳолатлари аниқланганда, параметрик маълумотлар тўлиқ таҳлил қилиниши шарт. Бундай ҳолларда, заруратга қараб, товуш маълумотлари ҳам йиғиб олиниши ва таҳлил қилиниши мумкин.
14. Ўзбекистон Республикаси фуқаро авиациясида учиш ишларини ташкил этиш бўйича қоидаларнинг (ЎзР АҚ-92) (рўйхат рақами 1773, 2008 йил 26 февраль) XI боби 2-параграфида назарда тутилган ҳолларда йиғиб олинган барча товуш маълумотлари тўлиқ таҳлил қилиниши лозим.
4-боб. Парвоз маълумотларини сақлаш
15. Ҳаво кемасининг эксплуатанти:
парвоз маълумотларининг ишончли сақланишини;
парвоз маълумотларидан фойдаланишга рухсати бўлган шахслар доираси белгиланишини;
парвоз маълумотларидаги шахсга оид маълумотларнинг сир сақланиши таъминлаши шарт.
16. Парвоз маълумотлари камида 1 йил сақланиши лозим.
5-боб. Парвоз маълумотларидан фойдаланиш
17. Ҳаво кемасининг эксплуатанти парвоз маълумотлари ва уларнинг таҳлили натижаларидан фақат:
парвозлар хавфсизлигига етказилиши мумкин бўлган хавф-хатарларни аниқлашда, уларни бартараф этишда ва парвозлар хавфсизлигини таъминлашга қаратилган зарур чора-тадбирларни белгилашда;
ҳаво кемаси экипажининг профессионал тайёргарлигини, ҳаво кемасининг учиш бўйича эксплуатация қўлланмаси талабларига риоя қилишини, радиоалоқа олиб бориш ва ўзаро муносабат технологияларининг тўғри бажарилишини ҳамда парвознинг техник сифатини текширишда;
ҳаво кемасининг (унинг тизимлари ва ускуналари, двигателлари ва бошқаларнинг) ишлашини назорат қилишда фойдаланади.
18. Ҳаво кемасининг эксплуатантлари парвоз маълумотларидан бошқа мақсадларда фойдаланишнинг олди олинишини таъминлаши лозим.
6-боб. Якуний қоидалар
19. Ҳаво кемасининг эксплуатанти парвоз маълумотлари таҳлили натижаларини ҳар ойда мазкур авиация қоидаларининг иловасига мувофиқ шаклда умумлаштириб боради.
20. Парвоз маълумотлари ва уларнинг таҳлили натижаларини қасддан ўзгартириш ва йўқ қилиш тақиқланади.
21. Профилактик тадбирларни амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги томонидан парвоз маълумотлари ҳаво кемасининг эксплуатанти билан биргаликда мунтазам равишда ўрганиб, таҳлил қилиб борилади.
(21-банд Ўзбекистон Республикаси транспорт вазирининг 2020 йил 1 майдаги 6-сонли буйруғи (рўйхат рақами 2718-1, 20.05.2020 й.) таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 20.05.2020 й., 10/20/2718-1/0628-сон)
22. Мазкур авиация қоидалари талабларини бузган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.
(22-бандЎзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2021 йил 28 июлдаги 16-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3313, 28.07.2021 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.07.2021 й., 10/21/3313/0724-сон)
LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 116 –– 1163-моддалари.
23. Мазкур авиация қоидалари «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК билан келишилган.
«Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК бош директори В. Тян
2015 йил 10 сентябрь
Фуқаро авиацияси ҳаво кемаларининг парвоз маълумотларини йиғиш, таҳлил қилиш, сақлаш ҳамда улардан фойдаланиш бўйича авиация қоидаларига (ЎзР АҚ-123) ИЛОВА
Парвоз маълумотларини таҳлил қилиш натижалари бўйича МАЪЛУМОТ 20 ___ йилнинг ____________ ойи учун ___________________________________________________________________________________ (ҳаво кемаси эксплуатантининг номи)