КЎП КВАРТИРАЛИ УЙЛАРНИ КАПИТАЛ ТАЪМИРЛАШ УЧУН МАБЛАҒЛАР ТЎПЛАШ (ЙИҒИШ) ВА УЛАРДАН ФОЙДАЛАНИШ ТЎҒРИСИДАГИ ВАҚТИНЧАЛИК НИЗОМНИ ТАСДИҚЛАШ ҲАҚИДА
LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 1 августдаги 570-сонли «Кўп квартирали уйларни капитал ва жорий таъмирлаш учун маблағларни тўплаш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикаси Уй-жой кодексининг 138-моддасига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Кўп квартирали уйларни капитал таъмирлаш учун маблағлар тўплаш (йиғиш) ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги Вақтинчалик низом иловага мувофиқ тасдиқлансин ва 2000 йил 1 январдан бошлаб амалга киритилсин.
2. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Б. Ҳамидов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2000 йил 18 январь,
16-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 18 январдаги 16-сон қарорига ИЛОВА
Кўп квартирали уйларни капитал таъмирлаш учун маблағлар тўплаш (йиғиш) ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги
1. Мазкур Вақтинчалик Низом (кейинги ўринларда «Низом» деб аталади) Ўзбекистон Республикаси Уй-жой кодексининг 137-моддасига мувофиқ ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасининг Уй-жой кодексини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» 1999 йил 16 июлдаги 345-сон қарорини бажариш юзасидан ишлаб чиқилган.
(1-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 1 мартдаги 43-сон қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2007 й., 9-10-сон, 85-модда)
2. Мазкур Низом турар жойларни ва яшаш учун мўлжалланмаган жойларни, квартиралар оралиғидаги зинапояларни, лифтларни, йўлакларни, томларни, техник ертўлаларни ва умумий фойдаланиладиган бошқа объектларни, кўп квартирали уйлар муҳандислик коммуникацияларини, уй атрофидаги ҳудудларни капитал таъмирлаш учун маблағ билан таъминлашнинг турли манбаларидан тушувчи маблағларни хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари маблағлари (кейинги ўринларда бошқарувчи ташкилот деб аталади) жамғарма депозит ҳисоб рақамларида тўплаш (йиғиш) ва улардан фойдаланиш тартибини белгилайди.
Мазкур банднинг амал қилиши 1991 йилгача қурилган, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан тасдиқланадиган турар жойларнинг аниқ рўйхатлари асосида бюджет маблағлари, хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари маблағлари ва бошқа манбалар ҳисобига амалга ошириладиган уйларнинг ичидаги муҳандислик коммуникацияларини ва турар жойларнинг умумий фойдаланиладиган жойларини мукаммал таъмирлашга жорий этилмайди.
(2-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 1 мартдаги 43-сон қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2007 й., 9-10-сон, 85-модда)
II. КАПИТАЛ ТАЪМИРЛАШГА ПУЛ МАБЛАҒЛАРИНИ ТЎПЛАШ УЧУН БОШҚАРУВЧИ ТАШКИЛОТНИНГ ЖАМҒАРМА ДЕПОЗИТ ҲИСОБ РАҚАМИНИ ОЧИШ ТАРТИБИ
3. Капитал таъмирлашга пул маблағларини тўплаш учун бошқарувчи ташкилотнинг жамғарма депозит ҳисоб рақамини (кейинги ўринларда ҳисоб рақами деб аталади) очиш учун банкнинг ваколатли бўлимларига Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг банк ҳисоб рақамларини очишни тартибга солувчи меъёрий ҳужжатларига мувофиқ ҳужжатлар тақдим этилади.
III. КЎП КВАРТИРАЛИ УЙЛАРНИ КАПИТАЛ ТАЪМИРЛАШНИ МАБЛАҒ БИЛАН ТАЪМИНЛАШ МАНБАЛАРИ
4. Қуйидагилар кўп квартирали уйларни капитал таъмирлашни маблағ билан таъминлаш манбалари ҳисобланади:
а) уй-жой мулкдорлари ва ижарага олувчилардан, шунингдек, уй-жойга бошқариш, хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш ва ижарага олиш шартномасига мувофиқ яшаш учун мўлжалланмаган жойларнинг мулкдорларидан тушувчи маблағлар;
б) бошқарувчи ташкилотнинг амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ кўп квартирали уйларга хизмат кўрсатиш ва уларга қараш харажатларига ҳақ тўлаш юзасидан имтиёзлар берилиши туфайли қўлга кирмаган даромадларини қоплашга бюджетнинг тасдиқланган параметрлари доирасида ажратиладиган бюджет маблағлари;
в) кўп квартирали уйларни сақлаш бўйича умумий харажатлар учун ижарага олувчилардан тушувчи маблағлар;
г) яшаш учун мўлжалланмаган жойларни ижарага топширишдан тушувчи ижара тўлови;
д) уйнинг умумий фойдаланиладиган жойларини ва муҳандислик коммуникацияларини капитал таъмирлаш учун Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳри маҳаллий бюджетлари маблағлари, шунингдек Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри, шаҳарлар ва туманлар ҳокимликлари томонидан жалб қилинадиган бюджетдан ташқари ва бошқа молиявий ресурслар;
(4-банднинг «д» кичик банди Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 26 апрелдаги 122-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2016 й., 17-сон, 176-модда)
е) кўп квартирали уйларни капитал таъмирлаш учун уй-жой мулкдорлари ва ижарага олувчиларнинг ихтиёрий бадаллари;
ж) амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ кўрсатиб ўтилган мақсадлар учун йўналтириладиган бошқа маблағлар.
Бошқарувчи ташкилотлар капитал таъмирлашга ажратмалар меъёрларини ҳар йили кўп квартирали уйнинг ҳақиқий ҳолатини ҳисобга олган ҳолда уй-жойга қараш ва таъмирлаш учун тушувчи «а», «б» ва «в» кичик бандларда кўрсатилган маблағларнинг камида 30 фоизи ва 50 фоизидан ортиқ бўлмаган миқдорда белгилайдилар.
(4-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 1 мартдаги 43-сон қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2007 й., 9-10-сон, 85-модда)
5. Мазкур Низомнинг 4-банди «а», «б», «в» кичик бандларида (белгиланган миқдорда) ва «г» кичик бандида (тўлиқ миқдорда) назарда тутилган манбалардан бошқарувчи ташкилотнинг талаб қилиб олинадиган асосий депозит ҳисоб рақамига тушувчи маблағлар ҳар ойда тўплаш ҳисоб рақамига ўтказилади.
Талаб қилиб олинадиган асосий депозит ҳисоб рақамидаги қолган маблағларни бошқарувчи ташкилот амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ кўп квартирали уйларга жорий қараш учун мустақил равишда сарфлайди.
«Д», «е» ва «ж» кичик бандларда назарда тутилган манбалардан тушувчи маблағлар бевосита тўплаш ҳисоб рақамига ўтказилади.
Тўплаш ҳисоб рақамидаги маблағлардан объектларни капитал таъмирлашда фойдаланиш аниқ рўйхатга мувофиқ амалга оширилади.
6. Бошқарувчи ташкилот маблағ тўплаш бўйича тизимдан ташқари ҳисобни юритиш ва мазкур уйни капитал таъмирлаш давомида кейинчалик уларни ҳисобдан чиқариш учун хизмат кўрсатиладиган ҳар бир уй (квартира)га шахсий ҳисоб рақами (карточка) очади.
4-банднинг «в» ва «г» кичик бандларида назарда тутилган манбалардан белгиланган миқдорда тушган маблағлар тегишли кўп квартирали уйнинг шахсий ҳисоб рақамлари (карточкалари) бўйича тарқатилади.
7. Экстремал вазиятлар (ҳалокатлар, табиий офатлар ва бошқалар) пайдо бўлган тақдирда банкнинг маблағ билан таъминловчи бўлимлари томонидан кўрсатиб ўтилган ҳисоб рақамларидан пул маблағлари бошқарувчи ташкилотнинг биринчи талабига кўра берилади (йиллик фоиз ставкалари ва бошқалар ҳисобга олинган ҳолда).
IV. КАПИТАЛ ТАЪМИРЛАШДА МОЛИЯВИЙ РЕСУРСЛАРДАН ФОЙДАЛАНИШ ТАРТИБИ
8. Капитал таъмирлашни маблағ билан таъминлашни расмийлаштириш учун бошқарувчи ташкилот томонидан ваколатли банкка қуйидагилар ҳам тақдим этилади:
уй-жой фондини капитал таъмирлашни маблағ билан таъминлашнинг маблағ билан таъминлаш манбалари кўрсатилган ҳолдаги режаси (1-илова);
объектларни капитал таъмирлашнинг аниқ рўйхати (2-илова);
(8-банднинг бешинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 18 майдаги 127-сон қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2005 й., 19-20-сон, 143-модда)
йиллик аниқ дастурда назарда тутилган бутун иш ҳажми юзасидан бошқарувчи ташкилот ва пудрат ташкилоти ўртасидаги шартнома ҳамда шартноманинг объектлар бўйича ажратиладиган маблағлар кўрсатилган алоҳида шартлари.
9. Маблағларни ҳисобдан чиқариш 2-шакл бўйича, бир ойда бажарилган иш ҳажмларини қабул қилиб олиш юзасидан белгиланган тартибда расмийлаштирилган далолатномалар асосида амалга оширилади.
V. КЎП КВАРТИРАЛИ УЙЛАРНИ КАПИТАЛ ТАЪМИРЛАШГА АЖРАТИЛГАН ПУЛ МАБЛАҒЛАРИДАН БЕЛГИЛАНГАН МАҚСАДДА ФОЙДАЛАНИЛИШИНИ НАЗОРАТ ҚИЛИШ
10. Кўп квартирали уйларни капитал таъмирлашнинг аниқ рўйхатида назарда тутилган объектлар лойиҳа-смета, тендер ҳужжатларининг тўғрилигини, тўпланган маблағлардан белгиланган мақсадда фойдаланилишини ва уй-жой фондини капитал таъмирлаш сифатини назорат қилиш қонун ҳужжатларига мувофиқ маҳаллий ҳокимият ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан амалга оширилади.
11. Кўп квартирали уй-жойларни капитал таъмирлаш бўйича бажарилган ишларнинг назорат ўлчовлари ихтисослаштирилган хизматлар томонидан, бошқарувчи ташкилот билан тузилган шартнома асосида амалга оширилади.
12. Назорат ўлчовлари ва маблағ олиш учун асос бўладиган ҳисоб-китоб ҳужжатларини текшириш натижасида бажарилган ишлар ҳажми ва қиймати ошириб ёзилгани аниқланган тақдирда ортиқча олинган сумма белгиланган навбат бўйича таъмирлаш-қурилиш ташкилотлари ва бошқа ташкилотлардан ундирилади, аниқланган ошириб ёзишлар учун жавобгарлик эса қонунчиликда белгиланган тартибда белгиланади.
LexUZ шарҳи
Юридик шахсларнинг ҳисоб рақамларида маблағи етарли бўлмаган тақдирда, уларни ҳисобдан чиқариш кетма-кетлиги, Хўжалик юритувчи субъектларнинг банклардаги ҳисобварақларидан пул маблағларини ўчириш тартиби тўғрисидаги Йўриқномага (рўйхат рақами 615, 1999 йил 30 январь) асосан амалга оширилади. Қонунбузилишнинг хусусиятидан келиб чиқиб, айбдор шахслар фуқаролик-ҳуқуқий, жиноий, маъмурий, интизомий жавобгарликка тортиладилар.
VI. ҲИСОБ РАҚАМЛАРИНИ ЁПИШ ВА УЛАРДА ҚОЛГАН МАБЛАҒЛАРДАН ФОЙДАЛАНИШ ТАРТИБИ
13. Капитал таъмирлаш учун жамғарма депозит ҳисоб рақамларига ўтказилган ва йил охиригача фойдаланилмаган ушбу Низомнинг 4-бандида кўрсатилган маблағлар, йиллик фоиз ставкаларини ҳисобга олган ҳолда, маблағларни тўплаш ҳисоб рақамида жамланади ва олиб қўйилмайди.
14. Пул маблағларини пул қадрсизланиши жараёнларидан ҳимоя қилиш мақсадида бошқарувчи ташкилотлар, амалдаги қонунчиликка мувофиқ, тасдиқланган аниқ рўйхатларда белгиланган муддатларда капитал таъмирлаш бошлангунгача, маблағлардан кредит ресурси сифатида фойдаланиш тўғрисида хизмат кўрсатувчи банк билан депозит юзасидан шартномалар тузишлари мумкин.
LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси банкларида очиладиган банк ҳисобварақлари тўғрисидаги Йўриқнома (рўйхат № 1948, 27.04.2009 й.).
15. Бошқарувчи ташкилот қайта ташкил этилган ёки тугатилган тақдирда ҳисоб рақамидаги фойдаланилмаган маблағлар қолдиғи уйлар ва уй-жой мулкдорлари кўрсатилган ҳолда капитал таъмирлаш учун тўпланган ва фойдаланилмаган маблағлар акс эттирилган шахсий ҳисоб рақамлар билан биргаликда унинг ҳуқуқий ворисига берилади.
16. Алоҳида турган уй (уйлар) мулкдорлари-ширкат аъзоларининг бир қисми ширкатдан чиққан тақдирда ушбу уй мулкдорлари томонидан тўпланган маблағлар 2000 йил 1 январдан бошлаб шахсий ҳисоб рақамларига (карточкаларга) мувофиқ бошқарувчи ташкилот оборотидан чиқарилади ва уй-жойни оператив бошқариш ўз тасарруфига ўтадиган бошқарувчи ташкилот ҳисоб рақамига ўтказилади.
2000 йил 1 январдан кейин капитал таъмирланган уй-жой оператив бошқаришдан чиққан тақдирда тўплаш ҳисоб рақамидан капитал таъмирлаш учун олинган маблағлар кўрсатиб ўтилган уй томонидан маблағлар йиғилгандан кейин янги бошқарувчи ташкилотга қайтарилади.
Капитал таъмирлаш учун вақтинчалик қарзга олинган маблағларни ўтказиш ёки қайтариш тартиби, муддатлари мавжуд қонунчиликка мувофиқ бошқарувчи ташкилотлар ўртасидаги битим (шартнома) билан расмийлаштирилади.
(16-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 18 майдаги 127-сон қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ 2005 й., 19-20-сон, 143-модда)
17. Кўп квартирали уй-жой бузиб ташланган тақдирда тўплаш ҳисоб рақамида йиғилган ва фойдаланилмаган маблағлар уй-жой мулкдорларига, улар қўшган маблағларга мувофиқ қайтариб берилади.
Кўп квартирали уйларни капитал таъмирлаш учун маблағлар тўплаш (йиғиш) ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги Вақтинчалик низомга 1-ИЛОВА