Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Туркманистон Ҳукумати ўртасида
Битим
Халқаро автомобилда йўловчи ва юк ташиш алоқаси тўғрисида
1996 йил 16 январь, Чоржўй
LexUZ шарҳи
Мазкур Битим Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1996 йил 11 мартдаги 86-сонли «Ҳукуматлараро битимларни тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори билан тасдиқланган.
(1998 йил 6 апрелдан кучга кирди)
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Туркманистон Ҳукумати кейинги ўринларда «Аҳдлашувчи Томонлар» деб аталади,
савдо ва иқтисодий муносабатларни ўзаро манфаатли ривожлантиришга хоҳиш билдириб,
тенг ҳуқуқлилик ва ўзаро манфаатли асосда ҳар икки давлат ўртасида ҳамда улар ҳудудлари орқали транзит тарзда халқаро автомобилда йўловчи ва юк ташишни енгиллаштириш ва тартибга солиш мақсадида,
қуйидагилар ҳақида келишиб олдилар:
1-модда Қўлланиш соҳаси
1. Ушбу Битим қоидалари икки давлатдан бирининг ҳудудида рўйхатга олинган автотранспорт воситалари орқали Ўзбекистон Республикаси билан Туркманистон ўртасида бевосита, улар ҳудудлари орқали транзит тарзда бажариладиган йўловчилар ва юк ташишларга, шунингдек, учинчи мамлакатларга ёки учинчи мамлакатлардан ташишларга нисбатан қўлланади.
2. Ушбу Битим тегишли Томон учун амал қиладиган халқаро автомобилда юк ва йўловчи ташишлар соҳасидаги бошқа икки томонлама ёки кўп томонлама битимларга асосланган Аҳдлашувчи Томонларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятларига тааллуқли бўлмайди.
2-модда Таърифлар
Ушбу Битим мақсадлари учун:
1) «ташувчи» атамаси остида асосий манзили Ўзбекистон Республикаси ёки Туркманистонда бўлган, давлатда амал қилаётган автотранспорт воситасини рўйхатга олишнинг миллий қонунчилигига мувофиқ тижорат асосида ёки ҳисобига халқаро йўловчи ёки юк ташишларни бажариш ваколатига эга бўлган ҳар қандай жисмоний ёки ҳуқуқий шахс тушунилади;
2) « автотранспорт воситаси» термини остида қуйидагилар тушунилади:
а) қурилган ва ҳайдовчини ҳам қўшиб ҳисоблаганда тўққиз кишидан зиёд йўловчини ёки юкларни ташишга қўлланадиган, икки давлатдан бирининг ҳудудида рўйхатга олинган механик куч билан ишлайдиган ҳар қандай автотранспорт воситаси;
б) юкларни ташишга мўлжалланган механик куч билан ишлайдиган ҳар қандай автотранспорт воситаси, шу жумладан, битта шатакчи автомобиль ва тиркама ёки ярим тиркама бирикмаси, айни пайтда шатакчи автомобиль ҳар икки давлатдан бири ҳудудида рўйхатга олинган бўлиши керак.
3) «рухсатнома» атамаси остида Аҳдлашувчи Томонлардан ҳар бирининг амалдаги қонунчилигига мувофиқ йиғимларни тўлаб ёки йиғимларни тўлашдан озод қилиб фойдаланиш учун берилган муайян шаклдаги ҳужжат тушунилади ва у амал қилиш муддати давомида юк ташувчилари учун ташувчига бевосита йўналиш бўйича у ёққа ва орқага ёки бошқа Аҳдлашувчи Томон давлати ҳудуди бўйлаб битта ташиш ҳуқуқини беради, йўловчилар ташиш учун эса ташувчига муайян давр давомида ташишларни амалга ошириш ҳуқуқини беради;
4) «махсус рухсатнома» атамаси остида ташувчига Аҳдлашувчи Томоннинг амалдаги ички қонунчилигига мувофиқ ташиш амалга оширилаётган ҳудуд бўйлаб йирик габаритли, оғир юк тортувчи транспорт воситасида ташишларни бажариш, шунингдек, хавфли юкларни ташишларни бажариш ҳуқуқини берадиган ҳужжат тушунилади.
Йўловчиларни ташиш 3-модда Мунтазам ташишлар
1. Автобусларда йўловчиларни мунтазам ташишлар келишилган жадвал ва тарифлар билан, йўловчиларни бошланғич ва охирги пунктларда, шунингдек, олдиндан келишилган бошқа тўхташ пунктларида чиқариш ва туширишни амалга ошириш ҳуқуқи билан муайян йўналишлар бўйича бажарилади.
2. Мунтазам автобус алоқаси миллий қонунчилик талабларига мувофиқ ҳар бир Аҳдлашувчи Томоннинг ваколатли органи (14-модда) унинг ҳудудидан ўтадиган йўналишлар олдиндан маъқуллашган ҳолда ташкил этилиши мумкин. Маъқуллашни ваколатли органларнинг мунтазам қатновларни очиш тўғрисидаги қарори асосида 1 йилдан 5 йилгача муддатга тақдим этиш мумкин.
3. Ушбу модданинг 2-бандига мувофиқ маъқуллаш учун талабномалар ёзма тарзда бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг ваколатли органига берилади.
Талабномада қуйидаги маълумотлар бўлиши керак: ташувчининг фамилияси, исми ва манзили ҳамда ташишларни ташкил этаётган фирманинг номи, тарифлар, йўналиш, ҳаракат жадвали, ташишларни бажаришнинг белгиланган даври ва тезлиги, йўловчиларни чиқариш ва тушириш пунктлари, автотранспорт воситасидан фойдаланиш муддати, шунингдек, рўйхатга олиш рақами ва сиғими.
4. Аҳдлашувчи Томонлардан ҳар бирининг ваколатли органлари икки томоннинг розилиги ёки ушбу Битимнинг 15-моддасида кўрсатилган аралаш комиссия қарори билан қуйидаги масалаларни белгилайдилар:
а) янги автобус йўлларини ишга тушириш;
б) автотранспорт воситаларининг ҳаракат жадвали;
в) тарифлар;
г) ташиш шартлари (юриш йўналишлари);
д) маълум йўналишлар бўйича мунтазам автобус алоқаларини қисқартириш, ривожлантириш ёки тўхтатиш;
е) рухсатномалар миқдори ва тури;
ж) мунтазам алоқаларга тааллуқли бўлган бошқа масалалар.
4-модда Номунтазам ташишлар
1. Номунтазам ташишларни Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг ташувчилари фақат бошқа Аҳдлашувчи Томон ваколатли органи олдиндан берган рухсатномалар асосида амалга оширишлари мумкин, ушбу Битимнинг 6-моддасида кўрсатилган ҳоллар бундан мустаснодир.
2. Ушбу модданинг 1-бандига мувофиқ рухсатномалар олиш учун талабномалар ёзма тарзда бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг ваколатли органига олдиндан берилади ва унда қуйидаги маълумотлар бўлиши керак: ташувчининг фамилияси, исми ва манзили, ташишларни ташкил этувчи фирманинг номи ва манзили, ташишларнинг йўналиши, уларни амалга ошириш даври, шунингдек, автотранспорт воситасининг рўйхатга олиш рақами ва сиғими.
Куйидагилар рухсатномалар олишдан озод этилган ва йўловчилар рўйхати мавжуд бўлганда бажариладиган бевосита йўналишдаги йўловчилар ташиш ҳисобланади:
Автотранспорт воситаси рўйхатга олинган давлатда бошланадиган ва тугалланадиган, тегишли Аҳдлашувчи Томон давлати ҳудудидан ташқарида ташиш ва тўхташ вақтида ҳеч қандай чиқариш ва тушириш амалга оширилмайдиган бутун юриш даврида бир гуруҳ йўловчиларнинг ўзини битта автотранспорт воситаси билан ташиш («ёпиқ эшикли транспорт»).
Юкларни ташиш 6-модда Рухсатномалар
1. Икки давлат ўртасида бевосита алоқа бўйича ёки транзит тарзда юк автотранспорти воситаларида юкларни ташиш ёки юксиз юриш рухсатномалар асосида амалга оширилади, ушбу Битимнинг 8-моддасида кўрсатилган ҳоллар бундан мустаснодир.
2. Рухсатнома автотранспорт воситаси рўйхатга олинган давлатнинг Аҳдлашувчи Томони ваколатли органи томонидан ташувчи номига берилади. Бу рухсатномани бошқа ташувчига бериш ёки ундан бошқа автотранспорт воситаси учун фойдаланиш ман этилади.
3. Рухсатнома ташувчига бевосита алоқа бўйича юкларни ташиш, шунингдек, агар бу юклар автотранспорт воситаси рўйхатга олинган давлатга мўлжалланган бўлса, бошқа Аҳдлашувчи Томон давлати ҳудудидан юкларни ортиш, орқага қайтишда ташиш ҳуқуқини беради.
4. Ҳар икки Аҳдлашувчи Томоннинг ваколатли органлари йўл ва транзит йиғимларига ҳақ тўлаб ёки тўламай ўзаролик асосида рухсатномалар турлари ва миқдорини келишадилар ҳамда уларни айирбошлайдилар.
7-модда Рухсатнома олишдан озод қилинган ташишлар
1. Тегишли ҳужжатлар мавжуд бўлганда бевосита ва транзит алоқада юк автотранспорти воситалари билан бажариладиган қуйидаги ташишлар рухсатномалардан озод қилинади:
а) шикастланган ёки аварияга учраган автотранспорт воситаларини алмаштириш учун бўш автотранспорт воситалари, шунингдек, уларни шатакка олиш ва тузатиш мақсадидаги техник ёрдам автомобиллари;
б) вафот этганларнинг жасадлари ва хоки;
в) ёйма бозорлар, кўргазмалар ёки бошқа маданий тадбирлар учун мўлжалланган буюмлар ва санъат асарлари;
г) қайтариб олиб кетиш шарти билан реклама мақсадларида фойдаланиладиган буюмлар ва ускуналар;
д) кўчаётгандаги кўчар мулк;
е) театр, кинотеатр, спорт ва мусиқа тадбирлари, ёйма бозорлар, кўргазмалар учун ва цирк тадбирлари, шунингдек кино, радио- ва теле-ёзув учун мўлжалланган аппаратлар, буюмлар ва ҳайвонлар;
ж) тез тиббий ёрдам кўрсатишга, хусусан, табиий офат рўй берганда зарур бўладиган буюмлар, шунингдек, инсонпарварлик ёрдами доирасидаги юклар учун;
з) умумий фойдаланишдаги почта ташишлари.
2. Ушбу Битимнинг 15-моддасида кўрсатилган аралаш комиссия мазкур моддада келтирилган рўйхатни тўлдириш ваколатига эгадир.
Умумий қоидалар 8-модда Каботаж
Аҳдлашувчи Томондан бирининг ташувчисига бошқа Аҳдлашувчи Томон давлати ҳудудида икки пункт ўртасида йўловчи ёки юк ташишга рухсат этилмайди.
9-модда Учинчи давлатлардан ва учинчи давлатларга ташишлар
Аҳдлашувчи Томонлар бирининг ташувчилари юк ташишларни бошқа Аҳдлашувчи Томон ҳудудидан учинчи давлатларга, шунингдек, бошқа Аҳдлашувчи Томон ваколатли органи рухсатномасини олгандан кейин учинчи давлатдан бошқа Аҳдлашувчи Томон ҳудудига амалга оширишлари мумкин.
10-модда Автотранспорт воситаларининг оғирлиги ва габаритлари
1. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон ҳудудида йўл қўйилиши мумкин бўлган автотранспорт воситаларининг оғирлиги, габаритлари ва ўқига босим нормалари миллий қонунчиликка мувофиқ белгиланади.
2. Агар автотранспорт воситаси оғирлиги, габаритлари ва ўқига босими Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг ҳудудида йўл қўйилган чегарадан ортиқ бўлган ҳолда ташиш учун ана шу Аҳдлашувчи Томоннинг ваколатли органи томонидан бериладиган махсус рухсатнома талаб этилади.
Агар ушбу рухсатнома автотранспорт воситасининг муайян йўналиш бўйича ҳаракатланишини назарда тутса, унда ташиш фақат шу йўналиш бўйича амалга оширилиши керак.
3. Махсус рухсатнома ушбу Битимнинг 6-моддаси 1-бандида кўрсатилган ташиш учун рухсатнома олиш заруратини истисно этмайди.
11-модда Хавфли юкларни ташиш
1. Хавфли юкларни ташиш йўналиш давлат ҳудудидан ўтган Аҳдлашувчи Томоннинг миллий қонунчилигига мувофиқ ва тегишли ваколатли орган берган махсус рухсатнома асосида амалга оширилади.
Агар бу рухсатнома автотранспорт воситасининг муайян йўналиш бўйича ҳаракатланишини назарда тутса, унда ташиш фақат ана шу йўналиш бўйича амалга оширилиши керак.
2. Махсус рухсатнома ушбу Битимнинг 6-моддаси 1-бандида кўрсатилган ташиш учун рухсатнома олиш заруратини истисно этмайди.
12-модда Ҳужжатларни назорат қилиш
1. Аҳдлашувчи Томонларнинг ваколатли органлари миллий қонунчиликка мувофиқ ушбу Битим қоидаларига асосан бажариладиган ташишлар устидан назоратни амалга оширадилар.
2. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон ўз ҳудудида ҳар иккала мамлакат ваколатли органлари берган рўйхатга олиш ҳужжатларини ва транспорт воситаларига берилган номер белгиларини, шунингдек, автотранспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берадиган малака гувоҳномаларини тан олади.
3. Ушбу Битим қоидаларига мувофиқ талаб этиладиган рухсатнома ва бошқа ҳужжатлар улар тааллуқли бўлган автотранспорт воситасида бўлиши ва ваколатли назорат қилувчи органлар талаби бўйича тақдим этилиши керак.
4. Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг ҳудудида рўйхатга олинган, бошқа Аҳдлашувчи Томон ҳудудида халқаро ташишларни бажарадиган автотранспорт воситаларининг ҳайдовчилари миллий ёки халқаро ҳайдовчилик гувоҳномаларига, автотранспорт воситаларига тегишли миллий ҳужжатларга ва халқаро нормаларга мувофиқ бошқа ҳужжатларга эга бўлишлари керак.
13-модда Божхона қоидалари
1. Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг давлат ҳудудида рўйхатга олинган автотранспорт воситалари, шунингдек, ушбу Битимда кўрсатилган ташишлар учун фойдаланиладиган тиркамалар ёки ярим тиркамалар улар қайтариладиган бўлса, бошқа Аҳдлашувчи Томон давлат ҳудудида бож пошлиналари тўлашдан озод қилинган ҳолда вақтинча қўйилади.
Худди шундай тартиб транспорт фаолияти учун зарур бўлган, ушбу автотранспорт воситалари билан олиб кирилган ва улар билан бирга қайтарилган эҳтиёт қисмлар, буюмлар ва одатдаги ускунага ҳам тааллуқли бўлади.
2. Автотранспорт воситаларига ўрнатилган ва уларни тайёрлаган завод томонидан кўзда тутилган баклардаги ёнилғи, шунингдек, ташишнинг тегишли даврида автотранспорт воситасининг фаолият кўрсатиши учун талаб қилинадиган миқдордаги мойлаш материаллари олиб кириш учун бож пошлиналари тўлашдан озод қилинади.
3. Бошқа Аҳдлашувчи Томон давлат ҳудудига вақтинча қўйилган автотранспорт воситасини тузатиш учун эҳтиёт қисмларни олиб кириш бож пошлиналари тўлашдан озод қилинади.
4. Чегарадан ўтиш билан боғлиқ бўлган чегара, санитар, фитосанитар ва божхона назоратига нисбатан ушбу Аҳдлашувчи Томон давлати ҳудудида амал қилаётган миллий қонунчилик қоидалари, шунингдек, Аҳдлашувчи Томонлар қатнашчилари бўлган халқаро Битимлар қоидалари қўлланилади.
14-модда Ваколатли органлар
Куйидагилар ушбу Битим қоидаларини бажаришга ваколат берилган ваколатли органлар ҳисобланадилар:
Ўзбекистон ҳудудида Ўзбекистон Автомобиль транспорти вазирлиги, солиқ солиш борасида Ўзбекистон автомобиль транспорти давлат-акционерлик корпорацияси, ва
Туркманистон ҳудудида Туркманистон Автомобиль транспорти вазирлиги, солиқ солиш борасида Туркманистон Иқтисодиёт ва молия вазирлиги.
Аҳдлашувчи Томонлар тегишли ваколатли органлар номларининг ҳар қандай ўзгариши ҳақида бир-бирларини ўзаро хабардор қиладилар.
15-модда Аралаш комиссия
1. Ушбу Битимни талқин этиш ва қўллашдан келиб чиқадиган масалаларни кўриб чиқиш ва ҳал этиш учун аралаш комиссия тузилади, унинг таркибида ҳар иккала Аҳдлашувчи Томоннинг ваколатли органлари вакиллари бўлади.
2. Аралаш комиссия мажлислари ваколатли органлардан бирининг илтимосига кўра ҳар бир Аҳдлашувчи Томонлардан бири давлати ҳудудида навбати билан ўтказилади.
16-модда Йиғимлар ва тўловлар
1. Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг ташувчилари ушбу Битим қоидаларига мувофиқ бажарган йўловчилар ва юкларни ташишдан олинган даромадлар, шунингдек, бундай ташишлар амалга оширилган автотранспорт воситалари бошқа Аҳдлашувчи Томон давлати ҳудудида даромаддан олинадиган солиқлардан ва мулкдан олинадиган солиқлардан ўзаро озод қилинадилар.
2. Ушбу Битимни қўллашдан келиб чиқадиган барча тўловлар эркин муомаладаги валютада амалга оширилади. Аҳдлашувчи Томонлар ўртасида тўловлар ҳақида шартнома тузилган ҳолларда унинг қоидалари қўлланади.
3. Автотранспорт воситаларини халқаро алоқада фойдаланиш натижасида олинган даромадларга транспорт корхонасини бошқариш ҳақиқий жойлашган давлат ҳудудида солиқ солинади. Аҳдлашувчи Томонлар икки томонлама солиқ солишни бартараф этиш тўғрисида Битим тузган ҳолларда, ана шу Битим қоидалари қўлланади.
4. Аҳдлашувчи Томонлар экспорт/импорт солиқларидан ва бошқа Аҳдлашувчи Томон ҳудудида ишлаётган автомобиль транспорти солиқлардан озод қилинадилар, қуйидагилар бундан мустаснодир:
а) йўллардан фойдаланганлик учун йиғим (пулли йўллар ва кўприклардан ўтиш);
б) йўлларни сақлаш ва транспортни бошқариш билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун йиғим;
в) ёнилғига ички ва халқаро нархлар ўртасидаги фарқни қоплаш учун йиғим;
г) автомобиль воситасининг оғирлиги, габаритлари, юк кўтаришининг ортиқлиги учун нормаларга мувофиқ йиғим ва Аҳдлашувчи Томонлар давлатлари қонунчилиги билан белгиланган бошқа йиғимлар.
17-модда Миллий қонунчиликни қўллаш
Ушбу Битим ёки ҳар иккала давлат иштирок этаётган халқаро битимлар, келишувлар ёки битимлар қоидалари билан тартибга солинмаган барча ҳолларда ҳар бир Аҳдлашувчи Томоннинг унинг ҳудудида амал қилувчи миллий қонунчилиги қўлланади.
18-модда Жарималар
1. Аҳдлашувчи Томондан бирининг ташувчиси ёки автотранспорт воситасига хизмат кўрсатадиган ходими бошқа Аҳдлашувчи Томон давлати ҳудудида амал қиладиган қонунчиликка ёки ушбу Битим қоидаларига риоя этмаган ҳолларда ҳудудида қоидабузарлик рўй берган давлатнинг ваколатли органи қуйидаги чораларни кўриши мумкин:
а) ташувчини йўл қўйган қоидабузарлиги учун огоҳлантириш;
2. Бундай чораларни кўрган ваколатли орган бу ҳақда бошқа Аҳдлашувчи Томон ваколатли органини хабардор қилади.
3. Бу модда қоидалари қоидабузарлик рўй берган давлат суди ёки маъмурий органи томонидан ички қонунчиликка мувофиқ кўриши мумкин бўлган чораларни истисно этмайди.
19-модда Авариялар ёки бахтсиз ҳодисалар рўй берганда ёрдам кўрсатиш
Аҳдлашувчи Томонларнинг ваколатли органлари бошқа Аҳдлашувчи Томон транспорт воситалари ёки экипаж аъзолари билан авария ёки бахтсиз ҳодиса рўй берганда зарур ёрдам кўрсатади, оғир авариялар ёки бахтсиз ҳодисалар рўй берганда эса бу ҳақда бошқа Аҳдлашувчи томонни хабардор қиладилар ва текшириш натижалари ҳақида ахборот берадилар.
20-модда Баҳс
Ушбу Битимни талқин этиш ёки қўллашга оид ҳар қандай баҳс Аҳдлашувчи Томонлар ваколатли органлари ўртасидаги бевосита музокаралар олиб бориш йўли билан ҳал этилади.
Агар бу ваколатли органлар битимга келишолмасалар, ҳар қандай баҳс дипломатия йўли билан тартибга солиниши керак.
21-модда Кучга киритиш
Ушбу Битим Аҳдлашувчи Томонлар нотификация орқали бир-бирларини зарур расмиятчиликлар ҳар икки давлатда ички қонунчиликка мувофиқ бажарилгани ҳақида хабардор қилган кундан бошлаб 30 кундан кейин кучга киради.
22-модда Битимни ўзгартириш
Ушбу Битимга киритиладиган ҳар қандай ўзгартириш Аҳдлашувчи Томонларнинг музокаралари орқали келишиб олинади ва 21-модда қоидаларига мувофиқ кучга киради.
23-модда Битимнинг ҳақиқийлиги
Ушбу Битим 5 йил муддатга тузилади ва Аҳдлашувчи Томонлардан бири унинг амал қилиш муддати тугашидан камида 90 кун олдин ўзининг ушбу Битим амал қилишини тўхтатиш ҳақидаги ниятини маълум қилмаса, ҳар сафар навбатдаги 5 йилга ўз-ўзидан узайтирилаверади.
1996 йил 16 январда, Чоржўй шаҳрида, икки нусхада, ҳар бири ўзбек, туркман ва рус тилларида тузилди, барча матнлар бир хил кучга эгадир. Ушбу Битимни талқин этишда англашилмовчиликлар пайдо бўлган тақдирда рус тилидаги матн асос учун қабул қилинади.