toggle_night_mode
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Вояга етмаганлар учун мўлжалланган дори воситаларини реклама қилишга рухсатнома бериш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида
«Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисида», «Реклама тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг «Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга ошириш чора-тадбирлари ҳақида» 2013 йил 15 августдаги 225-сон қарорига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Вояга етмаганлар учун мўлжалланган дори воситаларини реклама қилишга рухсатнома бериш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ушбу қарорга мувофиқлаштирилишини таъминласин.
3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.И. Икрамов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2014 йил 15 декабрь,
341-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 15 декабрдаги 341-сон қарорига
ИЛОВА
Вояга етмаганлар учун мўлжалланган дори воситаларини реклама қилишга рухсатнома бериш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
I. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом «Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисида», «Реклама тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг қонунларига мувофиқ вояга етмаганларга мўлжалланган дори воситаларини реклама қилишга рухсатнома бериш тартибини белгилайди.
2. Профилактика, диагностика қилиш ва касалликларни даволаш учун фойдаланиладиган, шу жумладан тиббий жиҳатдан қўллаш йўриқномасига мувофиқ 18 ёшга тўлмаган шахслар томонидан фойдаланиладиган дори воситаси вояга етмаганлар учун мўлжалланган дори воситаси (кейинги ўринларда дори воситаси деб аталади) ҳисобланади.
3. Дори воситаларини реклама қилиш фақат ушбу Низомга мувофиқ берилган рухсатнома мавжуд бўлганда амалга оширилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Фақат рецептсиз бериладиган дори воситаларини реклама қилишга рухсат этилади.
(3-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 6 апрелдаги 185-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 14-сон, 228-модда)
 LexUZ шарҳи
(3-банднинг иккинчи хатбошисига киритилган ўзгартириш Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 6 апрелдаги 185-сонли қарорига асосан 2017 йилнинг 1 июлидан эътиборан кучга киради.
4. Дори воситаларини реклама қилиш учун рухсатнома бериш ушбу Низомнинг 1-иловасига мувофиқ схема бўйича амалга оширилади.
5. Дори воситаларини реклама қилиш учун рухсатнома (кейинги ўринларда рухсатнома деб аталади) Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги (кейинги ўринларда ваколатли орган деб аталади) томонидан ушбу Низомнинг 2-иловасига мувофиқ шакл бўйича берилади.
6. Реклама қилишга рухсатнома бериш учун ариза билан ваколатли органга реклама берувчи, реклама яратувчи ёки рекламани тарқатувчи юридик ва жисмоний шахслар (кейинги ўринларда ариза берувчи деб аталади) мурожаат қилишлари мумкин.
7. Рухсатнома Ўзбекистон Республикасида реклама қилиш мўлжалланаётган дори воситасини рўйхатдан ўтказиш гувоҳномасининг амал қилиш муддатига берилади.
Рухсатнома реклама қилинадиган ҳар бир дори воситасига алоҳида берилади.
8. Амалдаги рухсатнома ўрнига янги рухсатнома реклама матни ўзгарган тақдирда олиниши зарур.
II. Рухсатнома беришга доир талаблар ва шартлар
9. Қуйидагилар рухсатнома бериш учун риоя этилиши мажбурий талаблар ва шартлар ҳисобланади:
а) рекламада қуйидагилар мавжуд бўлиши лозим:
дори воситасининг тўлиқ (шу жумладан халқаро фармокологик) номи ва ишлаб чиқарувчининг номи, дори воситасидан фойдаланиш ёки уни қўлланиш тўғрисида ахборот, шу жумладан қўлланишга доир асосий кўрсатмалар, сертификатлар мавжудлиги ҳақидаги маълумот;
дори воситасидан фойдаланиш ёки уни қўллаш мумкин бўлмаган ҳолатлар, фойдаланиш ёки қўллашга доир йўриқнома билан танишиш ёхуд мутахассисларнинг маслаҳатини олиш зарурлиги тўғрисидаги огоҳлантириш. Бунда огоҳлантиришга телевидениеда реклама учун жами мўлжалланган майдоннинг камида 10 фоизи, шунингдек радиода дори воситасининг овозли рекламаси ролигига эфир вақтининг камида 5 секунди ажратилиши лозим;
қонун ҳужжатларида рекламага қўйиладиган бошқа талабларга жавоб бериши зарур;
б) реклама:
дори воситасини ноёб, энг самарали, қўшимча таъсирларнинг мавжуд эмаслиги жиҳатидан энг хавфсиз восита сифатида ифодаламаслиги;
дори воситасининг таркиби, ишлаб чиқарилиши, янгилиги ёки патентланганлиги хусусида янглиш тасаввур бермаслиги;
ишлаб чиқарувчи — рақобатчиларнинг обрўсига ёки товар белгисига (хизмат кўрсатиш белгисига), фирма номига, маҳсулотига, фаолиятига путур етказмаслиги;
ўзларининг машҳурлиги туфайли дори воситаларини қўллашни рағбатлантириши мумкин бўлган олимлар, соғлиқни сақлаш ходимлари, шунингдек давлат органлари мансабдор шахслари ёки бошқа шахсларнинг тавсияларини далил қилиб келтирмаслиги;
дори воситасининг фақат ёки асосан болалар учун мўлжалланганлигини кўрсатмаслиги;
дори воситасининг вояга етмаганлар томонидан қабул қилинаётганлиги ҳолатини ифодаламаслиги;
мазкур дори воситасининг хавфсизлиги ва самараси унинг табиий келиб чиқиши билан боғлиқ эканлигини тасдиқламаслиги;
рекламанинг таъсирини кучайтириш мақсадида бошқа дори воситалари билан муболағали таққослашга йўл қўймаслиги;
тиббий маслаҳатлар ёки жарроҳлик операцияларининг кераксизлиги тўғрисида тасаввур пайдо қилмаслиги;
мазкур дори воситасининг таъсири кафолатланганлиги тўғрисидаги фикрни тасдиқламаслиги;
дори воситасини қўлламаслик одам соғлиғини ёмонлаштириши тўғрисидаги фикрни истеъмолчининг онгига сингдирмаслиги керак;
Олдинги таҳрирга қаранг.
(9-банднинг «в» кичик банди Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 7 февралдаги 67-сонли қарорига асосан чиқарилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 15.02.2025 й., 09/25/67/0145-сон)
г) дори воситаси Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтказилган ва унинг амалдаги рўйхатдан ўтказилганлик гувоҳномаси бўлиши керак.
III. Рухсатнома олиш учун зарур бўлган ҳужжатлар
10. Рухсатнома олиш учун ариза берувчи ваколатли органга қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:
а) рухсатнома бериш тўғрисида мазкур Низомнинг 3-иловасига мувофиқ шакл бўйича ариза;
Олдинги таҳрирга қаранг.
(10-банднинг «б» кичик банди Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 20 декабрдаги 1001-сонли қарорига асосан чиқарилган — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 23.12.2017 й., 10/17/1001/0447-сон)
в) реклама материаллари (матн, сценарий, видео, аудио, мақола, модуль ва бошқалар);
г) рухсатнома бериш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш учун йиғим тўланганлигини тасдиқловчи банк ҳужжати.
11. Ариза берувчидан ушбу Низомнинг 10-бандида назарда тутилмаган ҳужжатларнинг тақдим этилишини талаб қилишга йўл қўйилмайди.
12. Рухсатнома олиш учун зарур бўлган ҳужжатлар ариза берувчи томонидан ваколатли органга бевосита, почта алоқаси воситалари орқали ёки электрон шаклда, улар олинганлиги ҳақидаги хабардорнома билан бирга тақдим этилади. Электрон шаклда тақдим этилган ҳужжатлар ариза берувчининг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланади.
13. Рухсатнома олиш учун ваколатли органга тақдим этилган ҳужжатлар рўйхат бўйича қабул қилинади, рўйхат ваколатли орган томонидан ҳужжатлар қабул қилинган сана тўғрисида белги қўйилган ҳолда дарҳол ариза берувчига топширилади (юборилади).
14. Рухсатнома олиш учун ариза берувчи томонидан тақдим этилган ҳужжатлар барча ҳолларда, токи ваколатли орган уларнинг ишончсизлигини исботламагунгача ишончли ҳисобланади.
IV. Аризани кўриб чиқиш ва рухсатнома бериш ёки рухсатнома беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилиш
Олдинги таҳрирга қаранг.
15. Рухсатнома бериш тўғрисидаги ариза кўриб чиқилганлиги учун қонун ҳужжатларида белгиланган базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баробари миқдорида йиғим ундирилади. Ариза кўриб чиқилганлиги учун йиғим суммаси ваколатли органнинг ҳисоб рақамига ўтказилади. Ариза берувчи берилган аризасидан воз кечган тақдирда тўланган йиғим суммаси қайтарилмайди.
(15-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 28 декабрдаги 1046-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 29.12.2019 й., 09/19/1046/4242-сон)
16. Ваколатли орган рухсатнома бериш тўғрисидаги аризани ариза берувчидан ушбу Низомнинг 10-бандида назарда тутилган барча зарур ҳужжатлар қабул қилиб олинган санадан бошлаб ўн иш кунидан ошмайдиган муддатда кўриб чиқади.
17. Рухсатнома бериш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш учун ваколатли орган томонидан дори воситаларини реклама қилиш учун рухсатнома бериш бўйича комиссия (кейинги ўринларда комиссия деб аталади) тузилади.
18. Барча ҳужжатлар экспертизадан ўтказилгандан сўнг комиссия томонидан рухсатнома икки нусхада расмийлаштирилади ва реклама материали матни тасдиқланади, рухсатноманинг бир нусхаси (эълон қилинган материаллар, намуналар, видео ва аудиокассеталар, СD ва бошқалар) амал қилиш муддати тугагунга қадар ваколатли органда сақланади.
19. Рухсатнома олиш учун ариза берувчи томонидан ваколатли органга тақдим этилган ҳужжатлар ва материаллар қайтариб берилмайди.
20. Агар ваколатли орган аризани кўриб чиқишнинг белгиланган муддати мобайнида ариза берувчини рухсатнома бериш ёки уни беришни рад этиш тўғрисида хабардор қилмаса, ариза берувчи реклама қилиш учун рухсатнома олиш мўлжалланаётган дори воситасини реклама қилиш ҳуқуқига эга бўлади, бу ҳақда у ваколатли органни ёзма равишда хабардор қилади.
21. Ушбу Низомнинг 20-бандида назарда тутилган ҳолатда ваколатли орган ариза берувчининг ёзма хабарномаси олингандан кейин беш иш кун мобайнида унга рухсатнома бериши шарт. Рухсатнома олингунга қадар, тақдим этилган ҳужжатларнинг улар қабул қилиб олинган сана ҳақида белги қўйилган рўйхати ва ариза берувчи томонидан ваколатли органга йўлланган ёзма хабарнома рухсатномага тенглаштирилади ҳамда дори воситасини реклама қилиш учун асос ҳисобланади.
22. Ваколатли орган, тегишли қарор қабул қилинган санадан эътиборан бир иш кунидан кечикмай, ариза берувчига рухсатномани бериши (юбориши) ёки рухсатнома бериш рад этилганлиги тўғрисида уни ёзма шаклда хабардор қилиши шарт.
Рухсатнома берилганлиги учун йиғим ундирилмайди.
23. Қуйидагилар рухсатнома беришни рад этиш учун асос ҳисобланади:
рухсатнома берилиши учун зарур бўлган ҳужжатларнинг ариза берувчи томонидан тўлиқ бўлмаган ҳажмда тақдим этилганлиги;
ариза берувчининг рухсатнома беришга доир талаблар ва шартларга мувофиқ эмаслиги;
ариза берувчи томонидан тақдим этилган ҳужжатларда нотўғри ёки бузиб кўрсатилган маълумотларнинг мавжудлиги.
Рухсатнома беришнинг бошқа асослар, шу жумладан унинг мақсадга мувофиқ эмаслиги сабаблари бўйича рад этилишига йўл қўйилмайди.
24. Рухсатнома беришнинг рад этилганлиги ҳақидаги хабарнома ариза берувчига ёзма шаклда, рад этиш сабаблари, қонун ҳужжатларининг аниқ нормалари ва ариза берувчи кўрсатилган сабабларни бартараф этиб, такроран кўриб чиқиш учун ҳужжатларни тақдим этиши мумкин бўлган муддат кўрсатилган ҳолда юборилади (топширилади). Ариза берувчи рад этиш сабабларини бартараф этиб ва ҳужжатларни такроран кўриб чиқиш учун тақдим этиши мумкин бўлган муддат рухсатномани бериш рад этилганлиги ҳақидаги ёзма хабарнома олинган кундан эътиборан ўн иш кунидан кам бўлмаслиги керак.
25. Ариза берувчи рухсатнома беришни рад этиш учун асос бўлган сабабларни белгиланган муддатда бартараф этган тақдирда, ҳужжатлар такроран кўриб чиқиш, рухсатнома бериш ёки уни беришни рад этиш ариза берувчидан рад этиш сабаблари бартараф этилганлигини тасдиқловчи тегишли ҳужжатлар олинган кундан эътиборан ўн иш куни ичида ваколатли орган томонидан такроран кўриб чиқилади. Ариза такроран кўриб чиқилганлиги учун йиғим ундирилмайди.
26. Ҳужжатларни такроран кўриб чиқишда ариза берувчига илгари ёзма хабарномада баён қилинмаган рад этиш сабабларининг ваколатли орган томонидан келтирилишига йўл қўйилмайди, илгари кўрсатилган сабаблар бартараф этилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар билан боғлиқ рад этиш сабабларининг келтирилиши бундан мустасно.
27. Рухсатномани бериш рад этилганлиги ҳақидаги хабарномада кўрсатилган муддат ўтгандан кейин ариза берувчи томонидан топширилган ариза янгидан топширилган ҳисобланади ва ваколатли орган томонидан умумий асосларда кўриб чиқилади.
28. Ариза берувчи рухсатномани беришнинг рад этилганлиги, шунингдек ваколатли орган мансабдор (ваколатли) шахсининг ҳаракати (ҳаракатсизлиги) юзасидан белгиланган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқига эга.
V. Рухсатномани қайта расмийлаштириш, унинг амал қилиш муддатини узайтириш, дубликатлар бериш
29. Юридик шахс бўлган ариза берувчи қайта ташкил этилганда, унинг номи ёки жойлашган жойи (почта манзили) ўзгарганда, ариза берувчи ёхуд унинг ҳуқуқий вориси қайта рўйхатдан ўтгандан кейин етти иш куни мобайнида ваколатли органга рухсатномани қайта расмийлаштириш тўғрисидаги аризани, кўрсатилган маълумотларни тасдиқловчи ҳужжатларни илова қилган ҳолда, топширади.
Жисмоний шахс бўлган ариза берувчи ўзига берилган якка тартибдаги тадбиркорни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги гувоҳномада кўрсатилган фамилияси, исми, отасининг исми ёки фаолият кўрсатадиган жойи ўзгарган тақдирда, у қайта рўйхатдан ўтгандан кейин етти иш куни мобайнида ваколатли органга рухсатномани қайта расмийлаштириш тўғрисидаги аризани, кўрсатилган маълумотларни тасдиқловчи ҳужжатларни илова қилган ҳолда, топширади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Янгидан вужудга келган юридик шахсни давлат рўйхатидан ўтказиш санасида рухсатномага эга бўлган ариза берувчи юридик шахслар қўшиб юборилган тақдирда, рухсатномани ушбу банднинг биринчи хатбошида назарда тутилган тартибда қайта расмийлаштиришга йўл қўйилади.
Рухсатномадаги мавжуд маълумотлар мазкур банднинг биринчи — учинчи хатбошиларида назарда тутилмаган ҳолларда ўзгартирилган тақдирда, рухсатнома ариза берувчининг тегишли ҳужжатлар илова қилинган аризаси бўйича қайта расмийлаштирилади.
(29-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 29 октябрдаги 884-сонли қарорига асосан учинчи ва тўртинчи хатбошилар билан тўлдирилган — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 30.10.2018 й., 09/18/884/2128-сон)
Ҳужжатлар ариза берувчи томонидан ваколатли органга бевосита, почта алоқаси воситалари орқали ёки электрон шаклда, улар олинганлиги ҳақидаги хабарнома билан бирга тақдим этилади. Электрон шаклда тақдим этилган ҳужжатлар ариза берувчининг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланади.
Рухсатномани қайта расмийлаштиришда ариза берувчидан мазкур бўлимда назарда тутилмаган ҳужжатларни тақдим этишни талаб қилишга йўл қўйилмайди.
30. Рухсатнома қайта расмийлаштирилгунга қадар, рухсатномани қайта расмийлаштириш тўғрисида ариза берган ариза берувчи ёки унинг ҳуқуқий вориси рухсатномани қайта расмийлаштириш тўғрисида берилган, қабул қилиб олинган санаси ҳақида ваколатли органнинг белгиси қўйилган ариза асосида реклама қилишни амалга оширади.
Рухсатнома қайта расмийлаштирилганда ваколатли орган рухсатномалар реестрига тегишли ўзгартириш киритади. Рухсатномани қайта расмийлаштириш ва бериш рухсатномани қайта расмийлаштириш тўғрисидаги ариза тегишли ҳужжатлар илова қилинган ҳолда ваколатли орган томонидан қабул қилиб олинган кундан эътиборан икки иш кунидан кўп бўлмаган муддатда амалга оширилади.
31. Ушбу Низомда белгиланган ҳолатларда, рухсатномани қайта расмийлаштирганлик учун қайта расмийлаштириш тўғрисида ариза берилган санада рухсатнома бериш ҳақидаги ариза ваколатли орган томонидан кўриб чиқилганлиги учун тўланадиган сумманинг ярми миқдорида йиғим ундирилади. Йиғим суммаси ваколатли органнинг ҳисоб рақамига ўтказилади.
32. Рўйхатдан ўтказиш гувоҳномасининг амал қилиш муддати тугагач, ариза берувчининг аризасига кўра, матни ўзгармаган ҳолда рухсатноманинг амал қилиш муддати ушбу дори воситасининг Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг янги амал қилиш муддати тугагунгача узайтирилиши мумкин, бу ҳолда рўйхатдан ўтказиш гувоҳномасини қайта рўйхатдан ўтказишда ёки амал қилиш муддатини узайтиришда ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмаган бўлиши шарт.
33. Рухсатнома йўқолган ёки яроқсиз ҳолга келган тақдирда ариза берувчининг аризасига кўра унинг дубликати берилади.
Рухсатнома йўқолган ёки яроқсиз ҳолга келган тақдирда, ваколатли орган ариза, шунингдек рухсатноманинг асл нусхаси ҳамда рухсатноманинг дубликати берилганлиги учун ариза берувчи томонидан йиғим тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат олинган кундан эътиборан икки иш кунидан кўп бўлмаган муддатда рухсатноманинг дубликатини бериши (юбориши) шарт.
Олдинги таҳрирга қаранг.
34. Рухсатноманинг дубликатини бериш тўғрисида ариза ваколатли орган томонидан кўриб чиқилганлиги учун рухсатнома дубликатини бериш тўғрисида ариза топширилган санада белгиланган базавий ҳисоблаш миқдорининг ярми миқдорида йиғим ундирилади. Йиғим суммаси ваколатли органнинг ҳисоб рақамига ўтказилади.
(34-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 28 декабрдаги 1046-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 29.12.2019 й., 09/19/1046/4242-сон)
VI. Рухсатноманинг амал қилишини тўхтатиб туриш ва тўхтатиш
35. Рухсатноманинг амал қилишини тўхтатиб туриш, тўхтатиш ва уни бекор қилиш «Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 22, 23 ва 25-моддаларида назарда тутилган тартибда ва ҳолларда ваколатли орган томонидан амалга оширилади.
36. Рухсат беришга доир талаблар ва шартларни бир маротаба қўпол равишда бузилишининг қуйидаги ҳолатлари рухсатноманинг амал қилишини тўхтатиш учун асос бўлиши мумкин:
рекламанинг рухсат этилган реклама материалларига номувофиқлиги ёки ушбу рекламанинг жиддий ножўя таъсирларга олиб келиши мумкинлиги аниқланганда;
дори воситасининг дозаси тўғрисида нотўғри ахборот берилганлиги аниқланганда.
Олдинги таҳрирга қаранг.
37. Реклама қилинаётган дори воситаси рецепт бўйича бериладиган дори воситалари тоифасига киритилган тақдирда ариза берувчи дори воситасини рухсатнома амал қиладиган муддат мобайнида реклама қилишни тўхтатиши зарур. Бунда рухсатноманинг амал қилиши тегишли равишда тўхтайди.
(37-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 7 февралдаги 67-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 15.02.2025 й., 09/25/67/0145-сон)
VII. Берилган рухсатномалар реестри
38. Ваколатли орган берилган рухсатномалар реестрини белгиланган тартибда юритади ва уни ўз расмий веб-сайтида жойлаштиради.
39. Рухсатномалар реестрида қуйидаги маълумотлар кўрсатилиши керак:
ариза берувчилар тўғрисидаги асосий маълумотлар (номи, ташкилий-ҳуқуқий шакли, почта манзили, боғланиш телефони рақами);
рухсатноманинг тартиб рақами ва берилган санаси;
рухсатномани қайта расмийлаштиришнинг асослари ва санаси, унинг амал қилишини тўхтатиб туриш ва тиклаш;
рухсатноманинг амал қилишини тўхтатишнинг асос ва санаси;
дубликатни беришнинг асоси ва санаси.
VIII. Якунловчи қоида
40. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 1781-моддаси.
Вояга етмаганлар учун мўлжалланган дори воситаларини реклама қилишга рухсатнома бериш тартиби тўғрисидаги низомга
1-ИЛОВА
Вояга етмаганлар учун мўлжалланган дори воситаларини реклама қилишга рухсатнома бериш
СХЕМАСИ
Олдинги таҳрирга қаранг.
Вояга етмаганлар учун мўлжалланган дори воситаларини реклама қилишга рухсатнома бериш тартиби тўғрисидаги низомга
2-ИЛОВА

(Ўзбекистон Республикасининг Давлат
‎ герби тасвири)


‎ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
‎СОҒЛИҚНИ САҚЛАШ ВАЗИРЛИГИ

Серия: Р № 000000
‎‎

‎‎Вояга етмаганлар учун мўлжалланган дори
‎воситасини реклама қилиш учун
‎РУХСАТНОМА

‎______-сон
‎ (рухсатноманинг тартиб рақами)

_______________________________________________________________га берилди.

‎‎(ариза берувчининг тўлиқ номи)

‎‎
Жойлашган жойи (почта манзили) __________________________________________ да‎
‎______________________________________________________________________________________________________________________________________________ни

‎‎(вояга етмаганлар учун мўлжалланган дори воситасининг рўйхатдан ўтказилган номи)

‎‎________________________________________________________________________(рекламанинг тури ва жойлаштириш шакли)

‎‎реклама қилиш учун рухсат берилди.

‎‎Дори воситасининг рўйхатдан ўтказилганлик гувоҳномасининг тартиб рақами _________‎
‎Ариза берувчи томонидан тақдим этилган вояга етмаганлар учун мўлжалланган дори воситасининг реклама материали белгиланган барча талабларга мувофиқдир.

ИФУТ/СТИР___________

Рухсатнома берилган сана____________

‎Реестр бўйича тартиб рақами _______________

Ваколатли шахс‎

_____________________‎‎

_____________________‎‎‎‎

‎‎(имзо)

‎‎(Ф.И.О)

М.Ў.‎

Изоҳ: ушбу рухсатнома Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтказилганлик гувоҳномасининг амал қилиш муддати тугагунга қадар амал қилади.
(2-илова Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 24 августдаги 275-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2016 й., 34-сон, 405-модда)
Вояга етмаганлар учун мўлжалланган дори воситаларини реклама қилишга рухсатнома бериш тартиби тўғрисидаги низомга
3-ИЛОВА

‎‎Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига __________________________________________
‎__________________________________________ __________________________________________ _________________________________________________________________________________ дан
‎(юридик шахснинг номи, жойлашган жойи (почта манзили) ва ташкилий ҳуқуқий шакли; хусусий тадбиркор учун — фуқаронинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатининг маълумотларини кўрсатган ҳолда фамилияси, исми, отасининг исми)

‎‎Рухсатнома беришга ариза

‎‎Сиздан_________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________
‎(реклама қилинаётган дори воситасининг тўлиқ номи, ишлаб чиқарувчининг номи, Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтказилганлик гувоҳномасининг тартиб рақами тўғрисидаги маълумот кўрсатилиши лозим)

‎‎_______________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________
‎(рекламанинг қисқача мазмуни, рекламанинг тури ва жойлаштириш шакли (матни, сценарийси, аудио, видео, мақола, модуль ва бошқалар) ________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________

‎‎реклама қилишга рухсатнома беришингизни (қайта расмийлаштиришингизни, дубликат беришингизни) сўрайман. (кераксизи ўчирилсин)

‎‎
‎Қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:
‎‎______________________________________________________________________________________________________________________________
‎_______________________________________________________________

‎‎(ариза берувчининг Ф.И.О. ва имзоси)

‎‎20__ йил «____» _____________.
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2014 й., 51-сон, 606-модда; 2016 й., 34-сон, 405-модда; 2017 й., 14-сон, 228-модда, Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 23.12.2017 й., 10/17/1001/0447-сон; 30.10.2018 й., 09/18/884/2128-сон; 29.12.2019 й., 09/19/1046/4242-сон; 15.02.2025 й., 09/25/67/0145-сон)