1.14.00.00.00 Соғлиқни сақлаш. Жисмоний тарбия. Спорт. Туризм / 14.02.00.00 Жисмоний тарбия ва спорт / 14.02.06.00 Спорт]
[ТСЗ:
1.Ижтимоий-маданий масалалар / Жисмоний тарбия ва спорт]
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
2015 — 2020 йилларда умумтаълим мактабларини замонавий спорт заллари билан таъминлаш чора-тадбирлари дастури тўғрисида
LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 6 майдаги 266-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида»ги қарорига асосан 2024 йил 1 сентябрдан ўз кучини йўқотади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Соғлом бола йили» Давлат дастури тўғрисида» 2014 йил 19 февралдаги ПҚ-2133-сон қарорини бажариш юзасидан, умумтаълим мактабларида ўқувчиларнинг жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишлари учун зарур шарт-шароитлар яратиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Маданият ва спорт ишлари вазирлиги томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда умумтаълим мактабларининг мавжуд спорт заллари тўлиқ хатловдан ўтказилганлиги ҳамда уларнинг моддий-техника базаси ўрганилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Маданият ва спорт ишлари вазирлиги томонидан Молия вазирлиги билан биргаликда ишлаб чиқилган 2015 — 2020 йилларда умумтаълим мактабларини замонавий спорт заллари билан таъминлаш чора-тадбирлари дастури (кейинги ўринларда Дастур деб аталади) тасдиқлансин, у қуйидагиларни ўз ичига олади:
2015 — 2020 йиллар даврида умумтаълим мактаблари учун спорт заллари қуришнинг 1-иловага* мувофиқ асосий параметрлари;
умумтаълим мактабларининг спорт залларини жиҳозлашнинг 2-иловага* мувофиқ нормативлари.
(3-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 18 сентябрдаги 740-сонли қарорига асосан чиқарилган — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 38-сон, 1049-модда)
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Таълим ва тиббиёт муассасаларини моддий-техника базасини ривожлантириш жамғармаси маблағлари;
(3-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 18 сентябрдаги 740-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 38-сон, 1049-модда)
имтиёзли хорижий кредитлар ва грантлар маблағлари, республика юридик ва жисмоний шахсларининг хайрия эҳсонлари, шунингдек қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
4. Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси тасдиқланган намунавий лойиҳаларга, шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига мувофиқ пудрат ташкилотлари томонидан бажариладиган қурилиш-монтаж ишларининг сифати юзасидан давлат архитектура-қурилиш назоратини таъминласин.
5. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари:
ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Таълим ва тиббиёт муассасаларини моддий-техника базасини ривожлантириш бюджетдан ташқари жамғармаси маблағлари ҳисобига таълим ва тиббиёт муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш бўйича дастурларни шакллантиришда уларнинг манзилли қисмига умумтаълим мактаблари учун спорт заллари қуриш лойиҳаларини киритсинлар;
(5-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 18 сентябрдаги 740-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 38-сон, 1049-модда)
тасдиқланган ҳар йилги манзилли дастурларга мувофиқ умумтаълим мактаблари учун спорт заллари қуриш параметрларининг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши юзасидан қатъий назорат ўрнатсинлар, ҳар чоракда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига Дастурнинг бажарилиши тўғрисида ахборот киритсинлар.
6. Вазирликлар ва идоралар ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсинлар.
7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.И. Икрамов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. МИРЗИЁЕВ