toggle_night_mode
Ҳужжат кучини йўқотган 16.08.2024
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИ КОРХОНАЛАРИНИ ФЕРМЕР ХЎЖАЛИКЛАРИГА АЙЛАНТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА
 LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 16 августдаги ПФ-111-сонли «Ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишнинг барқарорлигини таъминлаш, сифати ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» ги Фармонига асосан ўз кучини йўқотган.
Қишлоқда иқтисодий муносабатларни такомиллаштириш, зарар кўриб ишлаётган ва паст рентабелли қишлоқ хўжалиги корхоналарини фермер хўжаликларига айлантиришнинг норматив-ҳуқуқий базасини мустаҳкамлаш, уларнинг хўжалик фаолияти учун қулай шарт-шароитларни шакллантириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қишлоқ хўжалиги корхоналари санацияси бўйича Ҳукумат комиссиясининг 1 ва 1а-иловаларга* мувофиқ зарар кўриб ишлаётган ва паст рентабелли қишлоқ хўжалиги корхоналарини 2002 йилда фермер хўжаликларига айлантириш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
Қуйидагилар:
Сирдарё ва Фарғона вилоятлари ҳокимликларининг Меҳнатобод, Мирзаобод ва Ёзёвон туманларининг қишлоқ хўжалиги корхоналарини тўлиқ ҳажмда фермер хўжаликларига айлантириш тўғрисидаги таклифи;
Сирдарё вилоятининг Меҳнатобод ва Мирзаобод туманлари бўйича 2002 йилда қишлоқ хўжалиги экинлари экишнинг Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги томонидан тавсия этилган тузилмаси 2-иловага* мувофиқ маъқуллансин.
*1-2-иловалар берилмайди.
2. Қуйидагилар:
2002 йилда Сирдарё вилоятининг Меҳнатобод ва Мирзаобод туманларида инфратузилма объектларини ташкил этишга доир топшириқ 3-иловага* мувофиқ;
*3-илова берилмайди.
Қишлоқ хўжалиги корхонасини фермер хўжаликларига айлантириш бўйича комиссия тўғрисидаги намунавий низом 4-иловага мувофиқ;
Қайта ташкил этилаётган қишлоқ хўжалиги корхонаси негизида фермер хўжалиги барпо этиш учун талабгорларни танлаш ва уларнинг танловини ўтказиш тартиби 5-иловага мувофиқ;
Қишлоқ хўжалиги корхоналарини фермер хўжаликларига айлантиришда активлар ва пассивларни тақсимлаш тартиби 6-иловага мувофиқ;
Қайта ташкил этилаётган қишлоқ хўжалиги корхоналари ҳудудида ўзаро сув хўжалиги муносабатларини тартибга солиш тартиби 7-иловага мувофиқ;
Янгидан ташкил этилган фермер хўжаликларига тижорат банклари томонидан кредит бериш қоидалари 8-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Қишлоқ хўжалигида иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш бўйича Республика комиссияси Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Қишлоқ хўжалиги илмий-ишлаб чиқариш маркази, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда:
(3-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 7 декабрдаги 995-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 10.12.2018 й., 09/18/995/2287-сон)
зарар кўриб ишлаётган ва паст рентабелли қишлоқ хўжалиги корхоналари 4—7-иловаларга қатъий мувофиқ ҳолда фермер хўжаликларига айлантирилишини таъминласин;
мазкур қарор билан тасдиқланган норматив ҳужжатларга мувофиқ қайта ташкил этилаётган хўжаликлар негизида фермер хўжаликлари барпо этишнинг барча жиҳатларини қамраб олувчи методик тавсияларни аниқ мисоллар асосида ишлаб чиқсин ва жойларга етказсин;
бир ой муддатда қишлоқ хўжалиги корхоналарини фермер хўжаликларига айлантириш жараёнларини тушунтириш бўйича жойларда махсус семинарлар ташкил этсин;
қишлоқ хўжалиги корхоналарининг фермер хўжаликларига айлантирилиши устидан мунтазам мониторинг ўрнатсин.
4. «Агробанк» АТБ, «Қишлоқ қурилиш банк» АТБ, хизмат кўрсатувчи бошқа тижорат банклари, «Ўзнефтмаҳсулот» ва «Ўзкимёсаноат» компаниялари, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳамда вилоятлар ҳокимликлари қайта ташкил қилинаётган қишлоқ хўжалиги корхоналари ҳудудида бозор ва ишлаб чиқариш инфратузилмасининг қуйидаги объектлари барпо этилишини таъминласинлар:
(4-банднинг биринчи хатбоши Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 20 майдаги 142-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2009 й., 21-сон, 252-модда)
тижорат банкининг филиали;
«Ўзкимёсаноат» давлат-акциядорлик компанияси «Қишлоқхўжаликкимё» ҳудудий акциядорлик жамиятларининг фермер хўжаликларини минерал ўғитлар ва бошқа кимёвий воситалар билан таъминлаш омбори;
(4-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 16 августдаги 397-сон қарори таҳририда — Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 й., 33-сон, 370-модда)
«Ўзнефтмаҳсулот» компанияси тегишли нефть базасининг фермер хўжаликларини ёнилғи-мойлаш материаллари билан таъминлаш бўйича филиали;
қайта ташкил этилаётган қишлоқ хўжалиги корхонасининг мавжуд техникаси негизида муқобил машина-трактор парки;
хўжалик ҳисоби асосида сув истеъмолчилари уюшмаси (қайта ташкил этилаётган хўжаликлар ҳудудида ўзаро сув хўжалиги муносабатларини тартибга солиш учун).
(4-банднинг олтинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 18 февралдаги 40-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2011 й., 7-8-сон, 62-модда)
5. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳамда «Ўзагромашсервис» уюшмаси қайта ташкил этилаётган қишлоқ хўжалиги корхоналари негизида барпо этилаётган деҳқон ва фермер хўжаликларига техник хизмат кўрсатиш бўйича машина-трактор парки барпо этишга доир тавсияларни ўн кун муддатда ишлаб чиқсинлар ва тасдиқласинлар.
6. Қайта ташкил этилаётган хўжаликлар ҳудудида барпо этилаётган бозор инфратузилмаси объектларининг ишлаб чиқариш, молиявий ва моддий-техника базасини ривожлантиришни рағбатлантириш мақсадида истисно тариқасида:
фермер хўжаликларини минерал ўғитлар ва ёнилғи-мойлаш материаллари билан таъминлаш бўйича бўлинмалар мулк солиғи ва ер солиғи тўлашдан икки йил муддатга;
Олдинги таҳрирга қаранг.
(6-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 18 февралдаги 40-сонли қарорига асосан чиқарилган — ЎР ҚҲТ, 2011 й., 7-8-сон, 62-модда)
Белгилаб қўйилсинки, қайта ташкил этилаётган қишлоқ хўжалиги корхоналари ҳудудида ташкил этилаётган муқобил машина-трактор парклари солиқ солиш шартлари ва қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчиларига кўрсатилаётган хизматлар (ер ҳайдаш, экиш, ишлов бериш, ҳосилни йиғиштириш ва бошқалар) учун ҳисоб-китоблар бўйича «Ўзагросервис» АЖ ҳудудий ташкилотларининг машина-трактор паркларига тенглаштирилади.
(6-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 28 июндаги 442-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 26-сон, 593-модда)
7. Белгилансинки:
қайта ташкил этилаётган қишлоқ хўжалиги корхоналарининг ижтимоий инфратузилма объектлари хатлов ўтказилгандан кейин қонунчиликда белгиланган тартибда баҳолаш ташкилоти томонидан қайта баҳолаш пайтидаги бозор нархлари ҳисобга олинган ҳолда баҳоланади;
(7-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
қайта ташкил этилаётган қишлоқ хўжалиги корхонаси балансидаги болалар мактабгача муассасалари, мактаблар ва қишлоқ врачлик пунктлари белгиланган тартибда маҳаллий ҳокимият ва бошқарув органлари балансига берилади;
ижтимоий инфратузилманинг бошқа объектлари, газ қувури магистраллари ва газ тақсимлаш пунктлари, электр қуввати узатиш линиялари, хўжаликлараро ирригация иншоотлари қайта баҳолангандан кейин белгиланган тартибда тегишли равишда «Ўзкоммунхизмат» агентлиги «Ўзтрансгаз» акциядорлик компаниясининг минтақалараро унитар корхоналари, «Ўзбекэнерго» компанияси, Сув хўжалиги вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари ва бошқа ташкилотлар балансига берилади.
(7-банднинг тўртинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 7 декабрдаги 995-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 10.12.2018 й., 09/18/995/2287-сон)
8. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда юридик ва консалтинг хизматларининг зарур тармоғи, шунингдек фермер хўжаликларига хизмат кўрсатиш бўйича нодавлат тайёрлов ва савдо-воситачилик ташкилотлари ҳамда бозорнинг бошқа субъектлари барпо этилишини таъминласинлар.
(8-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 26 декабрдаги 1021-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 27.12.2017 й., 09/17/1021/0465-сон)
9. Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши қишлоқда иқтисодий ислоҳотларнинг боришини, деҳқон ва фермер хўжаликларини ривожлантиришга доир амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг натижаларини мунтазам равишда ёритиб борсинлар.
(9-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 3 июндаги 457-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 04.06.2019 й., 09/19/457/3235-сон)
10. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси И.Ҳ. Жўрабеков, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари Р.С. Азимов ва Т.Х. Холтоев зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2002 йил 5 январь,
8-сон
Вазирлар Маҳкамасининг
2002 йил 5 январдаги 8-сон қарорига
4-ИЛОВА
Қишлоқ хўжалиги корхонасини фермер хўжаликларига айлантириш бўйича комиссия тўғрисида
НАМУНАВИЙ НИЗОМ
I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР
1.1 Мазкур Низом Қишлоқ хўжалиги корхонасини фермер хўжаликларига айлантириш бўйича комиссияни (кейинги ўринларда «комиссия» деб аталади) ташкил этиш тартибини ва унинг фаолиятини тартибга солади, унинг асосий вазифалари, ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилаб беради.
1.2. Комиссия туман ҳокимининг қарори билан ташкил этилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Комиссияга лавозимига кўра туман ҳоким ўринбосари бошчилик қилади.
(1.2-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 24 декабрдаги 607-сон қарори таҳририда — Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 й., 52-сон, 521-модда)
Комиссия қайта ташкил этилаётган қишлоқ хўжалиги корхонаси раҳбарлари, мутахассислари, аъзолари (ходимлари)дан, шунингдек касаба уюшмаси, хизмат кўрсатувчи банк, туман ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими ва туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши вакилларидан иборат таркибда тузилади.
(1.2-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 26 декабрдаги 1021-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 27.12.2017 й., 09/17/1021/0465-сон)
1.3. Комиссия ишига туман ҳокимининг қарори билан шунингдек молия ва солиқ органлари, туман (Қувасой шаҳар) қишлоқ хўжалиги бўлими, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ва бошқа манфаатдор ташкилотлар вакиллари ҳам жалб этилади.
(1.3-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 7 декабрдаги 995-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 10.12.2018 й., 09/18/995/2287-сон)
1.4. Қишлоқ хўжалиги корхоналарини фермер хўжаликларига айлантириш ишларининг изчиллиги илова қилинаётган схема бўйича амалга оширилади.
II. КОМИССИЯНИНГ АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ ВА ФУНКЦИЯЛАРИ
2.1. Қуйидагилар комиссиянинг асосий вазифалари ҳисобланади:
қишлоқ хўжалиги корхонасини фермер хўжаликларига айлантириш режасини ишлаб чиқиш;
ер ресурслари, ишлаб чиқариш ва ноишлаб чиқариш фондлари, айланма маблағлар, дебиторлик ва кредиторлик қарзлар, тугалланмаган қурилиш ва бошқа моддий бойликларни хатлаш;
фермер хўжалиги ташкил этиш бўйича очиқ танловда қатнашиш учун талабгорларни танлаш;
(2.1-банднинг тўртинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 18 февралдаги 40-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2011 й., 7-8-сон, 62-модда)
очиқ танловни ўтказиш ҳамда фермер хўжалиги ташкил этиш ҳуқуқини бериш учун қобилиятли, тегишли билим ва кўникмаларга эга бўлган меҳнатсевар ва тадбиркор фуқароларни аниқлаш;
(2.1-банднинг бешинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 18 февралдаги 40-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2011 й., 7-8-сон, 62-модда)
активлар ва пассивларни ташкил этилаётган фермер хўжаликлари ўртасида тақсимлаш.
2.2. Комиссия ўзига юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги асосий функцияларни амалга оширади:
қайта ташкил этилаётган қишлоқ хўжалиги корхонаси аъзолари ўртасида таништириш-тушунтириш ишлари олиб бориш;
оммавий ахборот воситалари орқали ёки бошқа қулай шаклда қишлоқ хўжалиги корхонаси фермер хўжаликларига айлантирилиши тўғрисида аҳолини хабардор қилиш;
қишлоқ хўжалиги корхонасининг молия-хўжалик фаолиятини таҳлил этиш;
дебиторлик қарзларни ундириб олиш ишларини ташкил этиш;
қишлоқ хўжалиги корхонаси фермер хўжаликларига айлантирилиши тўғрисида кредиторларни хабардор қилиш ҳамда қарзларни таркибий қайта кўриб чиқиш бўйича бундан кейинги ўзаро муносабатларни улар билан келишиш ва қарзларни қайтариш муддатларини белгилаш;
ердан фойдаланиш, алмашлаб экиш ва қишлоқ хўжалик экинларини жойлаштиришнинг ҳолатини ўрганиш;
хўжалик балансида бўлган суғориш ва коллектор-дренаж тизимларини хатлаш;
(2.2-банднинг саккизинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 18 февралдаги 40-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2011 й., 7-8-сон, 62-модда)
машина-трактор парки ҳолатини ўрганиш;
хўжалик аъзолари ва бошқа шахсларни фермер хўжаликлари ташкил этиш учун талабгорларни танлаб олиш ва очиқ танлов ўтказиш тартиби, таклиф этилаётган ерларни танлаш тартиби билан ва қишлоқ хўжалиги корхонасини қайта ташкил этишнинг бошқа шартлари билан таништириш;
(2.2-банднинг ўнинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 18 февралдаги 40-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2011 й., 7-8-сон, 62-модда)
талабгорларни қишлоқ хўжалиги корхонасининг молиявий ҳолати тўғрисидаги ахборот билан таништиришни ташкил этиш;
фермер хўжаликлари ташкил этиш учун талабгорларнинг аризаларини қабул қилиш ва ўрганиб чиқиш, очиқ танлов асосида ғолибларни аниқлаш;
(2.2-банднинг ўн иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 18 февралдаги 40-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2011 й., 7-8-сон, 62-модда)
қишлоқ хўжалиги корхонасининг активлари ва пассивларини ташкил этилаётган фермер хўжаликлари ўртасида тақсимлаш бўйича ажратувчи баланс ва ўтказма ҳужжат тузиш;
ижтимоий инфратузилма объектларини аниқлаш ва уларни ҳокимиятнинг тегишли маҳаллий органларига ва бошқа ташкилотларга беришни ташкил этиш;
хўжаликларнинг ортиқча ва фойдаланилмаётган асосий фондлари ва моддий бойликларини сотишни ташкил этиш;
ўтказилаётган тадбирларни тегишли баённомалар билан расмийлаштириш.
III. КОМИССИЯНИНГ ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ
3.1. Комиссия қуйидаги ҳуқуқларга эгадир:
хўжаликнинг раҳбари ва бошқа мутахассисларидан бирламчи ҳужжатлар, бухгалтерия ва статистика ҳисоби ва ҳисоботи маълумотлари, бошқа зарур ахборотлар белгиланган муддатларда тақдим этилишини талаб этиш;
мавжуд қонун ҳужжатлари ва норматив ҳужжатларга мувофиқ талабгорларнинг фермер хўжаликлари ташкил этиш учун берилган аризаларини асосли рад этиш.
3.2. Комиссия қуйидагиларга мажбурдир:
талабгорларнинг сўровлари бўйича фермер хўжаликлари ташкил этилиши юзасидан зарур ахборотларни тақдим этиш;
қилинган ишлар тўғрисида қишлоқ хўжалиги корхонасининг якуний умумий йиғилишига ва туман ҳокимига якуний ҳисобот тақдим этиш;
комиссия ишининг ошкоралигини ва унинг натижалари билан танишишни таъминлаш;
фермер хўжаликлари ташкил этиш бўйича очиқ танлов ўтказишда холислик ва одилликни таъминлаш;
(3.2-банднинг бешинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 18 февралдаги 40-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2011 й., 7-8-сон, 62-модда)
фермер хўжаликлари ташкил этиш учун очиқ танловда қатнашиш учун талабгорнинг аризаси қабул қилинишини ёзма равишда асосли рад этиш.
(3.2-банднинг олтинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 18 февралдаги 40-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2011 й., 7-8-сон, 62-модда)
3.3. Комиссия аъзолари қонунчиликка мувофиқ жавоб берадилар.
(3.3-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
IV. КОМИССИЯ ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ
4.1. Комиссия мажлиси заруриятга кўра, бироқ қишлоқ хўжалиги корхонасини қайта ташкил этишнинг бутун даври мобайнида бир ҳафтада камида бир марта ўтказилади.
4.2. Комиссия мажлиси комиссия аъзолари умумий сонининг камида учдан икки қисми иштирок этган тақдирда кун тартибидаги масалалар бўйича қарор қабул қилиш ҳуқуқига эгадир. Комиссиянинг қарорига кўра овоз бериш очиқ ёки яширин усулда ўтказилади, комиссиянинг ҳар бир аъзоси битта овоз бериш ҳуқуқига эгадир. Қарор оддий кўпчилик овоз билан қабул қилинади.
4.3. Комиссия фаолиятига унинг раиси раҳбарлик қилади. Комиссия раиси комиссия аъзолари ва жалб этилган шахслар фаолиятини мувофиқлаштиради, қайта ташкил этилаётган хўжаликнинг ва бошқа манфаатдор ташкилотларнинг мансабдор шахсларига ўз ваколатлари доирасида кўрсатмалар беради.
4.4. Комиссия ишида комиссия аъзолари доимий ишдан ажралмаган ҳолда қатнашадилар ва ўз зиммаларига юкланган мажбуриятларни бажарадилар, шу муносабат билан уларнинг ишига қўшимча ҳақ тўланмайди.
4.5. Комиссиянинг қарорига мувофиқ жалб этилган аудиторлар ва ташқи экспертлар ишига қайта ташкил этилаётган қишлоқ хўжалиги корхонасининг маблағлари ҳисобига ҳақ тўланади.
V. КОМИССИЯНИ ТУГАТИШ
5.1. Комиссиянинг ваколатлари қайта ташкил этиш тугаллангандан кейин тўхтатилади.
5.2. Комиссия тугатилгандан кейин комиссиянинг қишлоқ хўжалиги корхонасини қайта ташкил этиш бўйича ҳужжатлари давлат архивига топширилади.
Қишлоқ хўжалиги корхонасини фермер хўжаликларига
айлантириш бўйича комиссия тўғрисидаги намунавий низомга
ИЛОВА
Қишлоқ хўжалиги корхонасини фермер хўжаликларига айлантириш ишларининг изчиллиги
С Х Е М А С И

Босқичлар‎

Чора-тадбирлар ‎

Масъуллар‎

I босқич
‎Умумий йиғилиш ўтказилгандан кейин 3 кун мобайнида

1. Қишлоқ хўжалиги корхонасини фермер хўжаликларига айлантириш тўғрисида умумий йиғилишнинг қарорини қабул қилиш.
‎2. Қайта ташкил этиш бўйича комиссия ташкил этиш ва у тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ‎
Умумий йиғилиш ва туман ҳокими




‎туман ҳокими ‎
II босқич
‎(Комиссия ташкил этилгандан кейин) 3 кун мобайнида ‎
1. Қишлоқ хўжалиги корхонасини фермер хўжаликларига айлантириш тўғрисида хабардор қилиш.‎ Қайта ташкил этиш бўйича комиссия‎
3 кун мобайнида‎ 2. Қишлоқ хўжалиги корхонасини фермер хўжаликларига айлантириш тўғрисида кредиторларни хабардор қилиш ва кейинги ўзаро муносабатларни улар билан келишиш.‎
3 ҳафта мобайнида‎ 3. Мол-мулк ва ер участкаларини комплекс хатловдан ўтказиш, шунингдек ернинг қийматини баҳолаш.‎
3 ҳафта мобайнида‎ 4. Тузилаётган фермер хўжаликларининг ер участкаларини белгилаш учун қайта ташкил этилаётган қишлоқ хўжалиги корхонасининг ер фондини қайта тақсимлаш лойиҳаси (схемаси)ни ишлаб чиқиш.‎
танлов ўтказилгунгача‎ 5. Ариза берган хўжалик аъзолари ҳамда бошқа шахслар ўртасида танлов ўтказиш ва фермер хўжалиги ташкил этиш учун талабгорларни танлаш шартлари тўғрисида тушунтириш ишлари олиб бориш. ‎
4 ҳафта мобайнида‎ 6. Фермер хўжаликлари ташкил этиш бўйича талабгорлардан тушган аризаларни ўрганиб чиқиш ва кўриб чиқиш.‎
5-ҳафта мобайнида‎ 7. Ернинг аниқ бир участкасида фермер хўжалиги ташкил этиш тўғрисида ариза берган танлов қатнашчиларининг дастурларини баҳолаш.‎
5-ҳафта мобайнида‎ 8. Танловда қатнашиш ҳуқуқини олган талабгорлар рўйхатини маълум қилиш.‎
5-ҳафта мобайнида‎ 9. Танловда иштирок этишга қўйилмаган талабгорларга бунинг сабабини ёзма равишда асослаб бериш.‎
6-ҳафтада‎ 10. Талабгорлар ўртасида танлов ўтказиш ва танлов ғолиблари тўғрисида хабар қилиш.‎
6-ҳафтада‎ 11. Ташкил этилаётган фермер хўжаликлари ўртасида активлар ва пассивларнинг ажратувчи балансини тузиш.‎
7-ҳафтада‎ 12. Қарор чиқариш ва танлов якунлари тўғрисидаги баённомани тасдиқлаш.‎

III босқич
‎(Танлов якунлари тўғрисидаги баённома тасдиқлангандан кейин) 1 ҳафта мобайнида 1 ҳафта мобайнида ‎

1. Фермер хўжаликлари ташкил этиш бўйича танлов ғолибларига доир туман ҳокимининг қарорини қабул қилиш ва тегишли органларда рўйхатдан ўтказиш.
‎2. Ер ажратиш, ер участкаси ижараси шартномасини расмийлаштириш. ‎
Туман ҳокимлиги‎
IV босқич
‎Фермер хўжаликлари рўйхатдан ўтказилгандан кейин 1 ҳафта мобайнида ‎
Мол-мулкка эгалик қилиш ҳуқуқини берувчи ҳужжатларни ва қарзлар бўйича мажбуриятларни расмийлаштириш.‎ Қайта ташкил этиш бўйича комиссия ва туман ҳокимлиги‎
V босқич
‎Умумий йиғилиш ўтказилгандан кейин 2 ой мобайнида Фермер хўжаликлари рўйхатдан ўтказилгандан ‎кейин 2 ҳафта мобайнида
Банк филиалини ташкил этиш.‎


‎‎Фермерларни ёнилғи-мойлаш материаллари билан таъминлаш хизматларини ташкил этиш. Фермерларни минерал ўғитлар билан таъминлаш хизматларини ташкил этиш.
‎Муқобил машина-трактор парки ташкил этиш.
Сув истеъмолчилари уюшмасини ташкил этиш.
Туман ҳокимлиги, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, «Агробанк» АТБ, тижорат банклари, «Ўзнефтмаҳсулот», «Ўзқишлоқхўжаликкимё» компаниялари‎
VI босқич
‎ Фермер хўжаликлари рўйхатдан ўтказилгандан кейин 2 ҳафта мобайнида ‎
1. Якуний умумий йиғилиш ўтказиш.
‎2. Қайта ташкил этиш бўйича комиссиянинг ҳужжатларини белгиланган тартибда архивга топшириш. ‎
Умумий йиғилиш ва қайта ташкил этиш бўйича комиссия‎
(илова Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 18 февралдаги 40-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2011 й., 7-8-сон, 62-модда)
Вазирлар Маҳкамасининг
2002 йил 5 январдаги 8-сон қарорига
5-ИЛОВА
Қайта ташкил этилаётган қишлоқ хўжалиги корхонаси негизида фермер хўжалиги барпо этиш учун талабгорларни танлаш ва уларнинг танловини ўтказиш
ТАРТИБИ
I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР
1.1. Мазкур Тартиб қишлоқ хўжалик корхонасини фермер хўжаликларига айлантиришда талабгорларни танлаш ва уларнинг танловини ўтказиш шартларини белгилаб беради.
1.2. Мазкур Тартибда қуйидаги атамалардан фойдаланилади:
танлаш — фермер хўжалиги ташкил этиш ҳуқуқини олиш учун танловда иштирок этувчи талабгорларни танлаш шакли;
танлов — қобилиятли, тегишли билимлар ва кўникмаларга эга бўлган меҳнатсевар ва тадбиркор фуқароларга фермер хўжалиги ташкил этиш ҳуқуқини бериш мақсадида уларни аниқлаш;
танлов объекти — қайта ташкил этилаётган қишлоқ хўжалиги корхонаси мулкининг бир қисми берилган ҳолда муайян ер участкасида фермер хўжалиги ташкил этиш ҳуқуқи;
танлов ташкилотчиси — қишлоқ хўжалик корхонасини фермер хўжаликларига айлантириш бўйича комиссия
1.3. Ўтказилаётган танловнинг асосий мақсади фермер хўжаликлари ташкил этиш учун хўжаликнинг қобилиятли ва тадбиркор аъзоларини ва бошқа талабгорларни аниқлаш ҳисобланади.
Фермер хўжаликлари раҳбарлари «Фермер хўжалиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 4-моддасида кўрсатиб ўтилган мезонлар бўйича белгиланади.
II. ТАНЛОВ ЎТКАЗИШГА ТАЙЁРГАРЛИК КЎРИШ ВА УНИ ЭЪЛОН ҚИЛИШ
2.1. Фермер хўжаликлари ташкил этиш учун талабгорларни танлашни ва уларни аниқлаш бўйича танлов ўтказишни ташкил этиш қишлоқ хўжалик корхонасини қайта ташкил этиш бўйича комиссияга юкланади.
Фермер хўжаликларига ер участкалари очиқ танлов асосида берилади.
(2.1-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 18 февралдаги 40-сонли қарорига асосан хатбоши билан тўлдирилган — ЎР ҚҲТ, 2011 й., 7-8-сон, 62-модда)
2.2. Комиссия қишлоқ хўжалик корхонасининг хўжалик-молия фаолияти билан боғлиқ барча кўрсаткичларни ўрганиб чиқади ва хўжаликни комплекс хатловдан ўтказади (хўжаликка қарашли мол-мулкни, қишлоқ хўжалигида ердан фойдаланишнинг аҳволини, алмашлаб экиш ва экинларнинг жойлаштирилишини, давлат эҳтиёжлари учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажмини, хўжаликлараро ва хўжалик ички суғориш тизимлари ҳамда коллектор-дренаж тизимлари, қишлоқ хўжалик техникаси мавжудлигини, чорва моллари бош сонини, дебиторлик ва кредиторлик қарзларни аниқлайди).
2.3. Фермер хўжаликлари учун ер участкалари хариталарини шакллантириш учун ер фондининг мавжуд ҳолати ва тасдиқланган бош режалар ёки давлат дастурларида назарда тутилган аҳоли пунктларини ва деҳқон хўжаликларини, ирригация-мелиорация ва йўл тармоқларини, бошқа муҳандислик тармоқлари ва коммуникацияларини, қурилиш объектларини ривожлантириш истиқболларини таъминловчи ер майдонларига бўлган эҳтиёжни, амалдаги чеклашлар ва сервитутларни, лойиҳага кўра ташкил этилаётган фермер хўжаликларига бевосита ижарага бериш назарда тутилмаган ердан фойдаланиш ва бириктиришнинг бошқа шартларини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган қайта ташкил этилаётган қишлоқ хўжалик корхонасига қарашли ер фондини қайта тақсимлаш лойиҳаси (схемаси) асос қилиб олинади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Лойиҳа (схема) туманлар ер ресурслари ва давлат кадастри бўлимлари томонидан белгиланган тартибда ишлаб чиқилади.
(2.3-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 24 декабрдаги 607-сон қарори таҳририда — Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 й., 52-сон, 521-модда)
2.4. Ер участкалари танловга уларнинг майдони, мазкур ер участкаларига тўғри келувчи мулк улуши ва кредиторлик қарзлари аниқланганидан кейин қўйилади.
2.5. Комиссия танловда иштирок этиш хоҳишини билдирган фуқароларнинг аризаларини қабул қилиш муддатларини белгилайди.
Танлов ўтказилишидан бир ой олдин маҳаллий оммавий ахборот воситаларида ёки бошқа қулай шаклда қишлоқ хўжалик корхонасининг қайта ташкил этилиши ва танлов ўтказилиши тўғрисида эълон берилади.
2.6. Танлов ўтказилиши ҳақидаги хабарда қуйидагилар кўрсатилиши шарт:
танловга тақдим этиладиган ҳужжатлар рўйхати ва уларга қўйиладиган талаблар;
танловга қўйилган ер участкалари майдонлари ва чорвачилик фермалари кўрсаткичлари ҳамда бошқа тегишли тавсифлар;
ҳар бир ер участкасига тегишли мол-мулк улуши ва кредиторлик қарзи миқдори;
танловни ўтказиш тартиби;
танловда иштирок этиш учун аризалар ва бошқа ҳужжатларни қабул қилишнинг узил-кесил муддатлари;
танловнинг ўтказилиш санаси, вақти ва жойи;
танловни ўтказиш комиссиясининг манзили ва телефон рақами.
2.7. Танловни ўтказиш тўғрисидаги ахборот лўнда ва аҳоли учун тушунарли бўлиши лозим.
III. ТАНЛОВДА ИШТИРОК ЭТИШ ШАРТЛАРИ
3.1. Танловда иштирок этиш ҳуқуқига қайта ташкил этилаётган қишлоқ хўжалиги корхонасининг аъзолари ва Ўзбекистон Республикасининг бошқа фуқаролари эгадир.
Қуйидагилар:
логистика марказлари (мева-сабзавот маҳсулотларини сақлаш, бирламчи ёки чуқур қайта ишлаш бўйича қувватлар, қишлоқ хўжалиги техникаси), шунингдек, ички ва ташки бозорда мева-сабзавот маҳсулотларини сотиш тажрибасига эга;
замонавий иссиқхона хўжаликлари ва интенсив боғлар яратиш ва улардан фойдаланиш тажрибасига эга;
қўшимча қийматлар занжири бўйича кластер усулида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш учун шахсий ва жалб қилинган молиявий маблағларига эга;
мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш, қайта ишлаш ва сотиш, жумладан экспорт қилишни ташкил қилиш, замонавий ресурс ва сувни тежовчи технологияларни жорий этиш, янги иш ўринлари яратиш вазифаларини ўз зиммасига оладиган хўжалик юритувчи субъектлари (ўзаро боғлик корхоналар гуруҳи) чигитдан бўшаган ерларда қишлоқ хўжалиги экинларини экишда биринчи навбатда ердан узоқ муддатли ижара шартларида фойдаланиш ҳуқуқига эга.
(3.1-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 30 майдаги 403-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 01.06.2018 й., 09/18/403/1286-сон)
3.2. Фермер хўжаликларини ташкил этаётган талабгорлар танлаш ва танловда иштирок этиш учун комиссияга қуйидаги ҳужжатларни тақдим этишлари зарур:
танловда иштирок этишга талабгорнинг мазкур Тартибга 1-иловага мувофиқ намуна бўйича аризаси, унда муайян ер участкасининг тартиб рақами, бириктирилган ер майдонидан кўп йиллик ўртача кўрсаткичдан кам бўлмаган ҳосилдорликни таъминлаш, туман (Қувасой шаҳар) қишлоқ хўжалиги бўлими томонидан тасдиқланган қишлоқ хўжалик экинларини жойлаштириш схемасига риоя этган ҳолда 10 йил муддат мобайнида ишлаб чиқариш ихтисослашувини ўзгартирмаслик, алмашлаб экишга риоя этган ҳолда давлат эҳтиёжлари учун маҳсулот сотиш кафолати, тупроқ унумдорлигини ошириш, кредиторлик қарзларни белгиланган муддатларда тўлаш, шунингдек комиссия томонидан қўйилган бошқа шартларни ўз вақтида бажариш тўғрисидаги мажбуриятлар кўрсатилади;
(3.2-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 7 декабрдаги 995-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 10.12.2018 й., 09/18/995/2287-сон)
мутахассисликни, иш тажрибаси ва стажни тасдиқловчи ҳужжатлар;
бизнес-режа асосий иқтисодий кўрсаткичларининг ҳисоб-китоби;
тавсиянома хатлар (зарур ҳолларда).
3.3. Танловда иштирок этиш учун аризаларни қабул қилиш танлов ўтказилишидан ўн кун олдин тўхтатилади.
3.4. Танловда иштирок этиш учун қатнашувчиларни танлаш икки босқичдан иборат бўлади:
биринчи босқичда — ҳужжатларнинг тўлиқлиги ва мазмуни текширилади;
иккинчи босқичда — талабгорларнинг аризаларида баён қилинган таклифларнинг иқтисодий асосланганлиги ўрганиб чиқилади.
Танлов ўтказилгунга қадар комиссия муайян ер участкасида фермер хўжалиги ташкил этиш тўғрисида ариза тақдим этган талабгорларнинг таклифларини пухта ўрганиб чиқади, ҳар бир иштирокчининг лойиҳаси алоҳида баҳоланади. Бунда ариза берувчи ўз зиммасига олган мажбуриятларнинг тўлиқлиги ва ҳақиқатга яқинлиги ҳамда уларни бажариш имкониятлари ҳисобга олинади.
3.5. Комиссия қарорига кўра танлаб олинган талабгорлар танловда иштирок этиш учун тавсия қилинади.
3.6. Танловда иштирок этишга қўйилган шахсларга танловни ўтказиш шартлари эълон қилинади.
3.7. Комиссия танловда иштирок этишга қўйилган шахслар тўғрисидаги тўлиқ ахборотни ёзма шаклда эълон қилиши, шунингдек танловда иштирок этишга қўйилмаган шахсларга ёзма шаклда асосли рад жавобларини йўллаши шарт.
3.8. Танловни ўтказиш қоидалари ва талабларига риоя этмаган, қонунчиликка асосан талабгорлар деб эътироф этилмаган, танловда иштирок этиш учун аризаларни ўз вақтида тақдим этмаган шахслар танловда иштирок этишга қўйилмайди.
(3.8-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
IV. ТАНЛОВНИ ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ
4.1. Танлов ўтказиладиган куни комиссия барча талабгорлар иштирокида фермер хўжалигини ташкил этиш бўйича мажбуриятлар кўрсатилган аризаларни ўқиб эшиттиради.
Комиссия аъзолари танлаб олинган талабгорлар иштирокида улар томонидан тақдим этилган таклифларни муҳокама этади ва 10 балли шкала (тизим) бўйича баҳолайди.
4.2. Танловга қўйилган ҳар бир ер участкаси бўйича энг кўп балл тўплаган шахс танлов ғолиби деб ҳисобланади. Бошқа барча шартлар бўйича тенг балл тўпланган ҳолларда қайта ташкил этилаётган хўжалик аъзосига имтиёз берилади.
4.3. Танлов ғолиблари тўғрисидаги танлов йиғилиши тугаганидан кейинги якуний баённома комиссия томонидан икки нусхада тузилади ва хўжаликнинг юқори бошқарув органи томонидан тасдиқланади.
4.4. Танлов якунлари тўғрисидаги материаллар комиссия томонидан оммавий ахборот воситаларида ёки бошқа қулай шаклда эълон қилинади.
V. ЕР УЧАСТКАСИНИ ИЖАРАГА ОЛИШ ШАРТНОМАСИНИ ВА ТАНЛОВ ҒОЛИБИНИНГ МУЛККА БЎЛГАН ҲУҚУҚИНИ РАСМИЙЛАШТИРИШ
5.1. Танловда ғолиб чиққан шахс фермер хўжалигининг бошлиғи деб эътироф этилади.
5.2. Туман ҳокимининг қароридан кейин амалдаги қонунчиликка мувофиқ қайта ташкил этилаётган қишлоқ хўжалик корхонасининг ер фондини қайта тақсимлаш лойиҳа (схема)си амалда рўёбга чиқарилади (фермер ва деҳқон хўжаликларига ерни ижарага ажратиш, фойдаланилмаётган ерларни захира ерлар тоифасига ўтказиш ва ҳоказо).
(5.2-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
5.3. Фермер хўжалиги томонидан ер участкасини узоқ муддатли ижарага олишнинг Намунавий шартномасига мувофиқ расмийлаштирилади.
(5.3-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 24 декабрдаги 607-сон қарори таҳририда — Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 й., 52-сон, 521-модда)
Қайта ташкил этилаётган қишлоқ хўжалиги корхонаси негизида фермер хўжалиги барпо этиш учун талабгорларни танлаш ва уларнинг танловини ўтказиш тартибига
1-ИЛОВА

___________________________________________

(хўжалик номи)‎

хўжалигини қайта ташкил этиш бўйича комиссия раиси‎‎

__________________________________________ га

(ф.и.о.)
‎__________________________________ да яшовчи

__________________________________ томонидан

(ф.и.о.) ‎


‎‎‎А Р И З А‎

Менга_________________________________________________________________________________________________________ даги
(ер участкасининг чегаралари ва жой тавсифи) ‎
________ контурда жойлашган _____ гектар ер участкасида фермер хўжалиги ташкил этиш учун танловда қатнашишга рухсат беришингизни сўрайман.
Ўзим ҳақимда қуйидагиларни билдираман:

________________________________________________________________________________________________________________________‎

(маълумоти, мутахассислиги, иш тажрибаси ва стажи, шу жумладан қишлоқ хўжалигида)‎‎
________________________________________________________________________________________________________________________

Ташкил этиладиган фермер хўжалиги ходимлари тўғрисидаги маълумотлар:

________________________________________________________________________________________________________________________‎

(ходимлар сони, уларнинг билими, тажрибаси ва иш стажи, шу жумладан қишлоқ хўжалигида)
________________________________________________________________________________________________________________________

Ўз навбатида бириктириладиган ер участкасидан юқори ҳосил олиш, қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлигини (уч йилда ўртача ҳисоблаганда) ернинг кадастр баҳосидан кам бўлмаган миқдорда таъминлаш, «Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 35-1 ва 50-1-моддаларига мувофиқ сув объектларидан фойдаланиш мажбуриятларини бажариш, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан Ер кодексининг 48-моддасига мувофиқ фойдаланиш мажбуриятларини бажариш, қишлоқ хўжалиги туман бўлими томонидан тасдиқланган қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштириш схемасига риоя қилга ҳолда 10 йил мобайнида ишлаб чиқариш ихтисослашувини ўзгартирмаслик, алмашлаб экишга риоя қилган ҳолда давлат эҳтиёжлари учун маҳсулотлар сотиш, кредиторлик қарзларни муддатларида тўлаш, шунингдек комиссия томонидан қўйилган бошқа шартларни бажариш мажбуриятини ўз зиммамга оламан.

____________________________
(сана)

____________________________
(имзо)‎‎ ‎

Аризага мутахассисликни, иш тажрибаси ва стажини тасдиқловчи ҳужжатлар, бизнес-режа асосий иқтисодий кўрсаткичларининг ҳисоб-китоби илова қилинади.
(1-илова Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 7 декабрдаги 995-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 10.12.2018 й., 09/18/995/2287-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
(2-илова Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 24 декабрдаги 607-сон қарори билан ўз кучини йўқотган — Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 й., 52-сон, 521-модда)
Вазирлар Маҳкамасининг
2002 йил 5 январдаги 8-сон қарорига
6-ИЛОВА
Қишлоқ хўжалиги корхоналарини фермер хўжаликларига айлантиришда активлар ва пассивларни тақсимлаш
ТАРТИБИ
Ушбу Тартиб қишлоқ хўжалиги корхоналарини фермер хўжаликларига айлантиришда активлар ва пассивларни тақсимлаш, шунингдек мулкий (пай) муносабатларини тартибга солиш шартларини белгилайди.
1. Қишлоқ хўжалиги корхонасини фермер хўжаликларига айлантириш бўйича комиссияга қишлоқ хўжалиги корхонасини (кооператив, ширкат, ёрдамчи хўжалик ва шу кабиларни) фермер хўжаликларига айлантиришда активлар ва пассивларни тақсимлаш, шунингдек мулкий (пай) муносабатларини тартибга солиш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш юкланади.
2. Комиссия томонидан қайта ташкил этилаётган қишлоқ хўжалиги корхонаси баланси бўйича активлар ва пассивлар, шунингдек қишлоқ хўжалиги кооперативи (ширкат хўжалиги) аъзолари мулкий пайлари тўлиқ хатловдан ўтказилади.
3. Комиссия ортиқча асосий ва айланма маблағларни, шунингдек фойдаланиш муддати тугаган воситаларни аниқлайди ва уларни ким ошди савдосида ёки очиқ савдода бозор нархлари бўйича сотишни ташкил этади.
Ижтимоий инфратузилма объектлари белгиланган тартибда маҳаллий ҳокимликлар балансига берилади ёки бозор нархлари бўйича сотилади.
Яроқсиз мулклар белгиланган тартибда ҳисобдан чиқарилади.
Хўжаликнинг чорвачилик фермалари (чорва моллари, чорвачилик объектлари ва бошқалар) бозор нархи бўйича қайта баҳолаб чиқилади ва ким ошди савдосида ёки очиқ савдода янги мулкдорга (мулкдорларга) сотилади.
Агар хўжаликда бир нечта чорвачилик фермалари мавжуд бўлса, у ҳолда улар алоҳида-алоҳида сотилади.
Чорвачилик фермаси учун қишлоқ хўжалиги техникаси ва бошқа зарур воситалар ҳам, уларнинг техник ҳолати ҳисобга олинган ҳолда, ферма билан бирга бозор қиймати бўйича сотилади.
Мол-мулкни сотишдан тушган маблағлар белгиланган тартибда ва изчил равишда хўжаликнинг кредиторлик қарзини қоплашга йўналтирилади.
4. Ширкат хўжаликларида мулкий пайлар қийматини тўлаш биринчи навбатдаги тўловларга тенглаштирилади.
5. Қайта ташкил этиш бўйича комиссия қарзлар таркибини ўзгартириш ва уларни тўлаш муддатларини белгилаш ишларини ҳар бир кредитор билан алоҳида амалга оширади.
6. Ажратувчи баланс тузилади ва тасдиқланади ҳамда қишлоқ хўжалиги туман бўлимига берилади.
(6-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 7 декабрдаги 995-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 10.12.2018 й., 09/18/995/2287-сон)
7. Қайта ташкил этилаётган хўжаликнинг ажратувчи балансидаги активлар ва пассивлар янги ташкил қилинаётган фермер хўжаликлари ўртасида 1 балл–гектар ҳисобидан, уларга ажратилган ер майдонига ва уларнинг балл–бонитетига қараб тақсимланади.
Чорвачилик фермаларининг янги эгаси (эгалари)га нормативларга мувофиқ, белгиланган тартибда ер майдони ажратилади, бунда комиссия маҳаллий шароитлардан келиб чиққан ҳолда тузатишлар киритиши мумкин.
Чорвачилик фермер хўжалигига ажратилган ер майдони ҳисобига тўғри келадиган қопланмаган кредиторлик қарз ушбу Тартибда назарда тутилган шартлар бўйича аниқланади.
8. Агар хўжаликда қопланмаган зарар мавжуд бўлса, у ҳолда зарар хўжаликнинг захира ёки бошқа фондлари ҳисобидан қопланади.
Агар зарар ушбу маблағлар ҳисобидан қопланмаса, у ҳолда устав капитали ҳисобига қопланади ва ширкат хўжалигининг устав капитали ушбу суммага камаяди. Устав капиталининг қолган қисми ширкат хўжалиги аъзолари ўртасида уларнинг мулкий пайларига мувофиқ тақсимланади.
9. Ширкат хўжалигини қайта ташкил этишда ажратувчи балансда бутун устав жамғармаси унинг аъзолари ўртасида уларнинг мулкий пайларига мувофиқ, жамоа хўжалигида эса — ширкатлардаги мулкий пай миқдорини ҳисоблаш методикаси бўйича аниқланадиган жамоа хўжалиги аъзоларининг улушларига мувофиқ тақсимланади.
Ширкат хўжалиги пайларининг ёки жамоа хўжалиги улушлари эгалари ўзларининг мулкий пайлари ва улушлари билан ташкил этилаётган фермер хўжаликларининг аъзолари ёки хизмат кўрсатувчи корхоналар муассислари бўлиши мумкин, бу мулкий пайлар ёки улушлар таъсис ҳужжатларида акс эттирилади.
10. Агар қайта ташкил этилаётган ширкат хўжалигининг устав капитали ажратувчи балансда дастлабки устав капиталидаги пай жамғармасидан кам бўлса, у ҳолда пайчиларнинг мулкий пайлари уларнинг улушига мувофиқ равишда камаяди.
Жамоа хўжалигини қайта ташкил этишда, агар хўжалик мулки кредиторлик қарзни қопламаса, у ҳолда мулк қиймати хўжалик аъзоларига тақсимланмайди, қопланмаган кредиторлик қарз фермерлар ўртасида балл-гектар бўйича тақсимланади, бу ажратувчи балансда акс эттирилади.
Қопланмаган кредиторлик қарзни тақсимлаш учун дастлаб мулкнинг фермерлар ўртасида тақсимланадиган қолдиқ қиймати (мулкнинг умумий қиймати ва сотилган мулк қиймати ўртасидаги фарқ) аниқланади.
Мулк қиймати ва қопланмаган кредиторлик қарз қуйидаги тартибда тақсимланади:
а) хўжаликнинг умумий балл-гектари — ер участкалари ва уларнинг балл–бонитетлари ҳосиласи миқдори аниқланади;
б) бир балл–гектар ҳисобига тўғри келадиган ўртача мулк улуши – тақсимланадиган мулк қийматининг хўжаликнинг умумий балл–гектарига нисбати аниқланади;
в) мулк қиймати — фермер хўжалигига ажратиладиган ер участкаси балл–гектари ҳосиласи ва 1 балл-гектар ҳисобига тўғри келадиган ўртача мулк улуши фермерлар ўртасида тақсимланади;
г) 1 балл-гектар ҳисобига тўғри келадиган қопланмаган кредиторлик қарз қиймати — қопланмаган кредиторлик қарз умумий суммасининг хўжаликнинг умумий балл-гектарига нисбати аниқланади.
д) қопланмаган кредиторлик қарзнинг ҳар бир фермер хўжалиги ҳисобига тўғри келадиган миқдори — 1 балл-гектар ҳисобига тўғри келадиган қопланмаган кредиторлик қарз қиймати ва фермер хўжалигига ажратиладиган ер участкаси балл-гектари ҳосиласи аниқланади.
11. Ажратувчи балансга мувофиқ ҳар бир фермер хўжалиги қайта ташкил этилаётган хўжаликнинг тегишли кредиторлари билан уларни тўлаш миқдорлари ва муддатлари кўрсатилган шартнома тузади.
12. Қайта ташкил этилаётган ширкат хўжалигининг фермер хўжаликлари ёки хизмат кўрсатувчи кооперативлар таркибига кирмаган аъзолари қайта ташкил этиш комиссияси қарорига мувофиқ ўзларининг мулкий пайлари қийматини белгиланган тартибда олишлари мумкин.
Агар тўлов учун маблағ мавжуд бўлмаса, у ҳолда 1 балл-гектар ҳисобига тўғри келадиган мулкий пай қиймати фермер хўжаликлари балансига берилади. Бунда фермер ва собиқ ширкат аъзоси ўртасида кейинчалик тўланиши керак бўлган мулкий пай юзасидан тегишли шартнома тузилади.
Жамоа хўжалигини қайта ташкил этишда жамоа хўжалиги аъзоларига улушларни тўлаш тартиби худди ширкат хўжалигидаги каби амалга оширилади.
13. Агар қайта ташкил этилаётган хўжаликда фойда мавжуд бўлса, у ҳолда фойда суммаси жамоа хўжалиги аъзолари ўртасида уларнинг ишлаб чиқариш жараёнидаги иштирокига мувофиқ, ширкат хўжаликларида эса — унинг аъзолари мулкий пайларига мутаносиб равишда тақсимланади.
14. Комиссия қайта ташкил этилаётган хўжалик жамоаси (пайчилари)нинг якуний умумий мажлисини ўтказади. Мажлисда ажратувчи баланс тасдиқланади ва тегишли қарор қабул қилинади.
Вазирлар Маҳкамасининг
2002 йил 5 январдаги 8-сон қарорига
7-ИЛОВА
Қайта ташкил этилаётган қишлоқ хўжалиги корхоналари ҳудудида ўзаро сув хўжалиги муносабатларини тартибга солиш
ТАРТИБИ
I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР
1.1. Ушбу тартиб қайта ташкил этилган қишлоқ хўжалиги корхоналари ҳудудида ўзаро сув хўжалиги муносабатларини тартибга солиш шартларини белгилайди.
1.2. Ушбу тартибда қуйидаги атамалар қўлланилган:
ўзаро сув хўжалиги муносабатларини тартибга солиш сувдан белгиланган лимит бўйича фойдаланиш режасини тузиш, сувдан фойдаланувчиларни ва сув истеъмолчиларини сув билан таъминлаш, сувни тақсимлаш, сув айланишини белгилаш, сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли устуворлигига риоя қилиш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланилишини ва сув истеъмолини назорат қилиш, сув хўжалиги объектларидан фойдаланиш ишларини ташкил этиш кабиларни ўз ичига олувчи ишлар мажмуи;
сувдан фойдаланувчи — сув ресурсларини сув объектидан олмаган ҳолда улардан ўз эҳтиёжлари учун фойдаланувчи юридик ёки жисмоний шахс;
сув истеъмолчиси — ўз эҳтиёжларини қондириш учун сув объектидан сув ресурсларини белгиланган тартибда олувчи юридик ёки жисмоний шахс;
сув истеъмолчилари уюшмаси — юридик шахслар бўлган сув истеъмолчилари томонидан сувга доир муносабатлар соҳасидаги ўз фаолиятларини мувофиқлаштириш, шунингдек умумий манфаатларини ифодалаш ва ҳимоя қилиш учун ихтиёрий асосда ташкил этиладиган нодавлат нотижорат ташкилоти;
сув хўжалиги объекти — сув ресурсларини тўплаш, бошқариш, етказиб бериш, улардан фойдаланиш, уларни истеъмол қилиш, ажратиб бериш ва муҳофаза қилиш мақсадида хўжалик фаолияти амалга ошириладиган сув объекти;
мелиоратив техника ва мол-мулк — экскаваторлар, бульдозерлар, скреперлар, дренаж ювиш агрегатлари, юк кўтариш кранлари ва қайта ташкил этилаётган қишлоқ хўжалиги корхоналари ҳудудидаги сув хўжалиги объектларига хизмат кўрсатувчи бошқа мол-мулк;
фойдаланиш — сув хўжалиги объектларининг бир маромда ишлашини таъминловчи, объектларнинг техник ҳолатини кузатиш, текшириш, таъмирлаш-тиклаш ишларини бажариш ва уларни реконструкция қилиш ишларини ташкил этишни ўз ичига олувчи ишлар мажмуи;
сув олиш лимити — амалдаги қоидаларга мувофиқ мақсадли сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли учун ваколатли органлар томонидан белгиланадиган сув ресурсларининг чекланган ҳажми;
сувдан белгиланган лимит бўйича фойдаланиш ва сув истеъмоли режаси — сув олишнинг белгиланган лимити доирасида қишлоқ хўжалиги экинларини суғориш режими, ҳудуднинг ирригация-мелиоратив ва тупроқ шароитларини ҳамда бошқа шартларни ҳисобга олган ҳолда сувдан фойдаланувчилар ва сув истеъмолчиларининг хўжалик фаолияти кўрсаткичлари асосида тузиладиган сувдан фойдаланувчилар ва сув истеъмолчиларининг сув объектларидан сув олиши жадвали.
(1.2-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 18 февралдаги 40-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2011 й., 7-8-сон, 62-модда)
II. СУВ ИСТЕЪМОЛЧИЛАРИ УЮШМАСИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ
(бўлим номи Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 18 февралдаги 40-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2011 й., 7-8-сон, 62-модда)
2.1. Сув истеъмолчилари уюшмаси» (кейинги ўринларда Уюшма деб аталади) устун даражада гидрографик принцип ёки сув ресурсларини оқилона бошқариш ва улардан фойдаланишни таъминлайдиган бошқа шартлар бўйича ташкил этилади.
(2.1-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 18 февралдаги 40-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2011 й., 7-8-сон, 62-модда)
2.2. Юридик шахс ташкил этган ҳолда фермер хўжаликлари, деҳқон хўжаликлари, шунингдек бошқа сув истеъмолчилари — юридик шахслар сув истеъмолчилари уюшмаларининг муассислари бўлиши мумкин.
Фермер ва деҳқон хўжаликлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, шунингдек бошқа сув истеъмолчилари сув истеъмолчилари уюшмалари аъзолари бўлиши мумкин.
(2.2-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 18 февралдаги 40-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2011 й., 7-8-сон, 62-модда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
(2.3-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 18 февралдаги 40-сонли қарорига асосан ўз кучини йўқотган — ЎР ҚҲТ, 2011 й., 7-8-сон, 62-модда)
2.4. Уюшма ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига, таъсис шартномаси ва уставга мувофиқ, ўз аъзоларининг пул ва моддий бадаллари ҳисобига амалга оширади.
(2.4-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
Ўз фаолиятини амалга ошириш учун Уюшма қонунда белгиланган тартибда пул ва моддий маблағларни ҳамда бошқа манбаларни жалб этиши мумкин.
2.5. Уюшма юридик шахс ҳисобланади ва ўз номи ёзилган думалоқ муҳрга, штамп ва бланкларга, банкларда ҳисоб-китоб ва бошқа ҳисоб рақамларига ҳамда алоҳида мол-мулкка эга бўлади.
2.6. Уюшма раҳбарлари, муҳандис-техник ходимлар, тармоқларнинг ва хизмат кўрсатувчи ходимларнинг штатдаги сони ҳар йили Уюшма аъзолари умумий йиғилишининг қарори асосида амалдаги нормативларга мувофиқ, бажариладиган ишлар тури ва ҳажмлари ҳисобга олинган ҳолда тасдиқланади.
2.7. Қайта ташкил этилаётган хўжаликнинг барча сув хўжалиги объектлари, шунингдек қайта ташкил этилаётган хўжаликнинг нормал фаолият кўрсатиш учун зарур мелиоратив техника, бинолар ва бошқа мол-мулки.
(2.7-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 18 февралдаги 40-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2011 й., 7-8-сон, 62-модда)
2.8. Уюшма ўзига берилган мол-мулкни бошқага бериш, сотиш, ижарага топшириш, алмаштириш, гаровга бериш ва вақтинчалик фойдаланиш учун тақдим этиш ҳуқуқига эга эмас.
2.9. Уюшманинг ўз аъзолари, бошқа ташкилотлар ва жисмоний шахслар билан барча ўзаро муносабатлари таъсис шартномаси ва уставга мувофиқ тузиладиган шартномалар асосида амалга оширилади.
III. СУВ БИЛАН ТАЪМИНЛАШ
3.1. Сувдан фойдаланувчилар ва сув истеъмолчиларини сув билан таъминлаш устуворлик бўйича, «Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ ва сувдан белгиланган лимит бўйича фойдаланиш ва сув истеъмоли режалари асосида амалга оширилади.
Сув олишга фақат шартнома асосида сувни тартибга солиш ва ҳисобга олиш воситалари билан жиҳозланган рўйхатдан ўтказилган сув ажратиш тармоқларида (каналларнинг сув олиш иншоотлари, қудуқ, насос станцияси (агрегат) ва бошқа сув олиш иншоотлари)да рухсат берилади.
Уюшманинг сув хўжалиги объектларидан фермер ва деҳқон хўжаликлари ҳамда бошқа сувдан фойдаланувчилар ва сув истеъмолчиларига сув ажратишнинг қўшимча тармоқларини ўрнатиш масаласи Уюшма аъзоларининг умумий мажлисида ҳал этилади ва протокол билан тасдиқланади.
(3.1-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 9 октябрдаги 813-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 10.10.2018 й., 09/18/813/2027-сон — 2019 йил 11 январдан кучга киради)
Бошқа сув хўжалиги объектларидан сув ажратишнинг қўшимча тармоқларини ўрнатиш масаласи хизмат кўрсатувчи фойдаланиш ташкилоти томонидан белгиланган тартибда ҳал этилади.
(3.1-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 18 февралдаги 40-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2011 й., 7-8-сон, 62-модда)
3.2. Уюшма сувдан лимит бўйича фойдаланиш ва сув истеъмоли режалари асосида ўз фаолияти ҳудудидаги барча сувдан фойдаланувчилар ва сув истеъмолчиларини сув билан таъминлаш учун сув олишга унга хизмат кўрсатувчи ирригация тизими бошқармаси билан шартнома тузади.
Унга хизмат кўрсатувчи ирригация тизими бошқармаси билан тузилган шартномада сув олиш манбаи кўрсатилган ҳолда ҳар 10 кунда сув олиш ҳажми кўрсатилади.
Шартноманинг намунавий шакли сув хўжалиги органлари томонидан белгиланган тартибда белгиланади.
(3.2-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 7 декабрдаги 995-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 10.12.2018 й., 09/18/995/2287-сон)
3.3. Сувдан белгиланган лимит бўйича фойдаланиш режаси Уюшма томонидан бир йилда икки марта тузилади ҳамда ирригация туман бўлими билан келишган ҳолда унга хизмат кўрсатувчи ирригация тизими бошқармаси томонидан тасдиқланади.
(3.3-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 7 декабрдаги 995-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 10.12.2018 й., 09/18/995/2287-сон)
Сувдан фойдаланишнинг лимитланган режаси таркибида сувдан фойдаланишнинг мақсадли вазифаси, сув айиргичлар ва суғориш каналлари кўрсатилган ҳолда истисносиз барча сув истеъмолчилари учун ҳар 10 кунда сув олиш ҳажми кўрсатилади.
(3.3-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 18 февралдаги 40-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2011 й., 7-8-сон, 62-модда)
3.4. Сув берилишини таъминлаш учун Уюшма ўзи хизмат кўрсатадиган зонадаги барча сувдан фойдаланувчилар ва сув истеъмолчилари билан ҳар 10 кунда бериладиган сув миқдорини, сув айиргичлар ва манбаларини кўрсатган ҳолда шартномалар тузади.
(3.4-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 18 февралдаги 40-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2011 й., 7-8-сон, 62-модда)
35. Сув айиргичларнинг рўйхатдан ўтказилмаган жойларидан сув олиш ноқонуний ҳисобланади ва айбдорлар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортилади.
(3.5-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 18 февралдаги 40-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2011 й., 7-8-сон, 62-модда)
3.6. Сув етказиб бериш бўйича Сув истеъмолчилари уюшмаси хизматларига, шунингдек кўрсатилган бошқа сув хўжалиги хизматларига шартнома асосида ҳақ тўланади.
(3.6-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 18 февралдаги 40-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2011 й., 7-8-сон, 62-модда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
(3.7-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 18 февралдаги 40-сонли қарорига асосан ўз кучини йўқотган — ЎР ҚҲТ, 2011 й., 7-8-сон, 62-модда)
IV. СУВ ХЎЖАЛИГИ ОБЪЕКТЛАРИДАН ФОЙДАЛАНИШ
4.1. Сув хўжалиги объектларидан ва Уюшманинг бошқа мол-мулкидан фойдаланиш ҳамда Уюшманинг ўзининг таъминоти сув етказиб бериш бўйича хизматлар учун ҳақ тўлашдан фермер ва деҳқон хўжаликларидан, фуқаролардан ва Уюшманинг бошқа аъзоларидан ҳақ сифатида тушадиган маблағлар, шунингдек у томонидан кўрсатилган бошқа сув хўжалиги хизматлари ҳисобига уюшманинг суғориладиган ерлари майдони, қишлоқ хўжалик экинлари турлари, сув бериш ҳажми, тупроқ-иқлим хусусиятлари ва бошқа хусусиятлар ҳисобга олинган ҳолда Уюшма аъзоларининг умумий йиғилишида белгиланадиган миқдорларда амалга оширилади.
(4.1-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 18 февралдаги 40-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2011 й., 7-8-сон, 62-модда)
4.2. Уюшманинг сув хўжалиги объектларидан фойдаланишда ва Уюшманинг ўзининг таъминотида ҳар бир сувдан фойдаланувчи ва сув истеъмолчисининг улушли қатнашишини аниқлаш учун ҳар йили амалдаги нормативлар асосида, қимматлашиш индекси ҳисобга олинган ҳолда харажатлар сметаси тузилади.
Сув хўжалиги органлари билан келишилган харажатлар сметаси Уюшма аъзоларининг умумий йиғилишида тасдиқланади.
(4.2-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 18 февралдаги 40-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2011 й., 7-8-сон, 62-модда)
4.3. Фермер ва деҳқон хўжаликлари, фуқаролар ва Уюшманинг бошқа аъзоларининг насос агрегатлари, мелиоратив техникаси ва бошқа мол-мулкидан фойдаланиш уларнинг ўз маблағлари ҳисобига амалга оширилади.
(4.3-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 18 февралдаги 40-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2011 й., 7-8-сон, 62-модда)
4.4. Фермер ва деҳқон хўжаликлари, фуқаролар ва Уюшманинг бошқа аъзоларининг насос агрегатлари, мелиоратив техникаси ва бошқа мол-мулки алоҳида шартномалар бўйича улардан фойдаланиш учун Уюшмага берилиши мумкин.
(4.4-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 18 февралдаги 40-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2011 й., 7-8-сон, 62-модда)
Вазирлар Маҳкамасининг
2002 йил 5 январдаги 8-сон қарорига
8-ИЛОВА
Янгидан ташкил этилган фермер хўжаликларига тижорат банклари томонидан кредит бериш
ҚОИДАЛАРИ
I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР
1. Ушбу Қоидалар Фуқаролик кодексига, «Банк ва банк фаолияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига, шунингдек бошқа қонунчиликка мувофиқ ишлаб чиқилган ҳамда тугатилган ширкат ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналари негизида янги ташкил этилган фермер хўжаликларини (кейинги ўринларда матнда фермер хўжаликлари деб аталади) ривожлантириш учун қулай шароитлар яратишга қаратилган.
(1-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
2. Ушбу Қоидалар янги ташкил этилган фермер хўжаликларига қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини ёки бошқа ишлаб чиқаришни ташкил этиш учун тижорат банклари томонидан кредитлар беришни тартибга солади, давлат буюртмаси доирасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш бундан мустасно.
Тижорат банклари томонидан кредитлар бериш қайтариш, ҳақ тўлаш, таъминланганлик, муддатлилик ва мақсадли фойдаланиш шартларида амалга оширилади.
3. Янги ташкил этилган фермер хўжаликларига бошланғич (дастлабки) капитални шакллантириш учун кредитлар Якка тартибдаги тадбиркорларга, кичик ва ўрта бизнес субъектларига тижорат банклари томонидан бюджетдан ташқари фондларнинг кредит линиялари ҳисобидан кредитлар бериш тартиби тўғрисидаги Низомда (Адлия вазирлиги томонидан 2001 йил 3 октябрда 1074-рақам билан рўйхатдан ўтказилган) белгиланган тартибда берилади.
4. Фермер хўжаликлари бошланғич капитални шакллантириш учун кредитлар олгандан кейин ўзининг бизнес-режасини маблағ билан таъминлашга кредит олиш юзасидан ўзларига хизмат кўрсатувчи банкка мурожаат қилишга ҳақлидир.
5. Тижорат банклари кредитларни фермерларга шартнома асосида 3 йилгача муддатга беради. Кредитлар мижознинг талаб қилиб олинадиган депозит ҳисоб рақами жойлашган жойда берилади.
6. Кредитлар фермерларга қуйидаги мақсадлар учун берилади:
қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини ривожлантириш ва кенгайтириш, шу жумладан уруғлик, мол, ёш чорва моллари, парранда, ем-хашак, омихта ем, кўчатлар, ветеринария препаратлари, ўсимликларни ҳимоя қилишнинг кимёвий воситалари, минерал ўғитлар, ёнилғи-мойлаш материаллари сотиб олиш;
хом ашё ва материалларга дастлабки ишлов бериш;
меҳнат қуроллари, хом ашё сотиб олиш;
кичик асбоб-анжомлар сотиб олиш;
кичик ҳажмли ишлаб чиқаришларни ташкил қилиш;
Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилиги билан тақиқланмаган халқ истеъмол товарлари ишлаб чиқариш билан боғлиқ тадбиркорлик фаолиятининг бошқа турларини амалга ошириш.
(6-банднинг еттинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
7. Кредитлар:
илгари олинган кредитларни ёки бошқа ҳар қандай қарзларни узиш;
тамакичилик ва алкоголли ичимликлар ишлаб чиқариш;
савдо-воситачилик фаолиятини амалга ошириш;
ишлаб чиқариш мақсадларида фойдаланилмайдиган шахсий мол-мулк сотиб олиш мақсадлари учун берилмайди.
8. Кредитлардан фойдаланганлик учун фоиз ставкаси миқдори қарз олувчи ва банк ўртасидаги ўзаро келишув бўйича кредит шартномаси асосида белгиланади.
II. КРЕДИТЛАРНИ РАСМИЙЛАШТИРИШ ТАРТИБИ
9. Қарз олувчилар кредит олиш учун банкка қуйидаги ҳужжатларни тақдим этадилар:
кредит олиш учун кредит буюртманомаси;
пул оқими таҳлили албатта кўрсатилган ҳолдаги бизнес-режа;
ўз фаолиятини уч ойдан ортиқ амалга ошираётган фермер хўжаликлари, шунингдек охирги ҳисобот даври учун давлат солиқ хизмати маҳаллий (туман) органи тасдиқлаган бухгалтерия баланси (1-шакл)ни ҳамда дебиторлик ва кредиторлик қарзлар тўғрисидаги маълумотнома (2а-шакл)ни ҳам тақдим этадилар.
10. Қарз олувчи тўламаслик хавфини бартараф этиш мақсадида кредитни қайтаришни таъминлашга эга бўлиши керак, таъминлай олиш унга қўйиладиган асосий талаб ҳисобланади.
Қуйидагилар кредитнинг қайтарилишини таъминловчи бўлиб хизмат қилиши мумкин:
суғурта ташкилотининг кафолатномаси;
банк кредитлари фермер хўжаликлари томонидан қайтарилмаслиги хавфини олинадиган кредит суммасининг 50 фоизи миқдорида мажбурий суғурта қилиш ҳамда ҳосил ва мол-мулкнинг 50 фоизи ихтиёрий суғурта қилинганлиги тўғрисида суғурта компаниясининг суғурта полиси.
11. «Ўзагросуғурта» компаниясига ва бошқа суғурта ташкилотларига қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилининг нобуд бўлиши хавфини ёки фермер хўжаликларининг бошқа фаолиятини суғурта қилиш асосида кредит қайтарилиши ҳақида кафолатномани тижорат банкларига тақдим этиш тавсия қилинади.
12. Ушбу кредит буюртманомаси (аризаси) бўйича банк хулосасини бериш муддати кредит олиш учун буюртманома ушбу Қоидаларнинг 9-бандида кўрсатилган зарур ҳужжатлар илова қилинган ҳолда банкка тушган кундан бошлаб 10 иш кунидан ошмаслиги керак.
III. КРЕДИТ БЕРИШ ВА ССУДАНИ ҚАЙТАРИШ ТАРТИБИ
13. Кредитлар мижознинг талаб қилиб олинадиган депозит ҳисоб рақами жойлашган жойда берилади. Кредитлар алоҳида ссуда ҳисоб рақами очиш ва фермер хўжалигининг асосий фаолияти билан боғлиқ товар-моддий бойликлар, асбоб-ускуналар ва бошқа хизматлар учун қарз олувчининг тўлов топшириқномаларини тўлаш йўли билан нақд пулсиз берилади.
14. Кредитни қайтариш муддатлари жадвал тарзида тақдим этилиши мумкин, жадвалда кредитни пул оқимлари тушиши истиқболига кўра бир нечта босқичда қайтариш назарда тутилади.
Кредит учун фоизларни тўлаш етиштирилган ҳосилни сотишдан пул маблағлари тушишига қараб, бироқ кредит берилган кундан бошлаб камида 6 ойдан кейин амалга оширилиши мумкин.
15. Кредитни қайтариш муддати бошланганда ва қарз олувчида пул маблағлари мавжуд бўлмаганда кредит кафолат берувчи (суғурталовчи)нинг талаб қилиб олинадиган депозит ҳисоб рақамидан ундириб олишга тақдим этилади.
Суғурта ҳолати бошланганда «Ўзагросуғурта» компаниясининг ҳудудий бўлимлари ва бошқа суғурта ташкилотлари тижорат банки талабига кўра суғурта суммасини мазкур кредит бўйича фоизларни ва асосий қарзни тўлашга ўтказишга мажбур.
16. Тижорат банклари кредитдан фойдаланишнинг бутун муддати давомида доимий мониторингни амалга оширади ва у қарз олувчининг буюртманомасини ҳамда кредит шартномаси шартларини амалга оширишга ҳар томонлама кўмаклашишга йўналтирилиши керак.
17. Мониторинг жараёнида банк жойларда кредитдан самарали ва мақсадли фойдаланилишини текширади.
18. Тижорат банклари кредит шартномаси бўйича ўз мажбуриятларини бажармаётган қарз олувчиларга нисбатан:
кредит беришни вақтинчалик тўхтатиб туришга ёки тўлиқ тўхтатиб қўйишга;
берилган кредит бўйича қарзнинг бутун суммасини муддатидан олдин ундириб олишга ҳақлидир.
19. Берилган кредитлардан мақсадли фойдаланмаслик ҳоллари аниқланган тақдирда банк кредитнинг белгиланмаган мақсадда фойдаланилган қисмини қарз олувчининг талаб қилиб олинадиган депозит ҳисоб рақамидан муддатидан олдин, кредит шартномасида белгиланган тартибда ундириб олиш ҳуқуқига эгадир.
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2002 й., 1-сон, 8-модда; 2003 й., 17-18-сон, 156-модда; 2004 й., 33-сон, 370-модда, 52-сон, 521-модда; 2006 й., 45-сон, 443-модда; 2009 й., 21-сон, 252-модда; 2010 й., 44-45-сон, 385-модда; 2011 й., 7-8-сон, 62-модда; 2013 й., 1-сон, 8-модда; 2017 й., 26-сон, 593-модда; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 27.12.2017 й., 09/17/1021/0465-сон, 01.06.2018 й., 09/18/403/1286-сон, 10.10.2018 й., 09/18/813/2027-сон, 10.12.2018 й., 09/18/995/2287-сон, 04.06.2019 й., 09/19/457/3235-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)