Ўзбекистон ССЖ Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Ўзбекистон ССЖ Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитасини ташкил этиш тўғрисида
LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 25 мартдаги 139-сонли «Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон ССЖнинг мустақиллиги тўғрисидаги Декларацияга ва «Ўзбекистон ССЖда мулкчилик тўғрисида»ги Қонунга амал қилиб, жумҳуриятда геология тармоғининг геология-қидирув, илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларини бошқаришнинг комплекс тизимини яратиш мақсадида ҳамда Ўзбекистон ССЖ Президентининг 1991 йил 12 февралдаги Фармонини бажариш юзасидан Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон ССЖ Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси марказий аппаратининг тузилиши иловага мувофиқ тасдиқлансин. Давлат қўмитаси аппарати ходимларининг сони 110 кишидан (хизмат кўрсатувчи ходимлар сонини хисобга олмаган ҳолда) иборат қилиб белгилансин, улар Қўмита билан ўз муносабатларини шартнома асосларида йўлга қўювчи унинг тасарруфидаги корхоналар ва ташкилотларнинг ажратмалари ҳисобига сақлансин.
Ўзбекистон Республикаси Давлат геология қўмитасига раиснинг 3 нафар ўринбосари, шу жумладан, бир нафар биринчи ўринбосари ва 7 кишидан иборат таркибда ҳайъат бўлишига рухсат этилсин.
(1-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1995 йил 3 январдаги 2-сонли қарори таҳририда)
2. Ўз фаолиятини хўжалик ҳисоби асосида амалга оширувчи Ўзбекистон ССЖ Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитасига қуйидаги ҳуқуқлар берилсин:
жумҳурият ҳудудини геологик жиҳатдан комплекс ўрганиш, халқ хўжалиги эҳтиёжларини ўрганилган минерал хом ашё захиралари билан таъминлаш билан боғлиқ барча масалаларни мустақил олиб бориш ва ҳал қилиш фойдали қазилмаларни қазиб олиш ва қайта ишлашни амалга ошириш, ўзига топширилган масалалар бўйича ССЖИ ва жумҳуриятнинг барча давлат органларида, шунингдек чет элларда жумҳурият манфаатларини ифодалаш;
минерал ресурслардан фойдаланишни назорат қилиш;
жумҳурият ҳудудида геология тармоғининг ташкилотлари ва корхоналарида барпо этилган мол-мулкка эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва ишлатиш.
3. Ўзбекистон ССЖ Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитасининг ўз тасарруфига кирувчи масалалар бўйича актлари жумҳурият ҳудудида иш олиб борувчи барча вазирликлар, идоралар ва корхоналар учун, уларнинг идоравий бўйсунишидан қатъи назар, мажбурий ҳисоблансин.
4. Ўзбекистон ССЖ Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси тўғрисидаги илова қилинаётган Низом тасдиқлансин.
5. ЎзССЖ Иқтисодиёт қўмитаси, ЎзССЖ Моддий-техника таъминоти давлат-кооператив қўмитаси, ЎзССЖ Молия вазирлиги Ўзбекистон ССЖ Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси ташкил этилганлиги муносабати билан режа ва бюджет (ишлаб чиқариш, капитал қурилиш, молиявий таъминлаш, моддий-техникавий таъминлаш ва бошқалар) кўрсаткичларига тегишли ўзгартишлар киритсинлар.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1991 йил 10 май,
125-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 1991 йил 10 майдаги 125-сонли қарорига ИЛОВА
Ўзбекистон ССЖ Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси марказий аппаратининг
(Илова Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1996 йил 9 декабрдаги 435-сонли қарорига асосан ўз кучини йўқотган — ЎР ҲҚТ, 1996 й., 12-сон, 34-модда)