toggle_night_mode
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ АЛОҚА, АХБОРОТЛАШТИРИШ ВА ТЕЛЕКОММУНИКАЦИЯ ТЕХОНОЛОГИЯЛАРИ ДАВЛАТ ҚЎМИТАСИ
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ИҚТИСОДИЁТ ВАЗИРЛИГИ
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МОЛИЯ ВАЗИРЛИГИНИНГ
Қарори
Дастурий таъминот воситалари ишлаб чиқувчиларининг миллий реестри тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2013 йил 26 декабрда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 2541]
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 20 сентябрдаги ПҚ-2042-сонли «Мамлакатимизнинг дастурий таъминот воситалари ишлаб чиқувчиларини рағбатлантиришни янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорининг (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2013 й., 39-сон, 508-модда) 8-бандига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси, Иқтисодиёт вазирлиги ва Молия вазирлиги қарор қиладилар:
1. Дастурий таъминот воситалари ишлаб чиқувчиларининг миллий реестри тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси раиси Х. МИРЗАХИДОВ
Тошкент ш.,
2013 йил 28 ноябрь,
62-мҳ-сон
Иқтисодиёт вазири Г. САИДОВА
Тошкент ш.,
2013 йил 28 ноябрь,
52-сон
Молия вазири Р. АЗИМОВ
Тошкент ш.,
2013 йил 28 ноябрь,
109-сон
Ўзбекистон Республикаси Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари Давлат қўмитаси, Иқтисодиёт вазирлиги ва Молия вазирлигининг 2013 йил 28 ноябрдаги 62-мҳ, 52 ва 109-сон қарорига
ИЛОВА
Дастурий таъминот воситалари ишлаб чиқувчиларининг миллий реестри тўғрисидаги
низом
Олдинги таҳрирга қаранг.
Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг «Ахборотлаштириш тўғрисида»ги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 20 сентябрдаги ПҚ-2042-сон «Мамлакатимизнинг дастурий таъминот воситалари ишлаб чиқувчиларини рағбатлантиришни янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 1 майдаги 318-сон «Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳузуридаги Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳасида назорат бўйича инспекция тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида»ги»ги қарорига мувофиқ Дастурий таъминот воситалари ишлаб чиқувчиларининг миллий реестрини шакллантириш ва юритиш тартибини белгилайди.
(муқаддима Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ва Молия вазирлигининг 2019 йил 4 сентябрдаги 203-мх, 16 ва 96-сонли қарори (рўйхат рақами 2541-3, 24.09.2019 й.) таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 24.09.2019 й., 10/19/2541-3/3801-сон)
I боб. Умумий қоидалар
1. Дастурий таъминот воситалари ишлаб чиқувчиларининг миллий реестрини юритишнинг асосий вазифалари ва йўналишлари қуйидагилар:
мамлакатимизнинг дастурий таъминот воситалари ишлаб чиқувчилари тўғрисидаги ахборотнинг ягона электрон банкини яратиш ва истиқболли лойиҳаларни ҳамда инновацион компьютер технологияларини яратиш билан машғул бўлган истеъдодли ёш дастурчиларни қўллаб-қувватлаш;
миллий дастурий маҳсулотларнинг маълумотлар базасини шакллантириш ҳамда мамлакатимизда дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқариш бозорининг ҳолати ва салоҳияти тўғрисида ахборот бериш;
ички ва ташқи бозорларда рақобатбардошли бўлган, сифатли миллий дастурий маҳсулотларни ишлаб чиқишни рағбатлантириш;
иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларининг реал эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқишнинг устувор йўналишларини белгилаш;
мамлакатимиз дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқувчиларининг манфаатларини ифодалаш, уларга ўз маҳсулотларини ички ва ташқи бозорларда илдам силжитишда кўмак бериш.
2. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
Дастурий таъминот воситалари ишлаб чиқувчиларининг миллий реестри (бундан буён матнда Миллий реестр деб юритилади) — мамлакатимизнинг дастурий таъминот воситалари ишлаб чиқувчилари тўғрисидаги ахборотнинг ягона электрон банки;
Олдинги таҳрирга қаранг.
дастурий таъминот воситалари ишлаб чиқувчиси — ўз дастурий таъминот воситаларини ишлаб чиқариш (ишлаб чиқиш), кузатиш (хизмат кўрсатиш), жорий қилиш ва сотиш билан боғлиқ фаолиятни қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширувчи юридик шахс, Ўзбекистон Республикаси резиденти;
(2-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2021 йил 30 ноябрдаги 20-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3338, 30.11.2021 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.11.2021 й., 10/21/3338/1117-сон)
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикасининг «Ахборотлаштириш тўғрисида»ги Қонуни.
дастурий таъминот воситалари — алгоритм тилида тақдим этилган операциялар, командалар ва маълумотларнинг мантиқий ташкил этилган йиғиндисидан иборат ва муайян натижага эришиш мақсадида компьютерда амалга ошириш учун мўлжалланган интеллектуал мулк объекти. Дастурий таъминот воситалари деганда уларни ишлаб чиқиш давомида олинган тайёрлов материаллари ҳам назарда тутилади.
3. Мазкур Низом мақсадларида ўз дастурий таъминот воситаларини ишлаб чиқиш, жорий қилиш ва сотиш деганда:
а) компьютерда дастурлаш ва дастурий таъминот воситаларини ёзиш, модификация қилиш, тестлаш ва техник қўллаб-қувватлаш билан таъминлаш, ҳужжатлаштиришга доир (шу жумладан тижорат ёки эркин тарқалган модуллардан фойдаланган ҳолда) фаолиятнинг барча турлари, шу жумладан тизим ва мазмунни ишлаб чиқиш ва/ёки тизимли дастурий таъминот воситалари (шу жумладан тиклаш), амалий дастурлар (шу жумладан тиклаш), маълумотлар базалари, веб-сайтларни (шу жумладан уларнинг аудиовизуал элементларини) яратиш ва бажариш учун зарур бўлган командалар тизимини ёзиш, дастурий таъминот воситаларини созлаш, яъни мавжуд илова мижознинг ахборот тизими доирасида ишлаши учун керакли бўлган тарзда уни модификация қилиш ва конфигурациялаш, якка тартибдаги дастурий таъминот воситаларини ишлаб чиқиш (буюртма асосида) ва дастурлар пакетини фойдаланувчиларнинг эҳтиёжларига мослаштириш, фойдаланувчилар учун дастурий илова қилинган йўриқномаларни ёзиш;
б) ўзи томонидан ишлаб чиқилган дастурий таъминот воситаларининг маълумотларни қайта ишлаш ва маълумотлар базаларига маълумотларни киритиш, сотилган ёки фойдаланиш учун тақдим этилган маълумотларни қайта ишлаш ва киритиш воситаларининг узоқ муддатли (доимий) асосда эксплуатация қилинишини таъминлаш бўйича фаолият;
в) ўзи томонидан ишлаб чиқилган дастурий таъминот воситаларини кўпайтириш, жорий қилиш, шунингдек кузатиш (хизмат кўрсатиш) бўйича фаолият, шу жумладан ўзи томонидан ишлаб чиқилган дастурий таъминот воситаларини сотиш, фойдаланишга бериш, уларни жорий қилиш, дастурий таъминот воситаларини ишлаб чиқиш ва техник кузатиш билан боғлиқ хизматларни кўрсатиш, ишлаб чиқувчининг ўзи томонидан ишлаб чиқилган дастурий таъминот воситалари харидорлари ва фойдаланувчиларини ўқитиш ҳамда уларга маслаҳатлар бериш тушунилади.
II боб. Миллий реестрга киритиш
4. Миллий реестрга ихтиёрий ва бепул асосда юридик шахс сифатида давлат рўйхатига олинган кундан бошлаб, уч ойдан кам бўлмаган муддатда, юридик шахс сифатида ўз фаолиятини амалга ошираётган ва сўнгги уч ойда ўз дастурий таъминот воситаларини ишлаб чиқиш, татбиқ этиш ва сотишдан олган даромадлари сотилган товарлар (ишлар, хизматлар) умумий ҳажмининг камида 50 фоизини ташкил этувчи дастурий таъминот воситалари ишлаб чиқувчилари киритилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
5. Дастурий таъминот воситалари ишлаб чиқувчиларини Миллий реестрга киритиш юридик шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги (бундан буён матнда Вазирлик деб юритилади)га тегишли аризалари асосида амалга оширилади.
(5-банд Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2024 йил 25 декабрдаги 34-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3595, 27.12.2024 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.12.2024 й., 10/24/3595/1086-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
6. Вазирлик Миллий реестрни шакллантириш, юритиш ва янада ривожлантириш бўйича функцияларни амалга оширади.
(6-банд Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги ва Молия вазирлигининг 2016 йил 15 апрелдаги 17-04, 113, 26-сонли қарори (рўйхат рақами 2541-1, 03.05.2016 й.) таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2016 й., 18-сон, 206-модда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
7. Юридик шахслар Миллий реестрга кириш учун Вазирликка мазкур Низомнинг 1-иловасига мувофиқ шакл бўйича ариза тақдим этадилар (шахсан келиб, почта алоқаси воситасида ёки Интернет тармоғи орқали).
(7-банд Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги ва Молия вазирлигининг 2016 йил 15 апрелдаги 17-04, 113, 26-сонли қарори (рўйхат рақами 2541-1, 03.05.2016 й.) таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2016 й., 18-сон, 206-модда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
8. Вазирлик аризани олган кундан бошлаб уни уч иш куни мобайнида кўриб чиқади. Ҳар бир аризани кўриб чиқиш якунлари бўйича Вазирлик дастурий таъминот воситалари ишлаб чиқувчисини Миллий реестрга киритиш ёки киритишни рад этиш тўғрисидаги асосланган қарорни қабул қилади, бу ҳақда дастурий таъминот воситалари ишлаб чиқувчисига хабарнома юборилади (почта, шу жумладан электрон почта орқали).
(8-банд Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги ва Молия вазирлигининг 2016 йил 15 апрелдаги 17-04, 113, 26-сонли қарори (рўйхат рақами 2541-1, 03.05.2016 й.) таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2016 й., 18-сон, 206-модда)
9. Мазкур Низомнинг 3-бандидаги талабларга жавоб бермайдиган дастурий таъминот воситалари ишлаб чиқувчиларини Миллий реестрга киритишда рад этилиши мумкин.
10. Дастурий таъминот воситалари ишлаб чиқувчисини Миллий реестрга киритишда асоссиз рад этилишига йўл қўйилмайди.
Дастурий таъминот воситалари ишлаб чиқувчиси томонидан ариза илгари кўрсатилган камчиликлар бартараф қилинган ҳолда такроран тақдим этилганда, янги асосларга кўра Миллий реестрга киритилишда рад этиш тақиқланади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
11. Миллий реестрга киритилиши рад этилган ҳолда дастурий таъминот воситалари ишлаб чиқувчиси фақат Миллий реестрга киритилишига тўсқинлик қилувчи сабабларни бартараф этган ҳолдагина Вазирликка ариза билан такроран мурожаат қилишга ҳақлидир.
Вазирлик Миллий реестрга киритиш тўғрисида ариза билан такроран қилинган мурожаатни мазкур Низомнинг 8-бандида белгиланган тартибда ва муддатларда кўриб чиқиши шарт.
(11-банд Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги ва Молия вазирлигининг 2016 йил 15 апрелдаги 17-04, 113, 26-сонли қарори (рўйхат рақами 2541-1, 03.05.2016 й.) таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2016 й., 18-сон, 206-модда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
12. Дастурий таъминот воситалари ишлаб чиқувчисини Миллий реестрга киритиш тўғрисидаги қарор қабул қилинган ҳолда, Вазирлик:
(12-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги ва Молия вазирлигининг 2016 йил 15 апрелдаги 17-04, 113, 26-сонли қарори (рўйхат рақами 2541-1, 03.05.2016 й.) таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2016 й., 18-сон, 206-модда)
қарор қабул қилинган кундан кейин бир кун муддат ичида мазкур Низомнинг 16-бандида санаб ўтилган маълумотларни Миллий реестрга киритади;
дастурий таъминот воситалари ишлаб чиқувчисини Миллий реестрга киритган кунда дастурий таъминот воситалари ишлаб чиқувчисини унинг Миллий реестрга киритилганлиги тўғрисида хабардор қилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
дастурий таъминот воситалари ишлаб чиқувчиси Миллий реестрга киритилган кундан бошлаб 10 кундан кечиктирмасдан Ўзбекистон Республикаси Солиқ қўмитасига юридик шахснинг тўлиқ номланиши, унинг жойлашган ери (почта манзили), давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома рақами ва санаси, солиқ тўловчининг идентификацион рақами ва Миллий реестрга киритилган санаси тўғрисидаги маълумотларни тақдим этиши шарт.
(12-банднинг тўртинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2024 йил 25 декабрдаги 34-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3595, 27.12.2024 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.12.2024 й., 10/24/3595/1086-сон)
13. Дастурий таъминот воситалари ишлаб чиқувчиси қуйидаги асосларда Миллий реестрдан чиқарилади:
чиқиш тўғрисидаги ўз аризаси;
тегишли ваколатли органларнинг дастурий таъминот воситалари ишлаб чиқувчиси мазкур Низомда белгиланган юридик шахсларни Миллий реестрга киритиш мезонларга номувофиқ эканлиги тўғрисидаги асосланган маълумоти.
Олдинги таҳрирга қаранг.
14. Миллий реестрдан чиқариш тўғрисидаги масала Миллий реестрдан чиқариш тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш учун тегишли материаллар олинган кундан бошлаб уч кун муддат ичида Вазирлик томонидан кўриб чиқилади.
(14-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги ва Молия вазирлигининг 2016 йил 15 апрелдаги 17-04, 113, 26-сонли қарори (рўйхат рақами 2541-1, 03.05.2016 й.) таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2016 й., 18-сон, 206-модда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
Кўриб чиқиш натижалари бўйича Вазирлик дастурий таъминот воситалари ишлаб чиқувчисини Миллий реестрдан чиқариш тўғрисида асосланган қарор қабул қилади.
(14-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги ва Молия вазирлигининг 2016 йил 15 апрелдаги 17-04, 113, 26-сонли қарори (рўйхат рақами 2541-1, 03.05.2016 й.) таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2016 й., 18-сон, 206-модда)
Дастурий таъминот воситалари ишлаб чиқувчисини Миллий реестрдан чиқариш бу ҳақда қарор қабул қилинган кундан бошлаб бир кун муддат ичида амалга оширилади.
15. Миллий реестрдан чиқарилган юридик шахслар, Миллий реестрга агарда ўз дастурий таъминот воситаларини ишлаб чиқиш, жорий қилиш ва сотишдан олган даромадлари ўтган йилга нисбатан сотилган товарлар (ишлар, хизматлар) умумий ҳажмининг 50 фоизидан кам бўлмаган миқдорини ташкил этса, Миллий реестрдан чиқарилган йилдан кейинги календарь йилида қайта киритилиши мумкин.
III боб. Миллий реестрни шакллантириш ва юритиш
16. Миллий реестр он-лайн режимида software.uz Интернет-порталида электрон шаклда юритилади.
Миллий реестр дастурий таъминот воситалари ишлаб чиқувчилари тўғрисидаги қуйидаги маълумотларни ўз ичига олади:
юридик шахс тўғрисидаги асосий маълумотлар (дастурий таъминот воситалари ишлаб чиқувчиларининг номи, уларнинг ташкилий-ҳуқуқий шакли, жойлашган ери (почта манзили) телефони ва бошқалар);
Олдинги таҳрирга қаранг.
ишлаб чиқилган, жорий қилинган ва сотилган дастурий таъминот воситалари тўғрисидаги асосий маълумотлар (лойиҳалар ва дастурий таъминот воситалари номи, вазифаси, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг Дастурий маҳсулотлар давлат реестрида рўйхатга олинганлиги тўғрисидаги маълумотлар (мавжуд бўлса));
(16-банднинг тўртинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2022 йил 14 октябрдаги 24-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3393, 17.10.2022 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 17.10.2022 й., 10/22/3393/0952-сон)
Миллий реестрга киритилган сана ва рақами;
Миллий реестрга киритиш ва/ёки чиқариш учун асослар ва саналари;
баланс ҳисоботи ва хўжалик фаолиятининг асосий параметрлари, шу жумладан дастурий таъминот воситаларини ишлаб чиқиш, жорий қилиш ва сотишдан олинадиган даромадлар миқдори ва бошқалар.
17. Миллий реестрдаги маълумотлар умумфойдаланадиган маълумотлар ҳисобланади, дастурий таъминот воситалари ишлаб чиқувчиларининг молиявий кўрсаткичлари бундан мустасно.
18. Миллий реестр Интернет тармоғидаги он-лайн дўконлар рўйхатини ўз ичига олади, бу дўконлар воситасида Миллий реестрга киритилган дастурий таъминот воситалари ишлаб чиқувчилари экспорт шартномаси мавжуд бўлмасдан дастурий таъминот воситаларини ишлаб чиқариш ва кузатиш (хизмат кўрсатиш) билан боғлиқ ишлар ва хизматларнинг хорижий валютада экспорт қилинишини амалга оширадилар.
IV боб. Миллий реестрга киритилган дастурий таъминот воситалари ишлаб чиқувчилари томонидан солиқ ва божхона имтиёзларининг қўлланилиши
Олдинги таҳрирга қаранг.
19. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 20 сентябрдаги ПҚ-2042-сон «Мамлакатимизнинг дастурий таъминот воситалари ишлаб чиқувчиларини рағбатлантиришни янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ Миллий реестрга киритилган дастурий таъминот воситалари ишлаб чиқувчилари 2020 йилнинг 1 январига қадар муддатда қуйидаги тўловлардан озод этилади:
(19-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги ва Молия вазирлигининг 2018 йил 9 февралдаги 162-мҳ, 7, 23-сонли қарори (рўйхат рақами 2541-2, 12.03.2018 й.) таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 12.03.2018 й., 10/18/2541-2/0886-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
барча турдаги солиқлар;
(19-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ва Молия вазирлигининг 2019 йил 4 сентябрдаги 203-мх, 16 ва 96-сонли қарори (рўйхат рақами 2541-3, 24.09.2019 й.) таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 24.09.2019 й., 10/19/2541-3/3801-сон)
Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича ўз эҳтиёжлари учун олиб келинадиган ускуналар, бутловчи қисмлар, деталлар, узеллар, технология ҳужжатлари, дастурий таъминот воситаларига бож тўловлари (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари).
Олдинги таҳрирга қаранг.
Миллий реестрга киритилган юридик шахслар — дастурий таъминот воситаларини ишлаб чиқувчилар мазкур банд билан назарда тутилган солиқ имтиёзларининг амал қилиш муддати, агар уларнинг ўзлари ишлаб чиқарган дастурий таъминот воситаларини экспорт қилиш ҳажми 2019 йил якунлари бўйича улар сотган товарлар (ишлар, хизматлар) умумий ҳажмининг камида 50 фоизини ташкил этган тақдирда, 2 йилга (2022 йилнинг 1 январигача) узайтирилади.
(19-банднинг тўртинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги ва Молия вазирлигининг 2018 йил 9 февралдаги 162-мҳ, 7, 23-сонли қарори (рўйхат рақами 2541-2, 12.03.2018 й.) таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 12.03.2018 й., 10/18/2541-2/0886-сон)
20. Мазкур Низомнинг 19-банди иккинчи хатбошисида назарда тутилган солиқ имтиёзлари берилиши муносабати билан бўшайдиган маблағлар Миллий реестрга киритилган юридик шахслар − дастурий таъминот воситалари ишлаб чиқувчиларининг ходимларини рағбатлантириш, моддий-техника базасини ривожлантириш ва мустаҳкамлашга йўналтирилади.
21. Имтиёзлар берилиши натижасида бўшаган маблағлардан мақсадга мувофиқ ишлатилмаган тақдирда, ушбу маблағлар тўлиқ ҳажмда, белгиланган тартибда пеня ҳисобланган ҳолда Давлат бюджетига ундирилади.
22. Имтиёздан фойдаланиб олиб келинган ускуналар, бутловчи қисмлар, деталлар, узеллар, технология ҳужжатлари, дастурий таъминот воситалари эркин муомалага чиқариш санасидан 5 йил мобайнида ўз эҳтиёжлари учун бўлмаган мақсадларда фойдаланиш фактлари аниқланган ҳолда солиқ тўловчини молиявий-хўжалик текширувларини ўтказиш давомида (ревизия) давлат солиқ хизмати органлари аниқланган фактлар тўғрисидаги ҳужжатларни тузади ва уч иш куни ичида ҳудудий давлат божхона хизмати органларига юборади.
Ўз эҳтиёжлари учун бўлмаган мақсадларда фойдаланилган, олиб келинган ускуналар, бутловчи қисмлар, деталлар, узеллар, технология ҳужжатлари, дастурий таъминот воситаларига божхона тўловлари бўйича имтиёзлар суммаси пеня ҳисобланган ҳолда, ўрнатилган тартибда Давлат бюджетига ундирилади.
23. Мазкур Низомнинг 19-бандида назарда тутилган имтиёзлар:
солиқ ва мажбурий ажратмалар бўйича − дастурий таъминот воситалари ишлаб чиқувчилар Миллий реестрга киритилган ойнинг кейинги ойи 1-санасидан;
божхона тўловлари бўйича − дастурий таъминот воситалари ишлаб чиқувчилар Миллий реестрга киритилган санадан бошлаб қўлланилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
24. Божхона тўловлари бўйича имтиёзлар мазкур Низомнинг 2-иловасидаги шакл бўйича ҳудудий давлат божхона хизмати органларига тақдим этиладиган ариза асосида берилади. Ариза давлат божхона хизмати органларига икки нусхада тақдим этилади, бир нусхаси ваколатли орган белгиси билан аризачига қайтарилади. Бунда кичик тадбиркорлик субъектлари бўлиб ҳисобланган микрофирмалар ва кичик корхоналар божхона тўловлари бўйича имтиёзларни қўллаш мақсадида ариза тақдим этмайдилар.
(24-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги ва Молия вазирлигининг 2016 йил 15 апрелдаги 17-04, 113, 26-сонли қарори (рўйхат рақами 2541-1, 03.05.2016 й.) таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2016 й., 18-сон, 206-модда)
Божхона тўловлари бўйича имтиёзлар (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхат бўйича Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган ускуналар, бутловчи қисмлар, деталлар, узеллар, технология ҳужжатлари, дастурий таъминот воситаларини эркин муомалага чиқариш божхона расмийлаштируви вақтида тақдим қилинади.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 27 ноябрдаги 750-сонли «Ўзбекистон Республикасида ўхшаши ишлаб чиқарилмайдиган четдан олиб кириладиган технологик асбоб-ускуналарга божхона божи ва қўшилган қиймат солиғи бўйича имтиёзлар бериш механизмини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори.
Олдинги таҳрирга қаранг.
25. Ўрнатилган мезонларга мослигини тасдиқлаш учун (ўз дастурий таъминот воситаларини ишлаб чиқариш, жорий қилиш ва амалга ошириш даромадлари маҳсулотлар (ишлар, хизматлар) умумий ҳажмининг 50 фоизидан кам бўлмаган қисмини ташкил этади ёки 2020 йилдан бошлаб хусусий дастурий таъминот воситалари ҳажми умумий маҳсулотларнинг (ишлар, хизматлар) ҳажмининг 50 фоиздан кам бўлмаган миқдорини ташкил этади), имтиёзлардан фойдаланган дастурий таъминот воситалари ишлаб чиқувчилар йил якуни бўйича солиқ ҳисоботини тақдим этиш билан бир вақтда мазкур Низомнинг 3-иловасига мувофиқ маълумотнома-ҳисоботни давлат солиқ хизмати органларига тақдим этади.
(25-банд Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги ва Молия вазирлигининг 2018 йил 9 февралдаги 162-мҳ, 7, 23-сонли қарори (рўйхат рақами 2541-2, 12.03.2018 й.) таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 12.03.2018 й., 10/18/2541-2/0886-сон)
26. Тақдим этилган маълумотнома-ҳисоботга кўра ҳисобот йили якуни бўйича ташкилот имтиёз бериш бўйича мазкур Низом билан ўрнатилган мезонга мос келмаса, мазкур Низомнинг 19-бандида келтирилган имтиёзлар, ўрнатилган тартибда пеня ҳисобланган холда Давлат бюджетига тўлаш мажбурияти тикланган ҳолда бекор қилинади.
27. Дастурий таъминот воситалари ишлаб чиқувчилар имтиёз бериш бўйича мазкур Низомда белгиланган мезонларга мос эмаслиги аниқланган ҳолларда, давлат солиқ хизмати органлари 10 кун муддатда аниқланган фактлар ҳақида:
давлат божхона хизмати органларини божхона тўловларини ўрнатилган тартибда ундириш бўйича чоралар кўриш учун;
Олдинги таҳрирга қаранг.
Вазирликни мазкур юридик шахсни Миллий реестрдан чиқариш учун хабардор қилади.
(27-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги ва Молия вазирлигининг 2016 йил 15 апрелдаги 17-04, 113, 26-сонли қарори (рўйхат рақами 2541-1, 03.05.2016 й.) таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2016 й., 18-сон, 206-модда)
28. Дастурий таъминот воситалари ишлаб чиқувчиси календарь йили давомида Миллий реестрдан ўз хоҳишига кўра чиқса, мазкур Низомнинг 19-бандида кўрсатилган имтиёзлар, улар ўрнатилган мезонларга мос келган аввалги ҳисобот даври (чорак, ярим йил, 9 ой) учун сақланиб қолади.
V боб. Миллий реестр ишлашига доир ташкилий-техник масалалар
Олдинги таҳрирга қаранг.
29. Миллий реестрнинг ишлашига, уни он-лайн режимида юритишга доир ташкилий-техник ишларни амалга ошириш учун Вазирлик Миллий реестрнинг ваколатли операторини тайинлайди.
(29-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги ва Молия вазирлигининг 2016 йил 15 апрелдаги 17-04, 113, 26-сонли қарори (рўйхат рақами 2541-1, 03.05.2016 й.) таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2016 й., 18-сон, 206-модда)
Ваколатли оператор вазифасини ижро этиш доирасида қабул қилиб оладиган маълумотларнинг махфийлигини таъминлайди.
Ваколатли операторнинг фаолияти нотижорат асосда амалга оширилади ва қуйидагиларга қаратилган:
сифат менежменти давлат ва халқаро стандартлари (ISO-9000)ни ишлаб чиқиш, қабул қилиш ва жорий қилиш, компаниянинг дастурий таъминот воситаларини (CMMI) ишлаб чиқишга қобилиятини баҳолаш ва бошқалар;
миллий дастурий таъминот воситалари ишлаб чиқувчиларини халқаро ва миллий кўргазмаларда иштирок этишларини ташкил қилиш йўли билан мамлакатимизда ишлаб чиқилган дастурий таъминот воситаларини ички ва халқаро бозорларда илгари суриш;
фуқаролик жамияти салоҳияти, ахборот технологиялари соҳасидаги эксперт ҳамжамиятини сифатли, ички ва ташқи бозорларда рақобатбардош мамлакатимиз дастурий таъминот воситаларини ишлаб чиқиш жараёнларини рағбатлантиришга жалб қилиш;
дастурий таъминот воситаларини ишлаб чиқиш соҳасининг ўзини ўзи тартибга солиш механизмларини фаоллаштириш, маҳаллий дастурий таъминот воситалари ишлаб чиқувчиларининг манфаатларини ифода этиш, уларга ички ва ташқи бозорларда ўз маҳсулотини илгари суришга ёрдам бериш ва бошқалар.
Олдинги таҳрирга қаранг.
30. Иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларининг ҳақиқий эҳтиёжини ҳисобга олган ҳолда дастурий таъминот воситаларини ишлаб чиқишнинг устувор йўналишларини белгилаш мақсадида ваколатли оператор Миллий реестр маълумотларининг таҳлилини амалга оширади, дастурий таъминот воситаларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш соҳасида маркетинг тадқиқотларини ўтказади ва улар асосида дастурий таъминот воситалари ишлаб чиқувчиларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимининг янада такомиллаштирилишини таъминлаш учун Вазирлик учун таҳлилий ҳисоботлар, таклифлар ва тавсиялар тайёрлайди.
(30-банд Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги ва Молия вазирлигининг 2016 йил 15 апрелдаги 17-04, 113, 26-сонли қарори (рўйхат рақами 2541-1, 03.05.2016 й.) таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2016 й., 18-сон, 206-модда)
VI боб. Якуний қоидалар
Олдинги таҳрирга қаранг.
31. Мазкур Низомни бузишда айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.
(31-банд Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2021 йил 30 ноябрдаги 20-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3338, 30.11.2021 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.11.2021 й., 10/21/3338/1117-сон)
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 312 –– 315-моддалари.
32. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ва Ўзбекистон Республикаси Марказий банки билан келишилган.
Давлат божхона қўмитаси раиси З. ДУСАНОВ
2013 йил 27 ноябрь
Давлат солиқ қўмитаси раиси Б. ПАРПИЕВ
2013 йил 27 ноябрь
Марказий банк раиси Ф. МУЛЛАЖОНОВ
2013 йил 27 ноябрь
Дастурий таъминот воситалари ишлаб чиқувчиларининг миллий реестри тўғрисидаги низомга
1-ИЛОВА
Олдинги таҳрирга қаранг.

Дастурий таъминот воситалари ишлаб чиқувчиларининг
‎Миллий реестрига киритиш тўғрисида ариза ‎‎

‎‎1. Сиздан Дастурий таъминот воситалари ишлаб чиқувчиларининг Миллий реестрига киритишингизни сўрайман:

_______________________________________________________________‎‎

‎‎(тўлиқ фирма номи)

_______________________________________________________________‎‎‎‎

‎‎(тўлиқ почта манзили, телефон номери, электрон почта)

_______________________________________________________________‎‎‎‎‎‎

‎‎(ташкилий-ҳуқуқий шакли)

_______________________________________________________________‎‎‎‎‎‎‎‎

‎‎(давлат рўйхатига олиш тўғрисидаги гувоҳноманинг рақами ва санаси)

_______________________________________________________________‎‎‎‎‎‎‎‎‎‎

‎‎(солиқ тўловчининг идентификация рақами)

‎‎2. Ариза беришдан олдин келадиган ҳисоб-китоб солиқ даврида сотилган товарлар (ишлар, хизматлар)нинг умумий ҳажмидаги ўз дастурий таъминот воситаларини ишлаб чиқиш, жорий қилиш ва сотишдан қуйидаги тушум олинганлигини хабар қиламиз:

минг сўм‎

Ҳисоб-китоб даври (аввалги 3 ой) ‎‎

Соф тушумнинг умумий суммаси‎‎

Ўз дастурий таъминот воситаларини ишлаб чиқиш, жорий қилиш ва сотишдан олинадиган соф тушум суммаси‎‎

% нисбатида
‎(2-устунга нисбатан 3-устун) ‎‎

1‎‎

2‎‎

3‎‎

4‎‎

‎‎

‎‎

‎‎

‎‎

‎‎3. Ишлаб чиқилган, жорий қилинган ва сотилган дастурий таъминот воситалари рўйхати:

№‎

Дастурий таъминот воситаларининг номи‎‎

Дастурий таъминот воситалари вазифасининг қисқа тавсифи‎‎

Дастурий таъминот воситаларининг интеллектуал мулк сифатида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида рўйхатга олинган рақами ва санаси — мавжуд бўлганда‎‎

1.‎

‎‎

‎‎

‎‎

2.‎

‎‎ ‎‎ ‎‎

‎‎4. Қуйида имзо қўювчилар юқорида келтирилган ахборот ишончли ва тўлиқ эканлигини тасдиқлайдилар.

Раҳбар‎‎

____________‎‎

_______________________________‎‎

‎‎

(имзо) ‎‎

(фамилияси ва исми-шарифининг
‎бош ҳарфлари)‎‎

Бош бухгалтер ‎‎

____________‎‎

_______________________________‎‎

‎‎

(имзо) ‎‎

(фамилияси ва исми-шарифининг
‎ бош ҳарфлари)‎‎

(1-илова матни Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2022 йил 14 октябрдаги 24-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3393, 17.10.2022 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 17.10.2022 й., 10/22/3393/0952-сон)ё
Дастурий таъминот воситалари ишлаб чиқувчиларининг миллий реестри тўғрисидаги низомга
2-ИЛОВА
Олдинги таҳрирга қаранг.
(2-илова Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги ва Молия вазирлигининг 2018 йил 9 февралдаги 162-мҳ, 7, 23-сонли қарори (рўйхат рақами 2541-2, 12.03.2018 й.) таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 12.03.2018 й., 10/18/2541-2/0886-сон)
Дастурий таъминот воситалари ишлаб чиқувчиларининг миллий реестри тўғрисида низомга
3-ИЛОВА
Олдинги таҳрирга қаранг.

‎‎Йиллик солиқ ҳисоботи билан бирга тақдим этилади

‎‎_______________________________________________________________

‎‎(жойлардаги солиқ ҳисоби бўйича давлат солиқ хизмати органи)га

‎‎_______________________________________________________________‎‎

‎‎(ташкилотнинг тўлиқ номи)

‎‎тақдим этилади.

‎‎Қуйидаги манзил бўйича жойлашган ___________________________________________
‎‎1. Давлат рўйхатидан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳнома ‎‎‎
‎‎2. Ташкил этилган санаси (кун/ой/йил)‎‎
‎‎3. СТИР ‎‎
‎‎4. ИФУТ ‎‎
‎‎5. Телефон: ‎‎код

‎‎рақам

‎‎____________ йил учун
‎Шахсий дастурий таъминот воситаларини ишлаб чиқиш, жорий этиш ва амалга оширишдан олинган фойданинг ҳисоб маълумотномаси

‎‎Имтиёзни қўллаш учун асос

_________________________________________‎‎

‎‎(норматив-ҳуқуқий ҳужжат номи)

‎‎(минг сўм)

Кўрсаткичлар номи

‎‎Сатр коди

Сумма‎‎

‎‎Товар (иш, хизмат)ларни сотишдан тушган соф фойда − жами

‎‎010

‎‎

Шахсий дастурий таъминот воситаларини ишлаб чиқиш, жорий этиш ва амалга оширишдан тушган соф фойда‎‎

020‎‎

‎‎
шу жумладан:‎‎ ‎‎ ‎‎

‎шахсий дастурий таъминот воситасини экспорт қилишдан тушган соф фойда

030‎‎

‎‎

‎‎Товар (иш, хизмат)ларни сотишдан тушган соф фойдадаги шахсий дастурий таъминот воситаларини ишлаб чиқиш, жорий этиш ва амалга оширишдан олинган соф фойданинг солиштирма қиймати, фоизда (020 сатр / 010 сатр)

040‎‎

‎‎
‎‎шу жумладан: ‎‎ ‎‎

шахсий дастурий таъминот воситасини экспорт қилишдан олинган соф фойданинг солиштирма қиймати , фоизда (030 сатр / 010 сатр)‎‎

050‎‎

‎‎

‎‎Маълумотлар ишончлилиги ва тўлиқлигини тасдиқлайман:

‎‎Раҳбар:
‎‎СТИР ‎‎
‎‎Ф.И.Ш.
‎‎Имзо

______________________‎‎
‎‎‎______________________

‎‎Бош бухгалтер
‎‎СТИР‎ ‎‎
‎‎Ф.И.Ш.‎
‎‎Имзо

______________________‎‎
‎______________________‎‎

‎‎Сана ‎‎

‎‎(кун/ой/йил)

‎‎М.Ў. (муҳр мавжуд бўлган тақдирда)
(3-илова Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги ва Молия вазирлигининг 2018 йил 9 февралдаги 162-мҳ, 7, 23-сонли қарори (рўйхат рақами 2541-2, 12.03.2018 й.) таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 12.03.2018 й., 10/18/2541-2/0886-сон)
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2013 й., 52-сон, 701-модда; 2016 й., 18-сон, 206-модда; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 12.03.2018 й., 10/18/2541-2/0886-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.11.2021 й., 10/21/3338/1117-сон; 17.10.2022 й., 10/22/3393/0952-сон; 28.12.2024 й., 10/24/3595/1086-сон)