toggle_night_mode
Ҳужжат кучини йўқотган 03.08.2024
Ҳужжат 31.03.2018 санаси ҳолатига
Амалдаги версияга ўтиш
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Товар ва молия бозорларида монополияга қарши тартибга солишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
 LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 1 майдаги 256-сонли «Товар ва молия бозорларида монополияга қарши тартибга солишга доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш туғрисида»ги қарорига асосан 2024 йил 3 августдан ўз кучини йўқотади.
«Рақобат тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ ҳамда товар ва молия бозорларидаги рақобат соҳасини давлат томонидан тартибга солишни такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагилар:
Товар ва молия бозорида хўжалик юритувчи субъектнинг ёки шахслар гуруҳининг устун мавқеини эътироф этиш ҳамда Товар ёки молия бозорида устун мавқени эгаллаб турган хўжалик юритувчи субъектларнинг давлат реестрини юритиш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;
Хизматларнинг молия бозорида монопол юқори ва монопол паст нархларни аниқлаш тартиби тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ;
Рақобатни чеклайдиган келишиб олинган ҳаракатлар ва битимларни аниқлаш тартиби тўғрисидаги низом 3-иловага мувофиқ;
Хўжалик юритувчи субъектларни мажбурий тарзда бўлиш ёки ажратиб чиқариш масалаларини кўриб чиқиш тартиби тўғрисидаги низом 4-иловага мувофиқ;
Хўжалик юритувчи субъектларнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) акцияларни (улушларни) ва бошқа мулкий ҳуқуқларни олишга доир битимларни кўриб чиқиш ҳамда бундай битимларни тузиш учун олдиндан розилик олиш тартиби тўғрисидаги низом 5-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
2. Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
Вазирликлар ва идоралар бир ой муддатда ўз идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини ушбу қарорга мувофиқлаштирсинлар.
3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р.С. Азимов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2013 йил 20 август,
230-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 20 августдаги 230-сон қарорига
1-ИЛОВА
Товар ва молия бозорида хўжалик юритувчи субъектнинг ёки шахслар гуруҳининг устун мавқеини эътироф этиш ҳамда Товар ёки молия бозорида устун мавқени эгаллаб турган хўжалик юритувчи субъектларнинг давлат реестрини юритиш тартиби тўғрисида
Низом
I. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом «Рақобат тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига мувофиқ Товар ва молия бозорида хўжалик юритувчи субъектнинг ёки шахслар гуруҳининг устун мавқеини эътироф этиш тартиби ва шартлари ҳамда Товар ёки молия бозорида устун мавқени эгаллаб турган хўжалик юритувчи субъектларнинг давлат реестрини юритиш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низомда қуйидаги тушунчалардан фойдаланилади:
товар — фаолиятнинг олиш ва реализация қилиш учун мўлжалланган маҳсули, шу жумладан, ишлар ва хизматлар (молиявий хизматлардан ташқари);
молиявий хизмат — банклар ва бошқа кредит, суғурта ва ўзга молия ташкилотлари томонидан кўрсатиладиган хизматлар, шунингдек қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчилари хизматлари ҳамда пул маблағларини жалб этиш ва (ёки) жойлаштириш билан боғлиқ бўлган хизматлар;
товар ёки молия бозори чегараси — Ўзбекистон Республикаси ҳудудида товар ёки молиявий хизматларнинг ёки Ўзбекистон Республикасининг маъмурий-ҳудудий бўлинишига мос келмаслиги мумкин бўлган муомаладаги ҳамда уларни сотиб олиш ва хизмат кўрсатиш имкони мавжуд бўлган чегаралардаги қисмининг муомала доираси;
товар бозорида бозор улуши — хўжалик юритувчи субъект ёки шахслар гуруҳи томонидан ишлаб чиқарилган товар реализация қилинган ҳажмининг товар бозори чегаралари доирасида ушбу товар бозорининг барча иштирокчилари томонидан ишлаб чиқарилган товарни реализация қилишнинг умумий ҳажмига нисбати;
молия бозорида бозор улуши — хўжалик юритувчи субъект ёки шахслар гуруҳи томонидан кўрсатилган молиявий хизматлар ҳажмининг молия бозори чегаралари доирасида ушбу молия бозорининг барча иштирокчилари томонидан кўрсатилган молиявий хизматларнинг умумий ҳажмига нисбати.
Олдинги таҳрирга қаранг.
3. Товар ва молия бозорида хўжалик юритувчи субъектнинг ёки шахслар гуруҳининг устун мавқеини эътироф этиш товар ва молия бозори чегаралари доирасида, унинг жойлашган ва давлат рўйхатидан ўтган жойидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамда унинг ҳудудий органлари (кейинги ўринларда монополияга қарши орган деб аталади) томонидан амалга оширилади.
(3-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 16 августдаги 638-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 33-сон, 863-модда)
Кейинги таҳрирга қаранг.
4. Товар ва молия бозорида хўжалик юритувчи субъектнинг ёки шахслар гуруҳининг устун мавқеи мавжудлигини аниқлаш қуйидаги изчилликда амалга оширилади:
товарлар ва молиявий хизматларнинг бир-бирининг ўрнини босишини ҳисобга олган ҳолда товар ёки молия бозори чегараларини аниқлаш;
хўжалик юритувчи субъектнинг ва(ёки) шахслар гуруҳининг бозор улушини аниқлаш;
товар ва молия бозорида хўжалик юритувчи субъектнинг ёки шахслар гуруҳининг устун мавқеини эътироф этиш.
II. Товар бозори чегараларини ва бозор улушини аниқлаш, шунингдек товар бозорида хўжалик юритувчи субъектнинг ёки шахслар гуруҳининг устун мавқеини эътироф этиш
5. Монополияга қарши орган ушбу Низомда белгиланган товар бозорининг чегараларини аниқлаш бўйича талабларга риоя қилишда умуман республика бўйича, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўйича алоҳида ёки икки ёки ундан ортиқ товар бозорлари чегараларини биттага бириктириш йўли билан товар бозорининг чегараларини белгилаш ҳуқуқига эга.
6. Товар бозорининг чегаралари истеъмолчилар томонидан товарни эркин сотиб олиш тамойили бўйича аниқланади. Товарни эркин сотиб олиш қуйидаги шарт-шароитлар мавжуд бўлганда таъминланади:
тегишли минтақада аниқ товарни сотиб олиш имконияти;
товар қийматига нисбатан транспорт харажатларининг қопланиши;
товарнинг сифати, ишончлилиги ва бошқа истеъмол хусусиятларининг сақланиши;
товарни олди-сотди, олиб кириш ва олиб чиқишга чекловлар (тақиқлар)нинг мавжуд эмаслиги;
товар бозори чегаралари доирасида рақобатнинг тенг шарт-шароитлари мавжудлиги.
7. Хўжалик юритувчи субъектлар ёки шахслар гуруҳининг бозор улушларини аниқлаш мазкур Низомнинг 13 ва 14-бандларида кўрсатилган маълумотлар асосида камида бир йиллик давр учун амалга оширилади.
8. Бозор улуши хўжалик юритувчи субъект ёки шахслар гуруҳининг аниқ товар бозоридаги савдо-сотиқлар ҳажмининг умумий ҳажмидаги иштирокини ифодаловчи кўрсаткич ҳисобланади.
Товар бозорида бозорлар улушларини ҳисоблаб чиқиш учун ҳисоб-китобга товарларни реализация қилиш кўрсаткичлари асосан натура ифодасида, хизматлар бозорида эса — қиймат шаклида қабул қилинади. Натура ифодасидаги тегишли кўрсаткичлар мавжуд бўлмаганда қиймат шаклидаги маълумотлар қабул қилинади.
9. Хўжалик юритувчи субъектнинг ёки шахслар гуруҳининг бозор улуши ушбу субъектнинг ёки шахслар гуруҳининг ишлаб чиқарилган товарни реализация қилиш ҳажмининг товар бозори ҳажмига нисбати сифатида аниқланади ҳамда қуйидаги формула бўйича аниқланади:
БУ=Vo x 100/Vp, бу ерда:
БУ — хўжалик юритувчи субъектнинг ёки шахслар гуруҳининг бозор улуши;
Vo — товар бозори ҳудудида хўжалик юритувчи субъектнинг ёки шахслар гуруҳининг товарни (шу жумладан бир-бирининг ўрнини босадиган товарни) реализация қилиш ҳажми,
Vp — қуйидаги тарзда ҳисобланадиган товар бозорининг миқдори:
Vp=Vo1+ Vo2+…+Von+Vи, бу ерда:
Vo1 — Von — товар бозори ҳудудидаги барча хўжалик юритувчи субъектлар томонидан товарларни (шу жумладан ўзаро алмашинадиган товарларни) реализация қилиш ҳажми;
— товар бозори ҳудудида импорт товарини (шу жумладан бир-бирининг ўрнини босадиган товарни) реализация қилиш ҳажми.
10. Товар бозорида хўжалик юритувчи субъектнинг ёхуд шахслар гуруҳининг рақобатлашувчи хўжалик юритувчи субъектларга боғлиқ бўлмаган ҳолда унга ўз фаолиятини амалга ошириш ва рақобатнинг ҳолатига ҳал қилувчи таъсир кўрсатиш, тегишли бозорга бошқа хўжалик юритувчи субъектларнинг киришини қийинлаштириш ёхуд уларнинг иқтисодий фаолият эркинлигини бошқача тарзда чеклаш имкониятини берадиган ҳолати устун мавқе ҳисобланади.
11. Хўжалик юритувчи субъект ёки шахслар гуруҳи товарининг улуши:
а) эллик ва ундан ортиқ фоизни ташкил этса;
б) ўттиз беш фоиздан эллик фоизгача ҳажмда бўлиб, бунда қуйидаги шартлар:
хўжалик юритувчи субъектнинг товар бозоридаги улуши камида бир йил мобайнида, яъни хўжалик юритувчи субъектнинг ёки шахслар гуруҳининг товар бозорида 35 — 50 фоиз доирасида бўлган улуши бир йил ва ундан ортиқ муддат мобайнида барқарор бўлиб туриши;
товар бозорида бошқа хўжалик юритувчи субъектларга (рақобатчиларга) тегишли улушларнинг нисбий миқдорда бўлиб туриши, яъни бозорда 20 фоиздан ортиқ товарлар улуши бўлган хўжалик юритувчи субъектнинг ёки шахслар гуруҳининг йўқлиги;
ушбу бозорга янги хўжалик юритувчи субъектларнинг (рақобатчиларнинг) киришига имконият бўлиши шартлари белгиланган бўлса, шу хўжалик юритувчи субъектнинг ёки шахслар гуруҳининг мавқеи устун мавқе деб эътироф этилади.
12. Тегишли товар бозорида товарнинг аниқ турига ўхшаш бўлмаган янги товар ишлаб чиқариш билан биринчи марта бозорга кираётган хўжалик юритувчи субъектнинг ёки шахслар гуруҳининг устун мавқеи икки йил мобайнида эътироф этилмайди.
III. Товар бозорида хўжалик юритувчи субъектнинг ёки шахслар гуруҳининг устун мавқеи мавжудлигини белгилаш учун фойдаланиладиган маълумот
13. Товар бозорини ўрганишда монополияга қарши орган юридик ва жисмоний шахслардан, давлат ва хўжалик бошқаруви органларидан маҳаллий давлат ҳокимияти органларидан тегишли равишда қуйидаги маълумотларни сўраб олади:
товарлар ишлаб чиқариш, реализация қилиш, импорт ва экспорт қилиш миқдорлари;
тегишли бозордаги товарни ишлаб чиқарувчи корхоналар рўйхати;
таъсис ҳужжатлари;
хўжалик юритувчи субъектнинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг нусхаси;
хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳамкорликдаги фаолияти билан боғлиқ шартномалар нусхалари;
товарларга нархлар;
товарларни реализация қилиш учун тузилган шартномалар нусхалари;
товарнинг техник ҳужжатлари (ГОСТ, ТШ ва бошқалар).
14. Маълумот сўров олинган кундан бошлаб бир ой муддатдан кечикмасдан монополияга қарши органга, шу жумладан:
Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси ва унинг ҳудудий органлари томонидан — почта манзиллари кўрсатилган ҳолда товар (ишлар бажарувчи, хизматлар кўрсатувчи) ишлаб чиқарувчи корхоналар рўйхати, товар ишлаб чиқариш (ишлар бажариш, хизматлар кўрсатиш)нинг умумий миқдори, товарни импорт ва экспорт қилиш тўғрисида;
Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси ва унинг ҳудудий органлари томонидан — товарни импорт ва экспорт қилиш ҳажмларини кўрсатган ҳолда улар билан шуғулланадиган хўжалик юритувчи субъектлар рўйхати тўғрисида;
хўжалик юритувчи субъектлар томонидан — ишлаб чиқариш қувватлари, ишлаб чиқариш (кўрсатилган хизматлар), товарни реализация қилиш, импорт ва экспорт қилиш ҳажмлари тўғрисида, шунингдек таъсис ҳужжатлари, техник ҳужжатлари;
ваколатли органлар, товар ишлаб чиқарувчилар ва ёки истеъмолчилар томонидан — товарларнинг функционал жиҳатдан қўлланилиши, сифат ва техник тавсифномалари, нархи ва бошқа параметрлари бўйича уларнинг бир-бирининг ўрнини боса олиши мумкинлиги тўғрисида маълумотлар тақдим этилади.
15. Зарур ҳолларда ва товар бозорида хўжалик юритувчи субъектнинг ёки шахслар гуруҳининг устун мавқени аниқлаш учун маълумотлар етарли бўлмаганда монополияга қарши орган унинг мазмунини аниқ кўрсатган ҳолда тегишли маълумотни қўшимча равишда сўраб олиши мумкин.
16. Товар бозорида устун мавқеини эгаллаган деб, эътироф этилган хўжалик юритувчи субъект ёки шахслар гуруҳи мазкур Низомда назарда тутилган тартибда Товар ёки молия бозорида устун мавқени эгаллаб турган хўжалик юритувчи субъектлар давлат реестрига киритилади.
IV. Молия бозори чегаралари ва бозор улушини аниқлаш, шунингдек молия бозорида хўжалик юритувчи субъектнинг ёки шахслар гуруҳининг устун мавқеини эътироф этиш
17. Монополияга қарши орган бутун республика ҳудуди бўйича, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўйича алоҳида ёки икки ёхуд ундан ортиқ товар бозорлари чегараларини биттага бириктириш йўли билан товар бозорининг чегараларини белгилаш ҳуқуқига эга.
18. Молия бозори чегаралари учун молиявий хизматлар истеъмолчилари эркин (олиш) имконияти тамойили бўйича аниқланади. Молиявий хизматларни эркин олиш:
техник имкониятларни ҳисобга олган ҳолда тегишли минтақада молиявий хизматлар олиш имконияти мавжуд бўлганда;
тегишли минтақада қўшимча катта харажатларсиз, жумладан истеъмолчининг бошқа минтақада молиявий хизматлар олишга транспорт харажатларисиз молиявий хизматлар олиши иқтисодий мақсадга мувофиқ бўлганда;
бошқа минтақада молиявий хизматлар олиш имконияти маъмурий чекловлар мавжуд бўлмаганда таъминланади.
19. Молия бозорида хўжалик юритувчи субъектнинг ёки шахслар гуруҳининг бозор улушларини аниқлаш ушбу Низомнинг 24 ва 25-бандларида кўрсатилган маълумотлар асосида камида бир йиллик давр учун амалга оширилади.
20. Молия бозорининг ялпи ҳажми ва хўжалик юритувчи субъектнинг ёки шахслар гуруҳининг бозор улушининг ҳажмини ҳисоб-китоб қилиш кўрсатилаётган хизматларнинг хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда қиймат ва (ёки) миқдорий ифодалаш орқали амалга оширилади.
21. Молия бозорида хўжалик юритувчи субъектнинг ёхуд шахслар гуруҳининг рақобатлашувчи хўжалик юритувчи субъектларга боғлиқ бўлмаган ҳолда унга ўз фаолиятини амалга ошириш ва рақобатнинг ҳолатига ҳал қилувчи таъсир кўрсатиш, тегишли бозорга бошқа хўжалик юритувчи субъектларнинг киришини қийинлаштириш ёхуд уларнинг иқтисодий фаолият эркинлигини бошқача тарзда чеклаш имкониятини берадиган ҳолати устун мавқе ҳисобланади.
22. Хўжалик юритувчи субъектнинг ёки шахслар гуруҳининг молия бозори чегаралари доирасидаги улуши 35 фоиздан ошадиган мавқеи молия бозоридаги устун мавқе деб эътироф этилади.
23. Молиявий хизматлар кўрсатиш бошланган санадан бошлаб икки йил мобайнида тегишли молия бозорида молиявий хизматларнинг аниқ турига ўхшаши мавжуд бўлмаган, биринчи марта бозорга маълум бир турдаги молиявий хизматлар бозорига кирган хўжалик юритувчи субъект молия бозорида устун мавқеини эгалловчи хўжалик юритувчи субъект сифатида кўриб чиқилмайди.
V. Молия бозорида хўжалик юритувчи субъектнинг ёки шахслар гуруҳининг устун мавқеи мавжудлигини аниқлаш учун фойдаланиладиган маълумотлар
24. Молия бозорида хўжалик юритувчи субъектнинг ёки шахслар гуруҳининг устун мавқеи мавжудлигини аниқлаш:
давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари;
молия бозорларини тартибга солиш соҳасидаги тегишли ваколатли органлар;
молиявий ташкилотлар ва бошқа хўжалик юритувчи субъектлар, шунингдек молиявий хизматлар истеъмолчиларидан олинган маълумотлар асосида амалга оширилади.
25. Молия бозорида хўжалик юритувчи субъектнинг ёки шахслар гуруҳининг устун мавқеи мавжудлигини аниқлаш учун фойдаланиладиган маълумотларга қуйидагилар киради:
кўрсатилган молиявий хизматлар миқдори;
тегишли молия бозорида фаолият юритаётган хўжалик юритувчи субъектлар рўйхати;
Олдинги таҳрирга қаранг.
(25-банднинг тўртинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 31 декабрдаги 377-сонли қарорига асосан чиқарилган — ЎР ҚҲТ, 2015 й., 1-сон, 9-модда)
хўжалик юритувчи субъектнинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг нусхаси;
хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳамкорликдаги фаолияти билан боғлиқ шартномалар нусхалари;
молиявий хизматлар учун тарифлар (нархлар);
молиявий хизматлар кўрсатиш юзасидан тузилган шартномалар нусхалари.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Монополияга қарши орган молия бозорида хўжалик юритувчи субъектнинг ёки шахслар гуруҳининг устун мавқеи мавжудлигини аниқлаш учун бошқа ваколатли органларда мавжуд бўлган зарур ҳужжатлар ва ахборотларни белгиланган тартибда ўзаро ахборот ҳамкорлиги йўли билан, шу жумладан электрон тарзда мустақил равишда олади, ушбу бандда назарда тутилган ҳужжатлар ва ахборотлар бундан мустасно.
(25-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 31 декабрдаги 377-сонли қарорига асосан хатбоши билан тўлдирилган — ЎР ҚҲТ, 2015 й., 1-сон, 9-модда)
26. Устун мавқе мавжудлигини аниқлашда ахборот агентликлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа ахборот манбаларидан, шунингдек молиявий хизматлар истеъмолчилари билан сўровномалар ўтказиш натижалари орқали олинган маълумотлардан фойдаланилиши мумкин.
27. Маълумот монополияга қарши органнинг сўрови асосида сўров олинган кундан ўттиз календарь кунидан ошмайдиган муддатда тақдим этилади.
28. Зарур ҳолларда ва молия бозорида хўжалик юритувчи субъектнинг ёки шахслар гуруҳининг устун мавқеини аниқлаш учун маълумотлар етарли бўлмаган тақдирда монополияга қарши орган тегишли маълумотни унинг мазмунини аниқ кўрсатган ҳолда қўшимча равишда сўраб олиши мумкин.
29. Молия бозорида устун мавқеини эгаллаган деб эътироф этилган хўжалик юритувчи субъект ёки шахслар гуруҳи мазкур Низомда назарда тутилган тартибда Товар ёки молия бозорида устун мавқени эгаллаб турган хўжалик юритувчи субъектлар Давлат реестрига киритилади.
VI. Хўжалик юритувчи субъектни ёки шахслар гуруҳини Товар ёки молия бозорида устун мавқени эгаллаб турган хўжалик юритувчи субъектлар давлат реестрига киритиш ва ундан чиқариш
30. Товар ёки молия бозорида устун мавқени эгаллаб турган хўжалик юритувчи субъектлар давлат реестри (кейинги ўринларда Реестр деб аталади) товар ёки молия бозорида устун мавқени эгаллаб турган хўжалик юритувчи субъектлар ва шахслар гуруҳининг фаолияти мониторинги ва назоратини амалга ошириш, монополияга қарши ҳаракатларини чеклаш ва уларнинг олдини олиш ҳамда улар томонидан устун мавқеини суиистеъмол қилишига йўл қўймаслик учун юритилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
31. Реестр Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан ушбу Низомнинг 1-иловасига мувофиқ шакллантирилади ва юритилади.
(31-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 16 августдаги 638-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 33-сон, 863-модда)
Кейинги таҳрирга қаранг.
Олдинги таҳрирга қаранг.
32. Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ва унинг ҳудудий органлари томонидан товар ва молия бозорида устун мавқени эгаллаб турган деб эътироф этилган хўжалик юритувчи субъект ёки шахслар гуруҳи Реестрга киритилади.
(32-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 16 августдаги 638-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 33-сон, 863-модда)
Кейинги таҳрирга қаранг.
Олдинги таҳрирга қаранг.
(33-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 30 мартдаги 249-сонли қарорига асосан ўз кучини йўқотган — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 31.03.2018 й., 09/18/249/0998-сон)
34. Хўжалик юритувчи субъектни ёки шахслар гуруҳини Реестрга киритиш ёки ундан чиқариш тўғрисидаги қарор монополияга қарши орган раҳбарининг буйруғи билан расмийлаштирилади.
35. Хўжалик юритувчи субъектни ёки шахслар гуруҳини Реестрга киритиш тўғрисида қабул қилинган қарор асосида монополияга қарши орган қарор қабул қилинган кундан бошлаб уч кун муддатда:
товар бозорида устун мавқени эгаллаб турган деб эътироф этилган хўжалик юритувчи субъектга ёки шахслар гуруҳига ушбу Низомнинг 2-иловасига мувофиқ шакл бўйича билдиришнома юборади, шунингдек бу тўғрисида нархни тартибга солувчи органга хабар беради;
молия бозорида устун мавқени эгаллаб турган деб эътироф этилган хўжалик юритувчи субъектга ёки шахслар гуруҳига ушбу Низомга 3-иловага асосан шакл бўйича билдиришнома юборади, шунингдек бу тўғрисида молия бозорини тартибга солиш соҳасидаги ваколатли органга хабар беради.
36. Хўжалик юритувчи субъектни ёки шахслар гуруҳини Реестрдан чиқариш тўғрисидаги қарор қуйидаги ҳолларда қабул қилинади:
тегишли товар ёки молия бозорида хўжалик юритувчи субъектнинг ёки шахслар гуруҳининг мавқеи уларни устун мавқеидан чиқариш даражасигача ўзгарганда;
Реестрга киритилган хўжалик юритувчи субъект томонидан маҳсулот турини ишлаб чиқариш ва сотиш (хизматлар кўрсатиш) тўлиқ тўхтатилганда;
хўжалик юритувчи субъектга нисбатан тугатишга доир иш юритиш қўлланилганда.
37. Реестрдан хўжалик юритувчи субъектни ёки шахслар гуруҳини чиқариш монополияга қарши орган раҳбари буйруғи билан расмийлаштирилади ҳамда қарор қабул қилинган кундан бошлаб уч кун муддатда хўжалик юритувчи субъектга ёки шахслар гуруҳига, нархни тартибга солувчи органга ҳамда молия бозорини тартибга солиш соҳасида ваколатли органга ушбу Низомнинг 4-иловасига мувофиқ шакл бўйича билдиришнома юборилади.
38. Реестрга киритилган хўжалик юритувчи субъект унинг номи ўзгарганда ёки қайта ташкил этилганда ўн кун муддатда бу тўғрисида монополияга қарши органни хабардор қилиши шарт.
39. Реестрга ўзгартиришлар киритиш товар ва молия бозорларини ўрганиш натижаларига кўра амалга оширилади.
40. Товар ва молия бозорларини ўрганиш натижаларига кўра хўжалик юритувчи субъектни Реестрдан чиқариш ва номи ўзгарганлиги ёки қайта ташкил қилинганлигини ҳисобга олган ҳолда уни киритишни назарда тутувчи ўзгартиришларни Реестрга киритиш тўғрисида қарор қабул қилинади.
41. Хўжалик юритувчи субъектни ёки шахслар гуруҳини Реестрга киритиш ёки ундан чиқариш тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш товар ва молия бозорларини бевосита ўрганишлар натижаларига кўра, шунингдек хўжалик юритувчи субъектларнинг мурожаатларига асосан монополияга қарши орган томонидан амалга оширилади.
VII. Якунловчи қоидалар
42. Хўжалик юритувчи субъектлар, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, уларнинг мансабдор шахслари монополияга қарши органга маълумот тақдим этилмаганлиги ёки ўз вақтида тақдим этилмаганлиги, нотўғри ёки сохта маълумотлар тақдим этилганлиги учун қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.
Олдинги таҳрирга қаранг.
43. Хўжалик юритувчи субъект ёки уларга нархлар (тарифлар) давлат томонидан тартибга солинадиган товарларни ишлаб чиқариш (ишларни бажариш, хизматлар кўрсатиш) бўйича Реестрга киритилган шахслар гуруҳи ушбу нархлар (тарифлар) қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда нархларни тартибга солиш органида тасдиқланишини амалга оширадилар.
(43-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 30 мартдаги 249-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 31.03.2018 й., 09/18/249/0998-сон)
44. Молиявий хизматлар кўрсатиш бўйича Реестрга киритилган хўжалик юритувчи субъект ёки шахслар гуруҳи монополияга қарши органга ҳар чоракда улар Реестрга хизматлар бўйича киритилган хизматлар турига қўлланиладиган нархлар тўғрисидаги маълумотни, уларнинг монопол юқори ва монопол паст нархларни қўллашга йўл қўймаслик бўйича ҳаракатларини кузатиш мақсадида тақдим этадилар.
45. Реестрга киритилган хўжалик юритувчи субъект ёки шахслар гуруҳи қуйидаги ҳуқуқларга эга:
монополияга қарши орган улар асосида Реестрга киритиш тўғрисида қарор қабул қилган материаллар билан танишиш, давлат сирлари, тижорат сири ва қонун билан муҳофаза қилинадиган сир бўлган бошқа маълумотлардан ташқари;
Реестрга киритиш тўғрисидаги қарор юзасидан белгиланган тартибда шикоят қилиш.
Товар ва молия бозорида хўжалик юритувчи субъектнинг ёки шахслар гуруҳининг устун мавқеини эътироф этиш ҳамда Товар ёки молия бозорида устун мавқени эгаллаб турган хўжалик юритувчи субъектларнинг давлат реестрини юритиш тартиби тўғрисидаги Низомга
1-ИЛОВА

‎‎20____ йилдаги ҳолати бўйича товар ва молия бозорида устун мавқени эгаллаб турган хўжалик юритувчи субъектларнинг
‎ДАВЛАТ РЕЕСТРИ

Т/р‎

Хўжалик юритувчи субъектнинг номи‎

Юридик манзили‎

Товар
‎ (хизмат)
‎монопол турининг
‎ номи‎

Реестрга киритиш
‎санаси ва буйруқнинг тартиб рақами‎

‎‎Товарлар ишлаб чиқариш бўйича хўжалик юритувчи субъектлар

‎‎Хизматлар кўрсатиш бўйича хўжалик юритувчи субъектлар

‎‎Молиявий хизматлар кўрсатиш бўйича хўжалик юритувчи субъектлар

Товар ва молия бозорида хўжалик юритувчи субъектнинг ёки шахслар гуруҳининг устун мавқеини эътироф этиш ҳамда Товар ёки молия бозорида устун мавқени эгаллаб турган хўжалик юритувчи субъектларнинг давлат реестрини юритиш тартиби тўғрисидаги низомга
2-ИЛОВА
Олдинги таҳрирга қаранг.

«___-сон БИЛДИРИШНОМА

‎‎______________________________________________________________________________________________нинг

(монополияга қарши орган номи)

________________________________________________________________________________манзилида жойлашган

(почта манзили)

________________________________________________________________________________________________ни

(хўжалик юритувчи субъект ва (ёки) шахслар гуруҳи номи)

‎‎______________________________________________________________________________________________нинг
‎‎(монополияга қарши орган номи)

20__ йил «__»________даги ___-сон буйруғига асосан 20__ йил «__» _______дан бошлаб Товар ёки молия бозорида устун мавқени эгаллаб турган хўжалик юритувчи субъектлар давлат реестрига киритиш тўғрисида

‎Реестрга киритилган товарлар (хизматлар) турлари ва номи:

‎‎1. ________________________________________________________________________________________________‎‎
‎2. ________________________________________________________________________________________________‎‎

Ушбу билдиришнома муносабати билан Сиз 30 кун мобайнида кўрсатиб ўтилган устун мавқени эгаллаб турган товар (хизмат)га нархлар (тарифлар)ни
‎________________________________________________________________________________________________да

(нархларни бошқариш органи номи)

декларация қилишингиз (ёки илгари тасдиқланган декларацияни қайта расмийлаштиришингиз), шунингдек уларнинг кейинги ҳар бир ошишини декларация қилишингиз зарур*.

Ушбу билдиришнома муносабати билан Сиз йилнинг ҳар чорагида чоракнинг биринчи ойи 10-кунигача
‎______________________________________________________________________________га юқорида кўрсатилган

‎‎(монополияга қарши органнинг номи)

товарларга нархларни тақдим этишингиз зарур**.

Ушбу билдиришнома ўз вақтида ёки лозим даражада бажарилмаган тақдирда Сизга нисбатан рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилган чоралар қўлланади.

__________________________
‎(раҳбар)

___________________________
‎(имзонинг ёйилмаси)

Изоҳ: Билдиришнома монополияга қарши орган бланкида юборилади.
* Ушбу билдиришнома нархлари (тарифлари) давлат томонидан тартибга солинмайдиган товарларни ишлаб чиқариш (ишларни бажариш, хизматлар кўрсатиш) бўйича Реестрга киритиладиган хўжалик юритувчи субъектга юборилганда ушбу хатбоши чиқариб ташланади.
** Ушбу билдиришнома нархлари (тарифлари) давлат томонидан тартибга солинадиган товарларни ишлаб чиқариш (ишларни бажариш, хизматлар кўрсатиш) бўйича Реестрга киритиладиган хўжалик юритувчи субъектга юборилганда ушбу хатбоши чиқариб ташланади.
(2-илованинг матни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 30 мартдаги 249-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 31.03.2018 й., 09/18/249/0998-сон)
Товар ва молия бозорида хўжалик юритувчи субъектнинг ёки шахслар гуруҳининг устун мавқеини эътироф этиш ҳамда Товар ёки молия бозорида устун мавқени эгаллаб турган хўжалик юритувчи субъектларнинг давлат реестрини юритиш тартиби тўғрисидаги Низомга
3-ИЛОВА

___-сон БИЛДИРИШНОМА

‎‎____________________________________________________________________нинг

‎‎(монополияга қарши орган номи)

‎‎
_____________________________________________________ манзилида жойлашган‎‎
(почта манзили)‎
‎‎_____________________________________________________________________ ни

‎‎(хўжалик субъекти ва (ёки) шахслар гуруҳи номи)

‎‎
‎___________________________________________________________________ нинг

‎‎(монополияга қарши орган номи)

‎‎20__ йил «__»_______даги ‎ ‎‎ -сон буйруғига асосан 20__йил

‎‎‎
«__»_______ дан бошлаб Товар ёки молия бозорида устун мавқени эгаллаб турган хўжалик юритувчи субъектларнинг давлат реестрига киритиш тўғрисида ‎


‎Реестрга киритилган молиявий хизматлар турлари ва номи:

‎‎‎‎
1. ___________________________________________________‎

‎‎2. ___________________________________________________‎‎

Ушбу билдиришномага мувофиқ Сиз ҳар чоракда чорак биринчи ойининг 10-кунигача ______________________________________________________________________га

‎‎(монополияга қарши орган номи) ‎


‎юқорида кўрсатиб ўтилган хизматларга нархларни тақдим этишингиз зарур.

Ушбу билдиришнома ўз вақтида ёки зарур даражада бажарилмаган тақдирда Сизга нисбатан рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилган чоралар қўлланади.

____________________‎

____________________‎

(раҳбар) ‎

(имзонинг ёйилмаси)‎

Изоҳ. Билдиришнома монополияга қарши орган бланкасида юборилади.
Товар ва молия бозорида хўжалик юритувчи субъектнинг ёки шахслар гуруҳининг устун мавқеини эътироф этиш ҳамда Товар ёки молия бозорида устун мавқени эгаллаб турган хўжалик юритувчи субъектларнинг давлат реестрини юритиш тартиби тўғрисидаги Низомга
4-ИЛОВА

‎‎___-сон БИЛДИРИШНОМА

‎‎
____________________________________________________________________нинг‎

‎‎(монополияга қарши орган номи)

‎‎‎
_____________________________________________________ манзилида жойлашган‎

‎‎(почта манзили)

‎‎_____________________________________________________________________ ни

‎‎(хўжалик субъекти ва (ёки) шахслар гуруҳи номи)

‎‎
‎___________________________________________________________________ нинг

‎‎(монополияга қарши орган номи)

‎‎20___ йил «__»__________даги ‎‎-сон буйруғига асосан 20__йил

‎‎
‎‎«__»_______ дан бошлаб Товар ёки молия бозорида устун мавқени эгаллаб турган хўжалик юритувчи субъектларнинг давлат реестридан чиқариш тўғрисида ‎

‎‎
‎‎Реестрдан чиқарилган товарлар (хизматлар) турлари ва номи:‎

‎‎‎‎
1. ___________________________________________________‎

‎‎
2. ___________________________________________________‎


‎__________________________‎‎

‎‎
‎__________________________

‎‎(раҳбар)

‎‎(имзонинг ёйилмаси)‎

Изоҳ. Билдиришнома монополияга қарши орган бланкасида юборилади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 20 августдаги 230-сон қарорига
2-ИЛОВА
Хизматларнинг молия бозорида монопол юқори ва монопол паст нархларни аниқлаш тартиби тўғрисида
Низом
I. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом «Рақобат тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига мувофиқ, молия бозорида устун мавқени эгаллаб турган хўжалик юритувчи субъект ёки шахслар гуруҳи томонидан кўрсатиладиган хизматларнинг монопол юқори ва монопол паст нархларини аниқлаш тартибини назарда тутади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
2. Молия бозорида устун мавқени эгаллаб турган хўжалик юритувчи субъект ёки шахслар гуруҳи томонидан кўрсатиладиган хизматларнинг монопол юқори ва монопол паст нархларини аниқлаш Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамда унинг ҳудудий органлари (кейинги ўринларда монополияга қарши органлар деб аталади) томонидан амалга оширилади.
(2-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 16 августдаги 638-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 33-сон, 863-модда)
Кейинги таҳрирга қаранг.
II. Хизматларнинг молия бозорида монопол юқори ва монопол паст нархларини аниқлаш
3. Агар молия бозорида икки ёки ундан ортиқ хўжалик юритувчи субъект ёки шахслар гуруҳи фаолият юритаётган бўлса, молия бозорида устун мавқени эгаллаб турган хўжалик юритувчи субъект ёки шахслар гуруҳи томонидан кўрсатилаётган хизматлар нархи, агар ушбу нарх молия бозори чегаралари доирасида бошқа хўжалик юритувчи субъектлар томонидан белгиланган нархларнинг ўртача қийматидан ўн фоиздан зиёдга ошса, монопол юқори нарх деб ҳисобланади.
4. Молия бозорида монопол юқори нарх молия бозорида устун мавқени эгаллаб турган хўжалик юритувчи субъектнинг ёки шахслар гуруҳининг хизматларига нархларни бошқа хўжалик юритувчи субъектлар томонидан кўрсатиладиган хизматларга ўхшаш бўлган ва (ёки) ўзаро алмашинадиган хизматлар нархлари билан таққослаш йўли билан амалга оширилади.
Таққослаш молия бозорида устун мавқени эгаллаб турган хўжалик юритувчи субъект ёки шахслар гуруҳи томонидан белгиланган нарх билан ҳамда бошқа хўжалик юритувчи субъектларнинг ўртача нархлари ўртасидаги тафовутни аниқлаш йўли билан амалга оширилади.
5. Агар молия бозорида фақат битта хўжалик юритувчи субъект ёки шахслар гуруҳи фаолият юритаётган бўлса, ушбу хўжалик юритувчи субъект ёки шахслар гуруҳи хизмати нархи, агар ушбу нарх:
хизматни кўрсатиш учун зарур бўлган харажатлар ва фойда миқдоридан ошса ҳамда ушбу хизматни кўрсатишдан асосланмаган фойда олиш имконини берса;
кўрсатилаётган хизматнинг сифат тавсифлари пасайиши натижасида асоссиз харажатларни компенсация қилишга ёки қўшимча фойда олишга йўналтирилган бўлса, монопол юқори нарх ҳисобланади.
Хизмат кўрсатиш учун зарур бўлган харажатлар ва фойда миқдорининг ошиши қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда хўжалик юритувчи субъект ёки шахслар гуруҳи харажатлари ва фойдасининг иқтисодий жиҳатдан асосланганлигидан келиб чиққан ҳолда аниқланади.
6. Харажатлар ва фойданинг иқтисодий жиҳатдан асосланганлиги молиявий хизматлар таннархига киритилган харажатлар таркибини ўрганиш йўли билан аниқланади. Монополияга қарши орган молия бозорларини тартибга солиш соҳасидаги тегишли ваколатли органлардан хўжалик юритувчи субъект ёки шахслар гуруҳи харажатлари ва фойдасининг иқтисодий жиҳатдан асосланганлиги масаласи бўйича хулоса олиши мумкин.
7. Хизматларнинг монопол паст нархи хизмат кўрсатиш учун зарур харажатлар қийматини қопламайдиган ва фойда олишни кўзда тутмайдиган, бунинг натижасида рақобатни чеклаш, бозордан рақобатчиларни сиқиб чиқариш ва рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига зид оқибатлари бўлган молия бозорида устун мавқени эгаллаб турган хўжалик юритувчи субъект ёки шахслар гуруҳи томонидан белгиланган нарх ҳисобланади.
III. Якунловчи қоидалар
8. Молия бозорида монопол юқори ёки монопол паст нархлар мавжудлиги ва қўлланиши аниқланганда монополияга қарши орган белгиланган тартибда иш қўзғатади ҳамда монопол юқори ёки монопол паст нархлар қўллашни бартараф этиш тўғрисида қарор қабул қилади.
9. Молия бозорида устун мавқени эгаллаб турган хўжалик юритувчи субъект ёки шахслар гуруҳи қуйидаги ҳуқуқларга эга:
монополияга қарши органнинг хизматларнинг молия бозорида монопол юқори ёки монопол паст нархлари мавжудлиги ва қўлланаётгани тўғрисида қарор қабул қилишига асос бўлган материаллар билан танишиш;
монополияга қарши органнинг ушбу қарори юзасидан белгиланган тартибда шикоят қилиш.
Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 20 августдаги 230-сон қарорига
3-ИЛОВА
Рақобатни чеклайдиган келишиб олинган ҳаракатлар ва битимларни аниқлаш тартиби тўғрисида
Низом
I. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом «Рақобат тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ:
товар ёки молия бозорида рақобатлашадиган, шу жумладан потенциал рақобатчилар ҳисобланадиган хўжалик юритувчи субъектлар;
улардан бири товар бозорида устун мавқега эга бўлган, иккинчиси эса сотувчи ёки сотиб олувчи ҳисобланадиган рақобатлашмайдиган хўжалик юритувчи субъектлар;
хўжалик юритувчи субъектлар ва давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, юридик шахсларнинг бирлашмалари ўртасидаги келишиб олинган ҳаракатларни ва рақобатни чеклайдиган битимларни аниқлаш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
келишиб олинган ҳаракатлар — товар ёки молия бозорида икки ёки ундан ортиқ хўжалик юритувчи субъектларнинг кўрсатиб ўтилган иштирокчилардан ҳар бирининг манфаатларини қаноатлантирадиган ва улардан ҳар бирига олдиндан маълум бўлган, рақобатни чеклашга олиб келадиган ёки олиб келиши мумкин бўлган ҳаракатлари;
келишиб олинган битимлар — рақобатни чеклашга олиб келадиган ёки олиб келиши мумкин бўлган бирон-бир ҳаракатларни содир этиш тўғрисида ёзма ёхуд оғзаки шаклда икки ёки ундан кўп хўжалик юритувчи субъектлар ўртасида тузилган битимлар;
горизонтал битимлар — битта товар ёки молия бозорида рақобатчилар, шу жумладан потенциал рақобатчилар ҳисобланадиган хўжалик юритувчи субъектлар ўртасидаги келишиб олинган ҳаракатлар ва битимлар;
вертикал битимлар — улардан бири товар ёки молия бозорида устун мавқени эгаллаб турган, иккинчиси эса сотувчи ёки сотиб олувчи ҳисобланадиган рақобатлашмайдиган хўжалик юритувчи субъектлар ўртасидаги келишиб олинган ҳаракатлар ва битимлар;
товар — фаолиятнинг сотиб олиш ва реализация қилиш учун мўлжалланган маҳсули, шу жумладан ишлар ва хизматлар.
3. Қуйидагилар тақиқланади:
а) горизонтал битимлар, агар бундай битимлар қуйидагиларга олиб келса ёки олиб келиши мумкин бўлса:
нархлар, тарифлар, чегиришлар, устамалар, қўшимча ҳақлар ёки қўшимча нархларни сунъий белгилаш ёки сақлаб туришга;
нархларнинг ўсиши ёки пасайишини сунъий равишда келтириб чиқарган ҳолда эркин бозор нархларини ўрнатишга тўсқинлик қилишга;
ишлаб чиқариш, сотиш бозорлари ва капитал қўйилмалар устидан назорат ўрнатишга;
таклифлар ҳажмини сунъий ўзгартириш мақсадида ишлаб чиқариш ҳажмларини келишишга, шунингдек уларга талаб мавжуд бўлган товарлар ишлаб чиқаришни қисқартириш ёки тўхтатишга;
шартнома предметига тааллуқли бўлмаган шартларни, шу жумладан молиявий маблағлар, бошқа мол-мулклар, мулкий ҳуқуқларни беришга тааллуқли асоссиз талабларни, шунингдек рақобатни чеклайдиган бошқа ҳаракатларни содир этиш бўйича талабларни мажбуран қўйишга;
аукционларда, биржаларда ва бошқа савдоларда нархларни ошириш, пасайтириш ёки сақлаб туришга;
шартномага камситувчи шартларни киритишга;
тегишли бозорни ҳудудий принцип бўйича, сотиш ёки харид қилиш ҳажми бўйича, товарлар турлари бўйича ёхуд товарларни сотувчилар ёки уларнинг харидорлари, буюртмачилари доираси бўйича бўлиб олишга;
тегишли товарларни сотувчилар ёки уларнинг харидорлари, буюртмачилари сифатида бозордан фойдаланишни чеклашга ёки бошқа хўжалик юритувчи субъектларни ундан четлатишга ёхуд хўжалик юритувчи субъектларни муайян товарлар бозорига киритмасликка;
профессионал ва бошқа бирлашмаларда қатнашиш шартларини белгилашга, агар бундай шартлар рақобатни чекласа, шунингдек уларда ўзаро рақобатлашувчи молия ташкилотлари қатнашмасдан зарур молиявий хизматларни кўрсата олмайдиган тўлов ёки бошқа тизимларда қатнашиш учун тўсиқ ҳисобланадиган асоссиз мезонларни белгилашга;
б) вертикал битимлар, агар бундай битимлар ўз натижаси билан рақобатни чекласа ёки чеклаши мумкин бўлса, шу жумладан:
сотувчи ёки харидорнинг кейинчалик товарни қайта сотиш мақсадида ҳудудни ёки харидорлар доирасини мустақил белгилашини чекласа;
товарларни қайта сотиш нархларини белгилашни чекласа;
хўжалик юритувчи субъектларга бошқа хўжалик юритувчи субъектлар ишлаб чиқарган товарларни сотишини тақиқласа.
4. Давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ёки юридик шахслар бирлашмаларига келишиб олинган ҳаракатлар ва битимларнинг қатнашчилари сифатида қаралиши мумкин.
Давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ёки юридик шахслар бирлашмаларининг қуйидагиларга олиб келувчи келишиб олинган ҳаракатлар ва битимларда қатнашишига йўл қўйилмайди (Ҳукуматнинг айрим қарорларига мувофиқ амалга ошириладиган ҳаракатлар ва битимлар бундан мустасно):
нархлар ёки тарифларни оширишга, пасайтиришга, сақлаб туришга;
тегишли бозорни ҳудудий принцип бўйича, сотиш ёки харид қилиш ҳажми бўйича, товарлар турлари бўйича ёхуд товарларни сотувчилар ёки уларнинг харидорлари, буюртмачилари доираси бўйича бўлиб олишга;
бозордан фойдаланишни чеклашга ёки ундан хўжалик юритувчи субъектларни четлатишга.
5. Юридик ва жисмоний шахслар, давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан хўжалик юритувчи субъектларнинг иқтисодий фаолиятини мувофиқлаштириш тақиқланади, агар бундай мувофиқлаштириш ушбу Низомнинг 3 ва 4-бандларида назарда тутилган оқибатларга олиб келса ёки олиб келиши мумкин бўлса.
6. Ушбу Низомда назарда тутилган тақиқлар интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни бериш билан боғлиқ бўлган битимларга татбиқ этилмайди.
II. Келишиб олинган ҳаракатлар ва битимлар белгиларини аниқлаш
Олдинги таҳрирга қаранг.
7. Келишиб олинган ҳаракатлар ва битимларнинг белгилари Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамда унинг ҳудудий органлари (кейинги ўринларда монополияга қарши орган деб аталади) томонидан товар ва молия бозорларини, юридик ва жисмоний шахсларнинг, давлат бошқаруви органларининг, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг мурожаатларини, оммавий ахборот воситаларининг хабарларини ҳамда тегишли органларнинг келишиб олинган ҳаракатлар ва битимлар белгиларининг мавжудлигини кўрсатадиган маълумотлардан иборат бўлган кўрсатмаларини ўрганишни назорат қилиш функцияларини белгиланган тартибда амалга ошириш давомида аниқланади.
(7-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 16 августдаги 638-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 33-сон, 863-модда)
Кейинги таҳрирга қаранг.
8. Қуйидагилар келишиб олинган ҳаракатлар ва битимлар белгилари фактини аниқлашнинг асосий босқичлари ҳисобланади:
а) келишиб олинган ҳаракатларни содир этган ёки битимларда қатнашган хўжалик юритувчи субъектлар ва (ёки) давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, юридик шахсларнинг бирлашмалари доирасини аниқлаш;
б) қуйидагиларни:
бир-бирининг ўрнини босишини ҳисобга олган ҳолда муайян товарнинг муомалада бўлиш чегараларини;
келишиб олинган ҳаракатларни содир этган битим қатнашчиларига ёки хўжалик юритувчи субъектларга тўғри келадиган бозор улушларини;
янги хўжалик юритувчи субъектларнинг бозорга киришини қийинлаштирадиган тўсиқларнинг мавжудлигини;
ишлаб чиқариш шароитларининг ўхшашлигини ҳамда товарни ишлаб чиқариш харажатларининг таққосланувчанлигини, товарнинг қийматидаги ягона нархларни белгилашга ва битимлар тузишга кўмаклашувчи доимий харажатлар салмоғини;
битимларнинг турини;
иқтисодий фаолиятни мувофиқлаштириш ҳамда келишиб олинган ҳаракатлар ва битимларга кўмаклашадиган ахборотларни алмашиниш учун база тақдим этишлари мумкин бўлган давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, юридик шахслар бирлашмалари мавжудлигини;
Товар ёки молия бозорларида устун мавқени эгаллаб турган хўжалик юритувчи субъектлар Давлат реестрида товарларни ишлаб чиқарувчилар ёки етказиб берувчиларнинг, шунингдек уларнинг товарларига нархларнинг давлат томонидан тартибга солинишини ўрганиш;
в) акцияларнинг назорат пакетларига эга бўлиш орқали бошқа хўжалик юритувчи субъектлар томонидан етказиб берувчилар ёки истеъмолчилар устидан назоратнинг мавжудлигини аниқлаш;
г) бозорда нархларнинг қарор топаётган ўзгаришларини ўрганиш ва шароитлари бўйича ўхшаш бўлган бошқа бозорлардаги нархлар билан уларни таққослаш;
д) келишиб олинган ҳаракатлар ва рақобатни чеклайдиган битимлар тузиш содир этилишининг бевосита ёки билвосита далилларини аниқлаш;
е) товар ёки молия бозорида давлат томонидан тартибга солиш мавжуд бўлган тақдирда рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига қарама-қаршиликларнинг мавжуд эмаслигини аниқлаш.
9. Қуйидагилар келишиб олинган ҳаракатларни ва рақобатни чеклайдиган битимларни амалга ошириш белгилари ҳисобланади:
нархларни бир вақтда ёки 30 кун мобайнида ошириш (пасайтириш);
ўхшаш товарни ишлаб чиқаришга ёки сотиб олиш ёхуд реализация қилишга харажатларнинг турли миқдорларида ягона нархларни белгилаш;
бозорда ягона нархларни белгилаш мақсадида товар қолдиқларини қўшимча баҳолаш;
ўхшаш товарларга бир хил нархлардан бир вақтда чегирмалар белгилаш;
бозорда танқислик ва нархлар юқори бўлган тақдирда келгусида товарларни қайта сотиш учун ишлаб чиқарилган, амалда сотиб олинган/импорт қилинган, товарларни бозорга етказиб бериш ҳажмларини камайтириш;
турли етказиб берувчилар томонидан реализация қилинаётган товарларга юқори нархларни сунъий тарзда сақлаб туриш;
бошқа харидорлар ёки сотувчилар билан шартнома тузилган худди шу шартларда муайян харидорлар ёки сотувчилар билан шартномалар тузишни рад этиш;
товарларни муайян минтақаларда сотишни тўхтатиш.
III. Келишиб олинган ҳаракатлар ва битимлар мавжудлигининг далили
10. Қуйидагилар хўжалик субъектлари ўртасида ёхуд хўжалик юритувчи субъектлар билан давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ёки юридик шахсларнинг бирлашмалари ўртасида рақобатни чеклайдиган келишиб олинган ҳаракатларни ва битимларни амалга ошириш ҳолатларининг далиллари ҳисобланади:
товар етказиб бериш ҳажмларини келишиш;
нархларни сунъий тарзда ошириш ёки пасайтириш тўғрисида аҳдлашув;
бир хил прейскурантни ёки нархни тасдиқлайдиган буйруқ (протокол, фармойишни)ни қўллаш;
товарларни ишлаб чиқариш ёки сотиш ҳажмларига чеклашлар (квоталар) белгилаш, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолатлар бундан мустасно.
Рақобатни чеклайдиган битимлар тузиш ҳолатларининг далиллари бевосита ва билвосита бўлиши мумкин.
11. Шартномалар шартларини, счётлар, юк хатлари, прейскурантлар, тўлов топшириқномалари, қарорлар (шу жумладан протоколлар), хатлар ва шу кабиларни ўрганиш давомида аниқланадиган келишиб олинган ҳаракатлар ва битимларнинг ҳужжатли тасдиғи рақобатни чеклайдиган битимлар тузиш бевосита далиллар ҳисобланади.
12. Келишиб олинган ҳаракатлар ва битимларни тасдиқловчи билвосита далиллар муайян даврда бозорда ёки савдолар жараёнида хўжалик юритувчи субъектларнинг хатти-ҳаракатини қиёсий таҳлил қилиш давомида аниқланади.
Хўжалик юритувчи субъектлар, юридик шахсларнинг бирлашмалари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ёки маҳаллий давлат ҳокимияти органлари вакиллари ўртасида ахборотларни оғзаки ёки ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда айирбошлаш, нархларни ошкора эълон қилиш, шунингдек улар томонидан, бунга асосли сабаблар бўлмагани ҳолда, бир хил ва синхрон ҳаракатларни амалга ошириш рақобатни чекловчи битимлар тузишнинг билвосита далиллари ҳисобланади.
IV. Аниқланган келишиб олинган ҳаракатлар ва битимларни кўриб чиқиш
13. Ушбу Низомнинг 9-бандида кўрсатиб ўтилган келишиб олинган ҳаракатлар ёки битимлар белгилари аниқланган тақдирда монополияга қарши орган томонидан рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилганлиги тўғрисида, белгиланган тартибда иш қўзғатилади.
14. Хўжалик юритуви субъектлар, давлат бошқаруви органлари маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ёки юридик шахсларнинг бирлашмалари ўзлари содир этган ҳаракатлар ва битимларнинг келишиб олинмаганлиги ва рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига зид эмаслиги тўғрисидаги далилларни тақдим этишга ҳақли.
V. Якунловчи қоида
15. Монополияга қарши органга ахборотни тақдим этмаганлик ёки ўз вақтида тақдим этмаганлик, ишончсиз ёки сохта маълумотлар тақдим этганлик учун хўжалик юритувчи субъектлар, давлат бошқаруви органлари ёки маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, юридик шахсларнинг бирлашмалари ва уларнинг мансабдор шахслари қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.
Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 20 августдаги 230-сон қарорига
4-ИЛОВА
Хўжалик юритувчи субъектларни мажбурий тарзда бўлиш ёки ажратиб чиқариш масалаларини кўриб чиқиш тартиби тўғрисида
Низом
I. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом «Рақобат тўғрисида» даги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ товар ёки молия бозорида устун мавқени эгаллаб турган хўжалик юритувчи субъектларни (кейинги ўринларда хўжалик юритувчи субъектлар деб аталади) мажбурий тарзда бўлиш ёки ажратиб чиқариш тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низом табиий монополиялар субъектларига татбиқ этилмайди.
Олдинги таҳрирга қаранг.
3. Хўжалик юритувчи субъектларни мажбурий тарзда бўлиш ёки ажратиб чиқариш имконияти тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамда унинг ҳудудий органлари (кейинги ўринларда монополияга қарши орган деб аталади) томонидан амалга оширилади.
(3-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 16 августдаги 638-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 33-сон, 863-модда)
Кейинги таҳрирга қаранг.
II. Хўжалик юритувчи субъектларни мажбурий тарзда бўлиш ёки ажратиб чиқаришнинг асосий шартлари
4. Хўжалик юритувчи субъектни бўлиш дейилганда бўлинаётган хўжалик юритувчи субъект негизида, унинг фаолиятини тўхтатган ҳамда унинг ҳуқуқлари ва вазифаларини янгидан ташкил этилаётган хўжалик юритувчи субъектларга берган ҳолда, бир нечта хўжалик юритувчи субъектларни ташкил этиш тушунилади.
Хўжалик юритувчи субъектни ажратиб чиқариш дейилганда, унинг фаолиятини тўхтатмаган ҳолда, унинг ҳуқуқлари ва мажбуриятларининг бир қисмини уларга бериш билан бир ёки бир нечта хўжалик юритувчи субъектларни ташкил этиш тушунилади.
5. Хўжалик юритувчи субъектни мажбурий тарзда бўлиш ёки ажратиб чиқариш унинг устун мавқени суиистеъмол қилишини бартараф этиш, шунингдек хўжалик юритувчи субъект негизида товар ва молия бозорларини тўйинтиришга, товарлар, ишлар ва хизматларнинг истеъмол хусусиятларини яхшилашга, уларнинг рақобатбардошлилигини оширишга кўмаклашувчи икки ёхуд бир нечта алоҳида хўжалик юритувчи субъектларни ташкил этиш йўли билан товар ёки молия бозорида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш мақсадида амалга оширилади.
6. Хўжалик юритувчи субъектни мажбурий тарзда бўлиш ёки ажратиб чиқариш илгари унга нисбатан товар ёки молия бозорида устун мавқени суиистеъмол қилишини бартараф этиш бўйича қўлланган чора-тадбирлар самара бермаган тақдирда амалга оширилади.
7. Хўжалик юритувчи субъектни мажбурий тарзда бўлиш ёки ажратиб чиқариш тўғрисидаги қарор, ҳар бир аниқ ҳолатда, тармоқнинг, ишлаб чиқариш жараёнининг хусусиятини, ишлаб чиқарилаётган товарлар, амалга оширилаётган ишлар ва хизматлар, бошқарувни ташкил этиш турини ҳисобга олган ҳолда, уни бўлиш ёки ажратиб чиқариш имконияти ва мақсадга мувофиқлиги кўп томонлама баҳолангандан кейин қабул қилиниши мумкин.
8. Монополияга қарши орган хўжалик юритувчи субъектни қуйидаги шаклларда мажбурий тарзда бўлиш ёки ажратиб чиқаришнинг имконияти ва мақсадга мувофиқлиги тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақлидир:
а) хўжалик юритувчи субъектни бир нечта хўжалик юритувчи субъектлар ташкил этган ҳолда бўлиш;
б) хўжалик юритувчи субъект таркибидан алоҳида таркибий бўлинмаларни (бирликларни) ажратиб чиқариш ва уларнинг негизида юридик шахс мақомига эга бўлган мустақил хўжалик юритувчи субъектларни ташкил этиш;
в) рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ шахслар гуруҳини ташкил этувчи хўжалик юритувчи субъектларнинг акциялари ёки улушларини сотиш.
9. Хўжалик юритувчи субъектни мажбурий тарзда бўлиш ёки ажратиб чиқаришга, агар бу бошқа тенг шароитларда:
бир-бири билан боғлиқ бўлган хом ашё, чиқиндилар ва қўшимча маҳсулотларни қайта ишлашнинг изчил босқичлари мавжуд бўлган ёки улардан комплекс фойдаланилган тақдирда ишлаб чиқаришнинг технологик даражаси пасайишига;
ишлаб чиқариш(сотиш) ҳажмларининг қисқаришига;
технологик жиҳатдан узлуксиз ишлаб чиқариш жараёни туфайли ишлаб чиқариш кўламларида жиддий иқтисодий йўқотишларга;
Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг талабларига мувофиқ банклар ва бошқа кредит ташкилотлари бўлинган ёки ажратилган тақдирда лицензиялар олинишини таъминлаш мумкин бўлмаслигига олиб келган тақдирда йўл қўйилмайди.
III. Хўжалик юритувчи субъектларни мажбурий тарзда бўлиш ёки ажратиб чиқаришнинг имконияти ва мақсадга мувофиқлигини ўрганишни амалга ошириш
10. Устун мавқени суиистеъмол қилиш ҳолатига йўл қўяётган хўжалик юритувчи субъектга нисбатан кўрилаётган чоралар самара бермаган тақдирда монополияга қарши орган қонун ҳужжатларига мувофиқ иш қўзғатади.
11. Хўжалик юритувчи субъект томонидан устун мавқени суиистеъмол қилиш ҳолати бўйича қўзғатилган иш доирасида монополияга қарши орган раҳбарининг буйруғи билан тузиладиган Рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилишларини кўриб чиқиш бўйича махсус комиссия (кейинги ўринларда Махсус комиссия деб аталади) томонидан, ўрганиш учун зарур муддатни белгилаган ҳолда уни мажбурий тарзда бўлиш ёки ажратиб чиқариш имконияти юзасидан таҳлил ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинади.
12. Таҳлилни ўтказиш давомида қуйидаги ахборот кўриб чиқилади:
а) хўжалик юритувчи субъектнинг қисқача тавсифи:
номи;
фаолиятининг асосий турлари рўйхати;
жойлашган жойи (почта манзили);
бозордаги хатти-ҳаракатларининг тавсифи;
б) хўжалик юритувчи субъектнинг ташкилий тузилмасининг схемаси:
хўжалик юритувчи субъектнинг ташкилий тузилмаси ва унинг таркибига кирувчи таркибий бўлинмалар ўртасидаги алоқа шакллари ва уларнинг ҳуқуқий мақоми;
гуруҳ ташкил этувчи шахсларнинг хўжалик юритувчи субъектлар акциялари (улушлари)га тескари эгалик қилиши ёки бошқа ҳуқуқларининг мавжудлиги;
хўжалик юритувчи субъектнинг, унинг таркибий тузилмалари ва филиалларининг жойлашиши ва ҳудудий тавсифи;
хўжалик юритувчи субъект балансидаги ижтимоий инфратузилма объектларининг рўйхати ва жойлашган жойи;
в) хўжалик юритувчи субъект ва унинг таркибий бўлинмалари фаолиятининг асосий кўрсаткичлари;
товарлар, ишлар ва хизматлар турлари бўйича ишлаб чиқариш, сотиш ва экспорт ҳажмлари;
монопол товарлар, ишлар ва хизматларнинг уларни ишлаб чиқариш (сотиш) умумий ҳажмидаги салмоғи;
хўжалик юритувчи субъект ва таркибий бўлинмаларнинг иш билан банд ходимлари сони;
асосий фондларнинг баланс қиймати;
рентабеллик;
г) ишлаб чиқариш жараёни, товарлар, ишлар ва хизматларнинг тавсифи:
таркибий бўлинмаларнинг технологик алоқалари;
хом ашё ва материалларнинг ташқи етказиб берувчилари;
хом ашё, материаллар, бутловчи буюмлар, тайёр буюмларни ички етказиб бериш схемаси;
линиялар, участкалар ва ишлаб чиқаришларнинг технологик ихтисослашуви, стандартлаштириш хизматлари ишларини ташкил этиш ва ишлаб чиқаришни техник тайёрлаш даражаси;
тегишли товар, ишлар ва хизматларни (узлуксиз ёки даврий) тайёрлашда қўлланадиган ишлаб чиқариш жараёнининг тавсифи;
ишлаб чиқаришни (йирик серияли, кичик серияли) ташкил этиш тури;
ҳудудлар, молиявий кўрсаткичлар, бошқарув, етказиб беришлар бўйича таркибий бўлинмалар (филиаллар)нинг автономлилик даражаси, умумий хизматлар ва коммуникацияларнинг (транспорт, энергетика, таъмирлаш базаси, омбор хўжалиги, моддий-техника таъминоти ва бошқаларнинг) мавжудлиги;
товар, ишлар ва хизматларнинг тавсифи (стандартлаштирилган, ялпи, бир хил ёки ноёб, ягоналиги) ва уларнинг рақобатбардошлилиги;
товарлар, ишлар ва хизматларнинг республика ҳудудидаги асосий истеъмолчилари;
д) бошқа кўрсаткичлар: таркибий бўлинмалар, меҳнат жамоаси, хўжалик юритувчи субъект ёки унинг ваколатли органи мол-мулки мулкдорининг хўжалик мустақиллигига муносабати.
13. Банклар ва бошқа кредит ташкилотларини мажбурий тарзда бўлиш ёки ажратиб чиқариш масалаларини кўриб чиқишда ушбу Низомнинг 12-бандида назарда тутилган ахборотларга қўшимча равишда, банклар ва бошқа кредит ташкилотларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан белгиланган иқтисодий нормативлар, нормалар ва чеклашлар кўриб чиқилади.
14. Таҳлилни ўтказиш давомида кўриб чиқиладиган ахборотни ўрганишда хўжалик юритувчи субъектнинг ўрганишни ўтказишдан олдинги уч йил мобайнидаги ёхуд, агар у уч йилдан камни ташкил қилса, фаолиятни амалга ошириш муддати мобайнидаги фаолият кўрсаткичларидан фойдаланилади.
15. Хўжалик юритувчи субъект ўз фаолиятини амалга оширадиган тегишли бозордаги рақобат муҳитни баҳолаш учун қуйидаги масалалар кўриб чиқилади:
бозордаги ўхшаш ва бир-бирининг ўрнини босадиган товарлар, ишлар ва хизматларни реализация қилиш бўйича асосий рақобатчилар;
бозор қатнашчиларининг бозор улушларининг тақсимланиши;
бозор қатнашчиларининг географик жиҳатдан мансублиги.
16. Ўрганиш натижалари бўйича, олинган маълумотлар асосида, қуйидаги барча шароитлар мавжуд бўлганда хўжалик юритувчи субъектни бўлиш ёки ажратиб чиқаришнинг имконияти ва мақсадга мувофиқлиги аниқланади:
бўлинаётган ёки ажратиб чиқарилаётган таркибий бўлинмаларнинг ташкилий ва ҳудудий алоҳида бўлиш имкониятининг мавжудлиги;
унинг таркибий бўлинмалари ўртасида ўзаро узвий технологик боғлиқликнинг йўқлиги;
бўлиш ёки ажратиб чиқариш натижасида таркибий бўлинмалар учун товар ёки молия бозорида фаолиятни мустақил амалга ошириш имкониятининг мавжудлиги.
Хўжалик юритувчи субъектларни бўлиш ёки ажратиб чиқаришнинг имкониятини аниқлашда қуйидагилар эътиборга олинади:
хўжалик юритувчи субъектни бўлиш натижасида пайдо бўладиган янги хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг самарадорлигини ошириш ёки сақла б қолиш (меҳнат унумдорлигини ошириш, маҳсулотларнинг материал ва фонд сиғимини камайтириш ва бошқалар);
товарлар, ишлар ва хизматлар етказиб беришнинг физик ҳажми ўзгариши натижасида товар ёки молия бозоридаги рақобат шароитларини яхшилаш;
товар бозорларидаги рақобатлашувчи хўжалик юритувчи субъектлар сонини кўпайтириш;
хўжалик юритувчи субъект таркибидан ажратиб чиқариладиган янги таркибий бирликларнинг экспорт имкониятларини ўзгартириш.
Умуман бўлиш ёки ажратиб чиқариш имконияти ушбу товар ёки молия бозоридаги умумий рақобат шароитларининг назарда тутилаётган яхшиланиш даражаси, шунингдек ажратиб чиқарилаётган хўжалик юритувчи субъектнинг тегишли товарлар, ишлар ва хизматларни мустақил равишда ишлаб чиқариш ва бозорга етказиб бериш имконияти билан аниқланади.
17. Зарурат бўлганда, хўжалик юритувчи субъектни бўлиш ёки ажратиб чиқаришнинг имконияти ва мақсадга мувофиқлигини аниқлаш учун монополияга қарши орган мустақил экспертларни жалб этиши мумкин.
18. Молия бозорида устун мавқени эгаллаб турган хўжалик юритувчи субъектларни бўлиш ёки ажратиб чиқариш имконияти масалалари ушбу соҳадаги тегишли ваколатли давлат органлари билан биргаликда кўриб чиқилади.
IV. Хўжалик юритувчи субъектларни мажбурий тарзда бўлиш ёки ажратиб чиқариш тўғрисида қарорлар қабул қилиш
19. Хўжалик юритувчи субъектни бўлиш ёки ажратиб чиқариш имкониятини ва мақсадга мувофиқлигини ўрганиш натижаларига кўра, мажбурий тарзда бўлиш ёки ажратиб чиқариш тўғрисида қарорлар қабул қилиш учун қуйидаги тадбирлар комплекси амалга оширилади:
хўжалик юритувчи субъектларни мажбурий тарзда бўлиш ёки ажратиб чиқаришнинг ижобий ва салбий оқибатларини қиёсий баҳолаш;
хўжалик юритувчи субъектни бўлиш ёки ажратиб чиқаришнинг уни бўлиш ёки ажратиб чиқариш шаклини белгиловчи лойиҳани ишлаб чиқиш. Бунда унинг негизида, бунинг учун зарур шароитлар мавжуд бўлган тақдирда, мустақил юридик шахслар сифатида ташкил этиладиган хўжалик юритувчи субъектларнинг келгусида фаолият кўрсатиши ҳисобга олинади;
ташкил этиладиган хўжалик юритувчи субъектларнинг ташкилий тузилмаси схемасини ишлаб чиқиш;
мажбурий тарзда бўлиш ёки ажратиб чиқаришнинг иқтисодий самарадорлигини ҳисоблаш.
Мажбурий тарзда бўлиш ёки ажратиб чиқаришнинг имконияти ва мақсадга мувофиқлиги тўғрисида қарор тайёрлаш давомида мажбурий тарзда бўлиш ёки ажратиб чиқариш натижасида янгидан ташкил этиладиган хўжалик юритувчи субъектларнинг товар ёки молия бозорида устун мавқега эга бўлган хўжалик юритувчи субъект ёки шахслар гуруҳи таркибига киришига йўл қўйилмайди.
20. Ўрганишлар натижалари бўйича тайёрланган материаллар Рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилишларини кўриб чиқиш бўйича махсус комиссияга киритилади.
21. Хўжалик юритувчи субъектни мажбурий тарзда бўлиш ёки ажратиб чиқаришнинг имконияти ва зарурлиги тўғрисидаги қарор Махсус комиссия томонидан, манфаатдор томонлар иштирокида, хўжалик юритувчи субъектни бўлиш ёки ажратиб чиқариш лойиҳасини муҳокама қилган ҳолда қабул қилинади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
22. Махсус комиссиянинг қабул қилган қарори асосида монополияга қарши орган томонидан ўн кун муддатда иқтисодий судга хўжалик юритувчи субъектни мажбурий тарзда бўлиш ёки ажратиб чиқариш тўғрисида даъво аризаси киритилади.
(22-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 19 январдаги 34-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 23.01.2018 й., 09/18/34/0605-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
23. Иқтисодий суд томонидан ижобий қарор чиқарилган тақдирда хўжалик юритувчи субъектларни бўлиш ёки ажратиб чиқариш тартиботи қарорда назарда тутилган талабларни ҳисобга олган ҳолда ва унда белгиланган муддатда мулкдор ёки у вакил қилган орган томонидан бажарилиши керак.
(23-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 19 январдаги 34-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 23.01.2018 й., 09/18/34/0605-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
24. Иқтисодий суднинг хўжалик юритувчи субъектни мажбурий тарзда бўлиш ёки ажратиб чиқариш тўғрисидаги қарори суд белгилаган муддатларда бажарилмаган тақдирда иқтисодий суд монополияга қарши орган даъвоси бўйича, қонунда белгиланган тартибда хўжалик юритувчи субъектни бўлиш ёки ажратиб чиқаришни амалга ошириш бўйича хўжалик юритувчи субъект бошқарувчисини тайинлайди.
(24-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 19 январдаги 34-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 23.01.2018 й., 09/18/34/0605-сон)
25. Суд қарори билан тайинланган хўжалик юритувчи субъектни бошқарувчи суд қарорида ва монополияга қарши орган қарорида назарда тутилган тадбирларни амалга оширади.
26. Бошқарувчи тайинлангандан кейин уч кун мобайнида хўжалик юритувчи субъектни бошқариш органлари унга рўйхат бўйича хўжалик юритувчи субъект фаолияти билан боғлиқ бўлган барча ҳужжатларни, шунингдек корхонанинг муҳри, штампи ва бошқа мол-мулкини тақдим этишлари шарт.
Хўжалик юритувчи субъект бошқарувчиси тайинланган вақтдан бошлаб суд қарори билан белгиланган муддатгача хўжалик юритувчи субъектнинг барча бошқарув органлари ваколатлари тўхтатиб қўйилади ва суд қарори билан тайинланган хўжалик юритувчи субъектларнинг бошқарувчисига ўтади.
27. Бошқарувчи:
хўжалик юритувчи субъектни бўлишни ёки ажратиб чиқаришни амалга оширади ҳамда хўжалик юритувчи субъектнинг кредиторлари, муассислари (қатнашчилари) ва бошқа манфаатдор шахсларнинг манфаатларига риоя этилишини таъминлайди;
хўжалик юритувчи субъект номидан ишончномасиз иш кўради, хўжалик юритувчи субъектнинг молиявий, тўлов-ҳисоб-китоб ва бошқа ҳужжатларини имзолайди;
хўжалик юритувчи субъектнинг барча мансабдор шахслари ва ходимларининг бажариши мажбурий бўлган буйруқлар, фармойишлар ва бошқа ҳужжатлар чиқаради;
хўжалик юритувчи субъектни бўлиш ёки ажратиб чиқариш билан боғлиқ бўлган бошқа масалаларни ҳал этади.
28. Хўжалик юритувчи субъектларни бўлиш ёки ажратиб чиқариш натижасидаги бўлиш балансининг суд томонидан тасдиқланиши янгидан пайдо бўлаётган хўжалик юритувчи субъектларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун асос ҳисобланади.
29. Бўлиш ва ажратиб чиқариш тартиботларини ўтказиш харажатлари бўлинаётган хўжалик юритувчи субъект томонидан қопланади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 20 августдаги 230-сон қарорига
5-ИЛОВА
Хўжалик юритувчи субъектларнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) акцияларни (улушларни) ва бошқа мулкий ҳуқуқларини олишга доир битимларни кўриб чиқиш ҳамда бундай битимларни тузиш учун олдиндан розилик олиш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
Ушбу Низом «Рақобат тўғрисида» ва «Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ қатнашчилари юридик ва жисмоний шахслар ҳисобланадиган шахс (шахслар гуруҳи) томонидан устав фондидаги (устав капиталидаги) акцияларни (улушларни) ва бошқа мулкий ҳуқуқларни олишга доир битимларни кўриб чиқиш ҳамда бундай битимларни тузиш учун олдиндан розилик олиш тартибини белгилайди.
I. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
инвестор — хўжалик юритувчи субъектларнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) акцияларни (улушларни) ва бошқа мулкий ҳуқуқларини ўз номидан ва ўз ҳисобидан олувчи юридик ёки жисмоний шахс, шунингдек шахслар гуруҳи;
хўжалик юритувчи субъект — устав фонди (устав капитали) акцияларга (улушларга) бўлинган, товарларни (ишларни, хизматларни) ишлаб чиқариш, олиш ва реализация қилиш билан шуғулланувчи юридик шахс;
молия ташкилотлари — молия бозорида хизматлар кўрсатувчи хўжалик юритувчи субъектлар;
акциялар (улушлар)ни олиш бўйича битим — хўжалик юритувчи субъектларнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) акциялар (улушлар), бўйича олди-сотди, уларни мерос қилиб қолдириш, уларни устав фондига киритиш ва акциялар (улушлар), гаровлар эгасининг алмашувига олиб келадиган бошқа битимлар ва инвесторга хўжалик юритувчи субъектнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) акциялар (улушлар)нинг тегишли фоизларидан фойдаланиш ва уларни тасарруф этиш имконини берадиган битимлар, шунингдек хўжалик юритувчи субъектнинг устав фонди (устав капитали) миқдори кўпайганда олинадиган акциялар (улушлар) учун тўлов сифатида мол-мулкни киритиш;
битимларнинг қатнашчилари — хўжалик юритувчи субъектнинг акциялари (улушлари)ни оладиган инвестор ва акциялари (улушлари) инвестор томонидан олинадиган хўжалик юритувчи субъект;
бошқа мулкий ҳуқуқларни олиш — инвестор томонидан хўжалик юритувчи субъектнинг мулкий комплекси ёки таркибий бўлинмаси тарзидаги активларни олиш;
молия ташкилотлари фаолиятини тартибга солиш ва назорат қилиш бўйича ваколатли давлат органлари — қонун ҳужжатлари билан уларга қонун ҳужжатларига мувофиқ банк, суғурта, лизинг ва бошқа молиявий хизматлар кўрсатувчи ташкилотлар фаолиятини тартибга солиш ва назорат қилиш зиммасига юкланган давлат органлари.
2. Ушбу Низом:
бир ёки бир нечта битимлар натижасида инвестор томонидан хўжалик юритувчи субъектнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) акциялар (улушлар)ни ёки бошқа мулкий ҳуқуқларни олишга;
устав фонди (устав капитали) кўпайтирилган тақдирда устав фондига (устав капиталига) хўжалик юритувчи субъектнинг акциялари (улушлари) ёки мол-мулкини олинаётган акциялар (улушлар) пакети учун тўлов ҳисобига киритишга;
қўшимча акцияларни чиқариш йўли билан акциядорлик жамияти ёки улушлар кўпайтирилган тақдирда — масъулияти чекланган ёки қўшимча масъулиятли жамият устав фондининг (устав капиталининг) бирламчи миқдори ўзгартирилганда — муассис акциялари (улушлари) пакетининг кўпайишига;
хўжалик юритувчи субъектнинг акцияларини (улушларини) совға, қарзни тўлаш тарзида беришга;
унга олдиндан розилик сўраладиган битим тузилгунгача жисмоний шахс бошқа хўжалик юритувчи субъектнинг акциялари (улушлари)га эга бўлган тақдирда жисмоний шахс томонидан (акциялар (улушлар)ни олишга татбиқ этилади.
3. Ушбу Низом:
хўжалик юритувчи субъект ташкил этилганда унинг муассисларига;
хўжалик юритувчи субъект томонидан устав фондидаги (устав капиталидаги) ўз акциялари (улушлари) сотиб олинганда;
хўжалик юритувчи субъект — акциядорлик жамияти, унинг устав фонди (устав капитали) ҳажми сақланган тақдирда, бошқа ташкилий-ҳуқуқий шаклга айлантирилганда;
хўжалик юритувчи субъектнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) акциялар (улушлар) ишончли бошқарувга берилганда, шунингдек (улушлар) кейинчалик уларни қайта сотиш мақсадида устав фондидаги (устав капиталидаги) акциялар (улушлар) инвестиция воситачилари томонидан олинганда;
устав фондидаги (устав капиталидаги) акциялар (улушлар) ёки бошқа мулкий ҳуқуқлар Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорларига мувофиқ олинганда;
жисмоний шахс томонидан биринчи марта тузилаётган битимларга татбиқ этилмайди.
Олдинги таҳрирга қаранг.
4. Хўжалик юритувчи субъектнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) акцияларни (улушларни) ва бошқа мулкий ҳуқуқларини олишга доир битимларни тузиш жараёнида рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ёки унинг ҳудудий органининг (кейинги ўринларда монополияга қарши орган деб аталади) олдиндан розилигини олиш йўли билан қуйидаги ҳолларда амалга оширилади:
(4-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 16 августдаги 638-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 33-сон, 863-модда)
Кейинги таҳрирга қаранг.
агар битимларни тузиш пайтида товар бозорида фаолиятни амалга оширувчи хўжалик юритувчи субъектлардаги тегишли активларнинг жами баланс қиймати ёки охирги календарь йилда товарларни реализация қилишдан олинган жами тушум энг кам ойлик иш ҳақининг юз минг баравари миқдоридан ортиқ бўлса ёхуд битим қатнашчиларидан бири товар бозорида устун мавқени эгаллаб турган хўжалик юритувчи шахс ҳисобланса;
Кейинги таҳрирга қаранг.
агар молия бозорида ўз фаолиятини амалга оширувчи хўжалик юритувчи субъектлардаги активларнинг жами баланс қиймати ушбу Низомга иловада назарда тутилган миқдордан ошса ёхуд битим қатнашчиларидан бири молия бозорида устун мавқега эга бўлса.
II. Шахслар гуруҳи деб эътироф этиш
5. Ягона (умумий) иқтисодий манфаатга эга бўлган ҳамда «Рақобат тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 5-моддасида назарда тутилган шартларга жавоб берадиган шахслар йиғиндиси шахслар гуруҳи деб эътироф этилади.
Бунда товарлар (ишлар, хизматлар)нинг муайян бозорида хўжалик юритувчи субъект ва инвестор шахслар гуруҳининг жами улуши уларнинг индивидуал улушлари, шунингдек уларнинг акциялари (улушлари) ёки мулкий ҳуқуқларига инвестор ёки хўжалик юритувчи субъект эгалик қиладиган бошқа юридик шахсларнинг улушлари йиғиндиси сифатида ҳисобланади.
6. Монополияга қарши орган юридик ва жисмоний шахсларни шахслар гуруҳи деб эътироф этиш учун зарур бўлган қуйидаги ахборотларни сўраб олишга ҳақлидир:
инвесторларнинг таъсис шартномалари ёки уставларида хўжалик юритувчи субъектнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) ҳаммуассисларнинг улушлари тўғрисида;
инвесторларнинг, шунингдек улар муассисларининг хўжалик юритувчи субъектнинг таъсис ҳужжатларида устав фондидаги (устав капиталидаги) улушлари тўғрисида;
инвесторнинг, шунингдек унинг муассисларининг бошқа хўжалик юритувчи субъектларнинг устав фондларидаги (устав капиталларидаги) акциялар ёки улушларга эгалик қилиш қисмига доир инвестициявий фаолияти тўғрисида;
хўжалик юритувчи субъектларнинг ва (ёки) инвесторнинг хизматлар кўрсатишга доир асосий фаолият турлари ҳамда уларнинг муайян товар (ишлар, хизматлар) бозоридаги улушлари тўғрисида.
Ушбу бандда санаб ўтилган маълумотлар инвестор томонидан тақдим этилади. Агар инвесторда ушбу ахборотлар мавжуд бўлмаса, монополияга қарши орган томонидан улар бундай ахборотга бевосита эга бўлган бошқа шахслардан сўраб олиниши мумкин.
III. Акциялар (улушлар) ва бошқа мулкий ҳуқуқларни олишни назорат қилиш тартиби
7. Акциядорлик жамиятининг акцияларини олиш бўйича битимларни тузиш учун монополияга қарши органнинг олдиндан розилигини олиш инвестор қуйидагиларни тасарруф этиш ҳуқуқини оладиган ҳолларда зарур бўлади:
устав фондидаги (устав капиталидаги) акцияларнинг ўттиз беш ва ундан ортиқ фоизини тасарруф этиш ҳуқуқини олганда, агар бунгача инвестор мазкур акциядорлик жамияти устав фондидаги (устав капиталидаги) акцияларни тасарруф этмаган ёки ўттиз беш фоиздан камини тасарруф этган бўлса;
устав фондидаги (устав капиталидаги) акцияларнинг эллик фоизидан ортиғини тасарруф этиш ҳуқуқини олганда, агар бунгача инвестор мазкур акциядорлик жамияти устав фондидаги (устав капиталидаги) акцияларнинг камида ўттиз беш фоизини ва кўпи билан эллик фоизини тасарруф этган бўлса;
устав фондидаги (устав капиталидаги) акцияларнинг етмиш беш фоизидан ортиғини тасарруф этиш ҳуқуқини олганда, агар бунгача инвестор мазкур акциядорлик жамияти устав фондидаги (устав капиталидаги) акцияларнинг камида эллик фоизини ва кўпи билан етмиш беш фоизини тасарруф этган бўлса.
8. Масъулияти чекланган ёки қўшимча масъулиятли жамиятнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) улушларни олиш бўйича битимларни тузиш учун монополияга қарши органнинг олдиндан розилигини олиш инвестор қуйидагиларни тасарруф этиш ҳуқуқини оладиган ҳолларда зарур бўлади:
ушбу жамиятнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) акцияларнинг эллик фоизидан ортиғини тасарруф этиш ҳуқуқини олганда, агар бунгача у мазкур жамиятнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) улушларнинг эллик фоизидан камини тасарруф этган бўлса;
улушларнинг учдан икки қисмидан ортиғини тасарруф этиш ҳуқуқини олганда, агар бунгача у мазкур жамиятнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) улушларнинг камида эллик фоизини ва учдан икки қисмидан ортиқ улушларни тасарруф этган бўлса.
9. Хўжалик юритувчи субъектнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) акциялар (улушларни) ёки бошқа мулкий ҳуқуқларини инвестор томонидан олиш бўйича битимни тузишга олдиндан розилик бериш тўғрисидаги ариза қуйидагилар томонидан кўриб чиқилади:
Олдинги таҳрирга қаранг.
а) Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан:
(9-банднинг «а» кичик банди Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 16 августдаги 638-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 33-сон, 863-модда)
Кейинги таҳрирга қаранг.
республиканинг барча ҳудудида ёки бир нечта минтақаларида ўз фаолиятини амалга оширувчи хўжалик юритувчи субъектнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) акцияларни (улушларни) ёки бошқа мулкий ҳуқуқларини олишда;
агар хўжалик юритувчи субъект ва инвестор ёки шахслар гуруҳи ҳисобланадиган инвесторлар республиканинг турли минтақаларида жойлашган бўлса — устав фондидаги (устав капиталидаги) акциялар (улушлар) ёки бошқа мулкий ҳуқуқларни олишда;
хўжалик юритувчи субъектнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) акцияларни (улушларни) ёки бошқа мулкий ҳуқуқларини хорижий инвесторлар томонидан олишда;
Олдинги таҳрирга қаранг.
б) республиканинг тегишли ҳудудида ўз фаолиятини амалга оширувчи хўжалик юритувчи субъектларнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) акцияларни (улушларни) ёки бошқа мулкий ҳуқуқларини олишда Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг ҳудудий органлари томонидан кўриб чиқилади.
(9-банднинг «б» кичик банди Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 16 августдаги 638-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 33-сон, 863-модда)
Кейинги таҳрирга қаранг.
10. Қимматли қоғозлар савдоларининг ташкилотчилари қимматли қоғозлар савдоларини ташкиллаштириш қоидаларига кўра инвесторни ушбу Низомда назарда тутилган хўжалик юритувчи субъектнинг устав фондидаги акцияларни олиш тартибига риоя қилишнинг зарурлиги тўғрисида хабардор қилишлари шарт, қимматли қоғозлар мулкдори ёки қимматли қоғозлар савдоларини ташкил этиш қоидаларида белгиланган тартибда қимматли қоғозларга мулкий ҳуқуқ эгалари бундан мустасно.
Олдинги таҳрирга қаранг.
11. Акциялар бўйича битимларни рўйхатга олувчи инвестиция воситачилари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қуйидагиларга мажбур:
(11-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 23 сентябрдаги 274-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2015 й., 39-сон, 507-модда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
битимни (битимларни) рўйхатдан ўтказиш, ушбу инвесторнинг акцияларга бўлган ҳуқуқларини ҳисобга олиш ва тасдиқлаш инвестиция воситачиси томонидан амалга ошириладиган ҳолларда, унинг (уларнинг) натижасида инвестор хўжалик юритувчи субъект устав фондидаги акцияларнинг ўттиз беш ва ундан кўп фоизини инвестор оладиган акциялар билан бир ёки бир нечта битимларни рўйхатдан ўтказишда монополияга қарши органнинг олдиндан розилиги инвесторда мавжудлигини текшириш;
(11-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 23 сентябрдаги 274-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2015 й., 39-сон, 507-модда)
инвестор томонидан монополияга қарши органнинг олдиндан олинадиган розилиги тақдим қилинмаган тақдирда, мазкур банднинг иккинчи хатбошида кўрсатилган битимни рўйхатдан ўтказишни рад этиш.
Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси инвестор томонидан мазкур Низомда назарда тутилган миқдорда акцияларни олиш тартиби устидан назоратни амалга ошириш мақсадида ҳар йили 15 мартдан кечикмай монополияга қарши органга акциядорлик жамиятининг устав фондидаги акцияларнинг ўттиз беш ва ундан ортиқ фоизига эга бўлган шахслар рўйхатини электрон шаклда тақдим этади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
12. Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси ва (ёки) инвестиция воситачилари рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилиши фактлари ёки белгилари кўриб чиқилаётган ҳолларда монополияга қарши органнинг ёзма сўровига асосан мижозларнинг ҳисоб рақамлари бўйича маълумотнома тақдим этадилар.
(12-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 23 сентябрдаги 274-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2015 й., 39-сон, 507-модда)
IV. Олдиндан розилик олиш тартиби
13. Хўжалик юритувчи субъектларнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) акциялари (улушларини) ёки бошқа мулкий ҳуқуқларини олиш бўйича битимларни амалга оширишда инвестор ёки унинг ишончли шахси ушбу битимлар тузилгунгача акцияларни (улушларни) олаётганда монополияга қарши органга:
битим тузишга олдиндан розилик бериш тўғрисидаги аризани;
Олдинги таҳрирга қаранг.
жисмоний шахс учун — паспорти нусхасини (ҳужжатнинг серияси ва рақами, берилган санаси ва жойи, ҳужжатни берган орган кўрсатилади);
(13-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 31 декабрдаги 377-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2015 й., 1-сон, 9-модда)
ариза берилган кундан олдинги икки йил мобайнида ёхуд агар фаолият икки йилдан камроқ муддатни ташкил этса, ариза берувчи томонидан фаолият амалга оширилган муддат мобайнида олиб борилган фаолият турлари, ишлаб чиқарган ва реализация қилган товарлар (ишлар, хизматлар) турларининг номлари ҳамда уларнинг ҳажмлари тўғрисидаги маълумотларни;
олдинги икки календарь йилга доир молия (1 ва 2-шакл) ва статистика ҳисоботини;
шахслар гуруҳининг таркиби тўғрисидаги, бу шахсларнинг ушбу гуруҳга киришнинг асослари кўрсатилган маълумотларни тақдим этади;
Кейинги таҳрирга қаранг.
Хўжалик юритувчи субъектнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) акциялар (улушлар) ёки бошқа мулкий ҳуқуқларни олиш бўйича битимларни тузишга олдиндан розилик бериш тўғрисида қарор қабул қилиш учун монополияга қарши орган битимларни тузишда инвестор томонидан қабул қилинган инвестиция мажбуриятларининг бажарилиши тўғрисидаги ахборотни, шунингдек хўжалик юритувчи субъектни келгусида ривожлантиришнинг бизнес-режасини сўраб олиши мумкин.
14. Хўжалик юритувчи субъектларнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) акцияларни (улушларни) ёки бошқа мулкий ҳуқуқларини олиш тўғрисидаги аризада қуйидагилар кўрсатилиши зарур:
Олдинги таҳрирга қаранг.
хўжалик юритувчи субъектнинг номи, жойлашган жойи, унинг давлат рўйхатидан ўтказилган санаси ва жойи, устав фондидаги (устав капиталидаги) акциялари (улушлари) миқдори ёки инвестор оладиган бошқа мулкий ҳуқуқларнинг миқдори;
хўжалик юритувчи субъектнинг ариза берган вақтдаги муассислари (қатнашчилари) таркиби ва уларнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) улушлари миқдори тўғрисидаги маълумотлар;
(14-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 31 декабрдаги 377-сонли қарорига асосан иккинчи ва учинчи хатбошиларга алмаштирилган — ЎР ҚҲТ, 2015 й., 1-сон, 9-модда)
хўжалик юритувчи субъектнинг устав фонди (устав капитали)га киритиладиган мол-мулкнинг қиймати;
амалга ошириладиган битимнинг мақсади;
инвесторни ва хўжалик юритувчи субъектни бошқаришнинг сайланадиган ва ижро этувчи органлари таркибига кирадиган шахслар рўйхати;
инвестор ва унинг муассисларининг бошқа хўжалик юритувчи субъектларнинг устав фондларида (устав капиталларида) қатнашиши тўғрисидаги, шунингдек уларнинг бошқа мулкий ҳуқуқларга эгалиги тўғрисидаги маълумотлар.
15. Инвестор ушбу Низомнинг 13-бандида кўрсатилган бирор-бир маълумотларни тақдим этиш имконияти бўлмаганда унинг сабабларини кўрсатиши шарт.
Агар хорижий инвестор объектив сабабларга кўра молия ҳисоботини тақдим этиш имкониятига эга бўлмаса, ушбу ҳужжат мавжуд бўлмаган тақдирда ҳам устав фондидаги (устав капиталидаги) акциялар (улашлар)ни олиш бўйича исталган битимни тузишга олдиндан розилик олиши зарур.
16. Ахборот таркибида тижорат сирининг мавжудлиги уни монополияга қарши органга тақдим қилишни рад этиш учун асос бўлолмайди, бунда хўжалик юритувчи субъектнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) акцияларни (улушларни) ёки бошқа мулкий ҳуқуқларини олиш бўйича битимларнинг қатнашчилари монополияга қарши органга ахборот тақдим этишда тижорат сиридан иборат бўлган маълумотларнинг муфассал рўйхатини кўрсатиши керак.
17. Ушбу Низомнинг 13-бандида назарда тутилган ҳужжатлар инвестор ёки унинг ишончли шахси томонидан монополияга қарши органга бевосита, почта алоқаси воситаси орқали ёки электрон шаклда, уларнинг олингани тўғрисидаги билдиришнома билан тақдим этилади. Электрон шаклда тақдим этилган ҳужжатлар инвестор ёки унинг ишончли шахсининг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланади.
18. Хўжалик юритувчи субъектнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) акциялари (улушлари) ёки бошқа мулкий ҳуқуқларини олиш бўйича битимларни тузишга олдиндан розилик олиш учун тақдим этиладиган ҳужжатлар рўйхат бўйича қабул қилинади, рўйхат олдиндан розилик олиш учун мурожаат қилган инвесторга ёки унинг ишончли шахсига, ҳужжатларнинг монополияга қарши орган томонидан қабул қилинган санаси кўрсатилган ҳолда, дарҳол берилади (юборилади).
19. Хўжалик юритувчи субъектнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) акциялари (улушлари)ни ёки бошқа мулкий ҳуқуқларини олиш бўйича тузиладиган битимнинг рақобатни чеклашга таъсир кўрсатиш фактларини ўрганиш мақсадида монополияга қарши орган кўриб чиқилаётган битимга бевосита тааллуқли қўшимча ахборотни унга эга бўлган шахслардан сўраб олиши мумкин.
20. Тегишли ариза ҳамда ушбу Низомда назарда тутилган барча зарур ҳужжатлар ва ахборотлар монополияга қарши органдан олинган кун ариза олинган кун ҳисобланади.
Ушбу Низомнинг 13-бандида кўрсатилган ахборот ёки ҳужжатларсиз ва уларнинг тақдим этишнинг имконияти бўлмаганлигини изоҳловчи сабаблар кўрсатилмаган ҳолда монополияга қарши органга берилган ариза кўриб чиқиш учун қабул қилинмайди. Бундай ҳолларда монополияга қарши орган аризани кўриб чиқмасдан уч кун мобайнида қайтаради.
21. Аризада ва унга илова қилинган ҳужжатларда (ахборотларда) мавжуд бўлган фактлар ўзгарган тақдирда битим қатнашчилари бу тўғрида монополияга қарши органни улар қарор қабул қилгунгача ёзма шаклда хабардор қиладилар. Бундай ҳолларда монополияга қарши орган ўзгаришлар тўғрисида ахборот олган кун ариза олинган кун ҳисобланади.
Монополияга қарши органга аризага илова қилинган ҳужжатлардаги фактлар ўзгарганлиги ҳақида ахборот тақдим этмаслик рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилган жавобгарликка сабаб бўлади.
22. Монополияга қарши орган, агар:
битимларни тузишга олдиндан розилик бериш тўғрисидаги аризанинг қондирилиши товар ёки молия бозорида тегишли устун мавқеи юзага келишига ёки кучайишига ва (ёки) рақобатнинг чекланишига олиб келиши мумкин бўлса;
тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқишда уларда баён этилган ахборотнинг ишончсизлиги аниқланса, инвесторга хўжалик юритувчи субъектларнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) акцияларини (улушларини) ёки бошқа мулкий ҳуқуқларини олишига олдиндан розилик беришни рад этишга ҳақли.
23. Хўжалик юритувчи субъектнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) акциялари (улушлари) ёки бошқа мулкий ҳуқуқларини олиш бўйича битимларни тузишга олдиндан розилик бериш тўғрисидаги ариза монополияга қарши орган раҳбарининг буйруғи билан ташкил этиладиган махсус комиссия томонидан кўриб чиқилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
24. Кўриб чиқиш натижалари бўйича махсус комиссия ҳужжатларнинг тўлиқ пакети илова қилинган ҳолдаги ариза олинган вақтдан бошлаб ўн иш кунидан кечикмай хўжалик юритувчи субъектнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) акцияларни (улушларни) ёки бошқа мулкий ҳуқуқларини олиш бўйича битимларни тузишга олдиндан розилик бериш ёхуд уни рад этиш тўғрисида қарор чиқаради.
Зарур бўлганда, монополияга қарши органда битим рақобатни, шу жумладан товар ёки молия бозорида устун мавқени пайдо қилиш ёхуд кучайтириш воситасида чеклашга олиб келишига ёки олиб келиши мумкинлигига асослар пайдо бўлган тақдирда аризани кўриб чиқиш муддати узайтирилиши, лекин кўпи билан бир ойга узайтирилиши мумкин, бу тўғрида инвесторга ёки унинг ишончли шахсига хабар қилинади.
Хўжалик юритувчи субъектнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) акцияларни (улушларни) ёки бошқа мулкий ҳуқуқларини олиш бўйича битимни тузишга олдиндан розилик олиш учун бир нечта шахс ёки шахслар гуруҳлари айни бир вақтда мурожаат қилишган тақдирда монополияга қарши органнинг қарори ариза берганларга айнан бир куннинг ўзида юборилади.
Қарор махсус комиссия раиси ва унинг аъзолари томонидан икки нусхада имзоланади ва гербли муҳр билан тасдиқланади.
Кўриб чиқиш натижалари бўйича махсус комиссия томонидан қабул қилинган қарор инвесторга қарор қабул қилинган санадан бошлаб бир иш кунидан кечикмай юборилади.
Ёзма шаклда сўралган тақдирда манфаатдор томонларга қарорнинг нусхаси тақдим этилади.
25. Хўжалик юритувчи субъектнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) акциялари (улушлари) ёки бошқа мулкий ҳуқуқларини олиш бўйича битим ушбу битимни тузишга розилик бериш тўғрисида қарор қабул қилинган вақтдан бошлаб бир йил мобайнида тузилиши керак. Битим кўрсатиб ўтилган муддатда тузилмаган тақдирда қарор ўз кучини йўқотади.
26. Монополияга қарши орган томонидан инвесторнинг аризасини кўриб чиқиш муддати мобайнида хўжалик юритувчи субъектнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) акциялари (улушлари)ни ёки бошқа мулкий ҳуқуқларини олиш бўйича битимни тузишга олдиндан розилик бериш ёки уни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинмаган тақдирда ушбу Низомнинг 24-банди иккинчи хатбошида кўрсатилган муддат ўтгач инвестор, бу тўғрида монополияга қарши органни ёзма шаклда хабардор қилган ҳолда, хўжалик юритувчи субъектнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) акциялари (улушлари) ёки бошқа мулкий ҳуқуқларини олиш бўйича битимни тузиш ҳуқуқига эга.
27. Ушбу Низомнинг 26-бандида назарда тутилган ҳолатда, монополияга қарши орган инвестор ёки унинг ишончли шахсининг ёзма хабари олингандан кейин беш иш куни мобайнида хўжалик юритувчи субъектнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) акциялари (улушлари)ни ёки бошқа мулкий ҳуқуқларини олиш бўйича битимни тузиш юзасидан инвесторга розилик бериш тўғрисида қарор қабул қилиши шарт. Монополияга қарши органнинг қарори олингунгача уларнинг қабул қилинган ва инвестор ёки унинг ишончли шахси томонидан монополияга қарши органга юборилган ёзма хабар санаси кўрсатилган ҳолда тақдим этилган ҳужжатлар рўйхати хўжалик юритувчи субъектнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) акциялари (улушлари)ни ёки бошқа мулкий ҳуқуқларини олиш бўйича битимни тузишга олдиндан розилик олингани тўғрисидаги қарорга тенглаштирилади ва ушбу битимни тузиш учун асос ҳисобланади.
28. Зарурат бўлганда, махсус комиссия мажлисига хўжалик юритувчи субъектнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) акциялари (улушлари)ни ёки бошқа мулкий ҳуқуқларини олишга олдиндан розилик олиш учун монополияга қарши органга мурожаат қилган шахслар (ишончнома бўйича уларнинг вакиллари), молия ташкилотлари фаолиятини тартибга солиш ва назорат қилиш бўйича ваколатли давлат органлари вакиллари, шунингдек ушбу битимни амалга оширишдан манфаатдор бўлган шахслар таклиф этилиши мумкин.
29. Монополияга қарши орган хўжалик юритувчи субъектнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) акциялари (улушлари)ни ёки бошқа мулкий ҳуқуқларини олиш бўйича битимларни тузишга олдиндан розилик беришга ва уни рақобатни таъминлашга йўналтирилган талабларнинг белгиланган муддатларда бажарилишига боғлиқ қилиб қўйишга ҳақлидир. Бунда мазкур талаблар, шунингдек уларни бажариш муддатлари устав фондидаги (устав капиталидаги) акциялар (улушлар)ни ёки бошқа мулкий ҳуқуқларни олиш бўйича битимларни тузишга олдиндан розилик бериш тўғрисидаги монополияга қарши органнинг қарорида мавжуд бўлиши керак.
Хўжалик юритувчи субъектнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) акциялари (улушлари)ни ёки бошқа мулкий ҳуқуқларини олиш бўйича битимларни тузиш тегишли инвесторнинг товар ёки молия бозоридаги устунлик мавқеининг пайдо бўлишига ёки кучайишига ва/ёки рақобатни чеклашга олиб келиши мумкин бўлса ушбу битимни тузиш тўғрисида қарор қабул қилишган юридик ва/ёки жисмоний шахслар, монополияга қарши органнинг талабига кўра, рақобатнинг зарур шартларини тиклаш бўйича чоралар кўришлари шарт.
30. Монополияга қарши орган товар ёки молия бозорида ҳатто хўжалик юритувчи субъектнинг ёки шахслар гуруҳининг устун мавқеи юзага келиши ёки кучайиши ва (ёки) рақобатнинг чекланиши мумкин бўлган тақдирда ҳам, агар хўжалик юритувчи субъектнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) акцияларини (улушларини) бошқа мулкий ҳуқуқларини олиш бўйича битимлар тузиш тўғрисида қарор қабул қилган юридик ва (ёки) жисмоний шахслар хатти-ҳаракатлари (битимлари) истеъмолчиларга сезиларли даражада наф келтиришини исботлаб берса, хўжалик юритувчи субъектнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) акцияларини (улушларини) ва бошқа мулкий ҳуқуқларини олиш бўйича битим тузиш учун олдиндан розилик бериш ҳақидаги аризани қаноатлантиришга ҳақли.
31. Инвестор хўжалик юритувчи субъектнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) акцияларини (улушларини) бошқа мулкий ҳуқуқларини мазкур Низомнинг 7 ва 8-бандларида назарда тутилган миқдорларда олиш учун бир томонлама битимларни (мерос, ҳуқуқий ворислик) тузишда, мерос бўйича ҳуқуққа эга бўлган кунидан бошлаб бу тўғрида ўн беш календарь кун мобайнида монополияга қарши органни хабардор қилиши керак.
Билдиришномада:
хўжалик юритувчи субъектнинг номи ва мулк қилиб олинган акциялар (улушлар)нинг миқдори;
бошқа хўжалик юритувчи субъектларининг акцияларига (улушларига) эгалик қилиши тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилади.
Монополияга қарши орган ушбу Низомда назарда тутилган қўшимча ахборотни сўраб олиши мумкин.
32. Молия ташкилотлари фаолиятини тартибга солиш ва назорат қилиш бўйича ваколатли давлат органлари устав фондидаги (устав капиталидаги) акциялар (улушлар) ёки бошқа мулкий ҳуқуқларни олиш бўйича битимларни молия ташкилотлари томонидан тузиш тўғрисидаги масалани кўриб чиқишда монополияга қарши органнинг кўрсатиб ўтилган битимларни тузишга олдиндан розилик тўғрисидаги қарорини ҳисобга оладилар.
V. Хўжалик юритувчи субъектнинг акциялари (улушлари)ни ва бошқа мулкий ҳуқуқларини олиш тартибини бузиш
33. Монополияга қарши органнинг олдиндан розилигисиз хўжалик юритувчи субъектнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) акциялари (улушлари)ни ёки бошқа мулкий ҳуқуқларини инвестор томонидан олиш ҳолати аниқланган тақдирда инвесторга нисбатан рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бузилиши бўйича белгиланган тартибда иш қўзғатилади.
34. Рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бузилиши ҳақидаги иш монополияга қарши органнинг махсус комиссияси томонидан кўриб чиқилади.
Инвесторнинг молия ташкилоти акцияларини олиш тартиби бузилганлиги ҳақидаги масала Махсус комиссия томонидан кўриб чиқилаётганда молия ташкилотлари фаолиятини тартибга солиш ва назорат қилиш бўйича ваколатли давлат органларининг тегишли мутахассислари экспертлар сифатида жалб этилиши мумкин.
Махсус комиссия ишни мазмунан кўриб чиқиш натижалари бўйича қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилади:
дастлабки мавқеини тиклаш ва рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилишларини тўхтатиш муддати кўрсатилган ҳолда, акциялар (улушлар) ва бошқа мулкий ҳуқуқларга эга бўлишни рад этиш тўғрисида;
акциялар (улушлар) ва бошқа мулкий ҳуқуқларга эгалик қилишга розилик бериш тўғрисида.
35. Махсус комиссия, қабул қилинган қарордан қатъи назар, хўжалик юритувчи субъектнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) акцияларини (улушларини) монополияга қарши органнинг олдиндан розилигини олмасдан олганлиги учун инвесторга қонун ҳужжатларига мувофиқ жарима солади.
Бунда махсус комиссиянинг қарори асосида инвесторга қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда кўрсатма берилади.
36. Монополияга қарши органнинг қўзғатилган ишни кўриш натижалари бўйича қабул қилган қарори инвесторга, молия ташкилотлари фаолиятини тартибга солиш ва назорат қилиш бўйича тегишли ваколатли давлат органларига, шунингдек қимматли қоғозлар бўйича битимларни рўйхатдан ўтказувчи органларга қабул қилинган кундан бошлаб уч кундан кечикмай юборилади.
37. Махсус комиссия қарори асосида берилган кўрсатма унда белгиланган муддатда бажарилиши керак.
Кўрсатмалар инвестор томонидан белгиланган муддатида бажарилмаган тақдирда монополияга қарши орган унинг олдиндан берилган розилигисиз, устун мавқенинг пайдо бўлишига ёки кучайишига ёхуд рақобатни чеклашга олиб келадиган битимни ҳақиқий эмас деб эътироф этиш тўғрисидаги даъво билан судга мурожаат қилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
38. Инвестор монополияга қарши органнинг қарори (кўрсатмаси)дан норози бўлган тақдирда, қарорни тўлиқ ёки қисман ноҳақиқий деб эътироф этиш тўғрисидаги ариза билан судга ёхуд қарорни (кўрсатмани) бекор қилиш ёки ўзгартириш тўғрисидаги ариза билан Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасига қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда мурожаат қилишга ҳақли.
(38-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 16 августдаги 638-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 33-сон, 863-модда)
Кейинги таҳрирга қаранг.
Хўжалик юритувчи субъектларнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) акцияларни (улушларни) ва бошқа мулкий ҳуқуқларини олишга доир битимларни кўриб чиқиш ҳамда бундай битимларни тузиш учун олдиндан розилик олиш тартиби тўғрисидаги Низомга
ИЛОВА
Олдинги таҳрирга қаранг.
Устав фондидаги (устав капиталидаги) акциялар (улушлар) ёки бошқа мулкий ҳуқуқларни олишга битимларни тузиш назорат қилинадиган молия ташкилотларининг молия бозоридаги активларининг жами баланс қийматлари
МИҚДОРЛАРИ
1 800 млрд. сўм —‎ банкларга нисбатан;
100 млрд. сўм —‎‎ суғурта компанияларига нисбатан;‎
12 млрд. сўм —‎‎ лизинг компанияларига нисбатан;‎
1,6 млрд. сўм —‎‎

нобанк кредит ташкилотларига ва қимматли қоғозлар бозорининг профессионал қатнашчиларига нисбатан.

(илова Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 9 октябрдаги 810-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 12.10.2017 й., 09/17/810/0095)
Кейинги таҳрирга қаранг.
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2013 й., 34-сон, 456-модда; 2015 й., 1-сон, 9-модда, 39-сон, 507-модда; 2017 й., 33-сон, 863-модда; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 12.10.2017 й., 09/17/810/0095; 23.01.2018 й., 09/18/34/0605-сон, 31.03.2018 й., 09/18/249/0998-сон; 20.12.2019 й., 09/19/1014/4173-сон, 29.12.2019 й., 09/19/1046/4242-сон; 29.05.2020 й., 09/20/338/0700-сон)