Товар ва молия бозорларида монополияга қарши тартибга солишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 1 майдаги 256-сонли «Товар ва молия бозорларида монополияга қарши тартибга солишга доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш туғрисида»ги қарорига асосан 2024 йил 3 августдан ўз кучини йўқотади.
«Рақобат тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ ҳамда товар ва молия бозорларидаги рақобат соҳасини давлат томонидан тартибга солишни такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагилар:
Товар ва молия бозорида хўжалик юритувчи субъектнинг ёки шахслар гуруҳининг устун мавқеини эътироф этиш ҳамда Товар ёки молия бозорида устун мавқени эгаллаб турган хўжалик юритувчи субъектларнинг давлат реестрини юритиш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;
Хизматларнинг молия бозорида монопол юқори ва монопол паст нархларни аниқлаш тартиби тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ;
Рақобатни чеклайдиган келишиб олинган ҳаракатлар ва битимларни аниқлаш тартиби тўғрисидаги низом 3-иловага мувофиқ;
Хўжалик юритувчи субъектларни мажбурий тарзда бўлиш ёки ажратиб чиқариш масалаларини кўриб чиқиш тартиби тўғрисидаги низом 4-иловага мувофиқ;
(1-банднинг олтинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 28 майдаги 338-сонли қарорига асосан чиқарилган — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 29.05.2020 й., 09/20/338/0700-сон)
2. Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
Вазирликлар ва идоралар бир ой муддатда ўз идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини ушбу қарорга мувофиқлаштирсинлар.
3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р.С. Азимов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2013 йил 20 август,
230-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 20 августдаги 230-сон қарорига 1-ИЛОВА
Товар ва молия бозорида хўжалик юритувчи субъектнинг ёки шахслар гуруҳининг устун мавқеини эътироф этиш ҳамда Товар ёки молия бозорида устун мавқени эгаллаб турган хўжалик юритувчи субъектларнинг давлат реестрини юритиш тартиби тўғрисида
Низом
I. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом «Рақобат тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига мувофиқ Товар ва молия бозорида хўжалик юритувчи субъектнинг ёки шахслар гуруҳининг устун мавқеини эътироф этиш тартиби ва шартлари ҳамда Товар ёки молия бозорида устун мавқени эгаллаб турган хўжалик юритувчи субъектларнинг давлат реестрини юритиш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низомда қуйидаги тушунчалардан фойдаланилади:
товар — фаолиятнинг олиш ва реализация қилиш учун мўлжалланган маҳсули, шу жумладан, ишлар ва хизматлар (молиявий хизматлардан ташқари);
молиявий хизмат — банклар ва бошқа кредит, суғурта ва ўзга молия ташкилотлари томонидан кўрсатиладиган хизматлар, шунингдек қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчилари хизматлари ҳамда пул маблағларини жалб этиш ва (ёки) жойлаштириш билан боғлиқ бўлган хизматлар;
товар ёки молия бозори чегараси — Ўзбекистон Республикаси ҳудудида товар ёки молиявий хизматларнинг ёки Ўзбекистон Республикасининг маъмурий-ҳудудий бўлинишига мос келмаслиги мумкин бўлган муомаладаги ҳамда уларни сотиб олиш ва хизмат кўрсатиш имкони мавжуд бўлган чегаралардаги қисмининг муомала доираси;
товар бозорида бозор улуши — хўжалик юритувчи субъект ёки шахслар гуруҳи томонидан ишлаб чиқарилган товар реализация қилинган ҳажмининг товар бозори чегаралари доирасида ушбу товар бозорининг барча иштирокчилари томонидан ишлаб чиқарилган товарни реализация қилишнинг умумий ҳажмига нисбати;
молия бозорида бозор улуши — хўжалик юритувчи субъект ёки шахслар гуруҳи томонидан кўрсатилган молиявий хизматлар ҳажмининг молия бозори чегаралари доирасида ушбу молия бозорининг барча иштирокчилари томонидан кўрсатилган молиявий хизматларнинг умумий ҳажмига нисбати.
3. Товар ва молия бозорида хўжалик юритувчи субъектнинг ёки шахслар гуруҳининг устун мавқеини эътироф этиш товар ва молия бозори чегаралари доирасида, унинг жойлашган ва давлат рўйхатидан ўтган жойидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳамда унинг ҳудудий органлари (кейинги ўринларда монополияга қарши орган деб аталади) томонидан амалга оширилади.
(3-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 19 декабрдаги 1014-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 20.12.2019 й., 09/19/1014/4173-сон)
4. Товар ва молия бозорида хўжалик юритувчи субъектнинг ёки шахслар гуруҳининг устун мавқеи мавжудлигини аниқлаш қуйидаги изчилликда амалга оширилади:
товарлар ва молиявий хизматларнинг бир-бирининг ўрнини босишини ҳисобга олган ҳолда товар ёки молия бозори чегараларини аниқлаш;
хўжалик юритувчи субъектнинг ва(ёки) шахслар гуруҳининг бозор улушини аниқлаш;
товар ва молия бозорида хўжалик юритувчи субъектнинг ёки шахслар гуруҳининг устун мавқеини эътироф этиш.
II. Товар бозори чегараларини ва бозор улушини аниқлаш, шунингдек товар бозорида хўжалик юритувчи субъектнинг ёки шахслар гуруҳининг устун мавқеини эътироф этиш
5. Монополияга қарши орган ушбу Низомда белгиланган товар бозорининг чегараларини аниқлаш бўйича талабларга риоя қилишда умуман республика бўйича, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўйича алоҳида ёки икки ёки ундан ортиқ товар бозорлари чегараларини биттага бириктириш йўли билан товар бозорининг чегараларини белгилаш ҳуқуқига эга.
6. Товар бозорининг чегаралари истеъмолчилар томонидан товарни эркин сотиб олиш тамойили бўйича аниқланади. Товарни эркин сотиб олиш қуйидаги шарт-шароитлар мавжуд бўлганда таъминланади:
тегишли минтақада аниқ товарни сотиб олиш имконияти;
товар қийматига нисбатан транспорт харажатларининг қопланиши;
товарнинг сифати, ишончлилиги ва бошқа истеъмол хусусиятларининг сақланиши;
товарни олди-сотди, олиб кириш ва олиб чиқишга чекловлар (тақиқлар)нинг мавжуд эмаслиги;
7. Хўжалик юритувчи субъектлар ёки шахслар гуруҳининг бозор улушларини аниқлаш мазкур Низомнинг 13 ва 14-бандларида кўрсатилган маълумотлар асосида камида бир йиллик давр учун амалга оширилади.
8. Бозор улуши хўжалик юритувчи субъект ёки шахслар гуруҳининг аниқ товар бозоридаги савдо-сотиқлар ҳажмининг умумий ҳажмидаги иштирокини ифодаловчи кўрсаткич ҳисобланади.
Товар бозорида бозорлар улушларини ҳисоблаб чиқиш учун ҳисоб-китобга товарларни реализация қилиш кўрсаткичлари асосан натура ифодасида, хизматлар бозорида эса — қиймат шаклида қабул қилинади. Натура ифодасидаги тегишли кўрсаткичлар мавжуд бўлмаганда қиймат шаклидаги маълумотлар қабул қилинади.
9. Хўжалик юритувчи субъектнинг ёки шахслар гуруҳининг бозор улуши ушбу субъектнинг ёки шахслар гуруҳининг ишлаб чиқарилган товарни реализация қилиш ҳажмининг товар бозори ҳажмига нисбати сифатида аниқланади ҳамда қуйидаги формула бўйича аниқланади:
БУ=Vo x 100/Vp, бу ерда:
БУ — хўжалик юритувчи субъектнинг ёки шахслар гуруҳининг бозор улуши;
Vo — товар бозори ҳудудида хўжалик юритувчи субъектнинг ёки шахслар гуруҳининг товарни (шу жумладан бир-бирининг ўрнини босадиган товарни) реализация қилиш ҳажми,
Vp — қуйидаги тарзда ҳисобланадиган товар бозорининг миқдори:
Vp=Vo1+ Vo2+…+Von+Vи, бу ерда:
Vo1 — Von — товар бозори ҳудудидаги барча хўжалик юритувчи субъектлар томонидан товарларни (шу жумладан ўзаро алмашинадиган товарларни) реализация қилиш ҳажми;
10. Товар бозорида хўжалик юритувчи субъектнинг ёхуд шахслар гуруҳининг рақобатлашувчи хўжалик юритувчи субъектларга боғлиқ бўлмаган ҳолда унга ўз фаолиятини амалга ошириш ва рақобатнинг ҳолатига ҳал қилувчи таъсир кўрсатиш, тегишли бозорга бошқа хўжалик юритувчи субъектларнинг киришини қийинлаштириш ёхуд уларнинг иқтисодий фаолият эркинлигини бошқача тарзда чеклаш имкониятини берадиган ҳолати устун мавқе ҳисобланади.
11. Хўжалик юритувчи субъект ёки шахслар гуруҳи товарининг улуши:
а) эллик ва ундан ортиқ фоизни ташкил этса;
б) ўттиз беш фоиздан эллик фоизгача ҳажмда бўлиб, бунда қуйидаги шартлар:
хўжалик юритувчи субъектнинг товар бозоридаги улуши камида бир йил мобайнида, яъни хўжалик юритувчи субъектнинг ёки шахслар гуруҳининг товар бозорида 35 — 50 фоиз доирасида бўлган улуши бир йил ва ундан ортиқ муддат мобайнида барқарор бўлиб туриши;
товар бозорида бошқа хўжалик юритувчи субъектларга (рақобатчиларга) тегишли улушларнинг нисбий миқдорда бўлиб туриши, яъни бозорда 20 фоиздан ортиқ товарлар улуши бўлган хўжалик юритувчи субъектнинг ёки шахслар гуруҳининг йўқлиги;
ушбу бозорга янги хўжалик юритувчи субъектларнинг (рақобатчиларнинг) киришига имконият бўлиши шартлари белгиланган бўлса, шу хўжалик юритувчи субъектнинг ёки шахслар гуруҳининг мавқеи устун мавқе деб эътироф этилади.
12. Тегишли товар бозорида товарнинг аниқ турига ўхшаш бўлмаган янги товар ишлаб чиқариш билан биринчи марта бозорга кираётган хўжалик юритувчи субъектнинг ёки шахслар гуруҳининг устун мавқеи икки йил мобайнида эътироф этилмайди.
III. Товар бозорида хўжалик юритувчи субъектнинг ёки шахслар гуруҳининг устун мавқеи мавжудлигини белгилаш учун фойдаланиладиган маълумот
13. Товар бозорини ўрганишда монополияга қарши орган юридик ва жисмоний шахслардан, давлат ва хўжалик бошқаруви органларидан маҳаллий давлат ҳокимияти органларидан тегишли равишда қуйидаги маълумотларни сўраб олади:
товарлар ишлаб чиқариш, реализация қилиш, импорт ва экспорт қилиш миқдорлари;
тегишли бозордаги товарни ишлаб чиқарувчи корхоналар рўйхати;
таъсис ҳужжатлари;
хўжалик юритувчи субъектнинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг нусхаси;
хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳамкорликдаги фаолияти билан боғлиқ шартномалар нусхалари;
товарларга нархлар;
товарларни реализация қилиш учун тузилган шартномалар нусхалари;
товарнинг техник ҳужжатлари (ГОСТ, ТШ ва бошқалар).
14. Маълумот сўров олинган кундан бошлаб бир ой муддатдан кечикмасдан монополияга қарши органга, шу жумладан:
Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси ва унинг ҳудудий органлари томонидан — почта манзиллари кўрсатилган ҳолда товар (ишлар бажарувчи, хизматлар кўрсатувчи) ишлаб чиқарувчи корхоналар рўйхати, товар ишлаб чиқариш (ишлар бажариш, хизматлар кўрсатиш)нинг умумий миқдори, товарни импорт ва экспорт қилиш тўғрисида;
Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси ва унинг ҳудудий органлари томонидан — товарни импорт ва экспорт қилиш ҳажмларини кўрсатган ҳолда улар билан шуғулланадиган хўжалик юритувчи субъектлар рўйхати тўғрисида;
хўжалик юритувчи субъектлар томонидан — ишлаб чиқариш қувватлари, ишлаб чиқариш (кўрсатилган хизматлар), товарни реализация қилиш, импорт ва экспорт қилиш ҳажмлари тўғрисида, шунингдек таъсис ҳужжатлари, техник ҳужжатлари;
ваколатли органлар, товар ишлаб чиқарувчилар ва ёки истеъмолчилар томонидан — товарларнинг функционал жиҳатдан қўлланилиши, сифат ва техник тавсифномалари, нархи ва бошқа параметрлари бўйича уларнинг бир-бирининг ўрнини боса олиши мумкинлиги тўғрисида маълумотлар тақдим этилади.
15. Зарур ҳолларда ва товар бозорида хўжалик юритувчи субъектнинг ёки шахслар гуруҳининг устун мавқени аниқлаш учун маълумотлар етарли бўлмаганда монополияга қарши орган унинг мазмунини аниқ кўрсатган ҳолда тегишли маълумотни қўшимча равишда сўраб олиши мумкин.
16. Товар бозорида устун мавқеини эгаллаган деб, эътироф этилган хўжалик юритувчи субъект ёки шахслар гуруҳи мазкур Низомда назарда тутилган тартибда Товар ёки молия бозорида устун мавқени эгаллаб турган хўжалик юритувчи субъектлар давлат реестрига киритилади.
IV. Молия бозори чегаралари ва бозор улушини аниқлаш, шунингдек молия бозорида хўжалик юритувчи субъектнинг ёки шахслар гуруҳининг устун мавқеини эътироф этиш
17. Монополияга қарши орган бутун республика ҳудуди бўйича, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўйича алоҳида ёки икки ёхуд ундан ортиқ товар бозорлари чегараларини биттага бириктириш йўли билан товар бозорининг чегараларини белгилаш ҳуқуқига эга.
18. Молия бозори чегаралари учун молиявий хизматлар истеъмолчилари эркин (олиш) имконияти тамойили бўйича аниқланади. Молиявий хизматларни эркин олиш:
техник имкониятларни ҳисобга олган ҳолда тегишли минтақада молиявий хизматлар олиш имконияти мавжуд бўлганда;
тегишли минтақада қўшимча катта харажатларсиз, жумладан истеъмолчининг бошқа минтақада молиявий хизматлар олишга транспорт харажатларисиз молиявий хизматлар олиши иқтисодий мақсадга мувофиқ бўлганда;
бошқа минтақада молиявий хизматлар олиш имконияти маъмурий чекловлар мавжуд бўлмаганда таъминланади.
19. Молия бозорида хўжалик юритувчи субъектнинг ёки шахслар гуруҳининг бозор улушларини аниқлаш ушбу Низомнинг 24 ва 25-бандларида кўрсатилган маълумотлар асосида камида бир йиллик давр учун амалга оширилади.
20. Молия бозорининг ялпи ҳажми ва хўжалик юритувчи субъектнинг ёки шахслар гуруҳининг бозор улушининг ҳажмини ҳисоб-китоб қилиш кўрсатилаётган хизматларнинг хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда қиймат ва (ёки) миқдорий ифодалаш орқали амалга оширилади.
21. Молия бозорида хўжалик юритувчи субъектнинг ёхуд шахслар гуруҳининг рақобатлашувчи хўжалик юритувчи субъектларга боғлиқ бўлмаган ҳолда унга ўз фаолиятини амалга ошириш ва рақобатнинг ҳолатига ҳал қилувчи таъсир кўрсатиш, тегишли бозорга бошқа хўжалик юритувчи субъектларнинг киришини қийинлаштириш ёхуд уларнинг иқтисодий фаолият эркинлигини бошқача тарзда чеклаш имкониятини берадиган ҳолати устун мавқе ҳисобланади.
23. Молиявий хизматлар кўрсатиш бошланган санадан бошлаб икки йил мобайнида тегишли молия бозорида молиявий хизматларнинг аниқ турига ўхшаши мавжуд бўлмаган, биринчи марта бозорга маълум бир турдаги молиявий хизматлар бозорига кирган хўжалик юритувчи субъект молия бозорида устун мавқеини эгалловчи хўжалик юритувчи субъект сифатида кўриб чиқилмайди.
V. Молия бозорида хўжалик юритувчи субъектнинг ёки шахслар гуруҳининг устун мавқеи мавжудлигини аниқлаш учун фойдаланиладиган маълумотлар
молиявий ташкилотлар ва бошқа хўжалик юритувчи субъектлар, шунингдек молиявий хизматлар истеъмолчиларидан олинган маълумотлар асосида амалга оширилади.
25. Молия бозорида хўжалик юритувчи субъектнинг ёки шахслар гуруҳининг устун мавқеи мавжудлигини аниқлаш учун фойдаланиладиган маълумотларга қуйидагилар киради:
кўрсатилган молиявий хизматлар миқдори;
тегишли молия бозорида фаолият юритаётган хўжалик юритувчи субъектлар рўйхати;
Монополияга қарши орган молия бозорида хўжалик юритувчи субъектнинг ёки шахслар гуруҳининг устун мавқеи мавжудлигини аниқлаш учун бошқа ваколатли органларда мавжуд бўлган зарур ҳужжатлар ва ахборотларни белгиланган тартибда ўзаро ахборот ҳамкорлиги йўли билан, шу жумладан электрон тарзда мустақил равишда олади, ушбу бандда назарда тутилган ҳужжатлар ва ахборотлар бундан мустасно.
(25-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 31 декабрдаги 377-сонли қарорига асосан хатбоши билан тўлдирилган — ЎР ҚҲТ, 2015 й., 1-сон, 9-модда)
26. Устун мавқе мавжудлигини аниқлашда ахборот агентликлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа ахборот манбаларидан, шунингдек молиявий хизматлар истеъмолчилари билан сўровномалар ўтказиш натижалари орқали олинган маълумотлардан фойдаланилиши мумкин.
27. Маълумот монополияга қарши органнинг сўрови асосида сўров олинган кундан ўттиз календарь кунидан ошмайдиган муддатда тақдим этилади.
28. Зарур ҳолларда ва молия бозорида хўжалик юритувчи субъектнинг ёки шахслар гуруҳининг устун мавқеини аниқлаш учун маълумотлар етарли бўлмаган тақдирда монополияга қарши орган тегишли маълумотни унинг мазмунини аниқ кўрсатган ҳолда қўшимча равишда сўраб олиши мумкин.
29. Молия бозорида устун мавқеини эгаллаган деб эътироф этилган хўжалик юритувчи субъект ёки шахслар гуруҳи мазкур Низомда назарда тутилган тартибда Товар ёки молия бозорида устун мавқени эгаллаб турган хўжалик юритувчи субъектлар Давлат реестрига киритилади.
VI. Хўжалик юритувчи субъектни ёки шахслар гуруҳини Товар ёки молия бозорида устун мавқени эгаллаб турган хўжалик юритувчи субъектлар давлат реестрига киритиш ва ундан чиқариш
30. Товар ёки молия бозорида устун мавқени эгаллаб турган хўжалик юритувчи субъектлар давлат реестри (кейинги ўринларда Реестр деб аталади) товар ёки молия бозорида устун мавқени эгаллаб турган хўжалик юритувчи субъектлар ва шахслар гуруҳининг фаолияти мониторинги ва назоратини амалга ошириш, монополияга қарши ҳаракатларини чеклаш ва уларнинг олдини олиш ҳамда улар томонидан устун мавқеини суиистеъмол қилишига йўл қўймаслик учун юритилади.
31. Реестр Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан ушбу Низомнинг 1-иловасига мувофиқ шакллантирилади ва юритилади.
(31-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 19 декабрдаги 1014-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 20.12.2019 й., 09/19/1014/4173-сон)
32. Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ва унинг ҳудудий органлари томонидан товар ва молия бозорида устун мавқени эгаллаб турган деб эътироф этилган хўжалик юритувчи субъект ёки шахслар гуруҳи Реестрга киритилади.
(32-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 19 декабрдаги 1014-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 20.12.2019 й., 09/19/1014/4173-сон)
(33-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 30 мартдаги 249-сонли қарорига асосан ўз кучини йўқотган — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 31.03.2018 й., 09/18/249/0998-сон)
34. Хўжалик юритувчи субъектни ёки шахслар гуруҳини Реестрга киритиш ёки ундан чиқариш тўғрисидаги қарор монополияга қарши орган раҳбарининг буйруғи билан расмийлаштирилади.
35. Хўжалик юритувчи субъектни ёки шахслар гуруҳини Реестрга киритиш тўғрисида қабул қилинган қарор асосида монополияга қарши орган қарор қабул қилинган кундан бошлаб уч кун муддатда:
товар бозорида устун мавқени эгаллаб турган деб эътироф этилган хўжалик юритувчи субъектга ёки шахслар гуруҳига ушбу Низомнинг 2-иловасига мувофиқ шакл бўйича билдиришнома юборади, шунингдек бу тўғрисида нархни тартибга солувчи органга хабар беради;
молия бозорида устун мавқени эгаллаб турган деб эътироф этилган хўжалик юритувчи субъектга ёки шахслар гуруҳига ушбу Низомга 3-иловага асосан шакл бўйича билдиришнома юборади, шунингдек бу тўғрисида молия бозорини тартибга солиш соҳасидаги ваколатли органга хабар беради.
36. Хўжалик юритувчи субъектни ёки шахслар гуруҳини Реестрдан чиқариш тўғрисидаги қарор қуйидаги ҳолларда қабул қилинади:
тегишли товар ёки молия бозорида хўжалик юритувчи субъектнинг ёки шахслар гуруҳининг мавқеи уларни устун мавқеидан чиқариш даражасигача ўзгарганда;
Реестрга киритилган хўжалик юритувчи субъект томонидан маҳсулот турини ишлаб чиқариш ва сотиш (хизматлар кўрсатиш) тўлиқ тўхтатилганда;
хўжалик юритувчи субъектга нисбатан тугатишга доир иш юритиш қўлланилганда.
37. Реестрдан хўжалик юритувчи субъектни ёки шахслар гуруҳини чиқариш монополияга қарши орган раҳбари буйруғи билан расмийлаштирилади ҳамда қарор қабул қилинган кундан бошлаб уч кун муддатда хўжалик юритувчи субъектга ёки шахслар гуруҳига, нархни тартибга солувчи органга ҳамда молия бозорини тартибга солиш соҳасида ваколатли органга ушбу Низомнинг 4-иловасига мувофиқ шакл бўйича билдиришнома юборилади.
38. Реестрга киритилган хўжалик юритувчи субъект унинг номи ўзгарганда ёки қайта ташкил этилганда ўн кун муддатда бу тўғрисида монополияга қарши органни хабардор қилиши шарт.
39. Реестрга ўзгартиришлар киритиш товар ва молия бозорларини ўрганиш натижаларига кўра амалга оширилади.
40. Товар ва молия бозорларини ўрганиш натижаларига кўра хўжалик юритувчи субъектни Реестрдан чиқариш ва номи ўзгарганлиги ёки қайта ташкил қилинганлигини ҳисобга олган ҳолда уни киритишни назарда тутувчи ўзгартиришларни Реестрга киритиш тўғрисида қарор қабул қилинади.
41. Хўжалик юритувчи субъектни ёки шахслар гуруҳини Реестрга киритиш ёки ундан чиқариш тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш товар ва молия бозорларини бевосита ўрганишлар натижаларига кўра, шунингдек хўжалик юритувчи субъектларнинг мурожаатларига асосан монополияга қарши орган томонидан амалга оширилади.
VII. Якунловчи қоидалар
42. Хўжалик юритувчи субъектлар, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, уларнинг мансабдор шахслари монополияга қарши органга маълумот тақдим этилмаганлиги ёки ўз вақтида тақдим этилмаганлиги, нотўғри ёки сохта маълумотлар тақдим этилганлиги учун қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.
43. Хўжалик юритувчи субъект ёки уларга нархлар (тарифлар) давлат томонидан тартибга солинадиган товарларни ишлаб чиқариш (ишларни бажариш, хизматлар кўрсатиш) бўйича Реестрга киритилган шахслар гуруҳи ушбу нархлар (тарифлар) қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда нархларни тартибга солиш органида тасдиқланишини амалга оширадилар.
(43-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 30 мартдаги 249-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 31.03.2018 й., 09/18/249/0998-сон)
44. Молиявий хизматлар кўрсатиш бўйича Реестрга киритилган хўжалик юритувчи субъект ёки шахслар гуруҳи монополияга қарши органга ҳар чоракда улар Реестрга хизматлар бўйича киритилган хизматлар турига қўлланиладиган нархлар тўғрисидаги маълумотни, уларнинг монопол юқори ва монопол паст нархларни қўллашга йўл қўймаслик бўйича ҳаракатларини кузатиш мақсадида тақдим этадилар.
монополияга қарши орган улар асосида Реестрга киритиш тўғрисида қарор қабул қилган материаллар билан танишиш, давлат сирлари, тижорат сири ва қонун билан муҳофаза қилинадиган сир бўлган бошқа маълумотлардан ташқари;
Реестрга киритиш тўғрисидаги қарор юзасидан белгиланган тартибда шикоят қилиш.
Товар ва молия бозорида хўжалик юритувчи субъектнинг ёки шахслар гуруҳининг устун мавқеини эътироф этиш ҳамда Товар ёки молия бозорида устун мавқени эгаллаб турган хўжалик юритувчи субъектларнинг давлат реестрини юритиш тартиби тўғрисидаги Низомга 1-ИЛОВА
20____ йилдаги ҳолати бўйича товар ва молия бозорида устун мавқени эгаллаб турган хўжалик юритувчи субъектларнинг ДАВЛАТ РЕЕСТРИ
Т/р
Хўжалик юритувчи субъектнинг номи
Юридик манзили
Товар (хизмат) монопол турининг номи
Реестрга киритиш санаси ва буйруқнинг тартиб рақами
Товарлар ишлаб чиқариш бўйича хўжалик юритувчи субъектлар
Хизматлар кўрсатиш бўйича хўжалик юритувчи субъектлар
Молиявий хизматлар кўрсатиш бўйича хўжалик юритувчи субъектлар
Товар ва молия бозорида хўжалик юритувчи субъектнинг ёки шахслар гуруҳининг устун мавқеини эътироф этиш ҳамда Товар ёки молия бозорида устун мавқени эгаллаб турган хўжалик юритувчи субъектларнинг давлат реестрини юритиш тартиби тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА
20__ йил «__»________даги ___-сон буйруғига асосан 20__ йил «__» _______дан бошлаб Товар ёки молия бозорида устун мавқени эгаллаб турган хўжалик юритувчи субъектлар давлат реестрига киритиш тўғрисида Реестрга киритилган товарлар (хизматлар) турлари ва номи:
Ушбу билдиришнома муносабати билан Сиз 30 кун мобайнида кўрсатиб ўтилган устун мавқени эгаллаб турган товар (хизмат)га нархлар (тарифлар)ни ________________________________________________________________________________________________да
(нархларни бошқариш органи номи)
декларация қилишингиз (ёки илгари тасдиқланган декларацияни қайта расмийлаштиришингиз), шунингдек уларнинг кейинги ҳар бир ошишини декларация қилишингиз зарур*.
Ушбу билдиришнома муносабати билан Сиз йилнинг ҳар чорагида чоракнинг биринчи ойи 10-кунигача ______________________________________________________________________________га юқорида кўрсатилган
Ушбу билдиришнома ўз вақтида ёки лозим даражада бажарилмаган тақдирда Сизга нисбатан рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилган чоралар қўлланади.
__________________________ (раҳбар)
___________________________ (имзонинг ёйилмаси)
Изоҳ: Билдиришнома монополияга қарши орган бланкида юборилади.
* Ушбу билдиришнома нархлари (тарифлари) давлат томонидан тартибга солинмайдиган товарларни ишлаб чиқариш (ишларни бажариш, хизматлар кўрсатиш) бўйича Реестрга киритиладиган хўжалик юритувчи субъектга юборилганда ушбу хатбоши чиқариб ташланади.
** Ушбу билдиришнома нархлари (тарифлари) давлат томонидан тартибга солинадиган товарларни ишлаб чиқариш (ишларни бажариш, хизматлар кўрсатиш) бўйича Реестрга киритиладиган хўжалик юритувчи субъектга юборилганда ушбу хатбоши чиқариб ташланади.
(2-илованинг матни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 30 мартдаги 249-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 31.03.2018 й., 09/18/249/0998-сон)
Товар ва молия бозорида хўжалик юритувчи субъектнинг ёки шахслар гуруҳининг устун мавқеини эътироф этиш ҳамда Товар ёки молия бозорида устун мавқени эгаллаб турган хўжалик юритувчи субъектларнинг давлат реестрини юритиш тартиби тўғрисидаги Низомга 3-ИЛОВА
Ушбу билдиришномага мувофиқ Сиз ҳар чоракда чорак биринчи ойининг 10-кунигача ______________________________________________________________________га
(монополияга қарши орган номи)
юқорида кўрсатиб ўтилган хизматларга нархларни тақдим этишингиз зарур.
Ушбу билдиришнома ўз вақтида ёки зарур даражада бажарилмаган тақдирда Сизга нисбатан рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилган чоралар қўлланади.
____________________
____________________
(раҳбар)
(имзонинг ёйилмаси)
Изоҳ. Билдиришнома монополияга қарши орган бланкасида юборилади.
Товар ва молия бозорида хўжалик юритувчи субъектнинг ёки шахслар гуруҳининг устун мавқеини эътироф этиш ҳамда Товар ёки молия бозорида устун мавқени эгаллаб турган хўжалик юритувчи субъектларнинг давлат реестрини юритиш тартиби тўғрисидаги Низомга 4-ИЛОВА
«__»_______ дан бошлаб Товар ёки молия бозорида устун мавқени эгаллаб турган хўжалик юритувчи субъектларнинг давлат реестридан чиқариш тўғрисида
Реестрдан чиқарилган товарлар (хизматлар) турлари ва номи:
Изоҳ. Билдиришнома монополияга қарши орган бланкасида юборилади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 20 августдаги 230-сон қарорига 2-ИЛОВА
Хизматларнинг молия бозорида монопол юқори ва монопол паст нархларни аниқлаш тартиби тўғрисида
Низом
I. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом «Рақобат тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига мувофиқ, молия бозорида устун мавқени эгаллаб турган хўжалик юритувчи субъект ёки шахслар гуруҳи томонидан кўрсатиладиган хизматларнинг монопол юқори ва монопол паст нархларини аниқлаш тартибини назарда тутади.
2. Молия бозорида устун мавқени эгаллаб турган хўжалик юритувчи субъект ёки шахслар гуруҳи томонидан кўрсатиладиган хизматларнинг монопол юқори ва монопол паст нархларини аниқлаш Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳамда унинг ҳудудий органлари (кейинги ўринларда монополияга қарши органлар деб аталади) томонидан амалга оширилади.
(2-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 19 декабрдаги 1014-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 20.12.2019 й., 09/19/1014/4173-сон)
II. Хизматларнинг молия бозорида монопол юқори ва монопол паст нархларини аниқлаш
3. Агар молия бозорида икки ёки ундан ортиқ хўжалик юритувчи субъект ёки шахслар гуруҳи фаолият юритаётган бўлса, молия бозорида устун мавқени эгаллаб турган хўжалик юритувчи субъект ёки шахслар гуруҳи томонидан кўрсатилаётган хизматлар нархи, агар ушбу нарх молия бозори чегаралари доирасида бошқа хўжалик юритувчи субъектлар томонидан белгиланган нархларнинг ўртача қийматидан ўн фоиздан зиёдга ошса, монопол юқори нарх деб ҳисобланади.
4. Молия бозорида монопол юқори нарх молия бозорида устун мавқени эгаллаб турган хўжалик юритувчи субъектнинг ёки шахслар гуруҳининг хизматларига нархларни бошқа хўжалик юритувчи субъектлар томонидан кўрсатиладиган хизматларга ўхшаш бўлган ва (ёки) ўзаро алмашинадиган хизматлар нархлари билан таққослаш йўли билан амалга оширилади.
Таққослаш молия бозорида устун мавқени эгаллаб турган хўжалик юритувчи субъект ёки шахслар гуруҳи томонидан белгиланган нарх билан ҳамда бошқа хўжалик юритувчи субъектларнинг ўртача нархлари ўртасидаги тафовутни аниқлаш йўли билан амалга оширилади.
5. Агар молия бозорида фақат битта хўжалик юритувчи субъект ёки шахслар гуруҳи фаолият юритаётган бўлса, ушбу хўжалик юритувчи субъект ёки шахслар гуруҳи хизмати нархи, агар ушбу нарх:
хизматни кўрсатиш учун зарур бўлган харажатлар ва фойда миқдоридан ошса ҳамда ушбу хизматни кўрсатишдан асосланмаган фойда олиш имконини берса;
кўрсатилаётган хизматнинг сифат тавсифлари пасайиши натижасида асоссиз харажатларни компенсация қилишга ёки қўшимча фойда олишга йўналтирилган бўлса, монопол юқори нарх ҳисобланади.
Хизмат кўрсатиш учун зарур бўлган харажатлар ва фойда миқдорининг ошиши қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда хўжалик юритувчи субъект ёки шахслар гуруҳи харажатлари ва фойдасининг иқтисодий жиҳатдан асосланганлигидан келиб чиққан ҳолда аниқланади.
6. Харажатлар ва фойданинг иқтисодий жиҳатдан асосланганлиги молиявий хизматлар таннархига киритилган харажатлар таркибини ўрганиш йўли билан аниқланади. Монополияга қарши орган молия бозорларини тартибга солиш соҳасидаги тегишли ваколатли органлардан хўжалик юритувчи субъект ёки шахслар гуруҳи харажатлари ва фойдасининг иқтисодий жиҳатдан асосланганлиги масаласи бўйича хулоса олиши мумкин.
7. Хизматларнинг монопол паст нархи хизмат кўрсатиш учун зарур харажатлар қийматини қопламайдиган ва фойда олишни кўзда тутмайдиган, бунинг натижасида рақобатни чеклаш, бозордан рақобатчиларни сиқиб чиқариш ва рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига зид оқибатлари бўлган молия бозорида устун мавқени эгаллаб турган хўжалик юритувчи субъект ёки шахслар гуруҳи томонидан белгиланган нарх ҳисобланади.
III. Якунловчи қоидалар
8. Молия бозорида монопол юқори ёки монопол паст нархлар мавжудлиги ва қўлланиши аниқланганда монополияга қарши орган белгиланган тартибда иш қўзғатади ҳамда монопол юқори ёки монопол паст нархлар қўллашни бартараф этиш тўғрисида қарор қабул қилади.
9. Молия бозорида устун мавқени эгаллаб турган хўжалик юритувчи субъект ёки шахслар гуруҳи қуйидаги ҳуқуқларга эга:
монополияга қарши органнинг хизматларнинг молия бозорида монопол юқори ёки монопол паст нархлари мавжудлиги ва қўлланаётгани тўғрисида қарор қабул қилишига асос бўлган материаллар билан танишиш;
монополияга қарши органнинг ушбу қарори юзасидан белгиланган тартибда шикоят қилиш.
Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 20 августдаги 230-сон қарорига 3-ИЛОВА
Рақобатни чеклайдиган келишиб олинган ҳаракатлар ва битимларни аниқлаш тартиби тўғрисида
Низом
I. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом «Рақобат тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ:
товар ёки молия бозорида рақобатлашадиган, шу жумладан потенциал рақобатчилар ҳисобланадиган хўжалик юритувчи субъектлар;
улардан бири товар бозорида устун мавқега эга бўлган, иккинчиси эса сотувчи ёки сотиб олувчи ҳисобланадиган рақобатлашмайдиган хўжалик юритувчи субъектлар;
хўжалик юритувчи субъектлар ва давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, юридик шахсларнинг бирлашмалари ўртасидаги келишиб олинган ҳаракатларни ва рақобатни чеклайдиган битимларни аниқлаш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
келишиб олинган ҳаракатлар — товар ёки молия бозорида икки ёки ундан ортиқ хўжалик юритувчи субъектларнинг кўрсатиб ўтилган иштирокчилардан ҳар бирининг манфаатларини қаноатлантирадиган ва улардан ҳар бирига олдиндан маълум бўлган, рақобатни чеклашга олиб келадиган ёки олиб келиши мумкин бўлган ҳаракатлари;
келишиб олинган битимлар — рақобатни чеклашга олиб келадиган ёки олиб келиши мумкин бўлган бирон-бир ҳаракатларни содир этиш тўғрисида ёзма ёхуд оғзаки шаклда икки ёки ундан кўп хўжалик юритувчи субъектлар ўртасида тузилган битимлар;
горизонтал битимлар — битта товар ёки молия бозорида рақобатчилар, шу жумладан потенциал рақобатчилар ҳисобланадиган хўжалик юритувчи субъектлар ўртасидаги келишиб олинган ҳаракатлар ва битимлар;
вертикал битимлар — улардан бири товар ёки молия бозорида устун мавқени эгаллаб турган, иккинчиси эса сотувчи ёки сотиб олувчи ҳисобланадиган рақобатлашмайдиган хўжалик юритувчи субъектлар ўртасидаги келишиб олинган ҳаракатлар ва битимлар;
товар — фаолиятнинг сотиб олиш ва реализация қилиш учун мўлжалланган маҳсули, шу жумладан ишлар ва хизматлар.
3. Қуйидагилар тақиқланади:
а) горизонтал битимлар, агар бундай битимлар қуйидагиларга олиб келса ёки олиб келиши мумкин бўлса:
нархлар, тарифлар, чегиришлар, устамалар, қўшимча ҳақлар ёки қўшимча нархларни сунъий белгилаш ёки сақлаб туришга;
нархларнинг ўсиши ёки пасайишини сунъий равишда келтириб чиқарган ҳолда эркин бозор нархларини ўрнатишга тўсқинлик қилишга;
ишлаб чиқариш, сотиш бозорлари ва капитал қўйилмалар устидан назорат ўрнатишга;
таклифлар ҳажмини сунъий ўзгартириш мақсадида ишлаб чиқариш ҳажмларини келишишга, шунингдек уларга талаб мавжуд бўлган товарлар ишлаб чиқаришни қисқартириш ёки тўхтатишга;
шартнома предметига тааллуқли бўлмаган шартларни, шу жумладан молиявий маблағлар, бошқа мол-мулклар, мулкий ҳуқуқларни беришга тааллуқли асоссиз талабларни, шунингдек рақобатни чеклайдиган бошқа ҳаракатларни содир этиш бўйича талабларни мажбуран қўйишга;
аукционларда, биржаларда ва бошқа савдоларда нархларни ошириш, пасайтириш ёки сақлаб туришга;
шартномага камситувчи шартларни киритишга;
тегишли бозорни ҳудудий принцип бўйича, сотиш ёки харид қилиш ҳажми бўйича, товарлар турлари бўйича ёхуд товарларни сотувчилар ёки уларнинг харидорлари, буюртмачилари доираси бўйича бўлиб олишга;
тегишли товарларни сотувчилар ёки уларнинг харидорлари, буюртмачилари сифатида бозордан фойдаланишни чеклашга ёки бошқа хўжалик юритувчи субъектларни ундан четлатишга ёхуд хўжалик юритувчи субъектларни муайян товарлар бозорига киритмасликка;
профессионал ва бошқа бирлашмаларда қатнашиш шартларини белгилашга, агар бундай шартлар рақобатни чекласа, шунингдек уларда ўзаро рақобатлашувчи молия ташкилотлари қатнашмасдан зарур молиявий хизматларни кўрсата олмайдиган тўлов ёки бошқа тизимларда қатнашиш учун тўсиқ ҳисобланадиган асоссиз мезонларни белгилашга;
б) вертикал битимлар, агар бундай битимлар ўз натижаси билан рақобатни чекласа ёки чеклаши мумкин бўлса, шу жумладан:
сотувчи ёки харидорнинг кейинчалик товарни қайта сотиш мақсадида ҳудудни ёки харидорлар доирасини мустақил белгилашини чекласа;
товарларни қайта сотиш нархларини белгилашни чекласа;
хўжалик юритувчи субъектларга бошқа хўжалик юритувчи субъектлар ишлаб чиқарган товарларни сотишини тақиқласа.
4. Давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ёки юридик шахслар бирлашмаларига келишиб олинган ҳаракатлар ва битимларнинг қатнашчилари сифатида қаралиши мумкин.
Давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ёки юридик шахслар бирлашмаларининг қуйидагиларга олиб келувчи келишиб олинган ҳаракатлар ва битимларда қатнашишига йўл қўйилмайди (Ҳукуматнинг айрим қарорларига мувофиқ амалга ошириладиган ҳаракатлар ва битимлар бундан мустасно):
нархлар ёки тарифларни оширишга, пасайтиришга, сақлаб туришга;
тегишли бозорни ҳудудий принцип бўйича, сотиш ёки харид қилиш ҳажми бўйича, товарлар турлари бўйича ёхуд товарларни сотувчилар ёки уларнинг харидорлари, буюртмачилари доираси бўйича бўлиб олишга;
бозордан фойдаланишни чеклашга ёки ундан хўжалик юритувчи субъектларни четлатишга.
5. Юридик ва жисмоний шахслар, давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан хўжалик юритувчи субъектларнинг иқтисодий фаолиятини мувофиқлаштириш тақиқланади, агар бундай мувофиқлаштириш ушбу Низомнинг 3 ва 4-бандларида назарда тутилган оқибатларга олиб келса ёки олиб келиши мумкин бўлса.
6. Ушбу Низомда назарда тутилган тақиқлар интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни бериш билан боғлиқ бўлган битимларга татбиқ этилмайди.
II. Келишиб олинган ҳаракатлар ва битимлар белгиларини аниқлаш
7. Келишиб олинган ҳаракатлар ва битимларнинг белгилари Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳамда унинг ҳудудий органлари (кейинги ўринларда монополияга қарши орган деб аталади) томонидан товар ва молия бозорларини, юридик ва жисмоний шахсларнинг, давлат бошқаруви органларининг, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг мурожаатларини, оммавий ахборот воситаларининг хабарларини ҳамда тегишли органларнинг келишиб олинган ҳаракатлар ва битимлар белгиларининг мавжудлигини кўрсатадиган маълумотлардан иборат бўлган кўрсатмаларини ўрганишни назорат қилиш функцияларини белгиланган тартибда амалга ошириш давомида аниқланади.
(7-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 19 декабрдаги 1014-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 20.12.2019 й., 09/19/1014/4173-сон)
8. Қуйидагилар келишиб олинган ҳаракатлар ва битимлар белгилари фактини аниқлашнинг асосий босқичлари ҳисобланади:
а) келишиб олинган ҳаракатларни содир этган ёки битимларда қатнашган хўжалик юритувчи субъектлар ва (ёки) давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, юридик шахсларнинг бирлашмалари доирасини аниқлаш;
б) қуйидагиларни:
бир-бирининг ўрнини босишини ҳисобга олган ҳолда муайян товарнинг муомалада бўлиш чегараларини;
келишиб олинган ҳаракатларни содир этган битим қатнашчиларига ёки хўжалик юритувчи субъектларга тўғри келадиган бозор улушларини;
янги хўжалик юритувчи субъектларнинг бозорга киришини қийинлаштирадиган тўсиқларнинг мавжудлигини;
ишлаб чиқариш шароитларининг ўхшашлигини ҳамда товарни ишлаб чиқариш харажатларининг таққосланувчанлигини, товарнинг қийматидаги ягона нархларни белгилашга ва битимлар тузишга кўмаклашувчи доимий харажатлар салмоғини;
битимларнинг турини;
иқтисодий фаолиятни мувофиқлаштириш ҳамда келишиб олинган ҳаракатлар ва битимларга кўмаклашадиган ахборотларни алмашиниш учун база тақдим этишлари мумкин бўлган давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, юридик шахслар бирлашмалари мавжудлигини;
Товар ёки молия бозорларида устун мавқени эгаллаб турган хўжалик юритувчи субъектлар Давлат реестрида товарларни ишлаб чиқарувчилар ёки етказиб берувчиларнинг, шунингдек уларнинг товарларига нархларнинг давлат томонидан тартибга солинишини ўрганиш;
в) акцияларнинг назорат пакетларига эга бўлиш орқали бошқа хўжалик юритувчи субъектлар томонидан етказиб берувчилар ёки истеъмолчилар устидан назоратнинг мавжудлигини аниқлаш;
г) бозорда нархларнинг қарор топаётган ўзгаришларини ўрганиш ва шароитлари бўйича ўхшаш бўлган бошқа бозорлардаги нархлар билан уларни таққослаш;
д) келишиб олинган ҳаракатлар ва рақобатни чеклайдиган битимлар тузиш содир этилишининг бевосита ёки билвосита далилларини аниқлаш;
е) товар ёки молия бозорида давлат томонидан тартибга солиш мавжуд бўлган тақдирда рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига қарама-қаршиликларнинг мавжуд эмаслигини аниқлаш.
9. Қуйидагилар келишиб олинган ҳаракатларни ва рақобатни чеклайдиган битимларни амалга ошириш белгилари ҳисобланади:
нархларни бир вақтда ёки 30 кун мобайнида ошириш (пасайтириш);
ўхшаш товарни ишлаб чиқаришга ёки сотиб олиш ёхуд реализация қилишга харажатларнинг турли миқдорларида ягона нархларни белгилаш;
бозорда ягона нархларни белгилаш мақсадида товар қолдиқларини қўшимча баҳолаш;
ўхшаш товарларга бир хил нархлардан бир вақтда чегирмалар белгилаш;
бозорда танқислик ва нархлар юқори бўлган тақдирда келгусида товарларни қайта сотиш учун ишлаб чиқарилган, амалда сотиб олинган/импорт қилинган, товарларни бозорга етказиб бериш ҳажмларини камайтириш;
турли етказиб берувчилар томонидан реализация қилинаётган товарларга юқори нархларни сунъий тарзда сақлаб туриш;
бошқа харидорлар ёки сотувчилар билан шартнома тузилган худди шу шартларда муайян харидорлар ёки сотувчилар билан шартномалар тузишни рад этиш;
товарларни муайян минтақаларда сотишни тўхтатиш.
III. Келишиб олинган ҳаракатлар ва битимлар мавжудлигининг далили
10. Қуйидагилар хўжалик субъектлари ўртасида ёхуд хўжалик юритувчи субъектлар билан давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ёки юридик шахсларнинг бирлашмалари ўртасида рақобатни чеклайдиган келишиб олинган ҳаракатларни ва битимларни амалга ошириш ҳолатларининг далиллари ҳисобланади:
товар етказиб бериш ҳажмларини келишиш;
нархларни сунъий тарзда ошириш ёки пасайтириш тўғрисида аҳдлашув;
бир хил прейскурантни ёки нархни тасдиқлайдиган буйруқ (протокол, фармойишни)ни қўллаш;
товарларни ишлаб чиқариш ёки сотиш ҳажмларига чеклашлар (квоталар) белгилаш, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолатлар бундан мустасно.
Рақобатни чеклайдиган битимлар тузиш ҳолатларининг далиллари бевосита ва билвосита бўлиши мумкин.
11. Шартномалар шартларини, счётлар, юк хатлари, прейскурантлар, тўлов топшириқномалари, қарорлар (шу жумладан протоколлар), хатлар ва шу кабиларни ўрганиш давомида аниқланадиган келишиб олинган ҳаракатлар ва битимларнинг ҳужжатли тасдиғи рақобатни чеклайдиган битимлар тузиш бевосита далиллар ҳисобланади.
12. Келишиб олинган ҳаракатлар ва битимларни тасдиқловчи билвосита далиллар муайян даврда бозорда ёки савдолар жараёнида хўжалик юритувчи субъектларнинг хатти-ҳаракатини қиёсий таҳлил қилиш давомида аниқланади.
Хўжалик юритувчи субъектлар, юридик шахсларнинг бирлашмалари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ёки маҳаллий давлат ҳокимияти органлари вакиллари ўртасида ахборотларни оғзаки ёки ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда айирбошлаш, нархларни ошкора эълон қилиш, шунингдек улар томонидан, бунга асосли сабаблар бўлмагани ҳолда, бир хил ва синхрон ҳаракатларни амалга ошириш рақобатни чекловчи битимлар тузишнинг билвосита далиллари ҳисобланади.
IV. Аниқланган келишиб олинган ҳаракатлар ва битимларни кўриб чиқиш
13. Ушбу Низомнинг 9-бандида кўрсатиб ўтилган келишиб олинган ҳаракатлар ёки битимлар белгилари аниқланган тақдирда монополияга қарши орган томонидан рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилганлиги тўғрисида, белгиланган тартибда иш қўзғатилади.
14. Хўжалик юритуви субъектлар, давлат бошқаруви органлари маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ёки юридик шахсларнинг бирлашмалари ўзлари содир этган ҳаракатлар ва битимларнинг келишиб олинмаганлиги ва рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига зид эмаслиги тўғрисидаги далилларни тақдим этишга ҳақли.
V. Якунловчи қоида
15. Монополияга қарши органга ахборотни тақдим этмаганлик ёки ўз вақтида тақдим этмаганлик, ишончсиз ёки сохта маълумотлар тақдим этганлик учун хўжалик юритувчи субъектлар, давлат бошқаруви органлари ёки маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, юридик шахсларнинг бирлашмалари ва уларнинг мансабдор шахслари қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.
Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 20 августдаги 230-сон қарорига 4-ИЛОВА
Хўжалик юритувчи субъектларни мажбурий тарзда бўлиш ёки ажратиб чиқариш масалаларини кўриб чиқиш тартиби тўғрисида
Низом
I. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом «Рақобат тўғрисида» даги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ товар ёки молия бозорида устун мавқени эгаллаб турган хўжалик юритувчи субъектларни (кейинги ўринларда хўжалик юритувчи субъектлар деб аталади) мажбурий тарзда бўлиш ёки ажратиб чиқариш тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низом табиий монополиялар субъектларига татбиқ этилмайди.
3. Хўжалик юритувчи субъектларни мажбурий тарзда бўлиш ёки ажратиб чиқариш имконияти тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳамда унинг ҳудудий органлари (кейинги ўринларда монополияга қарши орган деб аталади) томонидан амалга оширилади.
(3-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 19 декабрдаги 1014-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 20.12.2019 й., 09/19/1014/4173-сон)
II. Хўжалик юритувчи субъектларни мажбурий тарзда бўлиш ёки ажратиб чиқаришнинг асосий шартлари
4. Хўжалик юритувчи субъектни бўлиш дейилганда бўлинаётган хўжалик юритувчи субъект негизида, унинг фаолиятини тўхтатган ҳамда унинг ҳуқуқлари ва вазифаларини янгидан ташкил этилаётган хўжалик юритувчи субъектларга берган ҳолда, бир нечта хўжалик юритувчи субъектларни ташкил этиш тушунилади.
Хўжалик юритувчи субъектни ажратиб чиқариш дейилганда, унинг фаолиятини тўхтатмаган ҳолда, унинг ҳуқуқлари ва мажбуриятларининг бир қисмини уларга бериш билан бир ёки бир нечта хўжалик юритувчи субъектларни ташкил этиш тушунилади.
5. Хўжалик юритувчи субъектни мажбурий тарзда бўлиш ёки ажратиб чиқариш унинг устун мавқени суиистеъмол қилишини бартараф этиш, шунингдек хўжалик юритувчи субъект негизида товар ва молия бозорларини тўйинтиришга, товарлар, ишлар ва хизматларнинг истеъмол хусусиятларини яхшилашга, уларнинг рақобатбардошлилигини оширишга кўмаклашувчи икки ёхуд бир нечта алоҳида хўжалик юритувчи субъектларни ташкил этиш йўли билан товар ёки молия бозорида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш мақсадида амалга оширилади.
6. Хўжалик юритувчи субъектни мажбурий тарзда бўлиш ёки ажратиб чиқариш илгари унга нисбатан товар ёки молия бозорида устун мавқени суиистеъмол қилишини бартараф этиш бўйича қўлланган чора-тадбирлар самара бермаган тақдирда амалга оширилади.
7. Хўжалик юритувчи субъектни мажбурий тарзда бўлиш ёки ажратиб чиқариш тўғрисидаги қарор, ҳар бир аниқ ҳолатда, тармоқнинг, ишлаб чиқариш жараёнининг хусусиятини, ишлаб чиқарилаётган товарлар, амалга оширилаётган ишлар ва хизматлар, бошқарувни ташкил этиш турини ҳисобга олган ҳолда, уни бўлиш ёки ажратиб чиқариш имконияти ва мақсадга мувофиқлиги кўп томонлама баҳолангандан кейин қабул қилиниши мумкин.
8. Монополияга қарши орган хўжалик юритувчи субъектни қуйидаги шаклларда мажбурий тарзда бўлиш ёки ажратиб чиқаришнинг имконияти ва мақсадга мувофиқлиги тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақлидир:
а) хўжалик юритувчи субъектни бир нечта хўжалик юритувчи субъектлар ташкил этган ҳолда бўлиш;
б) хўжалик юритувчи субъект таркибидан алоҳида таркибий бўлинмаларни (бирликларни) ажратиб чиқариш ва уларнинг негизида юридик шахс мақомига эга бўлган мустақил хўжалик юритувчи субъектларни ташкил этиш;
в) рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ шахслар гуруҳини ташкил этувчи хўжалик юритувчи субъектларнинг акциялари ёки улушларини сотиш.
9. Хўжалик юритувчи субъектни мажбурий тарзда бўлиш ёки ажратиб чиқаришга, агар бу бошқа тенг шароитларда:
бир-бири билан боғлиқ бўлган хом ашё, чиқиндилар ва қўшимча маҳсулотларни қайта ишлашнинг изчил босқичлари мавжуд бўлган ёки улардан комплекс фойдаланилган тақдирда ишлаб чиқаришнинг технологик даражаси пасайишига;
ишлаб чиқариш(сотиш) ҳажмларининг қисқаришига;
технологик жиҳатдан узлуксиз ишлаб чиқариш жараёни туфайли ишлаб чиқариш кўламларида жиддий иқтисодий йўқотишларга;
Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг талабларига мувофиқ банклар ва бошқа кредит ташкилотлари бўлинган ёки ажратилган тақдирда лицензиялар олинишини таъминлаш мумкин бўлмаслигига олиб келган тақдирда йўл қўйилмайди.
III. Хўжалик юритувчи субъектларни мажбурий тарзда бўлиш ёки ажратиб чиқаришнинг имконияти ва мақсадга мувофиқлигини ўрганишни амалга ошириш
10. Устун мавқени суиистеъмол қилиш ҳолатига йўл қўяётган хўжалик юритувчи субъектга нисбатан кўрилаётган чоралар самара бермаган тақдирда монополияга қарши орган қонун ҳужжатларига мувофиқ иш қўзғатади.
11. Хўжалик юритувчи субъект томонидан устун мавқени суиистеъмол қилиш ҳолати бўйича қўзғатилган иш доирасида монополияга қарши орган раҳбарининг буйруғи билан тузиладиган Рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилишларини кўриб чиқиш бўйича махсус комиссия (кейинги ўринларда Махсус комиссия деб аталади) томонидан, ўрганиш учун зарур муддатни белгилаган ҳолда уни мажбурий тарзда бўлиш ёки ажратиб чиқариш имконияти юзасидан таҳлил ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинади.
12. Таҳлилни ўтказиш давомида қуйидаги ахборот кўриб чиқилади:
хўжалик юритувчи субъектнинг ташкилий тузилмаси ва унинг таркибига кирувчи таркибий бўлинмалар ўртасидаги алоқа шакллари ва уларнинг ҳуқуқий мақоми;
гуруҳ ташкил этувчи шахсларнинг хўжалик юритувчи субъектлар акциялари (улушлари)га тескари эгалик қилиши ёки бошқа ҳуқуқларининг мавжудлиги;
хўжалик юритувчи субъектнинг, унинг таркибий тузилмалари ва филиалларининг жойлашиши ва ҳудудий тавсифи;
хўжалик юритувчи субъект балансидаги ижтимоий инфратузилма объектларининг рўйхати ва жойлашган жойи;
в) хўжалик юритувчи субъект ва унинг таркибий бўлинмалари фаолиятининг асосий кўрсаткичлари;
товарлар, ишлар ва хизматлар турлари бўйича ишлаб чиқариш, сотиш ва экспорт ҳажмлари;
монопол товарлар, ишлар ва хизматларнинг уларни ишлаб чиқариш (сотиш) умумий ҳажмидаги салмоғи;
хўжалик юритувчи субъект ва таркибий бўлинмаларнинг иш билан банд ходимлари сони;
асосий фондларнинг баланс қиймати;
рентабеллик;
г) ишлаб чиқариш жараёни, товарлар, ишлар ва хизматларнинг тавсифи:
таркибий бўлинмаларнинг технологик алоқалари;
хом ашё ва материалларнинг ташқи етказиб берувчилари;
хом ашё, материаллар, бутловчи буюмлар, тайёр буюмларни ички етказиб бериш схемаси;
линиялар, участкалар ва ишлаб чиқаришларнинг технологик ихтисослашуви, стандартлаштириш хизматлари ишларини ташкил этиш ва ишлаб чиқаришни техник тайёрлаш даражаси;
тегишли товар, ишлар ва хизматларни (узлуксиз ёки даврий) тайёрлашда қўлланадиган ишлаб чиқариш жараёнининг тавсифи;
ишлаб чиқаришни (йирик серияли, кичик серияли) ташкил этиш тури;
ҳудудлар, молиявий кўрсаткичлар, бошқарув, етказиб беришлар бўйича таркибий бўлинмалар (филиаллар)нинг автономлилик даражаси, умумий хизматлар ва коммуникацияларнинг (транспорт, энергетика, таъмирлаш базаси, омбор хўжалиги, моддий-техника таъминоти ва бошқаларнинг) мавжудлиги;
товар, ишлар ва хизматларнинг тавсифи (стандартлаштирилган, ялпи, бир хил ёки ноёб, ягоналиги) ва уларнинг рақобатбардошлилиги;
товарлар, ишлар ва хизматларнинг республика ҳудудидаги асосий истеъмолчилари;
д) бошқа кўрсаткичлар: таркибий бўлинмалар, меҳнат жамоаси, хўжалик юритувчи субъект ёки унинг ваколатли органи мол-мулки мулкдорининг хўжалик мустақиллигига муносабати.
13. Банклар ва бошқа кредит ташкилотларини мажбурий тарзда бўлиш ёки ажратиб чиқариш масалаларини кўриб чиқишда ушбу Низомнинг 12-бандида назарда тутилган ахборотларга қўшимча равишда, банклар ва бошқа кредит ташкилотларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан белгиланган иқтисодий нормативлар, нормалар ва чеклашлар кўриб чиқилади.
14. Таҳлилни ўтказиш давомида кўриб чиқиладиган ахборотни ўрганишда хўжалик юритувчи субъектнинг ўрганишни ўтказишдан олдинги уч йил мобайнидаги ёхуд, агар у уч йилдан камни ташкил қилса, фаолиятни амалга ошириш муддати мобайнидаги фаолият кўрсаткичларидан фойдаланилади.
15. Хўжалик юритувчи субъект ўз фаолиятини амалга оширадиган тегишли бозордаги рақобат муҳитни баҳолаш учун қуйидаги масалалар кўриб чиқилади:
бозордаги ўхшаш ва бир-бирининг ўрнини босадиган товарлар, ишлар ва хизматларни реализация қилиш бўйича асосий рақобатчилар;
бозор қатнашчиларининг бозор улушларининг тақсимланиши;
бозор қатнашчиларининг географик жиҳатдан мансублиги.
16. Ўрганиш натижалари бўйича, олинган маълумотлар асосида, қуйидаги барча шароитлар мавжуд бўлганда хўжалик юритувчи субъектни бўлиш ёки ажратиб чиқаришнинг имконияти ва мақсадга мувофиқлиги аниқланади:
бўлинаётган ёки ажратиб чиқарилаётган таркибий бўлинмаларнинг ташкилий ва ҳудудий алоҳида бўлиш имкониятининг мавжудлиги;
унинг таркибий бўлинмалари ўртасида ўзаро узвий технологик боғлиқликнинг йўқлиги;
бўлиш ёки ажратиб чиқариш натижасида таркибий бўлинмалар учун товар ёки молия бозорида фаолиятни мустақил амалга ошириш имкониятининг мавжудлиги.
хўжалик юритувчи субъектни бўлиш натижасида пайдо бўладиган янги хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг самарадорлигини ошириш ёки сақла б қолиш (меҳнат унумдорлигини ошириш, маҳсулотларнинг материал ва фонд сиғимини камайтириш ва бошқалар);
товарлар, ишлар ва хизматлар етказиб беришнинг физик ҳажми ўзгариши натижасида товар ёки молия бозоридаги рақобат шароитларини яхшилаш;
Умуман бўлиш ёки ажратиб чиқариш имконияти ушбу товар ёки молия бозоридаги умумий рақобат шароитларининг назарда тутилаётган яхшиланиш даражаси, шунингдек ажратиб чиқарилаётган хўжалик юритувчи субъектнинг тегишли товарлар, ишлар ва хизматларни мустақил равишда ишлаб чиқариш ва бозорга етказиб бериш имконияти билан аниқланади.
17. Зарурат бўлганда, хўжалик юритувчи субъектни бўлиш ёки ажратиб чиқаришнинг имконияти ва мақсадга мувофиқлигини аниқлаш учун монополияга қарши орган мустақил экспертларни жалб этиши мумкин.
18. Молия бозорида устун мавқени эгаллаб турган хўжалик юритувчи субъектларни бўлиш ёки ажратиб чиқариш имконияти масалалари ушбу соҳадаги тегишли ваколатли давлат органлари билан биргаликда кўриб чиқилади.
IV. Хўжалик юритувчи субъектларни мажбурий тарзда бўлиш ёки ажратиб чиқариш тўғрисида қарорлар қабул қилиш
19. Хўжалик юритувчи субъектни бўлиш ёки ажратиб чиқариш имкониятини ва мақсадга мувофиқлигини ўрганиш натижаларига кўра, мажбурий тарзда бўлиш ёки ажратиб чиқариш тўғрисида қарорлар қабул қилиш учун қуйидаги тадбирлар комплекси амалга оширилади:
хўжалик юритувчи субъектларни мажбурий тарзда бўлиш ёки ажратиб чиқаришнинг ижобий ва салбий оқибатларини қиёсий баҳолаш;
хўжалик юритувчи субъектни бўлиш ёки ажратиб чиқаришнинг уни бўлиш ёки ажратиб чиқариш шаклини белгиловчи лойиҳани ишлаб чиқиш. Бунда унинг негизида, бунинг учун зарур шароитлар мавжуд бўлган тақдирда, мустақил юридик шахслар сифатида ташкил этиладиган хўжалик юритувчи субъектларнинг келгусида фаолият кўрсатиши ҳисобга олинади;
ташкил этиладиган хўжалик юритувчи субъектларнинг ташкилий тузилмаси схемасини ишлаб чиқиш;
мажбурий тарзда бўлиш ёки ажратиб чиқаришнинг иқтисодий самарадорлигини ҳисоблаш.
Мажбурий тарзда бўлиш ёки ажратиб чиқаришнинг имконияти ва мақсадга мувофиқлиги тўғрисида қарор тайёрлаш давомида мажбурий тарзда бўлиш ёки ажратиб чиқариш натижасида янгидан ташкил этиладиган хўжалик юритувчи субъектларнинг товар ёки молия бозорида устун мавқега эга бўлган хўжалик юритувчи субъект ёки шахслар гуруҳи таркибига киришига йўл қўйилмайди.
20. Ўрганишлар натижалари бўйича тайёрланган материаллар Рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилишларини кўриб чиқиш бўйича махсус комиссияга киритилади.
21. Хўжалик юритувчи субъектни мажбурий тарзда бўлиш ёки ажратиб чиқаришнинг имконияти ва зарурлиги тўғрисидаги қарор Махсус комиссия томонидан, манфаатдор томонлар иштирокида, хўжалик юритувчи субъектни бўлиш ёки ажратиб чиқариш лойиҳасини муҳокама қилган ҳолда қабул қилинади.
22. Махсус комиссиянинг қабул қилган қарори асосида монополияга қарши орган томонидан ўн кун муддатда иқтисодий судга хўжалик юритувчи субъектни мажбурий тарзда бўлиш ёки ажратиб чиқариш тўғрисида даъво аризаси киритилади.
(22-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 19 январдаги 34-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 23.01.2018 й., 09/18/34/0605-сон)
23. Иқтисодий суд томонидан ижобий қарор чиқарилган тақдирда хўжалик юритувчи субъектларни бўлиш ёки ажратиб чиқариш тартиботи қарорда назарда тутилган талабларни ҳисобга олган ҳолда ва унда белгиланган муддатда мулкдор ёки у вакил қилган орган томонидан бажарилиши керак.
(23-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 19 январдаги 34-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 23.01.2018 й., 09/18/34/0605-сон)
24. Иқтисодий суднинг хўжалик юритувчи субъектни мажбурий тарзда бўлиш ёки ажратиб чиқариш тўғрисидаги қарори суд белгилаган муддатларда бажарилмаган тақдирда иқтисодий суд монополияга қарши орган даъвоси бўйича, қонунда белгиланган тартибда хўжалик юритувчи субъектни бўлиш ёки ажратиб чиқаришни амалга ошириш бўйича хўжалик юритувчи субъект бошқарувчисини тайинлайди.
(24-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 19 январдаги 34-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 23.01.2018 й., 09/18/34/0605-сон)
25. Суд қарори билан тайинланган хўжалик юритувчи субъектни бошқарувчи суд қарорида ва монополияга қарши орган қарорида назарда тутилган тадбирларни амалга оширади.
26. Бошқарувчи тайинлангандан кейин уч кун мобайнида хўжалик юритувчи субъектни бошқариш органлари унга рўйхат бўйича хўжалик юритувчи субъект фаолияти билан боғлиқ бўлган барча ҳужжатларни, шунингдек корхонанинг муҳри, штампи ва бошқа мол-мулкини тақдим этишлари шарт.
Хўжалик юритувчи субъект бошқарувчиси тайинланган вақтдан бошлаб суд қарори билан белгиланган муддатгача хўжалик юритувчи субъектнинг барча бошқарув органлари ваколатлари тўхтатиб қўйилади ва суд қарори билан тайинланган хўжалик юритувчи субъектларнинг бошқарувчисига ўтади.
27. Бошқарувчи:
хўжалик юритувчи субъектни бўлишни ёки ажратиб чиқаришни амалга оширади ҳамда хўжалик юритувчи субъектнинг кредиторлари, муассислари (қатнашчилари) ва бошқа манфаатдор шахсларнинг манфаатларига риоя этилишини таъминлайди;
хўжалик юритувчи субъект номидан ишончномасиз иш кўради, хўжалик юритувчи субъектнинг молиявий, тўлов-ҳисоб-китоб ва бошқа ҳужжатларини имзолайди;
хўжалик юритувчи субъектнинг барча мансабдор шахслари ва ходимларининг бажариши мажбурий бўлган буйруқлар, фармойишлар ва бошқа ҳужжатлар чиқаради;
хўжалик юритувчи субъектни бўлиш ёки ажратиб чиқариш билан боғлиқ бўлган бошқа масалаларни ҳал этади.
28. Хўжалик юритувчи субъектларни бўлиш ёки ажратиб чиқариш натижасидаги бўлиш балансининг суд томонидан тасдиқланиши янгидан пайдо бўлаётган хўжалик юритувчи субъектларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун асос ҳисобланади.
29. Бўлиш ва ажратиб чиқариш тартиботларини ўтказиш харажатлари бўлинаётган хўжалик юритувчи субъект томонидан қопланади.
(5-илова Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 28 майдаги 338-сонли қарорига асосан ўз кучини йўқотган — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 29.05.2020 й., 09/20/338/0700-сон)