toggle_night_mode
Ҳужжат кучини йўқотган 22.07.2022
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар тайёрлаш ва аттестациядан ўтказиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида» 2012 йил 24 июлдаги ПФ-4456-сон Фармони ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2012 йил 10 декабрдаги ПҚ-1875-сон қарори)
 LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 июлдаги 396-сонли «Қонунчилик базасини янада тизимлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар тайёрлаш ва аттестациядан ўтказиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида» 2012 йил 24 июлдаги ПФ-4456-сон Фармони ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2012 йил 10 декабрдаги ПҚ-1875-сон қарорини бажариш юзасидан, шунингдек магистратурада тайёрланадиган кадрларнинг илмий салоҳиятини ошириш, магистратурага илмий фаолият юритиш қобилиятига эга бўлган ва чет тилларни чуқур биладиган абитуриентларни қабул қилинишини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг иловага мувофиқ айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
2. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.И.Икрамов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2013 йил 10 июль,
199-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 10 июлдаги 199-сон қарорига
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар
Олдинги таҳрирга қаранг.
(1-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 12 августдаги 511-сонли қарорига асосан ўз кучини йўқотган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 13.08.2021 й., 09/21/511/0793-сон)
2. Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 18 июндаги 118-сон қарори билан тасдиқланган Олий таълим муассасаларининг магистратурасига қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомда:
а) 14-банд қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«14. Магистратурага кириш синови умумий баллари қуйидагилардан ташкил топади:
магистратурага киришда танлаган мутахассислик бўйича билим даражасини белгиловчи махсус фанлардан синов ўтказилади (баҳолаш мезони 0 баллдан 100 баллгачани ташкил этади);
чет тили (хорижий филология, хорижий тил ва адабиёти таълим йўналишлари базасидаги мутахассисликлар учун иккинчи чет тили) бўйича синов ўтказилади (баҳолаш мезони 0 баллдан 50 баллгачани ташкил этади);
демократик жамият қуриш назарияси ва амалиёти асослари бўйича синов ўтказилади (баҳолаш мезони 0 баллдан 50 баллгачани ташкил этади).
Олий таълим муассасаси битирувчисининг умумий рейтинги ёки ўзлаштириш кўрсаткичи (ўзлаштириш тегишли равишда 55 баллдан 100 баллгача бўлган диапазонда ифодаланади) аниқланади.
Халқаро (TOEFL бўйича камида 58 ёки IELTS бўйича камида 5 балл) сертификат тақдим этганларга чет тилидан 50 балл қўйилади ва улар чет тилидан кириш синовида иштирок этмайди.
Магистратурага ўқишга киришда энг кўп (максимал) тўпланиши мумкин бўлган балл – 300 ни ташкил этади»;
б) 15-бандга қуйидаги мазмундаги хатбоши қўшилсин:
«чет тили (хорижий филология, хорижий тил ва адабиёти таълим йўналишлари базасидаги мутахассисликлар учун иккинчи чет тили)»;
қуйидаги мазмундаги иккинчи хатбоши қўшилсин:
«Танланган мутахассислик бўйича махсус фанлардан синов учун белгиланган баллнинг 30-50 фоизи абитуриентнинг мутахассислик бўйича ижодий қобилиятини, шунингдек илмий ва илмий-техник ахборот билан мустақил ишлаш, тизимли мустақил таҳлил қилиш, хулосалар чиқариш бўйича билимини аниқлашга ажратилади»;
иккинчи хатбоши учинчи хатбоши деб ҳисоблансин;
г) 25-бандга қуйидаги мазмундаги хатбоши қўшилсин:
«Магистратурага ҳар бир кириш синови учун белгиланган максимал баллнинг 55 фоизи ва ундан кам балл тўплаганлар навбатдаги кириш синовига киритилмайди ҳамда магистратурага қабул қилинмайди».
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2013 й., 28-сон, 363-модда; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 13.08.2021 й., 09/21/511/0793-сон)