ОДАМ САВДОСИГА ВА УЧИНЧИ ШАХСЛАР ТОМОНИДАН ТАНФУРУШЛИКДАН ФОЙДАЛАНИЛИШИГА ҚАРШИ КУРАШИШ ТЎҒРИСИДА
Лейк Саксес, Нью-Йорк, 1950 йил 21 март
LexUZ шарҳи
Мазкур Конвенция Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 2003 йил 12 декабрдаги 576-II-сонли «Одам савдосига ва учинчи шахслар томонидан танфурушликдан фойдаланилишига қарши кураш тўғрисидаги Конвенцияга ва Якунловчи баённомага қўшилиш ҳақида»ги қарори билан ратификация қилинган.
2004 йил 27 майдан кучга кирган
МУҚАДДИМА
Фоҳишалик ва унинг билан бирга содир бўлувчи фоҳишалик мақсадларини таъқиб қилувчи одамлар савдоси каби иллат инсон шахсининг қадр-қиммати ва қадриятига номуносиб бўлиб, инсон, оила ва жамият фаровонлигига хавфли эканлигини эътиборга олиб,
аёллар ва болалар савдосига қарши курашишга нисбатан қуйидаги халқаро ҳужжатлар ўз кучида эканлигини эътиборга олиб:
1. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси томонидан 1948 йил 3 декабрда тасдиқланган Баённомага асосан киритилган ўзгартишлар билан 1904 йил 18 майдаги Оқ танли чўрилар савдосига қарши курашиш тўғрисидаги халқаро шартнома;
2. Юқорида қайд этилган Баённомага асосан киритилган ўзгартишлар билан 1910 йил 4 майдаги Оқ танли чўрилар савдосига қарши курашиш тўғрисидаги халқаро конвенция;
3. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси томонидан 1947 йил 20 октябрда қабул қилинган Баённомага асосан киритилган ўзгартишлар билан 1921 йил 30 сентябрдаги Аёллар ва болалар савдосига қарши курашиш тўғрисидаги халқаро конвенция;
4. Юқорида қайд этилган Баённомага асосан киритилган ўзгартишлар билан 1933 йил 11 октябрдаги Балоғатга етган аёллар савдосига қарши курашиш тўғрисидаги халқаро конвенция,
1937 йилда Миллатлар Лигаси томонидан юқорида кўрсатилган ҳужжатларнинг ҳаракат доирасини кенгайтирувчи конвенция лойиҳаси тузилганини эътиборга олиб,
1937 йилдан бошлаб пайдо бўлган янги омиллар ўзида юқорида кўрсатилган ҳужжатларни бирлаштирадиган ҳамда унга айнан керакли тузатишларни бўлгани каби 1937 йилги Конвенция лойиҳасининг асосий қоидаларини мужассам этган Конвенцияни тузишга имкон беришини эътиборга олиб, шунинг билан Аҳдлашувчи Томонлар қуйидагиларга келишиб олдилар:
1-модда
Ушбу Конвенцияда Томонлар бошқа шахснинг ҳирсини қондириш учун қуйидагиларни амалга оширадиган ҳар кимни жазолаш мажбуриятини оладилар:
1) фоҳишалик мақсадида бошқа шахсни, ҳаттоки бу шахснинг розилиги билан қўшиб қўйса, ундаса ёки йўлдан урган бўлса;
2) бошқа шахснинг, ҳаттоки бу шахснинг розилиги билан фоҳишалигидан фойдаланса.
2-модда
Ушбу Конвенцияда Томонлар қуйидагилар бўйича ҳар кимни жазолаш мажбуриятини оладилар:
1) фоҳишахона юритган ёки уни бошқарган ёки онгли равишда фоҳишахонани молиявий таъминлаган ёки молиявий таъминлашда иштирок этган;
2) учинчи шахслар томонидан фоҳишалик мақсадида фойдаланилишини билиб, бино ёки бошқа жойни ёки унинг бир қисмини ижарага топширган ёки олган.
3-модда
Модомики, бу ички қонунчилик талабларига мос тушган экан, 1 ва 2-моддаларда назарда тутилган ҳуқуқбузарликлардан бирини содир этишга суиқасд қилиш, шунингдек уларни содир этишга тайёргарлик кўриш ҳаракатлари ҳам жазоланадилар.
4-модда
Бу ички қонунчилик талабларига мос тушган экан, 1 ва 2-моддаларда назарда тутилган актларда онгли равишда иштирок этиш ҳам жазоланади.
Бунга ички қонунчилик талабларига кўра йўл қўйилган экан, шериклик актлари, агар бу жазоламасликни олдини олиш учун зарур бўлса, алоҳида жиноятлар сифатида кўриб чиқилади.
5-модда
Жабрланган кишилар ички қонунчиликка асосан ушбу Конвенцияда назарда тутилган исталган жиноятларга доир ишларда даъвогарлар сифатида иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган ҳолларда, чет элликлар бу ҳуқуқдан ушбу давлат фуқаролари тенг равишда фойдаланадилар.
6-модда
Ушбу Конвенцияда ҳар бир томон фоҳишалик билан шуғулланувчи ёки шуғулланишда гумон қилинаётган шахслар ё алоҳида рўйхатга олиниши керак бўлган ёки махсус ҳужжатга эга бўлишлари керак бўлган ёхуд ўз мақсадига кўра назорат ёки огоҳлантиришдан иборат фавқулодда талабларга бўйсунадиган ҳар қандай амалдаги қонун, қарор ёки маъмурий фармойишни рад этиш ёки бекор қилиш учун барча зарур чораларни кўриш мажбуриятини оладилар.
7-модда
Ушбу Конвенцияда назарда тутилган жиноятлар учун илгари бошқа давлатларда чиқарилган ҳукмлар эътиборга олинади, чунки бунга қуйидагилар учун ички қонунчиликда йўл қўйилади:
1) ашаддий жиноятчилик фактини аниқлаш;
2) жиноятчини сиёсий ва фуқаролик ҳуқуқларидан маҳрум қилиш.
8-модда
Ушбу Конвенциянинг 1 ва 2-моддаларида назарда тутилган жиноятлар қайтариб беришга олиб келадиган жиноятлар сифатида кўриб чиқилади ва уларга мазкур Конвенцияда ҳар қандай томонлар ўртасида тузилган ёки тузиладиган жиноятчиларни қайтариб бериш тўғрисидаги ҳар қандай шартнома татбиқ этилади.
Ушбу Конвенцияда жиноятчиларни қайтариб беришни бу ҳақида шартномалар мавжудлиги билан шарт қилиб қўймайдиган томонлар бундан буён ўзларининг ўзаро муносабатларида мазкур Конвенциянинг 1 ва 2-моддаларида назарда тутилган жиноятларни қайтариб беришга олиб келадиган жиноятлар деб тан оладилар.
Қайтариб бериш қайси давлатга қайтариб бериш тўғрисидаги талаб билан мурожаат қилинган бўлса, ўша давлат қонунига мувофиқ амалга оширилади.
9-модда
Ўз фуқароларини қайтариб бериш принципи қонунида тан олинмайдиган давлатларда ўз давлатига улар томонидан бошқа давлатда ушбу Конвенциянинг 1 ва 2-моддаларида кўрсатилган жиноятлардан исталгани содир этилгандан кейин қайтадиган фуқаролар уларнинг ўз давлат суди бўйича таъқиб қилинадилар ва жазога тортиладилар.
Агар ушбу Конвенция томонлари ўртасида пайдо бўладиган шунга ўхшаш ишларда хорижликни бериш талабини қондириш иложи бўлмаса, қоида қўлланилмайди.
10-модда
Агар жиноят содир этишда айбланаётган шахс бошқа давлатда судланган бўлса ва айблов ҳукми бўйича жазо муддатини ўтаган ёки жазодан озод қилинган ёки унинг жазо муддати ушбу давлат қонунларига мувофиқ қисқартирилган бўлса, унда 9-модданинг қоидалари қўлланилмайди.
11-модда
Ушбу Конвенцияда ҳеч нарса ундаги у ёки бу томоннинг халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ жиноят юрисдикцияси чегаралари тўғрисидаги умумий масала бўйича муносабатини аниқлаш сифатида талқин қилинмаслиги керак.
12-модда
Ушбу Конвенция ҳар бир алоҳида давлатда Конвенцияда назарда тутилган жиноятларни уларни содир этишда айбдор шахслар шу давлат қонунларига кўра таъқиб қилиш ва жазолаш сингари аниқлаш принципини бузмайди.
13-модда
Ушбу Конвенциянинг Томонлари Конвенцияда назарда тутилган жиноятларга нисбатан суд топшириқларини ўзларининг хусусий қонунлари ва амалиётига мувофиқ бажаришга мажбурият оладилар.
Суд топшириқларини топшириш қуйидагича амалга оширилади:
1) суд ҳокимиятлари ўртасида бевосита алоқалар йўли билан;
2) икки давлат Адлия вазирлари ўртасида бевосита алоқалар ўрнатиш ёки топшириқ келиб чиқадиган бошқа тегишли давлат ҳокимиятларининг у мурожаат қиладиган давлат Адлия вазирига бевосита мурожаат қилиши йўли билан;
3) топшириқ келиб чиқадиган давлатнинг у мурожаат қиладиган давлатга дипломатик ёки консуллик вакиллари воситачилиги орқали. Кўрсатилган вакил суд топшириқларини бевосита тегишли суд ҳокимиятларига ёки топшириқ берилган давлат ҳукумати томонидан кўрсатилган ҳокимиятларга юборади, шунингдек у ушбу ҳокимиятлардан бевосита суд топшириқларининг бажарилиши акти бўлган ҳужжатларни олади.
1 ва 3-бандларда назарда тутилган ҳолларда, суд топшириқлари нусхаси у мурожаат қилинган давлатнинг олий ҳокимиятларига юборилади.
Агар бирон бир бошқа битим бўлмаса, суд топшириқлари топшириқ юборилган давлатнинг ўз тилига қилинган таржимани топшириқ келиб чиқадиган ҳокимиятлар томонидан тасдиқланган ҳолда тақдим этилишини талаб қилиши мумкинлиги шарти билан ҳар доим у келиб чиқадиган ҳокимиятлар тилида тузилади.
Ушбу Конвенциянинг ҳар бир томони бу Конвенциядаги бошқа ҳар бир томонларни бошқа давлат томонидан унга суд топшириқларини юборилиши мақбул деб ҳисобланадиган юқорида қайд этилган усул ва услублар ҳақида хабардор қилади.
Ҳозирча қайсидир давлатлар бундай билдириш қилмаган экан, суд топшириқларига нисбатан ундаги мавжуд тартиб кучида қолади.
Суд топшириқларининг бажарилиши ҳар қандай харажат ёки чиқимларни қоплаш тўғрисидаги даъво учун асос бўла олмайди, экспертиза харажатлари бундан мустасно.
Ушбу моддада ҳеч бир нарса мазкур Конвенцияда томонларнинг жиноят ишларида уларнинг ўз қонунларига зид бўлган исботлашнинг қайсидир шакли ёки усулларини қўллаш мажбурияти сифатида талқин қилинмаслиги керак.
14-модда
Ушбу Конвенциянинг ҳар бир томони мазкур Конвенцияда назарда тутилган жиноятларни тергов қилиш натижаларини мувофиқлаштириш ва марказлаштириш вазифаси топширилган органни таъсис этади ва қўллаб-қувватлайди.
Бу органлар ушбу Конвенцияда назарда тутилган жиноятларни олдини олиш ва уларга жазо беришни енгиллаштириш учун тўпланадиган барча ахборотларни мувофиқлаштирадилар ҳамда бу органлар бошқа мамлакатларнинг шунга ўхшаш органлари билан яқин алоқада бўладилар.
15-модда
Бу ички қонунчилик талабларига мос келиши ва бу 14-моддада кўрсатилган органлар бўйсунадиган тегишли ҳокимиятлар томонидан тан олиниши сабабли, улар бошқа давлатлардаги шунга ўхшаш органлар бўйсунадиган ҳокимиятларга қуйидаги ахборотларни хабар қилади:
1) ушбу Конвенцияда назарда тутиладиган жиноятларнинг ҳар бири тўғрисидаги ва шундай жиноятни содир этишга ҳар бир суиқасд тўғрисидаги батафсил маълумотларни;
2) ушбу Конвенцияда назарда тутиладиган жиноятларни содир этишда айбдор шахсларни қидириш, шунингдек жиноий таъқиб қилиш, қамоққа олиш, ҳукм қилиш, қабул қилиш ва чиқариб юборишни рад этишнинг барча ҳолатлари тўғрисида, жумладан бундай шахсларнинг турар жойлари ўзгариши ва улар билан боғлиқ бошқа ҳар қандай фойдали ахборотларни.
Шу йўл билан хабар қилинадиган ахборотлар жиноятчиларнинг тасвирини, уларнинг дактилоскопик изларини, фотосуратларини, иш усули тўғрисидаги хабарни, полиция маълумотномаларини ва судланганлик тўғрисидаги маълумотномаларни ўз ичига олади.
16-модда
Ушбу Конвенцияда Томонлар ўзларининг таълим, соғлиқни сақлаш, ижтимоий ва иқтисодий хизмат кўрсатиш ҳамда бошқа шу билан боғлиқ хизмат кўрсатиш турлари соҳасидаги ҳукуматга қарашли ёки хусусий муассасалари воситасида фоҳишаликка қарши курашиш ҳамда фоҳишалик ва мазкур Конвенцияда назарда тутилган жиноятлар қурбонларини нормал ижтимоий шароитларга қайтариш ва мослаштириш юзасидан барча зарур чораларни кўриш ёки рағбатлантириш мажбуриятини оладилар.
17-модда
Ушбу Конвенцияда томонлар иммиграция ва эмиграцияга нисбатан улар томонидан ушбу Конвенцияга мувофиқ фоҳишалик мақсадини кўзловчи иккала жинсдаги одамлар савдосини тўхтатиш учун ўз зиммаларига олган мажбуриятларга кўра талаб қилинадиган ҳамма чора-тадбирларни қабул қилиш ва амалга оширишни зиммаларига оладилар.
Жумладан, улар қуйидаги мажбуриятни оладилар:
1) иммигрант ва эмигрантларни, айниқса, аёллар ва болаларни улар келадиган ва жўнатиладиган жойларда муҳофаза қилиш учун барча зарур қарорларни чиқариш;
2) эслатиб ўтилган савдо хавфи тўғрисида аҳолини тегишли равишда хабардор қилиш учун чоралар кўриш;
3) темир йўл станциялари, авиапортлар, портлар ва бошқа жамоат жойларида кузатувни таъминлаш, шунингдек фоҳишалик мақсадини кўзлайдиган халқаро одам савдосининг олдини олиш учун зарур чоралар кўриш;
4) мавжуд «прима фасиэ» маълумотлари бўйича шу савдонинг бош айбдорлари, иштирокчилари ёки қурбонлари бўлган шахслар келиши тўғрисида билдириш мақсадида ҳамма зарур чораларни кўриш.
18-модда
Ушбу Конвенцияда томонлар уларнинг ўз қонунлари белгилаган шартларга кўра фоҳишабозлик билан шуғулланувчи ҳамма чет элликлар тўғрисида уларнинг шахсини ва ижтимоий аҳволини, шунингдек уларни ўз давлатини ташлаб кетишга ундаган шахсларни аниқлаш мақсадида маълумотлар тўплашга мажбурият оладилар. Бу маълумотлар кўрсатилган шахслар келиб чиққан давлати ҳокимиятларига уларни кейинчалик ўз ватанига қайтариш мақсадида хабар қилинади.
19-модда
Ушбу Конвенцияда томонлар уларнинг ўз қонунларида белгиланган шартларга мувофиқ ва шу қонунларнинг бузилишидан келиб чиқадиган таъқиблар ёки бошқа тадбирлардан бекор қилмаган ҳолда иложи борича қуйидагилар бўйича мажбурият оладилар:
1) фоҳишалик мақсадларини кўзлайдиган халқаро одам савдосининг қурбонлари бўлган жабрланган шахсларни ватанига қайтариш бўйича якуний тадбирлар тугагунига қадар уларга вақтинчалик ёрдам кўрсатиш ва қўллаб-қувватлаш юзасидан тегишли чоралар кўриш;
2) 18-моддада кўрсатилган шахсларни, агар улар шуни хоҳласалар ёки улар ихтиёрида бўлган шахслар томонидан уларни ўз ватанига қайтариш талаби тушса ёки уларни мамлакатдан чиқариб юбориш тўғрисида қонунда асосланган буйруқ мавжуд бўлса, уларни ўз ватанига қайтариш давлат билан ватанига қайтариладиган шахснинг шахсияти ва эришилгандан кейин фуқаролигини белгилаш тўғрисида ёки унинг хорижга келиш санаси тўғрисида битим тузиш амалга оширилади. Ҳар бир томон ушбу Конвенцияда бундай шахснинг ўз ҳудудидан ўтишига кўмаклашади.
Аввалги хатбошида кўрсатилган шахслар ўз ватанига қайтиш харажатларини ўзлари қоплай олмасалар ва уларнинг улар келиб чиққан яқин чегарага, жўнаш портигача ёки авиапортгача ватанига қайтиш харажатларини тўлайдиган на эри, на қариндошлари, на васий бўлмаса, унда харажатлар мазкур шахслар яшайдиган давлат томонидан тўланади, шу билан боғлиқ бошқа харажатларни эса улар келиб чиққан давлат ўз зиммасига олади.
20-модда
Ушбу Конвенцияда томонлар иш қидираётган одамларни, айниқса, аёллар ва болаларни уларни бўлиши мумкин бўлган фоҳишалик мақсадларида фойдаланиш хавфидан ҳимоя қилиш мақсадларида одам ёллаш идоралари устидан кузатиш юзасидан зарур чораларни, агар шундай чоралар улар томонидан кўрилмаган бўлса, кўрадилар.
21-модда
Ушбу Конвенцияда томонлар Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котибига мазкур Конвенция мавзусига оид ҳамда уларнинг давлатларида нашр этилган қонун ва қарорлар тўғрисида хабар беради, шундан кейин ҳар йили Конвенция билан боғлиқ равишда нашр этиладиган қонун ва қарорлар, шунингдек мазкур Конвенциянинг қўлланилишига оид барча кўрилган чоралар тўғрисида хабар беради. Ушбу маълумот Бош котиб томонидан вақти-вақти билан эълон қилиб борилади ҳамда Бош котиб томонидан Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг барча аъзоларига, шунингдек мазкур Конвенция 23-моддага мувофиқ расмий равишда хабар қилинган Ташкилотнинг аъзоси бўлмаган давлатларга юборилади.
22-модда
Агар ушбу Конвенциядаги томонлар ўртасида унинг талқини ёки қўлланишига нисбатан баҳс пайдо бўлса ва агар бу баҳсни бошқача йўл билан ҳал этишнинг иложи бўлмаса, баҳсда томонлардан бирининг талаби бўйича Халқаро судга юборилади.
23-модда
Ушбу Конвенция Бирлашган Миллатлар Ташкилоти исталган аъзосининг номидан, шунингдек Ижтимоий ва Иқтисодий Кенгаш томонидан тегишли таклиф билан мурожаат қилинган исталган бошқа давлат номидан имзолаш учун очиқ.
Ушбу Конвенция ратификация қилиниши керак ва ратификация актлари Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котибига сақлаш учун топширилади.
Биринчи хатбошида кўрсатилган ва ушбу Конвенцияни имзоламаган давлатлар унга қўшилиши мумкин.
Қўшилиш Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котибига қўшилиш тўғрисидаги актни сақлаш учун топшириш йўли билан амалга оширилади.
Ушбу Конвенцияда «давлат» сўзи мазкур Конвенцияни имзолаган ёки унга қўшилган давлатнинг ҳамма мустамлака ва васийлигидаги ҳудудларни ҳамда шу давлат халқаро масъулият сезадиган ҳамма ҳудудларни ўз ичига олади.
24-модда
Ушбу Конвенция ратификация қилиш ёки қўшилиш тўғрисидаги иккинчи акт сақлаш учун топширилган санадан кейин тўқсонинчи куни кучга киради.
Ушбу Конвенцияни ратификация қилаётган ёхуд сақлаш учун ратификация қилиш ёки қўшилиш тўғрисидаги иккинчи акт топширилгандан кейин унга қўшилаётган ҳар бир давлатга нисбатан мазкур Конвенция давлат ўзининг ратификация қилиш ёки қўшилиш тўғрисидаги актини сақлаш учун топширганидан кейин тўқсон кун ўтгач кучга киради.
25-модда
Ушбу Конвенция кучга кирган вақтдан беш йил ўтгач мазкур Конвенциядаги томонлардан бири уни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котибига бу ҳақда ёзма равишда билдириш йўли билан денонсация қилиши мумкин.
Бундай денонсация бу ҳақида ариза берган томонга нисбатан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби унинг аризасини олган санадан кейин бир йил ўтгач кучга киради.
26-модда
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг барча аъзоларига ҳамда Ташкилотга аъзо бўлмаган ва 23-моддада қайд этилган давлатларга қуйидагилар ҳақида билдиради:
а) 23-моддага мувофиқ олинган имзолаш, ратификация қилиш ва қўшилиш актлари тўғрисида;
б) 24-моддага мувофиқ ушбу Конвенциянинг кучга кириш санаси тўғрисида;
с) 25-моддага мувофиқ олинган аризаларни денонсация қилиш тўғрисида.
27-модда
Ушбу Конвенциянинг ҳар бир томони мазкур Конвенциянинг қўлланилишини таъминлаш учун ўз конституциясига мувофиқ қонунчилик ёки бошқа зарур чора-тадбирлар кўриш мажбуриятини олади.
28-модда
Ушбу Конвенция қоидалари, ундаги томонлар ўртасидаги ўзаро муносабатларига тааллуқли бўлгани учун, муқаддиманинг иккинчи хатбошиси1, 2, 3 ва 4-бандларида қайд этилган халқаро актлар қоидаларини бекор қилади, бу актларнинг ҳар бири улардаги томонларнинг барчаси мазкур Конвенциянинг томонлари бўлгач бекор бўлган ҳисобланади.
(Имзолар)
ЯКУНИЙ БАЁННОМА
Ушбу Конвенцияда ҳеч нарса одам савдоси ва фоҳишалик мақсадида бошқа шахсларни эксплуатация қилишга қарши курашишни таъминлайдиган қоидаларни амалга ошириш учун мазкур Конвенцияда назарда тутилган шартларга нисбатан қаттиқроқ шартларни белгилайдиган муайян қонунлар талаблари бажарилишига тўсқинлик сифатида қаралмаслиги керак.
Ушбу Конвенциянинг 23 — 26-моддалари қоидалари мазкур Баённомага нисбатан қўлланилади.