ОИЛАВИЙ КОРХОНА ТОМОНИДАН ФОЙДАЛАНИШГА ЙЎЛ ҚЎЙИЛМАЙДИГАН МОДДАЛАР, МАТЕРИАЛЛАР ВА АСБОБ-УСКУНАЛАР РЎЙХАТИНИ ТАСДИҚЛАШ ТЎҒРИСИДА
«Оилавий тадбиркорлик тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 17-моддасига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
[ОКОЗ:
1.01.00.00.00 Конституциявий тузум / 01.14.00.00 Давлат органларининг ҳуқуқ ижодкорлиги фаолияти / 01.14.05.00 Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни эълон қилиш ва кучга кириши]
1. Оилавий корхона томонидан фойдаланишга йўл қўйилмайдиган моддалар, материаллар ва асбоб-ускуналар рўйхати иловага* мувофиқ тасдиқлансин ҳамда 2012 йил 1 ноябрдан бошлаб амалга киритилсин.
2. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, шаҳарлар ва туманлар ҳокимликлари ушбу қарор билан тасдиқланган Рўйхатнинг оилавий корхоналарга етказилишини ва улар томонидан унга қатъий риоя этилишини таъминласинлар.
3. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси, «Саноатгеоконтехназорат» давлат инспекцияси, бошқа ваколатли давлат органлари оилавий корхоналарга фаолиятнинг айрим турларига лицензияларни, шунингдек ишларнинг баъзи турларига рухсатномаларни расмийлаштиришда ушбу қарор билан тасдиқланган Рўйхатга қатъий амал қилсинлар.
4. «Саноатгеоконтехназорат» давлат инспекцияси, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, Савдо-саноат палатаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, «Ўзкимёсаноат» давлат-акциядорлик компанияси манфаатдор вазирликлар ва идоралар, шунингдек «Маҳалла» фонди билан биргаликда, оилавий корхоналар фаолияти таҳлилини ҳисобга олган ҳолда, зарурат бўлганда Вазирлар Маҳкамасига ушбу қарор билан тасдиқланган Рўйхатни кенгайтириш ёки ундан моддалар, материаллар ва асбоб-ускуналарни чиқариш юзасидан таклифлар киритсинлар.
5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р.С. Азимов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ғ.И. Ибрагимов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. МИРЗИЁЕВ