ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ «СОҒЛОМ АВЛОД УЧУН» ОРДЕНИ ТАЪСИС ЭТИШ ТЎҒРИСИДА
LexUZ шарҳи
Мазкур Фармон Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 25 ноябрдаги ПФ-231-сонли «Қонунчиликдаги ҳуқуқий бўшлиқларни бартараф этиш ва тартибга солиш юкини камайтириш тўғрисида»ги Фармонига асосан ўз кучини йўқотган.
Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, ёш авлод саломатлигини мустаҳкамлаш, уни маънавий, ахлоқий ва жисмоний жиҳатдан тарбиялаш, унга ватанпарварлик ва ўз Ватани — Ўзбекистонга меҳр-муҳаббат туйғусини сингдириш ишидаги алоҳида хизматларни рағбатлантириш мақсадида, шунингдек болалар манфаатлари йўлида хайрия фаолиятини ривожлантиришда фаол иштирок этганлик учун:
1. Ўзбекистон Республикасининг «Соғлом авлод учун» орденини таъсис этиш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблансин (Ўзбекистон Республикасининг «Соғлом авлод учун» ордени тўғрисидаги низом ва унинг тасвири илова қилинади).
2. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 82-моддасига биноан ушбу Фармон Ўзбекистон Республикасининг Олий Кенгашига тақдим этилсин.
LexUZ шарҳи
Ўзбекистон Республикасининг «Соғлом авлод учун» орденини таъсис этиш тўғрисида»ги Қонунига қаранг.
2.04.00.00.00 Оила қонунчилиги / 04.08.00.00 Оила, оналик, оталик ва болаликни ҳимоя қилиш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш]
1. «Соғлом авлод учун» ордени билан кишилар оналик ва болаликни муҳофаза қилишдаги, соғлом авлодни камол топтириш учун энг яхши моддий шароит ва ахлоқий муҳитни таъминлашдаги алоҳида хизматлари учун мукофотланадилар.
2. «Соғлом авлод учун» ордени икки даражадан иборат бўлади:
I даражали «Соғлом авлод учун» ордени;
II даражали «Соғлом авлод учун» ордени.
I даража орденнинг олий даражасидир.
I даражали «Соғлом авлод учун» ордени билан кишилар оналик ва болаликни муҳофаза қилишда, инсон экологиясини яхшилашда, жисмонан ва ахлоқан соғлом авлодни, ватанпарварлик ҳамда ўз Ватани — мустақил Ўзбекистонга ҳар томонлама содиқлик ва ундан фахрланиш олий туйғуларини тарбиялашда, оналик ва болаликни таъминлаш учун муносиб моддий ва маънавий замин яратишда Ўзбекистон давлати ва халқи олдидаги жуда катта хизматлари учун мукофотланадилар.
II даражали «Соғлом авлод учун» ордени билан соғлом авлодларни камол топтириш ишига катта ҳисса қўшган, оналик ва болалик тўғрисида алоҳида ғамхўрлик қилувчи кишилар, ногиронлиги бўлган ва етим болаларнинг васийлари, болалар ва оналикка нисбатан мунтазам олий хайр-эҳсон кўрсатувчи жамоат ташкилотлари, хўжалик тузилмаларининг вакиллари мукофотланадилар.
(2-банднинг олтинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 29 ноябрдаги ПФ-26-сонли Фармони таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.11.2021 й., 06/21/26/1111-сон)
[ОКОЗ:
1.01.00.00.00 Конституциявий тузум / 01.22.00.00 Давлат мукофотлари, пул ва бошқа мукофотлар;
3.09.00.00.00 Тадбиркорлик ва хўжалик фаолияти / 09.15.00.00 Транспорт / 09.15.12.00 Транспорт хизматларига тариф, йиғим ва имтиёзлар]
I даражали «Соғлом авлод учун» ордени билан мукофотланганлар қуйидаги ҳуқуқларга эга бўладилар:
— йилига бир марта (ҳар икки томонга) Ўзбекистон Республикаси ҳудуди доирасида темир йўл, ҳаво ёки шаҳарлараро автомобиль транспортида шахсан бепул юриш;
— шаҳар йўловчилар транспорти, қишлоқ жойларда автомобиль транспортининг барча турларидан (таксидан ташқари) шахсан бепул фойдаланиш;
— имтиёзли тиббий хизматдан фойдаланиш ва дори-дармонларни текин олиш;
— квартира ва коммунал хизматлар учун ҳақ тўлашдан озод бўлиш.
I даражали «Соғлом авлод учун» ордени билан мукофотланганлар бир вақтнинг ўзида базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравар миқдорида пул мукофоти оладилар.
(2-банднинг ўн иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 13 декабрдаги ПФ-5894-сон Фармони таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 14.12.2019 й., 06/19/5894/4161-сон)
II даражали «Соғлом авлод учун» ордени билан мукофотланганлар:
— шаҳар йўловчилар транспорти, қишлоқ жойларда автомобиль транспортининг барча турларидан (таксидан ташқари) шахсан бепул фойдаланиш;
— имтиёзли тиббий хизматдан фойдаланиш ва дори-дармонлар нархининг 50 фоизини тўлаш;
— квартира ва коммунал хизматлар ҳақини 50 фоиз миқдори тўлаш ҳуқуқига эга бўладилар.
[ОКОЗ:
1.01.00.00.00 Конституциявий тузум / 01.22.00.00 Давлат мукофотлари, пул ва бошқа мукофотлар]
II даражали «Соғлом авлод учун» ордени билан мукофотланганларга бир вақтнинг ўзида базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 баравар миқдорида пул мукофоти топширилади.
(2-банднинг ўн еттинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 13 декабрдаги ПФ-5894-сон Фармони таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 14.12.2019 й., 06/19/5894/4161-сон)
I ва II даражада «Соғлом авлод учун» ордени билан мукофотлаш тўғрисида вазирликлар ва идоралар, фан ва маданият муассасалари, Қорақалпоғистон Республикаси Олий Кенгаши ҳамда вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликларининг тақдимига кўра Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони чиқади.
«Соғлом авлод учун» ордени билан бошқа давлатларнинг фуқаролари ҳам мукофотланишлари мумкин.
I ва II даражали «Соғлом авлод учун» ордени кўкракнинг чап томонида тақилади.
Ҳар бир мукофотланган кишига тегишли даражали «Соғлом авлод учун» орденини топшириш билан бир вақтда мукофотланганлик тўғрисидаги ҳужжатлар берилади.
«Соғлом авлод учун» орденининг даражаларидан қатъи назар бу орден билан такроран мукофотланилмайди.
«СОҒЛОМ АВЛОД УЧУН» ОРДЕНИНИНГ
ТАСВИРИ
1. I даражали «Соғлом авлод учун» ордени олтин суви югуртирилган металлдан тайёрланиб, 34 мм. диаметрдаги тўғри доира шаклига эга. Орденнинг ўнг қисмида қуёшнинг илиқ нурлари аксида она ва боланинг қавариқли тасвири туширилган. Орденинг орқа томонида Ўзбекистон Республикаси гербининг қавариқли тасвири ва доира бўйлаб «СОҒЛОМ АВЛОД УЧУН» сўзлари ёзилган. Доиранинг юқори қисмида 12 та юлдуз тасвирланган. Орден орқа томонининг четлари бўртма ҳошияланган.
Орден илмоқ ва ҳалқа ёрдамида ёнлари кумуш суви югуртирилган даста билан бириктирилади. Дастанинг ички қисми яшил рангли товланадиган лента билан ўралган. Лентанинг ўртасида олтинранг ўрик дарахтининг гуллаб турган шохи ўйиб ишланган.
2. II даражали «Соғлом авлод учун» ордени кумуш суви югуртирилган металлдан тайёрланади. Орден илмоқ ва ҳалқа ёрдамида ёнлари ўйма олтинранг даста билан бириктирилади. Дастанинг ички қисми кумуш рангли товланадиган лента билан ўралган. Лентанинг ўртасида кумушранг ўрик дарахтининг гуллаб турган шохи ўйиб ишланган.
I даражали «Соғлом авлод учун» ордени.
II даражали «Соғлом авлод учун» ордени.
(Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1993 й., 3-сон, 150-модда; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 14.12.2019 й., 06/19/5894/4161-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.11.2021 й., 06/21/26/1111-сон)