1.02.00.00.00 Давлат бошқаруви асослари / 02.03.00.00 Республика давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бошқаруви органлари / 02.03.05.00 Компаниялар, концернлар, уюшмалар ва бошқалар;
2.09.00.00.00 Тадбиркорлик ва хўжалик фаолияти / 09.17.00.00 Савдо / 09.17.02.00 Савдо соҳасини бошқариш;
3.09.00.00.00 Тадбиркорлик ва хўжалик фаолияти / 09.17.00.00 Савдо / 09.17.04.00 Улгуржи савдо]
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 февралдаги 87-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз аҳамиятини йўқотган айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 27 сентябрдаги ПФ-6075-сон Фармони)»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари тузилмасини янада такомиллаштириш ва ходимлари сонини мақбуллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2010 йил 20 декабрдаги ПҚ-1444-сон қарорига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. «Ўзулгуржисавдо» акциядорлик компанияси акциядорларининг умумий йиғилиши томонидан:
давлат томонидан «Ўзулгуржисавдо» акциядорлик компаниясининг устав фондига киритилган «Ўзёғочқоғозсавдо», «Ўзкоммаишийсавдо» ва «Ўзкимёполимерсавдо» акциядорлик жамиятларининг акциялари пакетларини Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитасига беришни;
«Сергелиулгуржисавдо» шўъба хўжалик жамияти мулкий комплексини туташ ҳудуди билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат захираларини бошқариш қўмитасига беришни;
«Ўзулгуржисавдо» акциядорлик компаниясини белгиланган тартибда тугатишни назарда тутувчи қарор қабул қилинганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. «Ўзулгуржисавдо» акциядорлик компаниясини тугатиш билан боғлиқ ишларни мувофиқлаштириш бўйича иловага* мувофиқ таркибда ишчи комиссия ташкил этилсин.
*Илова берилмайди.
«Ўзулгуржисавдо» акциядорлик компаниясини тугатиш билан боғлиқ ишларни мувофиқлаштириш бўйича ишчи комиссия «Ўзулгуржисавдо» акциядорлик компаниясини тугатишга доир чора-тадбирларнинг қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилишини таъминласин.
3. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан биргаликда «Ўзулгуржисавдо» акциядорлик компаниясининг бўшаб қолаётган ходимларини ишга жойлаштиришда кўмаклашсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси белгиланган тартибда:
«Ўзкоммаишийсавдо» акциядорлик жамиятининг биржа савдосига қўйилган акциялари давлат пакети баҳолаш комиссияси томонидан аниқланган 980,5 млн сўм миқдоридаги қиймат бўйича сотилишини;
«Ўзёғочқоғозсавдо» ва «Ўзкимёполимерсавдо» акциядорлик жамиятлари акциялари давлат пакетларининг бир ой муддатда баҳоланишини ва биржа савдоларига қўйилишини таъминласин.
5. Вазирлар Маҳкамасининг «Улгуржи ва биржа савдосини ташкил этиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида» 2001 йил 1 майдаги 198-сон қарорининг (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2001 й., 5-сон, 24-модда) 1—4-бандлари ҳамда қарорга 1 ва 2-иловалар ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.