Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
Ўзбек халқининг улуғ фарзанди Алишер Навоийнинг жаҳон халқлари маънавияти ва маданияти тараққиётига қўшган улкан ҳиссасини эътиборга олиб ва унинг бой илмий-ижодий меросини чуқур ўрганиш ва асраб-авайлаш ҳамда дунё жамоатчилиги, мамлакатимиз аҳолиси, айниқса, ёш авлод орасида кенг тарғиб қилиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. «Маънавият ва маърифат» республика кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Навоий вилояти ҳокимлиги ва Ўзбекистон Республикаси Маданият ишлари вазирлигининг 2001 йилда улуғ шоир Алишер Навоий таваллудининг 560 йиллигини кенг нишонлаш ҳақидаги таклифи қабул қилинсин.
Алишер Навоий таваллудининг 560 йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича ташкилий қўмита таркиби ҳамда тадбирлар режаси
1 ва 2- иловаларга
* мувофиқ тасдиқлансин.
Ташкилий қўмита манфаатдор вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда бир ой муддатда юбилей тантаналарига тайёргарлик кўриш ва уни жойларда ўтказиш тадбирларини ишлаб чиқсин ҳамда амалга оширишга киришсин.
2. Навоий вилояти ҳокимлиги Ўзбекистон Республикаси Маданият ишлари вазирлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси билан биргаликда Навоий шаҳрида 2001 йил май ойида тантанали юбилей тадбирларини ҳамда «Алишер Навоийнинг ижодий мероси ва унинг жаҳоншумул аҳамияти» мавзуида халқаро илмий конференция ўтказсин.
3. Навоий вилояти ҳокимлиги ҳамда вилоят аҳли, корхона ва ташкилотлари жамоаларининг Навоий шаҳри марказида дам олиш боғи барпо этиш ва у ерда Алишер Навоий ҳайкалини ўрнатиш тўғрисидаги ташаббуси қўллаб-қувватлансин.
4. «Ўзбеккино» давлат-акциядорлик компанияси Алишер Навоий ҳаёти ва ижоди ҳақида илмий-оммабоп фильмлар яратсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига Алишер Навоий таваллудининг 560 йиллиги муносабати билан 2001 йилда 100 сўм қийматдаги эсдалик тангаларни муомалага чиқариш тавсия этилсин.
6. «Ўзтелерадио» компанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, «Жаҳон» ахборот агентлиги, республика ва вилоятлар газеталари муҳарриятлари оммавий ахборот воситаларида Алишер Навоий ҳаёти ва ижоди, унинг жаҳон маданияти тараққиётида тутган ўрни ва аҳамиятини кенг ёритсинлар.
7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ҳ.С. Кароматов зиммасига юклансин.