Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
Жаҳон халқларининг маънавий-диний тараққиётига, ҳуқуқшунослик илмининг ривожига улкан ҳисса қўшган буюк аллома, нодир истеъдод эгаси Бурҳониддин ал-Марғиноний таваллудига ҳижрий сана бўйича 910 йил тўлиши муносабати билан унинг хотирасини абадийлаштириш, халқимизни аждодларимиз маънавий мероси билан яқиндан таништириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Фарғона вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ва жамоатчиликнинг 2000 йилда Бурҳониддин ал-Марғиноний таваллудининг ҳижрий сана бўйича 910 йиллигини республикамизда кенг нишонлаш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.
2. Бурҳониддин ал-Марғиноний таваллудининг ҳижрий сана бўйича 910 йиллигига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш Республика ташкилий қўмитасининг таркиби ҳамда юбилей тантаналарига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тадбирлари режаси
1 ва 2-иловаларга
* мувофиқ тасдиқлансин.
Ташкилий қўмита тегишли вазирликлар, ҳокимликлар, идоралар ва жамоат ташкилотлари билан биргаликда бир ой муддатда ушбу санага тайёргарлик кўриш тадбирларини ишлаб чиқсин ва амалга оширишга киришсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Маданият ишлари вазирлиги Бадиий академия ва Фарғона вилояти ҳокимлиги билан биргаликда очиқ танлов асосида 2000 йилда Бурҳониддин ал-Марғиноний шарафига ёдгорлик мажмуи барпо этиш масаласи бўйича таклифлар тайёрласин ва уларни ташкилий қўмита тасдиғига киритсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Фарғона вилояти ҳокимлиги ва Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда тегишли вазирликлар, идоралар, жамоат ташкилотлари билан биргаликда 2000 йилда «Бурҳониддин ал-Марғинонийнинг жаҳон фани ва маданияти тараққиётида тутган ўрни» мавзуида халқаро илмий-амалий конференция ўтказсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Давлат матбуот қўмитаси Фанлар академияси билан биргаликда Бурҳониддин ал-Марғиноний яшаган давр фани ва маданиятига оид асарларни, шунингдек унинг асарлари намуналарини нашр этишни ўз режаларига киритсин.
6. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, республика вазирликлари, идоралари, жамоат ташкилотлари, ижодий уюшмалари бир ой муддатда Бурҳониддин ал-Марғинонийнинг жаҳон фани ва маданияти тарихида тутган ўрнини чуқур ўрганиш, тарғиб этиш бўйича ўз тадбирларини ишлаб чиқиб, амалга оширсинлар.
7. Бурҳониддин ал-Марғиноний таваллудининг ҳижрий сана бўйича 910 йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш жараёнида Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги дин ишлари бўйича қўмита, Фарғона вилояти ҳокимлиги, ҳомийлик қилиш истагини билдирган хорижий ташкилотлар ва жисмоний шахсларнинг ўз улушларини қўшиш ҳақидаги таклиф-истаклари қўллаб-қувватлансин.
8. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ҳ. Кароматов зиммасига юклансин.