toggle_night_mode
Ҳужжат кучини йўқотган 01.09.2024
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ТОШКЕНТ ШАҲРИДА ХАЛҚАРО ИСЛОМ ТАДҚИҚОТ МАРКАЗИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА
 LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 6 майдаги 266-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида»ги қарорига асосан 2024 йил 1 сентябрдан ўз кучини йўқотади.
Ислом таълимоти ва фалсафасини кенг ўрганиш, ўзбек халқининг диний, тарихий ва маданий меросини чуқур илмий тадқиқ этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Мовароуннаҳр мусулмонлар идорасининг Тошкент шаҳрида Халқаро ислом тадқиқот марказини ташкил этиш ва унинг мақомини Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг илмий-тадқиқот муассасаларига тенглаштириш ҳақидаги таклифи қабул қилинсин. Марказнинг Низоми 1-иловага, тузилмаси 2-иловага ҳамда Марказ ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш разрядлари ва тариф коэффициентлари, ходимларнинг сони ва уларга тўланадиган маблағ ҳисоб-китоби 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
(2-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 6 майдаги 224-сонли қарорига мувофиқ ўз кучини йўқотган)
3. «Тошшаҳарйўловчитранс» уюшмаси ажратилган лимитга мувофиқ марказга автотранспорт хизмати кўрсатсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Фан ва техника давлат қўмитаси 1996 йилдан бошлаб Халқаро ислом тадқиқот марказининг илмий изланишлар мавзуларини танлов орқали маблағ билан таъминланувчи ишлар рўйхатига киритсин.
5. Алоқа вазирлиги белгиланган тартибда Халқаро ислом тадқиқот марказига зарур миқдорда шаҳар телефонлари, шу жумладан, ҳукумат АТСдан телефон ва бошқа алоқа воситалари ўрнатиб берсин.
6. Тошкент шаҳар ҳокимлиги (К. Тўлаганов):
Халқаро ислом тадқиқот маркази биноларини қуриш учун бир ой муддатда зарур ер майдони ажратсин.
7. Халқаро ислом тадқиқот маркази унинг янги бинолари мажмуи ишга тушгунга қадар Мовароуннаҳр мусулмонлари идорасига қарашли Зарқайнар кўчасининг 18-берк кўчасидаги 47-уйга жойлаштирилиши;
Мовароуннаҳр мусулмонлари идорасининг Халқаро ислом тадқиқот маркази бинолари лойиҳаларини тайёрлашга ва уларни қуришга сарфланадиган барча харажатларни ўз зиммасига олиши маълумот учун қабул қилинсин.
8. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари С. Саидқосимов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1995 йил 19 май,
175-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 1995 йил 19 майдаги 175-сон қарорига
1-ИЛОВА
Тошкент Халқаро ислом тадқиқот марказининг
НИЗОМИ
I. Умумий қоидалар
1.1. Тошкент Халқаро ислом тадқиқот Маркази (бундан кейин матнда «Марказ» деб аталади) Мовароуннаҳр мусулмонлари идорасининг таклифига биноан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Тошкент шаҳрида Халқаро ислом тадқиқот Марказини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори асосида ташкил этилган, ўз-ўзини бошқарадиган мустақил ташкилот бўлиб, ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва амалдаги бошқа қонунлари, ҳукумат қарорлари ҳамда ушбу Низом асосида олиб боради.
1.2. Марказ Мовароуннаҳр мусулмонлари идораси ҳузурида ислом дини ва маданиятини, Ватанимиз тарихи ва миллий меросини, қадимий анъаналарини ҳар томонлама ўрганиш, уларга оид мавжуд манбаларни илмий талаблар асосида тадқиқ ва нашр қилиш мақсадини кўзлаб иш тутади.
Марказ Ўзбекистон Республикасида ислом тарихи ва исломшунослик бўйича олиб борилаётган тадқиқотларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари қўмитаси билан ҳамкорликда мувофиқлаштиради ва зарур илмий-услубий тавсиялар ишлаб чиқади.
1.3. Марказнинг асосий вазифалари:
ислом тарихи ва маданияти бўйича концептуал тадқиқотлар яратиш ва уларни чоп этиш;
мамлакатимизда мавжуд бўлган бой диний, миллий ва маънавий меросни ўрганиш, диёримиздан етишиб чиққан алломаларнинг асарларини тадқиқ этиш, илмий-танқидий матнларни тайёрлаш ва нашр этиш;
Қуръон ва ҳадисларнинг ўзбек тилидаги академик таржималарини тайёрлаш, уларга тегишли шарҳларни нашр этиш;
мамлакат ахборот органларига амалга ошираётган илмий изланишлари ҳақида маълумот ва ахборотлар бериб туриш;
халқаро мусулмон ташкилотлари билан алоқа боғлаш, маҳаллий ва халқаро илмий анжуманлар ташкил қилиш;
олий ва ўрта махсус ўқув юртлари учун Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси илмий-текшириш институтлари билан ҳамкорликда исломий илмлар бўйича қўлланмалар тайёрлаш;
бошқа жойларда ёзилган шундай ишларни илмий экспертизадан ўтказиш ва улардан фойдаланиш юзасидан хулосалар тайёрлашдан иборатдир.
1.4. Марказ юридик шахс мақомига, мустақил балансга, думалоқ шаклдаги муҳрга, штампга, ҳисоб рақамлари, ўзбек, инглиз ва араб тилларида номи кўрсатилган расмий иш қоғозларига эга бўлади.
II. Марказнинг бошқарув асослари ва тизими
2.1. Марказни бошқариш Вазирлар Маҳкамаси билан келишилган ҳолда Мовароуннаҳр мусулмонлари идораси томонидан тасдиқланган директор ва унинг ўринбосарлари зиммасига тушади.
Директор ўз ваколатлари доирасида Марказнинг барча ходимлари учун бажарилиши мажбурий бўлган буйруқлар чиқаради, амалдаги қонунларга мувофиқ ходимларни ишга қабул қилади ва ишдан бўшатади.
2.2. Марказда бўлимлар, шуъбалар, лабораториялар, кутубхона ва бошқа илмий тадқиқотлар учун керакли иш жойлари ташкил этилади.
2.3. Марказда асосий фаолият билан боғлиқ масалаларни ҳал қилиш учун Мовароуннаҳр мусулмонлари идораси тасдиқлаган Марказ директори раҳбарлигида илмий ҳайъат тузилади. Илмий ҳайъат таркиби, ваколатлари ва иш жараёни республика илмий-тадқиқот институтлари учун қабул қилинган тартиб асосида тузилади ва амалга оширилади.
III. Марказнинг илмий ва бошқа ходимлари
3.1. Марказга ислом дини асослари ва таълимотини яхши билган, юқори савиядаги диний ва замонавий билимларга эга бўлган мутахассислар, иқтидорли илмий кадрлар жалб этилади. Барча вазифалар Ўзбекистон Республикаси Қонунига кўра меҳнат шартномаси асосида тақсимланади.
3.2. Марказ илмий ходимлари илмий ҳайъат аъзолигига сайлаш ва сайланиш, Марказ фаолиятига тааллуқли муҳим масалаларнинг муҳокамасида қатнашиш, Марказ тасарруфидаги хоналар ва техник воситалардан фойдаланиш ҳуқуқига эгадирлар.
3.3. Марказ илмий ходимлари ички тартиб-интизомнинг сақланиши, тадқиқотларнинг юқори савияда бажарилиши ва ўз малакаларини мунтазам равишда ошириб бориш учун масъулдирлар.
3.4. Марказда турли сиёсий партиялар, ижтимоий-сиёсий ва диний ҳаракатлар фаолиятига йўл қўйилмайди.
3.5. Марказ ходимларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари амалдаги қонунчилик, ички тартиб-қоидалар ва раҳбариятнинг кўрсатмалари билан белгиланади.
IV. Марказнинг молиявий маблағлари
4.1. Марказнинг молия-хўжалик фаолияти:
Мовароуннаҳр мусулмонлари идорасидан ажратиладиган маблағлар;
бюджетдан ажратиладиган маблағлар;
турли ташкилот ва фуқароларнинг, шу жумладан, чет эллик фуқаролар ва ташкилотларнинг хайр-эҳсонлари асосида шакллантирилади.
4.2. Марказ турли давлат ва жамоат ташкилотлари, тижорат тизимлари ва корхоналар, шу жумладан, чет эл фирмалари билан ўз фаолияти доирасида шартномалар тузиши мумкин.
4.3. Марказ пул маблағларини сақлаш, турли шаклдаги ҳисоб-китоб, кредит, касса муомалаларини олиб бориш учун банк ва бошқа кредит муассасаларида сўм ва валюта ҳисобларини олади.
4.4. Марказнинг илмий ва бошқа ходимларига ягона тариф сеткасига мувофиқ бюджет ҳисобидан ҳақ тўланади. Марказ ўз имкониятлари доирасида мустақил равишда турли рағбатлантириш шаклларидан фойдаланиши мумкин.
Ҳар йил якунида Ўзбекистон Молия вазирлиги ва Мовароуннаҳр мусулмонлари идорасига молиявий ҳисобот бериб боради.
V. Марказнинг халқаро фаолияти
5.1. Марказ илмий ходимларнинг малакасини ошириш, чет элларда илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш, ўзаро тажриба алмашиш ҳамда ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошириш мақсадида халқаро ҳамкорликни амалга ошириш ҳуқуқига эгадир.
5.2. Марказ илмий ходимларининг хорижга илмий-хизмат сафарига бориши ва шунингдек, хориждан Марказга мутахассислар жалб қилиш давлатлараро тузилган шартномалар, республика ижро этувчи органларининг хорижий давлатлар идоралари билан битимлари ва Марказнинг чет эллик фуқаролар ва идоралар билан тузилган шартномалари Республика Вазирлар Маҳкамасининг тегишли бўлими билан келишган ҳолда амалга оширилади.
VI. Марказнинг тугатилиши
Марказ ва унинг бўлимларини тугатиш ёки қайта ташкил этиш Мовароуннаҳр мусулмонлари идораси тавсиясига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.
Вазирлар Маҳкамасининг 1995 йил 19 майдаги 175-сон қарорига
2-ИЛОВА
Халқаро ислом тадқиқот марказининг тузилмаси
Вазирлар Маҳкамасининг 1995 йил 19 майдаги 175-сон қарорига
3-ИЛОВА
Тошкент Халқаро ислом тадқиқот маркази ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш разрядлари ва тариф коэффициентлари
Т/р‎

Лавозимлар‎

Меҳнатга ҳақ тўлаш разрядлари ‎

Тариф коэффициентлари

1. Директор: ‎профессор ёки фан доктори доцент ёки фан номзоди 21 3,73
‎‎20‎

3,51 ‎

илмий даражаси ёки унвони бўлмаса‎ 18‎ 3,13‎
2.‎‏
Илмий ишлар бўйича ўринбосар:
‎профессор ёки фан доктори доцент ёки фан номзоди ‎‏
19‎ 3,31 ‎
18‎

3,13‎

илмий даражаси ёки унвони бўлмаса‎ 17‎ 2,96‎
3.‎ Умумий ишлар бўйича ўринбосар‎ 16‎ 2,80‎
4.‎ Илмий-тадқиқот бўлими мудирлари, илмий котиб‎ 17‎ 2,96‎
5.‎ Бош бухгалтер, бош муҳандис‎ 14-17‎ 2,54-2,96‎
6.‎ Кадрлар ва хўжалик бўлими мудирлари, бош илмий ходимлар‎ 14-16‎ 2,54-2,80‎
7.‎ Кабинет ва лаборатория мудирлари, етакчи илмий-ходимлар‎ 14-15‎ 2,54-2,66‎
8.‎ Референт-таржимон, юрисконсульт, катта илмий ходимлар‎ 13-14‎ 2,42-2,54‎
9.‎ Барномачи-муҳандис, илмий ходимлар ‎ 12-13‎ 2,32-2,42‎
10.‎ Кутубхона мудири, кичик илмий ходимлар‎ 10-11‎ 2,12-2,22‎
11.‎ Бухгалтер, муҳандис, канцелярия мудири‎ 8-10‎ 1,94-2,12‎