Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
Республикада иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш соҳасида Ўзбекистон Республикаси билан Халқаро валюта жамғармаси ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш ва чуқурлаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Валюта ва ташқи савдо тизимини янада эркинлаштириш чора-тадбирларини амалга оширишга комплекс ёндашишни ишлаб чиқиш учун Халқаро валюта жамғармаси билан қўшма ишчи гуруҳ
иловага мувофиқ таркибда ташкил этилсин.
2. Ишчи гуруҳ Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, Молия вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги, бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар иштирокида халқаро амалиётда қабул қилинган услубий ёндашувлардан келиб чиқиб ва республикада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олиб ташқи савдони тартибга солишни янада соддалаштириш, биржадан ташқари валюта бозорини мустаҳкамлаш, валюта тизимини эркинлаштириш ва миллий валютанинг жорий операциялар бўйича конвертация қилинишига эришиш юзасидан аниқ чора-тадбирларни, шунингдек тенг мувозанатли алмаштириш курсини белгилашга доир таклифларни 1998 йил 1 майгача ишлаб чиқсин.
3. Ишчи гуруҳ раиси ишчи гуруҳ дастури ва фаолияти жадвалини бир ҳафта муддатда ишлаб чиқсин ва келишиш учун киритсин.
4. Ишчи гуруҳ Халқаро валюта жамғармаси экспертлари билан биргаликда Халқаро валюта жамғармаси билан ҳамкорлик қилишга ёндашувлар ва унинг принциплари бўйича таклифларни икки ой муддатда ишлаб чиқсин ва Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Макроиқтисодиёт ва статистика вазирлиги, Молия вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги, Марказий банк, Давлат божхона қўмитаси, бошқа вазирликлар ва идоралар ишчи гуруҳ аъзоларининг сўровлари бўйича барча зарур ахборотларни белгиланган тартибда тақдим этсинлар.