Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
Зарафшон дарёси ҳавзасида сув хўжалиги ва экология жиҳатидан кескин вазият вужудга келганлиги муносабати билан хамда Самарқанд, Навоий ва Бухоро вилоятларида санитария-эпидемиологик ҳолат ёмонлашишининг олдини олиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Зарафшон дарёси ҳавзасида экологик ва санитария-эпидемиологик вазиятни яхшилаш, хавфли юкларни Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали транспортда ташишда бўлиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар иловага
* мувофиқ тасдиқлансин.
2. Вазирлар Маҳкамасининг 2001 йил 3 майдаги фармойиши билан ташкил этилган Зарафшон дарёси ҳавзасида экологик ва санитария-эпидемиологик вазиятни яхшилаш бўйича идоралараро ишчи комиссия:
вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари, Самарқанд, Навоий ва Бухоро вилоятлари ҳокимликлари раҳбарларининг мўлжалланган чора-тадбирларнинг амалга оширилиши тўғрисидаги ҳисоботларини мунтазам равишда эшитиб борсин;
тасдиқланган чора-тадбирларнинг бажарилиши юзасидан ҳар бир ярим йиллик якунлари бўйича Вазирлар Маҳкамасига ахборот берсин.
3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси И. Жўрабеков зиммасига юклансин.