1.09.00.00.00 Тадбиркорлик ва хўжалик фаолияти / 09.10.00.00 Саноат / 09.10.13.00 Қазилма хом ашёларни қазиб олиш саноати;
2.11.00.00.00 Атроф табиий муҳит ва табиий ресурслар / 11.04.00.00 Ер ости бойликларидан фойдаланиш ва муҳофаза қилиш / 11.04.04.00 Ер ости бойликларидан фойдаланиш. Фойдаланиш турлари / 11.04.04.02 Фойдали қазилмаларни кавлаб олиш;
3.11.00.00.00 Атроф табиий муҳит ва табиий ресурслар / 11.04.00.00 Ер ости бойликларидан фойдаланиш ва муҳофаза қилиш / 11.04.04.00 Ер ости бойликларидан фойдаланиш. Фойдаланиш турлари / 11.04.04.05 Ер қаърини геологик жиҳатдан ўрганиш]
ҒИШТ ХОМ АШЁСИНИ ГЕОЛОГИК ЖИҲАТДАН ЎРГАНИШ, ТАЖРИБА-САНОАТ ВА САНОАТ АСОСИДА КАВЛАБ ОЛИШ УЧУН ЕР ҚАЪРИ УЧАСТКАЛАРИДАН ФОЙДАЛАНИШ ҲУҚУҚИНИ БЕРАДИГАН ЛИЦЕНЗИЯЛАР БЕРИШНИНГ СОДДАЛАШТИРИЛГАН ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДАГИ ВАҚТИНЧАЛИК НИЗОМНИ ТАСДИҚЛАШ ҲАҚИДА
LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 25 мартдаги 133-сонли «Ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи учун рухсатномалар бериш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Деворбоп материаллар ишлаб чиқаришни кўпайтиришни рағбатлантириш ва сифатини яхшилаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2009 йил 19 июндаги ПҚ-1134-сон қарорини бажариш юзасидан, шунингдек энергияни тежайдиган замонавий технологиялар асосида пишиқ ғишт ишлаб чиқараётган корхоналарни қўллаб-қувватлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ғишт хом ашёсини геологик жиҳатдан ўрганиш, тажриба-саноат ва саноат кўламида кавлаб олиш учун ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқини берадиган лицензиялар беришнинг соддалаштирилган тартиби тўғрисидаги Вақтинчалик низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси «Ўзқурилишматериаллари» акциядорлик компанияси билан биргаликда 2010 йил 1 февралгача энергияни тежайдиган замонавий технологиялар асосида пишиқ ғишт ишлаб чиқараётган ишлаб турган корхоналарга уларнинг буюртманомалари бўйича ғишт хом ашёсини геологик жиҳатдан ўрганиш, тажриба-саноат ва саноат асосида кавлаб олиш учун ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқини берадиган лицензиялар берилишини таъминласин.
Белгилаб қўйилсинки, энергияни тежайдиган замонавий технологиялар асосида пишиқ ғишт ишлаб чиқарадиган корхоналар ғишт хом ашёсини геологик жиҳатдан ўрганиш, тажриба-саноат ва саноат асосида кавлаб олиш ҳуқуқини берадиган лицензия олингунга қадар, бироқ 2010 йил 1 февралдан кеч бўлмаган муддатгача ишлаб чиқариш фаолиятини давом эттириш ҳуқуқига эга.
3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Б.А. Хўжаев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2009 йил 27 октябрь,
284-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 27 октябрдаги 284-сон қарорига ИЛОВА
Ғишт хом ашёсини геологик жиҳатдан ўрганиш, тажриба-саноат ва саноат асосида кавлаб олиш учун ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқини берадиган лицензиялар беришнинг соддалаштирилган тартиби тўғрисида
ВАҚТИНЧАЛИК НИЗОМ
I. Умумий қоидалар
1. Ушбу Вақтинчалик низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Деворбоп материаллар ишлаб чиқаришни кўпайтиришни рағбатлантириш ва сифатини яхшилаш борасида қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2009 йил 19 июндаги ПҚ-1134-сон қарорига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 7 июндаги ПҚ-649-сон қарори билан тасдиқланган Ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқини бериш тартиби ва шартлари тўғрисидаги Низомга мувофиқ ишлаб чиқилган ва ғишт хом ашёсини геологик жиҳатдан ўрганиш, тажриба-саноат ва саноат асосида кавлаб олиш учун ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқини берадиган лицензиялар беришнинг соддалаштирилган тартибини белгилайди.
II. Ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқини берадиган лицензиялар бериш тартиби ва шартлари
2. Умумий тарқалган фойдали қазилма сифатида ғиштнинг хом ашё базасини ташкил этиш ва кенгайтириш, ғишт хом ашёсини тажриба-саноат ва саноат асосида кавлаб олиш мақсадида геологик жиҳатдан ўрганиш учун ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқини берадиган лицензиялар Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитасининг (кейинги ўринларда Давлат геология қўмитаси деб юритилади) ностандарт, тежамсиз печларни махсус энергия ва ресурсларни тежайдиган технологияларга алмаштирган ҳолда, энергияни тежайдиган технологияларни жорий этган пишиқ ғишт ишлаб чиқарадиган корхоналар билан тўғридан-тўғри музокаралар олиб бориш натижаларига кўра берилади.
3. Ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқини берадиган лицензияни олиш учун лицензия талабгори Давлат геология қўмитасига буюртманома тақдим этади (лицензия бериш схемаси ушбу Низомга иловада келтирилган).
Буюртманомада сўралаётган ер қаъри участкасининг номи, жойлашган жойи (минтақа, туман, яқин аҳоли пунктигача, темир йўл станциясигача бўлган масофа) ҳамда ер қаъридан фойдаланишнинг назарда тутилаётган тури кўрсатилади.
юридик шахс — лицензия талабгори давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг нотариал тасдиқланган нусхалари;
фаолиятнинг асосий турларини бажариш ва маҳсулот ишлаб чиқариш бўйича лицензия талабгорининг техник ва технологик имкониятлари, бундай ишларни бажариш учун лицензия талабгори томонидан пудратчилар сифатида жалб этиладиган корхоналар тўғрисидаги маълумотлар, зарурият бўлганда — ер қаъридан фойдаланиш билан боғлиқ фаолиятнинг айрим турларини амалга ошириш ҳуқуқини берадиган лицензиялар (рухсатномалар) нусхалари;
сўралаётган ер қаъри участкасидан фойдаланиш билан боғлиқ ишларни бажариш имкониятини тасдиқлайдиган лицензия талабгорининг молиявий ҳолати тўғрисидаги маълумотлар (мавжуд бўлганда — кейинги уч йил учун йиллик баланслар ва молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисоботлар), зарурият бўлганда, банк ёки бошқа кредит берувчининг кредит берилиши тўғрисидаги кафолати;
«Ўзқурилишматериаллари» акциядорлик компаниясининг лицензия талабгори пишиқ ғишт ишлаб чиқариш бўйича махсус печлар (айланма, туннелсимон ва бошқалар)дан фойдаланган ҳолда энергияни тежайдиган замонавий технологияларга эгалигини ёки уларни ишлаб чиқаришга жорий этиш жараёни бораётганлигини тасдиқлайдиган эксперт хулосаси.
4. Экспертиза «Ўзқурилишматериаллари» акциядорлик компанияси томонидан лицензия талабгоридан тегишли мурожаат тушган кундан бошлаб ўн кун мобайнида ўтказилади.
5. Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси буюртманома қабул қилинганлиги ёки асосли рад этилганлиги тўғрисида лицензия талабгорини буюртманома тушган кундан бошлаб беш иш куни мобайнида ёзма равишда хабардор қилади.
6. Ер қаъри участкасидан фойдаланиш ҳуқуқини берадиган лицензия берилиши юзасидан берилган буюртманома кўриб чиқилганлиги учун қонун ҳужжатларида белгиланган базавий ҳисоблаш миқдорининг тўрт баравари миқдорида йиғим ундирилади. Буюртманома кўриб чиқилганлиги учун йиғим суммаси Ўзбекистон Республикаси Давлат геология қўмитасининг ҳисоб рақамига ўтказилади.
(6-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 28 декабрдаги 1046-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 29.12.2019 й., 09/19/1046/4242-сон)
7. Буюртманома қуйидаги ҳолларда, агар:
талабгор томонидан тақдим этилган ҳужжатларда ҳақиқий бўлмаган ёки бузилган маълумотлар мавжуд бўлса;
ариза берувчи ер қаъри участкасидан фойдаланиш учун зарур молиявий ва техник воситаларга эгалиги ёки келгусида эга бўлишининг исботини тақдим этмаган бўлса ёки тақдим этиши мумкин бўлмаса рад этилиши мумкин.
8. Буюртманома қабул қилингандан кейин Давлат геология қўмитаси лицензияга киритиладиган ер қаъри участкасидан фойдаланиш шартлари лойиҳасини ўн кун мобайнида ишлаб чиқади.
Ер қаъри участкасидан фойдаланиш шартлари лойиҳаси материаллар тушган кундан бошлаб ўн кун мобайнида бир вақтнинг ўзида Давлат геология қўмитаси, Давлат экология қўмитаси ва «Саноатгеоконтехназорат» давлат инспекцияси билан келишилади.
(8-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 14 ноябрдаги 915-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 15.11.2017 й., 09/17/915/0259-сон)
9. Ер қаъри участкасидан фойдаланиш шартларининг келишилган лойиҳаси танишиш учун талабгорга берилади.
10. Талабгор ер қаъридан фойдаланишнинг таклиф этилаётган шартларига рози бўлган тақдирда унга беш кун муддатда:
ер қаъри тадбиркорлик таваккалчилиги шартларида ғишт хом ашёсини геологик жиҳатдан ўрганиш, шунингдек тажриба-саноат асосида кавлаб олиш учун берилган тақдирда — ер қаъри участкасидан фойдаланиш бўйича йириклаштирилган техник-иқтисодий ҳисоб-китобларни;
ер қаъри ғишт хом ашёсини кавлаб олиш учун берилган тақдирда — ер қаъри участкасидан фойдаланиш бўйича дастлабки техник-иқтисодий асосни тайёрлаш учун етарли бўлган сўралаётган участка бўйича геологик маълумотлар ва бошқа маълумотлар белгиланган тартибда тақдим этилади.
11. Келишилган муддатларда талабгор ер қаъри участкасидан фойдаланишнинг ишлаб чиқилган шартлари ва ер қаъридан фойдаланиш мақсадлари ҳисобга олинган ҳолда:
ер қаъри участкасидан фойдаланиш бўйича йириклаштирилган техник-иқтисодий ҳисоб-китобларни ёки дастлабки техник-иқтисодий асослашни тайёрлайди ҳамда уларни экспертизадан ўтказиш учун Давлат геология қўмитаси ва «Саноатгеоконтехназорат» давлат инспекциясига тақдим этади;
(11-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 17 декабрдаги 301-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2010 й., 51-сон, 486-модда)
мўлжалланаётган фаолиятнинг атроф муҳитга таъсирини баҳолаш лойиҳасини тайёрлайди ва давлат экология экспертизасидан ўтказиш учун Давлат экология қўмитасининг тегишли бўлинмасига тақдим этади.
(11-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 14 ноябрдаги 915-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 15.11.2017 й., 09/17/915/0259-сон)
12. Йириклаштирилган техник-иқтисодий ҳисоб-китоблар ва (ёки) дастлабки техник-иқтисодий асослашнинг экспертизаси улар тақдим этилган пайтдан бошлаб ўн кун муддатда бир вақтнинг ўзида Давлат геология қўмитаси ва «Саноатгеоконтехназорат» давлат инспекцияси томонидан амалга оширилади.
Атроф муҳитга таъсирни баҳолаш лойиҳасининг давлат экспертизаси ҳам Ўзбекистон Республикаси Давлат экология қўмитасининг тегишли бўлинмаси томонидан материаллар тақдим этилган пайтдан бошлаб ўн кун муддатда амалга оширилади.
(12-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 14 ноябрдаги 915-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 15.11.2017 й., 09/17/915/0259-сон)
13. Экспертиза натижалари бўйича талабгор келишилган муддатларда йириклаштирилган техник-иқтисодий ҳисоб-китоблар ва (ёки) дастлабки техник-иқтисодий асослашга зарур тузатишлар киритади ҳамда уларни келишиш учун Давлат геология қўмитаси ва «Саноатгеоконтехназорат» давлат инспекциясига юборади.
(13-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 17 декабрдаги 301-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2010 й., 51-сон, 486-модда)
14. Ижобий экспертиза хулосаси олинган йириклаштирилган техник-иқтисодий ҳисоб-китоблар ва (ёки) дастлабки техник-иқтисодий асослаш талабгор томонидан Давлат геология қўмитасига тақдим этилади.
15. Давлат геология қўмитаси ўн кун муддатда зарур материалларни тайёрлайди ва талабгорга ер қаъри участкасидан фойдаланиш ҳуқуқини берадиган тегишли лицензияни беради.
16. Ер қаъридан фойдаланувчига лицензия берилгандан кейин ер қаъри участкасидан фойдаланиш бўйича узил-кесил техник-иқтисодий асослашни белгиланган тартибда ишлаб чиқиш учун фойдаланишга берилган ер қаъри участкаси бўйича геологик маълумотлар ва бошқа маълумотларнинг тўла туркуми тайёрланади.
17. Ғишт хом ашёсини геологик жиҳатдан ўрганиш, тажриба-саноат ва (ёки) саноат асосида кавлаб олиш учун ер қаъри участкасидан фойдаланиш ҳуқуқини берадиган лицензия икки йил муддатга берилади, кейинчалик лицензия эгасининг аризасига биноан ер қаъридан фойдаланиш муддати узайтирилади.
18. Давлат геология қўмитаси ҳар чоракда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитасига ғишт хом ашёсини геологик жиҳатдан ўрганиш, тажриба-саноат ва саноат асосида кавлаб олиш учун ер қаъри участкасидан фойдаланиш ҳуқуқини берадиган янгидан берилган лицензиялар тўғрисидаги маълумотларни тақдим этади.
III. Якунловчи қоидалар
19. Ушбу Вақтинчалик низом 2012 йил 1 январгача амал қилади.
20. Ушбу Вақтинчалик низомда назарда тутилган мақсадларда ер қаъридан фойдаланиш ҳуқуқини чеклаш, тўхтатиб туриш ва тўхтатиш тартиби ва ер қаъри участкаларидан фойдаланиш билан боғлиқ бошқа масалалар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 7 июндаги ПҚ-649-сон қарори билан тасдиқланган Ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқини бериш тартиби ва шартлари тўғрисидаги низом билан тартибга солинади.
Фойдали қазилмаларни (ғишт хом ашёсини) геологик жиҳатдан ўрганиш, тажриба-саноат ва саноат асосида кавлаб олиш учун ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқини берадиган лицензиялар беришнинг соддалаштирилган тартиби СХЕМАСИ
* Изоҳ. Ер қаъри участкасидан фойдаланиш ҳуқуқини олишга талабгор (ариза берувчи) фойдали қазилмаларни кавлаб олиш учун ажратилган участканинг фойдали қазилмалари конлари захирасини ўз балансига қабул қилиб олади ва ҳар чоракда Давлат геология қўмитасига «шакл — 5ГР» бўйича ҳисобот тақдим этади.
(илова Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 14 ноябрдаги 915-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 15.11.2017 й., 09/17/915/0259-сон)