Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Халқимизнинг озодлик ва мустақиллик учун олиб борган кўп йиллик машаққатли курашини ҳаққоний ва тўлақонли акс эттириш, мустабид тузум давридаги оммавий қатағонлар туфайли қурбон бўлган, инсонлик шаъни, қадр-қиммати топталган ватандошларимизнинг ҳурмати ва хотирасини жойига қўйиш, фуқароларимиз, айниқса, ёш авлод қалбида Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат туйғуларини кучайтириш борасида «Қатағон қурбонлари хотираси» музейлари алоҳида муҳим аҳамиятга эга эканини назарда тутиб республика жамоат ташкилотлари, таълим муассасалари, жамоатчилик вакиллари томонидан билдирилган таклиф ва мулоҳазаларни инобатга олиб ҳамда музей фаолиятини янада такомиллаштириш мақсадида:
1. «Қатағон қурбонлари хотираси» музейининг янги илмий экспозициясини яратиш бўйича
ишчи гуруҳи таркиби иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Ишчи гуруҳи бир ой муддатда янги экспозициянинг ҳар томонлама пухта ўйланган илмий-тарихий концепцияси ва мавзу режасини ишлаб чиқсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Бадиий академия, Миллий ғоя ва мафкура илмий-амалий маркази, Республика Маънавият тарғибот маркази музейнинг янги экспозициясини яратиш ишларини 2008 йилнинг 1 августига қадар якунига етказсин.
4. Тошкент шаҳар ҳокимлиги 2008 йилнинг 1 июлига қадар музейнинг мавжуд биносини реконструкция қилиш, янги иккита экспозиция залини ўз ичига олган қўшимча бино қуриш ишларининг якунланишини таъминласин.
5. Қурилиш, реконструкция, янги экспозициясини яратиш, тегишли асбоб-ускуна ва жиҳозларни харид қилиш бўйича ишларни белгиланган муддатда охирига етказиш мақсадида лойиҳалаш ва қурилиш ишларининг бир вақтда амалга оширилиши, юқорида зикр этилган барча ишларнинг тендер танловлари савдоси ўтказмасдан амалга оширилишига истисно тариқасида рухсат берилсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати, Бош Прокуратура, Олий суд, Ички ишлар вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Фанлар академияси, Президент девони архиви, «Ўзархив» агентлиги, Маданият ва спорт ишлари вазирлиги ва бошқа тегишли вазирлик ва идоралар мустамлакачилик ва қатағон даврига оид ҳужжатлар, кино-фото материаллар, ашёвий далиллардан ишчи гуруҳининг фойдаланиши, экспозиция фаолияти учун керакли деб топилган архив ҳужжатларининг белгиланган тартибда музейга берилиши учун зарур чора- тадбирларни кўрсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги музейнинг янги экспозициясини яратиш ишлари учун тақдим этилган ҳисоб-китоблар асосида Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармасидан ўз вақтида маблағ ажратишни таъминласин.
8. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш.Мирзиёев зиммасига юклансин.