toggle_night_mode
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Қарори
ТОШКЕНТ ШАҲРИДА ТУРИН ПОЛИТЕХНИКА УНИВЕРСИТЕТИ ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА
Саноатнинг юқори технологияга асосланган тармоқлари, саноат ва хўжалик объектларини лойиҳалаштириш ҳамда қуриш учун илғор таълим стандартлари даражасида олий маълумотли мутахассислар тайёрлашни янада ривожлантириш ва такомиллаштириш, олий таълим соҳасида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, «Ўзавтосаноат» акциядорлик компанияси, «Женерал Моторс» корпорацияси ва Турин политехника университетининг (Италия Республикаси) Тошкент шаҳрида Турин политехника университетини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
2. Белгилаб қўйилсинки, Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети (кейинги ўринларда Университет деб юритилади) Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Турин политехника университети (Италия Республикаси), «Ўзавтосаноат» акциядорлик компанияси ва бошқа манфаатдор хўжалик бирлашмалари ҳамда корхоналари томонидан нотижорат ташкилот сифатида ташкил этиладиган олий таълим ташкилоти ҳисобланади.
(2-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 9 ноябрдаги ПФ-3-сонли Фармони таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 09.11.2021 й., 06/21/3/1037-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
Турин политехника университетида (Италия Республикаси) қабул қилинган таълим дастурларига ҳамда олий таълим сифатига қўйиладиган умумий эътироф этилган халқаро талабларга, Ўзбекистон Республикасининг «Таълим тўғрисида»ги Қонунининг мақсад ва вазифаларига мувофиқ автомобиль, машинасозлик ва электротехника саноати, энергетика, саноат ва хўжалик объектларини лойиҳалаштириш ҳамда қуриш корхона ва ташкилотлари учун юқори малакали мутахассислар тайёрлаш Университетнинг асосий вазифаси ҳисоблансин.
(2-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 9 ноябрдаги ПФ-3-сонли Фармони таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 09.11.2021 й., 06/21/3/1037-сон)
«Тошкент шаҳрида Турин политехника университетининг ташкил этиш бўйича Ташкилий комиссия таркиби 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
3. Белгилансинки:
а) Университет Турин политехника университети (Италия Республикаси) билан тузиладиган сервис ва лицензия битимлари асосида кадрларга бўлган эҳтиёжни ҳисобга олган ҳолда, барча даражалардаги мутахассислар, шу жумладан, илмий-педагогик кадрлар тайёрлайди, шунингдек, кадрлар тайёрлашнинг асосий йўналишлари бўйича илмий-тадқиқот фаолиятини амалга оширади;
б) абитуриентларни ўқишга қабул қилиш ва Университет битирувчиларини аттестациядан ўтказиш:
лицензия талаблари асосида кадрлар тайёрлаш учун рухсат берилган бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ;
Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан келишилган ҳолда Турин политехника университети (Италия Республикаси) ҳамда бошқа илғор хорижий олий таълим ташкилотлари билан келишувга асосан ташкил этилган таълим дастурларида белгиланган тартиб, талаб ва муддатларга мувофиқ амалга оширилади;
в) талабаларни ўқитиш, Ўзбекистон Республикаси давлат таълим стандартлари талабларини ҳисобга олган ҳолда, Турин политехника университети (Италия Республикаси), бошқа илғор хорижий олий таълим ташкилотлари ҳамда Университет томонидан ишлаб чиқилган ўқув режалари ва дастурлари бўйича олиб борилади;
г) Университет тўлиқ академик, молиявий ва ташкилий мустақил олий таълим ташкилоти ҳисобланади;
д) Университетнинг:
Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан келишилган ҳолда Университет томонидан ишлаб чиқилган таълим дастурлари бўйича таълим олган битирувчиларига Университетнинг Ўзбекистон Республикасида олий маълумот тўғрисидаги ҳужжат сифатида эътироф этиладиган белгиланган намунадаги дипломи;
Турин политехника университети (Италия Республикаси) ҳамда бошқа илғор хорижий олий таълим ташкилотлари билан келишувга асосан ташкил этилган таълим дастурлари бўйича таълим олган битирувчиларига тегишли олий таълим ташкилотларининг Ўзбекистон Республикасида олий маълумот тўғрисидаги ҳужжат сифатида эътироф этиладиган белгиланган намунадаги дипломи берилади;
ж) Университетда талабаларни ўқитиш тўлов-контракт асосида амалга оширилади ҳамда қабул параметрлари ва талабаларни ўқитиш учун тўлов-контракт суммаси Университет томонидан белгиланади.
(3-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 19 июлдаги ПФ-114-сонли Фармони таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.07.2025 й., 06/25/114/0633-сон)
4. Турин политехника университети (Италия Республикаси):
Университетда илғор педагогика ва ахборот технологиялари, илм-фан ва техниканинг энг сўнгги ютуқларидан фойдаланишга асосланган ҳолда, ўқув-услубий раҳбарликни ва ўқув жараёнини амалга оширишни таъминлаши;
Университетнинг кутубхона фондини шакллантириш ва уни замонавий ўқув, ўқув-услубий ва илмий-техника адабиётлари билан тўлдиришга, ўқув-лаборатория базаси ҳамда замонавий ахборот марказини ташкил этишга кўмаклашиши;
ўзбекистонлик ёш ва истиқболли илмий-педагог кадрларнинг малакасини, шу жумладан чет элда оширишга кўмаклашиши маълумот учун қабул қилинсин.
5. Белгилансинки, Университет фаолиятини молиялаштириш:
талабаларни тўлов-контракт асосида ўқитиш учун тушадиган маблағлар, шу жумладан манфаатдор ташкилотлар томонидан талабалар билан тузилган контрактлар асосида бериладиган грантлар;
Университет Васийлик кенгаши қарорлари асосида жалб қилинадиган бошқа маблағлар, шунингдек ҳомийлар маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига амалга оширилади.
Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети Васийлик кенгашининг шахсий таркиби 3-иловага мувофиқ маъқуллансин.
6. Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети барча турдаги солиқлардан ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхат бўйича республикамизга Университетни реконструкция қилиш, жиҳозлаш ва унинг фаолиятини таъминлаш учун олиб келинадиган асбоб-ускуналар, компьютер ва ташкилий техника, адабиёт, мультимедия маҳсулотлари, қурилиш материаллари, жиҳозлар ва моддий-техника ресурслари божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) 5 йил муддатга озод этилсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги «Ўзавтосаноат» акциядорлик компанияси ва Университет буюртманомалари бўйича Университетнинг ушбу қарорни амалга ошириш доирасида жалб қилинадиган чет эллик профессор-ўқитувчилари ва маъмурий ходимлари, шунингдек уларнинг оила аъзолари учун кириш визаларини консуллик ва бошқа йиғимлар ундирилмасдан белгиланган тартибда расмийлаштиришни таъминласин.
8. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги «Ўзавтосаноат» акциядорлик компанияси ва Университет буюртманомалари бўйича Университетнинг чет эллик профессор-ўқитувчилари ва маъмурий ходимларига, уларнинг оила аъзоларига, давлат божлари тўлашдан озод этган ҳолда, кўп марталик визалар берилиши ва узайтирилишини, шунингдек вақтинчалик яшаш жойида вақтинчалик рўйхатдан ўтказилишини ва вақтинчалик рўйхатдан ўтказиш муддати узайтирилишини белгиланган тартибда таъминласин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
9. Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги Ўзбекистон Республикасига чет эллик профессор-ўқитувчилар ва маъмурий ходимларни жалб қилиш учун Университетга, уни давлат божи тўлашдан озод этган ҳолда белгиланган тартибда рухсатномалар берилишини таъминласин.
(9-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 3 июлдаги ПФ-107-сонли Фармони таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 04.07.2023 й., 06/23/107/0441-сон)
10. Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети қуйидаги манзилдаги туташ ҳудудга эга бинолар комплексида жойлаштирилсин: Тошкент шаҳри, Ниёзов кўчаси (Кичик ҳалқа йўли), 17-уй.
11. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ўн кун муддатда юқорида кўрсатилган туташ ҳудудга эга бинолар комплексини «Ўзавтосаноат» акциядорлик компанияси балансига, 2009/2010 ўқув йили бошлангунга қадар бинолар комплексини компания томонидан реконструкция қилиш ва Университетни зарур мебеллар, жиҳозлар, ўқув ва лаборатория анжомлари, компьютер ва бошқа ташкилий техника билан замонавий талабларга мувофиқ жиҳозлашни таъминлаш шарти билан беришни назарда тутадиган қарор қабул қилсин.
12. Мазкур қарор ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш.М. Мирзиёев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2009 йил 27 апрель,
ПҚ-1106-сон
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2009 йил 27 апрелдаги ПҚ-1106-сон қарорига
1-ИЛОВА
Тошкент шаҳрида Турин политехника университетини ташкил этиш бўйича Ташкилий комиссия
ТАРКИБИ

Р.С. Азимов

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари, Ташкилий комиссия раиси

У.У. Розуқулов

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари — «Ўзавтосаноат» АК Бошқарув раиси

Р.С. Қосимов

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари

Н.М. Ханов

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари — Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси раиси

А.П. Парпиев

Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазири

Ж.А. Қўчқоров

Ўзбекистон Республикаси молия вазири ўринбосари

А.Р. Тўхтаев

Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси раиси ўринбосари

А.Х. Тўхтаев

Тошкент шаҳар ҳокими

Ш.Ф. Юсупов

«Ўзавтосаноат» АК Бошқарув раиси ўринбосари

М. Киайа Бернардино

Турин политехника университети проректори

Изоҳ: Ташкилий комиссия аъзолари бошқа ишга ўтган тақдирда, унинг таркибига ушбу лавозимларга янги тайинланган ёки тегишли функцияларни бажариш юклатилган шахслар киритилади.
 LexUZ шарҳи
1-илова норасмий таржима.
Олдинги таҳрирга қаранг.
(2-илова Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 19 июлдаги ПФ-114-сонли Фармонига асосан ўз кучини йўқотган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.07.2025 й., 06/25/114/0633-сон)
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2009 йил 27 апрелдаги ПҚ-1106-сон қарорига
3-ИЛОВА
Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети Васийлик кенгашининг
ТАРКИБИ

У.У. Розуқулов

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Васийлик кенгаши раиси

А.Х. Тўхтаев

Тошкент шаҳар ҳокими

А.П. Парпиев

Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазири

Ж.А. Қўчқоров

Ўзбекистон Республикаси молия вазири ўринбосари

Н.Э. Максумов

Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари

Х.А. Мухитдинов

Ўзбекистон Алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги бош директорининг биринчи ўринбосари

Б.М. Тешабоев

«Ўзбекэнерго» ДАК Бошқарув раиси

А.Ф. Избосаров

«Ўзэлтехсаноат» уюшмаси раиси

Ш.Ф. Юсупов

«Ўзавтосаноат» АК Бошқарув раиси ўринбосари

Қ.С. Санақулов

Навоий КМК бош директори

А.К. Фарманов

«Олмалиқ КМК» ОАЖ бош директори

А.С. Нурутдинов

«Ўзметкомбинат» АИБ бош директори

Изоҳ:
1. Республика комиссияси аъзолари бошқа ишга ўтган тақдирда, унинг таркибига ушбу лавозимларга янгидан тайинланган ёки тегишли функцияларни бажариш юклатилган шахслар киритилади.
2. Васийлик кенгаши таркибига Васийлик кенгаши қарори билан Ўзбекистон Республикасининг бошқа манфаатдор хўжалик бирлашмалари ва корхоналар раҳбарлари, хорижий давлатлар ва чет эл компаниялари вакиллари киритилиши мумкин
 LexUZ шарҳи
3-илова норасмий таржима.
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2009 й., 18-сон, 222-модда; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 16.10.2017 й., 06/17/5204/0114-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 09.11.2021 й., 06/21/3/1037-сон; 16.06.2022 й., 07/22/279/0530-сон; 04.07.2023 й., 06/23/107/0441-сон; 21.07.2025 й., 06/25/114/0633-сон)