toggle_night_mode
Ҳужжат кучини йўқотган 20.11.2023
Ҳужжат 03.02.2006 санаси ҳолатига
Амалдаги версияга ўтиш
Ўзбекистон Республикаси Олий суди пленумининг
Қарори
ЕР КОДЕКСИНИ ТАТБИҚ ҚИЛИШДА СУД АМАЛИЁТИДА ВУЖУДГА КЕЛАДИГАН АЙРИМ МАСАЛАЛАР ТЎҒРИСИДА
 LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2023 йил 20 ноябрдаги 28-сонли «Судларда ерга оид низоларни кўришда қонунчилик ҳужжатлари нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикаси Ер кодексида баён этилганидек, ер тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг асосий вазифалари ҳозирги ва келажак авлод манфаатларини кўзлаб ердан илмий асосланган тарзда, оқилона фойдаланиш ва уни муҳофаза қилишни, тупроқ унумдорлигини тиклаш ва оширишни, табиий муҳитни асраш ва яхшилашни, хўжалик юритишнинг барча шаклларини тенг ҳуқуқлилик асосида ривожлантириш учун шароит яратишни, юридик ва жисмоний шахсларнинг ер участкаларига бўлган ҳуқуқларини ҳимоя қилишни таъминлаш мақсадида ер муносабатларини тартибга солишдан, шунингдек бу соҳада қонунийликни мустаҳкамлашдан иборат.
Судлар томонидан кўрилган ер билан боғлиқ низолар юзасидан суд амалиётини умумлаштириш шуни кўрсатдики, мазкур тоифадаги ишлар бўйича судлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Ер кодекси нормалари асосан тўғри қўлланилмоқда. Шу билан бирга ишларни тааллуқлилиги масаласида, ер участкасига бўлган ҳуқуқ ва уларни бекор қилиш, ер участкаларидан фойдаланиш тартибини белгилаш билан боғлиқ низоларни ҳал этишда хатоликларга йўл қўйилмоқда.
Юқорида баён этилган камчиликларни бартараф қилиш ҳамда ерга оид низоларни судлар томонидан ҳал этишда Ўзбекистон Республикаси Ер кодекси нормаларини тўғри қўлланишини таъминлаш мақсадида, Ўзбекистон Республикасининг «Судлар тўғрисида»ги Қонунининг 17-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Ер кодексини татбиқ қилиш билан боғлиқ ишларни тўғри ҳал қилиш юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишда муҳим аҳамиятга эга эканлигига судларнинг эътибори қаратилсин.
2. Ерга оид ҳуқуқий муносабатлар деганда — ер ресурсларини бошқариш, уни қўриқлаш ва ҳимоя қилиш, юридик ва жисмоний шахсларга ер участкалари ажратиш, ер участкаларига эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш жараёнида келиб чиқадиган ҳуқуқий ва бошқа ашёвий муносабатлар тушунилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
3. Давлат органлари ва бошқа органлар, шунингдек, мансабдор шахсларнинг ер муносабатларини тартибга солиш соҳасидаги фуқароларни ҳуқуқларини бузувчи хатти-ҳаракатлари ва қарорлари устидан берилган шикоятлар ва ерга оид ҳуқуқий муносабатлар юзасидан келиб чиққан низолар судларга тааллуқлидир.
Кейинги таҳрирга қаранг.
4. Ваколатли орган ва мансабдор шахсларнинг ер муносабатларига доир қарорлари ва ҳаракатлари устидан берилган шикоятлар Ўзбекистон Республикаси ФПКнинг 26—29 бобларида назарда тутилган давлат органлари ва бошқа органлар, шунингдек мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари устидан берилган шикоят ва аризалар бўйича иш юритиш тартибида кўрилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
5. Ваколатли орган ёки мансабдор шахсларнинг ер муносабатларини тартибга солиш юзасидан қабул қилган қарорлари ёки хатти-ҳаракатлари устидан берилган шикоятларда бузилган ҳуқуқларни тиклаш, моддий ва маънавий зарарларни қоплаш талаби қўйилганда, бундай ишлар даъво юритиш тартибида кўрилиши лозимлигига судларнинг эътибори қаратилсин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
6. Ерга оид ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган қуйидаги низолар:
ер участкасини олиб қўйиш тўғрисидаги ваколатли органнинг қарорини бекор қилиш ва у билан боғлиқ етказилган зарар ўрнини қоплаш;
ер участкасини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш ва қайта сотиб олиш натижасида етказилган зарар ўрнини қоплаш;
ер участкасидан белгиланганидан бошқа мақсадларда ёки ер тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузган ҳолда фойдаланилганида ер участкасини олиб қўйиш;
сервитутни белгилаш ёки бекор қилиш;
ер участкасига эгалик қилиш ва фойдаланиш ҳуқуқи билан боғлиқ бўлмаган ҳуқуқ бузилишларни бартараф этиш;
биргаликда эгалик қилинадиган ёки фойдаланиладиган ер участкасидан фойдаланиш тартибини белгилаш ва уни бўлиш;
ер участкасини бошқа шахснинг қонунсиз эгалигидан талаб қилиб олиш;
ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни тугатиш;
Ер кодексининг 86, 87-моддаларида назарда тутилган ҳолларда ер эгалари, ердан фойдаланувчилар, ер участкалари ижарачиларига ва мулкдорларига етказилган зарар ўрнини қоплаш;
ер участкаларининг ижара шартномаси билан боғлиқ ва бошқа низолар даъво иш юритиш тартибида кўрилади.
7. Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг 23-моддасига мувофиқ, юридик шахслар, юридик шахс тузмаган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган ва якка тартибда тадбиркор мақомига эга бўлган фуқаролар ўртасида келиб чиққан хўжалик судларига тааллуқли низолардан ташқари қолган барча ишлар Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодекси 31-моддасининг 1-бандига асосан умум юрисдикция судларига тааллуқли эканлиги судларга тушунтирилсин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
8. Давлат органлари ва бошқа органлар, шунингдек мансабдор шахсларнинг ер муносабатларини тартибга солиш соҳасидаги фуқароларнинг ҳуқуқларини бузувчи хатти-ҳаракатлари ва қарорлари устидан берилган шикоятлар бўйича фуқаролик ишларини судда кўришга тайёрлаш жараёнида судья, ФПКнинг 158-160-моддаларига мувофиқ, шикоят қилинадиган қарорни қабул қилишга асос бўлган зарур ҳужжатларни талаб қилиб олиши ва ишда иштирок этишга жалб қилиниши лозим бўлган шахслар доирасини аниқлаши лозим.
Кейинги таҳрирга қаранг.
9. Юридик ва жисмоний шахсларнинг ер участкасига эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш билан боғлиқ бўлган ишлар бўйича тарафлар низоли ер участкасига бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатларни судга тақдим қилишлари шарт.
Ер участкасига бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатлар жумласига:
ер участкасига доимий эгалик қилиш ҳуқуқини берувчи давлат ҳужжати;
ер участкасидан доимий фойдаланиш ҳуқуқини берувчи давлат ҳужжати;
ер участкасига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқини берувчи давлат ҳужжати;
ер участкасига бўлган мулк ҳуқуқини берувчи давлат ордери;
ер участкаси ижараси шартномаси ёки ер участкасидан муддатли фойдаланиш шартномаси;
ер участкасига бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатига олиш тўғрисидаги гувоҳнома;
Кейинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 1999 йил 27 майда рўйхатга олинган «Ўзбекистон Республикасида ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатига олиш тартиби тўғрисида»ги йўриқноманинг 1-иловасида кўрсатилган ҳужжатлар киради.
10. Судлар шуни назарда тутишлари лозимки, Ўзбекистон Республикаси Ер кодекси 10-моддасининг 5-қисми ва 21-моддаси талабига мувофиқ ер участкасини бўлиш имконияти бўлмаса, бундай ер бир неча юридик ва жисмоний шахслар томонидан биргаликда эгалик қилинадиган ва фойдаланиладиган ер участкаси деб эътироф этилади, бу хол ер участкаларига доимий эгалик қилиш ҳуқуқини ёки ундан доимий фойдаланиш ҳуқуқини тасдиқловчи давлат ҳужжатларида акс эттирилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
11. Биргаликда эгалик қилинадиган ёки фойдаланиладиган ер участкаларини бўлиш ва ундан фойдаланиш тартибини белгилаш, шунингдек, ер участкаси чегарасини белгилаш тўғрисидаги низоларни ҳал қилишда, судлар Ўзбекистон Республикаси Ер кодекси 22-моддасининг 4-қисмига асосан давлат ер кадастри ва ер экспертизаларининг ер участкасини бўлиш имконияти тўғрисидаги хулосаси ва ер участкасидан илгаридан фойдаланиш тартиби ўрнатилганлиги ҳолатидан келиб чиқишлари лозим. Агарда, биргаликда эгалик қилинадиган ёки фойдаланиладиган ер участкасида илгаридан фойдаланиш тартиби ўрнатилмаган бўлса, у ҳолда ер участкаси тарафларнинг уй-жойдаги ҳиссасига мутаносиб равишда тақсимланиши лозим.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикаси Ер кодекси 62-моддасининг 4-қисми талабига мувофиқ, ер участкасининг ёхуд ундаги иморатнинг у ёки бу қисми коммунал хизматдан (ёритиш, канализация, трубопровод, суғориш қурилмалари ва шу кабилар), ер участкаларининг эгалари ёки ундан фойдаланувчилар эса, мустақил равишда ўзича ёки транспортда кириб чиқиш имконидан маҳрум бўлиб қоладиган бўлса, ер участкасининг бўлинишига йўл қўйилмайди.
12. Биргаликда эгалик қилувчилар ўртасида ердан фойдаланиш тартиби ўрнатилганидан сўнг вужудга келган ер участкасига эгалик қилиш ёки фойдаланиш тартиби юзасидан келиб чиққан низоларни ҳал қилишда судлар қуйидагиларни эътиборга олишлари лозим. Яъни:
умумий мулк иштирокчиларидан бирининг умумий фойдаланишда бўлган турар жойда ёрдамчи иморатлар ва қурилмаларни барпо этиши ўз-ўзидан биргаликда эгалик қилинадиган ёки фойдаланиладиган ер участкасининг ўлчамини ўзгартиришга асос бўлмайди;
уй-жой мулкдорларидан бири уй-жойнинг ўзига тегишли қисмини ўзга мулкдорга ўтказганда, шунингдек уй-жойнинг бир қисми ворислик, ҳадя ва бошқа тарзда ўзгага ўтказилганда ер участкасидан фойдаланиш тартибини янгидан белгилашга, фақат бу тартиб бошқа мулкдорларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига зид бўлмаган тақдирдагина, йўл қўйилади;
турар жой мулкдорларининг бири иморатнинг ўзига тегишли бўлган қисмини учинчи шахс фойдасига ўтказганда, ер участкасидан фойдаланишнинг илгаридан ўрнатилган тартиби янги мулкдор учун ҳам мажбурийдир.
13. Биргаликда эгалик қилинадиган ёки фойдаланиладиган ер участкасини бўлиш ёки ундан фойдаланиш тартибини белгилаш ҳақидаги низолар бўйича ҳал қилув қарорининг хулоса қисмида:
ҳар бир тарафга қолдириладиган участканинг ўлчами ва чегаралари;
биргаликда эгалик қилинадиган ёки фойдаланиладиган ер участкаларининг ўлчами ва чегаралари;
ер участкаларидан турар жойга, ёрдамчи иморатларга ва қурилмаларга ўтиш жойининг ўлчами ва чегаралари ҳамда бошқа эътиборга молик ҳолатлари кўрсатилиши шарт.
14. Ер участкасига бўлган ҳуқуқларни бекор қилиш ҳақидаги низоларни ҳал қилишда, судлар бундай ҳуқуқлар фақат Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 36-моддасида кўрсатилган ҳолларда бекор қилинишига эътибор қаратишлари лозим.
Ўзбекистон Республикаси Ер кодекси 36-моддаси 1-қисмининг 6-11-бандлари асосида ер участкаларини олиб қўйиш тўғрисидаги ваколатли органлар қарорларининг қонуний ва асослилиги масаласини ҳал қилишда, суд улар томонидан мазкур кодекснинг 38-моддаси талабларига риоя қилинганлиги ҳолатига баҳо бериши лозим.
15. Ўзбекистон Республикаси Ер кодекси 36-моддасининг 6-қисми талабига мувофиқ, ер участкасининг эгалик қилувчиси, фойдаланувчиси, ижарачиси ҳамда мулкдори ер участкасига бўлган ҳуқуқларидан воз кечишидан яққол далолат берувчи хатти-ҳаракатлар (чет элга жўнаб кетганлик, ер участкасидан белгиланганидан кўпроқ муддат давомида фойдаланмаслик) содир этган тақдирда, бу ер участкаси қонун ҳужжатлари билан белгиланган тартибда эгасиз мол-мулк тариқасида ҳисобга олинади. Бу ҳолатда ер участкаси бошқа шахсга берилгунга қадар, лекин эгасиз мол-мулк тариқасида давлат рўйхатига олинган кундан эътиборан узоғи билан бир йил мобайнида ер участкасининг эгалик қилувчиси, фойдаланувчиси, ижарачиси ҳамда мулкдорининг Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 40-моддасида белгиланган мажбуриятлари бекор қилинишига йўл қўйилмайди.
16. Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 30-моддасига асосан, сервитут, уни белгилашни талаб қилган шахслар билан ўзга ер участкасининг эгалик қилувчиси, фойдаланувчиси, ижарачиси ва мулкдори ўртасидаги келишувга мувофиқ белгиланади. Агар улар сервитут тўғрисида ўзаро келиша олмасалар, унда сервитут чекланган тарзда фойдаланувчининг даъвоси бўйича суднинг ҳал қилув қарори билан белгиланади. Сервитут белгиланиши ва унинг шартлари хусусидаги ишларни ҳал қилишда судлар, тегишли ваколатли органларни ишга жалб этишлари ва сервитут белгилаш юзасидан уларнинг хулосасини олиши шарт. Сервитут тўғрисидаги келишув давлат рўйхатига олиниши лозим. Ер участкаси бошқа шахсга ўтган вақтда сервитут сақланиб қолади. Сервитутни белгилашга сабаб бўлган асослар барҳам топса белгиланган сервитут бекор қилиниши мумкин.
17. Ер участкасини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш ва қайта сотиб олиш тўғрисидаги қарорлар устидан берилган шикоятларни кўришда, судлар Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 37 ва 41-моддаларида назарда тутилган шартлар ва кафолатлар тегишли тартибда бажарилганидан сўнгина ер участкасини олиб қўйиши мумкинлигига эътибор қаратишлари лозим.
Кейинги таҳрирга қаранг.
18. Судларга тушунтирилсинки, Ўзбекистон Республикаси Ер кодекси 91-моддасининг 3-қисмига мувофиқ, давлат ҳисобидаги ер участкаси ўзбошимчалик билан эгаллаб олинганида, уни қайтариб олиш тегишли туман, шаҳар, вилоят ҳокимининг қарорига кўра, юридик ёки жисмоний шахсларга тегишли ер участкаси ўзбошимчалик билан эгаллаб олинганида уни ер эгасига, ердан фойдаланувчига, ижарачига ёки ер участкасининг мулкдорига қайтариш суднинг ҳал қилув қарорига кўра амалга оширилади.
Ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш деганда — қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тегишли ваколатли органнинг қарорисиз, ер участкаси чегараси жойида белгиланмасдан, ер участкаларининг планлари (чизмалари) ва тавсифлари тузилмасдан ҳамда ер участкаларига бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатига олинмасдан ер участкаларини эгаллаб олиниши тушунилади.
19. Ер эгалари, ердан фойдаланувчилар, ер участкалари ижарачиларига ва мулкдорларига етказилган зарар ўрни (шу жумладан бой берилган фойда) Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 86 ва 87-моддаларида белгиланган тартиб ва ҳолатларда зарар етказувчи ҳисобидан тўла ҳажмда, фуқаролик қонун ҳужжатларининг зарар етказганлик учун жавобгарликни белгиловчи умумий қоидаларига амал қилган ҳолда қопланиши лозимлигига судларнинг эътибори қаратилсин.
20. Фермер хўжалиги юритиш учун фуқароларга ер участкаси беришни рад қилиш тўғрисидаги туман ҳокимининг қарори устидан берилган шикоятни кўришда судлар ер участкаси бериш масаласида танлов ўтказишда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Қишлоқ хўжалиги корхоналарини фермер хўжаликларига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 2002 йил 5 январдаги, «2004—2006 йилларда фермер хўжаликларини ривожлантириш концепциясини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 2003 йил 30 октябрдаги ҳамда «2005—2007 йилларда фермер хўжаликларини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 2004 йил 24 декабрдаги қарорлари асосида қабул қилинган низомларда баён этилган қоида ва тартибларга риоя қилинганлигини аниқлашлари лозим. Қайд этилган талабларга риоя қилмаслик шикоятни қаноатлантиришга асос бўлади.
Судлар шуни назарда тутишлари лозимки, фермер хўжалиги барпо этиш учун талабгорларни танлаш ва танлов ўтказиш бўйича комиссия юридик шахс ҳисобланмайди ва унинг қарори ҳамда хатти-ҳаракатлари устидан шикоят берилмайди.
Кейинги таҳрирга қаранг.
21. Ўзбекистон Республикаси Ер кодексини татбиқ қилиш билан боғлиқ масалаларнинг муҳимлигидан келиб чиқиб, Қорақалпоғистон Республикаси фуқаролик ишлари бўйича Олий суди, фуқаролик ишлари бўйича вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларига мазкур туркумдаги ишларни мунтазам равишда умумлаштириб, муҳокама қилиб бориш тавсия этилсин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
2006 йил 3 февраль,
3-сон