1.07.00.00.00 Молия ва кредит тўғрисидаги қонунчилик. Банк фаолияти / 07.21.00.00 Банк фаолияти / 07.21.20.00 Жамғарма иши. Банк томонидан нақд пул берилиши;
2.17.00.00.00 Одил судлов / 17.05.00.00 Фуқаролик процессуал қонунчилиги / 17.05.06.00 Суд қарорлари устидан шикоят қилиш ва қайта кўриб чиқиш]
[ТСЗ:
1.Одил судлов. Ҳуқуқ-тартиботни муҳофаза қилиш. Адлия / Фуқаролик ва хўжалик суд иш юритуви]
Ўзбекистон Республикаси Олий суди пленумининг
Қарори
ТАҚДИМ ЭТУВЧИГА ДЕБ БЕРИЛГАН ҲУЖЖАТЛАР ЙЎҚОЛГАН ТАҚДИРДА УЛАРГА БЎЛГАН ҲУҚУҚЛАРНИ ТИКЛАШ (ЧАҚИРИБ ИШ ЮРГИЗИШ) ҲАҚИДАГИ АРИЗАЛАРНИНГ СУДЛАР ТОМОНИДАН КЎРИЛИШИ ТЎҒРИСИДА
LexUZ шарҳи
(Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 1997 йил 2 май ва 1998 йил 11 сентябрдаги 24-сонли қарорларига асосан киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар билан)
Тақдим этувчига деб берилган ҳужжатлар йўқотилган тақдирда уларга бўлган ҳуқуқларни тиклаш (чақириб иш юргизиш) тўғрисидаги ишларининг судларда кўрилиши муносабати билан келиб чиқаётган муаммоларни инобатга олиб, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми қарор қилади:
(муқаддима Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2015 йил 26 июндаги 11-сонли қарори таҳририда)
1. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 35-бобида белгиланганига кўра, шахс пул маблағлари қўйилганлиги ҳақида ёки қимматли нарсалар ёхуд давлат заёми облигациялари сақлаш учун топширилганлиги тўғрисида банк томонидан тақдим этувчига берилган қийматли ҳужжатни йўқотган тақдирда, шунингдек, қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда, суддан йўқолган ҳужжатни ҳақиқий эмас деб топиш ва йўқотилган ҳужжат бўйича ҳуқуқларини тиклаш тўғрисида илтимос қилиши мумкин.
Бундай ҳуқуқларни тиклаш банк томонидан тақдим этувчига деб берилган ҳужжатлар йўқотилганида, балки ҳужжатлар уларни лозим даражада сақламаганлик оқибатида тўлов хусусиятларини йўқотганлиги натижасида ва бошқа (омонат дафтарчасида ва (ёки) назорат варақасида рақам сони сақланмаган, омонат дафтарчасида омонат қолдиғи тўла сақланмаганида ва бошқа) сабабларга кўра амалга оширилади.
Тақдим этувчига деб берилган омонат дафтарчаси, унга назорат варақаси ёки давлат заёми облигацияларини ва қимматбаҳо нарсаларни сақлашга олиш учун берилган гувоҳноманинг тўлов қобилиятини йўқотганлиги масаласи дастлаб халқ банки томонидан ҳал қилинади. Тақдим этувчига деб берилган ҳужжат маблағни аниқлаш хусусиятини йўқотганлиги сабабли халқ банки операциялар бажаришни рад этса, бу ҳужжат бўйича ҳуқуқларни тиклаш суд тартибида амалга оширилади.
(1-банднинг иккинчи ва учинчи хатбошилари Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2015 йил 26 июндаги 11-сонли қарори таҳририда)
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолият юритувчи бошқа банклар томонидан мазкур пунктда кўрсатилган, тақдим этувчига деб берилган ҳужжатлар бўйича, ҳуқуқни тиклаш ҳақидаги аризалар ҳам худди шу тартибда кўриб чиқилиши мумкин.
(1-банднинг тўртинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2015 йил 26 июндаги 11-сонли қарори таҳририда)
2. Тақдим этувчига деб берилган ҳужжатлар йўқолган тақдирда уларга бўлган ҳуқуқни тиклаш ҳақидаги талаблар бўйича ишлар алоҳида тартибда кўрилади, шунинг учун аризада ФПКнинг 149-моддасида кўрсатилган умумий талаблардан ташқари ФПКнинг 301-моддасида белгиланган маълумотлар қайд этилиши лозим. Аризачи мазкур шартларни бажармаса, судья аризани ҳаракатсиз қолдириб, аризачига бу ҳақда хабар бериб, камчиликларни тугатишга муддат беради. Агарда аризачи камчиликларни белгиланган муддатда бартараф этмаса, ариза қабул қилинмаган деб ҳисобланади ва аризачига қайтарилади.
(2-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2015 йил 26 июндаги 11-сонли қарори таҳририда)
Ариза бўйича энг кам иш ҳақининг 10 фоизи миқдорида давлат божи тўланиши лозим.
3. Ариза қабул қилинганидан сўнг, ишни судда кўришга тайёрлаш тартибида, судья томонидан дарҳол ҳужжат берган муассасага бу ҳужжат бўйича тўловларни амалга оширишни ёки пул беришни тақиқлаш ҳақида ажрим чиқарилиши ва унинг нусхаси тезда шу муассасага жўнатилиши лозим.
(3-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2015 йил 26 июндаги 11-сонли қарори таҳририда)
Суднинг пул бериш ва қайтариш ҳаракатларини тақиқловчи талаблари уни бажариши лозим бўлган муассасалар томонидан бузилганда, бундай муассасалар, суд томонидан йўқолган ҳужжатларнинг эгаси деб топилган шахслар олдида нотўғри тўланган тўловларнинг тўлиқ миқдорида ФКнинг 985, 989-моддалари қоидаларига кўра моддий жавобгар бўладилар.
5. ФПКнинг 301-моддасида йўқотилган ҳужжатнинг алоҳида белгилари остида ҳисоб рақами, назорат варақаси (талон)нинг рақами, омонат қўйилган кун, омонат бўйича операция амалга оширилган кун, омонатнинг миқдори ёки қолган қисми, облигация рақамлари, уларни сақлашга топширилган сана, сақлаш учун топширилган қимматликларнинг тавсифи ва ўзига хос хусусиятлари тушунилади.
(5-банд Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2015 йил 26 июндаги 11-сонли қарори таҳририда)
Шу билан бирга эълон йўқолган ҳужжатнинг ҳақиқий эмаслиги тўғрисидаги маълумотларни ўзида акс эттириши керак эмас. ФПКнинг 308-моддасига биноан йўқотилган ҳужжатни ҳақиқий эмас деб топиш иш мазмунан кўриб бўлинганидан сўнг суднинг қарорига асосан амалга оширилади.
7. Агарда матбуотда эълон қилинганидан сўнг ҳужжатни сақловчи уни судга тақдим этиб, унга даъво қилмаслигини баён этса, суд чақириб иш юритиш бўйича иш юргизишни тугатиш ҳақида ажрим чиқаради ва шу билан бирга ҳужжат бўйича ижро қилиш ҳаракатларини тақиқлашни бекор қилиб, аризачига сақловчи томонидан тақдим этилган ҳужжатни қайтаради.
Агар йўқолган ҳужжатни сақловчи унга нисбатан даъво қилса, суд томонидан ФПКнинг 305-моддасида назарда тутилган талаблар бажарилганидан сўнг тақдим этувчига деб берилган йўқолган ҳужжатлар бўйича ҳуқуқларни тиклаш ҳақидаги ариза кўрмасдан қолдирилади. Бундай ҳолатда тақиқлаш чоралари иш судда кўрилгунга қадар ўз кучини сақлаб қолади, уларни бекор қилиш ФПКнинг 336-моддасига кўра амалга оширилади.
(7-банд Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2015 йил 26 июндаги 11-сонли қарори таҳририда)
8. ФПКнинг 301-моддасида кўрсатилган даъвонинг тааллуқлилиги фуқаролик-процессуал қонунчилигининг умумий қоидалари бўйича белгиланади ва унга кўра даъво жавобгар яшаш жойида қўзғатилади.
(8-банд Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2015 йил 26 июндаги 11-сонли қарори таҳририда)
9. Ҳужжатни сақлаб турувчидан уч ойлик муддат ичида ариза тушмаслиги ўз-ўзидан йўқолган ҳужжат аризачига тегишли эканини тасдиқловчи далил бўла олмаслигини судлар эътиборга олмоқлари лозим. Шунинг учун суд аризачининг шу ҳужжатга бўлган ҳуқуқини тасдиқловчи далилларни синчковлик билан текширмоғи лозим.
10. Йўқолган ҳужжат бўйича ҳуқуқларни тиклаш суд томонидан омонат дафтарчаси ёки унинг назорат варақаси ёки шу икки ҳужжат ҳам йўқолган тақдирда амалга оширилади. Аризачида сақланиб қолинган ҳужжат ишга илова қилинади, суд қарорида унинг бекор қилинганлиги кўрсатилиши керак.
(10-банд Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2015 йил 26 июндаги 11-сонли қарори таҳририда)
11. Агар иш ФПКнинг 308-моддасига асосан ҳал қилинишида омонат ёки қимматликлар суднинг тақиқловчи чоралар ҳақидаги ажрими олинишидан олдин тегишли муассаса томонидан берилганлиги ёки йўқолган ҳужжатнинг алоҳида белгилари омонат ёки қимматликларнинг аризачига тегишлилиги ҳақида хулоса қилиш учун етарли бўлмаса, суд ҳужжатни ҳақиқий эмас деб топиш ва тегишли муассаса зиммасига аризачига омонат ёки йўқолган ҳужжат ўрнига янгисини бериш мажбуриятини юклашни рад этади.
(11-банд Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2015 йил 26 июндаги 11-сонли қарори таҳририда)
12. Асоссиз бойиш ҳақида даъво тақдим этилганда (ФПКнинг 309-моддаси) ҳужжатни сақловчи ўзининг шу қимматли ҳужжатнинг ҳалол ва қонуний эгаси эканлигини ҳамда бойиш аломати борлиги ва унинг ҳажмини исботлаши керак. Йўқолган ҳужжат ўрнига суднинг қарорига кўра янги ҳужжат олган шахс қонуний сақловчи олдида асоссиз олинган ва сақланган мулкнинг миқдорида моддий жавобгардир.