1.Давлат ва жамият қурилиши / Давлат мукофотлари. Фахрий унвонлар. Юқори даражалар ва фарқловчи белгилар. Давлат мукофотлари ва бошқа мукофотлар;
2.Ижтимоий-маданий масалалар / Ижтимоий суғурта, ижтимоий таъминот ва ижтимоий ҳимоя]
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Фармони
ФАХРИЙ УНВОНЛАР УЧУН ТЎЛОВЛАР МИҚДОРИНИ ОШИРИШ ТЎҒРИСИДА
Мамлакатимиз илм-фани, адабиёти ва санъатини, иқтисодий ва интеллектуал салоҳиятини ривожлантиришга, Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги обрў-эътиборини ошириш, халқимизнинг маданияти ва маънавиятини юксалтиришга, соғлом ва баркамол авлодни тарбиялашга катта ҳисса қўшиб келаётган шахсларни муносиб рағбатлантириш ва қўшимча равишда моддий қўллаб-қувватлаш мақсадида:
1. 2008 йилнинг 1 январидан бошлаб давлатимизнинг фахрий унвонларига сазовор бўлган шахслар — «Халқ» ва «Хизмат кўрсатган арбоб» фахрий унвонлари эгалари учун бериб келинаётган тўловлар энг кам иш ҳақининг 2 баробари, «Хизмат кўрсатган» фахрий унвони соҳиблари учун эса энг кам иш ҳақининг 1 баробари миқдорида оширилиб, ҳар ойлик тўловларнинг миқдори иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
2. Белгилаб қўйилсинки, фахрий унвонлар эгаларига тўловлар ҳар ойда Ўзбекистон Республикаси давлат бюджети маблағлари ҳамда хўжалик юритувчи субъектлар ҳисобидан амалга оширилади.
1.02.00.00.00 Давлат бошқаруви асослари / 02.01.00.00 Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси (шунингдек, 01.11.00.00га қаранг) / 02.01.02.00 Вазирлар Маҳкамаси ваколатлари]
3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ўн кун муддатда фахрий унвонлар эгаларига тўловларни тайинлаш ва амалга ошириш тартибини тасдиқласин.
LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 3 январдаги 2-сонли қарори билан тасдиқланган Фахрий унвонлар эгаларига тўловларни тайинлаш ва амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом.
4. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги мутасадди вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
5. Мазкур фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш.М. Мирзиёев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2007 йил 17 декабрь,
ПФ-3942-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2007 й., 12-сон, 639-модда; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 14.12.2019 й., 06/19/5894/4161-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.04.2021 й., 06/21/6218/0398-сон; 21.11.2024 й., 06/24/185/0944-сон; 30.03.2026 й., 06/26/46/0290-сон)