toggle_night_mode
Ҳужжат кучини йўқотган 30.04.2021
Ҳужжат 28.11.2016 санаси ҳолатига
Амалдаги версияга ўтиш
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Қарори
ПАХТА ТОЛАСИНИ РЕСПУБЛИКАНИНГ ИЧКИ ИСТЕЪМОЛЧИЛАРИГА СОТИШНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ВА ТЎҚИМАЧИЛИК САНОАТИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА
 LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 30 апрелдаги ПФ-6218-сонли «Миллий қонунчилик базасини комплекс тизимлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига асосан ўз кучини йўқотган.
Пахта толасининг юқори ликвидли ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланиш, шунингдек сифатли, экспортга йўналтирилган, халқаро стандартларга жавоб берадиган тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришни таъминлаш мақсадида:
Олдинги таҳрирга қаранг.
1. Республиканинг пахта толасини қайта ишлайдиган барча корхоналари учун пахта толасини эркин айирбошланадиган валютада тўғридан-тўғри шартномалар бўйича «Ўзпахтаэкспорт» АЖ ва Ўзбекистон Республика товар-хом ашё биржаси орқали қонун ҳужжатларида назарда тутилган шартларга мувофиқ харид қилишнинг ягона тартиби ўрнатилсин.
(1-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 15 ноябрдаги ПФ-4856-сонли Фармони таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2016 й., 47-сон, 537-модда)
Кейинги таҳрирга қаранг.
2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 25 мартдаги 141-сонли қарори 5-бандида назарда тутилган, «Ўзбекенгилсаноат» ДАК корхоналарига ички бозорда ярим тайёр тўқимачилик маҳсулотларини (калава, газмол, трикотаж полотно ва пахтани йигириш чиқиндиларини) шартнома тузиш пайтида таркиб топган жаҳон нархларидан паст бўлмаган нархларда эркин муомаладаги валютага (қўшилган қиймат солиғи нулинчи ставка бўйича қўшиб ҳисобланган ҳолда) сотиб олишга рухсат бериш бўйича имтиёзлар муддати 2011 йилнинг 1 январигача узайтирилсин, бунда ушбу ярим тайёр маҳсулотлардан ишлаб чиқариладиган маҳсулотларнинг камида 80 фоизи экспортга йўналтирилиши назарда тутилсин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
3. Белгилансинки, республиканинг:
умумий реализация ҳажмида 80 фоиз ва ундан ортиқ фоиз тайёр тўқимачилик маҳсулотини;
умумий реализация ҳажмида 60 фоиз ва ундан ортиқ фоиз тўқимачилик ярим тайёр маҳсулотларини (калава ип, газлама, трикотаж полотно) эркин муомаладаги валютага сотувчи тўқимачилик саноати корхоналари мол-мулк солиғи тўлашдан 2016 йилнинг 1 январигача бўлган даврга озод қилинади.
 LexUZ шарҳи
Мазкур банда назарда тутилган имтиёзлар муддати Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 28 мартдаги ПҚ-1512-сонли «Тўқимачилик саноати корхоналарини жадал ривожлантиришни рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ 2018 йилнинг 1 январигача узайтирилган.
(3-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 25 декабрдаги ПҚ-2099-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2013 й., 52-сон, 690-модда)
4. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонунчиликка ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартишлар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
5. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Р.С. Азимов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2007 йил 21 ноябрь,
ПҚ-733-сон
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2007 й., 46-47-сон, 467-модда; 2013 й., 52-сон, 690-модда; 2016 й., 46-сон, 527-модда, 47-сон, 537-модда, 51-сон, 584-модда; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 30.09.2017 й., 06/17/5197/0045-сон, 20.02.2018 й., 06/18/5348/0789-сон, 25.05.2018 й., 06/18/5447/1269-сон)