toggle_night_mode
Ҳужжат кучини йўқотган 26.11.2025
Норасмий таржима
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Қарори
ТЎҚИМАЧИЛИК САНОАТИ КОРХОНАЛАРИНИ ЖАДАЛ РИВОЖЛАНТИРИШНИ РАҒБАТЛАНТИРИШГА ОИД ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА
 LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 25 ноябрдаги ПФ-231-сонли «Қонунчиликдаги ҳуқуқий бўшлиқларни бартараф этиш ва тартибга солиш юкини камайтириш тўғрисида»ги Фармонига асосан ўз кучини йўқотган.
Маҳаллий тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноати корхоналарини барқарор ривожлантиришни таъминлаш, пахта толасини янада чуқур қайта ишлашни рағбатлантиришни кучайтириш ва замонавий рақобатбардош тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш мақсадида:
1. Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 25 мартдаги 141-сон қарори 6-бандида кўзда тутилган «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмасига аъзо корхоналар томонидан олиб кирилаётган химикатлар, бўёқлар, фурнитура ва аксессуарлар, шунингдек, республикада ишлаб чиқарилмайдиган бошқа ёрдамчи материалларни импорт божхона божлари тўлашдан озод қилишга оид имтиёзнинг амал қилиш муддати 2020 йил 1 январга қадар узайтирилсин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 25 мартдаги 141-сон қарори 6-бандининг амал қилиши барча тадбиркорлик субъектларига нисбатан татбиқ этилсин.
11. «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмасига аъзо корхоналарга 2020 йилнинг 1 январига қадар тўқимачилик ярим фабрикатларини (калава, газлама, трикотаж полотноси, пахта йигириш чиқитлари, аксессуарлар ва фурнитура) қўшилган қиймат солиғининг ноль ставкасида харид қилишга рухсат берилсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигининг ташқи савдо компаниялари «Ўзпахтасаноат» уюшмаси, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат эҳтиёжлари учун харид қилинадиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг ҳисоб-китоб жамғармаси ва республикадаги тўқимачилик корхоналари билан биргаликда бир ой муддатда 2010 йил ҳосилидан ички бозорга амалда етказиб берилган пахта толаси ҳажми учун тўловлар бўйича қайта ҳисоб-китоб қилишни, 2011 йил 1 январдан бошлаб республика тўқимачилик корхоналари фойдасига 2010 йил ҳосилидан келгусида пахта толасини етказиб бериш учун уларнинг олдиндан ҳақ тўлаши ҳисобига ижобий тафовутни ўтказиб беришни амалга оширсин.
4. Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 27 январдаги «Республика тўқимачилик тармоғига инвестициялар жалб этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 38-сон қарори 5-бандидан «ва Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 25 мартдаги 141-сон қарорида» сўзлари чиқариб ташлансин.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги Адлия вазирлиги, бошқа манфаатдор вазирликлар, идоралар ва хўжалик бирлашмалари билан биргаликда икки ҳафта муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш.М. Мирзиёев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2011 йил 28 март,
ПҚ-1512-сон