toggle_night_mode
Ҳужжат кучини йўқотган 10.05.2017
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотлари фаолиятини ҳуқуқий таъминлаш даражасини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида
 LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 1 майдаги 250-сонли «Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Юридик хизмат фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 19 январдаги ПҚ-2733-сон қарорини амалга ошириш чора-тадбирлари ҳақида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Мамлакатни ислоҳ қилиш ҳамда модернизациялаш шароитларида давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, шунингдек давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотлари фаолиятида қонунийликни мустаҳкамлаш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш сифатини яхшилаш, юридик хизматнинг роли ва жавобгарлигини ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагилар:
Давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг юридик хизмати тўғрисидаги Низом 1-иловага мувофиқ;
Хўжалик бошқаруви органлари, давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотларининг юридик хизмати тўғрисидаги Низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Белгилансинки, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотларининг раҳбарлари ушбу қарор талабларига риоя қилиниши ҳамда юридик хизмат фаолияти учун зарур шарт-шароитлар яратилиши учун шахсан жавоб берадилар.
3. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги:
давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотлари, шунингдек уларнинг юридик хизматлари томонидан ушбу қарор талабларига риоя қилиниши устидан тегишли назорат ўрнатсин;
икки ой муддатда, танқидий таҳлил қилиш асосида давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотларининг юридик хизматлари ходимларини аттестациядан ўтказиш, шунингдек уларнинг малакасини ошириш тартибини такомиллаштириш бўйича аниқ таклифлар киритсин;
 LexUZ шарҳи
Қўшимча маълумот учун қаранг: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 22 ноябрдаги 244-сонли қарори билан тасдиқланган «Юридик хизматлар ходимларини аттестациядан ўтказиш ва уларнинг малакасини ошириш тартиби тўғрисида»ги Низом.
уч ой муддатда юридик хизматлар фаолиятида қўллаш учун шартномаларни, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни расмийлаштириш, қонунчиликни тизимлаштириш, талабнома-даъво ишларини юритиш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари юзасидан хулосалар тузиш бўйича методик қўлланмаларни ишлаб чиқсин.
4. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасининг давлат бошқарув органлари ва корхоналарида юридик хизмат тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида» 1993 йил 2 мартдаги 118-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 1993 й., 3-сон, 8-модда) ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари ва Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2007 йил 24 август,
182-сон
Вазирлар Маҳкамасининг
2007 йил 24 августдаги 182-сон қарорига
1-ИЛОВА
Давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг юридик хизмати тўғрисида
НИЗОМ
I. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом давлат бошқаруви ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг (кейинги ўринларда «давлат органлари» деб аталади) юридик хизмати фаолиятига қўйиладиган талабларни, уларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлигини белгилайди.
2. Давлат органининг юридик хизмати — давлат органининг фаолиятини ҳуқуқий таъминлаш мақсадида ташкил этиладиган ёки жорий қилинадиган мустақил таркибий бўлинма ёки лавозим.
Юридик хизмат бевосита давлат органининг раҳбарига бўйсунади.
Юридик хизмат юридик департамент, юридик бошқарма, юридик бўлим, юридик бюро шаклида ташкил қилиниши ёхуд битта штатдан иборат бош юрисконсульт, етакчи юрисконсульт, катта юрисконсульт ёки юрисконсульт бўлиши мумкин.
Юридик хизматнинг мавжуд штат бирликларини қисқартиришга ёхуд уларни давлат органининг бошқа таркибий бўлинмаларига қайта тақсимлашга йўл қўйилмайди.
(2-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 4 июндаги 149-сонли қарорига асосан хатбоши билан тўлдирилган — ЎР ҚҲТ, 2015 й., 23-сон, 302-модда)
3. Давлат органининг юридик хизмати ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорларига, ушбу Низомга ва бошқа қонун ҳужжатларига амал қилади.
4. Давлат органининг юридик хизмати ходими ёхуд юрисконсульт лавозимида олий юридик маълумотга эга бўлган шахс ишлаши мумкин.
Давлат органининг юридик хизмати бошлиғи лавозимига олий юридик маълумотга ва камида икки йиллик юридик мутахассислик бўйича иш стажига эга бўлган шахс тайинланади.
(4-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 4 июндаги 149-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2015 й., 23-сон, 302-модда)
Юридик хизмат ходими лавозимига биринчи марта тайинланган шахслар белгиланган тартибда адлия органларида сатижировкадан ўтадилар.
Адлия органларида стажировкадан ўтиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан белгиланади.
(4-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 4 июндаги 149-сонли қарорига асосан хатбошилар билан тўлдирилган — ЎР ҚҲТ, 2015 й., 23-сон, 302-модда)
5. Вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари юридик хизмати ходимлари лавозимга Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан келишилган ҳолда тайинланадилар ҳамда тегишли ҳокимга ва Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига ҳисоб берадилар.
Туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари юридик хизмати ходимлари лавозимга Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари билан келишилган ҳолда тайинланадилар ҳамда тегишли ҳокимга ва ҳудудий адлия органига ҳисоб берадилар.
(5-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 13 сентябрдаги 268-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2012 й., 37-сон, 429-модда)
Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг юридик хизмат ходими лавозимига тавсия этиладиган номзодларни адлия органлари билан келишиш тартиби, шунингдек адлия органларига тақдим этиладиган маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг юридик хизмат ходимлари томонидан бажарилган ишлар тўғрисидаги ҳисобот шакли, уни тақдим этиш тартиби ва муддатлари Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан белгиланади.
(5-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 7 декабрдаги 323-сонли қарорига асосан хатбоши билан тўлдирилган — ЎР ҚҲТ, 2013 й., 50-сон, 650-модда)
6. Давлат органида юрисконсульт ёрдамчиси лавозими жорий этилиши мумкин.
Юрисконсульт ёрдамчиси лавозимида олий ёки ўрта махсус юридик маълумотли шахс, шунингдек «юриспруденция» мутахассислиги бўйича таҳсил олаётган бакалавриат босқичининг битирувчи курси талабаси ёки магистратура тингловчиси ишлаши мумкин.
7. Белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган шахслар юридик хизмат ходими, юрисконсульт ёрдамчиси лавозимида ишлаши мумкин эмас.
8. Юридик хизмат ходимлари умумий манфаатларни ифодалаш ва ҳимоя қилиш мақсадида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жамоат бирлашмалари тузишлари мумкин.
II. Юридик хизматнинг вазифалари ва функциялари
9. Қуйидагилар давлат органи юридик хизматининг асосий вазифалари ҳисобланади:
1) давлат органининг ҳуқуқ ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш фаолиятида бевосита қатнашиш;
2) норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг тизимлаштирилган ҳисобини белгиланган талабларга мувофиқ юритиш;
3) давлат органи ходимларининг ҳуқуқий маданияти ва ҳуқуқий саводхонлигини оширишда, қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмуни ва моҳиятини уларга етказишда қатнашиш;
4) давлат органи ва унинг тизимига кирадиган бўлинмалар, уларнинг мансабдор шахслари фаолиятида қонунийликни таъминлашга кўмаклашиш;
5) давлат органининг шартномавий-ҳуқуқий ва талабнома-даъво ишларини юритишда қатнашиш;
6) судларда ва бошқа идораларда давлат органининг мулкий ва бошқа манфаатларини ҳимоя қилиш.
10. Давлат органининг юридик хизмати ўзига юкланган вазифаларни бажариш учун қуйидаги функцияларни амалга оширади:
1) ҳуқуқ ижодкорлиги, ҳуқуқни қўллаш амалиёти ва ҳуқуқий маданиятни ошириш соҳасида:
а) давлат органининг ҳуқуқ ижодкорлиги фаолиятининг жорий ва истиқболли режаларини ишлаб чиқади ёки уларнинг ишлаб чиқилишида амалга оширилиши ва бажарилишини назорат қилишда қатнашади;
б) давлат органи ваколатига кирадиган масалалар бўйича қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқади ёхуд ишлаб чиқишда қатнашади;
в) давлат органининг идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини ишлаб чиқади ёхуд ишлаб чиқишда ҳамда уларни Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш ва давлат рўйхатига олиш учун юборишда қатнашади;
г) экспертизадан ўтказиш ва давлат органи билан келишиш учун тақдим этилган қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини мустақил ёки бошқа бўлинмалар билан биргаликда ҳуқуқий экспертизадан ўтказади, уларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ва қонунларига, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга, қонунчилик техникаси қоидаларига мувофиқлиги, шунингдек ҳавола қилувчи нормалар қўлланилишининг асослилиги ва мақсадга мувофиқлиги юзасидан ҳуқуқий хулосалар тайёрлайди;
(10-банднинг «г» кичик банди Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 4 июндаги 149-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2015 й., 23-сон, 302-модда)
д) норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари бўйича эътироз ва таклифлар бўлмаса, уларга виза қўяди. Бунда лойиҳаларга юридик хизмат томонидан давлат органининг бошқа ваколатли таркибий бўлинмаларидан (ходимларидан) кейин виза қўйилади;
е) давлат органи фаолияти соҳасида давлат бошқарувини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқишда қатнашади;
ж) давлат органига келиб тушган ва давлат органининг ўзи томонидан чиқарилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг тизимлаштирилган ҳисобини белгиланган талабларга мувофиқ юритади, уларнинг сақланишини ва назорат қилинишини таъминлайди;
з) давлат органининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар фондини тўлдириш, шу жумладан фондни кодекслар, қонунлар, шарҳлар, ахборотномалар ва бошқа ҳуқуқий нашрлар билан бутлаш чораларини кўради, давлат органи раҳбариятига ҳуқуқий нашрларга обуна бўлиш ҳақида таклифлар киритади;
и) давлат органи ваколатига кирадиган масалалар бўйича қонун ҳужжатлари тўпламларини нашр этишга тайёрлайди;
к) давлат органи раҳбарияти учун қонунчилик масалалари бўйича таҳлилий материаллар тайёрлайди;
л) давлат органи ва унинг тизимига кирадиган бўлинмалар ходимларининг ҳуқуқий билимларини ошириш тадбирларини ташкил этиш тўғрисида таклифлар киритади, ушбу тадбирларни ўтказишда қатнашади;
м) давлат органи фаолиятига тегишли қонунчиликни тарғиб қилиш ишларини амалга оширади;
н) давлат органи ходимларининг мурожаатлари бўйича уларга давлат органи фаолиятига тегишли ҳуқуқий ҳужжатларни топишга кўмаклашади, зарур ҳолларда уларнинг қоидалари бўйича тушунтиришлар беради;
2) давлат органи фаолиятида қонунийликни таъминлаш соҳасида:
а) давлат органида ва унинг тизимига кирувчи бўлинмаларда қонун бузилишларини, уларнинг сабаблари ва шарт-шароитларини бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида таклифлар киритади, зарур ҳолларда ушбу чора-тадбирларни амалга оширишда қатнашади;
б) давлат органи раҳбариятига тақдим қилинадиган буйруқлар, фармойишлар ва ҳуқуқий тусдаги бошқа ҳужжатлар лойиҳаларини уларнинг қонунчиликка мувофиқлиги юзасидан экспертизадан ўтказади ҳамда улар бўйича эътироз ва таклифлар бўлмаса, виза қўяди. Бунда лойиҳаларга юридик хизмат томонидан давлат органининг бошқа ваколатли бўлинмаларидан (ходимларидан) кейин виза қўйилади;
в) мустақил равишда ёки бошқа бўлинмалар билан биргаликда давлат органининг буйруқлари, фармойишлари ва ҳуқуқий тусдаги бошқа ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек уларни ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида таклифлар тайёрлайди;
г) давлат органида ва унинг тизимига кирадиган бўлинмаларнинг ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганади, таҳлил қилади ва умумлаштиради, уни такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлайди ва раҳбариятга киритади;
д) давлат органида ва унинг тизимига кирадиган бўлинмаларда мулк сақланиши таъминланишининг ҳуқуқий механизмларини ташкил қилади;
е) давлат органининг бошқа бўлинмалари билан биргаликда давлат органи, унинг тизимига кирадиган бўлинмалар ва уларнинг мансабдор шахслари фаолиятида қонунийликнинг бузилиши кўрсатилган аризалар, шикоятлар ва бошқа мурожаатларни кўриб чиқади;
ж) давлат органида бошқарув тизимини такомиллаштириш, давлат органи тизимига кирадиган бўлинмалар ва уларнинг мансабдор шахсларининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилаш бўйича таклифлар ишлаб чиқишда қатнашади;
з) давлат органида меҳнат ҳақидаги қонунга риоя этилишини таъминлашда, шу жумладан меҳнат муносабатларини тартибга солувчи ҳуқуқий ҳужжатларни (меҳнат шартномаси, жамоавий шартнома, жамоавий битим ва бошқаларни) ишлаб чиқишда қатнашади, ушбу ҳужжатлар лойиҳаларининг қонунчиликка мувофиқлигини текширади ва ҳуқуқий хулоса беради;
3) шартномавий-ҳуқуқий, талабнома-даъво ишлари ва ҳуқуқий ҳимоя қилиш соҳасида:
а) бошқа бўлинмалар билан биргаликда давлат органи томонидан шартномалар тайёрланиши ва тузиш ишларида қатнашади, уларнинг қонунчиликка мувофиқлигини текширади ҳамда шартномалар лойиҳаларига, агар эътироз ва таклифлари бўлмаса, виза қўяди. Бунда лойиҳаларга юридик хизмат томонидан давлат органининг бошқа ваколатли таркибий бўлинмаларидан (ходимларидан) кейин виза қўйилади;
б) қонунчиликда белгиланган энг кам ойлик иш ҳақи миқдорининг икки юз бараваридан ортиқ суммадаги шартномаларнинг қонунчиликка мувофиқлиги юзасидан ёзма хулосаларни тайёрлайди ва имзолайди;
в) шартномаларни тузиш, бажариш, ўзгартириш ва бекор қилишнинг белгиланган тартибига риоя этилишини назорат қилади;
г) давлат органи томонидан тузилган шартномаларни зарур даражада бажариш бўйича таклифлар киритади, шартномавий муносабатларни такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқишда қатнашади;
д) давлат органининг манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича талабномалар тайёрлашда ва давлат органига нисбатан билдирилган талабномаларни кўриб чиқишда қатнашади, давлат органида талабномалар билдириш ва уларни кўриб чиқиш тартибига риоя этилишини назорат қилади;
е) тегишли бўлинмалар билан биргаликда давлат органининг дебиторлик ва кредиторлик қарзлари аҳволини ўрганади, уларнинг миқдорини камайтириш чораларини кўради;
ж) шартномавий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар юзасидан даъво ишларини олиб боради;
з) давлат органининг мулкий ва бошқа манфаатларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш учун зарур бўлган ҳужжатларни тайёрлашда ҳамда белгиланган тартибда суд мажлисларида қатнашади;
4) бошқа соҳаларда:
а) давлат органи тизимига кирадиган бўлинмаларнинг ҳуқуқий ишларига методик ёрдам кўрсатади, юридик хизмат фаолияти йўналишлари бўйича тавсияномалар ва кўрсатмаларни ишлаб чиқади;
б) қонунчиликка киритилган ўзгартиришлар ҳақидаги маълумотларни, суд амалиётини, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг ҳуқуқий ишларга тааллуқли кўрсатмаларини давлат органи тизимига кирадиган бўлинмаларга етказади;
в) қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа функцияларни бажаради.
11. Маҳаллий давлат ҳокимияти органининг юридик хизмати мазкур органнинг норматив тусдаги қарорлари лойиҳаларининг ҳудудий адлия органларига киритилишини таъминлайди.
12. Юридик хизматга ушбу Низомда ёки бошқа қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган функциялар юклатилишига йўл қўйилмайди.
III. Юридик хизматнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
13. Давлат органининг юридик хизмати қуйидаги ҳуқуқларга эга:
а) давлат органига келиб тушган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни танишиш, хизматда фойдаланиш ва уларнинг тизимлаштирилган ҳисобини юритиш учун биринчи навбатда олиш;
б) давлат органи ва унинг тизимига кирадиган бўлинмаларнинг мансабдор шахсларидан юридик хизматга юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш учун зарур бўлган ҳужжатлар ва маълумотларни олиш;
в) раҳбарият томонидан чақириладиган ҳуқуқий масалаларга тегишли йиғилишлар, кенгашлар ва мажлисларда қатнашиш;
г) раҳбарият топшириғига кўра ёки тегишли бўлинма раҳбарининг розилиги билан уларнинг ходимларини норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва бошқа ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш учун, ҳуқуқий ишларни амалга ошириш билан боғлиқ бошқа тадбирларга жалб қилиш;
д) қонунчиликка зид бўлган, қонунчилик техникаси талабларига жавоб бермайдиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва бошқа ҳужжатлар лойиҳаларини ижрочиларига пухта ишлаш учун қайтариш, ўз эътирозларини асослаган ҳолда, аниқланган камчиликларни бартараф этиш тўғрисида ҳуқуқий хулосалар бериш, раҳбарият топшириғига кўра ёки ўз ташаббуси билан бошқа бўлинмалар билан биргаликда ушбу лойиҳаларни пухта ишлашда қатнашиш;
е) давлат органи тизимига кирадиган бўлинмаларда давлат органи ваколатга кирадиган масалалар бўйича қонун ҳужжатларига риоя қилиниши масалаларини ўрганиш;
ж) давлат органи ва унинг тизимига кирадиган бўлинмаларнинг қонун ҳужжатлари бажарилишини таъминламаётган ёхуд уларни бузаётган раҳбарлари ва ходимларини жавобгарликка тортиш ҳақида раҳбариятга таклифлар киритиш;
з) давлат органида ва унинг тизимига кирадиган бўлинмаларда ёки давлат органи томонидан ўтказиладиган текширишлар, тафтишлар ва хатловларда, шунингдек уларнинг якунлари бўйича ҳужжатларни кўриб чиқишда қатнашиш ҳамда аниқланган ҳуқуқбузарликлар юзасидан ҳуқуқий хулосалар бериш.
Юридик хизмат қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
14. Юридик хизмат ходими:
унга ушбу Низомда ва бошқа қонун ҳужжатларида юкланган вазифаларни зарур даражада ва самарали бажариши;
давлат органида ва унинг тизимига кирадиган бўлинмаларда қонун бузилиши ҳолатлари аниқланганлиги тўғрисида зудлик билан раҳбариятга хабар бериши;
белгиланган тартибда ва муддатларда малака ошириши ва аттестациядан ўтиши шарт.
Юридик хизмат ходими қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятларга ҳам эга бўлиши мумкин.
IV. Юридик хизмат ходимининг жавобгарлиги
15. Юридик хизмат ходими ўзи виза қўйган ҳужжатлар лойиҳаларининг ва ўзи берган хулосаларнинг қонунчиликка мувофиқлиги учун жавоб беради.
16. Юридик хизмат ходими ўз вазифалари ва функциялари бажарилмаганлиги ёки зарур даражада бажарилмаганлиги учун қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортилади.
V. Ушбу Низомнинг бажарилишини назорат қилиш
17. Ушбу Низомга риоя этилишини назорат қилиш адлия органлари томонидан амалга оширилади.
Адлия органлари ўз ваколатлари доирасида ушбу Низом ва юридик хизматлар фаолиятини тартибга солувчи бошқа қонун ҳужжатлари талабларининг юридик хизмат ходимлари ва бошқа мансабдор шахслар томонидан бузилишининг аниқланган ҳолатларини бартараф этишга, шунингдек айбдор шахсларни қонун ҳужжатларида назарда тутилган жавобгарликка тортишга йўналтирилган чораларни кўради.
Адлия органлари юридик хизмат фаолиятига тегишли ҳужжатларни ва бошқа маълумотларни давлат органларидан сўраб олиш ҳуқуқига эга.
18. Адлия органлари:
давлат органларида ҳуқуқий ишларни мувофиқлаштиришни амалга оширади, уларни яхшилашга доир тавсиялар ишлаб чиқади;
ҳар чоракда давлат органларидан ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш учун келиб тушган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини таҳлил қилади ва умумлаштиради, умумлаштириш маълумотларини ўрганади ва давлат органларининг юридик хизматларига кўрсатмалар беради, шунингдек уларни тайёрлаш давомида йўл қўйилган аниқланган тизимли камчиликларни бартараф этиш юзасидан методик ёрдам кўрсатади.
(18-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 4 июндаги 149-сонли қарорига асосан киритилган — ЎР ҚҲТ, 2015 й., 23-сон, 302-модда)
Вазирлар Маҳкамасининг
2007 йил 24 августдаги 182-сон қарорига
2-ИЛОВА
Хўжалик бошқаруви органлари, давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотларининг юридик хизмати тўғрисида
НИЗОМ
I. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан ташкил этиладиган хўжалик бошқаруви органлари ҳамда давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотлари (кейинги ўринларда «корхона» деб аталади) юридик хизмати фаолиятига қўйиладиган талабларни, уларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлигини белгилайди.
Бошқа хўжалик юритувчи субъектлар учун ушбу Низом тавсиявий хусусиятга эга.
2. Корхонанинг юридик хизмати — корхона фаолиятини ҳуқуқий таъминлаш мақсадида ташкил этиладиган ёки жорий қилинадиган мустақил таркибий бўлинма ёхуд лавозим. Юридик хизмат бевосита корхонанинг раҳбарига бўйсунади.
3. Юридик хизмат юридик департамент, юридик бошқарма, юридик бўлим, юридик бюро шаклида ташкил қилиниши ёхуд битта штатдан иборат бош юрисконсульт, етакчи юрисконсульт, катта юрисконсульт ёки юрисконсультдан иборат бўлиши мумкин.
Юридик хизматнинг мавжуд штат бирликларини қисқартиришга ёхуд уларни корхонанинг бошқа таркибий бўлинмаларига қайта тақсимлашга йўл қўйилмайди;
(3-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 4 июндаги 149-сонли қарорига асосан иккинчи хатбоши билан тўлдирилган — ЎР ҚҲТ, 2015 й., 23-сон, 302-модда)
Юридик хизмат ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорларига, ушбу Низомга ва бошқа қонун ҳужжатларига амал қилади.
4. Корхонанинг юридик хизмати ходими лавозимида олий юридик маълумотга эга бўлган шахс ишлаши мумкин.
Юридик хизмат бошлиғи лавозимига олий юридик маълумотга ва юридик мутахассислик бўйича камида икки йиллик иш стажига эга бўлган шахс тайинланади.
(4-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 4 июндаги 149-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2015 й., 23-сон, 302-модда)
Юридик хизмат ходими лавозимига биринчи марта тайинланган шахслар белгиланган тартибда адлия органларида стажировкадан ўтадилар.
Адлия органларида стажировкадан ўтиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан белгиланади.
(4-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 4 июндаги 149-сонли қарорига асосан хатбошилар билан тўлдирилган — ЎР ҚҲТ, 2015 й., 23-сон, 302-модда)
5. Белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган шахслар юридик хизмат ходими лавозимида ишлаши мумкин эмас.
II. Юридик хизматнинг вазифалари ва функциялари
6. Қуйидагилар корхона юридик хизматининг асосий вазифалари ҳисобланади:
а) корхона ва унинг таркибий бўлинмалари, уларнинг мансабдор шахслари фаолиятида қонунийликни таъминлашда қатнашиш;
б) корхона ва унинг таркибий бўлинмалари ходимларининг ҳуқуқий маданиятини оширишда қатнашиш;
в) корхона ва унинг таркибий бўлинмалари мулкининг сақланишини ҳуқуқий воситалар орқали таъминлаш ишларини ташкил қилиш;
г) корхонада шартномавий-ҳуқуқий ва талабнома-даъво ишларини юритишда қатнашиш;
д) судларда ва бошқа идораларда корхонанинг мулкий ва бошқа манфаатларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш.
7. Корхонанинг юридик хизмати ўзига юкланган вазифаларни амалга ошириш учун қуйидаги функцияларни бажаради:
1) қонунийликни таъминлаш ва ҳуқуқий маданиятни ошириш соҳасида:
а) корхона раҳбариятига тақдим қилинадиган буйруқлар, фармойишлар ва ҳуқуқий тусдаги бошқа ҳужжатлар лойиҳаларини амалдаги қонунчиликка мувофиқлик юзасидан текширади ҳамда эътироз ва таклифлари бўлмаса, уларга виза қўяди. Бунда лойиҳага юридик хизмат томонидан корхонанинг бошқа таркибий бўлинмаларидан (ходимларидан) кейин виза қўйилади.
б) корхонада ва унинг таркибий бўлинмаларида қонун бузилиши ҳолатларини бартараф этиш ҳамда уларнинг олдини олиш юзасидан таклифлар киритади;
в) корхонада меҳнат ҳақидаги қонунларга риоя этилишини таъминлашда, шу жумладан меҳнатга оид ҳуқуқий муносабатларни тартибга солувчи ҳуқуқий ҳужжатларни (меҳнат шартномаси, жамоавий шартнома, жамоавий битимлар ва бошқаларни) ишлаб чиқишда қатнашади, ушбу ҳужжатлар лойиҳаларини қонунчиликка мувофиқлик юзасидан текширади ва ҳуқуқий хулоса беради;
г) корхонанинг касаба уюшмаси ва ходимларнинг бошқа вакиллик органларига ўз ваколатларини амалга оширишда юридик ёрдам кўрсатади;
д) корхона ва унинг таркибий бўлинмалари ходимларининг ҳуқуқий билимларини ошириш тадбирларини ташкил этиш тўғрисида таклифлар киритади, бундай тадбирларни ўтказишда қатнашади;
е) корхона ходимларининг мурожаатлари бўйича уларга корхона фаолиятига тегишли ҳуқуқий ҳужжатларни топишда кўмаклашади, зарур ҳолларда ушбу ҳужжатлар бўйича тушунтиришлар беради;
2) мулкнинг сақланишини ҳуқуқий воситалар орқали таъминлаш соҳасида;
а) мулкни сақлаш масалалари бўйича ҳуқуқий тусдаги ҳужжатлар лойиҳаларининг қонун ҳужжатларига мувофиқлигини текширади ва уларни тайёрлашда иштирок этади;
б) бошқа таркибий бўлинмалар билан биргаликда корхонада мулкнинг талон-тарож қилиниши, камомад ва ноишлаб чиқариш харажатларининг келиб чиқиши сабаблари ва шароитларини таҳлил қилади ҳамда уларни бартараф этиш чораларини кўради, мулкнинг талон-тарож қилиниши ва камомад ҳолатлари бўйича материалларни ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига юбориш учун расмийлаштиради;
в) моддий бойликлар ва пул маблағларини ҳисобдан чиқариш тўғрисидаги ҳужжатлар лойиҳалари, шунингдек қонун бузилишлари ва суиистеъмоллар аниқланган аудиторлик текширувлари ва хатловдан ўтказиш далолатномалари бўйича ҳуқуқий хулосалар беради;
3) шартномавий-ҳуқуқий, талабнома-даъво ишлари ва ҳуқуқий ҳимоя қилиш соҳасида:
а) бошқа таркибий бўлинмалар билан биргаликда корхонанинг шартномаларини тайёрлаш ва тузиш ишларида қатнашади, уларнинг қонунчиликка мувофиқлигини текширади, шартномалар лойиҳаларига, агар эътирозлари ва таклифлар бўлмаса, виза қўяди. Бунда лойиҳаларга юридик хизмат томонидан корхонанинг бошқа ваколатли таркибий бўлинмаларидан (ходимларидан) кейин виза қўйилади.
б) қонунчиликда белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг икки юз бараваридан ортиқ суммадаги шартномаларнинг қонунчиликка мувофиқлиги юзасидан ёзма хулосаларни тайёрлайди ва имзолайди;
в) шартномаларни тузиш, бажариш, ўзгартириш ва бекор қилишнинг белгиланган тартибига риоя этилишини назорат қилади, корхона томонидан тузилган шартномаларнинг зарур даражада бажарилиши бўйича таклифлар киритади;
г) корхонанинг манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича талабномалар тайёрлашда ва корхонага нисбатан билдирилган талабномаларни кўриб чиқишда қатнашади, корхонада талабномалар билдириш ва уларни кўриб чиқиш тартибига риоя этилишини назорат қилади;
д) тегишли бўлинмалар билан биргаликда корхонанинг дебиторлик ва кредиторлик қарзлари аҳволини ўрганади, уларнинг миқдорини камайтириш чораларини кўради;
е) шартномавий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар бўйича даъво ишларини олиб боради;
ж) корхонанинг мулкий ва бошқа манфаатларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш учун зарур бўлган ҳужжатларни тайёрлашда ва белгиланган тартибда суд мажлисларида қатнашади;
4) бошқа соҳаларда:
а) таркибий бўлинмаларнинг ҳуқуқий ишларига методик ёрдам кўрсатади, юридик хизмат фаолиятининг турли йўналишлари бўйича тавсияномалар ва кўрсатмаларни ишлаб чиқади;
б) норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг сақланишини ва назорат қилинишини таъминлайди, ҳуқуқий нашрларга обуна бўлиш ҳақида хўжалик юритувчи субъект раҳбариятига таклифлар киритади.
в) қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа функцияларни бажаради.
III. Юридик хизматнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
8. Корхонанинг юридик хизмати қуйидаги ҳуқуқларга эга:
а) корхона ва унинг таркибий бўлинмалари мансабдор шахсларидан юридик хизматга юкланган функцияларни бажариш учун зарур бўлган ҳужжатлар ва маълумотлар олиш;
б) раҳбарият топшириғига кўра ёки тегишли таркибий бўлинмалар раҳбарлари розилиги билан уларнинг ходимларини норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва бошқа ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлашга ва ҳуқуқий ишларни амалга ошириш билан боғлиқ бошқа тадбирларга жалб қилиш;
в) қонунчиликка зид бўлган ҳужжатлар лойиҳаларини пухта ишлаш учун ижрочиларига қайтариш, аниқланган камчиликларни бартараф этиш тўғрисида, ўз эътирозларини асослаган ҳолда, хулосалар бериш, раҳбарият топшириғига кўра ёки ўз ташаббуси билан бошқа бўлинмалар билан биргаликда лойиҳаларни пухта ишлашда қатнашиш;
г) корхона ва унинг таркибий бўлинмаларининг қонун ҳужжатлари бажарилишини таъминламаётган ёхуд қонун бузилишга йўл қўяётган раҳбарлари ва ходимларини жавобгарликка тортиш ҳақида раҳбариятга таклифлар киритиш;
д) корхона ва унинг таркибий бўлинмаларида ўтказилаётган текширишлар, тафтишлар ва хатловларда, шунингдек уларнинг якунлари бўйича ҳужжатларни кўриб чиқишда қатнашиш, аниқланган ҳуқуқбузарликлар юзасидан ҳуқуқий хулосалар бериш.
Юридик хизмат қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
9. Юридик хизмат ходими:
юридик хизматга юкланган вазифаларни зарур даражада ва самарали бажариши;
корхонада ва унинг таркибий бўлинмаларида аниқланган қонун бузилишлари тўғрисида зудлик билан раҳбариятга хабар бериши;
белгиланган тартибда ва муддатларда малака ошириши ва аттестациядан ўтиши шарт.
Юридик хизмат ходими қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятларга ҳам эга бўлиши мумкин.
IV. Юридик хизматнинг жавобгарлиги
10. Юридик хизмат ходими ўзи виза қўйган ҳужжатлар лойиҳалари ва ўзи томонидан берилган хулосаларнинг қонун ҳужжатларига мувофиқлиги учун жавоб беради.
11. Юридик хизмат ходими ўз мажбуриятларини бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги учун қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортилади.
V. Ушбу Низомнинг бажарилишини назорат қилиш
12. Ушбу Низомга риоя этилишини назорат қилиш адлия органлари томонидан амалга оширилади.
Адлия органлари ўз ваколатлари доирасида ушбу Низом ва юридик хизматлар фаолиятини тартибга солувчи бошқа қонун ҳужжатлари талабларининг юридик хизматлар ходимлари ва бошқа мансабдор шахслар томонидан бузилишларининг аниқланган ҳолатларини бартараф этишга, шунингдек айбдор шахсларни қонун ҳужжатларида назарда тутилган жавобгарликка тортишга йўналтирилган чораларни кўради.
Адлия органлари юридик хизмат фаолиятига тегишли ҳужжатларни ва бошқа маълумотларни корхоналардан сўраб олиш ҳуқуқига эга.
13. Адлия органлари:
корхоналарда ҳуқуқий ишларни мувофиқлаштиришни амалга оширади, уларни яхшилашга доир тавсиялар ишлаб чиқади;
ҳар чоракда корхоналардан ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш учун келиб тушган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини таҳлил қилади ва умумлаштиради, умумлаштириш маълумотларини ўрганади ва корхоналарнинг юридик хизматларига кўрсатмалар беради, шунингдек уларни тайёрлаш давомида йўл қўйилган аниқланган тизимли камчиликларни бартараф этиш юзасидан методик ёрдам кўрсатади.
(13-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 4 июндаги 149-сонли қарорига асосан киритилган — ЎР ҚҲТ, 2015 й., 23-сон, 302-модда)
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2007 й., 35-36-сон, 355-модда; 2012 й., 37-сон, 429-модда; 2013 й., 50-сон, 650-модда; 2015 й., 23-сон, 302-модда)