toggle_night_mode
Ҳужжат кучини йўқотган 28.09.2020
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Қарори
2006—2008 ЙИЛЛАРДА ДАВЛАТ ТАСАРРУФИДАН ЧИҚАРИШ ВА
ХУСУСИЙЛАШТИРИШ ЖАРАЁНЛАРИНИ ЧУҚУРЛАШТИРИШ ТЎҒРИСИДА
 LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 27 сентябрдаги ПФ-6075-сонли «Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига асосан ўз кучини йўқотган.
Иқтисодиётда хусусий мулк ролини оширишга, хўжалик жамиятларининг устав жамғармаларида давлат улушини тубдан қисқартиришга қаратилган иқтисодиётнинг етакчи тармоқлари корхоналарини давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш жараёнларини янада чуқурлаштириш, шунингдек корхоналарни ривожлантириш ва модернизациялашга тўғридан-тўғри инвестициялар, шу жумладан хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш мақсадида:
1. Қуйидагилар:
давлатнинг жойлаштирилмаган активлари тўлалигича хусусий мулк қилиб сотиладиган корхоналар ва объектлар рўйхати, 1-иловага* мувофиқ;
давлатнинг жойлаштирилмаган активлари 2006-2007 йилларда инвесторлар томонидан олинадиган инвестиция мажбуриятлари эвазига бепул бериладиган корхоналар ва объектлар рўйхати, 2-иловага* мувофиқ;
устав жамғармасида жойлаштирилмаган давлат активлари (хўжалик бирлашмаларининг устав жамғармаларига аввал берилганларини ҳам ҳисобга олган ҳолда) 2006—2008 йиллар мобайнида Давлат тендер комиссияси қарори бўйича инвестиция мажбуриятларини қабул қилиш билан хусусий мулк қилиб сотиладиган стратегик аҳамиятга эга корхоналар рўйхати, 3-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
* 1—3-иловалар рус тилидаги матнда берилган.
2. Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси вазирликлар, идоралар, хўжалик бошқаруви органлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда бир ой муддатда 1, 2 ва 3-иловаларга киритилган корхоналар, объектлар ҳамда давлатга қарашли бошқа активларни баҳолаш, савдога қўйиш ва сотиш жадвалларини тасдиқласин ҳамда ўз вақтида ва тегишли равишда ўтказилишини таъминласин.
3. Қуйидагилар тасдиқлансин:
Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерациялари Кенгаши ҳамда йирик корхоналар балансига бериладиган болалар соғломлаштириш оромгоҳлари рўйхати, 4-иловага* мувофиқ;
мулки биржа савдоларида сотилган ҳолда тугатиладиган болалар соғломлаштириш оромгоҳлари рўйхати, 5-иловага* мувофиқ.
* 4-5-иловалар рус тилидаги матнда берилган.
Белгилансинки, болалар соғломлаштириш оромгоҳларини балансдан балансга топшириш даромад (фойда) солиғи ва қўшилган қиймат солиғи бўйича солиққа тортиш объекти ҳисобланмайди.
4. Давлатнинг сафарбарлик ва стратегик захиралари моддий бойликларини сақлаш топшириқлари бириктирилган корхоналарнинг давлат акциялари пакетлари ва улушларини сотишда ушбу вазифаларни шартнома асосида бажариш мажбурияти хусусийлаштирилган корхоналар зиммасида сақланиб қолиши белгилаб қўйилсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси судларда, шу жумладан иқтисодий судларида ўз зиммасидаги ваколатларни амалга ошириш билан боғлиқ ишлар бўйича давлат божи тўлашдан озод этилсин.
(5-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 11 сентябрдаги ПФ-5187-сонли Фармони таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 37-сон, 980-модда)
6. Ўзбекистон Республикасининг баъзи қонун ҳужжатларига 6-иловага* мувофиқ ўзгартиш ва қўшимчалар киритилсин.
* 6 - илова рус тилидаги матнда берилган.
7. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Р.С. Азимов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2006 йил 10 июль,
ПҚ-407-сон
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2006 й., 28-29-сон, 264-модда, 45-сон, 441-модда; 2007 й., 29-30-сон, 300-модда; 2010 й., 14-15-сон, 102-модда; 2015 й., 17(1)-сон, 216-модда; 2017 й., 37-сон, 980-модда)