1.07.00.00.00 Молия ва кредит тўғрисидаги қонунчилик. Банк фаолияти / 07.29.00.00 Бухгалтерия ҳисоби. Молиявий ҳисобот / 07.29.01.00 Умумий қоидалар]
[ТСЗ:
1.Молия / Бухгалтерия ҳисоби]
Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт ва молия вазирининг
буйруғи
Молиявий ҳисоботни тузиш ва тақдим этишнинг концептуал асосларини тасдиқлаш ҳақида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2026 йил 10 июнда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 3854]
Ўзбекистон Республикасининг «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонуни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 15 сентябрдаги ПҚ-282-сон «Молиявий ҳисоб тизимини халқаро талаб ва стандартларга мувофиқ такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ буюраман:
2. Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт ва молия вазирининг 2024 йил 14 июндаги 131-сон «Молиявий ҳисоботни тайёрлаш ва тақдим этиш учун концептуал асосни тасдиқлаш ҳақида»ги буйруғи (рўйхат рақами 3530, 2024 йил 12 июль) (Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 13.07.2024 й., 10/24/3530/0506-сон) ўз кучини йўқотган деб топилсин.
3. Мазкур буйруқ 2027 йил 1 январдан эътиборан кучга киради.
Вазир Д. КУЧКАРОВ
Тошкент ш.,
2026 йил 6 май,
362-сон
Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт ва молия вазирининг 2026 йил 6 майдаги 362-сон буйруғига ИЛОВА
Молиявий ҳисоботни тузиш ва тақдим этишнинг
КОНЦЕПТУАЛ АСОСЛАРИ
Ушбу Молиявий ҳисоботни тузиш ва тақдим этишнинг концептуал асослари (бундан буён матнда Концептуал асос деб юритилади) мулкчилик шаклидан қатъий назар Ўзбекистон Республикасида фаолият юритаётган юридик шахслар (бундан Жамоат аҳамиятига эга ташкилотлар ва бюджет ташкилотлари мустасно) (бундан буён матнда ташкилот деб юритилади) томонидан тузиладиган ва тақдим этиладиган молиявий ҳисоботнинг мақсадини ифодалайди ҳамда молиявий ҳисоботни тузиш ва тақдим этишнинг асосий тамойилларини белгилайди.
1-боб. Концептуал асоснинг мақсади ва мақоми
1. Мазкур Концептуал асоснинг мақсади қуйидагиларга ёрдам беришдан иборат:
бухгалтерия ҳисоби ва молиявий ҳисобот тизимини тартибга солувчи давлат органи Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигига — изчил концепцияларга асосланган Молиявий ҳисоботнинг миллий стандартларини (бундан буён матнда МҲМС деб юритилади) ишлаб чиқиш ва қайта кўриб чиқишда;
молиявий ҳисоботни тайёрловчи шахсларга — муайян операция ёки бошқа ҳодисага нисбатан қўлланадиган стандарт мавжуд бўлмаганда ёки муайян стандартда ҳисоб усулларидан бирини ҳисоб сиёсатида танлашга рухсат берилган тақдирда изчил ҳисоб сиёсатини ишлаб чиқишда;
бошқа фойдаланувчиларга — МҲМСни тушуниш, шарҳлаш ва таҳлил қилишда.
2. Ушбу Концептуал асос МҲМС ҳисобланмайди ва ундаги қоидалар бухгалтерия ҳисоби ва молиявий ҳисоботнинг алоҳида бир стандартидан ёки стандарт талабидан устувор ҳисобланмайди.
3. Мазкур Концептуал асос ва МҲМС ўртасида зиддиятлар юзага келганда МҲМС талаблари қўлланилади.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги МҲМСни ишлаб чиқишда мазкур Концептуал асосдан фойдаланади ҳамда Концептуал асос билан МҲМС ўртасида зиддиятлар юзага келса, ушбу зиддиятларни бартараф этиш чораларини кўради.
4. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги МҲМСни қўллаш амалиётидан келиб чиқиб, ушбу Концептуал асосни қайта кўриб чиқиши мумкин.
2-боб. Умумий мақсаддаги молиявий ҳисоботнинг мақсади
5. Умумий мақсаддаги молиявий ҳисобот мавжуд ва потенциал инвесторлар, қарз берувчилар ва бошқа кредиторларга ҳисобот берувчи ташкилот тўғрисида мазкур ташкилотни ресурслар билан таъминлаш тўғрисида қарорлар қабул қилишда фойдали бўладиган молиявий маълумотни тақдим этишга қаратилган бўлади.
6. Мазкур Концептуал асоснинг 5-бандида назарда тутилган маълумот қуйидагиларни ўз ичига олади:
ташкилотнинг иқтисодий ресурслари, ушбу ташкилотга нисбатан талаб қилиш ҳуқуқлари ҳамда мазкур ресурслар ва талаб қилиш ҳуқуқларидаги ўзгаришлар;
ташкилот раҳбарияти ва бошқарув органи томонидан ташкилотнинг иқтисодий ресурсларидан фойдаланиш бўйича зиммасига юклатилган вазифаларнинг қай даражада оқилона ва самарали бажарилганлиги.
7. Молиявий ҳисобот иқтисодий ҳодисаларни акс эттиришда кўп ҳолларда баҳолашлар, мулоҳазалар ва моделларга асосланади.
Концептуал асос бундай баҳолашлар, мулоҳазалар ва моделлар негизидаги тамойилларни белгилайди.
8. Қуйидагилар мазкур Концептуал асоснинг асосий жиҳатлари ҳисобланади:
молиявий ҳисоботнинг мақсади;
молиявий ҳисоботнинг сифат тавсифлари;
ҳисобот берувчи ташкилот тушунчаси;
молиявий ҳисоботларнинг элементларини таърифлаш;
молиявий ҳисоботларнинг элементларини тан олиш (бундан буён матнда тан олиш деб юритилади), баҳолаш, ҳисобдан чиқариш, тақдим этиш ҳамда маълумотларни ёритиб бериш.
9. Умумий мақсаддаги молиявий ҳисоботлар ҳисобот берувчи ташкилотнинг иқтисодий ресурслари ва ушбу ташкилотга нисбатан талаб қилиш ҳуқуқлари тўғрисидаги маълумотдан иборат бўлган ҳисобот берувчи ташкилотнинг молиявий ҳолати тўғрисидаги маълумотларни таъминлайди.
Молиявий ҳисоботлар ҳисобот берувчи ташкилотнинг иқтисодий ресурслари ва ушбу ташкилотга нисбатан талаб қилиш ҳуқуқларини ўзгартирадиган операциялар ва бошқа ҳодисаларнинг таъсирлари тўғрисидаги маълумотларни ҳам таъминлайди.
Мазкур банднинг биринчи ва иккинчи хатбошиларида кўрсатилган маълумотлар фойдаланувчилар томонидан ташкилотнинг келгуси соф пул оқимларининг суммаси, муддати ва ноаниқлиги бўйича ўз баҳоларига асосланган ҳолда қарорлар қабул қилиш ва кутилмаларни шакллантиришда фойдаланилади.
10. Молиявий ҳисоботлар ҳисобот берувчи ташкилотнинг раҳбарияти томонидан ушбу ташкилотнинг иқтисодий ресурсларидан фойдаланиш бўйича ўз масъулияти қай даражада оқилона ва самарали бажарилганлигини кўрсатади. Бу эса ўз навбатида фойдаланувчиларга мазкур ресурсларни масъулиятли бошқариш бўйича ҳисобот берувчи ташкилотнинг раҳбарияти фаолиятини баҳолашга ёрдам беради.
11. Молиявий маълумот фойдали бўлиши учун ўринли бўлиши ҳамда ўзи акс эттириши лозим бўлган маълумотни ҳаққоний (ишончли) тақдим этиши лозим. Молиявий маълумотнинг қиёсланувчанлиги, текширилувчанлиги, ўз вақтида тақдим этилганлиги ҳамда тушунарлилиги унинг фойдалилигини оширади.
13. Қиёсланувчанлик, текширилувчанлик, ўз вақтида тақдим этиш ва тушунарлилик ўринли ва ҳаққоний (ишончли) тақдим этишни таъминлайдиган ҳамда маълумотнинг фойдалилигини оширадиган сифат тавсифлари ҳисобланади.
Муайян бир операцияни тақдим этишнинг икки хил усули мавжуд бўлса ҳамда ҳар икки усул ҳам операция бўйича маълумотни ўринли ва ҳаққоний (ишончли) тақдим қилса, маълумотнинг фойдалилигини оширадиган сифат тавсифлари бундай операцияни икки хил усулдан қай бири орқали акс эттириш лозимлигини аниқлашга ёрдам беради.
14. Маълумотнинг фойдалилигини оширадиган сифат тавсифлари имкон қадар тўлиқ қўлланилиши лозим.
Агар маълумот ўринли бўлмаса ёки ўзи акс эттириши лозим бўлган маълумотни ҳаққоний тақдим этмаса, маълумотнинг фойдалилигини оширадиган сифат тавсифлари алоҳида ёки гуруҳ сифатида маълумотни фойдали қила олмайди.
1-§. Ўринлилик
15. Ўринли молиявий маълумот фойдаланувчилар томонидан қабул қилинадиган қарорларга таъсир кўрсата олади.
Агар молиявий маълумот прогноз қиймати ёки тасдиқлаш қиймати ёхуд ҳар иккисига эга бўлса, у қарорларга аҳамиятли таъсир кўрсата олади.
Агар фойдаланувчилар томонидан молиявий маълумотдан келгуси натижаларни прогноз қилиш учун фойдаланиш мумкин бўлса, у прогноз қийматига эга бўлади.
Агар молиявий маълумот илгари амалга оширилган баҳолашлар тўғрисида мулоҳаза қилиш (уларни тасдиқлаш ёки ўзгартириш) имконини берса, у тасдиқлаш қийматига эга бўлади.
16. Агар молиявий маълумотни тушириб қолдириш, нотўғри кўрсатиш ёки етарли даражада очиқламаслик (яшириш) умумий мақсаддаги молиявий ҳисоботларнинг асосий фойдаланувчилари томонидан муайян ҳисобот берувчи ташкилот тўғрисидаги маълумот билан таъминлайдиган молиявий ҳисобот асосида қабул қилинадиган қарорларга сезиларли тарзда таъсир кўрсатиши мумкин бўлса, бундай маълумот муҳим ҳисобланади.
Бунда, муҳимлик маълум бир ташкилотнинг ҳисоботи контекстидаги маълумот тааллуқли бўлган моддаларнинг тавсифи ёки қиймати ёхуд ҳар иккисидан келиб чиққан ҳолда аниқланадиган ўринлиликнинг ташкилотга хос бўлган жиҳати ҳисобланади.
2-§. Ҳаққоний (ишончли) тақдим этиш
17. Молиявий маълумот фойдали бўлиши учун ўринли иқтисодий ҳодисаларни намоён қилишдан ташқари ўзи акс эттириши лозим бўлган иқтисодий ҳодисаларнинг моҳиятини тўғри ва ҳаққоний (ишончли) тақдим этиши лозим.
Иқтисодий ҳодисанинг моҳияти ва унинг ҳуқуқий шакли бир хил бўлади. Агар улар фарқ қилса, фақат ҳуқуқий шакли тўғрисидаги маълумотни тақдим этиш иқтисодий ҳодисани ҳаққоний (ишончли) тақдим этмайди.
18. Молиявий маълумотни ҳаққоний (ишончли) тақдим этишни таъминлаш мақсадида мазкур маълумот тўлиқ, бетараф ва хатолардан холи тарзда акс эттирилиши лозим.
19. Тўлиқ акс эттириш фойдаланувчининг акс эттирилаётган иқтисодий ҳодисани, шу жумладан барча изоҳлар (тушунтиришлар) ва тавсифларни тушуниши учун зарур бўлган барча маълумотни ўз ичига олиш ҳисобланади.
20. Бетараф акс эттириш молиявий маълумотни танлаш ёки тақдим этишда нохолислик бўлмаслигини англатади.
Эҳтиёткорликни қўллаш активлар ва даромадларни ошириб кўрсатмаслик ҳамда мажбуриятлар ва харажатларни камайтириб кўрсатмасликни англатади. Эҳтиёткорликни қўллаш орқали активлар ёки даромадларнинг камайтирилишига ёхуд мажбуриятлар ёки харажатларнинг оширилишига йўл қўйилмайди.
Бунда, мазкур банднинг учинчи хатбошисида назарда тутилган нотўғри акс эттиришлар келгуси даврларда даромадлар ёки харажатларнинг ошириб ёки камайтириб кўрсатилишига олиб келиши мумкин.
21. Хатолардан холи бўлиш иқтисодий ҳодисанинг тавсифида хатолар ёки маълумотнинг тушириб қолдирилиши мавжуд эмаслигини ҳамда тақдим этилган маълумотни олиш учун фойдаланилган жараён хатосиз танлангани ва қўлланганини англатади.
3-§. Қиёсланувчанлик
22. Молиявий маълумот фойдали ва мазмунли бўлиши учун ҳисобот берувчи ташкилотнинг бир ҳисобот давридаги маълумоти бошқа ҳисобот давридаги маълумоти билан ёки бошқа ташкилотнинг шу каби маълумоти билан қиёсланадиган бўлиши керак.
23. Қиёсланувчанлик фойдаланувчиларга моддалар ўртасидаги ўхшаш ва фарқли жиҳатларни аниқлаш ҳамда тушуниш имконини берадиган сифат тавсифи ҳисобланади.
Изчиллик айнан бир хил моддаларга нисбатан битта ташкилот доирасида турли даврларда ёки турли ташкилотларга нисбатан бир даврда айнан бир хил усуллардан фойдаланишни назарда тутади.
Бир хил иқтисодий ҳодисага муқобил ҳисобга олиш усуллари қўлланган тақдирда қиёсланувчанлик камаяди.
4-§. Текширилувчанлик
24. Текширилувчанлик маълумот ўзи акс эттириши лозим бўлган иқтисодий ҳодисани ҳаққоний (ишончли) тақдим этишига фойдаланувчиларни ишонтиришга ёрдам беради.
Агар бирор маълумотдан хабардор шахслар ҳамда ушбу маълумот бўйича турли мустақил кузатувчилар аниқ келишувга кела олмаса, бироқ ушбу маълумот текширилувчан бўлса, улар маълумотнинг ҳаққоний (ишончли) эканлиги бўйича умумий фикрга кела олади.
Миқдорий маълумот текширилувчан бўлиши учун ягона мумкин бўлган ҳисоб баҳосини намоён этиши шарт эмас. Мумкин бўлган қийматлар кўлами ва улар билан боғлиқ эҳтимолликлар ҳам текширилувчан бўлиши мумкин.
5-§. Ўз вақтида тақдим этиш
25. Ўз вақтида тақдим этиш қарор қабул қилувчи шахслар улар томонидан қабул қилинадиган қарорларга таъсир кўрсатиш имконияти мавжуд бўлган пайтда маълумотга эга бўлишини англатади.
Маълумотнинг фойдалилиги, қоида тариқасида, унинг муддати ўтган сари камайиб боради. Айрим маълумотлар муайян фойдаланувчилар учун трендларни аниқлаш ва баҳолаш мақсадида ҳисобот даври якунлангандан кейин ҳам узоқ вақт давомида ўз вақтида тақдим этилган деб ҳисобланиши мумкин.
6-§. Тушунарлилик
26. Маълумотлар тушунарли бўлиши учун улар таснифланган, тизимлаштирилган ҳамда аниқ ва қисқа тақдим этилиши лозим.
4-боб. Молиявий ҳисоботлар ва ҳисобот берувчи ташкилот
1-§. Молиявий ҳисоботларнинг мақсади ва таркиби
27. Молиявий ҳисоботларнинг мақсади ҳисобот берувчи ташкилотнинг иқтисодий ресурсларини масъулиятли бошқариш бўйича ушбу ташкилот раҳбариятининг фаолиятини ҳамда ҳисобот берувчи ташкилотнинг келгусидаги соф пул маблағлари киримининг эҳтимолини баҳолашда молиявий ҳисоботлардан фойдаланувчилар учун фойдали бўладиган ҳисобот берувчи ташкилотнинг активлари, мажбуриятлари, хусусий капитали, даромадлари ва харажатлари тўғрисидаги молиявий маълумотни тақдим этишдан иборат.
28. Мазкур Концептуал асоснинг 27-бандида назарда тутилган маълумотлар қуйидагилар орқали тақдим этилади:
а) активлар, мажбуриятлар ва хусусий капитал тан олинадиган молиявий ҳолат тўғрисидаги ҳисобот;
б) даромадлар ва харажатлар тан олинадиган молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисобот(лар);
д) қуйидагилар тўғрисидаги маълумот тақдим этиладиган ва ёритиб бериладиган ҳисоботлар ва изоҳларда:
тан олинган активлар, мажбуриятлар, хусусий капитал, даромадлар ва харажатлар, шу жумладан уларнинг тавсифи ва ушбу тан олинган активлар ва мажбуриятлар асосида юзага келадиган рисклар;
тан олинмаган активлар ва мажбуриятлар, шу жумладан уларнинг тавсифи ва улар асосида юзага келадиган рисклар;
пул оқимлари;
ташкилотнинг хусусий капиталига нисбатан талаб қилиш ҳуқуқлари эгаларининг бадаллари ва ушбу шахсларга тақсимотлар;
тақдим этилган ёки ёритиб берилган суммаларни баҳолашда фойдаланилган усуллар, фаразлар ва мулоҳазалар, шунингдек ушбу усуллар, фаразлар ва мулоҳазалардаги ўзгаришлар.
29. Молиявий ҳисоботлар мавжуд ёки потенциал инвесторлар, қарз берувчилар ёхуд бошқа кредиторларнинг нуқтайи назаридан эмас, умумий ҳолатдаги ҳисобот берувчи ташкилотнинг нуқтайи назаридан кўриб чиқиладиган операциялар ва бошқа ҳодисалар тўғрисидаги маълумотни тақдим этади.
2-§. Ҳисобот даври
30. Молиявий ҳисоботлар муайян вақт даврига (ҳисобот даврига) нисбатан тайёрланади ва қуйидагилар тўғрисидаги маълумотни тақдим этади:
ҳисобот даврининг охирги санасида ёки ҳисобот даври мобайнида мавжуд бўлган активлар ва мажбуриятлар, шу жумладан, тан олинмаган активлар ва мажбуриятлар ҳамда хусусий капитал тўғрисида;
ҳисобот даври учун даромадлар ва харажатлар тўғрисида.
31. Молиявий ҳисоботлар фойдаланувчиларга улардаги ўзгаришлар ва трендларни аниқлаш ва баҳолашга ёрдам бериш мақсадида камида битта олдинги давр учун қиёсий маълумотни тақдим этади, бундан МҲМСни биринчи марта қўллаш учун бошқача тартиб талаб этилган ёки рухсат берилган ҳолатлар мустасно.
32. Келгуси операциялар ва бошқа келгуси ҳодисалар тўғрисидаги маълумот (прогноз маълумот) қуйидаги шартлар асосида молиявий ҳисоботларда акс эттирилади:
ҳисобот берувчи ташкилотнинг ҳисобот даври охиридаги ёки ҳисобот даври мобайнидаги активлари ва мажбуриятлари, шу жумладан, тан олинмаган актив ва мажбуриятлари ёки ҳисобот даврига оид даромадлари ва харажатлари, шунингдек хусусий капиталига доир маълумотга тегишли бўлса;
молиявий ҳисоботлардан фойдаланувчилар учун фойдали бўлса.
Молиявий ҳисоботлар ҳисобот берувчи ташкилот раҳбариятининг ушбу ташкилотга нисбатан кутилмалари ва стратегияси тўғрисидаги тушунтириш материаллари каби бошқа турдаги прогноз маълумотларни ўз ичига олмайди.
3-§. Фаолиятнинг узлуксизлиги фарази
33. Молиявий ҳисоботлар, қоида тариқасида, ҳисобот берувчи ташкилот ўз фаолиятини узлуксиз амалга ошириши ва яқин келажакда уни амалга оширишда давом эттириши тўғрисидаги фараз асосида тайёрланади. Бунда, ҳисобот берувчи ташкилотнинг ўз фаолиятини тугатиш ёки ўзининг тадбиркорлик фаолиятини тўхтатиш нияти ва зарурати мавжуд эмаслиги фараз қилинади.
Агарда ташкилотнинг ўз фаолиятини тугатиш ёки ўзининг тадбиркорлик фаолиятини тўхтатиш нияти ёки зарурати мавжуд бўлса, молиявий ҳисоботларни фаолиятнинг узлуксизлиги фаразидан бошқа асосда тайёрлаш талаб қилиниши мумкин. Бунда, молиявий ҳисоботларда фойдаланилган асос тавсифланади.
4-§. Ҳисобот берувчи ташкилот
34. Ҳисобот берувчи ташкилот — бу молиявий ҳисоботларни тайёрлаши шарт бўлган ёки уни тайёрлаш тўғрисида мустақил қарор қабул қиладиган ташкилот. Ҳисобот берувчи ташкилот битта ташкилотни ёки бир нечта ташкилотларни ўз ичига олиши мумкин.
35. Битта ташкилот (бош ташкилот) бошқа ташкилот (шуъба ташкилот) устидан назоратга эга бўлиши мумкин. Агар ҳисобот берувчи ташкилот бош ташкилотни ҳамда унинг шуъба ташкилотини ўз ичига олса, ушбу ҳисобот берувчи ташкилотнинг молиявий ҳисоботлари консолидациялашган молиявий ҳисобот бўлади.
Агар ҳисобот берувчи ташкилот фақат бош ташкилотнинг ўзидан иборат бўлса, ушбу ҳисобот берувчи ташкилотнинг молиявий ҳисоботлари консолидациялашмаган молиявий ҳисобот бўлади.
36. Агар ҳисобот берувчи ташкилот «бош ташкилот-шуъба ташкилот» муносабатлари билан боғланмаган икки ёки ундан ортиқ ташкилотларни ўз ичига олса, ҳисобот берувчи ташкилотнинг ушбу молиявий ҳисоботлари комбинациялашган молиявий ҳисобот бўлади.
5-§. Консолидациялашган ва консолидациялашмаган молиявий ҳисоботлар
37. Консолидациялашган молиявий ҳисоботлар ягона ҳисобот берувчи ташкилот сифатида бош ташкилот ва унинг шуъба ташкилотларининг активлари, мажбуриятлари, хусусий капитали, даромадлари ва харажатлари тўғрисида маълумотни тақдим этади. Мазкур маълумот бош ташкилотнинг мавжуд ва потенциал инвесторлари, қарз берувчилари ва бошқа кредиторлари учун бош ташкилотга келгусидаги соф пул маблағлари киримининг эҳтимолини баҳолашда фойдали ҳисобланади.
38. Консолидациялашган молиявий ҳисоботлар муайян шуъба ташкилотнинг активлари, мажбуриятлари, хусусий капитали, даромадлари ва харажатлари тўғрисида алоҳида маълумот тақдим этиш учун мўлжалланмаган. Шуъба ташкилотнинг молиявий ҳисоботлари бундай маълумотни таъминлайди.
39. Бош ташкилотнинг консолидациялашмаган молиявий ҳисоботлари фақат бош ташкилотнинг активлари, мажбуриятлари, хусусий капитали, даромадлари ва харажатлари тўғрисида маълумот тақдим этиш учун мўлжалланган.
40. Консолидациялашмаган молиявий ҳисоботларда тақдим этиладиган маълумот, қоида тариқасида, бош ташкилотнинг мавжуд ва потенциал инвесторлари, қарз берувчилари ва бошқа кредиторларининг маълумотга бўлган эҳтиёжларини қаноатлантириш учун етарли бўлмайди. Консолидациялашган молиявий ҳисоботни тузиш талаб этиладиган ҳолларда консолидациялашмаган молиявий ҳисобот консолидациялашган молиявий ҳисоботнинг ўрнини боса олмайди.
Бош ташкилотдан консолидациялашган молиявий ҳисоботларга қўшимча равишда консолидациялашмаган молиявий ҳисоботларни тайёрлаш талаб этилиши ёки бош ташкилот уларни ўз ихтиёрига кўра тайёрлаши мумкин.
5-боб. Молиявий ҳисоботларнинг элементлари
41. Молиявий ҳисоботлар молиявий натижаларни ва бошқа хўжалик операцияларини «молиявий ҳисоботларнинг элементлари» деб номланувчи иқтисодий тавсифларга мувофиқ алоҳида моддаларга гуруҳлаб акс эттиради.
Активлар, мажбуриятлар ва хусусий капитал ҳисобот берувчи ташкилотнинг молиявий ҳолатини аниқлаш билан боғлиқ элементлар ҳисобланади. Даромадлар ва харажатлар ҳисобот берувчи ташкилот фаолиятининг молиявий натижаларини аниқлаш билан боғлиқ элементлар ҳисобланади.
1-§. Активлар
42. Активлар — ташкилот томонидан олдинги ҳодисалар натижасида назорат қилинадиган мавжуд иқтисодий ресурс. Иқтисодий ресурс бу иқтисодий нафлар яратиш потенциалига эга бўлган ҳуқуқ ҳисобланади.
43. Иқтисодий нафлар яратиш потенциалига эга ҳуқуқлар турли шаклларга эга бўлиши мумкин, шу жумладан:
ташкилотга нисбатан бошқа томоннинг мажбуриятига мувофиқ келадиган ҳуқуқлар. Бунга қуйидагилар мисол бўлиши мумкин:
пул маблағларини олиш ҳуқуқлари;
товарлар ёки хизматларни олиш ҳуқуқлари;
иқтисодий ресурсларни бошқа томон билан манфаатли шартларда айирбошлаш ҳуқуқлари;
бошқа томоннинг иқтисодий ресурсни ўтказиш мажбуриятидан келиб чиқадиган муайян келгуси ҳодиса рўй берган тақдирда олинадиган нафга бўлган ҳуқуқлар;
ташкилотга нисбатан бошқа томоннинг мажбуриятига мувофиқ келмайдиган ҳуқуқлар. Бунга қуйидагилар мисол бўлиши мумкин:
асосий воситаларнинг объектлари ёки захиралар каби жисмоний объектларга бўлган ҳуқуқлар;
интеллектуал мулкдан фойдаланиш ҳуқуқи.
44. Иқтисодий нафлар яратиш потенциалига эга аксарият ҳуқуқлар шартнома шартлари, қонунчилик талаблари ёки шуларга ўхшаш воситалар орқали юзага келади. Масалан, ташкилот жисмоний объектга эгалик қилиш ёки уни ижарага олиш, қарз инструменти ёки улушли инструментга эгалик қилиш ёхуд рўйхатдан ўтказилган патентга эгалик қилиш орқали иқтисодий нафлар яратиш потенциалига эга ҳуқуқларга эга бўлиши мумкин.
Ташкилот қуйидаги усуллар орқали ҳам иқтисодий нафлар яратиш потенциалига эга ҳуқуқларга эга бўлиши мумкин:
омма учун очиқ бўлмаган ноу-хауни сотиб олиш ёки яратиш;
ҳисобот берувчи ташкилотга нисбатан бошқа томоннинг одатий амалиёти, эълон қилинган сиёсати ёки аниқ баёнотларига зид равишда ҳаракат қилиш учун амалий имконият мавжуд бўлмаган ҳолатда бошқа томонда юзага келадиган мажбурият.
45. Айрим товарлар ёки хизматлар бир пайтда олинади ва истеъмол қилинади. Бунда, ташкилотнинг бундай товарлар ёки хизматлар билан боғлиқ иқтисодий нафларни олишга бўлган ҳуқуқи ташкилот томонидан ушбу товарлар ёки хизматларни истеъмол қилиш пайтига қадар қисқа муддат мобайнида мавжуд бўлади.
46. Ташкилотнинг иқтисодий нафлар яратиш потенциалига эга барча ҳуқуқлари ҳам ушбу ташкилотнинг активлари ҳисобланмайди. Бундай ҳуқуқлар ташкилотнинг активлари ҳисобланиши учун қуйидаги иккита шартга жавоб бериши лозим:
ҳуқуқлар барча бошқа томонлар учун мавжуд иқтисодий нафлар келтиришидан ташқари ташкилот учун иқтисодий нафлар келтириш потенциалига эга бўлиши лозим;
ташкилот томонидан назорат қилиниши лозим.
Аҳамиятли сарфларсиз барча томонлар фойдаланиши учун мавжуд иқтисодий нафлар яратиш потенциалига эга ҳуқуқлар (масалан, ҳамма фойдаланиши мумкин бўлган йўл ёки ноу-хаудан фойдаланиш ҳуқуқи) уларга эга бўлган ташкилот учун активлар ҳисобланмайди.
47. Иқтисодий ресурс ташкилотга ҳуқуқлар бериш ёки қуйидаги ҳаракатлардан биттаси ёки бир нечтасини амалга ошириш имкониятини таъминлаш ҳисобига ташкилот учун иқтисодий нафлар яратиши мумкин:
а) шартномавий пул оқимларини ёки бошқа иқтисодий ресурсни олиш;
б) ҳисобот берувчи ташкилотга нисбатан бошқа томон билан фойдали шартларда иқтисодий ресурсларни айирбошлаш;
д) қуйидагилар орқали пул маблағларининг киримини таъминлаш ёки пул маблағларининг чиқимини олдини олиш:
мазкур иқтисодий ресурсдан алоҳида тарзда ёки бошқа иқтисодий ресурслар билан биргаликда товарларни ишлаб чиқариш ёки хизматлар кўрсатиш учун фойдаланиш;
мазкур иқтисодий ресурсдан бошқа иқтисодий ресурслар қийматини ошириш учун фойдаланиш;
мазкур иқтисодий ресурсни бошқа томонга ижарага бериш;
э) мазкур иқтисодий ресурсни сотиш натижасида пул маблағларини ёки бошқа иқтисодий ресурсларни олиш;
ф) мазкур иқтисодий ресурсни ўтказиш йўли билан мажбуриятни сўндириш.
48. Мазкур Концептуал асоснинг 46-банди учинчи хатбошисига мувофиқ назорат иқтисодий ресурсни ташкилот билан боғлайди.
Назоратнинг мавжудлигини баҳолаш ташкилот томонидан ҳисобга олиниши лозим бўлган иқтисодий ресурсни идентификациялашга ёрдам беради.
49. Агар ташкилот иқтисодий ресурсдан фойдаланиш усулини бошқариш ва иқтисодий ресурс келтириши мумкин бўлган иқтисодий нафларни олиш бўйича жорий имкониятга эга бўлса, ташкилот иқтисодий ресурсни назорат қилади.
Назорат ташкилотга нисбатан бошқа томонларнинг иқтисодий ресурсдан фойдаланиш усулини бошқариши ва ушбу иқтисодий ресурсдан иқтисодий нафлар олишига тўсқинлик қилиш бўйича жорий имкониятни ўз ичига олади. Агар бир томон иқтисодий ресурсни назорат қилса, ҳеч қандай бошқа томон уни назорат қилмайди.
50. Агар ташкилот иқтисодий ресурсдан ўз фаолиятида фойдаланиш ёки бошқа томонга иқтисодий ресурсдан ўз фаолиятида фойдаланишга рухсат бериш ҳуқуқига эга бўлса, ташкилот иқтисодий ресурсдан фойдаланиш усулини бошқариш бўйича жорий имкониятга эга бўлади.
2-§. Мажбуриятлар
51. Мажбуриятлар — ташкилотнинг олдинги ҳодисалар натижасида юзага келган иқтисодий ресурсни ўтказиш бўйича мавжуд жавобгарлиги.
52. Мажбурият мавжуд бўлиши учун қуйидаги учта мезонларнинг барчаси бажарилиши лозим:
ташкилотда жавобгарлик мавжуд бўлиши;
мазкур жавобгарлик иқтисодий ресурсни ўтказишдан иборат бўлиши;
мазкур жавобгарлик олдинги ҳодисалар натижасида юзага келган бўлиши.
53. Жавобгарлик ташкилот уни олдини олишга амалий имконияти бўлмаган бурч (масъулият) ҳисобланади ҳамда ҳар доим бошқа томон(лар) олдида юзага келади. Бунда, бошқа томон(лар) жисмоний шахс, ташкилот, жисмоний шахслар (ташкилотлар) гуруҳи ёки жамият бўлиши мумкин.
Жавобгарлик қайси томон(лар)нинг олдида юзага келганлигини аниқ билиш талаб этилмайди.
54. Аксарият жавобгарликлар шартнома, қонунчилик талаблари ёки шуларга ўхшаш воситаларнинг мавжудлиги туфайли юзага келади ҳамда ташкилотнинг жавобгарлиги бўйича манфаатдор томон(лар) юридик жиҳатдан ҳимояланган ҳисобланади.
Агар ташкилотда шаклланган доимий амалиёт, эълон қилинган сиёсат ёки аниқ баёнотларга номувофиқ ҳаракат қилишнинг амалий имконияти мавжуд бўлмаса, ташкилотнинг бундай доимий амалиёти, эълон қилинган сиёсати ёки аниқ баёнотлари туфайли ҳам жавобгарликлар юзага келиши мумкин. Бундай вазиятларда юзага келадиган жавобгарлик конструктив жавобгарлик ҳисобланиши мумкин.
55. Иқтисодий ресурсни ўтказиш жавобгарлиги мезонига жавоб бериш учун жавобгарлик ташкилотдан иқтисодий ресурсни бошқа томон(лар)га ўтказишни талаб қилиш потенциалига эга бўлиши лозим. Бундай потенциал мавжуд бўлиши учун ташкилотдан иқтисодий ресурсни ўтказиш талаб этилиши аниқ ёки юқори эҳтимолли бўлиши шарт эмас.
Иқтисодий ресурсни ўтказиш фақат келгусида юз бериши ноаниқ бўлган муайян ҳодиса содир бўлган тақдирда талаб этилиши мумкин.
56. Иқтисодий ресурсни ўтказиш жавобгарликларига қуйидагилар мисол бўлади:
пул маблағларини тўлаш;
товарларни ўтказиш ёки хизматлар кўрсатиш;
иқтисодий ресурсларни бошқа томон билан фойдали бўлмаган шартларда айирбошлаш;
иқтисодий ресурсни муайян ноаниқ келгуси ҳодиса рўй берган тақдирда ўтказиш;
агар молиявий инструмент ташкилотга иқтисодий ресурсни ўтказиш мажбуриятини юкласа, бундай молиявий инструментни чиқариш.
57. Иқтисодий ресурсни уни олиш ҳуқуқига эга бўлган томонга ўтказиш жавобгарлигини бажариш ўрнига ташкилот қуйидаги қарор(лар)ни қабул қилиши мумкин:
жавобгарликни ундан озод қилиш тўғрисида музокаралар олиб бориш йўли билан сўндириш;
жавобгарликни учинчи томонга ўтказиш;
иқтисодий ресурсни ўтказиш бўйича жавобгарликни янги битим тузиш йўли билан бошқа жавобгарликка алмаштириш.
58. Агар ташкилот томонидан иқтисодий нафлар олинганлиги ёки бошқа ҳаракат амалга оширилганлиги натижасида ташкилот иқтисодий ресурсни ўтказса ёки ўтказишига тўғри келса, мавжуд жавобгарлик олдинги ҳодисалар натижасида юзага келган ҳисобланади.
59. Олинган иқтисодий нафларга товарлар ёки хизматларни киритиш мумкин. Бажарилган ҳаракат тадбиркорлик фаолиятининг муайян турини амалга ошириш ёки муайян бозорда операцияларни амалга оширишни ўз ичига олиши мумкин.
Агар иқтисодий нафларни олиш ёки ҳаракатларни бажариш муайян вақт мобайнида рўй берса, мавжуд жавобгарлик ушбу вақт давомида шаклланиши (жамғарилиши) мумкин.
3-§. Актив ва мажбуриятга нисбатан ҳисоб бирлиги ҳамда ижро этиладиган шартнома
60. Ҳисоб бирлиги тан олиш мезонлари ва баҳолаш тамойиллари қўлланадиган ҳуқуқ ёки ҳуқуқлар гуруҳи, жавобгарлик ёки жавобгарликлар гуруҳи ёхуд ҳуқуқлар ва жавобгарликлар гуруҳидир.
61. Актив ёки мажбуриятга нисбатан ҳисоб бирлигини танлаш ушбу актив ёки мажбуриятга ҳамда уларга боғлиқ даромадлар ва харажатларга нисбатан тан олиш мезонлари ва баҳолаш тамойиллари қай тарзда қўлланишини кўриб чиқишда амалга оширилади.
Тан олиш мақсадларида бир ҳисоб бирлигини ва баҳолаш мақсадларида бошқа ҳисоб бирлигини танлаш ҳам мақсадга мувофиқ бўлиши мумкин.
62. Ижро этиладиган шартнома томонларнинг ҳеч бири шартномада белгиланган жавобгарликларни бажармаган ёки иккала томон ҳам ўз жавобгарликларини тенг тарзда қисман бажарган шартнома ёки шартноманинг бир қисми ҳисобланади.
63. Ижро этиладиган шартнома иқтисодий ресурсларни айирбошлаш бўйича жамланган ҳуқуқ ва жавобгарликни белгилайди. Ушбу жамланган ҳуқуқ ва жавобгарлик ягона актив ёки мажбуриятни ташкил этади.
Бунда, айирбошлаш шартлари ҳозирги вақтда фойдали ҳисобланса, ташкилот активга эга, айирбошлаш шартлари ҳозирги вақтда фойдали ҳисобланмаса, ташкилот мажбуриятга эга бўлади. Бундай актив ёки мажбуриятни молиявий ҳисоботларга киритиш мазкур актив ёки мажбурият учун танланган тан олиш мезонлари ва баҳолаш асосларига, шу жумладан, агар қўллаш мумкин бўлса, шартноманинг зарар келтирувчанлигини текширишга боғлиқ.
4-§. Хусусий капитал
64. Хусусий капитал ташкилотнинг барча мажбуриятлари чегирилгандан кейин унинг активларидаги қолдиқ улуш ҳисобланади.
65. Ташкилотнинг хусусий капиталига нисбатан талаб қилиш ҳуқуқлари ташкилотнинг барча мажбуриятлари чегирилгандан кейин унинг активларидаги қолдиқ улушга нисбатан талаб қилиш ҳуқуқларидир.
Ташкилотнинг хусусий капиталига нисбатан талаб қилиш ҳуқуқлари мажбурият таърифига жавоб бермайдиган ташкилотга нисбатан талаб қилиш ҳуқуқларидир. Бундай талаб қилиш ҳуқуқлари шартнома, қонунчилик талаблари ёки шуларга ўхшаш воситалар асосида юзага келиши мумкин ҳамда мажбурият таърифига жавоб бермайдиган даражада қуйидагиларни ўз ичига олади:
ташкилот томонидан чиқарилган турли хил акциялар;
ташкилотнинг хусусий капиталига нисбатан бошқа талаб қилиш ҳуқуқини чиқариш бўйича айрим жавобгарликлари.
66. Ташкилотнинг хусусий капиталига нисбатан талаб қилиш ҳуқуқларининг турли синфлари (оддий акция, имтиёзли акция ва бошқалар) уларнинг эгаларига турли ҳуқуқларни, шу жумладан ташкилотдан қуйидагиларнинг барчаси ёки бир қисмини олиш ҳуқуқини тақдим этиши мумкин:
дивидендлар, агар ташкилот муайян шартларга жавоб берадиган эгаларга дивидендлар тўлаш тўғрисида қарор қабул қилса;
ташкилотнинг хусусий капиталига нисбатан талаб қилиш ҳуқуқларини реализация қилишдан ташкилот тугатилганда тўлиқ миқдорда ёхуд бошқа ҳодисалар муносабати билан қисман пул маблағлари кирими;
ташкилотнинг хусусий капиталига нисбатан бошқа талаб қилиш ҳуқуқлари.
5-§. Даромадлар ва харажатлар
67. Даромадлар хусусий капиталга нисбатан талаб қилиш ҳуқуқлари эгаларининг бадаллари билан боғлиқ бўлмаган тарзда хусусий капиталнинг ошишига олиб келадиган активларнинг ошиши ёки мажбуриятларнинг камайишидир.
68. Харажатлар хусусий капиталга нисбатан талаб қилиш ҳуқуқлари эгаларига тақсимотлар билан боғлиқ бўлмаган тарзда хусусий капиталнинг камайишига олиб келадиган активларнинг камайиши ёки мажбуриятларнинг ошишидир.
69. Мазкур Концептуал асоснинг 67 ва 68-бандларида келтирилган даромадлар ва харажатларнинг таърифларига асосан хусусий капиталга нисбатан талаб қилиш ҳуқуқлари эгаларининг бадаллари даромадлар ҳамда хусусий капиталга нисбатан талаб қилиш ҳуқуқлари эгаларига тақсимотлар харажатлар ҳисобланмайди.
70. Даромадлар ва харажатлар ташкилот фаолиятининг молиявий натижалари билан боғлиқ бўлган молиявий ҳисоботлар элементлари ҳисобланади.
71. Турли операциялар ва бошқа ҳодисалар турли тавсифларга эга даромадлар ва харажатларнинг юзага келишига олиб келади. Бунда, турли тавсифларга эга даромадлар ва харажатлар тўғрисида маълумотни алоҳида тақдим этиш молиявий ҳисоботлардан фойдаланувчиларга ташкилот фаолиятининг молиявий натижаларини тушунишга ёрдам беради.
6-боб. Молиявий ҳисоботлар элементларини тан олиш ва ҳисобдан чиқариш
1-§. Тан олиш жараёни ва мезонлари
72. Тан олиш молиявий ҳисоботлар элементларидан бирининг (актив, мажбурият, хусусий капитал, даромадлар ёки харажатлар) таърифини қаноатлантирадиган моддани молиявий ҳолат тўғрисидаги ҳисобот ёки молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисобот(лар)га киритиш учун идентификациялаш жараёнидир.
Тан олиш молиявий ҳолат тўғрисидаги ҳисобот ёки молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисобот(лар)дан бирида моддани алоҳида ёки бошқа моддалар билан бирга сўз билан таърифлаш ва пул суммаси орқали акс эттиришни, шунингдек пул суммасини мазкур ҳисоботнинг бир ёки бир нечта якуний кўрсаткичларига киритишни назарда тутади.
Молиявий ҳолат тўғрисидаги ҳисоботда актив, мажбурият ёки хусусий капиталнинг тан олинадиган қиймати «баланс қиймати» деб аталади.
73. Молиявий ҳолат тўғрисидаги ҳисобот ёки молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисобот(лар) ташкилотнинг тан олинган активлари, мажбуриятлари, хусусий капитали, даромадлари ва харажатларини молиявий маълумотнинг қиёсланувчан ва тушунарли бўлишига қаратилган тузилмавий умумлаштирувчи шакллар ёрдамида акс эттиради. Бундай умумлаштирувчи шакллар тузилмасининг муҳим хусусияти ҳисоботда тан олинган суммаларнинг якуний кўрсаткичларга киритилиши ҳамда қўллаш мумкин бўлган ҳолларда ушбу ҳисоботда тан олинган моддаларнинг ўзаро боғловчи оралиқ якуний кўрсаткичларга киритилиши ҳисобланади.
74. Тан олиш молиявий ҳолат тўғрисидаги ҳисобот ва молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисобот(лар) элементлари ўртасида боғланишни қуйидаги тарзда таъминлайди:
молиявий ҳолат тўғрисидаги ҳисоботда ҳисобот даври бошида ва охирида активларнинг умумий қиймати мажбуриятларнинг умумий қиймати чегириб ташланган ҳолда хусусий капиталнинг умумий қийматига тенг бўлади;
ҳисобот даври учун хусусий капиталдаги тан олинган ўзгаришлар молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисобот(лар)да тан олинган харажатлар чегирилган даромадлар ҳамда хусусий капиталга нисбатан талаб қилиш ҳуқуқлари эгалари фойдасига тақсимотларни чегирган ҳолда хусусий капиталга нисбатан талаб қилиш ҳуқуқлари эгалари амалга оширган бадалларни ўз ичига олади.
75. Бир модда ёки унинг баланс қийматидаги ўзгаришни тан олиш бир ёки бир нечта бошқа моддаларни ёхуд уларнинг баланс қийматларидаги ўзгаришларни тан олиш ёки ҳисобдан чиқаришни талаб қилганлиги сабабли молиявий ҳисоботлар ўзаро боғлиқ ҳисобланади.
Даромадларни тан олиш қуйидагилардан бири билан бир вақтда амалга оширилади:
активни дастлабки тан олиш ёки активнинг баланс қийматининг ошиши;
мажбуриятни ҳисобдан чиқариш ёки мажбуриятнинг баланс қийматининг камайиши.
Харажатларни тан олиш қуйидагилардан бири билан бир вақтда амалга оширилади:
мажбуриятни дастлабки тан олиш ёки мажбуриятнинг баланс қийматининг ошиши;
активни ҳисобдан чиқариш ёки активнинг баланс қийматининг камайиши.
76. Молиявий ҳолат тўғрисидаги ҳисоботда фақат актив, мажбурият ёки хусусий капитал таърифига жавоб берадиган моддалар тан олинади.
Молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисобот(лар)да фақат даромадлар ёки харажатлар таърифига жавоб берадиган моддалар тан олинади.
Бунда, мазкур банднинг биринчи ва иккинчи хатбошиларида назарда тутилган элементлардан бирининг таърифига жавоб берадиган модда тан олинмаслиги мумкин.
77. Тан олиш мезонларига жавоб берадиган моддани тан олмаслик бўйича хатоликни амалдаги ҳисоб сиёсатини ёритиб бериш ёки изоҳлар ёхуд тушунтириш маълумотлари орқали тузатиб бўлмайди.
78. Активлар, мажбуриятлар, хусусий капитал, даромадлар ва харажатлар тўғрисидаги маълумот молиявий ҳисоботлардан фойдаланувчилар учун, қоида тариқасида, ўринли ҳисобланади.
Муайян актив ёки мажбуриятни тан олиш ҳамда бунинг натижасида юзага келадиган даромадлар, харажатлар ёки хусусий капиталдаги ўзгаришларни тан олиш ўринли маълумотни таъминламаслиги мумкин. Бундай вазият актив ёки мажбуриятнинг мавжудлиги ноаниқ бўлганда ёхуд актив ёки мажбурият мавжуд бўлган ҳолда иқтисодий нафлар келиши ёки чиқиб кетиши эҳтимоллиги паст бўлганда юз бериши мумкин.
Бунда, тан олиш натижасида тақдим этиладиган маълумот ўринлилиги тўғрисидаги хулосага бошқа омиллар ҳам таъсир қилиши мумкинлиги сабабли мазкур банднинг иккинчи хатбошисида назарда тутилган омиллардан бирининг ёки ҳар иккисининг мавжудлиги бундай маълумот ўринли эмас деган хулосага автоматик равишда олиб келмайди.
79. Айрим ҳолларда актив ёки мажбуриятнинг мавжудлиги ноаниқ бўлиши мумкин. Иқтисодий нафларнинг кириб келиши ёки чиқиб кетиши эҳтимолининг пастлиги ҳамда эҳтимолий натижалар кўламининг ниҳоятда кенглиги билан бирга кузатилиши мумкин бўлган бундай ноаниқлик муайян актив ёки мажбуриятни тан олиш ўринли маълумотни тақдим этмаслигини англатиши мумкин.
Ташкилот актив ёки мажбуриятни тан олган ёки тан олмаган бўлишидан қатъи назар молиявий ҳисоботларда ушбу актив ёки мажбурият билан боғлиқ ноаниқликлар тўғрисида тушунтириш маълумотларини тақдим этиши зарур бўлиши мумкин.
80. Агар муайян актив ёки мажбуриятни тан олиш ўринли маълумотни тақдим этишдан ташқари бундай актив ёки мажбурият ҳамда уларнинг натижасида юзага келадиган даромадлар, харажатлар ёки хусусий капитал ўзгаришининг ҳаққоний (ишончли) тақдим этилишини таъминласа, бундай актив ёки мажбуриятни тан олиш ўринли ҳисобланади. Ҳаққоний (ишончли) тақдим этилишини таъминлаш тўғрисидаги масала мазкур актив ёки мажбурият билан боғлиқ баҳолаш ноаниқликларининг даражаси ёки бошқа омилларга боғлиқ бўлиши мумкин.
81. Актив ёки мажбуриятни тан олиш учун унинг қийматини баҳолаш лозим. Баҳолашлар кўп ҳолларда тахминий ҳисоблашларга асосланади ҳамда шу сабабли баҳолаш ноаниқлигига эга бўлади.
Асосланган ҳисоб баҳоларидан фойдаланиш молиявий маълумотни тайёрлашнинг муҳим қисми ҳисобланади ҳамда агар бундай ҳисоб баҳолари аниқ ва тўғри тавсифланса ҳамда тушунтирилса, маълумотнинг фойдалилигига салбий таъсир кўрсатмайди.
82. Тан олиш мезонларига жавоб бермайдиган модда кейинчалик юзага келган ҳолатлар ёки ҳодисалар натижасида тан олиш мезонларига жавоб бериши мумкин.
83. Актив ёки мажбуриятнинг тан олиниши ёки олинмаслигидан қатъи назар уларни ҳаққоний (ишончли) тақдим этиш мазкур актив ёки мажбуриятнинг мавжудлиги ёки баҳоси ёхуд ушбу актив ёки мажбурият билан боғлиқ якуний натижа (ушбу актив ёки мажбурият бўйича юзага келадиган иқтисодий нафларнинг кирими ёки чиқими суммаси ёхуд муддатлари) билан боғлиқ ноаниқликлар тўғрисидаги тушунтириш маълумотларининг киритилишини талаб қилиши мумкин.
2-§. Молиявий ҳисоботларнинг элементларини ҳисобдан чиқариш
84. Молиявий ҳисоботларнинг элементларини ҳисобдан чиқариш (бундан буён матнда ҳисобдан чиқариш деб юритилади) илгари тан олинган актив ёки мажбуриятни тўлиқ ёки қисман ташкилотнинг молиявий ҳолат тўғрисидаги ҳисоботидан чиқаришдир.
Ҳисобдан чиқариш, қоида тариқасида, молиявий ҳисоботларнинг элементи актив ёки мажбуриятнинг таърифига ортиқ жавоб бермаган пайтда рўй беради. Бунда:
активларга нисбатан ҳисобдан чиқариш, қоида тариқасида, ташкилот илгари тан олинган актив бўйича тўлиқ ёки қисман назоратни йўқотган пайтда рўй беради;
мажбуриятларга нисбатан ҳисобдан чиқариш, қоида тариқасида, ташкилотда илгари тан олинган мажбурият бўйича тўлиқ ёки қисман жавобгарлик ортиқ мавжуд бўлмаган пайтда рўй беради.
ҳисобдан чиқаришга олиб келган операция ёки бошқа ҳодисадан кейин сақланиб қолган активлар ва мажбуриятлар (шу жумладан, мазкур операция ёки бошқа ҳодиса доирасида харид қилинган, қабул қилинган ёки яратилган активлар ёки мажбуриятлар);
операция ёки бошқа ҳодиса натижасида ташкилотнинг активлари ва мажбуриятларидаги ўзгаришлар.
86. Қуйидагилар орқали молиявий ҳисоботларнинг элементлари ҳисобдан чиқарилади:
амал қилиш муддати ўтган ёки истеъмол қилинган, олинган, бажарилган ёки ўтказилган активлар ёки мажбуриятларни ҳисобдан чиқариш, шунингдек ҳисобдан чиқариш натижасида юзага келадиган даромадлар ёки харажатларни тан олиш;
сақланиб қолган активлар ёки мажбуриятларни тан олишни давом эттириш.
87. Ўтказилган компонентни ҳисобдан чиқариш натижасида сақланган компонентга нисбатан ҳеч қандай даромадлар ёки харажатлар тан олинмайди, бундан ҳисобдан чиқариш сақланган компонентга нисбатан қўлланадиган баҳолаш талабларидаги ўзгаришга олиб келадиган ҳоллар мустасно. Бунда, қуйидаги бир ёки бир нечта тартиблар қўлланилиши мумкин:
молиявий ҳолат тўғрисидаги ҳисоботда ҳар қандай сақланган компонентни алоҳида тақдим этиш;
молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисобот(лар)да ўтказилган компонентни ҳисобдан чиқариш натижасида тан олинган ҳар қандай даромадлар ва харажатларни алоҳида тақдим этиш;
88. Молиявий ҳисоботларда тан олинадиган элементлар пулда ифодаланган ҳолда ўлчанади. Бу эса тегишли баҳолаш асосини танлашни талаб этади.
89. Баҳолаш асоси баҳоланаётган модданинг аниқланган хусусиятидир (масалан, бошланғич қиймат, ҳаққоний қиймат, активнинг фойдаланиш қиймати ёки мажбуриятни бажариш қиймати). Актив ёки мажбуриятга нисбатан баҳолаш асосини қўллаш мазкур актив ёки мажбурият, шунингдек улар билан боғлиқ даромадлар ва харажатлар қийматини белгилайди.
Турли активлар, мажбуриятлар, даромадлар ва харажатлар учун турли баҳолаш асослари ўринли бўлиши мумкин.
1-§. Бошланғич қиймат
90. Бошланғич қиймат бўйича баҳолаш активлар, мажбуриятлар ва улар билан боғлиқ даромадлар ва харажатларни юзага келтирадиган операция ёки бошқа ҳодиса нархидан (ҳеч бўлмаганда қисман) келиб чиқадиган маълумотга асосланган ҳолда ушбу активлар, мажбуриятлар ва улар билан боғлиқ даромадлар ва харажатлар ҳақида пулда ифодаланган маълумотни тақдим этади.
Бошланғич қиймат жорий қийматдан фарқли тарзда қийматдаги ўзгаришларни акс эттирмайди, бундан ўзгаришлар активнинг қадрсизланиши ёки мажбуриятнинг зарар келтирувчи бўлиб қолиши («onerous liability») билан боғлиқ ҳоллар мустасно.
91. Активни харид қилиш ёки яратиш пайтидаги бошланғич қиймат активни харид қилиш ёки яратишда амалга оширилган ва қуйидагиларни ўз ичига оладиган сарфларнинг қиймати ҳисобланади:
ушбу активни харид қилиш ёки яратиш мақсадида тўланган товон;
операциялар бўйича сарфлар.
Мажбурият юзага келган ёки қабул қилинган пайтдаги бошланғич қиймат мажбуриятни зиммага олиш учун олинган товон қийматидан операция сарфлари чегириб ташланган ҳолда аниқланади.
92. Активнинг бошланғич қиймати (қўллаш мумкин бўлган ҳолларда) вақт ўтиши билан қуйидагиларни акс эттириш мақсадида янгиланади:
мазкур актив ҳосил қиладиган иқтисодий ресурснинг тўлиқ ёки қисман истеъмол қилиниши (эскириш ёки амортизация);
активни тўлиқ ёки қисман қоплаган ҳолда олинган тўловлар;
активнинг бошланғич қиймати тўлиқ ёки қисман қопланмайдиган бўлишига (қадрсизланишига) олиб келадиган ҳодисаларнинг таъсири;
тегишли молиялаштириш компонентини акс эттириш учун активга нисбатан фоизлар ҳисоблаш.
93. Мажбуриятнинг бошланғич қиймати (қўллаш мумкин бўлган ҳолларда) вақт ўтиши билан қуйидагиларни акс эттириш мақсадида янгиланади:
мажбуриятни тўлиқ ёки қисман бажариш (масалан, мажбуриятни тўлиқ ёки қисман сўндирувчи тўловлар амалга оширилиши ёки товарни етказиб бериш мажбуриятининг бажарилиши орқали);
мажбуриятни бажариш учун зарур иқтисодий ресурсларни ўтказиш жавобгарлиги қийматини ушбу мажбурият зарар келтирувчи бўлиб қолишига олиб келадиган даражада оширадиган ҳодисаларнинг таъсири. Агар мажбуриятнинг бошланғич қиймати уни бажариш бўйича жавобгарликни акс эттириш учун ортиқ етарли бўлмай қолса, мажбурият зарар келтирувчи ҳисобланади;
тегишли молиялаштириш компонентини акс эттириш учун мажбуриятга нисбатан фоизларни ҳисоблаш.
94. Бошланғич қиймат бўйича баҳолаш асосини молиявий активлар ва молиявий мажбуриятларга нисбатан қўллаш усулларидан бири уларни амортизацияланган қиймат бўйича баҳолаш ҳисобланади.
Молиявий актив ёки молиявий мажбуриятнинг амортизацияланган қиймати дастлабки тан олиш пайтида белгиланган ставкани қўллаган ҳолда дисконтланган келгуси пул оқимлари бўйича ҳисоб баҳосини акс эттиради.
Ўзгарувчан фоиз ставкали инструментлар ҳолатида дисконтлаш ставкаси мазкур ўзгарувчан ставканинг ўзгаришини акс эттириш учун янгиланади.
Молиявий актив ёки молиявий мажбуриятнинг амортизацияланган қиймати вақт ўтиши билан фоизларни ҳисоблаш, молиявий активнинг қадрсизланиши ҳамда пул маблағларининг келиб тушиши ёки тўланиши каби кейинги ўзгаришларни акс эттириш учун янгиланади.
2-§. Жорий қиймат
95. Жорий қиймат бўйича баҳолаш активлар, мажбуриятлар ва улар билан боғлиқ даромадлар ва харажатлар тўғрисидаги пул ифодаланган маълумотни баҳолаш санасида мавжуд шартларни акс эттириш мақсадида янгиланган маълумотдан фойдаланган ҳолда тақдим этади.
Жорий қиймат бўйича баҳолаш асослари қуйидагиларни ўз ичига олади:
ҳаққоний қиймат;
активлар учун фойдаланиш қиймати ҳамда мажбуриятлар учун бажариш қиймати;
ўрнини қоплашнинг жорий қиймати.
96. Ҳаққоний қиймат баҳолаш санасида бозор иштирокчилари ўртасидаги одатдаги операцияда активни сотишдан олиниши ёки мажбуриятни ўтказиш учун тўланиши мумкин бўлган нархдир.
Ҳаққоний қиймат актив ёки мажбуриятни юзага келтирадиган операция ёки бошқа ҳодисадан шаклланмаслиги сабабли активни харид қилишдаги операция бўйича сарфлар қийматига оширилмайди ҳамда мажбуриятни қабул қилишда амалга оширилган операциялар бўйича сарфлар қийматига камайтирилмайди.
97. Фойдаланиш қиймати — ташкилот томонидан активдан фойдаланиш ва активни якуний ҳисобдан чиқариш натижасида олиниши кутилаётган пул оқимлари ёки бошқа иқтисодий нафларнинг дисконтланган қиймати.
Бажариш қиймати (мажбуриятни бажариш қиймати) — ўз мажбуриятини бажариш ҳисобига ташкилот ўтказиши лозим бўлган пул оқимлари ёки бошқа иқтисодий ресурсларнинг дисконтланган қиймати.
Фойдаланиш қиймати ва бажариш қиймати келгуси пул оқимларига асосланганлиги сабабли активни харид қилиш ёки мажбуриятни қабул қилишда амалга оширилган операция бўйича сарфларни ўз ичига олмайди.
98. Активнинг ўрнини қоплашнинг жорий қиймати баҳолаш санасидаги эквивалент активнинг қиймати бўлиб, мазкур санада тўланиши мумкин бўлган товон қиймати ва ушбу санада амалга оширилиши мумкин бўлган операция бўйича сарфларни ўз ичига олади.
Мажбуриятнинг ўрнини қоплашнинг жорий қиймати баҳолаш санасида эквивалент мажбурият учун олиниши мумкин бўлган товон қийматидан мазкур санада амалга оширилиши мумкин бўлган операция бўйича сарфлар чегириб ташланган ҳолда аниқланадиган қийматдир.
99. Баҳолаш асосини танлашда мазкур баҳолаш асосидан фойдаланиш натижасида молиявий ҳолат тўғрисидаги ҳисобот ва молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисобот(лар)да тақдим этиладиган маълумотнинг хусусиятини ҳисобга олиш муҳим ҳисобланади.
1-§. Бошланғич қиймат
100. Бошланғич қийматни баҳолашда операция нархидан ва актив ёки мажбуриятнинг юзага келишига олиб келган операция ёки бошқа ҳодисадан олинган маълумотдан фойдаланилиши сабабли ушбу актив ёки мажбуриятни бошланғич қиймати бўйича баҳолаш натижасида тақдим этиладиган маълумот молиявий ҳисоботлардан фойдаланувчилар учун ўринли бўлиши мумкин.
Бошланғич қиймат активнинг истеъмол қилиниши ва қадрсизланишини акс эттириш учун камайтирилиши сабабли ташкилот томонидан бошланғич қиймат бўйича баҳоланадиган актив бўйича қоплаш кутилаётган сумма камида унинг баланс қийматига тенг бўлади.
Мажбуриятнинг бошланғич қиймати ушбу мажбурият юки оғирлашганда ошиши сабабли мажбуриятни бажариш учун зарур иқтисодий ресурсларни ўтказиш жавобгарлиги қиймати мазкур мажбуриятнинг баланс қийматидан ошмайди.
2-§. Жорий қиймат
101. Ҳаққоний қиймат бозор иштирокчиларининг келгуси пул оқимлари суммалари, ушбу суммаларнинг юзага келиш муддатлари ҳамда ноаниқликларга нисбатан жорий кутилмаларни акс эттириши сабабли актив ёки мажбуриятни ҳаққоний қиймат бўйича баҳолаш натижасида тақдим этиладиган маълумот прогноз қийматга эга бўлиши мумкин.
102. Фойдаланиш қиймати активдан фойдаланиш ва якуний ҳисобдан чиқариш натижасида юзага келадиган баҳоланган пул оқимларининг дисконтланган қиймати тўғрисида маълумот тақдим этади. Мазкур маълумот келгусида соф пул маблағлари тушиши потенциалини баҳолашда фойдаланилиши мумкинлиги сабабли прогноз қийматига эга бўлиши мумкин.
103. Бажариш қиймати муайян мажбуриятни бажариш учун зарур баҳоланган пул оқимларининг жорий қиймати тўғрисидаги маълумотни тақдим этади.
Бажариш қиймати, айниқса, мажбурият бошқа томонга ўтказилиши ёки келишув орқали ҳисоб-китоб қилиниши ўрнига бевосита бажариладиган ҳолларда прогнозлаш қийматига эга бўлиши мумкин.
104. Фойдаланиш қиймати ёки бажариш қийматининг янгиланган ҳисоб баҳолари келгуси пул оқимларининг суммаси, муддати ва ноаниқлиги бўйича ҳисоб баҳолари тўғрисидаги маълумот билан биргаликда ушбу қийматлар бўйича олдинги ҳисоб баҳоларини тасдиқлаш имконини бериши сабабли фойдаланиш қиймати ёки бажариш қийматининг янгиланган ҳисоб баҳолари тасдиқлаш қийматига ҳам эга бўлиши мумкин.
105. Ўрнини қоплашнинг жорий қиймати баҳолаш санасида шунга ўхшаш активни харид қилиш ёки яратиш мумкин бўлган нархни ёхуд шунга ўхшаш мажбуриятни ўзига олганлик учун олиниши мумкин бўлган товонни акс эттирганлиги сабабли ўрнини қоплашнинг жорий қиймати бўйича баҳоланадиган активлар ва мажбуриятлар тўғрисидаги маълумот ўринли бўлиши мумкин.
9-боб. Баҳолаш асосини танлашда инобатга олиш зарур бўлган омиллар
106. Актив ёки мажбурият ва улар билан боғлиқ даромадлар ва харажатлар учун баҳолаш асосини танлашда мазкур баҳолаш асосидан фойдаланиш натижасида молиявий ҳолат тўғрисидаги ҳисоботда ва молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисобот(лар)да тақдим этиладиган маълумотнинг хусусиятини, шунингдек бошқа омилларни ҳисобга олиш муҳим ҳисобланади.
107. Баҳолаш асосини танлаш, қоида тариқасида, битта омил билан аниқланмайди. Ҳар бир омилнинг нисбий аҳамияти аниқ ҳолатларга боғлиқ бўлади.
108. Баҳолаш асосидан фойдаланиш натижасида тақдим этиладиган маълумот молиявий ҳисоботлардан фойдаланувчилар учун фойдали бўлиши лозим. Мазкур мақсадда маълумот ўринли бўлиши ва ўзи акс эттириши лозим бўлган маълумотни ҳаққоний (ишончли) тақдим этиши лозим. Тақдим этиладиган маълумот имкон даражасида қиёсланувчан, текширилувчан, ўз вақтида тақдим этиладиган ва тушунарли бўлиши лозим.
1-§. Ўринлилик
109. Актив ёки мажбурият ҳамда улар билан боғлиқ даромадлар ва харажатларга нисбатан фойдаланиладиган баҳолаш асоси орқали тақдим этиладиган маълумотнинг ўринлилиги қуйидагиларга боғлиқ:
актив ёки мажбуриятнинг хусусиятлари, шу жумладан пул оқимларининг ўзгарувчанлиги ҳамда актив ёки мажбуриятнинг қиймати бозор омиллари ёки бошқа рискларга таъсирчан эканлиги;
актив ёки мажбурият қай тарзда келгуси пул оқимларини келтириши.
110. Агар актив ёки мажбуриятнинг қиймати бозор омиллари ёки бошқа рискларга таъсирчан бўлса, унинг бошланғич қиймати унинг жорий қийматидан аҳамиятли даражада фарқ қилиши мумкин.
Агар қийматнинг ўзгариши тўғрисидаги маълумот молиявий ҳисоботлардан фойдаланувчилар учун муҳим бўлса, бошланғич қиймат ўринли маълумотни тақдим этмаслиги мумкин. Масалан, амортизацияланган қиймат деривативлар ҳисобланадиган молиявий актив ёки молиявий мажбурият тўғрисида ўринли маълумот тақдим эта олмайди.
111. Бевосита пул оқимларини ҳосил қиладиган активлар ва мажбуриятлар учун энг ўринли маълумотни тақдим этадиган баҳолаш асоси келгуси пул оқимларининг миқдори, муддатлари ва ноаниқлигига оид жорий баҳоларни ўз ичига оладиган жорий қиймат бўлиши мумкин.
Бевосита пул оқимларини юзага келтирмайдиган активлар ва мажбуриятлар учун ўринлилик ва ҳаққоний (ишончли) тақдим этиш тамойиллари улар қўлланадиган фактлар ва ҳолатлар даражасида инобатга олинади.
112. Агар ташкилотнинг иқтисодий фаолияти шартномада назарда тутилган пул оқимларини олиш мақсадида молиявий активлар ва молиявий мажбуриятларни бошқаришни назарда тутса, амортизацияланган қиймат активлар бўйича олинган фоизлар ва мажбуриятлар бўйича тўланган фоизлар ўртасидаги фарқни аниқлаш учун фойдаланилиши мумкин бўлган ўринли маълумотни тақдим этиши мумкин.
2-§. Ҳаққоний (ишончли) тақдим этиш
113. Ўзаро боғлиқ активлар ва мажбуриятлар учун бир хил баҳолаш асосларидан фойдаланиш айрим ҳолларда молиявий ҳисоботлардан фойдаланувчиларга турли баҳолаш асосларидан фойдаланган ҳолда тақдим этилиши мумкин бўлган маълумотга қараганда кўпроқ фойдали маълумотни тақдим этиши мумкин.
114. Агар баҳони фаол бозорда нархларни бевосита кузатиш йўли билан аниқлашнинг имкони бўлмаса ҳамда бунинг ўрнига тахминий ҳисобланиши зарур бўлса, баҳолаш ноаниқлиги юзага келади.
Муайян баҳолаш асоси билан боғлиқ баҳолаш ноаниқлигининг даражаси ушбу баҳолаш асоси орқали тақдим этилган маълумот ташкилотнинг молиявий ҳолати ва молиявий натижаларини ҳаққоний (ишончли) тақдим этиши ёки этмаслигига таъсир кўрсатиши мумкин.
Баҳолаш ноаниқлигининг юқори даражаси ўринли маълумотни тақдим этадиган баҳолаш асосидан фойдаланишга тўсқинлик қилмайди. Айрим ҳолларда баҳолаш ноаниқлигининг даражаси ушбу баҳолаш асоси орқали тақдим этилган маълумот етарлича ҳаққоний (ишончли) тақдим этмаслиги мумкин бўладиган даражада юқори бўлади. Бундай ҳолларда ўринли маълумот тақдим этиши мумкин бўлган бошқа баҳолаш асосини танлаш имконияти кўриб чиқилиши лозим.
115. Баҳолаш ноаниқликлари натижалар бўйича ҳамда мавжудлик бўйича ноаниқликлардан фарқ қилади.
Натижалар бўйича ноаниқликлар актив ёки мажбурият билан боғлиқ иқтисодий нафларнинг кирими ёки ҳисобдан чиқарилиш қиймати ёки муддатларига нисбатан ноаниқликлар мавжуд бўлган ҳолларда юзага келади.
Мавжудлик бўйича ноаниқликлар актив ёки мажбурият мавжуд бўлишига нисбатан ноаниқликлар рўй берган ҳолларда юзага келади.
116. Баҳолаш асосини танлашга маълумотнинг фойдалилигини оширувчи қиёсланувчанлик, тушунарлилик ва текширилувчанлик каби сифат тавсифлари таъсир кўрсатади. Ўз вақтида тақдим этиш маълумотнинг фойдалилигини оширувчи сифат тавсифи сифатида баҳолашга бевосита таъсир кўрсатмайди.
117. Бир хил моддаларга нисбатан бир хил баҳолаш асосларини изчил равишда қўллаш ҳисобот берувчи ташкилот ичида даврлар бўйича ёки бир даврда турли ташкилотлар ўртасида молиявий ҳисоботларнинг қиёсланувчанлигини оширишга ёрдам беради.
118. Баҳолаш асосининг ўзгариши молиявий ҳисоботларнинг тушунарлилигини камайтириши мумкин.
Агар бошқа омиллар тушунарлиликнинг пасайишидан устун бўлса ҳамда ўзгариш нисбатан ўринлироқ маълумот тақдим этилишига олиб келса, ўзгариш ўзини оқлаши мумкин. Бундай ўзгариш амалга оширилган ҳолларда молиявий ҳисоботлардан фойдаланувчиларга бундай ўзгаришлар таъсирини тушунтириш имконини берадиган маълумот зарур бўлиши мумкин.
119. Тушунарлилик фойдаланиладиган турли хил баҳолаш асосларининг сони ҳамда уларнинг вақт ўтиши билан ўзгариши ёки ўзгармаслигига қисман боғлиқ.
Агар молиявий ҳисоботлар тўпламида қанчалик кўп баҳолаш асосларидан фойдаланилса, маълумот шунчалик мураккаб бўлади ҳамда тушунарлилиги камаяди, шунингдек молиявий ҳолат тўғрисидаги ҳисобот ва молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисоботнинг якуний ёки оралиқ кўрсаткичлари эса камроқ маълумотга эга бўлади. Агар фойдали маълумот тақдим этиш учун зарур бўлса, кўпроқ баҳолаш асосларидан фойдаланиш мумкин.
120. Текширилувчанлик бевосита (масалан, нархларни кузатиш орқали) ёки билвосита (масалан, моделда фойдаланиладиган кирувчи маълумотларни текшириш орқали) мустақил равишда тасдиқлаш имконини берувчи баҳолаш асосларидан фойдаланиш орқали оширилади.
Агар баҳони текширишнинг имкони бўлмаса, молиявий ҳисоботлардан фойдаланувчиларга мазкур баҳо қай тарзда аниқланганлиги бўйича тушунтириш маълумоти талаб этилиши мумкин. Бундай ҳолларда бошқа баҳолаш асосидан фойдаланилганлигини кўрсатиш зарур бўлиши мумкин.
4-§. Хусусий капитални баҳолаш
121. Хусусий капиталнинг умумий баланс қиймати (хусусий капиталнинг умумий қиймати) бевосита баҳоланмайди. Унинг қиймати барча тан олинган мажбуриятларнинг умумий баланс қиймати чегирилган барча тан олинган активларнинг умумий баланс қийматига тенг.
122. Хусусий капиталнинг умумий қиймати бевосита баҳоланмаслигига қарамасдан хусусий капиталнинг айрим синфлари ва компонентларининг баланс қийматини бевосита баҳолаш ўринли бўлиши мумкин.
10-боб. Маълумотни тақдим этиш ва ёритиб бериш
123. Ҳисобот берувчи ташкилот ўз активлари, мажбуриятлари, хусусий капитали, даромадлари ва харажатлари тўғрисидаги маълумотни ўзининг молиявий ҳисоботларида тақдим этади ва ёритиб беради.
124. Молиявий ҳисоботлар орқали самарали алоқа маълумотни янада ўринли қилади ҳамда ташкилотнинг активлари, мажбуриятлари, хусусий капитали, даромадлари ва харажатларини ҳаққоний (ишончли) тақдим этишга кўмаклашади, шунингдек молиявий ҳисоботларда маълумотнинг тушунарлилиги ва қиёсийлиги ошади.
Молиявий ҳисоботлар орқали самарали алоқа учун қуйидагилар талаб қилинади:
эътиборни қоидалардан кўра маълумотни тақдим этиш ва ёритиб бериш мақсадлари ва тамойилларига қаратиш;
маълумотни ўхшаш моддаларни гуруҳлаш ва ўзаро ўхшаш бўлмаган моддаларни ажратишга имкон берадиган тарзда таснифлаш;
кераксиз тафсилотларни киритиш ёки ортиқча жамлаш оқибатида маълумотнинг етарли даражада очиқланмаслигига (яширилишига) олиб келмайдиган тарзда маълумотни жамлаш.
125. Молиявий ҳисоботлар орқали самарали алоқа қуйидаги тамойилларни инобатга олиш орқали ҳам таъминланади:
айрим ҳолларда намунага айланган стандарт тавсифлардан кўра ташкилотга хос бўлган маълумотлар фойдалироқ ҳисобланади;
маълумотни молиявий ҳисоботларнинг турли қисмларида такрорлаш, қоида тариқасида, зарур ҳисобланмайди ҳамда бу молиявий ҳисоботларнинг тушунарлилигини камайтириши мумкин.
1-§. Таснифлаш
126. Таснифлаш маълумотни тақдим этиш ва ёритиб бериш мақсадларида активлар, мажбуриятлар, хусусий капитал, даромадлар ва харажатлар моддаларини уларнинг умумий хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда муайян синфларга тақсимлаш жараёнидир. Бундай хусусиятлар модданинг тавсифи, ташкилот томонидан амалга оширилаётган тадбиркорлик фаолиятидаги роли (функцияси), уни баҳолаш усули ва бошқаларни ўз ичига олади.
127. Ўзаро ўхшаш бўлмаган активлар, мажбуриятлар, хусусий капитал, даромадлар ёки харажатларни битта синфга киритиш ўринли маълумотни яшириши, маълумотнинг тушунарлилигини ва қиёсланувчанлигини камайтириши ҳамда ўзи акс эттириши лозим бўлган маълумотни ҳаққоний (ишончли) тақдим этмаслиги мумкин.
128. Таснифлаш актив ёки мажбурият учун танланган ҳисоб бирлигига нисбатан қўлланилади.
Айрим ҳолларда актив ёки мажбуриятни турли хусусиятларга эга бўлган компонентларга ажратиб, уларни алоҳида таснифлаш мақсадга мувофиқ бўлиши мумкин. Бунда, компонентларнинг алоҳида таснифланиши натижасида молиявий маълумотнинг фойдалилиги ошса, бундай ёндашув мақбул ҳисобланади.
129. Даромадлар ва харажатлар таснифланади ҳамда қуйидагиларнинг бирида ёритиб берилади:
молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисоботнинг фойда ёки зарар қисмида;
молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисоботнинг бошқа умумлашган даромад қисмида.
130. Молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисоботнинг фойда ёки зарар қисми ташкилотнинг ҳисобот давридаги молиявий натижалари ҳақидаги асосий маълумот манбайи ҳисобланганлиги сабабли ташкилот, қоида тариқасида, барча даромад ва харажатларни ушбу қисмда акс эттиради.
Даромад ва харажатлар моддалари фақат МҲМСда аниқ рухсат этилган ёки талаб этилган ҳолатларда бошқа умумлашган даромад таркибида тақдим этилади.
131. Агар, қоида тариқасида, бир даврда бошқа умумлашган даромад таркибига киритилган даромадлар ва харажатларни келгуси даврлардан бирида ҳисоботнинг фойда ёки зарар қисмига қайта таснифлаш натижасида ҳисоботнинг фойда ёки зарар қисми ушбу келгуси давр учун корхонанинг молиявий натижалари ҳақида янада ўринли ёки ҳаққоний (ишончли) маълумот тақдим этса, бундай қайта таснифлаш амалга оширилади.
МҲМСда бошқа умумлашган даромад таркибида ҳисобга олинган даромад ва харажатларни кейинчалик қайта таснифлаш рухсат этилган ёки талаб қилинган ҳолатлар белгиланиши мумкин.
2-§. Ўзаро ҳисоб-китоб
132. Ташкилот томонидан актив ва мажбурият алоҳида ҳисоб бирлиги сифатида тан олинганда ва баҳоланганда, шунингдек улар молиявий ҳолат тўғрисидаги ҳисоботда бирлаштирилган ҳолда ягона нетто қийматда акс эттирилганда ўзаро ҳисоб-китоб рўй беради.
Ўзаро ҳисоб-китоб фарқли моддаларни биргаликда таснифлаганлиги сабабли муайян МҲМСда талаб этилган ёки рухсат этилган ҳоллардан ташқари ҳолларда ўринли ҳисобланмайди.
3-§. Хусусий капитални таснифлаш
133. Агар ташкилотнинг хусусий капиталига нисбатан талаб қилиш ҳуқуқлари турли хусусиятларга эга бўлса, фойдали маълумот тақдим этиш учун мазкур талаб қилиш ҳуқуқларини алоҳида таснифлаш зарур бўлиши мумкин.
134. Агар хусусий капитал компонентларининг айримларига нисбатан қонунчилик талаблари қўлланилса, фойдали маълумот тақдим этиш учун ушбу компонентларни алоҳида таснифлаш зарур бўлиши мумкин.
4-§. Жамлаш
135. Жамлаш умумий хусусиятларга эга ва айни бир синфга кирувчи активлар, мажбуриятлар, хусусий капитал, даромадлар ёки харажатлар моддаларини бирлаштириш жараёнидир.
136. Жамлаш катта ҳажмдаги тафсилотларни умумлаштириш ҳисобига маълумотнинг фойдалилигини оширади.
Жамлаш жараёнида ушбу маълумотларнинг бир қисми етарли даражада очиқланмаслиги (яширилиши) эҳтимоли мавжуд.
Аҳамиятсиз тафсилотларнинг катта ҳажми ёки ортиқча жамлаш натижасида ўринли маълумот етарли даражада очиқланмай (яшириниб) қолмаслиги учун жамлашда мувозанатни таъминлаш зарур.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 11.06.2026 й., 10/26/3854/0584-сон)