toggle_night_mode
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирининг
буйруғи
Ўзбекистон Республикаси бюджет ҳисобининг стандарти (4-сонли БҲС) «Валюта курси ўзгаришининг таъсири»ни тасдиқлаш тўғрисида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2026 йил 24 апрелда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 3823]
Ўзбекистон Республикаси Бюджет кодексининг 161-моддасига мувофиқ ва бюджет ҳисобини давлат секторида бухгалтерия ҳисобининг халқаро стандартлари билан мувофиқлаштириш мақсадида буюраман:
1. Ўзбекистон Республикаси бюджет ҳисобининг стандарти (4-сонли БҲС) «Валюта курси ўзгаришининг таъсири» иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Қуйидагилар ўз кучини йўқотган деб топилсин:
Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг 2018 йил 13 ноябрдаги 142-сон «Ўзбекистон Республикаси бюджет ҳисобининг стандарти (4-сонли БҲС) «Валюта курси ўзгаришининг таъсири»ни тасдиқлаш тўғрисида»ги буйруғи (рўйхат рақами 3100, 2018 йил 14 декабрь) (Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 15.12.2018 й., 10/18/3100/2330-сон);
Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт ва молия вазирининг 2023 йил 6 июлдаги 51-сон буйруғи (рўйхат рақами 3450, 2023 йил 31 июль) (Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 01.08.2023 й., 10/23/3450/0546-сон) билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг айрим идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларига киритилаётган ўзгартиришларнинг 6-банди.
3. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Вазир Ж. КУЧКАРОВ
Тошкент ш.,
2026 йил 31 март,
352-сон
Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт ва молия вазирининг 2026 йил 31 мартдаги 352-сон буйруғига
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси бюджет ҳисобининг стандарти (4-сонли БҲС) «Валюта курси ўзгаришининг таъсири»
Мазкур Ўзбекистон Республикаси бюджет ҳисобининг стандарти (4-сонли БҲС) «Валюта курси ўзгаришининг таъсири» (бундан буён матнда Стандарт деб юритилади) бюджет ташкилотлари, давлат мақсадли жамғармалари ҳамда бошқа бюджетдан ташқари жамғармаларда (бундан буён матнда ташкилотлар деб юритилади) чет эл валютасида операцияларни юритиш ва уларнинг чет элдаги бўлинмасини молиявий ҳисоботда акс эттириш ҳамда молиявий ҳисоботни тақдим этиш валютасига ўтказиш тартибини белгилайди.
Мазкур Стандарт қўлланилиши лозим бўлган валюта алмашинув курсини (курсларини) белгилаш ва валюта алмашинув курсларидаги ўзгаришлар таъсирини молиявий ҳисоботларда тўғри акс эттириш мақсадида ишлаб чиқилган.
Ушбу Стандарт бюджет ҳисобининг бошқа стандартлари билан биргаликда қўлланилади.
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Стандарт Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги ташкилотлар ва уларнинг чет элдаги бўлинмаларида чет эл валютасидаги операцияларни амалга ошириш ҳамда ташкилотларнинг молиявий ҳисоботларини чет эл валютасида тақдим этишга нисбатан қўлланилади.
2. Ҳисоблаш усули асосида молиявий ҳисоботларни тайёрлайдиган ва тақдим этадиган ташкилотлар ушбу Стандартни қуйидаги ҳолатларда қўллайди:
а) чет эл валютасидаги операциялар ва қолдиқларни ҳисобга олишда;
б) ташкилотларнинг молиявий ҳисоботига консолидация қилиш ёки улушдорлик усули (эқуитй метҳод) орқали киритилган чет элдаги бўлинманинг молиявий натижалари ва молиявий ҳолатини бошқа валютага ўтказишда;
д) ташкилотларнинг молиявий натижалари ва молиявий ҳолатини тақдим этиш валютасига ўтказишда.
3. Мазкур Стандарт пул оқимлари ҳисоботида чет эл валютасидаги операциялар натижасида юзага келган пул оқимларини тақдим этишга, шунингдек, чет элдаги фаолиятга оид пул оқимларини бир валютадан бошқа валютага ўтказишга нисбатан татбиқ этилмайди. Пул оқимлари тўғрисидаги ҳисоботни тузиш ва тақдим этиш тартиби Ўзбекистон Республикаси бюджет ҳисобининг стандарти (14-сонли БҲС) «Пул оқимлари тўғрисида ҳисобот»да (рўйхат рақами 3396, 2022 йил 2 ноябрь) белгиланади.
4. Мазкур Стандарт мақсадларида қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
чет эл валютаси — ташкилотларнинг функционал валютасидан фарқли бўлган валюта;
чет элдаги бўлинма — ҳисобот берувчи ташкилотлар тизимидаги ва улар томонидан назорат қилинадиган ташкилот, ассоциацияланган ташкилот, шунингдек қўшма келишув асосида фаолият юритувчи тузилма ёки филиал бўлиб, унинг фаолияти ҳисобот берувчи ташкилотникидан фарқли давлатда ёки валютада амалга оширилади;
чет эл валютасидаги операциялар — бюджет ҳисобида чет эл валютасида амалга оширилиши ёки ҳисоб-китоб қилиниши белгиланган операциялар;
чет элдаги бўлинмага соф инвестиция — ҳисобот берувчи ташкилот томонидан унинг чет элдаги бўлинмасининг соф активлари/капиталига киритилган улуши миқдори;
валюта курси — бир валютанинг иккинчи валютага айирбошлаш нисбати;
валюта курси фарқи — бир валютанинг муайян миқдордаги бирликларини бошқа валютага турли хил алмашинув курсларида ўтказиш натижасида юзага келадиган тафовут;
функционал валюта — ташкилотлар ўз фаолиятини амалга оширадиган асосий иқтисодий муҳитнинг валютаси;
монетар моддалар — эгалик қилинаётган валюта бирликлари, шунингдек, миқдори қатъий белгиланган ёки аниқласа бўладиган, валюта бирликларида олинадиган ёхуд тўланадиган активлар ва мажбуриятлар;
номонетар моддалар — белгиланган ёки аниқласа бўладиган миқдордаги валюта бирликларини олиш ҳуқуқи ёки тўлаш мажбурияти мавжуд бўлмаган активлар ва мажбуриятлар;
операция санаси — ташкилотларда чет эл валютасидаги операция натижасида қонунчилик ҳужжатларига ёки шартномага мувофиқ актив ва мажбуриятлар бухгалтерия ҳисобида акс эттириладиган (дастлабки тан олинадиган) сана;
тақдим этиш валютаси — молиявий ҳисоботлар тақдим этиладиган валюта;
жорий айирбошлаш курси — зудлик билан етказиб бериш учун қўлланиладиган валюта курси;
ёпилиш курси — ҳисобот санасида амал қиладиган жорий айирбошлаш курси.
1-§. Функционал валюта
5. Ташкилотлар ўз фаолиятини амалга оширадиган асосий иқтисодий муҳит улар томонидан пул маблағлари шакллантириладиган ва сарфланадиган муҳит ҳисобланади. Ташкилотлар ўз функционал валютасини белгилашда қуйидаги жиҳатларни инобатга олади:
а) даромад олинадиган валюта, жумладан, солиқлар, грантлар, трансфертлар ва жарималардан тушадиган маблағлар;
б) товарлар ва хизматларнинг сотиш нархларига таъсир кўрсатадиган валюта (бу одатда товарлар ва хизматлар бўйича сотиш нархлари белгиланадиган ва ҳисоб-китоблар амалга ошириладиган валюта бўлади);
д) рақобат муҳити ҳамда ҳуқуқий тартибга солиш тизими товарлар ва хизматларнинг реализация нархларига таъсир кўрсатадиган мамлакат валютаси;
э) товарлар ва хизматларни етказиб беришдаги меҳнат, материаллар ҳамда бошқа харажатларга таъсир кўрсатадиган валюта (одатда бундай харажатлар белгиланадиган ва тўланадиган валюта).
6. Қуйидаги жиҳатлар ҳам ташкилотларнинг функционал валютасини аниқлашда қўшимча далил сифатида эътиборга олиниши мумкин:
а) молиялаштириш фаолияти (қарз мажбуриятлари ва улушли қимматли қоғозларни чиқариш) натижасида маблағлар шакллантириладиган валюта;
б) операцион фаолиятдан олинган тушумлар сақланадиган валюта.
7. Чет элдаги бўлинманинг функционал валютасини аниқлашда ҳамда унинг функционал валютаси ҳисобот берувчи ташкилотнинг (бунда ҳисобот берувчи ташкилот деганда чет элдаги бўлинмага ўзининг тизим ташкилоти, филиали, ассоциацияланган ташкилоти сифатида ёки қўшма келишув асосида эгалик қилувчи ташкилот тушунилади) функционал валютасига мос келиш ёки келмаслигини белгилашда қуйидаги қўшимча жиҳатлар инобатга олинади:
а) чет элдаги бўлинма фаолияти ҳисобот берувчи ташкилот фаолиятининг узвий давоми сифатида (боғлиқ ҳолда) амалга оширилаётганлиги ёки сезиларли даражадаги мустақиллик асосида юритилаётганлиги.
Масалан, мустақиллик асосида фаолият юритиш ҳолатига мисол сифатида хорижий давлатлардаги дипломатик ваколатхоналарни келтириш мумкин. Бундай ваколатхоналар фаолиятини ўзи белгилаган функционал валютада амалга ошириши мумкин. Бунда ходимларга иш ҳақи асосан ваколатхона томонидан белгиланган функционал валютада тўланади. Шунингдек, ҳисобот берувчи ташкилот бошқаруви ва йўналиши остида фаолият юритувчи давлат университетининг чет элдаги филиалини ҳам мисол сифатида келтириш мумкин.
Сезиларли даражада мустақилликка эга чет элдаги бўлинма пул маблағларини ва бошқа монетар моддаларни жамғариши, харажатларни амалга ошириши, даромадлар олиши, шунингдек, қарз маблағларини жалб қилиши мумкин ҳамда мазкур операциялар асосан ўзининг функционал валютасида амалга оширилади. Бундай ташкилотлар тижорат асосида фаолият юритувчи давлат сектори ташкилотлари сифатида ташкил этилиши мумкин;
б) чет элдаги бўлинманинг ҳисобот берувчи ташкилот билан амалга оширадиган операциялари улушининг даражаси;
д) чет элдаги бўлинма фаолиятидан келиб чиқадиган пул оқимларининг ҳисобот берувчи ташкилотлар пул оқимларига бевосита таъсири ҳамда уларни ҳисобот берувчи ташкилотлар ихтиёрига тезлик билан ўтказиш (ремиттанция қилиш) имконияти;
э) чет элдаги бўлинма фаолиятидан келиб чиқадиган пул оқимларининг ҳисобот берувчи ташкилот томонидан қўшимча маблағ ажратилмаган ҳолда мавжуд ва одатда кутилаётган қарз мажбуриятларини қоплаш учун етарлилиги.
8. Юқорида келтирилган жиҳатлар аралаш ҳолатда бўлганда ҳамда функционал валюта аниқ белгиланган ҳолларда, ташкилот раҳбарияти асосий операциялар, ҳодисалар ва шароитларнинг иқтисодий таъсирини энг ҳаққоний акс эттирувчи функционал валютани аниқлаш мақсадида ўз профессионал мулоҳазасидан фойдаланади.
Бунда ташкилот раҳбарияти функционал валютани аниқлашда қўшимча далилларни тақдим этиш учун мўлжалланган мазкур Стандартнинг 6 ва 7-бандларида назарда тутилган жиҳатларни кўриб чиқишдан олдин, мазкур Стандартнинг 5-бандида белгиланган асосий жиҳатларга устувор аҳамият беради.
9. Ташкилотнинг функционал валютаси унинг фаолиятига дахлдор бўлган асосий операциялар, ҳодисалар ва ҳолатларнинг иқтисодий мазмунини акс эттиради. Шу муносабат билан, функционал валюта белгилангандан кейин у фақат ушбу операциялар, ҳодисалар ва ҳолатларда ўзгариш юз берган тақдирда ўзгартирилиши мумкин.
2-§. Монетар моддалар
10. Монетар модданинг асосий белгиси — белгиланган ёки аниқланиши мумкин бўлган миқдордаги валюта бирликларини олиш ҳуқуқи (ёки етказиб бериш мажбурияти) мавжудлигидир. Масалан, нақд пулда тўланадиган ижтимоий тўловлар бўйича мажбуриятлар ва ходимларга бериладиган бошқа тўловлар, нақд пулда қопланиши лозим бўлган захиралар, ижара мажбуриятлари, шунингдек, мажбурият сифатида тан олинган нақд дивидендлар ёки шунга ўхшаш тақсимотлар.
Аксинча, номонетар модданинг асосий белгиси — белгиланган ёки аниқланиши мумкин бўлган миқдордаги валюта бирликларини олиш ҳуқуқи (ёки етказиб бериш мажбурияти) мавжуд эмаслигидир. Масалан, товарлар ва хизматлар учун олдиндан тўланган суммалар, трансферт ҳуқуқи активлари, гудвилл, номоддий активлар, захиралар, асосий воситалар, ижара ҳуқуқи активлари ҳамда номонетар активни етказиб бериш орқали қопланадиган захиралар.
3-§. Чет элдаги бўлинмага соф инвестиция
11. Ташкилотда чет элдаги бўлинмадан олиниши ёки чет элдаги бўлинмага тўланиши лозим бўлган монетар модда бўлиши мумкин. Агар мазкур модда бўйича ҳисоб-китобни яқин келажакда амалга ошириш режалаштирилмаган ёки эҳтимоли паст бўлса, у амалда ташкилотнинг ушбу чет элдаги бўлинмага соф инвестициясининг бир қисми ҳисобланади ҳамда мазкур Стандартнинг 27 ва 28-бандларига мувофиқ қайд этилади. Бундай монетар моддаларга узоқ муддатли дебитор қарзлар ёки кредитлар кириши мумкин. Бироқ, улар товарлар ва хизматлар бўйича дебитор ва кредитор қарзларни ўз ичига олмайди.
12. Мазкур Стандартнинг 11-бандида қайд этилган, чет элдаги бўлинмадан олиниши ёки чет элдаги бўлинмага тўланиши лозим бўлган монетар моддага эга бўлган ташкилот иқтисодий ташкилот таркибига кирувчи ҳар қандай назорат қилинадиган ташкилот бўлиши мумкин. Масалан, ташкилот таркибида А ва Б номли иккита назорат қилинадиган ташкилот мавжуд бўлиб, Б ташкилот чет элдаги бўлинма ҳисобланади. А ташкилот Б ташкилотга қарз (кредит) ажратади.
Агар мазкур қарзнинг қайтарилиши яқин келажакда режалаштирилмаган ёки эҳтимоли паст бўлса, А ташкилотининг Б ташкилотдан бўлган дебитор қарзи А ташкилотининг Б ташкилотдаги соф инвестициясининг бир қисми сифатида эътироф этилади. Ушбу қоида А ташкилотнинг ўзи чет элдаги бўлинма бўлган тақдирда ҳам қўлланилади.
2-боб. Ушбу стандарт талаб қиладиган ёндашув
13. Молиявий ҳисоботларни тайёрлаганда ҳар бир ташкилот — алоҳида ташкилот, чет элдаги бўлинмага эга бўлган ташкилот ёки чет элдаги бўлинма ўз функционал валютасини мазкур Стандартнинг 5 — 9-бандлари талабларига мувофиқ белгилайди. Ташкилот чет эл валютасидаги моддаларни ўз функционал валютасига қайта ҳисоблайди ва бундай қайта ҳисоблашнинг таъсирларини мазкур Стандартнинг 16 — 35 ва 50-бандларига мувофиқ ҳисоботда акс эттиради.
14. Кўплаб ҳисобот берувчи ташкилотлар бир нечта алоҳида ташкилотлардан иборат бўлади (масалан, иқтисодий ташкилот назорат қилувчи ташкилот ҳамда бир ёки бир нечта назорат қилинадиган ташкилотлардан ташкил топади). Иқтисодий ташкилот таркибига кирувчи ёки ундан мустақил фаолият юритувчи турли ташкилотлар ассоциацияланган ташкилотларда ёки қўшма келишувларда инвестицияларга ва филиалларга эга бўлиши мумкин.
Ҳисобот берувчи ташкилотга киритилган ҳар бир алоҳида ташкилотнинг молиявий натижаси ва молиявий ҳолати ҳисобот берувчи ташкилотнинг молиявий ҳисоботларни тақдим этадиган валютасига қайта ҳисобланиши лозим.
Ушбу Стандарт ҳисобот берувчи ташкилотнинг тақдим этиш валютаси исталган валютада ёки валюталарда бўлишига рухсат беради. Функционал валютаси тақдим этиш валютасидан фарқ қилувчи ҳар бир алоҳида ташкилотнинг молиявий натижаси ва молиявий ҳолати мазкур Стандартнинг 33 — 50-бандларига мувофиқ тақдим этиш валютасига қайта ҳисобланади.
15. Мазкур Стандарт алоҳида ташкилотга ёки алоҳида молиявий ҳисоботларни тайёрлайдиган ташкилотга ўз молиявий ҳисоботларини исталган валютада ёки валюталарда тақдим этишга рухсат беради.
Агар ташкилотнинг тақдим этиш валютаси унинг функционал валютасидан фарқ қилса, унинг молиявий натижаси ва молиявий ҳолати мазкур Стандартнинг 33 — 50-бандларига мувофиқ тақдим этиш валютасига қайта ҳисобланади.
3-боб. Чет эл валютасидаги операцияларни функционал валютада ҳисобга олиш
1-§. Дастлабки тан олиш
16. Чет эл валютасидаги операция қуйидаги ҳолатларда юзага келади:
а) нархи чет эл валютасида белгиланган товарлар ёки хизматларни сотиб олиш ёки сотиш;
б) тўланиши ёки олиниши лозим бўлган суммалар чет эл валютасида ифодаланган ҳолда маблағларни қарзга олиш ёки бериш;
д) бошқа ҳолларда чет эл валютасида ифодаланган активларга эгалик қилиш ёки уларни тасарруфдан чиқариш ёхуд мажбуриятларни қабул қилиш ёки бажариш.
17. Чет эл валютасидаги операция функционал валютада дастлабки тан олинаётганда, операция санасида функционал валюта билан чет эл валютаси ўртасидаги жорий (спот) айирбошлаш курси қўлланилган ҳолда, чет эл валютасидаги сумма функционал валютага қайта ҳисобланади.
18. Валюта курсининг ўзгариши чет эл валютасида сақланадиган ёки олиниши (тўланиши) лозим бўлган пул маблағлари ёки пул эквивалентларига таъсир кўрсатиши мумкин. Бундай валюта курслари фарқларининг тақдим этиш тартиби Ўзбекистон Республикаси бюджет ҳисобининг стандарти (14-сонли БҲС) «Пул оқимлари тўғрисида ҳисобот»да (рўйхат рақами 3396, 2022 йил 2 ноябрь) белгиланади.
Мазкур ўзгаришлар пул оқимлари ҳисобланмаса ҳам, ҳисобот даври бошидаги ва охиридаги пул маблағлари ҳамда пул эквивалентларини мувофиқлаштириш мақсадида чет эл валютасида сақланадиган ёки олиниши (тўланиши) лозим бўлган пул маблағлари ҳамда пул эквивалентларига валюта курслари ўзгаришининг таъсири пул оқимлари тўғрисидаги ҳисоботда акс эттирилади.
Ушбу суммалар операцион, инвестициявий ва молиялаштириш фаолиятларидан келиб чиққан пул оқимларидан алоҳида кўрсатилади ҳамда мазкур пул оқимлари ҳисобот даври охиридаги валюта курслари бўйича қайта ҳисобланганида фарқлар мавжуд бўлса, улар ҳам ушбу суммалар таркибига киритилади.
2-§. Кейинги ҳисобот даврларида ҳисобот тақдим қилиш
19. Ҳар бир ҳисобот санасида:
а) чет эл валютасида ифодаланган монетар моддалар ёпилиш курси бўйича қайта ҳисобланиши лозим;
б) чет эл валютасида тарихий қиймат асосида баҳоланадиган номонетар моддалар операция санасидаги валюта курси бўйича қайта ҳисобланиши керак;
д) чет эл валютасида ҳаққоний ёки жорий операцион қиймат асосида баҳоланадиган номонетар моддалар мазкур қиймат аниқланган санадаги валюта курслари бўйича қайта ҳисобланиши шарт.
20. Модданинг баланс қиймати тегишли бошқа бюджет ҳисоби стандартлари талаблари билан биргаликда аниқланади. Масалан, асосий воситалар Ўзбекистон Республикаси бюджет ҳисобининг стандарти (8-сонли БҲС) «Кўчмас мулк, бино ва жиҳозлар»га (рўйхат рақами 3144, 2019 йил 20 март) мувофиқ тарихий қиймат, жорий операцион қиймат ёки ҳаққоний қиймат асосида баҳоланиши мумкин.
Модданинг баланс қиймати қайси асосда аниқланишидан қатъи назар, агар ушбу сумма чет эл валютасида белгиланган бўлса, у мазкур Стандарт талабларига мувофиқ функционал валютага қайта ҳисобланади.
21. Айрим моддаларнинг баланс қиймати икки ёки ундан ортиқ суммани таққослаш орқали аниқланади. Масалан, сотиш учун мўлжалланган захираларнинг баланс қиймати Ўзбекистон Республикаси бюджет ҳисобининг стандарти (7-сонли БҲС) «Товар-моддий захиралар»га (рўйхат рақами 3120, 2019 йил 14 январь) мувофиқ таннарх ва соф реализация қийматидан энг пасти сифатида аниқланади.
Қадрсизланиш аломатлари мавжуд бўлган ва пул оқимини ҳосил қилмайдиган активнинг баланс қиймати унинг эҳтимолий қадрсизланиш зарарларини инобатга олмасдан олдинги баланс қиймати ҳамда тикланадиган хизмат қийматидан энг пасти сифатида аниқланади.
Агар бундай актив номонетар бўлиб, чет эл валютасида баҳоланган бўлса, унинг баланс қиймати қуйидагиларни таққослаш орқали аниқланади:
а) тегишли ҳолатга қараб, таннарх ёки баланс қиймати — ушбу сумма аниқланган санадаги валюта курси бўйича қайта ҳисобланган ҳолда (масалан, тарихий қиймат асосида баҳоланган модда учун операция санасидаги курс бўйича);
б) тегишли ҳолатга қараб, соф реализация қиймати ёки тикланадиган хизмат қиймати — ушбу қиймат аниқланган санадаги валюта курси бўйича қайта ҳисобланган ҳолда (масалан, ҳисобот санасидаги ёпилиш курси бўйича).
Бундай таққослашда валюта курслари ўзгариши туфайли бир хил актив бўйича функционал валютада қадрсизланиш зарари тан олиниши мумкин, бироқ чет эл валютасида бундай зарар тан олинмаслиги ёки аксинча ҳолат юзага келиши мумкин.
22. Агар бир нечта валюта курслари (масалан, расмий курс, банк курси ва б.) мавжуд бўлса, операция ёки баланс моддасига тааллуқли пул оқимлари баҳолаш санасида қайси курс бўйича ҳисоб-китоб қилиниши мумкин бўлса, ўша курс қўлланилади.
Агар икки валюта ўртасида айирбошлаш имконияти вақтинча мавжуд бўлмаса, қўлланиладиган курс сифатида айирбошлаш амалга оширилиши мумкин бўлган биринчи кейинги курс олинади.
3-§. Валюта курслари фарқларини тан олиш
23. Қуйидаги ҳолатларда ҳисобот даврида юзага келган валюта курслари фарқлари фойда ёки зарар таркибида тан олиниши лозим, мазкур Стандартнинг 27-бандида назарда тутилган ҳолатлар бундан мустасно:
а) монетар моддалар бўйича ҳисоб-китобни амалга ошириш натижаси бўйича;
б) монетар моддаларни ҳисобот даври мобайнида ёки олдинги молиявий ҳисоботларда илк тан олиш вақтида қўлланилган курслардан фарқ қилувчи курслар бўйича қайта ҳисоблаш натижаси бўйича.
24. Агар монетар моддалар чет эл валютасидаги операцияси натижасида юзага келса ва операция санаси билан ҳисоб-китоб санаси ўртасида валюта курси ўзгарса, валюта курслари фарқи вужудга келади.
Агар операция амалга оширилган ҳисобот даврининг ўзида ҳисоб-китоб қилинса, валюта курслари фарқининг тўлиқ суммаси ушбу даврда тан олинади.
Агар операция кейинги ҳисобот даврида ҳисоб-китоб қилинса, ҳисоб-китоб санасига қадар ҳар бир ҳисобот даври учун тан олинадиган валюта курслари фарқи шу давр мобайнидаги курс ўзгариши асосида аниқланади.
25. Агар номонетар модда бўйича фойда ёки зарар тўғридан-тўғри соф активлар/капитал таркибида тан олинса, ушбу фойда ёки зарарнинг валюта курслари билан боғлиқ қисми ҳам тўғридан-тўғри соф активлар/капитал таркибида тан олинади.
Аксинча, агар номонетар модда бўйича фойда ёки зарар молиявий натижалар ҳисоботида фойда ёки зарар таркибида тан олинса, ушбу фойда ёки зарарнинг валюта курслари билан боғлиқ қисми ҳам молиявий натижалар ҳисоботида фойда ёки зарар таркибида тан олинади.
26. Бошқа бюджет ҳисоби стандартлари айрим фойда ва зарарларни тўғридан-тўғри соф активлар/капитал таркибида тан олишни талаб қилади. Масалан, Ўзбекистон Республикаси бюджет ҳисобининг стандарти (8-сонли БҲС) «Кўчмас мулк, бино ва жиҳозлар»да (рўйхат рақами 3144, 2019 йил 30 март) асосий воситаларни қайта баҳолаш натижасида юзага келган айрим фойда ва зарарларни тўғридан-тўғри соф активлар/капитал таркибида тан олиниши белгиланган.
Агар бундай актив чет эл валютасида баҳоланган бўлса, ушбу Стандартнинг 19-банди «д» кичик бандига мувофиқ қайта баҳоланган сумма ушбу қиймат аниқланган санадаги валюта курси бўйича қайта ҳисобланади. Натижада юзага келган валюта курслари фарқи ҳам тўғридан-тўғри соф активлар/капитал таркибида тан олинади.
27. Агар валюта курслари фарқлари монетар модда бўйича юзага келса ва ушбу монетар модда мазкур Стандартнинг 11-бандига мувофиқ ҳисобот берувчи ташкилотнинг чет элдаги бўлинмасидаги соф инвестицияси таркибига кирса, қуйидагича ҳисобга олинади:
ҳисобот берувчи ташкилотнинг алоҳида молиявий ҳисоботларида ёки чет элдаги бўлинманинг алоҳида молиявий ҳисоботларида — фойда ёки зарар таркибида;
агар чет элдаги бўлинма ва ҳисобот берувчи ташкилотнинг молиявий ҳисоботлари консолидациялашган ҳолда тақдим этилса, валюта курслари фарқи дастлаб тўғридан-тўғри соф активлар/капиталнинг алоҳида таркибида тан олинади ҳамда ушбу инвестиция сотилганда мазкур Стандартнинг 44-бандига мувофиқ валюта курслари фарқи фойда ёки зарар таркибида тан олинади.
28. Агар монетар модда ҳисобот берувчи ташкилотнинг чет элдаги бўлинмасидаги соф инвестицияси таркибига кирса ва у ҳисобот берувчи ташкилотнинг функционал валютасида ифодаланган бўлса, валюта курслари фарқи мазкур Стандартнинг 23-бандига мувофиқ чет элдаги бўлинманинг алоҳида молиявий ҳисоботларида юзага келади.
Агар монетар модда чет элдаги бўлинманинг функционал валютасида ифодаланган бўлса, валюта курслари фарқи мазкур Стандартнинг 23-бандига мувофиқ ҳисобот берувчи ташкилотнинг алоҳида молиявий ҳисоботларида юзага келади.
Агар монетар модда ҳисобот берувчи ташкилот ёки унинг чет элдаги бўлинмасининг функционал валютасидан фарқ қилувчи бошқа валютада ифодаланган бўлса, валюта курслари фарқи мазкур Стандартнинг 23-бандига мувофиқ ҳисобот берувчи ташкилот ва унинг чет элдаги бўлинмасининг алоҳида молиявий ҳисоботларида юзага келади.
Мазкур валюта курслари фарқлари чет элдаги бўлинма ва ҳисобот берувчи ташкилотни ўз ичига олган молиявий ҳисоботларда (яъни чет элдаги бўлинма консолидация қилинадиган ёки улушдорлик усули (эқуитй метҳод) асосида ҳисобга олинадиган молиявий ҳисоботларда) соф активлар/капиталнинг алоҳида таркибига қайта таснифланади.
29. Агар ташкилот бухгалтерия ҳисобини ўз функционал валютасидан фарқ қилувчи валютада юритса, молиявий ҳисоботни тайёрлаш пайтида барча суммалар мазкур Стандартнинг 16 — 22-бандларига мувофиқ функционал валютага қайта ҳисобланади.
Бунда қайта ҳисоблаш натижасида функционал валютада ҳосил бўладиган суммалар илк бор функционал валютада қайд этилганида шаклланиши мумкин бўлган суммаларга тенг бўлади. Масалан, монетар моддалар функционал валютага ёпилиш курси бўйича қайта ҳисобланади, тарихий қиймат асосида баҳоланган номонетар моддалар эса уларни тан олишга асос бўлган операция санасидаги валюта курси бўйича қайта ҳисобланади.
4-§. Функционал валютадаги ўзгариш
30. Ташкилотларнинг функционал валютаси ўзгарган тақдирда, янги функционал валютага нисбатан қўлланиладиган қайта ҳисоблаш тартиблари мазкур функционал валюта ўзгарган санадан бошлаб қўлланилади.
31. Ташкилотларнинг функционал валютаси мазкур Стандартнинг 9-бандида белгиланган ҳолларда ўзгартирилиши мумкин. Масалан, товарлар ва хизматлар нархларига асосий таъсир кўрсатувчи валютанинг ўзгариши ташкилотлар функционал валютасининг ўзгаришига олиб келиши мумкин.
32. Функционал валюта ўзгаришининг таъсири келгуси даврга нисбатан ҳисобга олинади. Бошқача айтганда, ташкилот барча моддаларни ўзгариш санасидаги валюта курси бўйича янги функционал валютага қайта ҳисоблайди.
Бунда номонетар моддалар бўйича қайта ҳисобланган суммалар уларнинг тарихий қиймати сифатида қабул қилинади.
Мазкур Стандартнинг 27-банди ва 34-банди «д» кичик бандига мувофиқ аввал соф активлар/капитал таркибида таснифланган чет эл элдаги операцияни қайта ҳисоблаш натижасида юзага келган валюта курслари фарқлари ушбу операция реализация қилинмагунича фойда ёки зарар таркибида тан олинмайди.
4-боб. Функционал валютадан бошқа тақдим этиш валютасидан фойдаланиш
1-§. Тақдим этиш валютасига ўтказиш
33. Ташкилотлар молиявий ҳисоботларини молиявий ҳисоботларни қабул қилувчи ташкилотларга тақдим этиш валютасида тақдим этади. Агар тақдим этиш валютаси ташкилотларнинг функционал валютасидан фарқ қилса, у ўз молиявий фаолияти натижалари ва молиявий ҳолатини тақдим этиш валютасига қайта ҳисоблайди.
Масалан, Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги дипломатик ваколатхоналари ёки бюджет ташкилотларининг чет элдаги бўлинмалари турли функционал валюталарда фаолият юритган тақдирда, консолидациялашган молиявий ҳисоботларни тузиш учун уларнинг ҳар бирининг молиявий фаолияти натижалари ва молиявий ҳолати ягона тақдим этиш валютасида ифодаланади.
Ўзбекистон Республикасида бюджет ҳисобини тақдим этиш валютаси миллий валютада — сўмда юритилади.
34. Функционал валютаси бошқа бўлган ташкилотларнинг молиявий фаолияти натижалари ва молиявий ҳолати тақдим этиш валютасига қуйидаги тартибда қайта ҳисобланади:
а) ҳар бир тақдим этилган молиявий ҳолат тўғрисидаги ҳисобот (шу жумладан, таққословчи маълумотлар) бўйича активлар ва мажбуриятлар мазкур ҳисобот санасидаги ёпилиш курси бўйича;
б) ҳар бир тақдим этилган молиявий фаолият натижалари тўғрисидаги ҳисобот (шу жумладан, таққословчи маълумотлар) бўйича даромадлар ва харажатлар операциялар амалга оширилган санадаги валюта курслари бўйича;
д) ушбу қайта ҳисоблаш натижасида юзага келган барча валюта курслари фарқлари соф активлар/капитал таркибида алоҳида модда сифатида эътироф этилади.
35. Мазкур Стандартнинг 34-банди «д» кичик бандида қайд этилган валюта курслари фарқлари қуйидаги ҳолатларда юзага келади:
а) даромад ва харажатларни операция санасидаги валюта курслари бўйича, актив ва мажбуриятларни эса ёпилиш курси бўйича қайта ҳисоблаш натижасида. Бундай валюта курслари фарқлари фойда ёки зарар таркибида тан олинган даромад ва харажатлар бўйича ҳамда тўғридан-тўғри соф активлар/капитал таркибида тан олинган моддалар бўйича ҳам юзага келади;
б) дастлабки соф активлар/капиталнинг аввалги ёпилиш курсидан фарқ қиладиган ёпилиш курси бўйича қайта ҳисоблаш натижасида.
Мазкур валюта курслари фарқлари фойда ёки зарар таркибида тан олинмайди, чунки валюта курсларининг ўзгариши операцион фаолиятдан келиб чиқадиган жорий ва келгусидаги пул оқимларига бевосита ёки сезиларли таъсир кўрсатмайди.
Агар бундай валюта курслари фарқлари консолидация қилинадиган, бироқ тўлиқ эгалик қилинмайдиган чет элдаги бўлинмага тегишли бўлса, қайта ҳисоблаш натижасида жамланган ва назорат қилинмайдиган улушларга тааллуқли бўлган валюта курслари фарқлари тақсимланади ҳамда консолидациялашган молиявий ҳолат тўғрисидаги ҳисоботда назорат қилинмайдиган улушлар таркибида тан олинади.
36. Ҳисобот берувчи ташкилотлар чет элдаги бўлинманинг пул оқимлари, яъни пул тушумлари ва пул тўловларини унинг пул оқимлари тўғрисидаги ҳисоботига киритиш мақсадида қайта ҳисоблашда Ўзбекистон Республикаси бюджет ҳисобининг стандарти (14-сонли БҲС) «Пул оқимлари тўғрисида ҳисобот» (рўйхат рақами 3396, 2022 йил 2 ноябрь) талабларига риоя этиши шарт.
Ўзбекистон Республикаси бюджет ҳисобининг стандарти (14-сонли БҲС) «Пул оқимлари тўғрисида ҳисобот»га (рўйхат рақами 3396, 2022 йил 2 ноябрь) мувофиқ, чет элдаги бўлинма таърифига жавоб берадиган назорат қилинувчи ташкилотнинг пул оқимлари тақдим этиш валютаси ва чет эл валютаси ўртасидаги пул оқимлари амалга оширилган санадаги валюта курслари бўйича қайта ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси бюджет ҳисобининг стандарти (14-сонли БҲС) «Пул оқимлари тўғрисида ҳисобот»да (рўйхат рақами 3396, 2022 йил 2 ноябрь) чет эл валютасида сақланадиган ёки олиниши (тўланиши) лозим бўлган пул маблағлари ва уларнинг эквивалентлари бўйича валюта курслари ўзгариши натижасида юзага келган, амалда ҳали пул ҳаракати билан тасдиқланмаган (амалга оширилмаган) фойда ва зарарларнинг тақдим этилиши тартиби белгиланган.
2-§. Чет элдаги бўлинманинг молиявий ҳисоботларини бир валютадан бошқа валютага ўтказиш
37. Чет элдаги бўлинманинг молиявий фаолияти натижалари ва молиявий ҳолатини тақдим этиш валютасига қайта ҳисоблашда мазкур бўлинмани ҳисобот берувчи ташкилотнинг молиявий ҳисоботларига консолидация қилиш ёки улушдорлик усули (эқуитй метҳод) асосида ҳисобга олиш мақсадида мазкур Стандартнинг 33 — 36-бандлари ҳамда ушбу параграф талаблари қўлланилади.
38. Чет элдаги бўлинманинг молиявий натижалари ва молиявий ҳолатини ҳисобот берувчи ташкилотнинг молиявий ҳисоботлари билан бирлаштириш одатий консолидациялашган молиявий ҳисоботларни тузиш тартибига мувофиқ амалга оширилади. Бунда иқтисодий ташкилот доирасидаги ўзаро ҳисоб-китоблар ва операциялар чиқариб ташланади.
39. Иқтисодий ташкилот доирасидаги монетар актив (ёки мажбурият), қисқа ёки узоқ муддатли бўлишидан қатъи назар, иқтисодий ташкилот ичидаги мос мажбурият (ёки актив) билан валюталар курсининг ўзгариши натижаларини консолидациялашган молиявий ҳисоботларда акс эттирмасдан ўзаро ҳисобдан чиқарилиши мумкин эмас.
Бунда монетар модда:
а) бир валютани бошқа валютага алмаштириш мажбуриятини ифода этади;
б) валюта курслари ўзгариши натижасида ҳисобот тақдим этувчи ташкилот учун фойда ёки зарар келтириб чиқариши мумкин.
Шу муносабат билан, ҳисобот тақдим этувчи ташкилотнинг консолидациялашган молиявий ҳисоботларида бундай курс фарқи фойда ёки зарар таркибида тан олинади ёки агар у мазкур Стандартнинг 27-бандида кўрсатилган ҳолатлардан келиб чиққан бўлса, чет элдаги бўлинма тугатилгунга қадар соф активлар/капитал таркибида таснифланади.
40. Чет элдаги бўлинманинг молиявий ҳисоботлари ҳисобот берувчи ташкилотникидан бошқа санада тузилган бўлса, чет элдаги бўлинма ҳисобот берувчи ташкилотнинг молиявий ҳисоботлари санасига мувофиқ қўшимча ҳисоботлар тайёрлайди.
41. Ҳисобот берувчи ташкилот ва чет элдаги бўлинманинг ҳисобот санаси орасида фарқ бўлса, чет элдаги бўлинманинг актив ва мажбуриятлари унинг ўз ҳисобот санасидаги валюта курси бўйича қайта ҳисобланади.
42. Ҳисобот берувчи ташкилотнинг ҳисобот санасига қадар бўлган валюта курсларидаги ўзгаришлар учун тузатишлар амалга оширилиши мумкин. Бу тузатишлар консолидациялашган молиявий ҳисоботларда актив ва мажбуриятларни яна бир марта қайта баҳолашга имкон беради.
43. Чет элдаги бўлинмани сотиб олиш натижасида юзага келадиган гудвилл, шунингдек мазкур бўлинмани сотиб олиш муносабати билан активлар ва мажбуриятларнинг баланс қийматларига киритилган ҳаққоний қиймат бўйича тузатишлар ушбу чет элдаги бўлинманинг активлари ва мажбуриятлари сифатида қаралади.
Шу муносабат билан, улар чет элдаги бўлинманинг функционал валютасида ифодаланади ҳамда мазкур Стандартнинг 34-бандига мувофиқ ёпилиш курси бўйича қайта ҳисобланади.
3-§. Чет элдаги бўлинмани тасарруфдан чиқариш (сотиш) ёки қисман тасарруфдан чиқариш (сотиш)
44. Чет элдаги бўлинма тасарруфдан чиқарилганда (сотилганда), мазкур бўлинмага тегишли бўлган ҳамда илгари соф активлар/капиталнинг алоҳида таркибида тўпланган валюта курслари фарқининг умумий қиймати, тасарруфдан чиқаришдан (сотишдан) олинган фойда ёки зарар тан олинган вақтда, соф активлар/капитал таркибидан фойда ёки зарар таркибига қайта ўтказилади.
45. Ташкилотнинг чет элдаги бўлинмасидаги ўз улушини тўлиқ тасарруфдан чиқаришдан ташқари қуйидаги қисман тасарруфдан чиқариш ҳолатлари ҳам тасарруфдан чиқариш сифатида ҳисобга олинади:
а) агар қисман тасарруфдан чиқариш чет элдаги бўлинмани ўз ичига олган назорат қилинадиган ташкилот устидан назоратни йўқотишга олиб келса (бунда ҳисобот берувчи ташкилот мазкур назорат қилинадиган ташкилотда қисман тасарруфдан чиқаришдан сўнг назорат қилинмайдиган улушни сақлаб қолган тақдирда ҳам ушбу ҳолат қисман тасарруфдан чиқариш деб ҳисобланади);
б) агар қўшма келишувдаги улуш ёки чет элдаги бўлинмани ўз ичига олган ассоциацияланган ташкилотдаги улуш қисман тасарруфдан чиқарилгандан сўнг сақланиб қолган улуш молиявий актив сифатида эътироф этилса.
46. Чет элдаги бўлинмани ўз ичига олган назорат қилинадиган ташкилот тасарруфдан чиқарилганда, мазкур чет элдаги бўлинмага тегишли ва чегараланган назоратдаги иштирокчиларга тегишли тўпланган валюта курслари фарқларининг қиймати, тўғридан-тўғри тўпланган фойда ёки зарар таркибига ўтказилади.
47. Чет элдаги бўлинмани ўз ичига олган назорат қилинадиган ташкилот қисман тасарруфдан чиқарилганда, ташкилот соф активлар/капиталнинг алоҳида тоифасида тўпланган валюта курслари фарқларининг мутаносиб қисмини мазкур чет элдаги бўлинмадаги чегараланган назоратдаги иштирокчилар ҳисобига қайта тақсимлайди.
Чет элдаги бўлинманинг бошқа ҳар қандай қисман тасарруфдан чиқариш ҳолатларида эса, ташкилотлар соф активлар/капиталда тўпланган валюта курслари фарқларининг мутаносиб қисмини тўпланган фойда ёки зарар таркибига ўтказади.
48. Чет элдаги бўлинмани ўз ичига олган назорат қилинадиган ташкилотнинг қисман тасарруфдан чиқарилиши чет элдаги бўлинмадаги улушнинг ҳар қандай камайиши ҳисобланади, фақат мазкур Стандартнинг 45-бандида қайд этилган ҳолатлар ушбу камайишга киритилмайди.
49. Ташкилот чет элдаги бўлинмадаги ўз улушини сотиш, тугатиш, устав капиталига киритилган маблағларни қайтариб олиш ёки ушбу ташкилотдаги улушдан тўлиқ ёхуд қисман воз кечиш орқали тасарруфдан чиқариши ёки қисман тасарруфдан чиқариши мумкин.
Дивиденд ёки шунга ўхшаш тақсимот фақат инвестицияни қайтариш сифатида амалга оширилган тақдирда тасарруфдан чиқаришнинг бир қисми ҳисобланади (масалан, дивиденд ёки шунга ўхшаш тақсимот сотиб олишдан олдинги фойдадан тўланган бўлса).
Чет элдаги бўлинманинг баланс қийматини камайтириш, у бўлинманинг ўз зарарларидан келиб чиқадими ёки мазкур улушга эга ташкилот томонидан қадрсизланиш сифатида тан олиниши сабаблими, қисман тасарруфдан чиқариш ҳисобланмайди. Шу муносабат билан, туширилган валюта курслари орқали келган фойда ёки зарарнинг ҳеч бир қисми балансдаги қийматни камайтириш пайтида соф фойда ёки зарар таркибига ўтказилмайди.
5-боб. Валюта курслари фарқларининг солиқ солишга таъсири
50. Фойда солиғи тўлайдиган ҳисобот берувчи ташкилотлар учун қуйидагилар билан боғлиқ солиқ оқибатлари фойда солиғига оид тегишли халқаро ёки Ўзбекистон Республикасининг бюджет ҳисоби стандартларида белгиланган тартибда аниқланади:
а) чет эл валютасидаги операциялар бўйича фойда ва зарарлар билан боғлиқ солиқ оқибатлари;
б) ташкилотнинг ва унинг чет элдаги бўлинмасининг молиявий фаолияти натижалари ва молиявий ҳолатини бошқа валютага қайта ҳисоблаш натижасида юзага келадиган валюта курслари фарқлари.
6-боб. Ахборотни очиб бериш
51. Мазкур Стандартнинг 53, 55 ва 56-бандларида келтирилган «функционал валюта» тушунчаси иқтисодий ташкилотга нисбатан қўлланилганда, у назорат қилувчи ташкилотнинг функционал валютасини англатади.
52. Ташкилот қуйидаги маълумотларни очиб бериши шарт:
а) фойда ёки зарар таркибида тан олинган валюта курслари фарқлари суммаси;
б) соф активлар/капитал таркибида алоҳида модда сифатида таснифланган валюта курслари фарқларининг жами суммаси ҳамда ушбу сумманинг ҳисобот даври бошидаги ва охиридаги ҳолати бўйича қиёсий маълумот (узвий боғлиқ кўрсаткичлар ҳаракати).
53. Тақдим этиш валютаси функционал валютадан фарқ қилган ҳолларда, ушбу ҳолат тўғрисида ахборот очиб берилиши шарт. Шу билан бирга, функционал валюта ва бошқа тақдим этиш валютасидан фойдаланиш сабаблари ҳам кўрсатилиши лозим.
54. Ҳисобот берувчи ташкилот ёки чет элдаги бўлинманинг функционал валютаси ўзгарган тақдирда, ушбу ҳолат ва функционал валюта ўзгаришининг сабаб(лар)и молиявий ҳисоботда очиб берилиши шарт.
55. Ташкилот молиявий ҳисоботни ўзининг функционал валютасидан фарқ қиладиган валютада тақдим этган тақдирда, у молиявий ҳисоботни мазкур Стандарт талабларига мувофиқ деб кўрсатиш учун ушбу Стандарт билан боғлиқ барча тегишли стандартлар талабларини, шу жумладан мазкур Стандартнинг 34-бандида белгиланган қайта ҳисоблаш усулини тўлиқ бажариши шарт.
56. Ташкилот молиявий ҳисоботни ёки бошқа молиявий маълумотларни ўзининг функционал валютасидан ёки тақдим этиш валютасидан фарқ қилувчи бошқа валютада тақдим этганда ҳамда мазкур Стандартнинг 55-банди талабларига риоя этмаган тақдирда, у қуйидагиларни амалга ошириши шарт:
а) ушбу маълумотларни мазкур Стандарт талабларига мувофиқ тайёрланган ҳисоботдан ажратиш мақсадида уларни қўшимча ахборот сифатида аниқ белгилаш;
б) қўшимча ахборот қайси валютада тақдим этилганини очиб бериш;
д) ташкилотнинг функционал валютасини ҳамда қўшимча ахборотни тайёрлашда қўлланган қайта ҳисоблаш усулини очиб бериш.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 25.04.2026 й., 10/26/3823/0413-сон)