Ўзбекистон Республикаси Президентининг
қарори
Жазони ижро этиш муассасаларида жазони ўтаётган маҳкума аёлларнинг фарзандларини мактабгача таълим хизматлари билан қамраб олиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясига мувофиқ болаларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда уларни ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича чораларни кенгайтириш мақсадида қарор қиламан:
I. Мақсад
1. Ички ишлар вазирлиги тизимидаги жазони ижро этиш муассасаларида жазони ўтаётган маҳкума аёлларнинг фарзандларини мактабгача таълим хизматлари билан қамраб олиш тизимини такомиллаштириш ушбу қарорни қабул қилишдан кўзланган асосий мақсад этиб белгилансин.
II. Махсус давлат мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятини йўлга қўйиш
2. Ички ишлар вазирлиги, Таълим ва илм-фан вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг 2026 йил 1 декабрдан бошлаб Ички ишлар вазирлиги тизимидаги 21-сон жазони ижро этиш колонияси қошидаги Болалар уйи негизида ҳамда 42-сон манзил-колонияда уч ёшгача бўлган болалар учун «Она ва бола маркази» махсус давлат мактабгача таълим ташкилотлари (кейинги ўринларда — махсус мактабгача таълим ташкилотлари)ни ташкил этиш ҳақидаги таклифларига розилик берилсин.
3. Белгилансинки, махсус мактабгача таълим ташкилотлари:
(а) юридик шахс мақомига эга бўлиб, Таълим ва илм-фан вазирлиги ҳузурида ташкил этилади ҳамда давлат таълим-тарбия муассасаси ҳисобланади;
(б) ходимлари қонунчиликда Болалар уйлари учун белгиланган намунавий штат нормативларига мувофиқ тасдиқланадиган штат жадвали асосида Ички ишлар вазирлиги билан келишилган ҳолда Таълим ва илм-фан вазирлиги томонидан белгиланган тартибда ишга қабул қилинади. Бунда махсус мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятини йўлга қўйиш учун зарур штат бирликлари Давлат бюджети ҳисобидан ажратилади;
(в) ходимларига иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар умумий турдаги мактабгача таълим ташкилотларига белгиланган шартлар асосида тўланади ҳамда барча ходимларига алоҳида меҳнат шароитлари учун лавозим маошлари ва базавий тариф ставкаларига нисбатан ҳар ойда 100 фоиз миқдорида устама ҳақ белгиланади;
(г) 21-сон жазони ижро этиш колонияси ва 42-сон манзил-колониядаги зарур шарт-шароитларга эга бино-иншоотларга текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирилади.
4. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ махсус мактабгача таълим ташкилотларида:
(а) 5 нафаргача болаларни қамраб оладиган кеча-ю кундуз фаолият юритувчи гуруҳлар ташкил этилади;
(б) тарбияланувчилар яшаши, тиббий хизматдан фойдаланиши, ёшига мос равишда ривожланиши ва камол топиши учун барча зарур шароитлар яратилади;
(в) тарбияланувчилар 21-сон жазони ижро этиш колонияси ва 42-сон манзил-колония томонидан қонунчиликда Болалар уйлари тарбияланувчилари учун белгиланган нормаларга мувофиқ озиқ-овқат, кийим-кечак, пойабзал, юмшоқ анжомлар билан таъминланади;
(г) таълим ва тарбиявий ишлар Болалар уйлари тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган тартибда, 2027 йил 1 апрелдан бошлаб эса Соғлиқни сақлаш вазирлиги хамда Таълим ва илм-фан вазирлиги томонидан ўрнатилган тартибда тасдиқланадиган болаларни ривожлантириш дастурига мувофиқ амалга оширилади;
(д) Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тарбияланувчиларни ўз вақтида эмлаш ва тиббий кўрикдан ўтказиш таъминланади;
(ж) Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан ҳар чоракда бола ва она учун яратилган шароитни ўрганиш мақсадида мониторинг амалга оширилади, зарур ҳолларда ўрнатилган тартибда болага васийлик ёки бошқа муқобил жойлаштириш шаклларини белгилаш чоралари кўрилади;
(з) фаолият юритадиган ходимларнинг иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар Таълим ва илм-фан вазирлиги ҳудудий бўлимларининг Марказлаштирилган молия-бухгалтерия хизмати томонидан, унинг бошқа барча харажатлари, шу жумладан, болалар таъминоти эса Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти томонидан молиялаштирилади.
5. Белгилансинки, жазони ўтаётган маҳкума аёлларнинг Ўзбекистон Республикаси Жиноят-ижроия кодексининг 132-моддасида белгиланган ҳуқуқларини тўлақонли рўёбга чиқариш мақсадида мазкур қарорнинг 2-бандида назарда тутилган жазони ижро этиш колонияларида боласини махсус мактабгача таълим ташкилотларига жойлаштирган маҳкума аёлларга ишдан бўш вақтида, шу жумладан, тунда уч ёшга тўлмаган болалари билан бирга қолиши (бўлиши) учун зарур шароитлар яратилиши таъминланади.
III. Қарор ижросини ташкил этиш, таъминлаш ва назорат
6. Белгилаб қўйилсинки, 2026 йилда махсус мактабгача таълим ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар Таълим ва илм-фан вазирлигига ажратилган маблағлар, болалар таъминоти ва бошқа харажатлар эса Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаментига ажратилган маблағлар, 2027 йилдан бошлаб эса Давлат бюджети параметрларида назарда тутилган маблағлар доирасида амалга оширилади.
7. Соғлиқни сақлаш вазирлиги Таълим ва илм-фан вазирлиги ҳамда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги билан биргаликда 2027 йил 1 апрелга қадар махсус мактабгача таълим ташкилотларида уч ёшгача бўлган болаларни ривожлантириш дастурини ҳамда гуруҳ хоналарини жиҳозлаш талабларини ишлаб чиқсин.
8. Ички ишлар вазирлиги:
(а) икки ой муддатда мазкур қарорнинг 5-банди ижросини самарали таъминлаш мақсадида зарур шароитлар яратилишини таъминласин;
(б) Таълим ва илм-фан вазирлиги ҳамда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
9. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсан жавобгар этиб ички ишлар вазири А.А. Ташпулатов ҳамда Бош вазирнинг биринчи ўринбосари — таълим ва илм-фан вазири Э.О. Турдимов белгилансин.
10. Қарор ижросини назорат қилиш ва ижро учун масъул ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг ижтимоий ҳимоя бўйича маслаҳатчиси — Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори М.П. Оллоёров зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2026 йил 12 ноябрь,
ПҚ-395-сон
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 13.11.2026 й., 07/26/395/1129-сон)