Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
«Интеллектуал мулк соҳасини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун» кўкрак нишонини таъсис этиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Интеллектуал фаолият натижаларини рағбатлантириш ҳамда соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этишни кенгайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2025 йил 27 ноябрдаги ПҚ-358-сон қарори ижросини таъминлаш, шунингдек, интеллектуал мулк соҳасини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшган фуқароларни рағбатлантириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. «Интеллектуал мулк соҳасини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун» кўкрак нишони таъсис этилсин.
2. Қуйидагилар:
«Интеллектуал мулк соҳасини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун» кўкрак нишони тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;
«Интеллектуал мулк соҳасини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун» кўкрак нишони ва унинг гувоҳномаси тавсифлари 2 ва 3-иловаларга мувофиқ тасдиқлансин.
3. «Интеллектуал мулк соҳасини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун» кўкрак нишони ва унинг гувоҳномаси Адлия вазирлигининг буюртмасига асосан «Давлат белгиси» МЧЖ томонидан белгиланган тартибда тайёрланиши таъминлансин.
4. «Интеллектуал мулк соҳасини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун» кўкрак нишони ва унинг гувоҳномасини тайёрлаш ҳамда мукофотланганларни тақдирлаш билан боғлиқ харажатлар Адлия вазирлигининг бюджетдан ташқари Адлия органлари ва муассасаларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланиши инобатга олинсин.
5. Адлия вазирлиги «Интеллектуал мулк соҳасини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун» кўкрак нишони ҳар йили 26 апрель — Халқаро интеллектуал мулк куни арафасида тантанали равишда топширилишини таъминласин.
6. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Ж.А. Қўчқоров ҳамда адлия вазири А.Ж. Ташкулов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2026 йил 5 сентябрь,
471-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 5 сентябрдаги 471-сон қарорига
1-ИЛОВА
1-ИЛОВА
«Интеллектуал мулк соҳасини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун» кўкрак нишони тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом «Интеллектуал мулк соҳасини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун» кўкрак нишони (кейинги ўринларда — кўкрак нишони) билан тақдирлаш тартибини белгилайди.
2. Кўкрак нишони билан мамлакатимизда интеллектуал мулк соҳасини ривожлантиришга, интеллектуал мулк объектларининг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлашга, шунингдек, аҳолида интеллектуал фаолият натижаларига ҳурмат ҳиссини шакллантиришга муносиб ҳисса қўшган давлат ташкилотлари ва нодавлат ташкилотлар ходимлари, халқаро ташкилотлар вакиллари ҳамда тадбиркорлик субъектлари тақдирланади.
2-боб. Кўкрак нишони билан тақдирлаш учун ҳужжатларни тақдим этиш ва кўриб чиқиш
3. Кўкрак нишони билан тақдирлаш ушбу Низомга иловада келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.
4. Кўкрак нишони билан тақдирлашга оид таклифлар ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, давлат ташкилотлари, нодавлат ташкилотлар ҳамда тадбиркорлик субъектлари томонидан ҳар йили 1 январдан 1 мартга қадар Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига (кейинги ўринларда — вазирлик) тақдим этилади.
5. Кўкрак нишони билан тақдирлаш бўйича таклифларга номзодлар ҳақида қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:
номзод ҳақида маълумотнома;
номзоднинг шахсини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси (фуқаролик паспорти ёки ID-карта);
номзоднинг сўнгги уч йил давомида интеллектуал мулк соҳасини ривожлантириш борасидаги амалий ишлари акс эттирилган тавсифнома.
6. Кўкрак нишони билан тақдирлашга оид таклифларни кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси адлия вазири (кейинги ўринларда — вазир) томонидан соҳада кўп йиллик тажрибага эга бўлган беш кишидан иборат таркибда комиссия (кейинги ўринларда — Комиссия) ташкил этилади.
Комиссия таркибига олий таълим, илмий-тадқиқот муассасалари, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакилларидан иборат экспертлар киритилиши мумкин.
7. Комиссия таркиби вазир томонидан тасдиқланади.
8. Комиссия томонидан номзодларни кўкрак нишони билан тақдирлашда қуйидагилар инобатга олинади:
интеллектуал мулк соҳасини ривожлантириш бўйича давлат дастурларини, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда иштирок этганлиги;
интеллектуал мулк объектлари яратилишини қўллаб-қувватлаш борасидаги фаолияти;
интеллектуал мулк объектларининг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлашда фаол иштирок этганлиги;
жамиятда интеллектуал фаолият натижаларига ҳурмат ҳиссини шакллантиришга қўшган ҳиссаси;
интеллектуал мулк соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантиришда, шу жумладан, интеллектуал мулк соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар тўғрисида халқаро ҳамжамиятни хабардор қилишда иштирок этганлиги.
9. Комиссия йиғилишида номзодларга оид ҳужжатлар белгиланган тартибда ўрганилади ҳамда 1 апрелга қадар энг муносиб номзодлар бўйича якуний хулоса қабул қилинади.
3-боб. Кўкрак нишони билан тақдирлаш
10. Комиссия хулосаси асосида вазирнинг кўкрак нишони билан тақдирлаш тўғрисидаги буйруғи ҳар йили 20 апрелгача қабул қилинади.
11. Кўкрак нишони ҳар йили 26 апрель — Халқаро интеллектуал мулк куни арафасида вазир (ёки унинг топшириғига биноан бошқа масъул шахслар) томонидан тантанали равишда топширилади.
12. Кўкрак нишони билан тақдирланган шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг тўрт баравари миқдорида бир йўла тўланадиган пул мукофоти берилади.
Бир йўла тўланадиган пул мукофоти билан боғлиқ харажатлар вазирликнинг бюджетдан ташқари Адлия органлари ва муассасаларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
13. Кўкрак нишони билан тақдирланганлар рўйхати вазирликнинг Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги расмий веб-сайтида, ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифаларида ва бошқа оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.
14. Бир шахс кўкрак нишони билан бир марта мукофотланади.
15. Кўкрак нишони давлат мукофотларидан кейин кўкракнинг чап томонига тақилади.
4-боб. Якунловчи қоидалар
16. Вазирлик ушбу Низомга мувофиқ кўкрак нишонига тавсия этилган номзодлар ҳужжатларининг холис кўриб чиқилиши учун бевосита масъулдир.
17. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
«Интеллектуал мулк соҳасини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун» кўкрак нишони тўғрисидаги низомга
ИЛОВА
ИЛОВА
«Интеллектуал мулк соҳасини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун» кўкрак нишони билан тақдирлаш
СХЕМАСИ
Босқичлар | Субъектлар | Тадбирлар | Муддатлар | |||
1-босқич | Давлат ташкилотлари ва нодавлат ташкилотлар ходимлари ҳамда халқаро ташкилотлар вакиллари | Кўкрак нишони билан тақдирлаш бўйича таклифларни Адлия вазирлигига тақдим этади. | Ҳар йили 1 январдан 1 мартга қадар | |||
2-босқич | Комиссия | Номзодлар ҳақидаги тегишли ҳужжатларни ўрганиб чиқади ва якуний хулоса қабул қилади. | Ҳар йили 1 апрелга қадар | |||
3-босқич | Адлия вазирлиги | Комиссия хулосаси асосида кўкрак нишони билан тақдирлаш тўғрисида вазирнинг буйруғи қабул қилинади. | Ҳар йили 20 апрелга қадар | |||
4-босқич | Вазир (ёки унинг топшириғига мувофиқ бошқа масъул шахслар) | Кўкрак нишонини тантанали равишда топширади. | Ҳар йили 26 апрель — Халқаро интеллектуал мулк куни арафасида | |||
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 5 сентябрдаги 471-сон қарорига
2-ИЛОВА
2-ИЛОВА
«Интеллектуал мулк соҳасини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун» кўкрак нишонининг
ТАВСИФИ
«Интеллектуал мулк соҳасини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун» кўкрак нишони диаметри 34 миллиметрли доира шаклида бўлиб, мис қотишмасидан тайёрланади.
Кўкрак нишонининг қалинлиги 2,5 миллиметрни ташкил этади.
Кўкрак нишонининг олд томони марказида Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлигининг «ip» белгиси кўк рангда тасвирланган. Ушбу белги абстракт шаклдаги уч элементдан ташкил топган бўлиб, элементлардан бири лотин алифбосидаги «i» ҳарфи кўринишида инсон тимсолини англатади. Уни ўраб турган икки элемент эса лотин алифбосидаги «p» ҳарфи кўринишида бўлиб, инсон тафаккури ва интеллектуал фаолият натижасини яратиш жараёнининг рамзий ифодаси ҳисобланади.
Кўкрак нишонининг олд томонида ташқи ҳалқа бўйлаб «INTELLEKTUAL MULK SOHASINI RIVOJLANTIRISHGA QOʻSHGAN HISSASI UCHUN» ёзуви жойлаштирилган.
Унинг пастки қисмида дафна япроқлари тасвирланган бўлиб, фахр, эътироф ва шараф рамзини ифода этади.
Кўкрак нишонининг орқа томони марказида Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири жойлаштирилган.
Кўкрак нишонининг олд ва орқа томонлари четлари қавариқ ҳошия билан ўралган. Кўкрак нишонидаги барча тасвирлар ва ёзувлар қавариқдир.
Кўкрак нишони ҳалқа ва илмоқча ёрдамида тўғри тўртбурчак шаклидаги қадағичга уланган.
Қадағичнинг эни 26 миллиметр, бўйи 25 миллиметрни ташкил этади. Қадағичнинг олд қисми кўк рангли лента билан қопланган бўлиб, пастки қисмида дафна япроқлари жойлаштирилган.
Қадағичнинг орқа томонига кўкрак нишонини кийимга тақиб қўйиш учун тўғноғич кўринишидаги мослама ўрнатилган.
«Интеллектуал мулк соҳасини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун» кўкрак нишони

Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 5 сентябрдаги 471-сон қарорига
3-ИЛОВА
3-ИЛОВА
«Интеллектуал мулк соҳасини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун» кўкрак нишони гувоҳномасининг
ТАВСИФИ
«Интеллектуал мулк соҳасини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун» кўкрак нишони гувоҳномаси 160х110 миллиметр ўлчамдаги китобча шаклида бўлиб, 240 г/кв.м. қалинликдаги офсет қоғоздан тайёрланади.
Гувоҳноманинг ташқи томони (биринчи ва тўртинчи бетлари) кўк рангда бўлиб, плёнка билан қопланган.
Гувоҳноманинг юқори чеккасидан (биринчи бети) 35 миллиметр пастда, марказда оралиғи 3,5 миллиметрли тўрт сатрдан иборат матн жойлашган. Биринчи сатрда «Intellektual mulk», иккинчи сатрда «sohasini rivojlantirishga», учинчи сатрда «qoʻshgan hissasi uchun», тўртинчи сатрда «koʻkrak nishoni» («Times New Roman Bold» шрифти, 12 кегль) сўзлари ёзилган. Ундан 6 миллиметр пастда «GUVOHNOMASI» (катта ҳарфларда, «Times New Roman Bold» шрифти, 17 кегль) сўзи ёзилган.
Ёзувлар зарҳал рангда акс эттирилган.
Гувоҳноманинг ички томони (иккинчи ва учинчи бетлари) «Тангир» тасвири туширилган оч кўк рангда бўлиб, офсет усулида чоп этилган.
Ички томонининг чап қисмида (иккинчи бети), марказда кўкрак нишонининг аслига тенг ўлчамдаги рангли тасвири акс эттирилган.
Гувоҳноманинг ички ўнг томони (учинчи бети) юқори чеккасидан 8 миллиметр пастда, марказда «GUVOHNOMA» (катта ҳарфларда, «Times New Roman Bold» шрифти, 10 кегль) сўзи ҳамда гувоҳнома тартиб рақами учун «№» белгиси ва 15 миллиметрли чизиқ жойлашган.
«GUVOHNOMA» сўзидан 11 миллиметр пастда мукофотланган шахснинг фамилияси, исми ва отасининг исмини қайд этиш учун оралиғи 8 миллиметрли учта чизиқ тортилган.
Пастки чизиқдан 6 миллиметр қуйида, марказда оралиғи 2 миллиметрли икки сатрдан иборат матн жойлашган. Биринчи сатрда «Oʻzbekiston Respublikasi», иккинчи сатрда «adliya vazirining» («Times New Roman Bold» шрифти, 10 кегль) сўзлари ёзилган.
Ундан 5 миллиметр пастда оралиғи 4 миллиметр бўлган икки сатрдан иборат матн жойлашган. Биринчи сатрда «20__ y. «___» ___________dagi», иккинчи сатрда «____-sonli buyrugʻiga asosan» («Times New Roman Bold» шрифти, 10 кегль) сўзлари ёзилган.
Ундан 5 миллиметр пастда, марказда оралиғи 3 миллиметрли тўрт сатрдан иборат матн жойлашган. Биринчи сатрда «INTELLEKTUAL MULK SOHASINI», иккинчи сатрда «RIVOJLANTIRISHGA QOʻSHGAN», учинчи сатрда «HISSASI UCHUN» (катта ҳарфларда, «Times New Roman Bold» шрифти, 14 кегль), тўртинчи сатрда «koʻkrak nishoni bilan mukofotlandi» (кичик ҳарфларда, «Times New Roman Bold» шрифти, 10 кегль) сўзлари ёзилган.
Сўнгги сўзлардан 9 миллиметр пастда, чап томонда «Vazir» («Times new Roman Bold» шрифти, 10 кегль) сўзи ёзилган.
«Интеллектуал мулк соҳасини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун» кўкрак нишони гувоҳномаси

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 07.09.2026 й., 09/26/471/0903-сон)