Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларида давлат ёрдамининг рақобатга таъсирини баҳолаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Тадбиркорлик субъектларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш, шунингдек, давлат ёрдами берилишида хусусий сектор вакиллари ва давлат иштирокидаги корхоналар ўртасида соғлом рақобат муҳитини таъминлаш орқали бундай ёрдамни бериш самарадорлигини ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикасининг «Рақобат тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ давлат ёрдами берилишини назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари уларнинг рақобатга таъсирини баҳолаш учун ваколатли давлат органига мажбурий тартибда киритилиши маълумот учун қабул қилинсин.
2. Вазирлар Маҳкамасининг «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва улар лойиҳаларининг рақобатга таъсирини баҳолаш тартиби тўғрисидаги низомни ҳамда Инсофсиз рақобатни аниқлаш методикасини тасдиқлаш ҳақида» 2023 йил 29 декабрдаги 694-сон қарорига иловага мувофиқ қуйидагиларни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин:
давлат ёрдами берилишини назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини уларнинг рақобатга таъсирини баҳолаш тартибини такомиллаштириш;
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларида давлат ёрдамининг рақобатга таъсирини баҳолаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш.
3. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда «subsidiya.imv.uz» платформасидаги тадбиркорлик субъектларига тақдим этиладиган қўллаб-қувватлаш чоралари ҳақидаги маълумотларни ўз ичига олган реестрда (кейинги ўринларда — Реестр) барча давлат ёрдами турлари бўйича маълумотларнинг шаффофлигини таъминласин.
Бунда қуйидагилар тизимли равишда таъминланади:
Реестрда давлат ёрдамини берувчилар ва ундан фойдаланувчилар, давлат ёрдамининг шакллари ва миқдорлари, уни кўрсатиш муддати, молиялаштириш манбалари, ҳуқуқий асослари ҳамда давлат ёрдамини назарда тутувчи барча ҳужжатлар бўйича тўлиқ ва ишончли маълумотлар акс эттирилади;
давлат ёрдамини берувчи ваколатли органлар томонидан давлат ёрдамини бериш тўғрисида қарор қабул қилинган кундан бошлаб ўн кун ичида зарур маълумотлар Реестрга киритилади;
Реестр давлат тилида электрон шаклда юритилади, жамоатчилик учун очиқ бўлади ҳамда давлат ёрдами дастурлари ва якка тартибда берилган давлат ёрдамига оид маълумотлар билан мунтазам равишда янгилаб борилади (давлат ёки тижорат сири ҳисобланган маълумотлар бундан мустасно);
Реестр Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан ҳар чоракда камида бир марта янгиланади;
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси томонидан Реестр маълумотлари асосида берилган давлат ёрдамининг рақобатга таъсири баҳоланади (ex-post шаклида).
4. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Ж.А. Қўчқоров ҳамда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси раиси Х.С. Турахужаев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2026 йил 4 сентябрь,
462-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 4 сентябрдаги 462-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Вазирлар Маҳкамасининг «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва улар лойиҳаларининг рақобатга таъсирини баҳолаш тартиби тўғрисидаги низомни ҳамда Инсофсиз рақобатни аниқлаш методикасини тасдиқлаш ҳақида» 2023 йил 29 декабрдаги 694-сон қарорига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар
1. Қарор номи қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг лойиҳаларининг рақобатга таъсирини баҳолаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида».
2. 2-бандда:
а) «б» кичик банднинг биринчи хатбошисидаги «тасдиқлансин» сўзи чиқариб ташлансин;
б) қуйидаги мазмундаги «в» кичик банд билан тўлдирилсин:
«в) Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларида давлат ёрдамининг рақобатга таъсирини баҳолаш тартиби тўғрисидаги низом 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин:
давлат ёрдамининг рақобатга таъсирини баҳолашнинг асосий мезонлари;
ваколатли орган томонидан давлат ёрдамининг рақобатга таъсирини баҳолаш тартиби;
давлат ёрдамининг рақобатга таъсирини баҳолаш учун ахборот манбалари».
3. 1-илованинг 1-банди қуйидаги мазмундаги иккинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«Давлат ёрдамини назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг рақобатга таъсири Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларида давлат ёрдамининг рақобатга таъсирини баҳолаш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ баҳоланади».
4. Қуйидаги мазмундаги 3-илова билан тўлдирилсин:
«Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 29 декабрдаги 694-сон қарорига
3-ИЛОВА
3-ИЛОВА
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларида давлат ёрдамининг рақобатга таъсирини баҳолаш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом давлат ёрдамининг рақобатга таъсирини баҳолаш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
«барчага ёки ҳеч кимга» тамойили — давлат ёрдамини ажратишда бир хил шароит ва мезонларга эга бўлган, товар ва молия бозорида фаолият юритаётган хўжалик юритувчи субъектларга давлат ёрдами алоҳида тартибда танлаб берилмасдан, тенг равишда тақдим этилиши ёки умуман тақдим этилмаслиги;
ваколатли орган — Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси;
давлат ёрдами — давлат томонидан хўжалик юритувчи субъектларга солиқ ва божхона имтиёзлари, субсидиялар, грантлар, давлат кафолатлари, имтиёзли кредитлар, эксклюзив ҳуқуқлар, давлат мулкини имтиёзли нархларда сотиш ва ижарага бериш, ер ресурсларидан ва ерости бойликларидан фойдаланиш ҳуқуқларини имтиёзли шартлар асосида ҳамда бошқа преференциялар ва афзалликлар тарзида бериш;
давлат ёрдамининг рақобатга таъсирини баҳолаш — норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларида назарда тутилган давлат ёрдамининг рақобатни бевосита ёки билвосита чеклаш эҳтимолини аниқлаш ва баҳолаш.
3. Давлат ёрдами қуйидаги мақсадларни амалга ошириш учун берилиши мумкин:
республика ҳудудлари ёки алоҳида тармоқларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш даражасини ошириш;
амалга оширилаётган лойиҳаларнинг инновацион хусусиятга эга бўлишини таъминлаш;
фуқаролар бандлигини таъминлаш ҳамда ижтимоий аҳамиятга эга бўлган лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш;
илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларини амалга ошириш;
атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва республикада экологик ҳолатни яхшилаш;
кичик ва ўрта бизнес вакилларини ёки хотин-қиз тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш.
4. Ҳар қандай давлат ёрдами қуйидаги умумий шартлар асосида берилади:
давлат ёрдами бозор механизмлари самара бермаган муайян ҳолатларни бартараф этиш ёки бозорда тенг шартларни таъминлаш зарур бўлганда ҳамда ушбу мақсадга рақобатга салбий таъсир кўрсатмасликдан бошқа чоралар орқали эришиш имкони мавжуд бўлмаганда;
давлат ёрдами мутаносиб бўлиб, зарур бўлган энг кам миқдор, муддат ва кўлам билан чекланган ҳолда, бенефициарга ортиқча компенсация берилишига олиб келмаганда;
давлат ёрдами рағбатлантирувчи таъсирга эга бўлиб, бенефициар хатти-ҳаракатини ўзгартириши ва давлат ёрдами бўлмаган тақдирда, амалга оширилмайдиган (ёки сезиларли даражада камроқ амалга ошириладиган) қўшимча фаолиятни юзага келтирганда;
давлат ёрдами рақобат ва савдога салбий таъсирларни камайтириш тарзида ишлаб чиқилиб, имкон қадар очиқ, рақобатбардош ва камситишсиз тақсимланганда.
5. Ваколатли орган томонидан давлат ёрдами берилишида унинг рақобатга таъсири баҳоланади.
2-боб. Давлат ёрдамининг рақобатга таъсирини баҳолашнинг асосий мезонлари
6. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларида назарда тутилган давлат ёрдамининг рақобатга таъсири қуйидаги оқибатларнинг бирига олиб келган ёки олиб келиши мумкин бўлганда, унинг таъсири рақобат учун салбий деб баҳоланади:
давлат ёрдами ягона хўжалик юритувчи субъектга ёки айрим шахслар гуруҳига берилса;
давлат ёрдами фақат давлат иштирокидаги корхоналарга ёки маҳаллий корхоналар ёхуд хорижий инвесторларга берилса;
барча хўжалик юритувчи субъектларнинг давлат ёрдамидан тенг фойдаланиш имконияти чекланса;
давлат ёрдамини бериш тартиби мавжуд бўлмаса ва шаффофлиги таъминланмаган бўлса;
давлат ёрдамининг берилиши товар ва молия бозорида нархларнинг эркин шаклланишига тўсқинлик қилса;
давлат ёрдамини муддатсиз бериш назарда тутилган бўлса;
берилаётган давлат ёрдами аввал самарасиз деб баҳоланган бўлса;
ваколатли орган томонидан давлат ёрдамининг берилиши Давлат бюджети тақчиллигини келтириб чиқариши ёки ижтимоий мақсадлар учун йўналтириладиган давлат ёрдамининг миқдори қисқаришига олиб келиши бўйича хулоса берилган бўлса.
3-боб. Давлат ёрдамининг рақобатга таъсирини баҳолаш тартиби
7. Ваколатли органга хўжалик юритувчи субъектлар учун ҳар қандай турдаги (якка тартибда ёки танланган қисмига) давлат ёрдами берилишини назарда тутувчи барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ва (ёки) тартибга солиш таъсирини баҳолаш (кейинги ўринларда — ТСТБ) ҳисоботи уларнинг рақобатга таъсирини баҳолаш учун киритилади.
8. Ваколатли орган томонидан давлат ёрдамининг рақобатга таъсирини баҳолашдан ўтказиш ва хулоса олиш учун киритилган норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ва ТСТБ ҳисоботи ўн иш куни ичида кўриб чиқилади.
9. Ваколатли орган томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ва ТСТБ ҳисоботи кўриб чиқилиши натижасига кўра лойиҳанинг мақсадга мувофиқлиги, уни қайта кўриб чиқиш лозимлиги ёки мақсадга мувофиқ эмаслиги тўғрисида хулоса расмийлаштирилади ва ишлаб чиқувчига тақдим этилади.
10. Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ва ТСТБ ҳисоботи юзасидан ваколатли органнинг хулосаси лойиҳани ишлаб чиқувчи ташкилот томонидан мажбурий тартибда кўриб чиқилиши лозим.
11. Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқувчи ташкилот томонидан қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ваколатли органнинг хулосаси лойиҳа билан бирга Адлия вазирлигига тақдим этилади.
12. Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси Ўзбекистон Республикасининг Олий Мажлиси палаталари, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Вазирлар Маҳкамасига киритилганда, унга ваколатли органнинг хулосаси мажбурий тартибда илова қилинади.
13. Қуйидаги ҳолларда давлат ёрдами назарда тутилган норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳалари ва ТСТБ ҳисоботи рақобатга таъсири юзасидан баҳолашдан ўтказилмайди:
норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ёки оқибатларини бартараф этиш, юқумли ва паразитар касалликлар тарқалишининг олдини олиш бўйича чекловчи тадбирларни (карантинни) белгилаш учун ишлаб чиқилаётган бўлса;
норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасида янги қабул қилинган қонунчилик ҳужжатларининг талабларига мувофиқлаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар назарда тутилса;
давлат ёрдами «барчага ёки ҳеч кимга» тамойили асосида ҳудудда фаолият юритаётган хўжалик юритувчи субъектларнинг барчасига татбиқ этилса.
4-боб. Давлат ёрдамининг рақобатга таъсирини баҳолаш тартиби
14. Давлат ёрдами берилишини назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқувчилар томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ва (ёки) ТСТБ ҳисоботи унга қуйидаги маълумотлар ва ҳужжатларни илова қилган ҳолда ваколатли органга тақдим этилади:
давлат ёрдами берилиши натижасида манфаатларига таъсир кўрсатадиган тегишли товар ва молия бозори иштирокчиларининг сони;
давлат ёрдамининг «барчага ёки ҳеч кимга» тамойили асосида барча учун берилиши ёки умуман татбиқ этилмаслиги оқибатида вужудга келадиган ҳолатлар таҳлили (ҳисоб-китоби);
давлат ёрдамининг айнан бир ёки бир нечта хўжалик юритувчи субъектларга берилиши оқибатида ушбу товар ва молия бозорида фаолият юритаётган рақобатчи хўжалик юритувчи субъектларга нисбатан таъсири;
давлат ёрдамининг берилиши билан тартибга солинадиган товарга (ишга, хизматга) эҳтиёжнинг даражаси;
давлат ёрдами берилиши назарда тутилган норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини тайёрлашга асос бўлган ҳужжатлар ва таҳлилий маълумотлар.
Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқувчи давлат органи ва ташкилотлари тақдим қилинган ҳисоб-китоблар, маълумотлар ва ҳужжатларнинг ҳаққонийлиги учун жавобгар ҳисобланади.
15. Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан давлат ёрдами берилиши назарда тутилган норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ва (ёки) ТСТБ ҳисоботи ушбу Низомнинг 14-бандида назарда тутилган тегишли ҳужжатлар билан бирга ваколатли органнинг ҳудудий органларига киритилади.
Ваколатли органнинг ҳудудий органлари томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ва (ёки) ТСТБ ушбу Низом талаблари ҳамда қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда кўриб чиқилади.
5-боб. Давлат ёрдамининг рақобатга таъсирини баҳолаш учун ахборот манбалари
16. Давлат ёрдами берилиши назарда тутилган норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ва (ёки) ТСТБ ҳисоботининг рақобатга таъсирини баҳолашда расмий ва норасмий ахборотлардан фойдаланилади.
17. Расмий ахборотларга қуйидагилар киради:
расмий статистика маълумотлари;
давлат органлари ва ташкилотларининг маълумотлари;
оқибатларни прогнозлаштириш масалалари бўйича илмий-таҳлилий материаллар ва нашрлар, илмий-амалий семинарлар, конференциялар ҳамда йиғилишлар материаллари;
давлат органлари ва ташкилотлари томонидан ўтказилган ижтимоий сўровларнинг натижалари;
оммавий ахборот воситаларида, шу жумладан, Интернет тармоғидаги расмий веб-сайтларда эълон қилинган маълумотлар;
рақобатга таъсирни баҳолаш доирасида давлат органлари ва ташкилотлари томонидан, шу жумладан, бевосита жойига чиққан ҳолда ўтказилган ўрганишлар жараёнида олинган (аниқланган) маълумотлар;
норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, халқаро шартномалар;
суд амалиёти;
қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа расмий манбалар.
18. Норасмий маълумотларга қуйидагилар киради:
нодавлат нотижорат ташкилотлари, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари;
Интернет тармоғининг норасмий ахборот ресурслари;
тижорат маълумотлари;
жамоатчилик ўртасида ўтказиладиган сўровномалар.
19. Ваколатли орган қуйидагиларга ҳақли:
рақобатга таъсири баҳоланаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари предметига тааллуқли бўлган маълумотлар билан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда танишишга;
рақобатга таъсири баҳоланаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар нормаларига аниқлик киритишга ва улар бўйича тегишли тушунтиришлар олишга;
норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари бўйича манфаатларига алоқадор томонларнинг, шунингдек, мустақил экспертлар ва бошқа малакали мутахассисларнинг фикрларини ўрганишга.
20. Ваколатли орган қуйидагиларга мажбур:
рақобатга таъсирни баҳолашни ташкил этиш ва баҳолашда қонунчилик ҳужжатлари талабларига риоя қилишга;
рақобатга таъсирни баҳолашда маълум бўлиб қолган давлат сирлари ва тижорат сирларини ташкил этувчи маълумотларни ошкор этмасликка;
тақдим этилган ҳужжатларнинг қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда сақланишини таъминлашга.
6-боб. Якунловчи қоидалар
21. Ушбу Низомда қайд этилган масалалар юзасидан келиб чиқадиган низолар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ҳал этилади.
22. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб беради».
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.09.2026 й., 09/26/462/0891-сон)